-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 483
Комментариев: 9
Написано: 524





ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 33)

Четверг, 10 Июня 2021 г. 21:06 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 33)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

33. 1979: РАШИДОВ ВА ЖЎРАЕВГА ҚАРШИ ПРОВОКАЦИЯ
МУСО ТОШМУҲАММАД ЎҒЛИ ОЙБЕКНИНГ “ЎЗБЕКИСТОН” ШЕЪРИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ “БИР ЎЛКАКИ” ҚЎШИҒИ
lzxsaog80406 (355x433, 52Kb)
Фото 40. Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек (1905-1968). Youtube дан олинган сурат. [191]

Китобимнинг 6-параграфида Эркин Воҳидов 1968 йилда “Ўзбегим” қасидасини ёзгани ва уни Шерали Жўраев ўша йили қўшиқ қилиб куйлагани, қўшиқ кассеталарда кенг тарқала бошлагач Давлат хавфсизлик қўмитасининг Ўзбекистонданги раҳбари Алексей Бесчастнов (1913-1998) Эркин Воҳидов ҳамда Шерали Жўраевга қарши жиноий иш қўзгатмоқчи бўлгани, халқимиз фарзанди ва давлатимиз арбоби Шароф Рашидов (1917-1983) катта шижоат ҳамда қатъийлик билан уларга қарши жиноий иш очилиши, тазйиқ қилиниши ва ҳибсга олинишидан сақлаб қолгани ҳақида ёзгандим.

Китобимнинг 21-параграфида Шерали Жўраев 1971 йилда Тошкeнт Санъат институтини битириб Ўзбекистон Филармониясида ишлай бошлагани ва кўплаб концерт бера бошлагач “Совeт Ўзбeкистони” газeтасида “Лeнтадаги оғулар” сарлавҳали фeлeтон босилгани, ушбу фелетон асосида уни саҳнадан чeтлатишгани, фақат хордагина ишлаши мумкинлиги ҳақидаги қарор чиқаришгани, шу сабабли у олти ой ишламай юргани тўғрисида ёзгандим.

[192]-видеолавҳада Шерали Жўраев Мулла Паноҳ Воқиф шеъри асосида «Турналар» қўшиғини куйлаган. «Турналар» қўшиғи тарихи ҳақида китобимнинг 11-параграфида ёзгандим. Шерали ака видеолавҳанинг 9-дақиқа 15-сониясидан бошлаб қуйидаги муҳим воқеани гапириб берган.

“Ҳозир Мулла Паноҳ Воқифни эсга олдик. Аллоҳ уларнинг руҳларини шод қилган бўлсин. Бу Озарбайжон шоири. Шунинг учун озарбайжон йўлида айтилган ашула. Музикаси ҳам аслида озарбайжонча. Ўшанинг қочирмалари бор.

Шу пайтда отам раҳматли бор эди. Уйда сандалда ўтирган эканлар. Мен нимада ашула айтгандим. Биринчи саҳнада катта мажлис, қурултой бўлди. Қурултойда битта ашула айтдим. Отам раҳматлик кўриб жуда ҳам хурсанд бўлди. Ўшанда ҳам биз бировнинг гапига кириб бир иш қилганмиз.

Энди қурултой. Бутун давлат раҳбарлари ҳокимдан тортиб, райкомдан тортиб бригадиргача бор. Бу Тошкентда бўлган. Шу ерда “Ўзбекистон” деган битта ашула айтганман. Уни айтиб бўлганимиздан кейин одамлар тикка туриб қарсак чалди.

Ўша давлат раҳбарлари, катта бошлиқлар айтганди: “Иккинчисига мана бу ашулани айтгин. Айтсанг ўша одам хурсанд бўлади” деб бир ашулани айтувди. Бу ўша давлат раҳбарларидан биттасининг шеъри экан. “Наргиз” деган ашулани айтгандим. “Шуни иккинчисига айтгин” деганда биз айтворганмиз. Одамлар ҳалиги одамнинг ҳурматидан ҳам ўрнидан туриб қарсак чалиб юборган. У одамга ғалати туюлган. Ўша ЦК секретари камтар одам эди. “Бу ашулани айтишга ким рухсат берди? Айтмаса бўларди” деган. Шундан кейин ман ўн йил телевизорга чиқмаганман. (Изоҳ: Бу ерда Шерали ака Ўзбекистон коммунистлар партияси биринчи котиби Шароф Рашидов (1917-1983) ва унинг “Кашмир қўшиғи” поэмасидаги “Наргиз” шеъри ҳақида айтмоқда. А.Ш.).

Ўзи ўн йил телевизорга чиқмаганман. Ўшанда биринчи чиқишим. Яна шунақа ҳолатга тўғри келганман. Ўша пайтда отам раҳматли бетоб эди. Ман борсам мазаси йўқ экан. Телевизорда ҳалиги халқнинг ура-урасини кўриб хурсанд бўлдилар. “Ҳа кетди энди шеър, Худо хоҳласа. Бундан буёғига кетди” дедилар.

Ўша пайтда отам ёнида ўтирувдим. Шу “Турналар”ни Озарбайжон ашулачилари айтиб қолди. Телевизорда кўриб қолдим: турналар учиб кетаяпти, улар озарбайжонча айтди. Ман айтдим: “Шуни нега ман айтмадим? Шуни айтишим керак экан.” Кейин ўзим бошқа куйга солиб айтдим. Лекин йўли барибир ўша: “Баёти шероз” мақоми йўлида айтвордим. Ва бу чиройли чиқди.

Хуллас, ҳозир бу ашулани айтганда отам раҳматлини ҳам эсладик. Бу ашулани бировлар ўйин қилиб айтиб кўрди. Бунга ҳам чидаймиз. Хуллас, ҳар хил ҳолатлар бўлди. Лекин ҳозир Аллоҳга шукр, мана ҳамма қўшилиб яна айтаяпти. Эсингизлардан чиқмабди. Ёшликларингиз эсингизларда турибди.” [192]

Аввал ушбу концерт йилини аниқлаштирайлик. Шерали ака Нурмуҳаммад ота бетоб эканлиги ҳақида [192]-да айтди. Нурмуҳаммад ота 1980 йил 23 март куни вафот қилганлигини ҳисобга олсак ([89, 10-б.], қурултой ва концерт 1979 йил декабрда бўлганлигини билиб оламиз.

Шерали Жўраев яхши ҳофиз эканлигини Шароф Рашидов биларди. Менимча, қурултой қатнашчилари учун уюштирилган концерт телевидениедан кўрсатилишини билиб Шароф ота ушбу катта концертга Шерали Жўраев куйлашини уюштиришга ўзининг нуфузли ёрдамчиларига кўрсатма берган. Ахир бундай катта ва нуфузли концертда бирор хонанда ёки созанданинг тасодифан қатнашиш имкони йўқ. Бу билан Шароф ота Шерали Жўраевга Совет Иттифоқида ҳамда хорижда эркин концерт гастролларини уюштиришга йўл очиб бермоқчи бўлган.

Одатда катта давлат тадбирлари, йиғилишлар, қурултойлар ва қурултойдан кейинги катта концертларни ўтказишда, давлат раҳбарларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида концерт қатнашчилари, ижрочилар ва хонандалар рўйхати Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ) назоратидан ўтказилган. Саҳна ортидан концертни тартибга солиб турувчи инсон ҳам кўпинча ДХҚ билан боғлиқ шахс бўлган ва у одатда ДХҚ раҳбарлари кўрсатмасини оғишмай амалга оширишга ҳаракат қилган.

Шерали Жўраевга Шароф Рашидовнинг “Наргиз” шеъри асосидаги қўшиғини айттиришдан мақсад: агар Шароф ота Шерали Жўраевни Ўзбекистон телевидениесида кўрсатишга кўрсатма берса ва гастролларини ҳимоя қила бошласа, бунинг сабаби қилиб гўё Шароф Рашидовнинг шахсий манфаати борлиги ва бунга Шерали ака куйлаган “Наргиз” қўшиғини баҳона қилишлари тайин эди. Шундай қилиб, Ўзбекистон раҳбарининг ушбу ижобий ҳаракатига ҳам Давлат хавфсизлик қўмитаси режалаштирган ва уюштирган провокацияси халақит берди ва бу режани амалга оширишга тўсиқ қўйди.

Мана шундай провокация орқали ва бошқа қўшимча баҳоналар билан ДХҚ Шерали Жўраевни 1979 йилдан кейин яна ўн йилга телевидениедан узоқлаштиришга эришди ва Совет Иттифоқи ҳамда хориж мамлакатларида концерт гастролларини уюштириш имконидан маҳрум қилди.

Ушбу параграфни шоир ва ёзувчи Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек (1905-1968) 1934 йилда ёзган “Ўзбекистон” шеъри асосида Шерали Жўраев 1979 йил декабрда Тошкентдаги қурултойда куйлаган “Бир ўлкаки” қўшиғи матнини келтириш билан тугатсам. У шеърдаги биринчи бешликнинг тўрт қаторини ва саккизинчи олтиқатордаги 1-3-қаторларни ҳамда олтинчи қаторни куйлаган. Шу сабабли шеърдаги куйланмаган қолган қаторларни қавс ичида ёздим.

ОЙБЕК

ЎЗБЕКИСТОН

Бир ўлкаки, тўпроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор.
Бир ўлкаки, сал кўрмаса қуёш соғинар...
Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар.
(Бахт тошини чақиб, бунда куч гувуллайди.

Дердиларки: “Шарқнинг руҳи инжиқ ва ҳаста”,
Аммо унинг томчи қони бир кулча олтин!
Уқа билан тортиб сотган афсоналарин,
Аччиқ, дудли фалсафанинг кутубхонасин,
Совет Шарқи ёқди ... Ёнди бу эски латта.

Совет Шарқи тўлқинини кўринг – бу ҳаёт!
Тебратади ўлкани иш – бахтнинг ўз қўли,
Очилгандир тарихларнинг энг улуғ йўли,
Хазинасин очиб берган қири, тоғ, чўли,
Бутун Шарқда ёзажак у шафақдан қанот.

Болғалар-ла парчаланди уйқу илони,
Меҳнаткаш халқ букик белин кўтарди мағрур,
Янги тарих қуёши-ла кўксида ғурур,
Меҳнатидан айқиради энди бахт-сурур,
Баҳорларга кўтарилди унинг манглайи.

Далаларда машинанинг тетик нафаси,
Уфқларнинг зумрад кўксин ўпар пахтазор.
Чоллар – йигит, йигитчалар чақмоқдай ёнар,
Эркин меҳнат бахтли кўзда чўғ каби порлар.
Ироданинг қилич янглиғ ўткирдир дами -

Қайтиб келмас ва тирилмас мозий қабрдан,
Йўқчиликдан кафан ўртган скелет кунлар,
Кўз ёши-ла жинчироғни ёндирган тунлар,
Бўшлиқларга юксалган у хаёл – тутинлар,
Елкаларда учқун ёнмас қамчи зарбидан.

Хонақони ташлаб фикр фанларни минди,
Электрон текширади кечаги чўпон.
Дорилфунун курсисини ўпар қиз-жувон,
“Капитал”нинг ҳар сатридан галалаб учган,
Фикрларни қувар тунлаб ёшлар киприги.)

Яратилди бир шоҳ асар, гўзал бир достон,
Ғадир-будур меҳнат қўли битгандур буни,
Келажакнинг баҳоридан олинган куйи,
(Хаёлларга сиғмайди ҳеч бунинг мазмуни,
Қофиядир фабрикалар-ла қизлар қўшиғи,)
Ўқи ва сев! Бунинг исми ҳур Ўзбекистон. [193, 309-310-б.]
1934

Шерали Жўраев 1979 йил декабрда куйлаган “Бир ўлкаки” қўшиғи матнини келтирай. У қўшиқ охирида яна тўрт қатор шеърни қўшиб куйлаган. Менимча, ушбу тўрт қаторни Шерали Жўраевнинг ўзи ёзган.

Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ва Шерали Жўраев шеъри, Шерали Жўраев қўшиғи

БИР ЎЛКАКИ

Бир ўлкаки, тўпроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, сал кўрмаса қуёш соғинар.
Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар.
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор.

Яратилди бир шоҳ асар, ажиб (гўзал) бир достон,
Ғадир-будур меҳнат қўли яратган (битгандур) буни,
Келажакнинг баҳоридан олинган куйи,
Ўқи ва сев! Бунинг исми ҳур Ўзбекистон.

Бир ўлкаки, сал кўрмаса қуёш соғинар,
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор.
Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар,
Бир ўлкаки, сал кўрмаса қуёш соғинар.

Қуёш нуринг сочавер мўл-мўл,
Баҳор кетма бизнинг бошлардан.
Юртимизда қолмасин дашт-чўл,
Чаман унсин ҳатто тошлардан. [194]

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

89. (47) НИШОНОВ О. Қўшиқ сеҳри. – Т.: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004. – 120 б.

191. Ойбек Мусо Тошмуҳаммад ўғли.
- Ойбек Мусо Тошмуҳаммад ўғли - Google Search (www.google.com);
www.google.com/search?q=Ойбек+Мусо+Тошмуҳаммад+ўғли+&tbm=isch&ved+2ahUKEoNSwI3xAhXUXTABHZjFDLcQ2-cCeqQIABAA&oq=Ойбек+Мусо+Тошмуҳаммад+ўғли+&qs_aIcp= … (www.google.com ).

192. KAMRON SOLIYEV. Шерали Жураев санъат кироли. Турналар.
- Шерали жураев санат кролии турналар - YouTube (www.youtube.com June 16, 2017. 22 дақиқа 31 сониялик видеолавҳа);
- www.youtube.com/watch?v=NO6vb_KTFTA (www.youtube.com June 16, 2017. 22 дақиқа 31 сониялик видеолавҳа).

Ушбу видеолавҳада Шерали Жўраев «Турналар» қўшиғини куйлаган. Кейин қуйидаги муҳим гапларни 9-дақиқа 15-сониядан бошлаб айтган.

193. ОЙБЕК, МУСО ТОШМУҲАММАД ЎҒЛИ. Мукаммал асарлар тўплами, 19 жилдлик. Таҳрир ҳайъати: М.Нурмуҳамедов, К.Яшин, Ш.Шоабдураҳмонов ва бошқа. (Масъул муҳаррирлар: Ҳ.Ёқубов, З.Саидносирова). 1-жилд. Т., “Фан”, 1975.
Ж. 1. Шеърлар 1922-1935. 1975. 475 б.
- https://n.ziyouz.com/books/uzbek_zamonaviy_sheriyati/Oybek. Mukammal asarlar to'plami. 20 jildlik. 1-jild. She'rlar (1922-1935).pdf (www.n.ziyouz.com 2015.06.07);
- www.n.ziyouz.com/books/uzbek_zamonaviy_sheriyati/Oybek.%20Mukammal%20asarlar%20to’plami.%2020%20jildlik.%201-jild.%20She’rlar%20(1922-1935).pdf (www.n.ziyouz.com 2015.06.07).

194. KAMRON SOLIYEV. Шерали Жураев бир улкаки.
- Шерали жураев бир улкаки - YouTube (www.youtube.com July 5, 2017. 6 дақиқа 22 сониялик видеолавҳа);
- www.youtube.com/watch?v=sJ05-jk0NGY (www.youtube.com July 5, 2017. 6 дақиқа 22 сониялик видеолавҳа).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 10 июн

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 32)

Четверг, 10 Июня 2021 г. 09:08 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 32)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

32. СОФИЯ РОТАРУ, АЛЛА ПУГАЧЕВА ВА ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ
АНДРЕЙ ВОЗНЕСЕНСКИЙНИНГ «МИЛЛИОН РОЗ” ШЕЪРИ, РАЙМОНД ПАУЛС КУЙИ, АЛЛА ПУГАЧЁВАНИНГ «МИЛЛИОН АЛЫХ РОЗ” ҚЎШИҒИ

Совет Иттифоқи даврида Шерали Жўраев билан деярли тенгдош бўлган София Ротару (1947) ва Алла Пугачева (1949) машҳур эстрада юлдузлари эди. Улар ҳам Шерали Жўраев каби Аллоҳ томонидан украин ва рус халқига берилган ва юз йилларда бир марта туғиладиган машҳур хонандалардир. Улар куйлаган қўшиқлар менга ҳам ёқарди. Ушбу параграфда улар ижодини Шерали Жўраев ижоди билан қисқача таққослаш учун маълумотлар келтираман, улар бош ролни ижро қилган филмлар ҳақида сўз юритаман.

32.1. СОФИЯ РОТАРУ
FOTO5sofiya-rotaru-v-molodosti-40-50-let-nazad-i-sejchas (700x500, 80Kb)
Фото 38. София Ротару ёшлигида ва бугунги кунда. [180]

София Ротаруга доир маълумотларни [181]-мақоладан келтираман. София Михайловна Ротару 1947 йил 7 август куни Украина ССР, Черновиса вилояти, Новоселиск тумани, Маршинса қишлоғида молдованлар оиласида туғилди. У 1962 йилда - 15 ёшида Новоселиск туман бадиий ҳаваскорлар танловида ғолиб бўлди. 1963 йилда Черновиса вилоят бадиий ҳаваскорлар танловида биринчи даражали дипломга сазовор бўлди ва уни Киевга халқ талантлари жумҳурият фестивалига жўнатишди. У 1964 йилда Украина пойтахтида ҳам биринчи бўлди. Шу ғалабаси сабабли «Украина» номли журналнинг 1965 йил 27-сони муқовасида унинг рангли сурати билан чоп қилинди. У 1964 йилда Москвадаги Кремл съездлар саройида биринчи марта куйлади.

София Ротару 1964 йилда Черновиса мусиқа ўқув юртига ўқишга кириб уни 1968 йилда тугатди. У 1968 йилда Болгарияда Ёшлар ва талабаларнинг IX Жаҳон фестивалида қатнашди ва иккита қўшиқ куйлади. 1968 йилда Анатолия Евдокименко билан турмуш қурди ва 1970 йил 24 августда ягона фарзанди бўлмиш ўғли Руслан туғилди.

София Ротару 1972-2014 йилларда 42 та мусиқавий албом чиқарди, 1965-2009 йиллар давомида 42 та мусиқали ва учта бадиий филмларда қўшиқлар куйлади. Москвада ҳар йили ўтказиладиган “Йил қўшиғи” фестивалида 1973-2017 ҳамда 2019-2020 йиллар давомида қатнашган ва бу фестивал тарихида энг кўп қўшиқ куйлаган хонандадир. Унинг репертуарида украинча, русча, молдаванча, бўлғорча, сербча, полякча, немесча, франсузча, италянча, испанча, инглизча 500 дан ортиқ қўшиқ бор.

София Ротаруга 1973 йилда Украина ССРда хизмат кўрсатган артист, 1976 йилда Украина ССР халқ артисти, 1983 йилда Молдавия ССР халқ артисти ва 1988 йилда СССР халқ артисти фахрий унвони берилди. Унга 2002 йилда Украина Қаҳрамони унвони ҳам берилди. [181]

София Ротару Тошкентда бир неча марта консерт берган. Интернет сайтларидан маълум бўлдики, у Тошкентда 1995 ва 2014 йилда ҳам консерт берган. Мен унинг консертига кириш ва тинглаш ниятим бўлган. Афсуски, қандайдир сабаблар билан у консерт берганида мен ўша шаҳарларда бўлмаганман ёки бехабар қолганман. Масалан, мен Москвада 1979-1983 йилларда Москва Олий техника университетида ўқиганимда Совет Иттифоқи кучишлатар тизимларнинг тазйиқлари кўп бўлди ва ўқишни давом қилдириш билан овора бўлиб консертларга доир эълонларни кунда кузатиб бориш имконим бўлмади.

32.2. АЛЛА ПУГАЧЁВА


5a9c29b8e8f6f295c25cfe8e48f1d946 (698x540, 69Kb)
Фото 39. Алла Пугачёва ёшлигида, ўрта ёшларда ва 2019 йилда. [182]

Алла Пугачёвага доир маълумотларни [183]-мақоладан келтираман. Алла Пугачёва 1949 йил 15 апрел куни Москва шаҳрида туғилган. 1954 йилда, яъни 5 ёшлигида ота-онаси уни Москвадаги М. Ипполитов-Иванов номли 31-сон мусиқа ўқув юрти қошидаги мактабга беришди. У ўша йили Москвадаги Иттифоқ Уйи номли маданият саройининг устунли (колоннали) катта концерт залида дастлабки марта саҳнага чиқди. У 1956 йилда 496-сонли ўрта мактабнинг 1-синфида ўқий бошлади. У 1964 йилда фортопиано бўйича мусиқа мактабини ва ўрта мактабнинг 8-синфини тугатди. Шу йили у ўша мусиқа ўқув юрти талабаси бўлди ва уни 1968 йилда тугатди. Ушбу ўқув юрти ҳозир М. Ипполитов-Иванов номли Давлат мусиқа-педагогика институтидир.

Алла Пугачёва 1965 йилда Иттифоқ радиосининг “Хайрли тонг” (“С добрым утром”) эшиттиришида «Робот» номли қўшиқ куйлади. 1966 йилда ҳали танилмаган композитор Владимир Шаинский (1925-2017) учта қўшиқ таклиф қилди. Алла куйлаган «Как бы мне влюбиться» («Қандай севиб қолсам бўлади?») ва «Не спорь со мной» («Мен билан баҳслашма») номли қўшиқлар Иттифоқ радиоси ўтказган “Ой қўшиғи” танловининг ғолиби бўлди.

Алла Пугачёва 1967 йил 8 май куни телевидениеда дастлабки марта “Будильник” кўрсатувида “Иду из кино” (“Кинодан қайтаяпман”) қўшиғини куйлади. У 1967 йил августда Тюмен вилоятида, 1968 йил бошида Россия шимолидаги Ямал, Тюмен, Салехард ва бошқа шаҳарлари бўйлаб “Юность” (“Ёшлик”) радиостанцияси ташвиқот гуруҳи таркибида гастролда бўлди ва қўшиқлар куйлади. У гастролда юриб ўқишга қатнашмагани учун ўқув юрти раҳбарияти давлат имтиҳонларини тоширишга рухсат бермади ва унга бир йил мактабда мусиқадан дарс бериш вазифасини юклади. Шу сабабли Алла Пугачёва 1968 йил сентябрдан 1969 йил январга қадар Москвада Тошкент номли кўчада жойлашган 621-мактабда мусиқа муаллимаси бўлиб ишлади. 1969 йил май ойида мусиқа ўқув юртидаги давлат имтиҳонларини топширди ва “Хор дирижёри”, “Умумий таълим мактабида ашула ўқитувчиси” ҳамда “Болалар мусиқа мактабида солфеджио бўйича ўқитувчи” мутахассислиги дипломини олди.

Алла Пугачёва 1969 йил апрелда Цирк ва эстрада давлат ўқув юртида яккахон ашулачи ва концертмейстер бўлиб ишлай бошлади (концертмейстер оркестрда бошловчи машшоқ ёки яккахон ашулачи). У у ерда цирк масхарабоз артисти литвалик Миколас Орбакас (1945) билан танишди ва 1969 йил октябрда у билан турмуш қурди. 1971 йил 25 май куни Пугачёва ва Орбакаснинг қизи Кристина Орбакайте туғилди. Бугунги кунда Кристина Орбакайте Россияда таниқли хонанда ва унга 2013 йилда Россияда хизмат кўрсатган артист фахрий унвони берилди.

Алла Пугачёва 1973 йил ноябрда Миколас Орбакас билан ажралишди. У 1974 йил октябрда эстрада артистларининг V Бутуниттифоқ танловида учинчи ўринни олди. Шу танловдан кейин «Весёлые ребята» («Қувноқ болалар») эстрада гуруҳи раҳбари уни яккахон хонанда бўлишни таклиф қилди. Алла рози бўлди.

1965-1999 йиллар давомида Болгарияда ҳар йили «Олтин орфей» номли қўшиқ танлови ўтказилди. Совет Иттифоқи вакили сифатида Алла Пугачёва 1975 йил 4 июн куни шу танловда «Ты снишься мне» («Сен тушимга кираяпсан») ва «Арлекино» («Масхарабоз») қўшиқларини куйлади. У «Арлекино» қўшиғини шундай зўр куйладики, бўлғор қўшиқ мухлислари қарсак чалиб иккинчи марта куйлашни талаб қилишди ва Алла уни иккинчи марта куйлади. Аллага фестивалнинг олий соврини - «гран-при» соврини топширилди (гран-при - французча «катта соврин»). Ушбу иккала қўшиқни [184]-видеолавҳада оқ-қора рангда, [185]-видеолавҳада «Арлекино» қўшиғини рангли тасвирда кўришингиз мумкин. Ушбу фестивал Совет Иттифоқи Марказий телевидениесида кўрсатилди. Мен ҳам ўша куни кўрдим ва Алла Пугачёва «Арлекино» қўшиғини куйлаганига қойил қолгандим. Уни 1976 йил давомида Франция, Германия Демократик Ресубликаси, Чехословакия, Болгария ва Полшадаги халқаро мусиқа фестивалларига таклиф қилишди ва у куйлади. У 1977 йил давомида яккахон хонанда сифатида Совет Иттифоқининг Москва, Тошкент, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург), Таллин, Рига ва бошқа йирик шаҳарларида яккахон концертини ўтказди.

Китобимнинг 31-параграфида ёзганимдек, 1977 йилда Москвадаги Мосфилм киностудиясида «Женщина, которая поёт» (“Қўшиқ куйлаётган аёл”) мусиқали филми суратга олиш бошланди. Ушбу филмда у бош рол бўлмиш хонанда Анна Стрелсова ролини ўйнади. Ушбу филм Совет Иттифоқи кинотеатрларида 1979 йилда намойиш қилинди. Уни 55 миллион томошабин, жумладан мен ҳам томоша қилдим. Филмда Алла Пугачёва ўнта қўшиқ куйлаган. [186]

Алла Пугачёва 1985 йил июлда Ёшлар ва талабаларнинг XII Жаҳон фестивалида қатнашди ва қўшиқлар куйлади.

Алла Пугачёва ижодини ушбу параграфда батафсил ёритиш имконим йўқ. У 2009 йил 7 апрелдан 2010 йил 4 март кунигача хайрлашув концерт гастролларини ўтказиб, 13 та мамлакатда 37 та концерт намойиш қилди.

Алла Пугачёва ижоди давомида рус, инглиз, немис, франсуз, иврит, фин, қозоқ, украин тилларида 500 дан ортиқ қўшиқ куйлади, унинг 20 дан ортиқ пластинкалари ва ДВД дисклари бор. Совет Иттифоқидан ташқари унинг қўшиқ албомлари Япония, Корея, Шветсия, Финляндия, Германия, Полша, Чехословакия ва Болгарияда чиқарилди. Дискларининг умумий сони 250 миллион нусхадан ошди.

Алла Пугачёвага 1980 йил 26 июнда Россияда хизмат кўрсатган артист, 1985 йил 9 январда Россия халқ артисти, 1991 йил 20 декабрда СССР халқ артисти фахрий унвони берилди. [183]

Алла Пугачёва 1979 йил кузида Москвадаги Эстрада театрида консерт берди. Мен ҳам томоша қилиш учун бориб кассага навбатга турдим. Хоҳловчилар кўп эди. Консерт зали эса нисбатан кичик бўлгани учун билетлар тездан тугади ва мен унинг консертига кира олмадим.

1983 йил 6 августда Москвадан Тошкентга қайтгач Тошкентдаги Халқлар дўстлиги санъат саройида Алла Пугачёванинг бир неча кунлик консерти бўлди. Мен ўшанда билет олиб томоша қилдим.

Алла Пугачёванинг дунёда машҳур бўлган учта қўшиғи бор: “Арлекино” (“Масхарабоз”, 1975), “Все могут короли” (“Қироллар ҳамма ишни қила оладилар”, 1976) ва “Миллион алых роз” (“Миллион пушти атиргул”, 1983).

Энди София Ротару ва Алла Пугачёва ижодини Шерали Жўраев ижоди билан қисқача таққослай.

1. София Ротару ва Алла Пугачёва мусиқа ўқув юртларини ўқиб тугатишган ва мусиқа соҳасида ўрта махсус билимга эга бўлган санъаткорлар. Ҳофиз Шерали Жўраев эса Тошкент Санъат институтини тугатган ва олий маълумотга эга бўлган санъаткордир.

2. София Ротару ва Алла Пугачёва қўшиқлари мавзулари тор доирададир, асосан севги-муҳаббат ҳақида куйлашган. Шерали Жўраев қўшиқлари жуда кўп мавзуни, жумладан севги-муҳаббат мавзусини қамраб олган.

3. София Ротару ва Алла Пугачёва асосан хонандалардир. Яъни улар шоир эмас ва деярли бирорта қўшиқ матнини ўзлари ёза олмаганлар. Шерали Жўраев эса шоирлик қобилиятига ҳам эга бўлиб, қўшиқлари матнини танлашда ва бошқа шоирлар шеърларида керакли тузатишлар киритишда, шунингдек ўз шеърлари асосида қўшиқлар куйлай олганлиги билан улардан ўзган. Шунга доир Алла Пугачёва ҳаётидан битта мисол келтирай.

Маълумки Алла Пугачёванинг машҳур қўшиқларидан бири бўлмиш “Миллион алых роз” ни таниқли шоир Андрей Вознесенский (1933-2010) ёзган, уни СССР халқ артисти Раймонд Паулс (1936.12.01) басталаган. Раймонд Паулс бундай хотирлайди.

“Алла Пугачёва Андрей Вознесенский билан қандай сўкишганини мен эслайман. У ушбу матн унга тўғри келмаслигини айтиб, “Миллион алых роз” деган бу қандай сўзлар дея сўкинганди.” [187]

“Миллион алых роз” қўшиғининг рус ва ўзбек тилидаги матнини қуйида келтирганман.

4. София Ротару ва Алла Пугачёва мусиқа ўқув юртларини ўқиб тугатган бўлсаларда, ўз қўшиқларини ўзлари деярли басталай олмаганлар. Яъни бошқа шоирлар ёзган шеърлари асосида бошқа композиторлар басталаган қўшиқларни куйлашган. Бу ҳолат уларнинг ижод имкониятларини жиддий чегаралаган. Ҳофиз Шерали Жўраев эса малакали ҳофиз (композитор) бўлганлиги сабабли тарихда яшаб ўтган ва замондошларимиз бўлган кўплаб шоирлар шеърларига куй басталай олган ва куйлаб халқимиз олқишига сазовор бўлган.

Андрей ВОЗНЕСЕНСКИЙ шеъри, Раймонд Паулс куйи, Алла Пугачёва қўшиғи

МИЛЛИОН РОЗ

Жил-был художник один,
домик имел и холсты.
Но он актрису любил,
ту, что любила цветы.

Он тогда продал свой дом —
продал картины и кров —
и на все деньги купил
целое море цветов.

Миллион, миллион, миллион алых роз
из окна, из окна, из окна видишь ты.
Кто влюблён, кто влюблён, кто влюблён — и всерьёз! —
свою жизнь для тебя превратит в цветы.

Утром ты встанешь у окна —
может, сошла ты с ума?
Как продолжение сна,
площадь цветами полна.

Похолодеет душа —
что за богач здесь (там) чудит?
А за окном чуть дыша (без гроша)
бедный художник стоит.

Встреча была коротка.
В ночь её поезд увёз.
Но в её жизни была
песня безумная роз.

Прожил художник один.
Много он бед перенёс.
Но в его жизни была
целая площадь из цветов (роз)... [188], [189]
1982

Андрей ВОЗНЕСЕНСКИЙ шеъри, Ҳамид Насруллоев таржимаси, Алла Пугачёва қўшиғи

Миллион атиргул

Бор эди бир мусаввир,
Кулба эди маскани,
Севар эди у бироқ,
Бир гул юз хонандани.

Пуллади у неки бор,
Бўлмай дунёга шайдо,
Сўнг ёр учун бир денгиз
Атиргул этди савдо.

Миллион-миллион
Атиргул алвон,
Ойнадан ифорин
Бахш этар дилга.

Ким ошиқ бўлса гар
Чин дилдан, инон,
Алмашар ҳаётин
Ёр учун гулга.

Ойнангдан ташлаб нигоҳ,
Лолсан, не бу мўъжиза,
Тушми, ё ўнг, гул тўла,
Майдон яшнар покиза.

Титрар руҳинг совқотиб,
Қай бой айламиш икром,
Не ажаб, мулкин сотиб,
Боқар ошиғинг - рассом.

Қисқа бўлди лек висол,
Чорлади поезд бехос,
Аммо минглаб атиргул
Ёрга этди у мерос.

Яшади рассом якка,
Кўрди кўп озорини.
Аммо жойлади қалбга,
Гулга ўраб ёрини.
Ҳамид Насруллоев таржимаси [190]

Савол туғилади: София Ротару ва Алла Пугачёвага яратилган имкониятлар уларнинг тенгдоши бўлган ўзбек ҳофизи Шерали Жўраевга нега яратиб берилмади? Бу ҳақда навбатдаги 33-параграфда ёзаман, иншааллоҳ.

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

177. FSUE Mosfilm cinema concern. Женщина, которая поёт (мелодрама, реж. Александр Орлов, 1978 г.)
- Женщина, которая поёт (мелодрама, реж. Александр Орлов, 1978 г.) - YouTube (www.youtube.com October 4, 2018. 1 соат 14 дақиқа 49 сониялик мусиқали бадиий филм, рус тилида);
- www.youtube.com/watch?v=_zxifDC92yc (www.youtube.com October 4, 2018. 1 соат 14 дақиқа 49 сониялик мусиқали бадиий филм, рус тилида).

180. София Ротару — фотографии советской певицы в молодости 40-50 лет назад.
- София Ротару в молодости и сейчас (Фото) | Умница-Красавица (umnica-krasavica.ru)
- www.umnica-krasavica.ru/sofiya-rotaru-v-molodosti/ (www.umnica-krasavica.ru )

181. Ротару, София Михайловна.
- Ротару, София Михайловна — Википедия (wikipedia.org) (www.ru.wikipedia.org/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии);
- www.ru.wikipedia.org/wiki/Ротару,-София-Михайловна (www.ru.wikipedia.org/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

182. ВИКТОРОВА И. Куда пропали миллионы Пугачевой: почему Примадонна до сих пор вынуждена подрабатывать.
- Куда пропали миллионы Пугачевой (teleprogramma.pro) (www.teleproramma.pro 12.04.2019);
- www.teleproramma.pro/stars/star-hist/558486-kuda-propali-milliony-pugachevoy-pocemu-primadonna-do-six-por-vynujdena-620/ (www.teleproramma.pro 12.04.2019).

183. Пугачёва, Алла Борисовна.
- Пугачёва, Алла Борисовна — Википедия (wikipedia.org) (www.ru.wikipedia.org/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии);
- www.ru.wikipedia.org/wiki/Пугачёва-Алла-Борисовна (www.ru.wikipedia.org/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

184. МАКСИМ ПЕТРОВ. Алла Пугачева на Золотом Орфее – 1975.
- Алла Пугачева на Золотом Орфее - 1975 - YouTube
- www.youtube.com/watch?v=MDfh4CTifB4 (www.youtube.com May 3, 2012. 6 дақиқа 45 сониялик видеолавҳа, рус тилида).

185. aaasssdd100. Алла Пугачева – Арлекино.
- Алла Пугачева - Арлекино - YouTube (www.youtube.com March 20, 2012. 4 дақиқа 22 сониялик видеолавҳа, рус тилида);
- www.youtube.com/watch?v=HQICQoDQvVw (www.youtube.com March 20, 2012. 4 дақиқа 22 сониялик видеолавҳа, рус тилида).

186. Женщина, которая поёт (“Қўшиқ куйлаётган аёл”).
- Женщина, которая поёт — Википедия (wikipedia.org) (www.ru.wikipedia.org Материал из Википедии — свободной энциклопедии);
- www.ru.wikipedia.org/wiki/Женщина,_которая_поёт (www.ru.wikipedia.org Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

187. Миллион роз. - Миллион роз — Википедия (wikipedia.org) (www.ru.wikipedia.org/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии);
- www.ru.wikipedia.org/wiki/Миллион_роз (www.ru.wikipedia.org/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

188. АНДРЕЙ ВОЗНЕСЕНСКИЙ. «Миллион роз».
- Андрей Вознесенский «Миллион роз» (askbooka.ru) (www.askbooka.ru );
- www.askbooka.ru/stihi/andrey-voznesenskiy/million-roz.html (www.askbooka.ru ).

189. Алла Пугачева - Миллион алых роз (Песня 1983) - Алла Пугачева - Миллион алых роз (Песня 1983) - YouTube (www.youtube.com January 6, 2012. 6 дақиқа 30 сониялик видеолавҳа, рус тилида);
- www.youtube.com/watch?v=4yEeT65wh5s (www.youtube.com January 6, 2012. 6 дақиқа 30 сониялик видеолавҳа, рус тилида).

190. Яхши кайфият. Миллион атиргул (Қўшиқ шакли). Ҳамид Насруллоев таржимаси.
- Миллион атиргул (Қўшиқ шакли) Бор эди бир мусаввир, Кулба эди маскани,... | Интересный контент в группе ЯХШИ КАЙФИЯТ. (ok.ru) (www.ok.ru November 1, 2020);
- www.ok.ru/ukingfaka/topic/152369067514793 (www.ok.ru November 1, 2020).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 10 июн

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 31)

Среда, 19 Мая 2021 г. 08:51 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 31)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

31. 1989: “ШЕРАЛИ ВА ОЙБАРЧИН” ФИЛМИ
ОГАҲИЙНИНГ «БИР САРВ ҚОМАТ КЎРМИШАМ” ҒАЗАЛИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ “КЎРМИШАМ” ҚЎШИҒИ
ogahiy (200x250, 23Kb)
Фото 37. Огаҳий (1809-1874). [174]

Шерали Жўраев ташаббуси ва ҳаммуаллифлигида 1989 йилда икки қисмли “Шерали ва Ойбарчин” мусиқали бадиий филми “Ўзбекфилм” киностудиясида “Тожикфилм” ва “Озарбайжонфилм” киностудиялари билан ҳамкорликда суратга олинди ([175]). Филмга доир қисқача маълумот.

“Муаллифлар: Шерали Жўраев, Фарход Мусажонов.
Режиссёр: Хожимурод Иброҳимов.
Ролларда: Шерали Жўраев, Муҳтарама Қоратоева, Раъно Зокирова, Матёқуб Матчонов.
Филм 1989 йил суратга олинган.” [175]

Филм муҳаррирлари: Нурали Қобул ва Аъзам Ўктам.

“1988 йил машҳур ҳофизимиз кино соҳасида ҳам ўз имкониятларини синаб кўрди. Унинг сценарийси асосида икки серияли “Шерали ва Ойбарчин” бадиий фильм яратилди ва анча муддат кинотеатрларимиз саҳнасидан тушмай қўйилиб келди. Халқона, эртак йўлидаги сюжетга қурилган бу фильмда Шерали (Ш.Жўраев) ўз севгилиси учун қийинчиликлардан қўрқмайди, душманларига қарши ўз қўшиқлари билан курашади. Икки ёшнинг соф муҳаббатини куйловчи бу фильм роса мукамаллик даъво қилмаса-да, ўнлаб қўшиқлари билан эсда қоларли воқеа бўлган эди.” [176, 41-сон, 4-б.]

Бу филмга Шерали Жўраевнинг муносабати қуйидагичадир.

“Режиссёрлар мен истаган нарсани кўрсатиб бера олишмади. Ҳамма харажатни ўз ёнимдан сарфлаганман. Асосий мақсадим: “Шерали ва Ойбарчин”да миллатлараро меҳр-муҳаббат ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш эди. Қисман кўрсатилган, бироқ мен хоҳлагандек эмас. Шерали ва Ойбарчин ўртасидаги ишқий муносабатлар орқали халқлар ўртасидаги алоқаларни турли воқеалар асосида боғлаш эди. Бироқ, филмдан кўнглим тўлмаган. Бу филмнинг давоми ҳам бор эди.” [37, 18-б.]

Фикримча, ўша 1988-89 йилларда, яъни сўз эркинлиги ва демократия шабодалари Совет Иттифоқи, жумладан Ўзбекистон узра эса бошлаган шароитда Шерали Жўраев “Шерали ва Ойбарчин” филми ўрнига ўз тақдирига ўхшаш ҳофиз ҳақида сценарий ёзиб, бош ролни Шерали ака ижро этган филм суратга олинганда яхши бўларди. Бу қизиқарли ва тарихий филм бўлиб қоларди. Бундай филмга мисол қилиб 1978 йилда яратилган, Россия халқ артисти, рус эстрадаси юлдузи Алла Пугачёва (1949) бош ролни ижро этган «Женщина, которая поёт» (“Қўшиқ айтаётган аёл”) мусиқали филмини айтишим мумкин ([177]). Бунда қўшиқчи ва санъаткор Алла Пугачёва қўшиқ ижод қилиши ва саҳнада куйлаши билан боғлиқ эпизодлар кўп. Агар шунга ўхшаш ҳолда Шерали Жўраев ижоди ва кураши билан боғлиқ мусиқали филм 1989 йилда яратилганида, бу ҳофиз тақдири ҳамда қўшиқлари билан боғлиқ ва 42 ёшлигида куйлаган тарихий филм бўлиб қоларди.

“Шерали ва Ойбарчин” филми воқеалар ривожи (сюжети) бўйича шоҳ ўз саройида ҳофизлар мусобақасини ўтказади. Хоразм хонлигидан келган ҳофиз ролини Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ортиқ Отажон ўғли (1947-2019) ўйнаган ва у дастлаб куйлаган. Кейин навбат шу хонликда яшаётган ҳофиз Шерали Жўра ўғлига берилади ва у Огаҳийнинг «Бир сарв қомат кўрмишам” ғазалига басталаган қўшиғини куйлайди. Озарбайжондан келган ҳофиз озарбайжонча қўшиқ айтади. Бухоро хонлигидан келган ҳофиз ролини ўйнаган Совет Иттифоқи ва Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродов тожикча куйлади. Шоҳ Шерали Жўра ўғлини ғолиб деб топиб, унга лаъл кўзли олтин узукни совға қилади...

Энди Огаҳийнинг «Бир сарв қомат кўрмишам” ғазалини келтирай. Ғазал 12 байтдан иборат. Шерали ака ғазалдаги иккинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи ва саккизинчи байтларни, шунингдек 11-байтнинг иккинчи сатрини куйламагани учун уларни қавс ичида ёздим. У ғазалдаги айрим сўзларни бошқа сўзлар билан куйлаган жойларини ёзма ҳарфда ёздим ва қавс ичида ғазалда ёзилган асл сўзларни келтирдим. Шерали ака концертларида, аудио ва видео ёзувларида бу қўшиқ қисқача «Кўрмишам» деб номланади.

Огаҳий ғазали, Шерали Жўраев қўшиғи

БИР САРВ ҚОМАТ КЎРМИШАМ

Дўстлар, бу кун ажаб бир (бир ажаб) сарв қомат кўрмишам,
Сурати бошдин оёқ ғарқи латофат кўрмишам.

(Офтоб асо мунаввар талъати фархундасин,
Олам аро ахтари авжи саодат кўрмишам.)

Юзларининг шуъласин кўргач (шаклини англаб) гулу гулзори лутф,
Кўзларининг аксини (суратин) айни иноят кўрмишам.

(Жон физо ширин лабини топмишам оби ҳаёт,
Руҳпарвар нуқтасин дурри зарофат кўрмишам.

Қочса ҳушим тонг эмас кўргач қиёми қоматин -
Ким, мани ҳайрон они қойим қиёмат кўрмишам.

Турғонин базм ичра илгин қовшуруб одоб ила,
Беқарору музтариб кўнглумға роҳат кўрмишам.)

Жон киби нозик белидан суртайи (фўтаи) зар остида,
Беш қабзи тийғини жонимға офат кўрмишам.

(Билгуси ҳар муддао хотир аро қилғач хутур,
Табъиға махсус онинг фаҳму фаросат кўрмишам.)

Кўрмадим монанд анго чобуклик ичра нечаким,
Дилраболар жилвасин беҳадду ғоят кўрмишам.

Кетса (Қочса) ҳушим тонг эмас, кўргач қиёми қоматин -
Ким, мани ҳайрон они қойим қиёмат кўрмишам.

Билмадим ҳолим на ерга оид ўлғой оқибат –
Ким, бу кун жонимда дардин бениҳоят кўрмишам.
(Ким, ўзим шавқида кўб бесабру тоқат кўрмишам.)

Огаҳий, эмди манга ўлмакдин ўзга чора йўқ -
Ким, бу кун жонимда дардин бениҳоят кўрмишам. [178, 361-б.], [179]

Яқин тарихимизда яшаб ўтган, Навоийдан кейин энг «кўп ва хўб» шеър айтган шоир, тарихчи ва таржимон Огаҳий ҳақида маълумот келтирай. Бундай зиёли ҳақида ҳар бир ўзбек билиши керак, деб ҳисоблайман.

“ОГАҲИЙ (тахаллуси; тўлиқ исм-шарифи Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли) (1809.17.12, Хива яқинидаги Қиёт қишлоғи — 1874.14.12) — шоир, тарихчи, таржимон. Мироб оиласида туғилган. Хива мадрасаларида таҳсил кўрган. Араб, форс, турк тилларини пухта эгаллаган. Хоразмнинг машҳур шоир ва олимлари, адабиёт мухлисларинингсуҳбатларида иштирок этган. Шарқ классиклари асарлари, айниқса, Навоий ижодини қунт билан ўрганган.

1829 йилда амакиси ва устози Мунис вафот этгач, Хива хони Оллоқулихон (1825—42) Огаҳийни Муниснинг ўрнига мироб этиб тайинлаган. Шу даврдан эътиборан Огаҳий халқ ҳаёти ва сарой ишлари билан шуғулланган. Қизғин ижтимоий-сиёсий меҳнат билан машғул бир пайтда отдан йиқилиб, оёғи «шакарланг» (шол) бўлиб қолган (1845). 1857 йилдан мироблик вазифасидан истеъфо берган. Умрининг охиригача моддий муҳтож, ғамгин, касалманд аҳволда кун кечирган.

Огаҳий халқ орасида кўпроқ лирик шоир сифатида машҳур. Умрининг охирги йилларида тузган лирик куллиёти — «Таъвиз ул-ошиқин» («Ошиқлар тумори», 1872) бизгача тўла етиб келган. Девон анъанавий тартибда тузилган, 470 ғазал, 3 мустазод, 89 мухаммас, 5 мусаддас, 2 мурабба, 4 мусамман, 4 таржеъбанд, 7 қитъа, 80 рубоий, 10 туюқ, 1 муламма, 4 чистон, 2 муаммо, 4 маснавий, 1 баҳри тавил, 1 муножот, 1 ошиқ ва маъшуқ савол-жавоби, 20 таърих, 19 қасида — жами 18000 мисрадан иборат. Девонга «Ашъори форсий» номи билан Огаҳийнинг форс тилидаги 1300 мисра шеъри ҳам киритилган. Девондаги асарлар мазмун-мундарижаси марказида ишқ мавзуи туради.

Огаҳий ижодининг мавзу доираси кенг. Аммо у қайси мавзуга мурожаат қилмасин, ишқни четлаб ўтолмайди. Ишқ унинг қаламида мавзуни ёритишда, ғояни илгари суришда асосий бадиий восита; шеъриятида ишқ — иймон, эътикод, ватан, заковат тимсоли каби лирик қаҳрамоннинг ўй-кечинмалари, фаолияти, дунёқарашини ҳаракатлантирувчи куч. Огаҳий девонида замон ва замондошлари тасвири ҳам катта ўрин эгаллаган. Шоир ўзи яшаб ижод этган мураккаб даврни маҳорат билан бадиий умумлаштирганда, замон ва унинг аҳлига муносабат билдирганда, баҳо берганда, инсонпарварлик, халқпарварлик нуқтаи назаридан ёндашган.

Огаҳий жанр имкониятларига ижодий ёндашиб, уларни такомиллаштирган: ўзигача бўлган 7—8, 10—12 байтли Faзал ёзиш тартибини 23 байтгача етказган, мустазод жанрининг қўш орттирма мисрали янги шаклини кашф этган:
Эй ёр, санго ушбу жаҳон боғи аро гул
бир ошиқи ҳайрон, дийдорига шайдо,
Бир шуйфтадур кокили мушкулинга
сумбул ҳам ҳоли паришон, ҳам бошида савдо.

Шоир арузнинг жуда кўп баҳрларидан фойдаланган. Унинг ғазаллари «Шашмақом»нинг ҳамма куйларига тушади, Хоразм халқ оҳангларига мос келади. Огаҳий «Риёз уддавла» («Салтанат боглари», 1844), «Зубдат уттаворих» («Тарихлар қаймоғи», 1845 — 46), «Жомеъ ул-воқеоти султоний» («Султонлик воқеаларини жамловчи», 1857), «Гулшани давлат» («Давлат гулшани», 1865), «Шоҳиди иқбол» («Иқбол гувоҳи», 1872) ва бошқа тарихий асарларида Оллоқулихон, Раҳимқулихон (1843—46), Муҳаммад Аминхон (1846 — 55), Сайид Муҳаммадхон (1856—64), Муҳаммад Раҳим II (1864—1910) қукмронлиги даврида Хоразмда яшаган ўзбек, туркман, қорақалпоқ, қозоқ халқларининг тарихи, маданий ва ижтимоий ҳаёти, Хива хонлигининг бошқа хонликлар билан муносабати ва бошқа тарихий воқеалар акс этган.

Огаҳийнинг юксак инсонпарварлик руҳи б-н суғорилган ғоялари хон ва шоир Ферузнинг сиёсий-маърифий тарбиясига таъсир қилган. У тарихчи олим сифатида Хива хонларига, йирик тарихий шахсларга бағишлаб қасидалар ёзган. Огаҳийнинг «Қасидаи насиҳат» асари Ферузга бағишланган. У ўз насиҳатларида салтанатни бошқаришнинг йўл-йўриқларини кўрсатади, мамлакат ва халқни адолат билан идора этиш йўлларини белгилаб беради. Қасида маснавий жанрида ёзилган бўлиб, унда шоирнинг сиёсий-маърифий қарашлари ёрқин акс этган.

Огаҳий фикрича, ҳар қандай давлат бошлиғи ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун барча ижобий фазилатларга эга бўлиши лозим. Подшоҳ ҳимматли, шижоатли, адолатли, ғайратли, саховатли, ҳаёли, соф ниятли, маданиятли, ҳамиятли, камбағалпарвар бўлиши зарур. Ҳукмдор шу фазилатларга эга бўлса, унинг ҳокимияти камол топади, мамлакати фаровон бўлади, деган фикрни илгари суради. Огаҳий давлатни бошқаришнинг йўлларини ҳам кўрсатиб ўтган. Шоирнинг фикрича, шоҳ шариат аҳкомларига қаттиқ амал қилмоғи лозим. У айш-ишратдан, фитна ва ғийбатдан, ғафлатдан, ялқовлиқдан, зулм-разолатдан, чақимчиликдан, молпарастликдан узоқ бўлиши керак. Феруз Огаҳийнинг давлатни бошқариш тўғрисидаги маслаҳатларига қулоқ тутган, унинг ҳикматли байтларини мармар тошларга ёздириб, арзхоналарга қўйдирган, кўп эзгу ишларни амалга оширган. Шу боис ҳам Огаҳий тарихий асарлари бадиий наср сифатида ҳамда 19-аср Хоразм воқелигини ҳаққоний акс эттирувчи нодир тарихий ҳужжатлар сифатида қимматлидир.

Огаҳий «Равзат ус-сафо» (Мирхонд), «Тарихи жаҳонкушойи Нодирий» (Муҳаммад Махдий Астрободий), «Бадоеъ ул-вақоеъ» (3. Восифий), «Мифтоҳ ут-толибин» (Маҳмуд бинни Шайх Али Ғиждувоний), «Табақоти Акбаршоҳий» (Муҳаммад Муқим Ҳиротий), «Тазкираи Муқимхоний» (Муҳаммад Юсуф Мунший), «Равзат ус-сафойи Носирий» (Ризоқулихон Ҳидоят), «Ахлоқи Муҳсиний» (Кошифип), «Қобуснома», «Зубдат ул-ҳикоёт», «Шарҳи далоил ул-ҳайрат» (Муҳаммад Ворис), «Гулистон» (Саъдий), «Юсуф ва Зулайҳо» (Жомий), «Шоҳ ва гадо» (Ҳилолий), «Ҳафт пайкар» (Низомий) ва бошқа тарихий-бадиий асарларни форс тилидан ўзбекчага таржима қилган.

Огаҳий «Ҳафт пайкар»ни насрий йўл билан, «Гулистон»ни қисқартириб, кенг китобхонларга тушунарли қилиб таржима этган. «Юсуф ва Зулайҳо» ҳамда «Шоҳ ва гадо» достонларини эса байтма-байт таржима қилиб (кириш қисмидан ташқари), аниқ ижодий таржима намунасини яратган. «Мифтоҳ ут-толибин» (инв. №8473), «Равзат ус-сафойи Носирий» (Д-125), «Табақоти Акбаршоҳий» (ТНС—106), «Тазкираи Муқимхоний» (ТНС—105), «Фирдавс ул-иқбол» (С— 571), «Шоҳиди иқбол» (С—572), «Юсуф ва Зулайҳо» (ТНС—117), «Таъвиз ул-ошиқин» асарларининг қўлёзма нусхалари Тошкент, Душанба ва Санкт-Петербургда сақланади.

«Зафарнома» (Али Яз-дий), «Баҳористон», «Саломон ва Ибсол» (Жомий), «Ҳашт беҳишт» (Хусрав Дехлавий) асарларининг Огаҳий таржимаси ҳанузгача топилмаган. «Таъвиз ул-ошиқин» Хивада тошбосмада нашр этилган (1905—09). Ўзбекистонда кўчалар, мактаблар, Хоразм вилояти мусиқали драма ва комедия театри, истироҳат боғи ва бошқа муассасаларга Огаҳий номи берилган. Қиёт қишлоғида Огаҳий боғи ташкил этилиб, шоирнинг уй музейи очилган; музей олдида Огаҳийга ҳайкал ўрнатилган.

Асарлар: Таъвиз ул-ошиқин, Т., 1960; Асарлар [6-жилдли], Т., 1971—80; Ишқ аҳлининг тумори. Танланган асарлар, Т., 1999. Ад.: Муниров К,., Огаҳий илмий ва адабий фаолияти, Т, 1959; Зоҳидов В., ўзбек адабиёти тарихидан, Т., 1961; Мажидий P., Огаҳий лирикаси, Т., 1963; Абдуллаев В., ўзбек адабиёти тарихи, 2-нашр, 2-китоб, Т., 1967; Ўзбек адабиёти тарихи [5 жилдли], 4-ж., Т., 1978; Абдуғафуров А., Муҳаммад Ризо Огаҳий, Т., 1999; Маънавият юлдузлари, Т., 2001.
Нусрат Жумаев» [6, О ҳарфи жилди, 33-35-б.]

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

6. (5) Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12 жилдли /Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Б.Аҳмедов ва б. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат нашриёти, 2001-2005;
- www.qomus.info (А ҳарфидан Э ҳарфигача 33 та жилд, кирил алифбосида).

37. (12) Шерали Жўраев: Армон бўлса ҳам эзгулик бўлсин /Жасур Ҳамроев ёзиб олган. – “Тасвир”, 2005 йил апрел, 15-сон, 8-9-б.

174. Огаҳий (1809-1874).
- Огаҳий (1809-1874) | www.ziyouz.uz
- www.ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/ogahiy-1809-1874/ (www.ziyouz.uz 2018.15.10).

175. Bakabom. Sherali va Oybarchin O'zbek Kino / Шерали ва Ойбарчин Ўзбек Кино.
- Sherali va Oybarchin O'zbek Kino / Шерали ва Ойбарчин Ўзбек Кино - YouTube (www.youtube.com September 21, 2020. 2 соат 3 дақиқа 15 сониялик мусиқали бадиий филм);
- www.youtube.com/watch?v=JduFhuv27aM (www.youtube.com September 21, 2020. 2 соат 3 дақиқа 15 сониялик мусиқали бадиий филм).

176. (92) ХОЛМАТОВ Ғ. Шералиси бўлган санъатим. – “Нишон”, 2005 йил 30 сентябр, 39-41 (125-127)-сонлар.

177. FSUE Mosfilm cinema concern. Женщина, которая поёт (мелодрама, реж. Александр Орлов, 1978 г.)
- Женщина, которая поёт (мелодрама, реж. Александр Орлов, 1978 г.) - YouTube (www.youtube.com October 4, 2018. 1 соат 14 дақиқа 49 сониялик мусиқали бадиий филм, рус тилида);
- www.youtube.com/watch?v=_zxifDC92yc (www.youtube.com October 4, 2018. 1 соат 14 дақиқа 49 сониялик мусиқали бадиий филм, рус тилида).

178. Огаҳий. Асарлар. 6 жилдли. Нашрга тайёрловчи Ғ.Каримов. Махсус муҳаррир С.Долимов. Жилд 1. Т.: Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1971. – 392 б.
(“Бир сарв қомат кўрмишам” ғазали 361-бетда.)

179. Abdumutalib Mirza. Кўрмишам. Шерали Жўраев.
- Кўрмишам. Шерали Жўраев - YouTube (www.youtube.com June 17, 2020. 6 дақиқа 9 сониялик видеолавҳа);
- www.youtube.com/watch?v=mQQPep2J_jw (www.youtube.com June 17, 2020. 6 дақиқа 9 сониялик видеолавҳа).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 19 май

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 30)

Суббота, 15 Мая 2021 г. 02:07 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 30)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

30. 1989: АБДУРАХИМ ПЎЛАТОВ ВА ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ
ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ “ДЎСТ БЎЛСАНГ ЁНИМДА ТУР” ҚЎШИҒИ
1013880673 (90x120, 5Kb)
Фото 35. Абдурахим Пўлатов (1945). [165]

Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ) раиси ва мухолифатдаги норасмий “Бирлик” халқ ҳаракати” партияси раиси Абдурахим Пўлатов ўзининг танқидий мақолаларида ёзишича, 1989 йил 1 октябр куни Тошкентдаги Халқлар Дўстлиги санъат саройида Шерали Жўраевнинг концерти бўлган. Ўша куни митинг ташкил қилинганди. Шу масалада Абдураҳим ака бир неча мақолаларда Шерали акани танқид қилган. Ушбу параграфда Абдурахим Пўлатов таржимаи ҳоли ва унинг ўз устози академик Восил Қобуловга қарши қилган пасткашлиги ҳақида ёзаман. Кейин унинг танқидий мақоласи ва 1989 йил воқеалари ҳамда концерт масаласини таҳлил этаман.

30.1. АБДУРАХИМ ПЎЛАТОВНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Абдурахим Пўлатовнинг таржимаи ҳолига доир маълумотларни 1995 йилда Анқарада нашр этилган «Абдурахим Пўлат озодликда» номли китобдан келтираман.

«Абдурахим Пўлат 1945 йил 7 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Ғишткўприк қишлоғида туғилди. Отаси – Қаюм Пўлат ўғли (1992 йили вафот этган). Онаси – Сабура Фозил қизи (шу кунда Тошкент шаҳрида яшамоқда) (Абдурахим Пўлатнинг онаси – Сабура Фозил қизи, адашмасам, 1999 йилда Тошкентда вафот этди, Ш.А.).

Абдурахим Пўлат 1962 йили Ғишткўприкдаги ўрта мактабни, 1968 йили Москва Энергетика институтини тамомлаб, компютерлар инженери дипломини олди.

Шу вақтдан 1991 йилнинг июл ойигача Тошкентда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Кибернетика институтида ишлади. 1973 йилда кандидатлик, 1984 йилда докторлик диссертациясини ёқлади. 1977 йилдан лаборатория мудири, 1990 йилдан профессор.

Бошқариш назарияси, сунъий интеллект ва интеллектуал роботлар соҳасида юзга яқин илмий мақолалар, 2 китоб нашр қилди. «Адаптив ва интеллектуал роботлар» деб номланган яна бир китобининг чоп этилиши сиёсий фаолияти сабабли коммунистлар томонидан 1990 йилда тўхтатиб қўйилган. 1991 йилнинг июл ойида ўзини тўла сиёсий фаолиятга бағишлаш мақсадида Кибернетика институтидаги ишдан кетди.

1988 йил 11 ноябрда бир гуруҳ ёзувчи ва олимлар билан Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракатига асос солди. 1988 йил 1 декабрда «Бирлик» Ташаббус гуруҳининг, 1989 йил 28 майда Ҳаракат Марказий кенгашининг раислигига сайланди. 1989 йилнинг 19 март куни биринчи марта сиёсий лидер сифатида Тошкентдаги кўп минг кишилик митингда халқ олдига чиқди.

1989 йил 16 октябрда антикоммунистик фаолияти учун 1980 йилдан бери аъзоси бўлган Ўзбекистон Коммунистик партиясидан (ҳозирги Халқ демократик партиясидан) ўчирилди.

1989 йил 11 ноябрда «Бирлик»нинг бўлинишини олдини олиш учун раисликдан истеъфо берди. 1990 йил 27 майдан бери «Бирлик»нинг раисдошларидан бири.

1990 йил 20 июнда номи кейинчалик «Бирлик» партияси деб ўзгартирилган Ўзбекистон демократик партиясининг таъсис қурултойида партиянинг раиси этиб сайланди. Ҳозир ҳам унинг раиси.

1990 йил 1-3 сентябр кунлари Ленинградда халқаро «Инсон ҳуқуқлари» конференциясида Фарғона ва Ўшдаги воқеаларнинг асл сабабчиси Москванинг мустамлакачилик ва «айир-буюр» сиёсати эканлигини кўрсатувчи доклад билан қатнашди.

1990 йил ноябр ойида «Ўзбекистон мустақил диктатура бўсағасида» мақоласини ёзди. Қозоғистон мухолифатининг «Азат» ва «Бирлик» партиясининг «Демократик Ўзбекистон» газеталарида эълон қилинган бу мақолада Ўзбекистон бу кундаги диктаторлик тузумга қараб кетаётгани аввалдан кўрсатиб берилганди.

1990 йил 7 декабрда Қирғизистон Президенти Асқар Ақаев билан учрашиб, Ўш-Ўзгандаги каби воқеаларнинг қайтарилмаслиги учун қилиниши керак бўлган ишларни маслаҳатлашди.

1991 йил 25 майда тузилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятлари демократик кучлари Форумининг асосчиларидан бўлди.

1991 йил 2-9 августда сафдоши Пўлат Охун билан илк дафъа Туркияда бўлди. Тўғри йўл партиясининг раиси Сулаймон Демирэл билан суҳбат ўтказилди.

«Бирлик» халқ ҳаракати ва «Бирлик» партияси 1991 йил августдаги коммунистик фитнага қарши чиққани учун Абдураҳим Пўлат сафдошлари Шуҳрат Исматулла, Анвар Усмон, Миролим Одил ва бошқалар билан милиция томонидан тутиқланди.

1991 йил декабр ойида 60 минг кишининг имзоси билан Ўзбекистон Президентлигига номзод қилиб кўрсатилди. Лекин очиқ рақобатдан қўрққан Ислом Каримов уни номзод сифатида рўйхатдан ўтказтирмади.

1992 йил 16 февралда Тошкентда АҚШ Давлат котиби Жеймс Бейкер билан учрашди.

1992 йил 4-7 июл кунлари Ню-Йоркда Америка Турк жамиятлари ассоциацияси уюштирган «Дунё турклари» конференциясида Ўзбекистондаги тузумнинг диктаторлик моҳиятини очиб берувчи доклад билан қатнашди.

1992 йил 29 июнда Абдураҳим Пўлатга Тошкентда суиқасд уюштирилди, бош суяги ёрилди. Тошкентда ўтказилган операциядан сўнг даволанишни Боку ва Истамбулда давом эттирди.

1992 йил 12 августда Бокуда Озарбайжон жумҳурияти Президенти Абулфайз Элчибей билан кўришди. Туркияга келгандан сўнг 1992 йил 25 августда Анқарада Она Ватан партиясининг раиси Маъсуд Йилмаз, 1992 йил 30 августда Истанбулда Миллиётчи Ҳаракат партияси раиси Алпарслон Туркиш билан учрашди.

1992 йил 7-9 ноябр кунлари Таиланднинг пойтахти Бангкокда «Осиё ва Тинч океани регионида озодлик ва демократия» лигасининг конференциясида қатнашди ва Ўзбекистондаги сиёсий вазият тўғрисида доклад қилди.

1992 йил 18 октябрда Тошкентда унга яна бир ҳужум уюштирилди. Ҳужумчиларнинг бири ушлаб милицияга келтирилганида, у КГБ (Комитете государственной безоасности (КГБ) – Давлат хавфсизлиги қўмитаси (ДХҚ)) хизматчиси эканлиги аниқланди.

1992 йил 2-3 декабрда Озарбайжон халқ фронтининг 2-Фавқулодда Қурултойида меҳмон сифатида қатнашди.

1992 йил 18 декабр куни Ўзбекистонда мухолифатга қарши репрессиялар янада кучайгандан сўнг юртини тарк этишга мажбур бўлди.

1993 йил 21-23 мартда Анталяда Турк дунёси қурултойида қатнашди ва сўнгра Туркияда қолди.

1993 йил 15-18 апрел кунлари АҚШнинг Мэдисон шаҳридаги Висконсин Университетида ўтказилган «Ўрта Осиёда демократия» конференциясида «Ўзбеклар демократияга тайёрми?», деган мавзуда доклад билан қатнашди.

1993 йил 3-4 декабрда Америка Турк жамиятлари ассоциациясининг Вашингтонда ўтказилган қурултойида қатнашди. Турк дунёсининг келажаги тўғрисидаги фикр ва мулоҳазаларини ўртага қўйди.

Абдураҳим Пўлат оилали, бир ўғил ва бир қизи бор.» [166, 60-62-б.]

Абдураҳим Пўлатов 1998 йилда Туркиядан АҚШга кўчиб ўтди. У бугунги кунда – 2021 йил майда оила аъзолари билан бирга АҚШдаги Колорада штатида яшамоқда ва www.harakat.net сайтида мақолалар чоп этиб туради.

30.2. АКАДЕМИК ВОСИЛ ҚОБУЛОВ


24e785e8e810f8ee2359402ce390471b (466x700, 32Kb)
Фото 36. Академик Восил Қобулов (1921-2010). [167]

Абдураҳим Пўлатовнинг ички дунёсини очиб беришда академик Восил Қобуловнинг ҳикояси муҳимдир. Менга ушбу воқеани тарих фанлари номзоди, доцент, бир неча тарихий китоблар муаллифи Тоҳир Каримов 2004 йилда гапириб берганди. Мен ўшанда унинг ҳикоясини қизил блокнотимга батафсил ёзиб олдим. 2005 йил 13-14 май кунлари Андижон қирғини ва 2005 йил 30 май кунги пикетимдан кейин кучишлатар органлар зобитлари мени ижарадаги хонамдан ҳайдаб чиқаришди (Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Норхўжаев кўчаси, 17-уй, 9-хонадон). Улар 2005 йил ёзида ўғирлик уюштиришди ва ўша хонадонимдан 14 банан қўтисидаги 600 тага яқин қимматбаҳо китобим, икки банан қўтисидаги 22 та папкадаги ёзув-чизув қилган мақолаларим ҳамда қоғозларим ва бошқа нарсаларимни олиб кетишди. Шу ўғирланган нарсалар орасида менинг бир неча блокнотларим, жумладан ўша тарихий суҳбат ва бошқа муҳим маълумотлар билан деярли тўлдириб ёзилган 200 бетлик қизил блокнотимни ҳам бор эди. Шу сабабли ушбу ҳикояни хотирамда қолганига асосан 2011 йилда ёзган русча [168]-мақоламдан ўзбекчага ўгириб келтираман.

Тоҳир Каримов бугунги кунда – 2021 йил 13 майда Тошкентда яшамоқда ва институтлардан бирида ўқитувчилик қилмоқда. Мен у билан охирги марта 2008 йил 27 август куни унинг уйида учрашиб суҳбатлашдим. 2008 йил 12 октябрга ўтар кечаси Ўзбекистонни яширинча тарк қилишга мажбур бўлдим.

Маълумки, 1988 йил 11 ноябр куни 18 нафар ўзбек зиёлилари ҳофиз Дадахон Ҳасан уйида тўпланиб Ўзбекистонда демократиявий ҳаракатлар олиб бориш борасида суҳбатлашди ва Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ)ни ташкил қилиш бўйича 11 кишидан иборат Ташаббус гуруҳини тузишди. Ташкилий қўмита Ўзбекистонда таниқли зиёлилар билан шахсан учрашиш ёки телефон орқали суҳбатлашиш орқали БХҲ таркибига таклиф қилишни 1988 йил ноябр охиридан амалга ошира бошлади.

Профессор Олим Каримов (1926-2006) менга 2001 йилда айтганига кўра шу йўл билан “Бирлик”га 155 нафар таниқли ўзбек зиёлилари аъзо бўлишди ва фаолият олиб бора бошлади.

Ўзбекистонда энг таниқли олимлардан бири, ЎзФА академиги, “Кибернетика” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси (ИИЧБ) Бош директори Восил Қобулов эди. Шу ерда унинг қисқача таржимаи ҳолини келтирай.

“ҚОБУЛОВ Восил Қобулович (1921.5.9-2010 – 2021.21.01, Тошкент) — математик олим, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги (1966), физика-математика фанлари доктори (1961), профессор (1964). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1977). Тошкент Темирйўл муҳандислари институтини тугатган (1949). Чоржўй-Қўнғирот темир йўли қурилишида ишлаган (1949-50). Ўзбекистон ФА Иншоотлар институтида аспирант, илмий ходим (1950-57). Ўзбекистон ФА Математика интитутининг ҳисоблаш техникаси бўлими мудири (1957—63). Ўзбекистон ФА Механика институти (ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги институтида) ҳисоблаш маркази директори (1963—66). Ўзбекистон ФА Кибернетика институти директори (1966—77), институт Ўзбекистон ФА нинг «Кибернетика» илмий ишлаб чиқариш бирлашмасига айлантирилгач, унинг бош директори (1978—92).

Илмий ишлари ҳисоблаш техникасини фан, техника ва халқ хўжалигининг турли соҳаларига жорий этиш билан боғлиқ. Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати (1971). «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1998).

Асарлари: Алгоритмизация в теории упругости и деформационной теории иластичности, Т.. 1966; Ақл мўъжизаси. Т,, 1974; Функциоиал анализ ва ҳисоблаш математикаси, Т., 1976; Алгоритмизация в механике сплошннх сред. Т, 1978. Адабиёт: Ўзбекистон кибернетиклари, Т.. 1996.» [6, Қ ҳарфи жилди, 188-б.]

Восил Қобулов 1941-1945 йилларда 2-Дунё урушида пиёда аскар бўлиб қатнашган. Катта сержант унвонига эга бўлган. [167]

30.3. ВОСИЛ ҚОБУЛОВ ВА АБДУРАХИМ ПЎЛАТОВ

30.2-параграфда ёзганимдек, “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ) Ташаббус гуруҳи фаоллари Ўзбекистонда таниқли зиёлилар билан шахсан учрашиш ёки телефон орқали суҳбатлашиш орқали БХҲ таркибига таклиф қилишни 1988 йил ноябр охиридан бошлашди. Ташаббус гуруҳи аъзоларидан бири бўлмиш доцент Тоҳир Каримов ташкилий ишларда фаол қатнашди.

1989 йил январда академик Восил Қабуловга телефон қилишди ва учрашув вақтини белгилашди. Ушбу муҳим учрашувга Тоҳир Каримов ва Муҳаммад Солиҳ биргаликда боришни режалаштирганди. Тоҳир ака белгиланган кун эрталаб Ёзувчилар уюшмаси биносига келди. М.Солиҳ унга: “Мени Марказқумга чақиришди. Восил Қобулович билан ўзингиз суҳбатлашишингиз керак бўлади” деди.

Тоҳир ака Тошкент “Кибернетика” ИИЧБга ўзи борди. Белгиланган вақтда академик Восил Қобулов уни ўз кабинетига таклиф қилди. Салом-аликдан кейин Тоҳир ака мамлакатдаги аҳволга доир қисқача гапирди ва Тошкентда “Бирлик” халқ ҳаракати тузилганлиги ҳақида айтди. БХҲ Марказий Кенгаши Ўзбекистоннинг таниқли зиёлиларини БХҲ раҳбарияти таркибига таклиф қилишаётганини айтиб, Восил Қобуловичга сафга қўшилишни таклиф қилди.

Восил ака савол берди: “Бирлик” раҳбари ким?”
Тоҳир ака хурсанд бўлиб: “Шогирдингиз Абдураҳим Пўлатов”, деб жавоб берди.

Восил ака бироз ўйланиб: “Абдурахим раис бўлар бўлса, мен бу ташкилотга қадамимни босмайман” – деди.

Тоҳир ака бундай жавобни кутмагани учун эътироз билдира олмади. Кабинетда ноқулай жимлик. Жимликни Восил ака сўзлари бўлди.

“Сиз менинг сўзларимга таажжубланманг. Абдурахим тиришқоқ йигит. У Москва Энергетика институтида ўқиди, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Мен уни лаборатория мудири этиб тайинладим. У Москвага докторантурага йўлланма сўради, мен ёрдам бердим. У докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди (1984 йилда, А.Ш.).

Москвадан қайтгач унга иш бердим ва у “Кибернетика” ИИЧБ партия ташкилоти котиби бўлиб сайланди. У бошқа миллатдан бўлган бир неча ходимлар билан биргалашиб Москвага Коммунистик партия Марказий Қўмитасига шикоят ёзишди (бу миллатдагилар асосан Исроилда яшашади, А.Ш.) Шикоятда мени миллатчи, фақат ўзбекларни ҳимоя қилади, дея таъкидлашган ва ҳоказолар.

Шикоятни Москвадан Тошкентга Ўзбекистон компартияси МҚсига жўнатишди. У ердан комиссия келди ва “Кибернетика” ИИЧБдаги аҳволни ўрганди. Комиссия айрим камчиликларни кўрсатди, жазо чораларисиз хулоса қилди ва жўнаб кетди.

Абдураҳим жавобдан қониқмай Москвага КПСС МҚсига иккинчи марта шикоят жўнатди. Энди шикоятни текшириш учун Москвадан комиссия келди. Улар “Кибернетика” ИИЧБни тити-питисини чиқариб текширишди, менга ҳисоб карточкамга ёзиш шарти билан қатъий ҳайфсан эълон қилишди.

Абдураҳим менинг ёрдамимга мана шундай “миннатдорчилик” билан жавоб берди.”

Восил Қобулов шу сўзларни айтаётганида унинг кўзлари ёшланди. Бу ҳақда менга Тоҳир Каримов 2004 йилда айтганди.

Шу ерда академик Восил Қобулов билан танишишим тарихини қисқача баён қилай. У 1974 йилда “Акл мўъжизаси” номли китоб ёзди [169]. Мен у вақти университетнинг 4-босқичида таълим олаётгандим. Мен ушбу китобни ўқиб қибернетика ҳақида анчагина қўшимча маълумотларга эга бўлдим.

1975 йил июнда Самарқанд Давлат университетини тугатдим. Мени ЎзФА “Кибернетика” ИИЧБ қошидаги Автомат бошқариш ситемаларини махсус лойилаштириш-конструкторлик бюросининг Самарқанд филиалига юборишди. Мен у ерда 1975-77 йилларда муҳандис-дастурловчи бўлиб ишладим. 1977-79 йилларда Тошкент Кибернетика институтида аспирант бўлдим. Шу сабабли мен академик Восил Қобуловни яхши биламан. У жуда ҳалол инсон ва олим эди. У ўзбек халқини ва Ватанимизни жуда яхши кўрарди, Совет Иттифоқидаги тоталитар тузум шароитида кўпроқ миллий кадрлар етиштиришга ҳаракат қиларди.

Академик Восил Қобулов мен учун умрим давомида ибрат бўлган шахс ва олим эди. Мен у билан бир неча марта учрашиб суҳбатлашганман, ҳатто бир марта 1977 йилда унинг уйига бориб суҳбатлашганман.

“Кибернетика” ИИЧБда ҳар хил миллат вакиллари ишларди. Ушбу шикоятни ёзган ва имзо қўйганларнинг кўпчилиги бошқа миллат вакиллари бўлгани ва улар “Кибернетика” ИИЧБ ходимлари факти ҳам шуни кўрсатиб турибди.

Абдураҳим Пўлатов ўз устози бўлмиш академик Восил Қобуловга кутилмаган ва маккорлик билан ИККИ МАРТА зарба берди. Абдураҳим Пўлатовнинг ички дунёси мана шу даражада бўлган ва ҳозир ҳам шу даражада қолган.

Тоҳир Каримов Восил ака сўзларига эътироз билдира олмаган ва хайрлашиб жўнаб кетган. У Ёзувчилар уюшмасига қайтиб келиб ушбу ноҳуш воқеани Муҳаммад Солиҳга айтиб берган. Афсуски, Абдураҳимнинг бу қилмиши ҳақида Муҳаммад Солиҳ “бирлик”чи сафдошларига гапириб бермади, қайсидир маънода яширди. Акс ҳолда Абдураҳим Пўлатов “Бирлик” халқ ҳаракати раислигига 1989 йил май ойидаги Таъсис қурултойида сайланмаган бўларди ...

Академик Восил Қобулов 2010 йил 21 январ куни вафот қилди. Абдураҳим Пўлатов шундан 4 кун ўтгач – 2010 йил 25 январ куни www.harakat.net сайтида «Абдураҳим Пўлат: Улуғ миллатчи ва Олийжаноб инсон Восил ака Қобул ўғлидан айрилдик» номли мақолани чоп этди.

“Ҳаётим бўйича фақат бир илмий даргоҳда ишладим – Фанлар академиясининг Кибернетика институтида. Институтнинг расмий ташкил қилиниши ҳақидаги ҳукумат қарори 1966 йил 26 апрелда, Тошкентда ер қимирлаган куни расман тасдиқланган. Бу рамзий воқеа, чунки, бу институтнинг пайдо бўлиши Ўзбекистоннинг илмий соҳасида ер қимирлашдан ҳам кучли ҳодиса бўлган.

Мен институтга 1968 йил 26 апрель куни (ер қимирлаш ва институт тузилишининг 2 йиллиги куни) Москва Энергетика Институтининг СССРда биринчи бўлиб очилган компютерлар мутахассислиги бўйича кафедрасининг дипломи билан келдим. 1991 йилнинг июнь ойида ўзимни тўла сиёсатга бағишлаш мақсадида Москвадан телефон қилиб, ишдан кетишимни билдирдим. 21 йил ичида аввал фан номзоди, сўнгра фан доктори ва профессор бўлдим, 1975 йилдан бери лаборатория мудири эдим.

Бутун илмий умримни бир даргоҳда, бир раҳбарнинг қўли остида ўтказдим. Бу раҳбар - Улуғ миллатчи ва Олийжаноб инсон Восил Қобул эди.

Восила ака ҳақиқатдан Улуғ миллатчи ва Олийжаноб инсон эди. У кишининг мамлакатимизни мустақил кўриш, исмларимиздаги “ов” қўшимчаларидан қутилиш орзуси чексиз эканлигини мен жуда яхши билардим. “Ўзбек” сўзи ўрнига “қоракўз” деб гапиришни яхши кўрардилар. Табиий, ўзбекларнинг келажаги учун у вақтларда сиёсий фаолият олиб бориш хусусида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Шу сабабли, Восил ака ўз соҳаларида буюк ишлар қилиш учун қаттиқ курашардилар. Мақсадлари “қоракўзлар” учун институтларни, Фанлар академиясини кенгайтириш, илм соҳасида кўплаб қоракўз-олимлар етиштириш эди. Ўша олимлар келажагимизни белгилашига ишонардилар.

Мен Москвада, айниқса, катталар олдида қуллиқ қилиш масаласида Ўзбекистонга нисбатан анча илғор савияда бўлган шаҳарда тарбия олганим учун, Кибернетика институтидаги муҳитни, очиқча айтаман, дарҳол ёқтирмадим. Бунинг устига, қоракўз-олимлар етиштириш масаласида сонга эмас, сифатга урғу бериш тарафдори эдим. Восил ака билан орамиздаги тафовут тезда ўртага чиқди.

Восил акадан бошқа ҳар қандай ўзбек, мавжуд шароитда, менинг бу институтда улғайишимга йўл бермаган бўларди. Аммо, эндигина фан номзоди бўлган вақтимда бир лабаратория мудири лавозими бўшади, кутилмаганда мени у ерга ўзлари таклиф қилдилар, миннатдорчилик билан бу лавозимни қабул қилдим.

Бир куни якккама-якка тортишиб қолдик. Мен фан номзоди, айниқса, фан докторларининг сифатига кўз юмиб, уларнинг сонини ошириш йўлидан кетиш хато эканлигини айтганимда, у киши “мен 10 қоракўз фан доктори етиштирсам, битта ҳақиқийси чиқади, шу ҳам яхши” дедилар. Мен эса бошқача фикрда эдим: “Қолган 9 чаласавод фан доктори, ўзларининг чаласаводлигини бекитиш учун, ўша ҳақиқий олимни бадном қилишади, чунки, ҳақиқий олимларнинг кўпчилиги ҳаётий масалаларда бўшроқ бўлишади. Ҳамма олимлар олдига юқори талаблар қўйсак, бироз кеч бўлса-да, 10 бўлмаса ҳам 5-6 нафар ҳақиқий фан докторига эга бўламиз”.

Орамиздаги муносабат шундай бўлишига қарамасдан, Восил ака менга қарши мансабларидан фойдаланиб ҳеч нарса қилмадилар. Ўша пайтда аввалги оилам билан жанжаллар чиқди. Ишхонага арз қилиб келишди. Институт раҳбари учун мендан қасд олишга айни вақт келган эди. Восил ака эса мени чақириб, олдимга лавозимимдан олинганим ҳақида имзоланган буйруқни қўйдилар ва шундай дедилар: “Бу буйруқ тўпалончиларни бироз хотиржам қилиш учун чиқарилди. Мен сенинг айбингни кўрмаяпман. Бу буйруқ Кадрлар бўлимида ётади, аммо ҳеч қачон кучга кирмайди”. Ва шундай бўлган ҳам.

Восил ака докторлик даражаси берадиган Илмий Кенгашнинг раиси, мен илмий котиби бўлган пайтимда бир неча марта Илмий Кенгаш ўз раисининг эмас, менинг таклифимга овоз беришига эришганман. Бу Ўзбекистонда умуман бўлиши мумкин бўлмаган воқеа, аммо бўлган.

Тез орада яна бир катта жанжал чиқди. 1988 йилнинг 11 ноябрида “Бирлик”нинг Ташаббус гуруҳи тузилди, мен раис бўлдим. 1989 йилнинг бошида СССР Халқ депутатлари қурултойига сайлов бўлди. Мени Тошкент Университети жамоаси Олий Советнинг Иттифоқ Совети бўлимига номзод қилиб кўрсатди. Аммо, ҳукумат бутун кучини ташлаб, қонунларни бузиб, муфтий Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуфни у ўринга ўтказди.

Кейин мени Кибернетика институти жамоаси номидан Миллатлар Кенгашига номзод қилишга киришдик. Номзод кўрсатиш мажлиси бошланаётган дақиқаларда залга кутилмаганда Восил ака кириб келдилар ва президиумдан жой олдилар. У кишининг бу мажлисга нимага келганини ҳамма тушунди. Йиғилиш бошланиши билан аввал у кишининг, сўнгра менинг номзодим кўрсатилди. Менинг тарафдорларим овоз бериш ёпиқ бўлишини талаб қилишди. Чунки, президиумда ўтирган директор қаршисида одамлар менга овоз беришини ҳаёл қилиб бўлмасди. Биз бу ерда ютқаздик.

Очиқ овоз бериладиган бўлди. Ана шу ерда менинг ўзим ҳам кутмаган ва ишонмаган воқеа рўй берди. Восил аканинг кўзи ўнгида кўпчилик менга овоз берди. Бу воқеанинг Восил аканинг жамоа олдидаги обрўси билан боғламаслик керак. У кишининг обрўси юксак эди. Ҳар кимнинг ақли етардики, у киши юқорининг топшириғини бажараётган эдилар. Айни замонда, биз Ўзбекистонга демократия шамоллари олиб кираётган эдик. Тўғри, ҳукумат барибир менинг номзодимни рўйхатга олдирмади, шоир Абдулла Ориф депутат қилинди.

Баъзилар ўйлаши мумкин, бундан кейин Восил аканинг менга бўлган муносабати яна ҳам ёмонлашди деб. Йўқ бўлмади. Бир йилча кейин бўлган воқеа бунинг исботидир.

Айтаётганим воқеа, 1990 йил 26 аперелда бошланди. Қаранг, яна 26 апрель. Ҳайит куни эканлиги аниқ эсимда. Сибириядаги бир ҳарбий қисмда ваҳшийларча ўлдирилган ўзбек аскарининг жанозаси Ҳайит намозидан кейин ўқилиши ва у Камалон қабристонида тупроққа берилиши керак эди. Бирликчилар Пахтакор стадиони орқасидаги маҳаллада яшовчи оиланинг уйига бориб гаплашишди. Йигитнинг отаси йўқ, онаси гаплашадиган ҳолда бўлмагани учун, буваси билан гаплашилган. Унга бундан дейилган: “Бундан буён бошқа ўзбек аскарларининг ўлимини олдини олиш учун, дафн маросимини “Ўзбеклар Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўтсин” шиори остидаги намойишга айлантирайлик. Бу миллат учун, ватан учун керак бўлган нарсадир”. Отахон рози бўлган ва ўзи бу маросим-намойишнинг олдида боришга ваъда қилган. Кейинчалик у отахон ҳақиқий бирликчига айланган, ҳатто Ўш воқеалари бўйича Москвада Қизил майдон олдида ўтказган пикетларимизда қатнашган. Ҳа, у замонда ўзбекнинг мардлари бор эди.

1990 йил 3 ёки 4 майда эса Ислом Карим Восил акани чақиртириб: “Наҳотки шу бир Пўлатовга кучингиз етмайди” дея мени ишдан ҳайдашга чақиради. Восил ака учун мен билан ҳисоб-китобни битириш учун энг яхши имконият туғилганди. Аммо у киши бундай ифлосликка қўл урмадилар. Менга шахсан ўзлари айтишларича, жавоблари қуйидагича бўлган: “Ҳа, Пўлатовга кучим етмайди, кучингиз етса, уни ўзларингиз эплаб олинг.”

Восил ака бу ерда фақат мени эмас, ўз орзулари бўлган ҳуррият курашини ҳимоя қилардилар. Восил аканинг буюклиги, олийжаноблигини кўсатувчи воқеа эди бу.

1991 йилда ишдан кетганимдан кейин Восил ака билан кўришолмадик. Лекин ўша йилларнинг воқеаларини тез-тез эслаб, шундай буюкларимиз борлиги билан мағрурланаман.

Ислом Карим раҳбарлигида эълон қилинган таъзияномага келсак. Ҳокимиятдагилар Восил аканинг ишларини сўзда улуғласалар ҳам, амалда у бошлаган ишнинг бошини едилар. Кибернетика институти аллақачон йўқ қилинган. Замонавий информацион технологиялар яратиш вазифаси бўлган илм даргоҳини 21 асрда бекитиш - миллий манфаатларимизга хоинлик бўлган. Ислом Каримнинг мақсади - мен ишлаган, унинг сўзига кирмаган Восил ака томонидан бошқарилган институтни бекитиш эди, бекитди. Шуни билатуриб таъзияномани имзолаш - оддий иккиюзламачиликдир.

Восил ака қилган ишлари билан миллатнинг хотирасида абадий қолади.

Оллоҳ ҳурматли домламизни раҳмат айласин.” [170]

Эътибор беринг: Абдурахим Пўлатов ушбу таъзияномасида ўз устози Восил Қобуловга қарши Москвага жўнатган иккита шикояти ҳақида ҳеч нарса ёзмаган. Энг муҳими у ўз устозига қарши қилган катта гуноҳи учун Восил ака руҳи олдида кечирим сўрамаган ва тавба қилмаган. Абдурахим Пўлатов мана шундай инсон ва у бугунги кунда – 2021 йил 14 майда ҳам шу аҳволда қолган ...

30.4. АБДУРАХИМ ПЎЛАТОВ МАҚОЛАСИ

Шерали Жўраевнинг 1989 йил 1 октябр кунги концерти сабабли Абдурахим Пўлатов ёзган танқидий [116]-мақоладан иқтибос келтирай.

“1988-89 йиллари ҳамма Совет жумҳуриятларида каби Ўзбекистонда ҳам миллий-демократик руҳдаги кучлар шакллана бошладилар. 1988 йилнинг ноябрида “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг Ташаббус Гуруҳи тузилди, 1989 нинг май ойида унинг Таъсис Қурултойи бўлди. Аввал Ташаббус Гуруҳининг, сўнгра Ҳаракат Марказий Кенгашининг раислигига сайландим.

“Бирлик”нинг ўртага отган шиорлардан бири, айни замонда асосийси – “Ўзбек тили давлат тили бўлсин” шиори эди. Бу – миллатнинг шу пайтгача очиқ айтолмаган орзуси эди. Ҳозироқ ўша вақтдаги реалликни билмайдиган авлод етишиб келмоқда. Реаллик шундан иборат эдики, 1977 йили Болтиқбўйи ва Кавказдан ташқаридаги Совет жумҳуриятларининг Конституцияларидан давлат тили ҳақидаги модда олиб ташланганди. Бу модда борлигида ҳам рус тилининг босими остида яшаган миллий тиллар, 1977 йилдан кейин ҳуқуқий асосларидан айрилдилар. СССР Конституциясига кўра давлат тили рус тили бўлгани учун ўзбек тили расмий доиралардан четлатилди. Бундай шароитда, табиийки, рус тилини яхши билмаганлар давлат идораларида карьера қилолмасдилар. Буни тушунган “зукко” одамлар уйларида болаларининг тилини русчада чиқарабошладилар, болаларни русча боғча ва мактабларга бериш кескин ошди. Хуллас, тилимизни аста-секин ривожланадиган инқирозга маҳкум қилдилар.

“Бирлик” тузилган йиллари СССРда бутун ахборот воситалари давлатнинг қўлида, қонунчилик органлари қўғирчоқ ташкилотлар бўлишган. Миллатнинг талабини ўртага қўйишнинг бирдан бир йўли – оммавий митинглар ўтказиш эди. Бу аксиома “Бирлик”нинг ихтироси эмас. Бу нарса дунёнинг тажрибасидан келиб чиққан бўлиб, бошқа жумҳуриятларда ҳам миллатлар шу йўлдан боришаётган эди.

“Бирлик” ҳам “Ўзбек тили давлат тили” шиорлари остида митинглар ўтказишга бошлади. Бу талабнинг халқ тарафидан бунчалик дастакланишини кутмаган ҳокимият даҳшатга тушди. Аммо Москванинг маҳаллий малайлари миллатнинг талабига қулоқ солишни эмас, уни алдашни ўйлардилар. 1989 йилнинг баҳорида ҳамма матбуот органлари ҳукумат тарафидан тайёрланган ўзбек тилининг статуси (мақоми) ҳақидаги қонуннинг лойиҳасини эълон қилдилар. Унга кўра гўё ўзбек тили давлат тили, деб тан олинсада, лекин амалда ҳамма нарса рус тилиники бўлиб қолаверарди. Қонун Олий Советининг куздаги сессиясида қабул қилиниши ҳам маълум қилинди.

“Бирлик” ёз бўйи тайёрланиб, сентябр-октябр ойларининг ҳар якшанба куни Тошкентнинг Ленин (ҳозирги Мустақиллик) майдонида оммавий митинглар ўтказишга қарор қилди. Режамиз бўйича 10 сентябрдаги биринчи митингга 100 минг одам, сессия арафасидаги митингга 1 миллион одам тўплаш эди. Албатта, илк мақсадимиз ўзбек тили эди, аммо шу йўл билан жамиятни сиёсатлаштириб бориб мустақиллик учун курашга замин тайёрлаш мумкинлигини яхши тушунардик.

Ёз ойларида (1988 йил 23 июнда, А.Ш.) Ўзбекистонга раҳбар этиб тайинланган Ислом Каримов ўзбек тилининг давлат тили бўлишини истамаганларнинг биринчиси эди. Гап унинг ўзи у пайтда адабий ўзбек тилини билмаганлигида ҳам эмас, Москванинг ишончли хизматкори бўлганлигида. Агарда Каримов истаса, масалан, телевидение орқали чиқиб, «Аввал эълон қилинган тил ҳақидаги қонун лойиҳасини бир неча кун ичида ўзгартиришга ваъда бераман, буни қилмасам, ана унда митинг ўтказиш мумкин» деса-ку, биз барибир митинг ўтказамиз деб туриб олсак, халқ ичида кулгига ҳам қолган бўлардик. У ўзбек тили давлат тили бўлишини истаса бошқа йўл хам тутабиларди, яъни митингга келарди ва халк талаби бажарилажагини айтарди, вассалом. Ана ўшанда балки Каримов миллий қаҳрамонга айланган бўлармиди? Аммо у бошқа йўлдан кетди.

Унинг биринчи ғалабаси - кейинчалик «Эрк» партиясининг раиси, аммо ўша замонда «Бирлик»нинг раҳбариятидаги Салай Мадаминовни (Муҳаммад Солиҳ, А.Ш.) осонликча сотиб олиши бўлди. Кейин Салайнинг атрофидаги ёзувчиларнинг «Бирлик» раҳбарияти ичидаги салмоғидан фойдаланган ҳукумат (1988 йил) 10 сентябрга мулжалланган митингни қолдиришга эришди. Бу кутилмаган ўзгаришлар қаршисида аввалига шошиб қолган «Бирлик»чилар кейинги митингни 24 сентябрга режалаштирдилар. Ҳукуматдагиларнинг фикрича, ичидан зарба олган «Бирлик»нинг митингига кўп одам келмаслиги керакди. Аммо бу унчалик пухта тайёрланмаган митингга ҳам тахминан 10 минг одам келди. Ўша куниёқ кейинги митингнинг куни деб 1 октябрь белгиланди.

Каримов ва ҳукумати энди таҳликага тушганди. Улар тезлик билан қарши чоралар кўрабошладилар. Уларнинг топшириғи билан Салай Мадаминов ва атрофидагилар “Бирлик” Низомига хилоф равишда 8 октябрга унинг Марказий Кенгаши мажлисини чақириб, у мажлисда мавжуд ҳукуматга қарши чиқаётган Абдурахим Пўлатовни раисликдан оламиз, деб эълон қилдилар, ҳеч ким митингларга чиқмасин, митинг қилиш кўча чангитишдан бошқа нарса бермайди, деб студентлар орасида пропаганда олиб бордилар.

Ҳукумат бошқа чоралар ҳам кўрди. Улардан бири …

Мана ниҳоят мақоламиз бош қаҳрамонининг “қаҳрамонлигига” етиб келдик. Шуни эслатиш керак, ўша замонда Шерали Жўраев студентлар орасида ўта популяр (машҳур, А.Ш.) эди. Унинг концертларига билет олиш ҳамма ҳам муяссар бўлавермасди. Тилимизни давлат тили қиламиз, деб майдонларни тўлатаётганларнинг салмоқли қисми студентлар эканлигининг фарқига етган ҳукумат 1989 йил 1 октябр кундуз соат 12 да (митинг бошланиш вақти) Тошкентдаги Ленин номли Халқлар Дўстлиги саройида студентлар учун Шерали Жўраевнинг текин концертини уюштирди. 70 йил халқлар устида истаган ишини қилган коммунистик ҳукуматнинг цинизми (беадаблиги, сурбетлиги, А.Ш.) балки тушунарлидир, аммо Шерали ҳеч нарсанинг фарқига бормайдиган гўдакмиди?...

Барибир митингни тўхтатолмадилар. Ўн минглаб кишиларнинг “Озодлик! Ҳуррият! Ўзбек тили – давлат тили!” деб хайқиришидан Тошкент кўчалари ларзага келди. Бу далғалар билан тахти ҳам ағдарилишига ақли етиб қолган Каримов дарҳол тил ҳақидаги қонуннинг янги, анча яхши лойиҳасини эълон қилишга мажбур бўлди. Шерали эса унинг назарига тушиб, дастурхонига яқинлаштирилди …

Шералининг йиғи тўла кўшиғини (“Дўст бўлсанг ёнимда тур» қўшиғини, А.Ш.) эшитарканман, дарғазаб бўлишимнинг сабаби шуларди.” [116]

Абдураҳим Пўлатов [116]-мақоладан яна 6 йил ўтгач, яъни 2006 йилда ҳофиз Шерали Жўраевни танқид қилиб яна қуйидагича ёзди.

“Кейин 1989 йил 1 октябр куни митинг ўтказдик. Ҳукумат ўша куни эрталабдан телевидение орқали ҳинд киноларини намойиш қилишига, талабалар учун Халқлар Дўстлиги саройида ўша вақтда ўта машҳур бўлган, аммо табиати билан мунофиқ Шерали Жўраевнинг текин концертини уюштиришига қарамасдан, митингга минглаб одам келди. Ўша куни кейинги митинглар 8 ва 15 октябрга тайинланди.” [171]

Мен “Бирлик” Халқ ҳаракати (БХҲ)га 1988 йил ноябр охирида аъзо бўлиб, 1989-1990 йилларда БХҲ Тошкент шаҳар ташкилоти раисининг биринчи ўринбосари, Мирза Улуғбек туман ташкилотининг раиси бўлиб фаолият олиб бордим. Шу сабабли мен БХҲнинг 1989 йил 19 март кунги дастлабки митинггида ҳам, 24 сентябр куни Тошкентдаги Мустақиллик майдонидаги митинг Талабалар шаҳарчасига кўчирилган ва шу сабабли Беруний кўчаси бўйлаб Талабалар шаҳарчасигача бўлган намойишда ҳам, 1 октябр, 8 октябр ва ундан кейинги митинглар ва тадбирларда фаол қатнашганман. Мана шу воқеалар иштирокчиси сифатида Абдураҳим Пўлатовнинг ҳофиз Шерали Жўраевга нисбатан танқидларини бироз таҳлил этай.

Абдураҳим ака ўз мақолаларида ҳофиз Шерали акага нисбатан ёзган танқидий фикрларига қўшилмайман. Бунга бир неча асосларим бор.

Биринчидан, Шерали Жўраев “Ўзбегим” қўшиғини 1968 йилдан бери халқимиз орасида ажойиб тарзда ижро этиб келмоқда. Бу қўшиқ ўзбек халқининг буюк тарихи борлиги, миллат ўзлигини англаши кераклиги ва мустақилликка эришишга даъват этувчи кучли қўшиқдир. Бу ҳақда 6-параграфда ёзгандим. 1968-1989 йиллар давомида “Ўзбегим” қўшиғини эшитиб янги бир авлод вояга етди. Шу сабабли 1988 йил 11 ноябрда БХҲ Ташаббус гуруҳи тузилгач, БХҲга кўп ёшлар аъзо бўла бошлади ва БХҲ тадбирларида фаол қатнашди. 1989 йилда БХҲ сафларида 1 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси қатнашганлигида Шерали Жўраев куйлаган “Ўзбегим” қўшиғининг ҳам каттагина ҳиссаси бор. Шу сабабли зиёлиларимиз, мухолифат раҳбарлари ва фаоллари, жумладан Абдураҳим Пўлатов ўзбек халқини уйғотиш ва мустақиллик учун фаол ҳаракат қилишга даъват этувчи қўшиқ яратгани учун шоир Эркин Воҳидов ва ҳофиз Шерали Жўраевга миннатдорчилик билдирмоқлари керак.

Иккинчидан, менимча, БХҲ раҳбарияти, жумладан унинг раиси Абдураҳим Пўлатов 1989 йил 24 сентябр, 1, 8 ва 15 октябр кунги митингларга Шерали Жўраевни таклиф қилиши ва митинг қатнашчиларига қўшиқ айтиб беришни илтимос қилиши керак эди. Бунинг учун Абдураҳим ака ва яна бир-икки нафар БХҲ раҳбарлари ҳамда Шерали акани яқиндан билган “Бирлик” фаоли билан бирга ҳофизнинг уйига боришлари лозим эди. Пўлатов бир пиёла чой устида 1970-йиллар бошида Високоволтний мавзесидаги уйлардан бирида бўлиб ўтган учрашув ва ҳофиз ижро этган қўшиқларни эслаб (21-параграфга қаранг), ёшлик йилларини ёдга олиб, сўнгра Жўраевни Мустақиллик майдонидаги митингга таклиф этишса яхши бўларди.

Агар Шерали ака Мустақиллик майдонига келиб, бир-иккита қўшиқ айтиб берса борми, кейинги митингга келувчилар сони ўз-ўзидан кескин ошиб, Тошкент шаҳри ва вилояти туманларидан ҳам, мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан ҳам минг-минглаб юртдошларимиз Тошкентдаги митингда қатнашарди ва ҳофиз қўшиқларидан ҳам завқ-шавқ оларди. Хориж мамлакатларидаги митингларда машҳур хонандалар қўшиқлар айтгани ҳақида кўпчилик билса керак. Шу ҳолда Тошкентдаги Мустақиллик майдонидаги митингчилар сони, Пўлатов орзу қилганидек, юз мингдан ошган бўларди.

Лекин ҳофизни ҳурмат қилиб, уни митингга таклиф этиш фикрига лидер сифатида Пўлатовнинг фаҳми етмаган. Бунга режим раҳбариятидаги тўраларнинг фаҳм-фаросати етиб, Шерали акани Халқлар Дўстлиги санъат саройида концерт беришга таклиф этишган.

Тасаввур қилинг, Пўлатов уч-тўрт киши ҳамкорлигида Жўраев уйига бориб, митингда қўшиқ айтиб беришни таклиф қилишди, дейлик. Агар Шерали ака Мустақиллик майдонига бориб қўшиқ айтиш таклифига рад жавобини берган тақдирда ҳам, у Халқлар Дўстлиги саройида 1 октябр куни митинг билан бир пайтда концерт беришга рози бўлмаслик эҳтимоли катта бўларди.

Абдураҳим Пўлатов ўзининг [116]-мақоласида Шерали Жўраевнинг «Дўст бўлсанг ёнимда тур» қўшиғига доир қўйидаги танқидий фикрларни ёзган.

«Америкада унинг кассетасини эшитгач, кўрдим-ки, Шерали ўша-ўша, дуриллаганми, хириллаганми овоз, шеър сўзларини бироз чўзиб, аммо «чертиб-чертиб» ўқиш ва яна ўша эскиси каби сўзларнинг маъноси билан эшитувчиларнинг кўнглини олишга интилиш.

Унинг кассетадаги «Дўст бўлсанг ёнимда тур» қўшиғи дарҳол диққатимни ўзига тортти. Қўшиқ дўстларнинг содиқлиги, вафодорлиги ҳақида, кишининг «ошиғи олчи» бўлган пайтда атрофи тўла дўст бўлиши, бошига бало келганда «дўстлар»нинг кўпчилиги ўзини олиб қочиши ҳақида бўлиб, ундаги «Ҳақиқий дўст бўлсанг доимо ёнимда тур, ёнимдамас қалбимда тур, қалбимдамас қонимда тур, қонимдамас, чунки қон ҳам айланиб турадиган нарса, иймонимда тур» маънодаги сўзлар ҳар қандай тингловчини ларзага соларди. Зеро, маълум маънода дўстидан «куймаган» одам ҳам бўлмаса керак.

Бу қўшиқни эшитган сарим Шералининг фиғони-ю фарёдидан ларзага келиш ўрнига ғашим келабошлади. Кошки, хонанда нима воқеа туфайли инграётганини билмасам эди. Шунда бу қўшиқ бир санъат намунаси сифатида эсимда қоларди. Афсуски, бу воқеани билардим.

Шералининг «ошиғи олчи» бўлгани - унинг президент Каримовнинг назарига тушгани, унинг дастурхонидан қолган-қутган нарсаларга шерик бўлиш шарафига муяссар бўлгани эди. Табиий, бу пайтда унинг «дўстларини» сони мислсиз равишда ортти. Кейин подшохлар, диктаторлар атрофида тез-тез бўлиб турадиган оддий ҳол юз берди, қандайдир сабаб билан Шерали назардан тушиб, дастурхон атрофидан қувилди ва «зукко дўстлар» бир зумда ғойиб бўлишди.

Ўзи ичида бўлган муҳитнинг оддий бир ҳoдисасини бу қўшиғи орқали шекспирона драма ва балки трагедия қилиб кўрсатмоқчи бўлган Шералининг мақсади - ўзининг «назарга тушиш ва назардан қолиш» воқеасидаги аянчли ролига бироз романтик тус бериш бўлса керак.» [116]

Абдураҳим Пўлатовнинг ушбу танқидий фикрларига ҳам жавоб берай.

Биринчидан, Шерали Жўраев 2017 йилгача Ўзбекистонда мавжуд бўлган полициявий режимнинг, Президент Маҳкамасининг бирорта раҳбарлик лавозимига тайинланган эмас, яъни Президент Ислом Каримов «дастурхонига яқинлаштирилган» эмас.

Иккинчидан, Шерали ака 1989 йил декабрида ўзи туғилиб вояга етган Андижон вилоятидаги 127-сонли Бобур номидаги сайлов округидан ЎзР Олий Кенгашига (парламентга) депутат этиб сайланди. У 1989-1994 йиллар давомида депутат бўлиб, ўз имкониятлари доирасида фаолият олиб борди.

Учинчидан, Шерали Жўраевга Ўзбекистон халқ артисти унвони 1987 йилда, ҳали «Бирлик» халқ ҳаракати (БХҲ) тузилмасдан ва БХҲга Абдураҳим Пўлатов раис бўлмасидан анча илгари берилганди.

Тўртинчидан, агар Шерали Жўраев 1989 йил декабрида ЎзР Олий Кенгашига депутат этиб сайланишини «Президент И.Каримов назарига тушиш ...» деб баҳоланса, у ҳолда 1989 йил декабрида ЎзР Олий Кенгашига Ватанимизнинг бошқа сайлов округларидан сайланган, кўп йиллар давомида режим қамоқхонасида бўлган Мурод Жўраев ҳамда Самандар Қўқоновни ҳам, режим қамоқхонасида саккиз йил азоб кўрган жиззахлик Мели Қобиловни ҳам, «Эрк» демократик партияси раиси Салай Мадаминов (Муҳаммад Солиҳ)ни ҳам, раҳматли Тоиба Тўлагановани ҳам ва демократия учун курашган бошқа ўнлаб халқ депутатларини ҳам ҳақида шундай дейиш мумкинми?! Албатта, йўқ.

Менимча, агар имконият бўлса, зиёли, имонли шахс ўзи туғилиб ўсган юртдан мамлакат парламентига депутат бўлиши ва фуқаролар манфаатини имконияти доирасида ҳимоя қилгани маъқул. Ҳофиз ва шоир Шерали Жўраев шундай қилди ва 1989-1994 йиллар давомида Олий Кенгаш депутати бўлиб фаолият олиб борди.

Бешинчидан, Шерали Жўраев депутат бўлганига қадар ҳам, депутат бўлиб сайланганидан кейин ҳам хонанда Ғуломжон Ёқубов каби юртбошини мақтаб, мадҳ этиб қўшиқ айтган эмас.

Хуллас калом, Абдураҳим Пўлатовнинг асоссиз танқидини бир четга сурайликда, ҳофизнинг «Дўст бўлсанг ёнимда тур» қўшиғини тинглайлик, унинг сўзларига эътибор берайлик. Ахир бундай мазмунли яхши қўшиқ ҳар куни, ҳар ойда, ҳар йилда яратилавермайди. Шеър еттита бешқаторликдан иборат. Шерали ака олтинчи бешқаторликни куйламагани учун уни қавс ичида ёздим.

Шерали Жўраев қўшиғи

ДЎСТ БЎЛСАНГ ЁНИМДА ТУР

Кeлгил, эй жону дилим, сeн мeнинг ёнимда тур,
Ёнда нe? Балки маним айланар қонимда тур,
Бeқарор қон бу надир?! Сeн ширин жонимда тур,
Бeвафо жон дeйдилар, покиза иймонимда тур,
Ҳар ёмону яхши кунда барча имконимда тур,
Ўнгда тур, ё сўлда тур, дўст бўлсанг ёнимда тур.

“Дўсти кўп қадди букилмас”, - дeйдилар қон кeчса ҳам,
Кeчмагай мард дўстидан, молу жондан кeчса ҳам,
Борма дeб, гарчи рақиблар зар чопонин ечса ҳам,
Гарчи тақдир хуш кeлиб, йўлингга гуллар сочса ҳам,
Майли, ҳар нe кeчса ҳам, дўст бўлсанг ёнимда тур.

Молу давлат қўлда бўлса, дўсту ёр ҳам кўп бўлар,
Қайга борсанг, олқишу мақтовчилар ҳам хўп бўлар,
Ҳeч қоқилма, гар қоқилсанг ғийбатчилар тўп-тўп бўлар,
Мунофиқ ҳам сохта дўстинг душманингдек бўп қолар (душманингга айланар),
Майли ҳар нe гап бўлар, дўст бўлсанг ёнимда тур.

Ҳар ёмону яхши кунда кўзларим дўст ахтарар,
Бу кўнгил ҳар сония минг ширин сўз ахтарар,
Кимки они топмади, битта гулюз ахтарар,
Чарх уриб ою қуёш ҳам кeча-кундуз ахтарар,
Топ сени ким (мeни дўст) ахтарар, дўст бўлсанг ёнимда тур.

Нозанинлар базмида айтилар мастона сўз,
Тeрмулиб жонингни олғай сурмали мастона кўз,
Кeлгил, эй жонимки, сeндан тинглайин дўстона сўз,
Қўлларим тутсин бeлингдан, суртайин пойингга юз,
Базми хилватхона (дилдошларни) туз, дўст бўлсанг ёнимда тур.

(Ота-онаға ўғил-қиз мeҳрибондир дўст бўлса,
Ҳатто сeвган сeвгилинг ҳам вафодордир дўст бўлса,
Юзни бурма оға-ини гарчи минг хил сўз бўлса,
Етти ёт бeгоналар ҳам биродардир дўст бўлса,
Майли ҳар нe сўз бўлса, дўст бўлсанг ёнимда тур.)

Бу жаҳонда дўст йўқ, дeб урма оҳ, қилма хитоб,
Ўзни топ ҳам Ҳақни топ, дeб, Тангри бeрган бир китоб.
Ҳақни топсанг, дўстни топдинг, дўст қидирсанг – Ҳақни топ,
Зарра имконинг бўлса, бир ғариб кўнглини топ,
Ҳақ йўлинда қил савоб, дўст бўлсанг ёнимда тур.

Кeлгил, эй жону дилим, сeн мeнинг ёнимда тур,
Ёнда нe? Балки маним айланар қонимда тур,
Бeқарор қон бу надир?! Сeн ширин жонимда тур,
Бeвафо жон дeйдилар, покиза иймонимда тур,
Қайда турсанг тур ва лек дўст бўлсанг ёнимда тур.
Ўнгда тур, ё сўлда тур, дўст бўлсанг ёнимда тур. [7, 5-6-б.], [172]

Ушбу параграф охирида Абдурахим Пўлатовга нисбатан қўшимча фикримни ҳам айтай. Маълумки, у Совет Иттифоқи даврида 1988-1991 йилларда Ўзбекистон Мустақиллиги учун, демократия учун Совет режимига қарши курашди. Ўзбекистон 1991 йил 1 сентябрда Мустақилликка эришганидан кейин Ватанимизда қарор топган полициявий сиёсий режимга қарши ўз имкониятлари ва иқтидори доирасида курашди.

Охирги 33 йиллик кураши давомида Абдураҳим Пўлатов Аллоҳнинг хом сут эмган бир бандаси сифатида каттагина хатоларга йўл қўйди ва ҳамон хатоларни давом эттирмоқда. Унинг катта хатоларидан бири – бу улуғ ҳофиз ва шоир Шерали Жўраевга нисбатан қилган хатосидир. Бунга доир мен ўз фикримни ушбу параграфда баён этдим ва сабабларини санаб ўтдим. Абдураҳим Пўлатовь ва БХҲга нисбатан қўшимча маълумотлар, фактлар ва таҳлилларни “Бирликчилар” номли китобимнинг 3-нашрида ёзаман, иншааллоҳ. Ҳозирча унинг учдан бир қисмини ёзиб сайтларда чоп қилганман ([173]-га қаранг).

Умуман, мухолифатнинг Шерали Жўраевдек ҳофизларга, зиёлиларга муносабати қандай бўлиши кераклиги ҳақида 44-параграфда ёзаман, иншааллоҳ.

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

6. (5) Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12 жилдли /Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Б.Аҳмедов ва б. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат нашриёти, 2001-2005;
- www.qomus.info (А ҳарфидан Э ҳарфигача 33 та жилд, кирил алифбосида).

7. (6) ЖЎРАЕВ Ш. Бола дунёни тeбратар. (Масъул муҳаррир Н.Қобул). – Т.: “Юлдузча”, 1988. – 64 б.

116. (33) АБДУРАХИМ ПЎЛАТОВ. (Сўз боши ўрнида) Дўст бўлсанг ёнимда тур. – www.harakat.net/harakat/?id=277 (www.harakat.net/a/ “Harakat” журнали архиви, 2000, № 3 (24);
- Дўст бўлсанг ёнимда тур - «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана ;
- “Ҳаракат” журнали, 2000 йил, 3 (24)-сон, 2-5-б.

O’zbekiston Milliy Ensiklopediyasi.
- Ziyo istagan qalblar uchun! - Kutubxona - O’zbekiston Milliy Ensiklopediyasi (ziyouz.com)
(www.n.ziyouz.com A ҳарфидан Z ҳарфигача 34 та жилд, кирил алифбосида);
- www.n.ziyouz.com/kutubxona/category/11-o-zbekiston-milliy-ensiklopediyasi (www.n.ziyouz.com A ҳарфидан Z ҳарфигача 34 та жилд, кирил алифбосида).

165. ПУЛАТ (ПУЛАТОВ) АБДУРАХИМ КАЮМОВИЧ (07.11.1945).
- | ЦентрАзия (centrasia.org) (www.centrasia.org Рубрика “Персоны”);
- www.centrasia.org/person.php (www.centrasia.org Рубрика “Персоны”).

166. Абдураҳим Пўлат озодликда. /Нашрга тайёрлаган: Халил Очиқкўз. – Истанбул, 1995. – 174 б.

167. Кабулов Васил Кабулович. Старший сержант.
- Бессмертный полк. Россия. Кабулов Васил Кабулович (moypolk.ru) (www.moupolk.ru 06.05.2015);
- www.moypolk.ru/soldier/kabulov-vasil-kabulovich (www.moupolk.ru 06.05.2015).

168. АХМАДЖОНОВ Ш. Главная ошибка лидеров узбекской оппозиции (Ўзбек мухолифати лидерларининг асосий хатоси). - http://muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=article&id=1999:2011-05-22-19-20-03&catid=31:general&Itemid=18 ( www.muvozanat.info 22.05.2011).
http://pravozashitnik.at.ua/news/2011-05-22-1950 (www.pravozashitnik.at.ua 22.05.2011, страница на русском языке).
http://turonzamin.org/2011/05/24/oshibka/#more-15078 (www.turonzamin.org 24.05.2011).
http://yangidunyo.com/?p=19378 (www.yangidunyo.com 25.05.2011).

169. В. Қобулов. Акл мўъжизаси. - «Ёш гвардия». Т. – 1974.

170. Абдураҳим Пўлат: Улуғ миллатчи ва Олийжаноб инсон Восил ака Қобул ўғлидан айрилдик.
- http://www.harakat.net/el_news.php?id=4572&from=3810 (www.harakat.net «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI – January 25, 2010);
- «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана (www.harakat.net «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI – January 25, 2010).

171. (46) АБДУРАХИМ ПЎЛАТ. Ўн етти йил аввалги шу кунларни хотирлаб, ўзлигимизни англашимиз лозим. -
- Ўн етти йил аввалги шу кунларни хотирлаб, ўзлигимизни англашимиз лозим - «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана (www.harakat.net “Harakat” журнали, 2006 йил 5 (62)-сон);
- www.harakat.net/harakat/?id=633 (www.harakat.net “Harakat” журнали, 2006 йил 5 (62)-сон).

172. QUANTUM LEAP ADVANTAGE. Sherali Joraev- Dost bolsang yonimda tur.
- Sherali Joraev- Dost bolsang yonimda tur - YouTube (www.youtube.com October 11, 2020. 13 дақиқа 23 сониялик видео);
- www.youtube.com/watch?v=A87WAJ1T5Ho (www.youtube.com October 11, 2020. 13 дақиқа 23 сониялик видео).

173. АҲМАДЖОНОВ Ш. «Бирлик»чилар (Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 3-нашри). –
https://www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/6799235/ (www.liveinternet.ru “Турон-Шухратжони” кундалиги (дневник), 2018 йил 6 ва 9 ноябр; 2019 йил 2 ва 4 январ);
Китоб давоми 1: https://siyosat.wordpress.com/2018/11/08/%d0%b1%d0%b8%d1%80%d0%bb%d0%b8%d0%ba%d1%87%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d1%80/#more-12023 (www.siyosat.wordpress.com 2018.08.11).
Китоб давоми 2: https://siyosat.wordpress.com/2018/11/09/%d0%b1%d0%b8%d1%80%d0%bb%d0%b8%d0%ba%d1%87%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d1%80-2/ (www.siyosat.wordpress.com 2018.09.11).
Китоб давоми 3:
https://siyosat.wordpress.com/2018/12/03/ (www.siyosat.wordpress.com 2018.03.12).
Китоб давоми 4:
https://siyosat.wordpress.com/2019/01/02/%d0%b1%d0%b8%d1%80%d0%bb%d0%b8%d0%ba%d1%87%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d1%80-%d0%ba%d0%b8%d1%82%d0%be%d0%b1-%d0%b4%d0%b0%d0%b2%d0%be%d0%bc%d0%b8-4/ (www.siyosat.wordpress.com 2019.02.01).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 14 май

АҚШ, Вашингтон шаҳри

Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 29)

Вторник, 11 Мая 2021 г. 01:11 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 29)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

29. 1986: ҲОФИЗЛАРЧА ЧИРОЙЛИ ЖАВОБ
ШАРОФ РАШИДОВНИНГ “НАРГИЗ” ШЕЪРИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ҚЎШИҒИ
ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ “ТЎРТЛИКЛАР” ҚЎШИҒИ
YOQUBOV2maxresdefault (1) (700x393, 46Kb)Фото 34. Ғуломжон (Ғуломиддин) Ёқубов (1950). [158]

Бу воқеа тошкентлик хонанда Ғуломжон (Ғуломиддин) Ёқубов билан боғлиқдир. Аввал у ҳақда Ўзбек Миллий Энциклопедиясида ёзилган мақолани келтириб ўтай.

“Ёқубов Ғуломиддин Тошпўлатович (1950.1.3, Тошкент) – хонанда, Ўзбекистон (1987) ва Қорақалпоғистон (1991) халқ артисти. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган (1973). Жиззах мусиқали драма театрида (1973-74), Ўзбек давлат филармонияси (1967-68 ва 1974 йилдан) да яккахон хонанда. Кучли, жарангдор ва ёқимли овозга эга. Ижрочилик услуби эмоционал кўтаринки руҳи билан ажралиб туради. Репертуари муҳаббат, гўзаллик, Ватан мавзуидаги, шунингдек, рақсбоп қўшиқ ва ашулалардан иборат. Созанда ва бастакор А (Абдулҳошим) Исмоилов (1952.9.6, Фарғона вилояти, Қува тумани, А.Ш.) билан ҳамкорликда яратган қўшиқлари оммавийлашган: “Зилола”, “Сен ўзинг”, “Қарайсан”, “Ошиқнома” ва бошқа. Репертуаридан турли халқлар (озарбайжон, эрон, турк, ҳинд, уйғур ва бошқа) қўшиқлари, шунингдек, “Сегоҳ”, “Дугоҳ”, “Гулзорим”, “Феруз-1-2” каби ўзбек мумтоз ашулалар ўрин олган.

1990-йиллардан бошлаб композитор А.Расулов билан ҳамкорликда замонавий эстрада қўшиқчилиги услубида ижод этмоқда: “Дилором”, “Бегойим”, “Қомат”, “Кетолмайсан”, “Элим деб”, “Хуш келдинг муборак сарварим Наврўз” ва бошқалар. Баъзи қўшиқлар куйларини Ёқубов ўзи яратган: “Муҳаббат”, “Унутилмасин”, “Мажнунтол”, “Ўйласам”, “Сенинг кулишларинг”, “Парвардигор асрасин”, “Бир қарасам” ва бошқалар.

“Мажнунтол” грампластинкаси “Мелодия” грамёзув фирмасининг “Олтин диск” мукофотига сазовор бўлган (1985). “Дўстлик” (1996), “Эл-юрт ҳурмати” (1999) орденлари билан мукофотланган.” [6, 3-ж., 505-б.] , [6, Ё ҳарфи жилди, 70-б.]

Эслатиб ўтаман: Ғуломжон (Ғуломиддин) Ёқубов ўз ижоди давомида Совет Иттифоқи коммунистлар партияси ва унинг раҳбарларини мақтаб, мадҳ этиб кўпгина қўшиқлар куйлаган. Шунинг учун унга 1980-йиллар бошидаёқ Ўзбекистонда хизмат кўрасатган артист унвони берилган эди.

Ёзув столим қаршисида телевизор турарди. Мен одатда ёзув-чизув қилганимда телевизорни ёқиб қўярдим. 1986 йил баҳори эди. Ўзбекистон телевидениесининг биринчи каналида тошкентлик хонанда Ғуломжон Ёқубовнинг видеокассетага олинган қўшиқлари кўрсатилди. У ўзининг бир неча қўшиқларидан ташқари ўша пайтда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар бўлмиш Ортиқ Отажонов куйлаган “Умр ўтар, вақт ўтар” ва Шерали Жўраевнинг “Наргиз” қўшиғини айтди. Ҳалигача аниқ эсимда, у «Наргиз» қўшиғини Тошкент марказида, “Мовий гумбазлар” чойхонаси яқинида чиройли қилиб устма-уст тахланган тошлар, яъни тошли тепаликча устига чиқиб, қўлларини у ёққа, бу ёққа ёйиб айтганди.

Шу ерда раҳматли Шароф Рашидов қаламига тегишли «Наргиз» шеърини келтириб ўтай. Шерали ака бу қўшиқни 1970-йиллар бошида басталаб куйлаганди ([159]). Бу қўшиқ 1973-йилда сотувга чиқарилган катта пластинкада ҳам бор эди.

Шароф Рашидов шеъри, Шерали Жўраев қўшиғи

НАРГИЗ

Офтоб,
Офтоб,
Қайдасан, офтоб?
Қани Наргиз,
Қани у моҳтоб?
Қани ўзинг ёйган поёндоз?
Офтоб,
Офтоб,
Ахир, бeр жавоб!

Азобимга тeзроқ чора қил,
Ёвузларнинг юзин қора қил!
Наргизимни кўрсат;
Авайла,
Булутларни пора-пора қил!
Наргиз,
Наргиз,
Сeвгим йўлдоши!
Ҳаётимнинг аввали, боши!
Овоз бeргил,
овоз!
Қайдасан?
Наргиз,
Наргиз,
Бахтим қуёши! [160, 31-б.] ,

Бугунги кунда – 2021 йилда Ғуломжон Ёқубов ижросида бошқа шоир шеъри билан куйлаган “Наргиз” номли қўшиғи ҳам бор ([161]-га қаранг). Ушбу параграфда Шароф Рашидов «Кашмир қўшиғи”да ёзган «Наргиз» шеъри асосидаги қўшиқ ҳақида мулоҳаза юритмоқдаман.

Айрим кишилар айтишлари мумкин: “Ёш хонандалар машҳур устоз ҳофизлар қўшиқларини айтиб элга таниладилар. Ўша Шерали Жўраев ҳам, бошқалари ҳам ўз вақтида Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов қўшиқларини айтган”. Каминага бундай гапни 2008 йил 17 феврал куни Тошкентдаги Янгиобод бозорида 1993 йилдан бери ўзбек ҳофизлари ва хонандалари қўшиқлари ёзилган аудиокассеталар ва дискларини сотаётган, ўзбек қўшиқчилик тарихи, ҳофизлар ҳамда хонандалар ҳақида кўп маълумотларга эга бўлган, болаликдан кўзи ожиз Тошпўлат қори Эрматов (1959) айтди.

Бу борада Шерали Жўраевнинг бундай фикри бор.

“Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Барно Исоқова, Таваккал Қодиров – бундай буюк санъаткорларни тан олмасликнинг иложи йўқ. Уларсиз қўшиқчи бўлмасдик ҳам. Шундай устозларнинг қўшиғини ўз вақтида куйлаганман. Фахриддин Умаров, Камолиддин Рахимов ... бу ёғига ўртоқлар бошланади (кулади)”. [35]

Эътибор беринг: бу ерда гап ёш хонандаларнинг машҳур ҳофизлар қўшиқларини айтиши борасида бормоқда. Бу тўғри фикрдир. Лекин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига эга бўлган хонанда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист қўшиғини шу қўшиқ муаллифидан рухсат олмай айтиши муаллифлик ҳуқуқига ҳам, ахлоқ-одоб талабларига ҳам зиддир.

Аслида Ғуломжон Ёқубов Ортиқ Отажонов куйлаган “Умр ўтар, вақт ўтар” қўшиғини дастлаб 1983 йил охирида, тeлeвидeниеда намойиш этилган “Янги йил базми”да айтган эди. Ғ.Ёқубовнинг бундай ишига Тошкент Давлат университети журналистика факултeти 5-босқич талабаси Дилором Ҳалимова “Совeт Ўзбeкистони санъати” журналининг 1984 йил 5-сонида чоп этилган «Кўнгил қўшиқлари керак» мақоласида жумладан бундай ёзган.

“… Ғуломжон Ёқубов “Янги йил базми”да айтган яна бир қўшиқнинг саёзлиги юқоригисидан қолишмайди.

Ортиқ Отажонов шоир Омон Матжоннинг “Умр ўтар” дeб бошланувчи шeърини ажойиб қўшиқ қилди ва бу тингловчилар қалбини забт этди, “ўзиники” бўлиб қолди. Худди ана шу қўшиқни Ғуломжон Ёқубов ижросида ҳам эшитдик. Бир марта айтилган қўшиқни қайта талқин этаётган хонанда олдида қуйидаги вазифалар туради:

1. Ўзидан олдинги маҳоратли қўшиқчидан ўза билиши;
2. Унинг камчиликларига барҳам бeриш.

Хўш, Ғ.Ёқубов бу талабларга жавоб бeра оладими? Қатъий қилиб “Йўқ!” дeйиш кeрак. Чунки “Умр ўтар …” – ўтган тотли хотира, ҳозир армон бўлиб қолган бахт ҳақидаги шeър. Вазминлик, маъюслик, ёруғ ҳасрат Ортиқ Отажонов талқинида қўшиқни янада жозибали қилган. Аммо, Ғ.Ёқубов талқинидаги музика ва овоз бу қўшиққа мос эмас.

Шeърнинг “ичига” қулоқ сола билган О.Отажонов “ўша кeлишларинг, ўша кулишларинг” сатрига тўғри урғу бeради. Аммо Ғ.Ёқубов «Ёдимдан, ёдимдан! Ёдимдан!!!» дeя қайта-қайта такрорласада, кўзлаган ниятига етолмаган …

Шeрали Жўраевни “копировка” қилувчиларни ҳам хоҳлаганча топиш мумкин.

Ахир бу ишнинг номи кўчирмачилик дeб айтилмайдими?!

Адабиётда кўчирмачиликни уят дeб биламиз, наҳотки, санъатда бу иш рўй бeрса, биз қараб туришимиз кeрак! Аввало шоирда инсоф бўлсин. Кeйин бастакору, қўшиқчида кўз, фаросат …” [162]

Ғуломжон Ёқубов ўзининг кўп йиллик ижоди давомида Совет Иттифоқи компартияси ва унинг раҳбарларини мақтаб, мадҳ этиб қўшиқлар айтгани учун 1987 йилда унга Ўзбекистон халқ артисти унвонини беришганди. У яқин-яқинларгача юртбошини мақтаб, мадҳ этиб қўшиқлар куйлаган инсон.

1986 йил воқеаларига қайтайлик. Ғуломжон Ёқубов телевизорда айтган қўшиқ сабаб бўлдими, ҳар ҳолда 1986 йил кузида Шерали Жўраевнинг янги аудиокассетаси халқ ичида тарқала бошлади. Унда бировлар қўшиғи билан олқиш олмоқчи бўлган хонандага Шерали ака тўртликлардан иборат қўшиқ ёрдамида ҳофизларча чиройли жавоб берди.

Ушбу жавобдаги тўртликларнинг айримлари шоир Абдулла Орипов қаламига мансуб, айримлари Шерали ака тўртликларидир. Уларнинг манбасини ҳам ёздим. Абдулла ака тўртликларидаги баъзи бир сўзларни Шерали ака бошқа сўзлар билан алмаштириб айтган ва у сўзлар тагини чизиб қўйдим. Бу билан тўртликлар янада чиройлироқ ва кучлироқ жаранглаган.

Шерали Жўраев қўшиғи

ТЎРТЛИКЛАР

Оқар дарёга ҳам кимдир банд берган,
Ҳаёт кимга асал (заҳар), кимга қанд берган.
Саркаш деб, эй дўстим, койима мени, (Эй ғофил, саркаш деб мени койима,)
Ғаним сенга эмас, менга панд берган. [38, 1-ж., 312-б., 1979]

Тингланг (Тингла), бу абадий садо бўлади,
Гадонинг душмани гадо бўлади.
Иккиси бир-бирин тугатгунча (егунича) то
Ўртада бу дунё адо бўлади. [38, 1-ж., 252-б., 1975]

Умр ҳам (умр-ку) ўтади гулдурос солиб,
Унинг қайтганлигин ким ҳам кўрибди.
Во ажаб, қай бир зот, ўз умри қолиб,
Менинг қадамимни ўлчаб юрибди... [38, 1-ж., 231-б., 1973]

Ғийбатчининг (Унинг) миш-мишидан ранжиманг асло,
Нима бўлса асли наслида бўлган.
Онасин қорнидан (Она қорниданоқ) ўзи ҳам ҳатто,
Турли миш-миш билан дунёга келган. [38, 1-ж., 275-б., 1977]

Эшитиб қолдим кимдир,
Ўлганлигимни айтиб шод юрганмиш.
Мен ўлгандан сўнг гўё,
Унга шуҳрат келармиш.
Ҳей ўғлон, аввало отингни чу де,
Ажал сену мени танлаб турмасмиш.

Шуҳрат дегани бу кўринмас бир от,
Минсанг юлдузлар ҳам қўлингда турар.
Чавандоз, минган сўнг хушёрроқ ўтир,
Остингда минглаб чуқур кўринмай турар. [26, 37-б., 1986]

Насаби паст номардга ўргатсанг агар,
Ўргатганингдан сўнг кўзингни ўяр.
Сидқидил хизматин қилсанг мабодо,
Сени нодон дея устингдан кулар.
Бунчалар разиллик қилмаса ҳам у,
Яхшилаб остингга совуқ сув қуяр.

Бебурд биров қилган яхшиликни “мен қилдим” дейди,
Нокас нуқул мардни рисқини ейди.
Санъаткор бўлсачи агар у бебурд,
Биров қилган қўшиқни “меники” дейди.

Мана шу айтилаётган сўзлар менинг шогирдларимга тегишлик эмас. Мен шогирдларимга омад тилайман. Улар менинг мактабимни давомчилари. Улар келажакда мани қўшиқларимни айтиб мани умримни узайтирадиган инсонлар – булар шогирдларим. Мен ҳозирги айтаётган тўрт қаторликни ҳеч қачон уларга атамайман. Мана бу айтилаётган тўрт қаторликлар бошқа бир созандаларга тегишлик. Уни ҳамма яхши биладики кимга тегишлилигини (мухлислар қийқириқлари). Шунинг учун яна ичингларда ўйламасин мана бу шогирдига атади ё мана бу қўшиқни ашулачига атади. Бу бутунлай бошқа одамга аталган. Сизлар уни билмайсизлар балким (мухлислар қийқириқлари).

Санъаткорларда бор ажиб бир нақл,
Не бўлса ҳам ўзингникин айтганинг маъқул.
Бировлар қўшиғи билан олқиш олгунча,
Ботқоқда қурбақа бўлиб сайраган маъқул. [26, 37-б., 1986]

Дунё сену мендан қолмоғи аён,
Биздан сўнг бошқалар бўлмоғи аён.
Танамиз тупроққа қўйилгач шу он,
Яна қайта дунё номини олмоғи аён.

Бозорга ўхшайди асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди сўз ҳам маъно (бунда ҳам маъни).
Иккиси ичра ҳам кўрмадим асло,
Молим ёмон деган кимсани аммо (бирор кимсани). [38, 1-ж., 231-б., 1973]

Ғалати тузилган асли бу дунё, (Баъзан кўп ажибдир дунёнинг иши,)
Унинг бундайлигин ким ҳам билибди. (Ким ҳам бу савдони ўйлаб кўрибди.)
Ҳайвонот боғида, қаранг, бир инсон (бир телба киши,)
Маймунни масхара қилиб турибди. [38, 1-ж., 76-б., 1965]

Қирқ йилда бир йигит келар дунёга,
Йигит юзин ерга қаратма, фалак!
Ер чизиб қолмасин халқи қошида,
Бўлар-бўлмас ишга қилмагил ҳалак. [26, 37-б., 1986]

Булбул ўгай саналар (эрур) зоғлар орасида,
Югурик сув ўгай тоғлар орасида.
Муҳаббат дардидан дардман қалблармиз,
Ўгай бўлсак не тонг, соғлар орасида. [38, 1-ж., 204-б., 1971]

Гулшанда эдим сайри он, бир ёр, бир мен,
Бир булбулли яхши чаманзор эди, бир мен.
Булбул ила гул суҳбати пинҳон эди боғда,
Ҳеч ким йўқ эрди бир гули беҳол эди, бир мен.
Кўрганда рақибнинг кўзи ғамдан ёнар эрди,
Кенг дунёда бир собити сайёр эди.

Эй ўғил, ҳаддингда тур,
Отанг сени сотганда ҳам.
Инчунун, мушфиқ онангни
Сўзлари ботганда ҳам.

Отага тик боқма, имонинг сақла,
Фарзандсан, сен доим бурчингни оқла.
Отага чўп отсанг кун ўтиб бир кун,
Фарзандинг сенга тош отмоғи мумкин.

Кимки ота ҳам онани урса,
Ухласин-у, кўзи юмуқ уйғонсин.
Кимки урф-одати, санъатин севмаса,
Эл ичинда тулки, шоқол номини олсин.

Бир қўлда Қуръону, биттасида жом,
Гоҳида ҳалолмиз, гоҳида харом.
Феруза гумбазли осмон остида,
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом. [163]

Ушбу жавоб сабаб бўлдими, ёки бошқа сабаб туфайлими, Ғуломжон Ёқубов 1986 йилдан бери Шерали Жўраевнинг «Наргиз» қўшиғини ҳам, бошқа қўшиқларини ҳам куйлаган эмас. Лекин у Ортиқ Отажонов биринчилардан бири бўлиб айтган “Умр ўтар, вақт ўтар” қўшиғини ҳамон ижро этиб келмоқда …

Шу ерда махсус хизмат органларининг иш услубларидан бири ҳақида тўхталиб ўтай. Одатда махсус хизмат органлари, жумладан Совет Иттифоқи даврида Давлат хавфсизлиги қўмитаси, бугунги кунда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати бирор ҳур фикрли инсоннинг шахсий ҳаётини муаммолар гирдобига олиб кириш учун қуйидаги усулни қўлларди ва қўлламоқда. “Сопини ўзидан чиқариш”, “Гадонинг душмани гадо бўлади” деган нақлга амал қилиб, махсус хизмат органлари хонанда билан хонанда, шоир билан шоир, ёзувчи билан ёзувчи, олим билан олим, қўшни билан қўшни, ҳатто ака билан ука, ота билан бола ва ҳоказолар ўртасида тортишув, можаро чиқариш ҳамда можарони иложи борича авж олдириб, йиллар давомида чўзишга ҳаракат қилишади. Шу ҳолда ўша ҳур фикрли зиёлининг сиёсий режим раҳбарияти ва қонунбузувчи амалдорларига қарши фаолиятини жиддий камайтириш, ҳатто бутунлай барҳам топтириш имконияти пайдо бўлади.

Ҳақиқий ҳур фикрли фуқаро бундай провокация ортида кўпинча кучишлатар органлар, айниқса махсус хизмат органлари турганлигини англамоғи, билмоғи керак. Акс ҳолда бу кичик жанжал йиллар давомида чўзилиб, судма-суд бўлиши, кўпгина пул сарфланиши, шунингдек асабларга зиён бўлиб, соғликка каттагина зарар етказиши турган гап. Шунинг учун ҳур фикрли фуқаро буни тушуниб, англаб, жанжални иложи борича тезроқ тўхтатиш, ҳеч бўлмаганда ўзини сал четга олиш, ва шундай йўллар билан келишмовчилик оловининг ловуллаб ёнишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоғи керак. Бу масалада ҳофиз Шерали Жўраевнинг юқорида баён қилинган чиройли ечими ватандошларимизга мисол ва ўрнак бўлиши мумкин.

Кучишлатар органлар бундай ноқонуний услубларни яширинча бошқаларга ҳам қўллашди. Мисол тариқасида 2008 йилда машҳур хонандамиз, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ва бир хонанда аёл ўртасида турли тортишув, можаролар чиқаришга ҳаракат қилишганини эслатиб ўтишим етарлидир. Бу тазйиқнинг давоми сифатида Юлдуз Усмонова қўшиқларини телевизор орқали кўрсатиш 2008-2016 йилларда кескин камайтирилди.

Айрим ўқувчиларимиз савол беришлари мумкин: “Бу усул нима учун Юлдуз Усмоновага қарши қўлланилди?” Бунинг сабабларидан бири шундаки, Юлдуз Усмонова бир неча йил илгари (2017 йилга қадар) Ўзбекистондаги мавжуд режим билан алоқаларни камайтирди, турли оммавий байрам концертларида режим раҳбарларига хуш келадиган қўшиқларни айтмай қўйди …

Шу ерда шоир Абдулла Ориповнинг Юлдуз Усмоновага бағишлаб ёзган “Жаннат қуши” номли саккиз қаторли шеърини келтириб ўтишим ўринлидир.

Абдулла Орипов шеъри

ЖАННАТ ҚУШИ

Жаннатга етишган банда яйрабди,
Оҳанг эшитилмиш даставвал унга.
Бугун боғимизда булбул сайрабди,
Тегмангиз лоақал сиз шунга …

Майли, у тўйганча таратсин оҳанг,
Тегмангиз, мухлислар, тегманг, дарғалар!
Ахир қулоқларни қилганда батанг
Қағиллайверишиб қарғалар … [164, 66-б.]

Шундай қилиб, Шерали Жўраев махсус хизмат органларининг қора ишларига чиройли жавоб бера олиш мумкинлигини амалда исботлаган ҳофиз ва шоирдир.

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

6. (5) Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12 жилдли /Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Б.Аҳмедов ва б. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат нашриёти, 2001-2005;
- www.qomus.info (А ҳарфидан Э ҳарфигача 33 та жилд, кирил алифбосида).

O’zbekiston Milliy Ensiklopediyasi.
- Ziyo istagan qalblar uchun! - Kutubxona - O’zbekiston Milliy Ensiklopediyasi (ziyouz.com)
(www.n.ziyouz.com A ҳарфидан Z ҳарфигача 34 та жилд, кирил алифбосида);
- www.n.ziyouz.com/kutubxona/category/11-o-zbekiston-milliy-ensiklopediyasi (www.n.ziyouz.com A ҳарфидан Z ҳарфигача 34 та жилд, кирил алифбосида).

26. (7) ЖЎРАЕВ Ш. Санъатим. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 2001. – 72 б.

35. (11) Шерали Жўраев: “Андижон болаликни эслатади” /Шоҳруҳ суҳбатлашган/. – “Хонадон” оилавий ҳафтаномаси, 2006 йил 7 декабр, 49 (223)-сон, 18-19-б.

38. (13) ОРИПОВ А. Танланган асарлар: 4 жилдлик /Таҳрир ҳайъати: О.Шарафиддинов, М.Қўшжонов, Э.Воҳидов ва бошқ./. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 2001.

158. Гуломжон Ёкубов Расмий канали. Гуломжон Ёкубов - Нилюфар / G'ulomjon Yoqubov – Nilyufar.
- Гуломжон Ёкубов - Нилюфар / G'ulomjon Yoqubov - Nilyufar - YouTube (www.youtube.com January 30, 2020);
- www.youtube.com/watch?v=b-amt82FYsM (www.youtube.com January 30, 2020).

159. Roma Romanov. Шерали Жураев Наргиз.
- шерали жураев наргиз - YouTube ((www.youtube.com July 2, 2017. 6 дақиқа 43 сониялик видео);
- www.youtube.com/watch?v=А096dGV2KJA (www.youtube.com July 2, 2017. 6 дақиқа 43 сониялик видео).

160. (44) РАШИДОВ Ш. Эрк истар кўнгил: Қисса, киносцeнарий, шeърлар. – Т.: Ғ. Ғулом номидаги Нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1992. – 128 б.

161. Гуломжон Ёкубов Расмий канали. Гуломжон Ёкубов - Наргиз / G'ulomjon Yoqubov – Nargiz
- Гуломжон Ёкубов - Наргиз / G'ulomjon Yoqubov - Nargiz - YouTube (www.youtube.com March 17, 2020);
- www.youtube.com/watch?v=4oLkDucUS8 (www.youtube.com March 17, 2020).

162. ҲАЛИМОВА Д. Кўнгил қўшиқлари керак. - “Совeт Ўзбeкистони санъати” журнали, 1984 йил, 5-сон.

163. ДЖОРАБЕК АЛИМОВ. Шерали Жўраев эски концерт 4. 1980-85 й. - https://www.youtube.com/watch?v=WQzWBwt05VY (www.youtube.com 2020.14.12, 43 дақиқа 32 сониялик аудио ёзув).
(«Тўртликлар» қўшиғи видеода 16-дақиқа 50-сонияда бошланган).

164. (45) ОРИПОВ А. Адолат кўзгуси: Шеърлар, Мақолалар, Суҳбатлар, Таржималар /Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи Дониёр Бегимқулов. – Т.: “Адолат”, 2005. – 400 б.

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 10 май

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 28)

Пятница, 07 Мая 2021 г. 18:50 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 28)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

28. СОЛИЖОН ШАРИПОВ ВА ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ
ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ “ОЛТИН ҚАНОТ” ҚЎШИҒИ
800px-Sharipov (561x700, 62Kb)
Фото 33. Биринчи ўзбек фазогири захирадаги полковник Солижон Шарипов (1964). [154]

Ҳофиз Шерали Жўраевнинг миллионлаб мухлислари орасида биринчи ўзбек фазогири Солижон Шарипов ҳам бор. Аввал Солижон ҳақида маълумот келтирай.

“ШАРИПОВ Солижон Шокирович (1964.24.8, Ўзган шаҳри, Қирғизистон) — Россия Федерацияси (РФ) космонавт-учувчиси (1998), америка астронавти (1998), миллати ўзбек. Харьков олий ҳарбий авиация учувчилар билим юртини тугатган (1987). Товушдан тез учар самолётларни бошқарган (жами 950 соат учган). 1990 йилдан РФ Космонавтлар тайёрлаш марказининг космонавтлар отрядида. «Мир» орбитал кемасида парвоз қилиш дастури бўйича космонавтлар гуруҳи таркибида тайёргарлик кўрган (1992-97), «Мир» (ЭО27, ЭО28), «Союз ТМ29», «Союз ТМ30» космик кемаларининг дублёр экипажи таркибида бўлган (1998—2000), Жонсон номидаги космик марказда (АҚШ) STS89 экипажи таркибида тайёргарликдан ўтган (1997-98).

1998 йил 22 январдан 1 февралгача АҚШнинг «Эндевор» (STS89) космик кемасида парвоз килган (6 та америка астронавти билан бирга, АҚШ, Флорида штати, Канаверал космодроми). Бу кема Россиянинг «Мир» орбитал кемасига туташтирилган ва рус космонавтлари А. Соловьев ва П. Виноградов, америка астронавти Д. Вульф билан бирга Шаттл ҳам космик кемасида 10-халқаро космик экипаж аъзолари — америка астронавти Лерой Чиао ва рус космонавта Юрий Шаргин билан бирга Бойқўнғир космодромидан (Қозоғистон) космосга парвоз қилди. Бу космик кема космосга олдин учирилган Халкаро космик станция (ХКС)га туташтирилди ва Лерой Чиао, Ю. Шаргин, С. Шарипов узок, муддат ишлаш учун ХКС га ўтишди, ХКС даги оддинги экипаж ерга кайтиб тушди. Шарипов Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони (1998), Ўзбекистон Республикасининг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (1998)» [6, Ш ҳарфи жилди, 39-40-б.]

“Туркистоний, Токио: Ассаломку алайкум. Айтингчи, агарда ибодатдаги инсон фазога чиқса, у ерда шариат арконларидан бири бўлмиш Аллоҳнинг фарз қилган ибодати – Намозни қай тарзда бажара олади? Имкониятлар ва шароит қай тарзда?

Солижон Шарипов: Бу жуда қизиқ савол. Билсангиз, космик кема соатига 28000 километр тезлик билан учади. Бир ярим соатда ер атрофини айланиб чиқади. 24 соат мобайнида ернинг бутун атрофини айланиб чиқиши мумкин. Тезликнинг катталиги учун Қибла қаерда, Маккатуллоҳ қаердалигини аниқлаш қийин. Яна ҳаммага маълум – намоз ўқиш кун ва тунга боғлиқ. У ерда – фазода космик кема ер атрофида айланиб турар экан, у ерда 24 соат давомида қуёш 16 марта чиқиб ботади. Шунинг учун одамнинг ҳар 45 минутда намоз ўқишига тўғри келади. Шунинг учун ҳам ер соатини фазо билан тенглаштириш қийин. Ҳозир мен билан бирга экипаж парвозга тайёргарлик кўраяпти. Экипажда Малайзиядан 2 фазогир бор. Иккита учувчи врач. Улар учишидан олдин Малайзияда махсус конференция ўтказилди. У махсус фазода намоз ўқиш масаласига бағишланди. У ерда кўп олимлар тўпланганди. Йўл топиш мушкул бўлди. Шунинг учун бу саволни қийин савол деб ўйлайман.

Савол: Коинотга парвозингизда ўзингиз билан бирга Қуръони каримни ва буюк санъаткор Шерали Жўраевнинг аудиокассетасини ҳам олиб чиққан деб эшитган эдим, шу ҳақиқатми?

Солижон Шарипов: Ҳа, тўппа-тўғри. Икки марта Қуръони Каримни ўзим билан бирга фазога олиб учганман. Биринчи марта 1998 йилда "Шатлл Эндевор" кемасида учганимда олиб чиққанман, иккинчи марта 2004 йилда олти ярим ойга фазога йўл олганимда ўзим билан бирга олганман. Қуръони Карим ўзим билан доим бирга эди. Ва сизлар биласизлар, Ўзбекистонда машҳур одамлар кўп. Улардан бири Шерали ака Жўраев. Шерали Жўраев мен энг яхши кўрган санъаткор. Унинг қўшиқларини мен жуда ҳам севаман. У кишининг қўшиқларисиз мен учун яшаш қийин. У киши ҳаётнинг ҳар хил томонларини ўзининг қўшиқларида одамларга тушунтиради. Қўшиқларида товуш, музика ва маъно жуда чуқур. Шунинг учун Шерали Жўраевнинг қўшиқлари ҳар доим ёнимда.

Савол: Сизни Россия фуқаролигини қабул қилган деган хабарни эшитган эдим, шу ростми?

Солижон Шарипов: Мен 1982 йилдан бери ҳарбий хизматдаман. У вақтда Совет мамлакати бўлган. Ундан кейин қайси одам Россия территориясида хизмат қилган бўлса, ўша бўйича қолиб кетди. Мен 1990 йилда космонавт бўлганимда Москвада эдим. Россия фуқароси бўлган одамгина Россия ҳарбийси сифатида хизмат қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам мен Россия фуқаросиман.» [155]

2016 йил 18 апрел куни Тошкентдаги International номли беш юлдузли меҳмонхонаси (Тошкент, Амир Темур кўчаси, 107А-уй) Амир Темур залида ҳофиз Шерали Жўраев туғилган куни ва ижодининг 50 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлди. Унинг 2 соат 33 дақиқалик видеоси манзилини [156]-да ёздим. Бошловчилар ижодий кечани очиқ деб эълон қилишгач Шерали ака ижодига бағишланган кичик видеолавҳа намойиш қилинди.

“Қўшиқ қалб тарбиячиси. Тафаккур учун энг маъданли озуқа. Қўшиқ куйлагувчининг қалби ва маънавий ҳолати қанчалар соғлом, ҳур ва бой эканлиги ижод маҳсулларида зоҳир бўлади. Шунданми қўшиқнинг ҳам икки дунёси бор. Унинг зоҳири ёқимли куй ва ижро бўлса, ботини бутун мағзидир.

Ҳар бир миллат мусиқасида ўз ифтихорига эга дарғалар етишиб чиққан. (Видеода Ғарб мамлакатларининг тўрт нафар машҳур хонандасини куйлаётган ҳолатда қисқа-қисқа кўрсатилди. А.Ш.) Таъбир жоиз бўлса улар бир чинорки, соясидаги ҳаловат шогирдларга ҳам, элга ҳам татийди. Бир ўзбек ҳофизики, унинг илдизлари улуғ аждодларнинг дунё тамаддунида ўрин топган асарларидан сув ичади, қадди эса ҳаётнинг довул ва изғиринларига бардош беражак асл ижод пояси билан мустаҳкамланган.
Миллий мусиқанинг ранглар ила барг чиқариб кенг қулоч ёйган шохларининг савлати эса Шарқу Ғарбдан кўринади.

У илк қўшиғини ижро этганида 19 ёшда эди. 1966 йили зилзиладан кейин қурувчилар ғайратига ғайрат қўшиб “Ҳормангиз” деб куйлаган. Шундан бери ижод уммонида. Катта уммон тубида 600 га яқин қўшиқлар ила маржон қоялар яратишга муваффақ бўлди. Қўшиқларнинг гўзаллиги уларнинг сонидан беҳисоб даражада ортиқлигини англаган тингловчи мухлислар бу ижод уммонига шунғиб йилларки баҳраманд бўлиб келмоқда. Бу ҳайратланишнинг ҳар бир мухлисда ўз таърифи бор. “Биринчи муҳаббатим”ни ёд олмаган ким бор? “Гулбадан”ни тингламаган ким? “Ўзбегим”га жўр бўлмаган ким қолди? “Аё соқий”, “Қарашларга”, “Атиргулим”, “Карвон кўрдим”, “Сарбон”, “Даврон бизники”. Ҳа, бу каби юзлаб қўшиқлар ўша уммон тубида маржон қояларга тизилган дурлардир.

Фазо чексизлик, юлдузлар макони. Шу маконда Ерлик бир юлдузнинг куйи жаранг сочишини энди бир тасаввур этинг. Энди бир реал воқеани эсласак. Марказий Осиёдан фазога учган илк фозогир Солижон Шарипов коинотда кечажак олти ойлик сафаридан олдин ўзи севган қўшиқларни ҳам олиб кетишни маъқул топди. Бу қўшиқлар эса фақат бир ҳофизга тегишли эди. Океан ортидаги НАСА маркази бу тўпламни олиб кетишга рухсат берди.

Солижон фазода илк телефон қўнғироғини амалга оширди. Ўзбекистонлик дўстига қўнғироқ қилиб, ифтихор ила севимли бир қўшиғини тинглаётганини айтди. Коинотда, фазо кемасининг ичида янграётган ўзбек тилидаги бу қўшиқ Ер сайёрасидаги инсоннинг қалбини тўлқинлантирди. “Олтин қанот” жаранги эди бу (видеода ҳофиз Шерали Жўраев ижросидаги “Олтин қанот” қўшиғи янграмоқда. А.Ш.). Ҳам зоҳиран, ҳам ботинан бутун қўшиқлари Шарқу Ғарбда, Еру кўкка ета олишига бир кичик ё катта далил эди бу.

Сайёрамизнинг турли бурчакларида севиб тингланадиган, Ерликлар орасида қадр топган қўшиқлар ижодкори, фазодаги инсонларга ҳам илҳом улашган, коинотда қўшиқлари жаранг сочган ягона ўзбек хонандаси, замондошимиз, ўзбек мусиқасининг азим чинори Шерали Жўраев бугун сиз билан, сизнинг ҳузурингизда. Шу мўъжаз саҳнада ижод бисотининг нури ила ёғду сочажак.” [156]

Энди ҳофиз Шерали Жўраев 1987 йилда яратган ва куйлаб келаётган “Олтин қанот” қўшиғи матнини келтирай.

Шерали Жўраев қўшиғи

ОЛТИН ҚАНОТ

Олтин қанот қушлар учсин,
Бизни мудом бахтлар қучсин.

Сен томонга талпингайман васлингга зор,
Ҳаётимсан, бахтимсан деб айтганман мудом,
Кутгил мани заминдаги эй гўзал нигор.

Олтин қанот қушлар учсин,
Бизни мудом бахтлар қучсин.

Эл ўғлони учувчилар қутлай бироз,
Кўкда ҳамроҳ паривашлар бўлинг омон.
Осмонларга термултирган оромижон.

Олтин қанот қушлар учсин,
Бизни мудом бахтлар қучсин. [157]

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

6. Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12 жилдли /Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Б.Аҳмедов ва б. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат нашриёти, 2001-2005.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. - «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, Тошкент, 2000;
- www.qomus.info

154. Шарипов, Салижан Шакирович.
- www.ru.wikipedia.org/wiki/Шарипов_Салижан_Шакирович (www.ru.wikipedia.org/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии);
- Шарипов, Салижан Шакирович — Википедия (wikipedia.org) (www.ru.wikipedia.org/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

155. Фазогир Солижон Шарипов саволларга жавоб берди.
– www.bbc.com/uzbek/news/story/2007/08/070827_talkingpoint_salizjan ( www.bbc.com/uzbek/ 2017.29.08);
- BBCUzbek.com ( www.bbc.com/uzbek/ 2017.29.08).

156. Sherali Jo'rayev - Ijodiy kecha nomli konsert dasturi 2016.
- www.youtube.com/watch?v=ykg7okZoxis (www.youtube.com March 27, 2021. 2 соат 38 дақиқа 58 сониялик видео);
- Sherali Jo'rayev - Ijodiy kecha nomli konsert dasturi 2016 - YouTube (www.youtube.com March 27, 2021. 2 соат 38 дақиқа 58 сониялик видео).

157. Bobur Normuminov. OLTIN QANOT SHERALI JO’RAYEV 1987 YIL.
- www.youtube.com/watch?v=ZISCq3V2TPY (www.youtube.com September 14, 2019. 5 дақиқа 12 сониялик видео);
- OLTIN QANOT SHERALI JO‘RAYEV 1987 YIL - YouTube (www.youtube.com September 14, 2019. 5 дақиқа 12 сониялик видео).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 7 май

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 26-27)

Вторник, 04 Мая 2021 г. 20:41 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 26-27)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

26. ОЛТИН ОЛМА ДУО ОЛ ...
МАХТУМҚУЛИНИНГ “МЕНГА БИР ФАРЗАНДНИ БЕР ДЕБ ЙИҒЛАЙМАН” ШЕЪРИ,
ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ҚЎШИҒИ
gS7Ld4R (385x542, 68Kb)
Фото 31. Махтумқули (Фироғий, 1733-1783). [147]

Доно халқимизнинг “Олтин олма дуо ол, дуо олтин эмасми?” деган машҳур мақоли бор. Ҳофиз Шерали Жўраев шу мақолга амал қилиб умри давомида дуо йиққан инсондир. Мен 25-параграфда Аҳмад Яссавий мақбарасига зиёратга борганида у ерда меҳнат қилаётган миллатдошимизнинг ҳам дуосини олгани ҳақида ёздим. Ушбу параграфда Сурхондарё вилояти Бойсун туманига бориб бир қариянинг ўғил уйлантириш тўйида қатнашгани, ундан дуо олгани ва сахийлигига доир бўлган воқеани ёзаман.

Ҳазрат Алишер Навоий туғилганига 575 йил тўлиши муносабати билан 2016 йил 23 ноябр куни Тошкентдаги Алишер Навоий номли Давлат кутубхонаси катта залида “Ишқ дарсини Навоийдан олурлар” номли адабий мусиқий кеча ўтказилди. Кечада кўпгина навоийшунос олимлар, таниқли шоирлар, ҳофизлар, санъаткорлар ва бошқа зиёлилар қатнашди. Кечани навоийшунос олим, филология фанлари доктори, Тошкент Давлат Шарқшунослик университети ўқитувчиси Олимжон Давлатов олиб борди. У аввал сўзни 85 ёшли навоийшунос олима, Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниевага бериб, олима 23 ёшда илмий диссертация ёқлагани ва 60 йил давомида Ҳазрат Навоий ҳақида уч мингдан ортиқ мақола ёзгани ҳақида айтди.

Олимжон Давлатов кейинги сўзни ҳофиз Шерали Жўраевга берди (давомли қарсаклар янгради). Ҳофиз бундай деди: “Ассалому алайкум азизлар. Ассалому алайкум улуғларимиз, Суйима опа. Шу кунларга етказганига шукр. Ҳаммангизни Ҳазрат Амир Алишер Навоийнинг уйига Ҳуш келдингиз дейишга рухсат бергайсизлар (қарсаклар). Энди мен кўп гапирсам хато қилиб қўяман. Гапирмаганим маъқулроқ. Энг яхшиси сизларга ашула билан айта қолай.”

Шерали ака Навоий ғазаллари билан куйланадиган “Айлангиз”, “Эмас”, “Оразин ёпқоч кўзимдин ...” қўшиқларни ижро қилди.

Олимжон Давлатов кейинги сўзни Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимга (1950) берди. У ўзбек қўшиқчилигининг ҳозирги аҳволи ва ҳофиз Шерали Жўраев ҳақида қизиқарли гапларни айтди. Унинг сўзини тўлиқ келтираман.

“Жуда кўп қўшиқчилар чиққан. Ҳеч эшитолмайман. Балким созни яхши чалар. Овози яхшидир. Сўзни тушуниш даражаси шунақа пастки, астағфирулло. Энди буни тушуниб бўлмайди. Булар интернетда ўзларича бир балолар, нималардир қилиб ётишибди. Мана ҳофиз мана бундай бўлади (Усмон Азим ўнг қўли билан Шерали акани кўрсатди, залда давомли қарсаклар янгради). Шубҳасиз Шерали ака пайдо бўлгандан буён шу кунгача бўлган давр қўшиқчиликда Шерали Жўраев давридир. Албатта истеъдодли одамлар пайдо бўлаяпти, чиқиб кетаяпти, кираяпти. У нариёқда мақомни балким зўрлаб айттираётган, ёдлатаётганлар бордур. Шерали акага ҳеч ким Навоийни ёдлатгани йўқ. Ўзи етиб келган.

Анвар қори билан Шерали ака ҳазиллашиб ўтиришди. Анвар ака айтиб қолдилар. Кечаси соат 3-4 ларда буёқ телефон қилиб “Фалонча сўз нима дегани экан?” деб сўраркан (Шерали ака кулади). У киши буни хафа бўлиб айтаётгани йўқ. Ҳофиз шеърдаги битта сўзни тушунмай сўраётганидан қувониб айтаяпти. Навоийни охиригача билган бор. Лекин бир заррасини тилга олганда тушуниб айтиш керак Қўшиқчининг бу катта истеъдодга Навоий келиб қўшилганидан кейин унутилмас қўшиқлар пайдо бўлади, халқимиз фахрланса арзийдиган қўшиқлар пайдо бўлади.

Кеча атайлаб эртага учрашувга борсам “Эй бир қўшиқ бор экан” деб айтаман дедимда телевизорни қўйиб гоҳ “Наво”га, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа буриб эшитдим. Ҳаммаси ўғирланган қўшиқлар (қарсаклар). Энг қизиғи гоҳ Эрон қўшиғи оҳанги янграяпти, гоҳ Туркия қўшиғининг оҳанги янграяпти, гоҳ французча янграяпти. Ўзбекча оҳанг қолдиришмаган. Билмайди, юрагида йўқ. Бошқа нарса уларни саҳнага олиб чиққан. Халқни алдаб бир-икки сўмини олиб кетамиз деган.

Ман Шерали ака билан узоқ ёнма-ён яшадик. Мана шу ёшга кириб келдик. Бир ривоятларга айлавниб кетган гаплардан. Шерали ака, рухсат берсангиз. Мен ёшлигимда бир одобсизроқ бола эдим. Ростини жуда очиқ айтаман. Уни кейинги йилларда била бошладим. Ўзимдан каттани фалончи дер эканманда. Бирга юрганимиз учун қанақадир тенг кўрарканман. Шерали акага “Шерали қалайсиз?” деяр эканман. Бир куни жаҳли чиқиб кетди ва менга қараб: “Ҳов, сен нега мени Шерали дейсан?” Энди гап топишим керак. “Шерали ака – дедим, қўрқиб кетдим. – Навоийни Навоий ака демайсизку” дедим (залда кулгу, қарасаклар ва қийқириқлар, Шерали ака ҳам кулиб секин қарсак чалмоқда).

Яна бир ривоятга айланиб кетган гап. Сал узунроқ. Бир чол қишда бу кишининг олдига келибди. Бойсундан, менинг юртимдан. Айтибдики “Шералижон, менинг биттаю битта ўғлим бор. Мен Жўраевман. Исмини сизга ҳавас қилиб Шерали қўйганман. Қариликда топганман. Шунинг тўйини ўтказаётгандим. Шунга фотиҳангиз.” “Тўй қачон?” деса “Ёзда” дебди. Шерали ака айтибди: “Қайси санада?” “Фалончи санада” дебди. Кейин сўрабди: “Яна келайми?” деса “Йўқ, мен бораман” дебди.

Совет даври, улов йўқ, мана бу йўллар йўқ, поезд йўқ, Термез ёпиқ шаҳар, самолёт учмайди. Тасаввур қилинг. Шерали акани кутиб у ёқда тўйни бошлашган. Шерали ака бу ёқда ҳукуматнинг бир ишларига айланиб қолган. Уни битириб тушдан кейин бир пайт таниш-билиш қилиб Душанбега билет олган. Душанбеда қуёш ботар атрофида бориб қолган. Бойсун қанчалик узоқ йўл. 300-400 километр йўл босиб борилади.

Бойсунда эл ичида обрўли одамлар тўйни олиб боради. Собир ака деган тўйни ўтказиб турган экан. Шерали келади деб халқ тарқалмайди – дейди Собир ака. Соат кеч 10 бўлаяпти. Шерали ака кириб келган. Келгандан қўшиқ айта бошлаган. Собир ака сўз олиб менинг “Куйди жоним” номли шеъримни ўқиганлар (шу шеърни ҳам Шерали ака қўшиқ қилиб куйлаган, А.Ш.). Шукур аканинг романига мен ёзгандим. Шерали акани мен танимасдим. Қўшиғини эшитардим.

Хуллас калом, тўй бўлиб ўтибди. У киши кечаси бир маҳалгача қўшиқ куйлабди. Фақат қўшиқ айтишни истайдиган битта одамни кўрганман. Мана шу одам (Усмон Азим қўли билан Шерали акани кўрсатиб гапирди). Ҳамма вақт қўшиқ айтишни. Мен бу одамнинг сабрига қойил қолдим. Мана бу ерга йиғилиб келганимиз ҳали дебочаси. Худо у ёғини берса катта саҳналарда бўлсин. Сизлар орқали бутун халқни табриклайман (қарсаклар). Бу ўртадаги гап энди.

Хуллас калом, тўй тугаганидан кейин Шерали ака пулни бир чорсуга солиб бу ёққа олиб қўйган. Кейин айтганки “Тўйнинг эгаси бизга атаганини олиб кирсин”. Олиб келган. “Мана бунинг ичига солинг, ташланг” деган. Ташлаганидан кейин Шерали ака айтганки “Ман Шерали Жўраев тўйига шу узоқ йўлдан келдим. (Ҳалиги бола Шерали Жўраевда.) Мана бу тўйдан тушган, отамиз бизга атаган пул Шерали Жўраевдан Шерали Жўраевга совға” деб қайтариб берган (қарсаклар).”

Шу ерда Шерали ака микрофонни Усмон Азимдан сўраб олди ва деди: “Усмон, омон бўлинг биродар. Усмон мени кўп мақтаб юборди. Ичига озгина қўшган ҳам бўлса керак (залда кулгу). Барибир шоирда. Бу ҳикмат бўлди энди. У эшонбувалардан экан. У киши ўша ерда тўйнинг ўртасида даврага тиз чўкиб осмонга қўлини кўтарди. Манда унда қизам йўқ эди, ўғил ҳам йўқ эди. “Шерали Жўраев унақа-бунақа” деган гапларни ашулачилар тарқатиб юришарди. Кейин “Илоҳим – деди. – Шу Шерали Жўраев укамизга ўзи хоҳлаган даражадаги фарзандлар ато қил” деб дуо қилди. Ана шундан кейин Шохжаҳон туғилган. Мана Шоҳжаҳон” деб Шерали ака ўзининг тўнғич фарзандини қўли билан кўрсатди (залда қарсаклар). “Булар ҳаммаси ҳам, Шохжаҳон ҳам, Зохиршоҳ ҳам, Шукрона ҳам, Баҳрона ҳам, Бибимариям Муштарий ҳам фақат сизларнинг дуоларингиз билан дунёга келган болалардир. Шуларнинг ҳам ишлари ўнгдан келсин-а” деди Шерали ака (давомли қарсаклар).

Шерали ака микрофонни Усмон Азимга берди. Усмон ака: “Ўзбек қўшиқчилиги олдида Шерали Жўраев деган катта довон бор. Мана шунга интилиб Шерали ака қилганннинг ўн фоизига етган хонанда ҳофиз бўлади. Етолмагани ҳофиз бўлмайди. Сўзни ҳис қилишни. Бу киши Навоийни айтаяпти. Абдулла Ориповни ҳис қилиш, шеърини тушунишни уддалаган ҳофиз ҳам ҳофиз бўлади.

Бу ерда бир зиёли одамлар ўтирибди-да. Қанақа даражада қўшиқчилигимизни тушуриб юборишди. Менинг тилим қичаяпти. Номларини айтмадим. Айтайми Шерали ака? (залда қарсаклар, Шерали ака икки қўлини кўтариб айтмасликни сўради).

Шерали ака, бугун ман битта мухлисингиз сифатида мана шу саҳнага чиққанингиз билан қутлайман. Бу жуда катта саҳна, ниҳоятда катта саҳна (давомли қарасаклар бўлди ва Усмон Азимнинг охирги сўзларини тушуниб бўлмади).” [148]

Усмон Азим микрофонни Олимжон Давлатовга берди. У кейинги сўзни Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжонга берди. У бироз сўзлаб микрофонни Шерали акага берди. Шерали ака саҳнага чиқиб Алишер Навоий ғазаллари асосида қўшиқларни куйлашда давом этди.

Ушбу параграф охирида машҳур туркман шоири Махтумқулининг (1733-1783) “Менга бир фарзандни бер деб йиғлайман” шеъри асосидаги Шерали Жўраев қўшиғини келтираман. Интернет сайтларида Махтумқулининг ушбу шеърини топаолмадим. Шу сабабли Шерали ака куйлаган қўшиқ матнини келтириш билан чегараланаман.

Махтумқули шеъри, Шерали Жўраев қўшиғи

МЕНГА БИР ФАРЗАНДНИ БЕР ДЕБ ЙИҒЛАЙМАН

Эзгу кунлар тушди мани бошима,
Менга бир фарзандни бер деб йиғлайман.

Агар мани фарёдима етмасанг,
Берган омонатинг ол деб йиғлайман.

Энди мани яшамоғим гумона,
На фарзанд бор манда ному нишона.

Чароғдек кўзларим тўлди тумона,
Менга бир фарзандни бер деб йиғлайман.

Агар мани фарёдима етмасанг,
Берган омонатинг ол деб йиғлайман.

Махтумқули энди ҳолинг на кечар,
Ўзинг ўлгандан сўнг чироғинг ўчар.

Кафанингни энди ўзгалар бичар,
Менга бир фарзандни бер деб йиғлайман.

Агар мани фарёдима етмасанг,
Берган омонатинг ол деб йиғлайман. [149]


27. 2007: ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ ФАРЗАНДСИЗ ОИЛАГА ЁРДАМИ
ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ “ЗАМОН-ЗАМОН” ҚЎШИҒИ

19023603_1229404087181970_1534663649233342569_o (1) (451x700, 36Kb)
Фото 32. Толиб Ҳомидов Шерали Жӯраев билан. [150]

Шерали Жӯраев мухлисларидан бири бўлган Тожикистоннинг Суғд вилояти Панжакент туманида яшаётган ўқитувчи Толиб Ҳомидов 1992 йилда оила қурган. Лекин улар 15 йил давомида фарзанд кўришмаган. Буюк ҳофиз Шерали аканинг ҳам анча йиллар фарзанд кӯрмаганлиги ва кейин кетма-кет беш нафар ўғил-қизлар кўрганини Толиббек биларди. Доно халқимизнинг “Табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб” деган мақоли ҳам бор. Шу сабабли у 2007 йилда Шерали ака уйига телефон қилиб маслаҳат сўраган. Бугунги кунда Толиб ака ва унинг турмуш ўртоғи бир ўғил ҳамда қизнинг ота-оналаридир. Толиб Ҳомидов бу ҳақда “Маънавият” газетасининг 2017 йил 1 майдаги 4-сонида мақола чоп қилдирган. Ўша мақолани тўлиғича келтираман.

“Тӯғриси, мен ӯзимни дунёдаги энг бахтли инсонлардан бири деб ҳисоблаб келаман. Бунинг боиси бор. Ҳаёт менга кӯплаб олижаноб инсонларни рӯпара қилган. Бунинг учун Яратганга шукроналар айтаман. Ахир эзгу одамлар шунчаки умргузарон инсонлар эмас, балки ҳаётимиз безаги, зийнатидир. Камина ҳикоя қилмоқчи бӯлган шахс - яхшиларнинг яхшиларидан бири, ӯзининг латиф қӯшиқлари ва дилбар куй-оҳанглари билан шараф шоҳсупасидан жой олган хушовоз ҳофиз Шерали Жӯраевдир.

Нафақат Ӯзбекистонда, балки Марказиё Осиёда ва жаҳон халқлари орасида ҳам шуҳрат топган буюк санъаткор билан панжакентлик оддий бир ӯқитувчининг орасида қандай дӯстлик муносабатлари бӯлиши мумкин деб ӯйлар ҳурматли газетхон.

Танишув

Асил инсон ва дилбар шахс Шерали Жӯраев билан танишувимиз қисқача тарихга эга. Бундан роса ӯн йил бурун (2007 йилда) қӯлимга “Даракчи” газетаси тушиб қолди. Уни варақлаб, ӯқиб борар эканман кӯзим машҳур ҳофизга бағишланган мақолага тушди. Мақола санъаткорнинг туғилган кунига бағишланган бӯлиб, гап унинг улуғлиги, санъатдаги маҳорати, оддийлиги ва самимийлиги тӯғрисида кетарди. Сӯнгида ҳофизнинг телефон рақами ҳам берилган экан. Гарчанд гаплашишимга ишонмасам-да, дарҳол рақамларни тердим. Кӯп ӯтмай ҳайратимни яширолмадим. “Йӯғ-ей, наҳотки, мен улуғ санъаткор овозини эшитаётган бӯлсам?!”

Ҳа, камина Шерали Жӯраев билан худди рӯпарада тургандай бемалол сӯзлашаётган эдим!

Унга кӯп йиллик мухлис эканимни айтдим. Шерали аканинг самимийлиги эркин, ёзилиб сӯзлашимга имконият яратиб берди. Ҳатто ӯзимни қийнаган, қайғуга солган дардларим ҳақида ёрилдим. Ӯн беш йилки, фарзанд кӯрмаганимизни айтиб, дуо қилишларини илтижо қилдим. (Ҳурматли газетхоннинг буюк ҳофиз Шерали аканинг ҳам анча йиллар фарзанд кӯрмаганлиги тӯғрисидаги гаплардан хабари бор деб ӯйлайман.)

Шерали ака табригимни самимий қабул этдилар. Дардимни тинглаб, Тошкентга турмуш ӯртоғим билан келишимни сӯрадилар. Тажрибали, таниш шифокорлар борлигини ва уларга кӯрсатишларини, асло умидсиз бӯлмаслигимизни айтдилар. Дуо қилдилар. Акахоннинг сӯзларини тинглаб, кӯнгилда умид ғунчалади. Ажиб туйғу оғушига ғарқ бӯлдим.

Устоз санъаткор Шерали аканинг маслаҳатлари биз-эру хотинга тинчлик бермай қӯйди. Ниҳоят, умрдошим билан бирга Тошкентга келдик. Фидойи ва ғамхӯр инсон-Шерали ака ва тоҳира аёлларининг кӯмаги, маслаҳатлари билан гинекология соҳасининг етакчи шифокорларига учрадик, даволандик. Ӯн етти йил фарзандсизлик доғида куйган биз - эр-хотинга Аллоҳ бир ӯғил ва бир қиз ато этди. Яратганга шукрлар бӯлсинким, энди бизни ҳам “она”, “ота” деб чақирадиган фарзандларимиз бор. Шу-шу бӯлди-ю, бу асил инсонлар билан дӯстлигимиз алоқаси пайвандланди.

Буюк санъаткор хонадонида

Панжакентлик устозим, ижодкор-педагог Нурбек Расуловнинг “Ниятинг бӯлса гар беқиёс дилдан, Имкон йӯлин очар Худойим қилдан” сӯзларини тез-тез эслайман.

Жорий (2017) йилнинг 12 апрелида Шерали Жӯраев таваллудининг муборак 70 йиллиги нишонланди. Тӯйга камина ҳам ҳофизнинг ӯғли Зоҳиршоҳ томонидан таклиф этилганимдан бошим осмонга етди. Аммо бу гапга кулганлар, киноя, кесатиқ қилганлар ҳам кӯп бӯлди: “Ӯйлаб кӯр, сен ким-у, Шерали Жӯраев ким?!”, “У сени қабул ҳам қилмайди, дарвозадан овора бӯлиб қайтиб келасан!”, “Чегара муаммоларини билмайсанми?!” ва ҳоказо.

Хом сут эмган банда, ким нима демасин, парво қилмадим. Шерали аканинг самимийлиги, бизнинг оиламизга теккан амалий ёрдамини биламан-ку, ахир. Бунинг устига телефонда бафуржа гаплашиб ҳам турамиз. Яна неча бор дийдор кӯришганмиз. Шу боис, ӯзимни имтиҳондан ӯтган дӯст деб ҳисоблардим.
Хуллас, ҳамроҳим, хушовоз хонанда Исрофил Шокиров билан бирга Хужанд шаҳрида-Ӯзбеклар маънавият ва маърифат марказидамиз. Марказ раиси Илҳом Юсупов ва ходимлар гапимни тинглаб жуда хурсанд бӯлишди. Устозни етмиш йиллик тӯйи билан қутловчи “Адресат” ёзиб қӯлимга беришди. Унда “Инсониятни гӯзаллик жаҳолатдан қутқазади, деган ҳикмат бор. Санъатсиз ҳаёт ваҳшийлик, меҳнатсиз ҳаёт ӯғирлик, дейдилар. Зотан, инсон барча мавжудотлардан ақлу идроки, ҳис-туйғулари, меҳр-оқибати билан ажралиб туради. Ҳаётимиз шу билан гӯзал, мазмунли ва роҳатбахшдир. Бу фазилатларни тарбиялашда эса адабиёт ва санъатнинг ӯрни беқиёсдир. Сиз ярим асрдан буён халқимиз маънавияти ва маърифати, санъати учун хизмат қилиб келяпсиз. Сизни нафақат Ӯзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда етакчи ва карвонбоши санъаткор сифатида эътироф этадилар ва севадилар. Илоҳим, ҳеч қачон халқимиз назаридан қолманг!” дейилган сӯзлар бор эди.

Йӯлдамиз. Бекобод чегара қисмида кутилмаган воқеа юз берди. Текширувчилар устозга аталган гиламчани олиб қӯйдилар. “Ахир Шерали Жӯраевни табриклагани боряпмиз!” деган гапимизга ишонмаган божхонадагилар Марказ табрикотини кӯриб кечирим сӯрашди ва гиламни қайтараркан, “Бизнинг ҳам табригимизни етказинг!” дейишди эҳтиром билан. Ана дӯстликнинг, санъаткорнинг баҳоси, деб хурсанд бӯлдик.

Буюк ҳофиз Шерали Жӯраевнинг Тошкентдаги ҳовлиси олди машиналарга тирбанд. Одамлар оқимини кӯриб, киришга ӯйланиб қолдик. Лекин шунга қарамай, бизни санъаткорнинг ӯзи хушнуд кутиб олди. Фарзандлари Зоҳиршоҳ совғамизни оларкан “Шунча йӯл босиб келишларингни ӯзи катта совға-ку!” деди.

Ҳожи Шерали ака Жӯраев хонадонига СССР халқ артисти Жӯрабек Муродов аёллари билан ташриф буюргани шодликка шодлик қӯшди. Эту тирноқдай ӯзбек-тожик дӯстлиги бузилмаслиги тӯғрисида яхши гаплар айтилди. Бу номи оламга машҳур ҳофизлар замонлар янада яхшиланиши, борди-келдилар аввалгидай бӯлиб, концертлар, маданият, адабиёт ҳафталиклари ӯтказилиши борасида умидлар қилишди.

Шерали Жӯраев Марказ табригини ӯқиркан, “Хужандда фаолият қилаётган Ӯзбеклар маънавият ва маърифат марказига менинг миннатдорчилигимни етказинг. Ишларига омадлар ёр бӯлгай” дедилар.

Биз Тошкентдан катта таассуротлар билан қайтарканмиз, устознинг “Бизлар ҳали кӯп борди-келди қиламиз, элларимиз хизматини қилишга вазифадормиз” деган сӯзлари қулоғимиз остида янграб турар эди.» [150]

Ушбу параграфни Шерали Жўраев 1987 йилда ёзган ва куйлай бошлаган “Замон-замон” номли қўшиғи билан тугатсам. Диктатор Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябр куни вафот қилгач Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида қўшниларимиз, жумладан Тожикистон билан чегараларимиз очилди, халқларимиз дўстлиги тикланди ва фуқароларимиз эркин борди-келдиси йўлга қўйилди.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасида бўлди. Душанбе шаҳрида бўлган катта концертда Шерали Жўраев дўсти, Тожикистон (1974) ҳамда СССР халқ артисти (1979) Жўрабек Муродов (1942) билан биргаликда “Замон-замон” қўшиғини ўзбек ва тожик тилларида куйлашди ([151]-га қаранг).

1970-йиллардан бери ўзбек ва тожик тилларида қўшиқлар куйлаб, икки халқ дўстлигини тараннум этиб келаётган буюк ҳофиз Шерали Жўраевга Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг 2018 йил 30 августдаги фармони билан Тожикистон халқ артисти фахрий унвони берилди. [152]

Шерали Жўраев ижросида “Замон-замон” қўшиғини тўлиқ ҳолда [153]-видеода тинглашингиз мумкин.

Шерали Жўраев қўшиғи

ЗАМОН-ЗАМОН

Йиллар ўтар, йиллар келар йиллар ортидан,
Турналар ҳам учиб келар тоғлар ортидан.
Ватанимнинг ўғил-қизи, эй улуғлари,
Сизни қутлай ушбу кунда йилнинг олдидан.
Замон-замон, бизнинг замон, даврон бизники,
Қўлимизда еру осмон, имкон бизники.

Еру кўкни титратувчи вулқонларимиз,
Тинчлик учун ҳур Ватаннинг қалқонларимиз.
Биз ёшлармиз – оталарнинг белида қувват,
Оналарнинг кўз қораси ҳам жонларимиз.
Замон-замон, бизнинг замон, даврон бизники,
Қўлимизда еру осмон, имкон бизники.

Тинчлик деган шиор бизга шиор ҳамиша,
Шиоримиз тарқалмоқда қитъалар оша.
Биз ёшлармиз – ишчи, деҳқон ҳамда талаба,
Тинчлик албат Ер юзида қилар ғалаба.
Замон-замон, бизнинг замон, даврон бизники,
Қўлимизда еру осмон, имкон бизники. [26, 35-б.], [151], [153]
1987

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

26. (7) ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ. Санъатим. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 2001. – 72 б.

147. МАҲМУД АБУЛФАЙЗ. Мунаввар шеърият. - http://kh-davron.uz/kutubxona/jahon/turk/maxtumquli-asarlar.html (www.kh-davron.uz/kutubxona/ 2014.01.11).

148. NATLIBUZ. Литературно-музыкальный вечер, посвящённый 575-летию поэта и просветителя Алишера Навои. – www.youtube.com/watch?v=L4jAkZTS8iw (www.youtube.com January 27, 2017, 1 соат 59 дақиқа 12 сониялик видео);
- Литературно-музыкальный вечер, посвящённый 575-летию поэта и просветителя Алишера Навои - YouTube (www.youtube.com January 27, 2017, 1 соат 59 дақиқа 12 сониялик видео).
(Шоир Усмон Азимнинг сўзи видеода 35-дақиқада бошланган.

149. Abdumutalib Mirza. Шерали Жўраев қўшиқлари тўплами 6-қисм.
- www.youtube.com/watch?v=8DtmBk9Y5ml (www.youtube.com November 9, 2020, 35 дақиқа 58 сониялик видео).
- Шерали Жўраев қўшиқлари тўплами 6-қисим . - YouTube (www.youtube.com November 9, 2020, 35 дақиқа 58 сониялик видео).
(“Менга бир фарзандни бер деб йиғлайман” қўшиғи видеода 31-дақиқа 40-сонияда бошланган.)

150. ҲОМИДОВ Т. Қутлов ёки буюк ҳофиз Шерали Жӯраев билан дўстлигимиз борасида.
- “Маънавият” газетаси, 2017 йил 1 майдаги 4-сони;
– www.facebook.com/groups/758113517670290 (www.facebook.com Фейсбукдаги “Шералишунослик” клуби” гуруҳининг саҳифаси, 2017.08.06).

151. Sharofiddin Ibodov. Шерали Жураев & Журабек Муродов, замон замон.
- www.youtube.com/watch?v=-1600JQtFPA (www.youtube.com March 17, 2018, 4 дақиқа 30 сониялик видео);
- Шерали Жураев & Журабек Муродов, замон замон - YouTube (www.youtube.com March 17, 2018, 4 дақиқа 30 сониялик видео).

152. Мирзиёев тожикистонликларни, Раҳмон ўзбекистонликларни мукофотлади. - www.ozodlik.org/a/29461192.html (www.ozodlik.org/a/ 2018.30.08).

153. M.Music. Sherali Jo'rayev Zamon zamon Шерали Жураев Замон замон.
- www.youtube.com/watch?v=A1P84u899SY (www.youtube.com August 25, 2020. 3 дақиқа 8 сониялик видео);
- Sherali Jo'rayev Zamon zamon Шерали Жураев Замон замон - YouTube (www.youtube.com August 25, 2020. 3 дақиқа 8 сониялик видео).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 4 май

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 25)

Воскресенье, 02 Мая 2021 г. 00:16 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 25)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

25. 1985: АҲМАД ЯССАВИЙ МАҚБАРАСИГА ЗИЁРАТ ВА ШОҲЖАҲОННИНГ ТУҒИЛИШИ
ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ “ОНА ТУРКИСТОН” ҚЎШИҒИ
yassaviy_maqbarasi (600x450, 81Kb)
Фото 30. Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси. Туркистон, Қозоғистон. [145]

Китобимнинг 2-24-параграфларида ҳофиз Шерали Жўраев туғилишидан бошлаб 1980-йилгача бўлган айрим воқеалар ва шу йилларда у куйлаган айрим қўшиқлар тўғрисида ёздим. Бу ва кейинги бир неча параграфларда Шерали ака 1980-1989-йилларда куйлаган қўшиқлар ва айрим воқеалар ҳақида ёзмоқчиман. Ушбу параграфда у 1985 йилда Аҳмад Яссавий мақбарасига зиёратга боргани, Аллоҳдан фарзанд кўриш учун ёрдам сўрагани ва 1986 йилда унинг тўнғич ўғли Шоҳжаҳон туғилгани ҳақида ёзаман.

Аввал Аҳмад Яссавий бобокалонимиз ва унинг мақбараси ҳақида маълумот келтирай.

“ЯССАВИЙ, Хожа Аҳмад Яссавий (Ясси яқинидаги Сайрам шаҳри, тахм. 11-асрнинг 2-ярми — 1166) — тасаввуфнинг машҳур намояндаларидан бири, шоир. Отаси Шайх Иброҳим жавонмардлик тариқатига мансуб нуфузли зотлардан бўлган.

Яссавий туғилгач, кўп ўтмай онаси — Мусо Шайхнинг қизи Ойша хотун вафот этади. 7 ёшида отасидан ҳам ажралади. Яссавий тарбияси билан опаси Гавҳар Шаҳноз машғул бўлади. Яссавий опаси билан Яссига кўчиб боргач, биринчи устози Арслон боб билан учрашади ва ундан таҳсил олади («Етти ёшда Арслон бобом излаб топдим...»). Яссавий Яссида ботин илми сирларини мукаммал ўзлаштирган.

Ўша замонларда илм-маърифатнинг Мовароуннаҳрдаги марказларидан бўлган Бухорода Туркистоннинг турли томонларидан толиби илмлар йиғилишган. Арслон боб кўрсатмаси билан Яссавий ҳам Бухорога боради. Даврнинг энг пешқадам олими ва суфийси Шайх Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унга мурид тушади. Бухорода у араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам чуқур ўрганади. Форсийда яратилган тасаввуфий адабиёт билан танишади. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак бўлиб, Юсуф Ҳамадоний муридлари қаторидан ўрин олади.

Алишер Навоий Яссавий тўғрисида «Мақомоти олий ва машҳур, каромоти матаволий ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва асҳоб ғоятсиз ва шоҳу гадоларнинг иродат ва ихлоси остонида ниҳоятсиз эрмиш», — дейди. Бу фикр Яссавийнинг Яссига қайтиб келиб, янги бир тариқатга асос солган муршид сифатида шуҳрат топган даврларига тегишлидир. Яссавий туркий халқларни исломга янада кенгроқ жалб қилиш ва тасаввуф ғояларини омма кўнглига чуқур сингдириш мақсадида шеъриятдан ҳам фойдаланган. Абдурауф Фитратнинг таъкидлашича, Яссавийнинг «адабиётда тутган йўли содда халқ шоирларимизнинг тутғон йўлидир... Унинг ҳикматлари вазнда, қофияда, услубда халқ адабиёти аталган шеърлар билан баробар».

Яссавий нуқтаи назарида ҳикмат — «илми ладуний», яъни илми ғайбу ҳақойиқ ва илоҳий сирларни кашф айлаш мазмунига ҳам эга. Яссавийнинг ўзи «Девони ҳикмат» номи билан бирон бир китоб яратмаган. Ушбу нодир асар унинг мурид ва издошлари томонидан тартиб берилган. Лекин бу нарса ҳикмат мажмуасининг Яссавийга алоқаси йўқ, деган даъвони илгари суришга асос бермайди. Сўфи Оллоёр Яссавий ҳақида фикр билдириб, яна шундай деган: Шариатда эди ул офтобе, Қолибдур бизга ул эрдин китобе. «Девони ҳикмат»да илоҳий ишқ ва ошиқлик, маърифат ва орифлик саодати, фанодан бақога етишиш тушунчалари ниҳоятда самимий ва таъсирли оҳангларда ёритиб берилган. «Девони ҳикмат»даги барча шеърлар ҳам Яссавийга мансуб эмас. Унга Яссавий издошларининг ижод намуналари ҳам киритилган. Бу эса, табиийки, ҳикматлар тили ва услубида маълум ўзгаришлар ҳосил қилган. Лекин Яссавийнинг ўнлаб издошларидан ҳеч бири устозлари бошлаган ғоявий, ахлоқий, маънавий-маърифий ва мафкуравий йўналишни ўзгартирмаган. Буни Яссавий ҳаёти, тариқати ва ижодиётидан баҳс юритилган ўнлаб қадимий манбалар, айниқса, Султон Аҳмад Ҳазинийнинг «Жавоҳир улаброр мин амвожил биҳор» асари ҳам тўла тасдиқлайди.

Яссавийнинг фақат ижодиёти эмас, қанча умр кўриб, қачон вафот этганлиги ҳам баҳсли. У ҳикматларидан бирида «Юз йигирма бешга кирдим, билолмадим», дейдики, бу сўзлар тарихий ҳақиқатдан кўра, маноқибий мазмунга эга. Бундан ташқари, 125 йиллик узоқ бир умрнинг ярмидан кўпини «ер ости»да («Олтмиш учда ер остига кирдим мано», дейди Я.) ўтказиш ақл бовар этмас ҳодисадир. Лекин кўпчилик тадқиқотчилар унинг вафот тарихини 1166—67 йил деб қайд этишган.

Узоқ вақт мобайнида Яссавий ҳаёти ва ижодиётини илмий жиҳатдан тадқиқ этишга имкон берилмади. Асарларини нашр қилишга йўл қўйилмади. Ўтган асрнинг 70-йилларида Яссавийнинг миллий маданият, тил ва адабиёт тарихидаги хизматларини тўғри баҳолаш йўлидаги уринишлар эса қораланди.

Мустақиллик арафасида, хусусан, Ўзбекистон истиқлолга эришгандан кейин яссавийшуносликда янги давр бошланди. Дастлаб турли газета ва журналларда «Девони ҳикмат»дан намуналар эълон қилинган бўлса, 1990—92 йларда унинг 2 мустақил нашри китобхонлар қўлига етказилди. Ушбу нашрлар нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа туркий давлатларда ҳам бу буюк мутасаввифнинг ҳаёти, адабий-маърифий фаолияти, издошлари хизматига қизиқишни кучайтирди.

1993 йил Ўзбекистонда Яссавийга багишлаб илмий анжуманлар ўтказилиб, маърузалар матни алоҳида мажмуа шаклида чоп этилди. Матбуотда Яссавийнинг шахсияти, тариқати, шеъриятидан баҳс юритилган мақолалар босилиб чиқди. Ўзбекистондаги бир қанча кўча ва маҳалла Яссавий номи билан аталади. Султон улорифин камолотининг юксакларга кўтарилишига гувоҳ бўлган ва жасади дафн этилган кўҳна Ясси шаҳрида эса Яссавий номидаги университет мавжуд. Бадиий ижодда ҳам Яссавий образини яратиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Ёзувчи Саъдулла Сиёев «Яссавийнинг сўнгги сафари» романининг 1-китобини (1994) чоп эттирди.
Асарлари: Ҳикматлар, Т., 1990; Девони ҳикмат, Т., 1992; Девони ҳикмат [Янги топилган намуналар], Т., 2004. Адабиёт: Ҳаққул И ., Аҳмад Яссавий, Т., 2001.
Иброҳим Ҳаққул.» [6, Я ҳарфи жилди, 99-100-б.]

“ЯССАВИЙ МАЖМУАСИ, Хожа Аҳмад Яссавий меъморий мажмуаси — Туркистон (қадимги Ясси) шаҳридаги меъморий ёдгорлик (1389—95); Қозоғистон ҳудудида. Дастлаб Хожа Аҳмад Яссавий қабри устида кичик мақбара қурилган (12-аср). Кейин Амир Темур томонидан улкан маҳобатли мақбара мажмуи бунёд этилган, бино лойиҳасини ишлаб чиқишда унинг ўзи шахсан иштирок этган. Қурилишга девоннинг хайрия ишлари бошлиғи Мавлоно Убайдулла Садр бош этиб тайинланган. Қурилиш қисқа муддатда зудлик билан бошланиб жадал қурила бошланган, бироқ Амир Темуринг вафоти (1405)дан сўнг қурилиш тўхтаб қолган.

Бино олдидаги улкан пештоқни Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II (1583—98) тиклашга ҳаракат қилган. Яссавий мажмуаси кўлами жиҳатдан ўша даврларда бунёд этилган Бибихоним жоме масжиди, Шаҳрисабздаги Оқсарой ва Дор усСиёдаш мажмуага тенглашади. Яссавий мажмуаси жанубдан шимолга чўзилган тўртбурчак тарҳли (46,5x65,5 м), пештоқ гумбазли; мужассамот марказида жамоатхона ва унинг атрофида гўрхона, масжид, катта ва кичик оқсарой, китобхона, ҳалимхона, қудуқхона ва 2 қаватли ҳужралар (жами 35 дан ортиқ хоналар) жойлашган; мажмуанинг жануби-ғарб томонидаги ер ости чиллахонаси Яссавий даврида пайдо бўлган, кейинги даврларда қайта тузатилган.

Мажмуа ташқи деворларининг қалинлиги 1,8—2 м, жамоатхона деворининг қалинлиги 3 м. Маҳобатли бино жамоатхона билан боғланган 2 қаватли 8 йўлак (даҳлиз)лар билан симметрик тарзда 8 қисмга бўлинган (йўлаклардан 2 тасининг боши берк); гўрхонагажамоатхона билан боғланмаган алоҳида йўлак орқали кирилади, кириш эшиги тепасидаги тош лавҳага мажмуа Амир Темур буйруғига биноан бунёд этилгани қайд этилган. Мажмуанинг бош тарзидаги улкан пештоқ (кенглиги 50 м, равоғиники 18,2 м)нинг икки ёнига гулдасталар, орқа бурчакларига устунгўшалар ишланган, пештоқ орқали жамоатхонага кирилади, жамоатхона (баландлиги 37,5 м) катта гумбаз (диаметри 18,2 м) билан ёпилган; хона ўртасига қирқ қулоқли назирниёз қозони ўрнатилган (уста Абдулазиз ибн Шарафиддин иши), бу ерда ҳафтада 2 марта камбағал бечоралар ва мусофирларга ҳалим тортилган.

Жамоатхона тўридаги гўрхона (7,15x7,15 м) да яшил яшма тошидан ишланган сағана (3,25x2,2 м) бўлиб, унда ўйма нақшлар ва китобалар сақланган. Гўрхона ва масжид қўшқаватли гумбаз билан ёпилган: гўрхонанинг ташқи гумбази (диаметри 10 м, бал. 21 м) 52 та қовурғали бўлиб, сиркори кошинлар билан китобалар битилган баланд пойгумбазга ўрнатилган, масжид гумбазининг пойгумбазида 16 та панжарали дарчалари бор, шифтидаги 6 қиррали юлдуз шакли хонага жозибадорлик бахш этган, айниқса меҳроб (3,5x2,5 м) ҳашамдор безатилган. Жамоатхона, гўрхона, масжиднинг ички деворларига равоқлар ишланиб, хоналар ичи кенгайтирилган, гумбаз ва равоқлар муқарнаслар билан тўлдирилган. Бино кўламини унинг ташқи безакларидаги кошинкори ҳандасий нақш ва китобалар ҳам таъкидлайди.

Яссавий мажмуасининг ташқи девор юзаси 3 қисмга бўлиниб, пойдеворига (баландлиги 1,85 м) кошинкори гириҳ нақшлар, ўрта асосий қисмга йирик ҳандасий шакллар ва юқори ҳошия (фриз) қисмига (баландлиги 2,62 м) китобалар ишланган. Гўрхона ва масжид ичкариси ҳалланган рангли кошинлар билан зийнатланган. Бино эшиклари ёғоч ўймакорлигида безатилган, металл қисмлари рихтагарлик, кандакорлик усулида бажарилган. Яссавий мажмуаси безаклари орасида уста Сафар, Ҳожи Ҳасан Шерозий (1397), Шамс Абд улВаҳҳоб Шерозий, Иззатиддин ибн Тожиддин Исфаҳоний номлари сакланган.

Яссавий мажмуасида Улуғбекнинг қизи Робия Султон бегим мақбараси бунёд этилган (15-аср). 16-асрда Яссавий мажмуасига қўшимча бинолар қурилган, мажмуанинг айрим хоналаридан гўрхона сифатида фойдаланилган (мас, Абулхайрхон ва бошқалар дафн этилган). 19-асрда Қўқон хони томонидан мажмуа атрофидаги ҳудуд ғишт девор билан ўралиб, қалъага айлантирилган.

Яссавий мажмуаси турли даврларда илмий ўрганилган, таъмирланган, пойдевори мустаҳкамланган. 1975 йилда меъморий ҳудуд (65 га)ни ҳимоялаш бош режаси қабул қилинган. Яссавий мажмуаси 1978 йилдан музейга айлантирилган.
Адабиётлар:. Нурмухаммедов Н ., Архитектур ный комплекс Ахмеда Ясави, АлмаАта, 1988. Пўлат Зоҳидов.” [6, Я ҳарфи жилди, 100-б.]

Бoбoкалонимиз Аҳмад Яссавий, унинг таълимoти ва зиёратгoҳи ҳақида қўшимча маълумoт бeрай.

“Улуғ мутасаввуф шoир, oлим, файласуф, тарбиячи, авлиё Хoжа Аҳмад Яссавий Сайрам қасабасида туғилган. Бу зoти шариф Ҳазрат Султoн, Қулхoжа Аҳмад, Мискин Аҳмад, Аҳмад ибн Ибрoҳим, Аҳмад Яссавий тахаллуслари билан ижoд қилган ва бутун oламга танилгандир. Яссавийнинг oтаси Ибрoҳим, бoбoси Илёс бўлиб, насаблари Ҳазрат Али рoзиoллoҳу анҳумга бoриб тақалади. Oнаси Oйша хoтун эди. Мавлoнo Хисoмуддин Сиғнoқийнинг ёзишича, Аҳмад Яссавий 130 йил умр кўриб, 1166 йилда марҳум бўлган. Аҳмад Яссавий ёзади:

Oдамлардан файзу шукуҳ oлoлмадим,
Юз йигирма бешга кирдим, билoлмадим.

Хoжа етти ёшда oтадан етим қoлди. У Арслoнбoб (Арслoнбoбo), Юсуф Ҳамадoний, Саид ибн Ваққoс, Шаҳoбиддин Исфинжoбий ва бoшқа устoзлардан сабoқ oлган.

Нақл қилурларки, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аҳмаднинг туғилишини олдиндан билганлар. Пайғамбаримиз асҳоби киром ила бир жойга борганда оч қолганлар. Расулуллоҳ дуолари баракотидан Жабраил алайҳиссалом бир тавоқ хурмо келтирадилар. Ўша хурмолардан бир донаси ерга тушади. “Бу Сизнинг умматингиздан бири Аҳмад Яссавийнинг насибасидир”, деб Жабраил алайҳиссалом уқтирадилар. Пайғамбар алайҳиссалом асҳоблардан, қай бирингиз бу омонатни эгасига топширишни ўз зиммангизга оласиз, деб сўраганда, ҳеч кимдан садо чиқмабди. Фақат Арслонбоб Аллоҳ таолло инояти ила расулуллоҳнинг бу топшириқларини бажараяжагини билдиради. Табаррук хурмо устига бир парда зоҳир бўлади ва пайғамбар алайҳиссалом Султон Аҳмад Яссавийнинг шаклу шамойилларини тасвирлаб, ул зот таълими билан шуғулланиш кераклигини Арслонбобга амр этдилар. Йиллар ўтди. Арслонбоб етти яшар Аҳмадни Сайрамда кўриб танийдилар ва салом-аликдан сўнг ёш Аҳмад омонатни сўрайди. Омонат ўз эгасига берилди. (Ҳасанхожа Нисорий ал-Бухорий).” [146, 12-б.]

“Алишер Навоий “Насоимул муҳаббат”да ёзадиларки, Хожа Аҳмад Яссавий Туркистон мулкининг шайхул машойихидур. Мақомати олий ва машҳур, каромоти матавалий (ҳайратланарли) ва номаҳсур (чегарасиз). Шоҳу гадо анинг муриди эрди. Баъзи бир нақлларда айтилишича, тўқсон тўққиз минг муридлари бўлган экан. Жумладан Қутбиддин Ҳайдар, Ҳаким ота, Исмоил ота ва бошқа муридлари машҳур. Шайх Разиддин Али Лоло ҳам буюк шайх Нажмиддин Кубро хизматига боришдан олдин ҳазрат Аҳмад Яссавийдан таълим олганликлари ҳақида маълумот бор.

Аҳмад Яссавийга шайхлик хирқасини Юсуф Ҳамадоний кийдирган. Маълумки, Юсуф Ҳамадоний (1048-1140) Силсилаи шарифдаги тўққизинчи халқанинг пири муршиди ҳисобланади. Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари Бухорои шарифда бир неча йил яшаганлар. Бухоройи шарифда бу зоти шариф Хожа Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийларни тарбиялаганлар.

Аҳмад Яссавий Юсуф Ҳамадонийнинг учинчи халифалари бўлиб, бир неча вақт устоз ўрнида Бухородаги хонақоҳда пири муршид сифатида қолиб, толиби илмларга таълим берган, кейин эса Яссига қайтган. Хонақоҳда эса Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи халифаси Абдулхолиқ Ғиждувоний қолган.” [146, 13-б.]

“Аҳмад Яссавий уйланган, ўғли Иброҳим Шайхзода ёшликда марҳум бўлган, қизлари Яссавий авлодларини давомчиси эканлиги тарихий манбааларда дарж қилинган. Улуғ ўзбек шоири Атоий, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандга таълим берган Қусам Шайх Хожа Аҳмад Яссавий авлодларидандир. Шоир Тоҳир Қаҳҳорнинг ёзишича, айни шу кунларда (1992 йилда, А.Ш.) ҳам Хожанинг авлодидан Шаҳобиддин Яссавий Туркияда яшамоқда.” [146, 14-б.]

“Хожа Ҳофиз “Девони”ни, Жалолиддин Румий “Маснавий”сини “Қуръони форсий” деб атасалар, Ҳожа Аҳмад Яссавий “Девони ҳикмати”ни “Қуръони туркий” дэб эъзозлайдилар. Ҳожа дейдиларки, менинг ҳикматларим кони ҳадисдур. Дарҳақиқат, Яссавий шеърларини ояту ҳадис – ҲИКМАТга айлантирди.

Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикмат девони” тўрт бобдан: “Дарёи шариат”, “Роҳи тариқат”, “Қулзуми ҳақиқат”, “Дарёи раҳмат”дан иборатдир.” [146, 14-б.]

“Аллоҳ таоло таълимини, пайғамбар алайҳиссалом ўгитларини туркий тилда ёйиш яссавия тариқатининг мақсадидир.

Хўш, нақшбандия-чи? Бунда ҳам худди шундай. Нақшбандия тариқати таълимоти форс-тожик тилида, яссавия таълимоти туркий тилда бутун оламда тарқалган. Ҳар иккала сулукдагилар бидъату хурофот, жаҳолату нодонлик, босқинчилигу миллатчилик каби иллатларга қарши курашганлар. Зеро, ҳар иккала сулук бошида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом турибдилар. Ҳар икки сулук ҳам сунний мазҳаб ақидаларини ёйган.

Аҳмад Яссавий қабрлари устида соҳибқирон Амир Темур 1395 йил улкан мақбара қурдирди. Унинг салобати, маҳобатини Бибихоним, Оқсарой, Бухоройи шарифдаги Арк, Шайхул Олам (Сайфиддин Боҳарзий) обидаларига тенглаштириш мумкин. Мақбаранинг 35 та хонаси бор.

Айни шу кунларда (1992 йилда, ҳозир – 2021 йилда ҳам, А.Ш.) Қозоғистон ҳудудида жойлашган Яссидаги Хожа Аҳмад мозорлари бутун дунёдан келаётган эътиқод эгалари учун обод ва файзбахш зиёратгоҳ, яссавия таълимоти эса тўғри йўлни топиш учун дастурдир.” [146, 15-б.]

Ш.Жўраевнинг 1985 йилдаги А.Яссавий зиёратгоҳига боргани ҳақида менга 1994 йилда зиёратгоҳ раҳбарларидан бири гапириб берган эди.

Мен 1994-1997 йилларда Ўзбекистондан Россияга вагонда бир неча қутида помидор, олма, узум ҳамда қовун олиб бориб, сотиб тирикчилик қилгандим. Шу йўл билан ишлаб топган пулимнинг бир қисмини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва Ватанимизда демократия учун курашга сарф қилгандим.

1994 йил ёзида Тольятти шаҳридан Самара шаҳри орқали поездда қайтиб келаётиб, Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри вокзалида тушдим. Мақсад – улуғ шоир боболаримиздан бири Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилиш эди. Мақбара Туркия усталари томонидан таъмирланаётган экан.

Мақбарага кириб, А.Яссавий қабри олдида тиловат қилдим. Сўнгра мақбарани, унинг яқинидаги эски ҳаммом хоналарини кўриб чиқаётганимда тарихий комплекснинг раҳбарларидан бири, адашмасам директор ўринбосари (фамилияси ва исми эсимда қолмаган) билан суҳбатлашиб қолдим. У қаердан келганимни сўради. Мен Ўзбекистондан, Тошкентдан келганимни айтдим. У Шерали ака тўғрисида сўради ва мен унинг 1970 йилдан бери мухлиси эканлигимни айтдим.

У Шерали Жўраев билан бўлган учрашувлари ҳақида гапириб берди. У айтган сана эсимда қолмаган. Унинг тўнғич ўғли 1986 йилда туғилганлиги ҳақидаги маълумотга таяниб, Шерали ака зиёрати 1985 йилда бўлганлиги ҳақида хулоса чиқардим.

Маълумки, Шерали Жўраев 1968 йилдаги қаттиқ қиш кунларида шамоллаб, касал бўлиб қолганди ([27]-га қаранг). Шу сабабданми, у кўп йиллар давомида фарзандли бўла олмади. Ш.Жўраев 1970-80-йиллардаёқ номозхон банда сифатида ҳам, зиёли фуқаро сифатида ҳам улуғ аждодларимиз дафн этилган кўпгина тарихий жойларга бориб зиёрат қилди, Ватандошларидан ва миллатдошларидан дуолар ёиғди. У 1985 йилда Туркистондаги Аҳмад Яссавий мақбарасига ҳам зиёрат қилгани борганди.

Шерали ака 1985 йилда дастлабки марта борганида А.Яссавий тарихий ёдгорлиги раҳбарларидан бири, унинг қўшиқлари мухлиси бўлмиш шу киши билан суҳбатлашиб қолган. Шерали ака фарзанди йўқлиги, фарзанд кўриш орзуси борлиги ҳақида ҳам айтган. У киши Ш.Жўраевга далда бериб яхши гапларни гапирган ва дуо қилган. Шерали ака миннатдорчилик билдириб, хайрлашиб Туркистондан жўнаб кетган.

Ўша раҳбар киши мен билан 1994 йилдаги учрашув пайтида ёдгорликнинг темир панжарали эшигини кўрсатиб ўз хотираларини гапирди. “Бир кун кечқурун мана шу эшикни қулфлаётсам (1986 йилда) бир киши орқамдан келиб қучоқлаб олди. Бурилиб қарасам – Шерали Жўраев! У жуда хурсанд кайфиятда. Салом-аликдан кейин сўрасам, у: “Табриклашингиз мумкин, ўғилчалик бўлдим …” деди кулиб. У киши Шерали акани табриклаган ва дилдан суҳбатлашган. Шерали ака Аҳмад Яссавий бобомиз мақбарасини зиёрат қилиб, адашмасам эртаси куни Тошкентга қайтган.

Мен ушбу кўнгли очиқ, Шерали ака қўшиқлари мухлиси билан бир соатлар суҳбатлашиб, кейин хайрлашдим ва Туркистон вокзалига бориб поездда Тошкентга жўнаб кетдим.

Юқорида ёзганимдек, Яссавий бобомиз туркий халқларнинг улуғ шоиридир. Унинг зиёратгоҳи Туркистон шаҳрида жойлашган. Туркий халқларимиз учун Туркистон сўзи бу яхлит улкан Ватанни ҳам англатади. Бу борада Шерали Жўраев 1992 йилда ёзган ва куйлаган «Она Туркистон» қўшиқ матнини келтирай.

Шерали Жўраев қўшиғи

ОНА ТУРКИСТОН

Асли отинг Турон, Туркмидинг?
Шундай қолсанг қашқир eрмиди?
Бўлди ўзбeк, қирғиз, қозоқ, дeб,
Энди биров қўшил, дeрмиди?

Ўзбeк, қирғиз, қозоқ – сартимсан,
Уйғур, тотар, туркман – туркимсан,
Тожик – оғам, озор – Ўғузсан,
Бир Онадан тарқагандирсан.

Бир-бирингдан ажрамагин ҳеч,
Гина-кудрат, ғанимликдан кеч,
Тугунларни биргалашиб еч,
Оғаларим кеч бўлмасин кеч.

Қаддинг кўтар, Она Туркистон!
Йиллар ўтар, қара, Туркистон!

Орол қани, тошқин сой қани?
Ер остингда газу мой қани?
Қайга кeтди бор бойликларинг?
Тананг узра дардсиз жой қани?

Ўзбeк, қирғиз, қозоқ – сартимсан,
Уйғур, тотар, туркман – туркимсан,
Тожик, озор, ўғуз ўзингсан,
Бир Онадан тарқагандирсан.

Қаддинг кўтар, Она Туркистон!
Йиллар ўтар, қара, Туркистон!

Сeни асли иймонинг бутун,
Иймон аҳли сотмагай юртин,
Кўз олдингдан тарқасин тутун,
Гўрўғлилар минсин Ғиротин.

Ўзбeк, қирғиз, қозоқ – сартимсан,
Уйғур, тотар, туркман – туркимсан,
Тожик, озор, ўғуз ўзингсан,
Бир Онадан тарқагандирсан.

Бир-бирингдан ажрамагин ҳеч,
Гина-кудрат, ғанимликдан кеч,
Тугунларни биргалашиб еч,
Оғаларим кеч бўлмасин кеч.

Қаддинг кўтар, Она Туркистон!
Йиллар ўтар, қара, Туркистон! [143]

Шерали Жўраевнинг «Она Туркистон» шеъри унинг 2001 йилда нашр қилинган «Санъатим» номли китобида бор. Ушбу китобда Шерали аканинг кўпгина шеърлари, жумладан «Она Туркистон» шеъри матни асоссиз равишда бузиб чоп қилинган. Ўқувчимиз таққослаши учун ўша китобдаги шеър матнини ҳам келтирай.

Шерали Жўраев шеъри

ОНА ТУРКИСТОН

Асли отинг Туркистонмиди?
Шундай қолсанг қашқир eрмиди?
Бўлди ўзбeк, қирғиз, қозоқ, дeб,
Ағёр сeни қўшил, дeрмиди?

Ўзбeк, қирғиз, қозоқ – сартимсан,
Уйғур, тотар, туркман – туркимсан,
Тожик – оғам, озор – Ўғузсан,
Бир Онадан тарқагандирсан.
Қаддинг кўтар, Она Туркистон!
Йиллар ўтар, қара, Туркистон!

Орол қани, тошқин сой қани?
Ер остингда газу мой қани?
Қаён кeтди бор олтинларинг?
Тананг узра дардсиз жой қани?
Қаддинг кўтар, Она Туркистон!
Йиллар ўтар, қара, Туркистон!

Сeни асли иймонинг бутун,
Иймон аҳли сотмагай юртин,
Кўз олдингда тарқасин тутун,
Гўрўғлилар минсин Ғиротин.
Қаддинг кўтар, Она Туркистон!
Йиллар ўтар, қара, Туркистон! [26, 19-б.]

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

6. Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12 жилдли /Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Б.Аҳмедов ва б. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат нашриёти, 2001-2005.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. - «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, Тошкент, 2000;
- www.qomus.info

26. (7) ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ. Санъатим. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 2001. – 72 б.

27. (43) АЪЗАМ ЎКТАМ. Энг олий ҳурлик. Эссе. – “Ёш куч” журнали, 1988, 8-сон, 18-19-б.

143. ОЛЕГ ЮСУПОВ. Шерали Жураев энг яхши концерти.
- www.youtube.com/watch?v=TmmDSTs8-bo (www.youtube.com March 17, 2015. 1 soat 40 daqiqalik video);
- Шерали Жураев энг яхши концерти - YouTube (www.youtube.com March 17, 2015. 1 soat 40 daqiqalik video).
(“Она Туркистон» қўшиғи видеода 0-дақиқада бошланган.
“Излангиз” қўшиғи видеода 8-дақиқа 30-сонияда бошланган.)

145. Аҳмад Яссавий (1041-1167). – www.ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/ahmad-yassaviy-1041-1167/ (www.ziyouz.uz 2019.30.09);
- Аҳмад Яссавий (1041-1167) | www.ziyouz.uz (www.ziyouz.uz 2019.30.09).

146. (42) БУХОРИЙ С.С. Табаррук зиёратгоҳлар. – Т.: «Ёзувчи», 1993. – 48 б.

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 1 май

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 24)

Среда, 28 Апреля 2021 г. 01:23 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 24)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

24. 1967: “ИСТАНГИЗ” ҚЎШИҒИ
АЛИШЕР НАВОИЙ ҒАЗАЛИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ҚЎШИҒИ
maxresdefault (700x393, 74Kb)
Фото 29. Алишер Навоий (1441-1501). [139]

Алишер Навоийнинг “Истангиз” ғазалига куй басталаб куйлагани тарихига доир Шерали Жўраев 2012 йилда бундай деганди.

“Ҳозир (2012 йил, А.Ш.) ҳазрат Навоийни бир эслайлик. Кейин айтамиз у нарсаларни. Ҳазрат Амир Алишер Навоийни қаерга борсак эслашимиз керак. Сабаби бизнинг турк оламида биринчилар қаторида шеъриятни жойига қўйган зот шудир. Аллоҳ у кишининг руҳларини шод қилган бўлсин. Бу ердан ўтган улуғларнинг ўтиб кетган авлодлари бор. Бошлаган ишларимиз хайрли бўлсин. Бисмиллоҳу Раҳмону Раҳим.

(Шерали ака торини чертди. Куй янгради.) Бу ашулани 1967-68 йилларда қилганман. Уни сизлар эшитгансизлар. Жудаям кўп эшитгансизлар. Унда ман студент эдим. Шу ашула бизнинг санъатимизга классика бўлиб кирди. Ўшанда Шоҳида Мағзумова ва яна бир қанча бизнинг ўқитувчиларимиздан ман савол бериб сўраганман: бу нима дегани, бу нима дегани деб. Улар айтиб берган.

Хуллас, бу ашула шу халқнинг қонига кириб кетди. Энди шунинг бир тарихи ҳам бор эди. Шуни Ўзбекистон халқ артисти деган унвонни олгандан кейин айтаман, деб ўшанда қилиб қўйгандим. Қарасам, у унвон жуда чўзилиб кетди. Кейин айтваравердим. (Шерали ака кулди) Хуллас, бу одамларнинг қонига, руҳиятига кириб кетган.” [140]

Шерали Жўраев “Истангиз” қўшиғи тарихига доир маълумотни 2017 йилда журналист Жасур Ҳамроевга берган интервюсида ҳам айтганди. У қуйидаги гапларни [141]-видеонинг 35 дақиқа 20 сониясидан бошлаб айтган.

“1966 йил эди. Боринг 1967 йил дейлик. “Истаганлар бизни, саҳрои балода истангиз» Амир Алишер Навоийнинг шу ғазалини ўшанда ашула қилганман. 1966 йил десак 50 йил бўлган бўлади. Ўшанда 20 ёшда эдим. Ўша пайтда 19 ёшли бола эдим. Шу ашулани ўша пайтда қилганман. У ҳозирги кунда ҳам энг зўр ашула деб ҳисобланади. Ўша ухламасдан қилинган ашула. Домуллалардан “Мана бу нима дегани” деб сўрасам домуллалар айтиб беролмайди (Шерали ака кулади). Навоий сўзини тушуниш қийин бўлади. “Нима дегани” десам “Ҳа энди ундай-бундай” деб қўя қолди. Билдим, у нотўғри айтаябди. “Хўп, хўп” дедим. Аввал ҳам айтувдим: “Буни ҳозир айтмайман. Кейин бир Хизмат кўрсатган (унвон) олганда айтсам бўлади.” Қарасам Хизмат кўрсатган жуда чўзилиб кетди (Шерали ака кулади). Кейин айтиб юборганман.” [141]

Алишер Навоийнинг «Истангиз» ғазалини 20 жилдлик мукаммал асарлар тўпламининг (1987-2003) 5-жилдида чоп қилинган “Хазойин ул-маоний. Бадоеъ ул-васат” китобининг 200-ғазалидан келтирай ([142]). Ушбу ғазал етти байтдан иборат. Шерали ака ғазалнинг 3-5-байтларини куйламаган. Шу сабабли уларни қавс ичида ёздим.

Алишер Навоий ғазали, Шерали Жўраев қўшиғи

ИСТАНГИЗ

Истаганлар бизни, саҳрои балода истангиз,
Водийи ҳижрон ила дашти анода истангиз.

Вомиқу Фарҳоду Мажнундеклар ул водий аро
Бўлсалар пайдо, мени ҳам ул арода истангиз.

(Юз аларнинг ишқича дарду балову ғуссаға
Толиб эл бошиға келган можарода истангиз.

Эйки, истарсиз саводул важҳ фиддорайиндин,
Бохабар бўлмоқ мени юзи қорода истангиз.

Қўнглум ул зулф ичрадур, зинҳор ишқим шарҳини
Истаманг мен телбада, ул мубталода истангиз.)

Нуқта янглиғким, вафо узра қилур котиб рақам,
Ишқ ўтининг доғини аҳли вафода истангиз.

Оғзи шавқидин Навоий итти, ани истар эл
Ё адам даштида, ё мулки фанода истангиз. [142] , [144]

Бу ғазалда ҳазрат Алишер Навоий «истангиз» сўзини «излангиз» маъносида қўллаган. Менимча, айрим тингловчилар «истангиз» сўзини «истак» сўзи маъносида хато тушунишлари мумкинлигини назарга олиб, 1992 йилги концертда Шерали ака «истангиз» сўзини «излангиз» сўзи билан алмаштириб куйлаган ([143]).

Маълумки, Алишер Навоий 1441 йил 9 феврал куни туғилган. Шу сана муносабати билан 2018 йил феврал ойида Ўзбекистон Миллий телеканалида Шерали Жўраев иштирокида «Ғазал жозибаси» кўрсатуви бўлди. Эслатиб ўтаман: «Миллий ТВ» телеканали 2016 йилда очилган бўлиб, Ўзбекистондаги бутун оила учун мўлжалланган нодавлат мусиқий-кўнгилочар ва маърифий телевизион каналдир. Ушбу кўрсатувда навоийшунос олимлар ҳам қатнашди ва куйланган ғазалларни шарҳлашди. Уларнинг «Истангиз” ғазалига айтган шарҳини қуйида келтираман.

“АНВАР ҚОРИ ТУРСУНОВ, Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби, навоийшунос (1958.21.11-2018.13.06):

Энди маъносига эътибор қилсак:
Истаганлар бизни, саҳрои балода истангиз,
Водийи ҳижрон ила дашти анода истангиз.

Нима дегани бу? «Бало саҳросидан истанглар», «Мени истасанглар бало саҳросидан истанглар» деб ҳазрат ташбиҳ қилаяптилар. «Водийи ҳижрон»: ҳижрон айрилиқ дегани. «Дашти ано» дегани «Йўқлик дашти». «Йўқлик даштида истангиз»: бу нима маъноларни беради? Зоҳирий маъноси - «Йўқлик даштида истангиз», «Ҳижрон даштида истангиз» (зоҳирий – ташқи, сиртқи. А.Ш.).

«Дашти балода истангиз» бу нима дегани? Бу Қуръони Карим оятлари билан боғлиқ. Аллоҳ таоло суръаи мулкда марҳамат қиладики, инсонни (Анвар қори ака араб тилида оят айтди). Яъни “инсонни ибтило учун яратдик” дейди Аллоҳ таоло. “Ибтило” дегани “имтиҳон”.

“Балоланиш” дегани “машаққатлар” дегани. Бу Қуръоннинг зоҳирий маъноси.

Энди тасаввуфий маъноси. Бу оддий бало эмас. Бу оддий табиий балолар эмас. Бу руҳий балодир. Муҳаббат йўлида, ишқ йўлида келадиган балодир. Тасаввуф уламолари “Муҳаббатга сиғмаган туйғуларни ишқ” дейдилар. Мен ҳозир Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумиддин” деган китобларининг “Само” бобини кўриб келаяпман. Яъни оддий муҳаббатдан яна бир шавққа тўлиб кетишлик. Мана шуни ишқ дейдилар. Бунга эга бўлган кишини ошиқ дейди. Ошиқ ҳеч ким тушунмайдиган туйғу беради. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига шунақа шавқ берадики, завқ берадики бошқалар тушуна олмайди. Шунинг учун ҳам Мажнун деган, Фарҳод деган. Бу туйғуларни Аллоҳ таоло беради. Бу ҳидоят нурлари. Бу муҳаббатни, ишқи муҳаббатни энди қаердан истайди деса, “Ки талаб водийсига қўйсанг қадам, Илкингга ҳар дам келур юз минг алам” дейдилар “Лисонут-тайр”да. Мана шу ишқ водийсига агар бир қадам қўйсанг олдинга юз мингта бало келади. Бу нима билан бўлади?

Бало бу нафс билан курашиш. Мақом деймиз. Мақом дегани бир ўриндан иккинчи ўринга кўтарилиш, тадриж дейилади (тадриж – даражама-даража, аста-секин илгарилаш, юқорилаш, юксалиш. А.Ш.) Яъни муҳаббат йўлида, ишқ йўлида инсон нафси билан курашиши керак. Бўлмаса бўлмайди. Яъни инсоннинг нафси Қуръони Каримда бу ҳам келади (Анвар қори ака араб тилида оят айтди).

Биринчи нафс – нафси амора. Бу ҳаммада бўлади. Инсонни гуноҳга, маъсиятга, ёмонликка, ҳасадга, кибру ҳавога бошлайдиган ёмон нафс – бу нафсу амора дейилади. Мана шу нафсдан кўчиш учун балоланиш керак, у қийналиши керак, риёзат чекиши керак. Шу “бало водийси” деган ўзи билан ўзи нафси билан курашади. Нафс билан курашиш оғир. Кечалари ухламайди. Аллоҳ таолога ошиқ бўлган киши кечалари ухламайди, дейдилар Ҳазрат Навоий. Бошқа китобларида ҳам кўп келади.

Ўзини поклайди, вужудини поклайди, нафсини поклайди. “Ҳавойи нафс”дан Аллоҳга етмоқчи бўлган кишида ҳасад бўлмайди, кибр бўлмайди, шаҳват бўлмайди, ғийбат бўлмайди. Мана шулар билан курашиш осон эмас. Бу айтишга осон. Инсоннинг қалбидаги бундай ёмон нарсалар билан курашиш осон мас. Шунинг учун балоланиш бу.

“Мубтало бўлдим сенга” дегани “сенга мубтало бўлдим-у, аммо нафсимдан чиқиб сенга ошиқ бўлишим қийин бўлади” деган маъносини бошқа ғазалларида ҳам беради.” [144]

“ОЛИМЖОН ДАВЛАТОВ, филология фанлари доктори, навоийшунос.

Қори ака ҳозир “Истаганлар бизни, саҳрои балода истангиз»ни айтдилар. Мен фақат бало ҳақида гапирмоқчиман. Мавлоно Ёқуб Чархий айтадиларки, “Бало илоҳий имтиҳондир. Кимки мана шу синовдан омонликда ўтса, Парвардигор иноятидан бенасиб қолмайди.”

Аллоҳ таоло Юсуф алайҳисаломга, пайғамбарзодага қудуққа тушишни синов тариқасида ихтиёр этди. Ва шу қудуқдан бориб Мисрда азиз бўлди, дейди. Шу синовга чидади, Аллоҳни эсидан чиқармади.

Фиръавнга эса синов тариқасида Миср иодшоҳлигини берди. Лекин у бу синовдан ўтмади ва “Анайра букун” даъвоси билан ҳалок бўлди.

Демак, бало икки хил ҳолатда бўлар экан. Биринчиси фақирликда ва мискинликда, иккинчиси мол-дунё ва сарват соҳиби бўлганда.

Ҳазрат Амир Алишер Навоий Султон Ҳусайн Бойқаро тахт тепасига келгунига қадар жуда қийналиб яшаганлар. Самарқандда ҳаттоки бир марта ҳаммомга киришга ҳам маблағлари бўлмаган кунлар ҳам бўлган. Лекин ўшанда ҳам шу ҳақ йўлидан, ҳақиқат йўлидан бир зарра чекинмадилар.

Кейин Худойим таоло синов тариқасида бу кишига жуда кўп катта давлатлар берди. Ва бу давлатни ҳам улар бир неъмат сифатида эмас, бир бало, бир синов тариқасида, имтиҳон тариқасида қабул қилдилар. Ва ана шу имтиҳондан сарбаландлик билан ўтдилар.

Ҳожи Абдулло Ансорий айтадики “Аллоҳ таоло имон аҳлига бало берди, имонсизларга шақо берди”. Яъни имон аҳлига бир бало беради. Қори ака ҳозир айтдилар бало нималигини. Имонсизларга эса бахтсизлик беради. Бу бадбахтлик нима – бу имонсизликдир.

Мана бу “Бизни, саҳрои балода истангиз» деганда яна бир ҳадис борки, балоларнинг энг улуғи иайғамбарларга, ундан кейин авлиёларга ва ундан кейин шу балога ўхшаган нарса бошқа одамларга берилади.

Ҳазрат Навоий “бизни саҳрои балода истангиз» деганда айнан мана шу нарсаларни назарда тутганлар. Энди ҳозирги айтилган ғазалда “саҳрои бало”га ўхшаган 32 та ибора бор экан. Ва охирида “Ё адам даштида, ё мулки фанода истангиз» дейди. «Деди фанони недурур мухтасар дейин ўлмоқ, ки шархини тиласанг юз рисола бўлғайдур.” Битта фанонинг шарҳи юз рисола бўлар экан, 32 та иборанинг шарҳи эса 3200 та рисола бўлади. Мана шундай гўзал ғазални бунда биз эшитдик ва ундан баҳраманд бўлдик.” [144]

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

139. Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги.
- www.uwed.uz/en/news/fulltext/1469 (www.uwed.uz February 8, 2021);
- Dedicated to the 580th anniversary of Alisher Navoi (uwed.uz) (www.uwed.uz February 8, 2021).

140. NBKRADIO. Sherali Jo'rayev-San'atda o'g'ri ko'paydi. - https://www.youtube.com/watch?v=OG39RpkgKr4 (www.youtube.com Published on February 14, 2012. 8 daqiqa 53 soniyalik video).

141. JASUR HAMROEV. Jasur Hamroyev va Sherali Jo'rayev suhbati! Exclusive!!!
- www.youtube.com/watch?v=awbp5ckw7Cs (www.youtube.com Aprel 28. 2017).
- Jasur Hamroyev va Sherali Jo'rayev suhbati! Exclusive!!! - YouTube (www.youtube.com Aprel 28. 2017, 1 соат 5 дақиқа 8 сониялик видеосуҳбат).

142. А.НАВОИЙ. Истангиз. Ғазал. - Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик (1987-2003). 5-жилд. Хазойин ул-маоний. Бадоеъ ул-васат. 200-ғазал.
- www.navoi.natlib.uz:8101/uzb/xazoyin_ul_maoniy_badoe_ul_vasat_beshinci_tom/_101_200 (www.navoi.natlib.uz );
- Алишер Навоий мукаммал асарлар тўплами (natlib.uz) (www.navoi.natlib.uz ).

143. ОЛЕГ ЮСУПОВ. Шерали Жураев энг яхши концерти.
- www.youtube.com/watch?v=TmmDSTs8-bo (www.youtube.com March 17, 2015. 1 soat 40 daqiqalik video);
- Шерали Жураев энг яхши концерти - YouTube (www.youtube.com March 17, 2015. 1 soat 40 daqiqalik video).
(“Излангиз” қўшиғи видеода 8-дақиқа 30-сонияда бошланган.)

144. MILLIY TV. Sherali Jo'rayev - G'azal jozibasi.
- www.youtube.com/watch?v=6eN8iU9_j3A (www.youtube.com February 28, 2018. 1 soat 15 daqiqa 54 soniyalik video);
- Sherali Jo'rayev - G'azal jozibasi - YouTube (www.youtube.com February 28, 2018. 1 soat 15 daqiqa 54 soniyalik video).
(“Istangiz” qo’shig’i videoda 3-daqiqa 30-soniyada boshlangan.)
ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 27 апрел

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 23)

Пятница, 23 Апреля 2021 г. 20:40 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 23)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

23. РАСУЛ ҲАМЗАТОВ ВА “ОШИҚЛАРИНГ САРДОРИ МЕНМАН” ҚЎШИҒИ
РАСУЛ ҲАМЗАТОВ ВА ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ШЕЪРИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ҚЎШИҒИ

23.1. РАСУЛ ҲАМЗАТОВ (1923-2003)
rasul_gamzatov (185x260, 16Kb)
Фото 27. Расул Ҳамзатов (1923-2003). [134]

1970-йиллар ўртасида Шерали Жўраев “Ошиқлар сардори менман” номли қўшиқни яхши куйлади. Ушбу қўшиқ яратилишига доғистонлик машҳур авар шоири Расул Ҳамзатовнинг битта шеъри сабаб бўлди. Аввал у ҳақда қисқача маълумот кeлтирай.

“ҲАМЗАТОВ Расул Ҳамзатович (1923.8.9, Доғистон Рeспубликаси, Хунзах тумани Цада қишлоғи – 2003.3.11) – авар шоири. Доғистон халқ шоири (1959). Шоир Ҳамзат Цадасанинг ўғли. Бўйноқ шаҳридаги пeдагогика билим юртини тугатган (1940). Сўнг мактабда ўқитувчи, кўчма авар тeатрида рeжиссёр ёрдамчиси, рeспублика газeта таҳририяти ва радио қўмитасида адабий ходим бўлиб ишлаган (1940-45). Москвадаги М.Горький номидаги Адабиёт институтида таҳсил кўрган (1945-50).

Илк шeърлар тўплами – “Илҳомбахш муҳаббат, оловли нафрат” (1943), “Бизнинг тоғлар” (1947), “Мeнинг юртим” (1948), “Тоғлик ўлкаси”, “Туғилган йилим” (1950), “Катта оға шаънига” (1952), “Доғистон баҳори” (1955), “Қалбим мeнинг тоғларда” (1959), “Юксак юлдузлар” (1962), “Битиклар” (1963), “Юлдуз юлдуз билан сўзлашар” (1964), “Йиллар ортидан йиллар” (1968), “Ўчоқ бошида” (1969), “Чeгара” (1972), “Муҳаббатнома” (1974), “Сўнгги нарх” (1976) ва бошқа шeърий китоблар муаллифи.

Р.Ҳамзатов ижоди Шарқ ва Ғарб шeърияти анъаналари ўзаро туташган нуқтада пайдо бўлган бeтакрор ҳодисадир. Р.Ҳамзатовнинг Шарқ таровати билан йўғрилган ва тоғли ўлка кишиларининг ўзига хос руҳий оламини акс эттирган шeърлари 1950-йилларда миллийлиги, самимийлиги, лирик ҳис ва туйғуларнинг бокиралиги билан китобхонлар ва танқидчилар эътиборини қозонган. Р.Ҳамзатов шeърларининг лирик қаҳрамони кишилардаги яхши фазилатларни қадрлай билувчи, ўзи ҳам бошқаларга мeҳр-муҳаббатини аямайдиган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, руҳий олами бой ва гўзал инсондир. Р.Ҳамзатов шeърларида ана шу лирик қаҳрамон қалбининг таманнолари ёрқин ифода этилган.

Р.Ҳамзатов, ўз табиатига кўра, лирик шоир. Шунга қарамай у достон жанрида ҳам ижод қилиб, “Отам билан суҳбат” (1953), “Тоғ қизи” (1958), “Оналарни асранг” (1978) каби баркамол достонларини яратган. Унинг ҳаёт ва адабиёт, она-ватан ва замондошлар ҳақидаги “Мeнинг Доғистоним” (1-2-китоблар, 1967-71) лирик қиссаси 1960-йилларнинг 2-ярмида қардош халқлар адабиётида сохта ватанпарварлик ғоялари ўрнига миллий ғоя ва миллий ғурур туйғусининг шаклланишида муҳим рол ўйнаган. Р.Ҳамзатовнинг шeърий ва насрий асарлари, бошқа халқлар адабиёти қатори, шу давр ўзбeк адабиётига ҳам таъсир ўтказган. Хусусан, Шукруллонинг “Жавоҳирлар сандиғи” лирик қиссаси Р.Ҳамзатовнинг “Мeнинг Доғистоним” асари таъсирида майдонга кeлган.

Р.Ҳамзатов асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига, шу жумладан, ўзбeк тилига таржима қилинган. Р.Ҳамзатов Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Шукрулло, Абдулла Орипов сингари ўзбeк шоирлари билан ижодий алоқада бўлган.

Асарлари: Юксак юлдузлар, Т., 1964; Мой Дагестан, М., 1977; Собрание сочинений, т. 1-5, М., 1980-82; Остров женщин. Новые стихи и поэмы, М., 1983; Суди меня по кодексу любви, М., 2003.
Адабиёт: Дементьев В.В. Расул Гамзатов, М., 1984.” [6, Ҳ ҳарфи жилди, 71-72-б.] , [6, 11-ж., 293-б.]

23.2. “ОШИҚЛАРИНГ САРДОРИ МЕНМАН” ҚЎШИҒИ ТАРИХИ

128736126 (700x257, 192Kb)
Фото 28. Шерали Жўраев ва Сардор Комилов. 2010 йил декабр. [135]

2010 йил декабрда www.sayyod.com сайти раҳбари Сардор Комилов (1978) ҳофиз Шерали Жўраев билан суҳбат ўтказди ва уни уч қисм қилиб ўз сайтида чоп қилди. У ушбу интервю охирида Шерали акага “Ошиқларинг сардори менман" қўшиғи тарихига доир савол берди.

«Сардор Комилов: Сўнгги саволимни беришга ўзим ният қилганман. Бир вақтлар куйлаган Сардорингман қўшиғингиздан сўнг мени Сардор дея номлашган. Бу қўшиғингиз мени исмим тарихи хисобланади. Шу қўшиқ тарихи хақида.

Шерали Жўраев: Қоратош махалласида яшайдиган Абдуфаттох қизиқчини уйига мехмонга келувдим. (тасодифни қаранг, мени отам асли Қоратош махалласидан) Обид Алибоев деган бир терговчи дўстимиз бор, келиб қолиб “Бугун Расул Гамзатов аёлларни жуда зўр табриклади” деди. 8-март экан шу кун. “Сани ўнта эркак яхши кўрса, ичида мен борман, сани бешта эркак яхши кўрса униям ичида борман, мабодо сани битта эркак яхши кўрса, ўша менман. Мабодо сени хеч ким яхши кўрмаган бўлса, Расулни ўлди деб ўйлагин” деб айтди деди. Зўр шеър экан дедим. Миямда қолиб кетди шу. Буни ашула қилиш керак дедим. Буни Расул Гамзатов русчада айтган бўлса, ўзи шеърияти қанақа экан, нима демоқчи бўлган аслида деб ўйланиб қолдим.

Шу куни меҳмонда қолиб ухлай олмадим. Бахтимга чўнтагимда ручка бор экан, дафтар эса йўқ. Чўнтагимни яна қарасам биров тўйга айтган таклифнома бор экан. Уни орқаси оппоқ бўларди, шунга “Агар сени ошиқларинг ўн мингта бўлса, билгинки уларнинг Сардори менман” деб ёзиб қўйдим.

Индинига Самарқандга кетдим. Ўша ердаги Рахмон деган дўстим Шахрисабзга ўтадиган тоғдаги дарахтзорда бир ҳурматли танишимиз билан ўтириш бор деб таклиф қилди. Ўша ерда қўшиқ куйлаб турсам, ҳалиги ҳурматли одам “Янгисидан ҳам борми?” деди. Эсимга шу келиб қолди. Ўша пайт атрофда булбуллар роса сайраяпти, ҳалиги боши уч-тўрт қатор ёзилганку, ўша ерда “Булбуллар ичра тинмас забонман” деган сўз ўша ерда келди. Ўшани қўшиб туриб торни чалсам мусиқаси хам келди, кейин «Булбуллар ичра тинмас забонман, ҳамон ёнингдаман, танангда жонман. Агар ошиқларинг ўн мингта бўлса, билгинки уларнинг Сардори менман” деб куйладим. Кейин Бухорода тўйда куйладим.” [135]

Шерали ака 2020 йил июл ойида журналист Соҳибжон Алижоновга берган интервюсида “Ошиқларинг сардори менман" қўшиғи тарихига доир бундай деганди.

«... Шерали Жўраев: Ҳақиқатан бу жуда қизиқ воқеа бўлган. Адашмасам, етмишинчи йиллар эди, “Ўзбегим” ва “Биринчи муҳаббатим” сингари қўшиқларим билан анча танилиб қолганман. Андижондан Самарқандга кетаётиб, Тошкентда, бир дўстимнинг уйида тўхтадим. Келганимни эшитиб, асли самарқандлик Обиджон исмли дўстим йўқлаб келиб қолди. Салом-алиқдан кейин, Обиджон, “Ҳозир телевизорда Расул Ҳамзатов аёлларни табриклаб (8 март байрами кунлари эди), сени мингта одам яхши кўрса, ўшаларнинг орасида мен борман, юзта бўлса ҳам борман, битта бўлса, ўша менман, сени ҳеч ким яхши кўрмай қўйса, Расул ўлибди, деб ўйлагин”, деган мазмунда шеър ўқиди, деб қолди.
“Ие! Зўр гап экан-у, буни қўшиқ қилиш керак, шеъри борми?”, деб сўрадим. Афсуски, у кўрсатув жонли эфирда бўлган, Расул оға шеърни рус тилида ўқиган, табиийки, дўстим шеърни ёзиб олмаган экан. Лекин, шеърнинг ғояси кучли бўлгани учун уни ҳозир, шу заҳоти қўшиққа айлантириш фикри менга тинчлик бермай қўйган эди.

Мен тўхтаган уйнинг дарвозасидан кирганда чоғроққина хона бор эди. Кечаси ўша хонада тунадим. Алламаҳалгача ухламай, шу шеърни ёзишга уриндим. Аксига олиб, қоғоз топилмайди. Уй эгаларини уйғотиш ноқулай. Чўнтагимдан тўй таклифномаси чиқиб қолди. Шуни орқасига эрталабгача майда-майда ҳарфларда ёзиб чиқдим. Бир пайтнинг ўзида ҳам ёзяпман, ҳам куйи ҳам “пишяпти”.

“Агар ошиқларинг ўн мингта бўлса,
Билгинки, аларнинг сардори менман”,

деб бошланганди шеър. Расул Ҳамзатов шундай ёзган бўлса зўр бўларди-да, деб хурсанд бўламан ўзимча. Эртасига Самарқандга кетдим. У ерда Раҳмонали деган ўртоғим орқали Ургутнинг ҳурматли кишилари меҳмонга таклиф қилишди. Кичикроқ давра, бир-иккита ашула айтдим. Мезбонлар янгисидан сўраб қолишди. Бояги ашулани бошламоқчи бўлиб, энди оғиз жуфтлаб тургандим, бирдан булбулнинг “чаҳ-чаҳ” уриб сайрагани эшитилди (баҳор фасли, биз ўтирган боғда булбуллар кўп экан). Шундан илҳомланиб:

Булбуллар ичинда тинмас забонман,
Ҳамон ёнингдаман, танангда жонман,

деган сатрлар келди хаёлимга ва янги қўшиқни шу сўзлар билан бошладим. Шу тариқа ушбу қўшиқ яралди.

С.Алижонов: Кейинчалик, Расул Ҳамзатов бу воқеадан хабардор бўлдими? Қандай муносабат билдирди?

Шерали Жўраев: Бир иш билан Москвага борганимда Расул оға билан кўришганман. Бизни учраштирган дўстларимиз “Бу йигит сизнинг ўша шеърингизни ўзбек тилида ашула қилган”, деб айтишган экан. Расул оғага қўшиқ маъқул бўлди, ҳатто, “Мен бу шеърни ёзганда сен айтган жойларини ўйламаган эканман”, дегани ҳалигача эсимда. Мен у кишига, “Шеърнинг бошидаги тўрт қатори сизники, уни халқимизнинг табиатига мослаб айтдим”, дедим. Расул оға, “Баракалла!”, дедилар.

Шундан кейин Расул Ҳамзатовнинг рус тилидаги бошқа шеърларини ҳам қўшиқ қилдим.» [136]

23.3. РАСУЛ ҲАМЗАТОВНИНГ «ЕСЛИ В МИРЕ ТЫСЯЧА МУЖЧИН ...” ШЕЪРИ

Шерали Жўраевнинг “Ошиқларинг сардори менман" шеъри билан Доғистон шоири Расул Ҳамзатов шеърини ўзаро таққослаш учун унинг рус тилидаги «Если в мире тысяча мужчин ...» номли шеъри матнини келтирай.

Расул ГАМЗАТОВ

ЕСЛИ В МИРЕ ТЫСЯЧА МУЖЧИН ...

Если в мире тысяча мужчин
Снарядить к тебе готова сватов,
Знай, что в этой тысяче мужчин
Нахожусь и я — Расул Гамзатов.

Если пленены тобой давно
Сто мужчин,
чья кровь несется с гулом,
Разглядеть меж них не мудрено
Горца, нареченного Расулом.

Если десять влюблены в тебя
Истинных мужей —
огня не спрятав,
Среди них, ликуя и скорбя,
Нахожусь и я — Расул Гамзатов.

Если без ума всего один
От тебя, не склонная к посулам,
Знай, что это с облачных вершин
Горец, именуемый Расулом.

Если не влюблен в тебя никто
И грустней ты сумрачных закатов,
Значит, на базальтовом плато
Погребен в горах Расул Гамзатов.

23.4. 1981: АНДИЖОНДАГИ КОНЦЕРТ

1981 йил апрeл ойида бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар Андижонга келишди ва Ўзбeкистон адабиёти ва санъати кундалигига бағишланган меҳнаткашлар билан учрашувда қатнашишди. Бу гуруҳ орасида ҳофиз Шерали Жўраев ҳам бор эди. Шу учрашувда у “Ошиқлар сардори менман” қўшиғини куйлагани ҳақида шоир Адҳамжон Шeрматов хотираларини кeлтириб ўтай (ушбу хотира давомини 25-параграфда ёзаман, иншааллоҳ).

“Узоқ йиллар аввал, аниқроғи 1981 йил апрeл ойи эди (Адҳамжон мен билан 2008 йил 18 май кунги суҳбатда бу 1981 йил 20 апрeл куни бўлганлигини таъкидлади, А.Ш.). Янглишмасам, ўшанда мeн Вилоят ёзувчилар уюшмаси қошидаги ёш ижодкорлар тўгарагига қатнардим. Бир куни уюшма раиси устозимиз, шоир Олимжон Холдор яқинда Йўлдош Охунбобоев номли (ҳозирги Бобур номли) тeатр биносида Ўзбeкистон адабиёти ва санъати кундалигига бағишланган учрашув кeчаси бўлишини, тўгарак қатнашчилари ҳаммамиз иштирок этишимизни айтди. Мeн бeлгиланган вақтда бино олдига кeлдим. Бино олдида карнай-сурнай садолари янграмоқда, тeатр майдони одамлар билан гавжум, ҳамма жойда шов-шув “Шeрали Жўраев кeлармиш” ҳар икки одамнинг бирида гулдаста, кимдир кeлиб қўлимдан тортди. Ўгирилиб қарасам, дўстим Аҳмаджон Даллиев турибди. У тeзроқ ичкарига киришимни, жой олиб қўйганлигини айтди. Ичкарига кирдим. Яна ўша кўриниш, ҳамма жойлар банд. Бино ичига одам сиғмайди. Қисиниб-қимтиниб шeрикларим ўтирган жойга бориб олдим. “Хайрият” мeнга жой бор экан. Ҳeч қанча вақт ўтмай, кeча бошланди. СССРда номи чиққан шоирлар, ёзувчилардан Владимир Карпов, Расул Ҳамзатов, Абдулла Орипов ва русийзабон ижодкорлар бошқа элат вакиллари саҳнага чиқиб ўтиришди. Кeчада шeърлар-шeърларга, қўшиқлар-қўшиқларга уланиб кeтди.

Кeчани олиб борувчи навбатни Шeрали Жўраевга бeриши билан гулдурос қарсаклар янгради. Саҳнада Шeрали Жўраев кўриниши билан томошабинлар ўринларидан туриб, ҳофизни олқишлар билан қарши олишди. Дастлаб у шоир Абдулла Орипов шeърига басталанган янги қўшиғини ижро этди. Залдаги ҳолат тамоман бошқача эди. Бино ичида сокинлик, фақат айтилаётган қўшиқгина майин шаббодадeк еларди, томошабинлар бағрига сингиб, уларга ором бахш этарди.

Ҳофиз доғистонлик авар шоири Расул Ҳамзатов қаламига мансуб “Сардори мeнман” (“Ошиқларинг сардори менман”, А.Ш.) қўшиғини бошлади. Залда жимжитлик, саҳнада жимжитлик, ҳатто ўзбeк тилини билмайдиган русийзабон ижодкорлар ҳам лоли-ҳайрон. Бу қандай синоат, бу қандай куч? Бу қўшиқнинг сeҳрими ёки ҳофизнинг салоҳиятими? Мeн ҳали-хануз бунга жавоб тополмайман.

Қўшиқ тугади. Қўшиқ тугагач зални қарсаклар қоплади. Томошабинлар қўлларида гулдасталар билан саҳнага интилишди. Ҳофиз бир қўлида тор билан, бир қўлида гулдасталарни олар экан, томошабинларга табассум билан таъзим қилиб турарди. Саҳнада ўтирганлардан биринчи бўлиб московлик ёзувчи Владимир Карпов ўрнидан туриб Шeрали Жўраевни олдига кeлиб у билан қучоқлашиб кўришди. Ўзини лол қолдирганини айтиб, ижодига омад тилади. Сўнг барваста қоматли, сочлари оппоқ оқарган киши кeлди, у ҳам ҳофиз билан қучоқлашиб кўришиб, унга раҳмат айтди (бу киши машҳур шоир Расул Ҳамзатов экан). Ҳофиз ўз навбатида саҳнадаги ижодкорларга гул тақдим қилди, сабаби уларга ҳeч ким гул совға қилмаган эди ...

Орадан 26 йил ўтибди (мақола 2007 йилда ёзилган, А.Ш.), шу йиллар мобайнида Шeрали Жўраевни кўп кўрдим (концeрт залларида, тўйларда). Лeкин ўша тeатр биносидаги бир қўлида тор, бир қўлида гулдаста билан табассум ила халққа таъзим қилиб тургани ҳамон кўз олдимдан кeтмайди.” [137]

23.5. “ОШИҚЛАРИНГ САРДОРИ МЕНМАН” ҚЎШИҒИ

Юқорида ёзганимдек, Шeрали Жўраев “Ошиқларинг сардори менман” қўшиғи ғоясини Расул Ҳамзатовнинг шу мазмундаги шеъридан олган. Фанда кўпчилик олимларнинг фикрича бирорта муаммога ечим ахтараётганингизда муаммони тўғри қўя билиш унинг 50 фоиз ечимини беради. Расул Ҳамзатов шеъридаги яхши ғоя Шерали ака яратган “Ошиқларинг сардори менман” номли ажойиб шеър ва қўшиққа асос бўлган. Шу сабабли “Ошиқларинг сардори менман” қўшиғига асос бўлган шеър муаллифи сифатида иккаласининг номини ёзмоқдаман.

Энди Шерали Жўраев 1970-йиллардан буён куйлаётган “Ошиқларинг сардори менман” номли яхши қўшиқ матнини келтирай.

Расул Ҳамзатов ва Шерали Жўраев шеъри, Шерали Жўраев қўшиғи

ОШИҚЛАРИНГ САРДОРИ МЕНМАН

Булбуллар ичра тинмас забонман,
Ҳамон ёнингдаман, танангда жонман.
Агар ошиқларинг ўн мингта бўлса,
Билгилки аларнинг сардори менман.

Қўлларим истаги тутмоғи қўлдан,
Истагим тотмоғи лабдаги болдан.
Ошиқларинг келса гар мингта йўлдан,
Билгилки энг аввал келгани менман. .

Севгига содиқлик шартини қўйсанг,
Шартни бажармасни ёнингдан қувсанг.
Агар ўн мингтадан юзта қолдирсанг,
Билгилки юзтадан биттаси менман.

Кексалик деган сўз жой олса дилдан,
Йигитлик қуввати кетса ҳам белдан.
Ҳар кун гул олсанг сен гар ўнта қўлдан,
Билгилки энг аввал гул тутган менман, ёш ёрай.

Фалак фалаклигин қилса ногаҳон,
Сандан юз ўгирса ҳатто кенг жаҳон.
Ошиқлардан қолса бир нафар, инон,
Қолган чин ошиғинг, билгилки, менман, ёш ёрай.

Кўзларинг бемаҳал ёшларга тўлса,
Агар душманларинг устингдан кулса,
Ошиқларинг агар ҳеч келмас бўлса,
Марҳум Расул Ҳамзат билгилки менман. [138]

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

6. Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12 жилдли /Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Б.Аҳмедов ва б. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат нашриёти, 2001-2005.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. - «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, Тошкент, 2000;
- www.qomus.info

134. Расул Гамзатов читает стихотворение «Дагестан» - https://www.retroportal.ru/gamzatov.html

135. Шерали Жўраев: "Хато қилдим, ёшлик қилгандирман". Сардор Комилов суҳбатлашди (1-қисм). - http://sayyod.com/forum/8-103-1#2999 (www.sayyod.com 2010.26.12)

Шерали Жўраев билан бўлган сухбатнинг 2 қисми. Сардор Комилов суҳбатлашди.
– http://sayyod.com/forum/8-117-1#5452 (www.sayyod.com/forum/ 2011.07.01);
- https://qumsoat.ucoz.org/news/sherali_zhwraev_bilan_bwlgan_sukhbatning_2_ismi/2014-11-04-143 (www.qumsoat.ucoz.org 2014.04.11).

Суҳбат охири. Сардор Комилов суҳбатлашди.
– http://sayyod.com/forum/8-117-1#5452 (www.sayyod.com/forum/ 2011.07.01);
- https://qumsoat.ucoz.org/news/sherali_zhwraev_bilan_bwlgan_sukhbatning_2_ismi/2014-11-04-143 (www.qumsoat.ucoz.org 2014.04.11).

136. АЛИЖОНОВ С. “Ошиқларинг сардори» аслида ким эди? – www.facebook.com/groups/758113517670290 (www.facebook.com Фейсбукдаги “Шералишунослик” клуби” гуруҳининг саҳифаси, 2020.17.07);
- (1) "ШЕРАЛИШУНОСЛИК" КЛУБИ | Группы | Facebook (www.facebook.com Фейсбукдаги “Шералишунослик” клуби” гуруҳининг саҳифаси, 2020.17.07);
- “Миллий тикланиш” газетаси, 2020 йил 16 июль сони.

137. (41) ШEРМАТОВ А. Сотилмас қалб эгаси (Тўйхат ўрнида). – “Холис”, 2007 йил 12 апрeл.

138. ДЖОРАБЕК АЛИМОВ. Шерали Жўраев эски концерт 3. - https://www.youtube.com/watch?v=EBiVd08qX8g (www.youtube.com 2020.09.12, 40 дақиқа 14 сониялик аудио ёзув, 6 та қўшиқ).
(“Ошиқларинг сардори менман” қўшиғи ушбу аудио ёзувда 33-дақиқада бошланган).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 23 апрел

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 22)

Пятница, 23 Апреля 2021 г. 20:35 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 22)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

22. “ЭЙ СОРБОН” ҚЎШИҒИ ТАРИХИ
САЪДИЙ ШЕРОЗИЙ ҒАЗАЛИ, АҲМАД ЗОҲИР ҚЎШИҒИ, ШОИСЛОМ ШОМУҲАММЕДОВ ТАРЖИМАСИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ҚЎШИҒИ

Айрим яхши қўшиқлар шоир ва хонанданинг меҳнати билан юзага келади. Айрим аъло даражадаги қўшиқ эса турли асрларда яшаган уч ва ҳатто тўрт талантли инсонлар меҳнати билан юзага келади. “Эй сорбон” қўшиғи охирги 800 йил давомида яшаган тўрт нафар талантли шахслар меҳнати маҳсулидир.

22.1. САЪДИЙ ШЕРОЗИЙ (1203-1292)
SAADIsheroziy1download (300x168, 11Kb)
Фото 24. Саъдий Шерозий (1203-1292). Орқада Эроннинг Шероз шаҳридаги унинг мақбараси. [125]

“Эй сорбон” ғазали муаллифи машҳур форс-тожик шоири Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозийдир (1203-1292). Унинг туғилган йили номаълум. У Шероз шаҳрида 1200 ва 1219 йиллар орасида туғилган.

“Машҳур форс-тожик шоири, адиби ва мутафаккири Муслиҳиддин Саъдий Шерозий 1203 йили Шероз шаҳрида туғилган. Отаси Шероз отабеги Саъд бинни Зангийнинг мулозимларидан бўлган. Лекин у 10—11 ёшларида отадан етим қолади.

Сарой томонидан нафақа тайинланган бўлса-да, оиланинг моддий аҳволи оғир эди. Майда савдогарчилик билан шуғулланган акасининг ҳам бозори тезда касод бўлади. Шунга қарамай, билимга чанқоқ Муслиҳиддин бошланғич маълумотни туғилган шаҳри Шерозда олгач, таҳсилни давом эттириш учун халифалик пойтахти, ўша даврнинг энг йирик илм ва маданият маркази бўлган Бағдодга боради. Донгдор «Низомия» ва «Мустансирия» мадрасаларида калом, фиқҳ, тафсир илмлари, араб тили сарфу наҳфи, араб ва форс адабиёти, Шарқ фалсафаси, тарих, мантиқ, тиб хамда бошқа табиий ва аниқ фанларни ўрганади. Таниқли тасаввуф олими ва файласуф адиб Шаҳобиддин Суҳравардий ҳамда йирик илоҳиёт алломаси Абулфараж Абдураҳмон ибн Жавзий қўлида таҳсил олади.

Мадрасани тутатган Саъдий олган билимларини амалиётга қўллаш ўрнига, Шарқ мамлакатлари бўйлаб узоқ йиллик саёҳатга отланади. Буни икки сабаб билан асослаш мумкин: биринчиси шоирнинг саёҳатга ўчлиги, иккинчиси — мўғуллар тасарруфидаги улкан ҳудудда илму ижод учун осойишта шарт-шароитнинг йўқлиги. У гоҳ олим ва воиз, гоҳ сўфий ва дарвеш суратида Эрон, Арабистон, Кичик Осиё, Миср, Хуросон, Шарқий Туркистон каби мамлакатларни баъзида оту эшак, баъзан эса пойи пиёда кезиб чиқади. Бу саёҳатлар 20 йилдан ортиқ давом этган. Саёҳат даврида Саъдийга карвонни қароқчилардан ҳимоя қилиб, муҳорабага киришига ҳам, турли жойлардаги мадраса ва қозихоналарда ваъз ўқишига ҳам, шайху сўфийлар билан мубоҳаса қилишига ҳам тўғри келган. У Ҳиндистонда ҳам бўлиб, бир муддат бутхонада истиқомат қилган, салибчиларга асир тушиб, уларнинг қалъаларини тузатиш ишларида қатнашишга мажбур бўлган. Бу саёҳатлар давомнда Саъдий ҳаёт илмини чуқур ўрганиб, инсон феълини бутун мураккаблиги билан англаб, ўз даврининг кўпни кўрган донишманд кишиси бўлиб етишади. XIII асрнинг ўрталарида Шерозга қайтиб келган шоир дунё ташвишларидан ўзини четга олиб, шаҳар чеккасидаги шайх Абу Абдуллоҳ Ҳафиф хонақосида фақирона ҳаёт кечиради ва 1292 йили вафот этади. У дафн этилган боғ ва мақбара шеърият ихлосмандларининг зиёратгоҳларидан бири бўлиб, ундан кеча-кундуз шоир мухлисларининг қадами аримайди.

Форс тожик адабиётида Саъдийнинг мақоми жуда юксак. Хусусан, бой ҳаётий тажриба асосида яратган «Бўстон» (1257) ва «Гулистон» (1258) асарлари унга оламшумул шуҳрат келтирди.

«Бўстон» ўн қисмдан иборат бўлиб, унинг таркибий тузилиши қуйидагича: ҳамд; наът; китобнинг ёзилиш сабаби; Абу Бакр бин Саъд бин Зангий мадҳи; Саъд бин Абу Бакр бин Саъд мадҳи; биринчи боб — одиллигу тадбиру андиша зикрида; иккинчи боб — эҳсон зикрида; учинчи боб — ишқу ошиқлигу мастлик зикрида: тўртинчи боб — тавозеъ зикрида; бешинчи боб — ризо зикрида; олтинчи боб — қаноат зикрида; еттинчи боб - тарбият олами зикрида; саккизинчи боб — шукру омонлик зикрида; тўққизинчи боб — тавба ва савоб йўли зикрида; ўнинчи боб — муножот ва китоб хотимаси зикрида.

«Гулистон» саккиз бобдан иборат бўлиб, унинг таркибий тузилиши қуйидагича: дебоча; биринчи боб — подшоҳлар сийрати зикрида: иккинчи боб — дарвешлар ахлоқи зикрида; учинчи боб — қаноат фазилати зикрида; тўртинчи боб - сукут сақлашнинг фойдалари зикрида; бешинчи боб — ишқ ва ёшлик зикрида; олтинчи боб — қарилик ва заифлик зикрида; еттинчи боб — тарбият таъсири зикрида; саккизинчи боб — суҳбат одоби зикрида.

Саъдийни ғазал жанрининг кашшофи ва устоди сифатида ҳам улуғлашади, чунки унгача форсий шериятнинг етакчи жанрлари қасида, достон, маснавий, қитъа ва рубоий эди. Рудакий, Саноий, Хоқоний, Жамодиддин ва Камолиддин Исфаҳонийлар кўплаб ғазаллар ёзган бўлсалар-да, улар қасида ва қитъа характерига эга бўлиб, ўзаро мустақил алоҳида байтлардан ғазал яратиш анъанасини Саъдий бошлаб берди. У ғазалчиликдаги ўзигача олиб борилган изланиш ва тажрибаларни ривожлантириб, ғазални такомилга етказди, кейин Хусрав Деҳлавий, Ҳасан Деҳлавий, Хожу Кирмоний каби забардаст шоирлар уни янада тараққий эттириб, Ҳофиз Шерозийга етказдилар, Ҳофиз эса уни юксак чўққига олиб чиқди. Саъдий ғазаллари 4 девондан иборат бўлиб, улар «Таййибот» («Латиф ғазаллар»). «Бадоэъ» («Янги ғазаллар»), «Хавотим» («Хотима ғазаллар») ва «Ғазалиёти қадим») («Эски ғазаллар»)дан иборат.

Саъдий асарлари қадимдан ўзбек халқи орасида ҳам машҳур. «Бўстон» ва «Гулистон» асарлари мадрасаларда асосий дарсликлар сифатида ўқитилиб келган. Мумтоз шоирларимиз бу улуғ сўз санъаткоридан ўрганганлар, таъсирланганлар. Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб», Хожанинг «Гулзор», Абдулла Авлонийнинг «Туркий «Гулистон» ёхуд ахлоқ» асарлари бевосита Саъдий «Гулистон»и таъсирида яратилган. «Девони Фоний»да Саъдий ғазалига 22 га татаббуъ, унинг таврида 4 та ғазал мавжуд.

1968 йили «Гулистон»нинг тўртинчи таржимаси босилиб чиқди. Асардаги шеърларни Ғафур Ғулом ва Шоислом Шомуҳамедов, наср қисмини Рустам Комиловлар ўзбекчалаштиришган.”

“Одатда, Саадининг ҳаёти ва ижоди уч қисмга бўлинади: 1219 йилдан 1226 йилга қадар – мактаб даври, 1226 йилдан 1256 йилгача – жаҳонгашталик даври, 1256 йилдан 1293 йилгача – шайҳлик даври.

“Саади” таҳаллусининг келиб чиқиши Форс Саад ибн Зангига (1195—1226) бориб тақалади. Ҳаётдан эрта кўз юмган шоирнинг отаси унинг қўлида хизмат қилган, Мусдиҳ ад-Диннинг тарбиясида иштирок этган. Саад ибн Занги Муслиҳ ад-Диннинг ҳамкорлиги остида Боғдоддаги Низомия мадрасасига ўқишга киради. Сўфи шайҳларининг қўлида дарс олади ва уларнинг зоҳидий тариқатларига чуқур киришиб кетади.

Мўғуллар истилоси ва Саади ибн Зангининг 1226 йил тахтдан ағдарилиши сабаб, Саади қочишга мажбур бўлади ва ҳаётининг кейинги 30 йили давомида қисмат уни мусулмонлар оламининг бир чеккасидан бошқасига ташлайди. Ҳиндистонда, будхонада ўз ҳаётини сақлаш мақсадида Саади оташпарастлар динини (зороастризм) сохта тарзда қабул қилади ва соқчи руҳонийни тош билан ўлдириб, қочади. Саади Маккага 14 маротаба пиёда ташриф буюради. Мумтоз араб тилини мукаммал даражада билиши туфайли, Дамашқ хатиби бўлади, аммо дунё ташвишларидан толиқиб, Қуддус остидаги даштларда ёлғиз яшайди. Бу ерда у ҳож кўтарувичларига асир тушиб, улар олимни Сурия соҳилига олиб келишади ва Триполида уни қалъа қурилиши учун чуқур кавлашга мажбур қилишади. Уни 10 танга эвазида Алепполик бир бой сотиб олади, уйига олиб келиб, ўзининг бадбашара ва жанжалкаш қизига уйлаб қўяди. Чидаб бўлмас оила ҳаётидан қутилиш мақсадида, у Шимолий Африкага қочиб кетади.

Бутун Кичик Осиё бўйлаб саёҳат уни Шерозга олиб келади (1256) ва марҳум Саадининг ўғли Абу Бакрнинг ёрдами билан шаҳар чеккасидаги масжидда умрининг охиригача яшайди. “Шаҳарнинг энг нуфузли аслзодалари ва фуқаролари шайҳнинг ҳузурига келарди, дейди Давлат шоҳ”.

1257 йил у “Бўстон” номли шеърий рисоласини ёзиб, унинг тўққизта бобидаги мисраларда сўфилик фалсафаси ва ахлоқини баён қилиб, қизиқарли масал ҳамда ҳикоялар билан жамлайди. Шеърий туйғуларнинг чуқурлиги ва ахлоқий ғояларнинг баландлиги билан “Бўстон” – барча сўфий адабиётининг энг буюк асарларидан биридир. Тўғрироғи, “Бўстон” эмас, “Гулистон” (1258 йил шеърий мисралар билан аралаш тарзда ёзилган). “Гулистон” ўзига хос миллийчилик жозибасига эга, шу сабаб, кўплаб машҳур мақол ва маталлар билан бойитилган.

Саадининг бошқа асарларининг учдан икки қисмини девонлар ташкил қилиб, кўпроқ лирик жанрга оид. Саади ижодининг аҳамиятли жиҳати шундаки, у сўфичилик ғазаллари дидактикасини севги ғазалларининг гўзаллиги ва ўзига хослиги билан мужассам эта олган. Ундаги ҳар бир байтни ҳам севги оҳангида, ҳам фалсафий-дидактик калит тарзида ўқиш мумкин. Ушбу анъананинг кейинги давомчиси бошқа бир форс шоири Ҳофиз Шерозий бўлади.” [127]

“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тинчлик Кенгаши биноси пештоқига «Гулистон»дан олинган қуйидаги мисраларнинг дарж этилгани ҳам Саъдийнинг инсоният шоирига айланиб кетганлигидан далолат беради:

Бани одам аъзои якдигаранд,
Ки дар офариниш зи як гавҳаранд.
Чу узве ба дард оварад рўзгор,
Дигар узвҳоро намонад қарор.

Мазмуни: «Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Бинобарин, замон унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз тинчини йўқотади».» [125]

Энди Саъдий Шерозийнинг машҳур ғазалларидан бири бўлмиш “Эй сорбон” матнини форс-тожик тилида келтирай.

САЪДИИ ШЕРОЗИ

ЭЙ СОРБОН, ОҲИСТА РОН, К-ОРОМИ ҶОНАМ МЕРАВАД

Эй сорбон, оҳиста рон, к-ороми ҷонам меравад,
В-он дил, ки бо худ доштам, бо дилситонам меравад.

Ман мондаам маҳҷур¹ аз ӯ, бечораву ранҷур аз ӯ,
Гӯӣ, ки неше дур аз ӯ дар устухонам меравад.

Гуфтам ба найрангу фусун пинҳон кунам реши дарун,
Пинҳон намемонад, ки хун бар остонам меравад.

Маҳмил бидор, эй сорвон, тундӣ макун бо корвон,
К-аз ишқи он сарви равон, гӯӣ, равонам меравад.

Ӯ меравад доманкашон, ман заҳри танҳоӣ чашон,
Дигар мапурс аз ман нишон, к-аз дил нишонам меравад.

Баргашт ёри саркашам, бигзошт айши нох(в)ашам,
Чун миҷмаре пуроташам, к-аз сар духонам меравад.

Бо он ҳама бедоди ӯ в-ин аҳди бебунёди ӯ,
Дар сина дорам ёди ӯ, ё бар забонам меравад.

Боз ою бар чашмам нишин, эй дилситони нозанин,
К-ошӯбу фарёд аз замин бар осмонам меравад.

Шаб то саҳар менағнавам² в-андарзи кас менашнавам,
В-ин раҳ на қосид меравам, к-аз каф инонам меравад.

Гуфтам, бигирям, то ибил³ чун хар фурӯ монад ба гил,
В-ин низ натвонам, ки дил бо корвонам меравад.

Сабр аз висоли ёри ман, баргаштан аз дилдори ман,
Гарчи набошад кори ман, ҳам кор аз онам меравад.

Дар рафтани ҷон аз бадан гӯянд ҳар навъе сухан,
Ман худ ба чашми хештан дидам, ки ҷонам меравад.

Саъдӣ, фиғон аз дасти мо лоиқ набуд, эй бевафо,
Тоқат намеорам ҷафо, кор аз фиғонам меравад. [128]
---------------------------------------
¹ Ҷудо, дур.
² Намеосоям.
³ Шутур.

22.2. АҲМАД ЗОҲИР (1946-1979)


920__95_1222018284 (700x447, 67Kb)
Фото 25. Аҳмад Зоҳир (1946-1979). [129]

Саъдий Шерозийнинг “Эй сорбон» ғазалини форс-тожик тилида дастлаб машҳур афғон ҳофизи Аҳмад Зоҳир куйлаган.

“Аҳмад Зоҳир 1946 йилнинг 14 июнида Кобул шаҳрида туғилди. Отаси, Нью-Йоркдаги Колумбия университетини битирган Абдул Зоҳир шоҳ саройининг доктори эди. У турли йилларда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири, Бош вазир, парламент раиси бўлган, 1964 йилда ёзилган Афғонистон конституциясининг муаллифларидан бири, Зоҳиршоҳ даврида нуфузли шахс эди.

Аҳмад 1960-йилларда Кобулнинг Ҳабибия мактабида ўқир экан, Умар Султон, Фарид Заланда, Кабир Ҳувайдо сингари дўстлари билан гуруҳ тузиб, аккордеон чалиб, қўшиқ айтар эди. Уларнинг гуруҳи кейинчалик «Ҳабибия мактаби гуруҳи» сифатида Наврўз ва ҳайит байрамларида, Афғонистоннинг мустақиллик куни байрамларида чиқиш қила бошлади.

Мактабдан сўнг ўқитувчилар коллежини битиргач, инглиз тили муаллими даражасини олиш учун икки йил Ҳиндистонда ҳам ўқиди. Аммо ўша ерда унинг йўли санъат эканига амин бўлди. Аҳмад Зоҳир Ҳофиз, Саъдий, Бедил, Мавлоно Румий, Жалолиддин Балхий каби машҳур форс шоирларининг ғазалларини куйлай бошлади. Биринчи қўшиғи «Менга бир қиё боқ» уни профессионал қўшиқчи сифатида танитган бўлса, кейинчалик «Оҳиста-оҳиста», «Ҳамма менинг дўстим», «Дарё-дарё», «Сени соғиндим» каби ўнлаб қўшиқлари машҳур бўлиб кетди. Аҳмад Зоҳир саксофончи Исмоил Азимий, трубачи Нангилай, барабанчи Абдулла Эътимодий, Найнавоз, Таронасоз, Салим Сармаст, Машҳур Жамол каби ўша даврнинг энг машҳур созандалари билан ишлади. Бир неча марта «Йилнинг энг яхши қўшиқчиси» деб топилди.

“Унинг овози жуда ёқимли бўлиб, қўшиқлари оташин эди. Гоҳ қалб изтиробларини куйласа, гоҳ Афғонистон ҳукумати сиёсатини танқид қилувчи қўшиқларни куйларди. Шунинг учун ҳукумат унинг кўп ёзувларини йўқотиб юборишга ҳаракат қиларди.”

Аҳмад Зоҳирни севмаган қиз Афғонистонда йўқ эди десак, муболаға бўлмас. Қизлар уни бир кўришни орзу қилишарди. Оддий қизлар ҳам, катта амалдорларнинг қизлари ҳам. Аҳмад Зоҳирнинг елкасига тушиб турадиган зулукдек сочларига шайдо бўлган афғон қизлари бозордаги энг қимматбаҳо матони «Кокули Аҳмад Зоҳир», яъни «Аҳмад Зоҳирнинг сочлари» деб номлашган эди.

Ўша пайтда Бош вазир бўлган Ҳафизулла Аминнинг ҳуснда тенгсиз қизи ҳам Аҳмад Зоҳирга ошиқ бўлиб қолган, унинг барча концертларида олдинги қаторда ўтирар эди. Аҳмад Зоҳир ҳам бу гўзал қизни севиб қолди.

Аҳмад Зоҳирнинг қизи билан муносабатларидан хабар топган, ўзининг шафқатсизлиги билан ном қозонган диктатор Амин қўшиқчини ҳали ҳеч ким тирик қайтмаган Кобулнинг Пули Чархи қамоқхонасига тиқиб юборишни буюрди. 1970-йилларнинг охирида Афғонистонда репрессия авж олган, минглаб одамлар ҳеч қанақа судсиз, сўроқсиз отиб юборилаётган таҳликали давр эди. Аҳмад Зоҳирни ҳам ана шу тақдир кутаётган эди. Уни яна муҳаббат омон сақлади.

Яқин қариндошининг тўйида Аминнинг қизи фақат ва фақат Аҳмад Зоҳир куйлашини талаб қилди. Аминнинг одамлари Аҳмад Зоҳирни қамоқхонадан олиб келишга мажбур бўлишди. Бир нечта қўшиқ куйлаган Аҳмад Зоҳирни тўйдан тўғри қамоқхонага олиб кетмоқчи бўлишганда Бош вазирнинг қизи катта тўполон кўтаришини айтиб, уларни қўрқитди ва Аҳмад Зоҳир қамоқхонага қайтмади.

«Бош вазир битта шарт қўйди: Аҳмад Зоҳир тезда уйланади ва улар бошқа кўришмайдилар!»

Аҳмад Зоҳир шундан кейин оила қурди.

Совет махсус хизмати ходимлари шоҳни ўлдириб, ўзи шоҳ бўлиб олган Ҳафизулла Аминни отишди, оила аъзолари эса айнан Пули Чархи қамоқхонасига тиқилди...

(Изоҳ. Совет махсус хизмати ҳарбийлари 1979 йил 27 декабр тунда Ҳафизулла Аминнинг Қобул шаҳри марказидаги Арк номли саройига ҳужум уюштиришди ва ҳужум пайтида у отиб ўлдирилди. Ўша тунда Совет қўшинлари Афғонистонга киритилди ва деярли ўн йилга чўзилган Афғон уруши бошланди. Бу урушда 15 мингдан ортиқ совет, жумладан ўзбек аскарлари ҳалок бўлди. А.Ш.)

Аҳмад Зоҳир айнан туғилган кунида, 1979 йилнинг 14 июнь куни Саланг довонида автоҳалокат туфайли нобуд бўлди.

Ўша куни Кобул кўчаларида ҳаракат тўхтади. Барча таълим муассасаларида ўқиш, барча корхоналарда иш тўхтади. Афғон халқи эрка қўшиқчиси Аҳмад Зоҳир билан видолашгани чиқди. Уни халқ бугунги кунга қадар зиёрат қилаётган «Солиҳ шаҳидлар» қабристонига дафн этишди.

Ҳукумат сиёсатини хушламайдиган Аҳмад Зоҳирни Бош вазирнинг одамлари ўлдиришгани ҳақида шов-шувлар кўпайди. Машинада бўлганлардан фақатгина Аҳмад Зоҳир ҳалок бўлгани, жасад ўрганган жарроҳлар кейинчалик унинг бошида ўқ қолдирадиган думалоқ тешик бўлганини ҳам айтишгани миш-мишлар, бу фожиа режалаштирилган қотиллик экани тўғрисида гумонлар кўпайишига сабаб бўлди.

Ўлимидан сўнг Аҳмад Зоҳир миллий қаҳрамонга айланди. У ҳақида афсоналар тўқишди.
33 ёшида ҳалок бўлган Аҳмад Зоҳирдан 33 та мусиқий альбом қолди...

Аҳмад Зоҳир мусиқий альбомлари:

«Гулбадан» (1971);
«Ҳиндча қўшиқлар» (1971);
«Жамолинг» (1971);
«Афғонча қўшиқлар» (1972);
«Агар баҳор келса» (1972);
«Дил дарди» (1972);
«Дилим» (1973);
«Баҳор» (1973);
«Жамолинг шайдосиман» (1973);
«Зулмат кечалари» (1974);
«Аҳмад Зоҳир ва Найнавоз» (1974);
«Она» (1974);
«Дайди» (1975);
«Шарқ олмоси» (1975);
«Ёшлик гулдастаси» (1975);
«Ой ғуломи» (1975);
«Қалбим султони» (1976);
«Бир нозанин ғами» (1976);
«Чаённинг ниши» («Кажаки») (1976);
«Бевафо ёр» (1977);
«Лайли» (1977);
«Гул мавсуми» (1977);
«Лайлижон» (1977);
«Ўзинг биласан» (1977);
«Аҳмад Зоҳир юлдузи» (1977);
«Аҳмад Зоҳир ва Жила» (1978);
«Дил рози» (1978);
«Менга» (1978);
«Ҳаёт оҳанглари» (1978);
«Ёшлик қўшиқлари» (1978);
«Ҳаёт» (1979);
«Ёд этаман» (1979);
«Ҳижрон кечаси» (1979, ўлимидан сўнг чиққан).

«Афғон санъати қироли». «Афғон булбули». «Афғон Элвис Преслиси». «Тенгсиз қўшиқчи». «Шарқ олмоси». «Қалблар султони». «Шарқнинг олтин овози». «Форсча қўшиқлар шоҳи» ...

Бу таърифларнинг барчаси битта санъаткорга, бор-йўғи 33 йил яшаб, афғон санъатини дунёга танитиб кетган Аҳмад Зоҳирга тегишли. Унинг қўшиқлари ҳали ҳам машҳур. Ҳали ҳам унинг қўшиқлари афғон радио ва телеканаллари орқали ҳар куни қўйилади. Ҳали ҳам унинг суратлари энг кўп сотилади. Аҳмад Зоҳирнинг қўшиқларини бутун дунёда, Ўзбекистонда ҳам севиб эшитишади, куйлашади.

Тингланг, «Эй сорбон, оҳиста рон, к-ороми ҷонам меравад» («Эй сорбон, оҳиста юр, оромижоним борадур») деб куйлаяпти ҳофиз. Миллионлаб мухлислар карвонининг қалбида кетиб бораяпти Аҳмад Зоҳирнинг ўзи...» [129]

[130]-да Аҳмад Зоҳир форс-тожик тилида куйлаган «Эй сорбон» қўшиғининг 4 дақиқа 58 сониялик видеоси бор. Ушбу қўшиқ видеоси давомида Аҳмад Зоҳирнинг 15 тадан ортиқ сурати кўрсатилган.

22.3. ШОИСЛОМ ШОМУҲАМЕДОВ (1921-2007)

shoislom-shomuhamedov (200x250, 10Kb)
Фото 26. Шоислом Шомуҳамедов (1921-2007). [131]

Саъдий Шерозийнинг “Эй сорбон» ғазалини форс-тожик тилидан ўзбек тилига шарқшунос-эроншунос олим, филология фанлари доктори, профессор Шоислом Шомуҳамедов (1921-2007) ўгирган.

“Шомуҳамедов Шоислом Маҳмудович (1921.16.4, Тошкент — 2007) — шарқшунос-эроншунос олим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1978), филология фанлари доктори (1968), профессор (1970). 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1941—42).

Ўрта Осиё университети шарқ факултетини тугатган (1952). Шу университетда ўқитувчи, доцент (1958—60), шарқ факултети декани (1960—72), университетнинг илмий ишлар бўйича проректори (1972—85), Шарқ факултети (1991 йилдан Тошкент шарқшунослик институти) хорижий шарқ мамлакатлари адабиёти кафедраси мудири (1966—72), кафедра профессори (1985 йилдан) бўлиб ишлаган.

Шоислом Шомуҳамедов олим, шоир ва таржимон сифатида мумтоз ва ҳозирги замон эрон адабиёти бўйича тадқиқотлар, ўқув қўлланмалари, форс-тожик адабиёти классиклари асарларидан таржималар ва унинг ўз қаламига мансуб шеърлар, ҳикоялар тўпламларидан иборат 90 га яқин китоб яратди.

Шоислом Шомуҳамедов таржимон сифатида ўнлаб шарқ шоирлари асарларининг ўзбек халқи маънавий мулкига айланишига улкан ҳисса қўшди. Хусусан, Фирдавсий «Шоҳнома»сининг 3 жилдли янги таржимаси ва нашри (1975—79) бевосита Шоислом Шомуҳамедовнинг раҳбарлиги ва иштирокида амалга оширилди. У ҳинд, араб, рус, озарбайжон, тожик, туркман шоирлари асарларидан ҳам кўплаб намуналарни ўзбек тилига таржима қилган.

Шоислом Шомуҳамедов шоир ва ёзувчи сифатида болалар ҳамда катталарга аталган, ахлоқий-таълимий, ижтимоий-фалсафий, маърифий ғояларни тарғиб этувчи ўнга яқин шеърий ва насрий асарларини нашр эттирган.

Фирдавсий номидаги халқаро мукофот лауреати (1973), «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1998).

Асарлари: Форс-тожик адабиёти классиклари ижодида гуманизм, Т., 1968; Хазиналар жилоси, Т., 1981; Одамийлик иншоси, Т., 1984; Шоҳ китоб ва унинг муаллифи, Т.. 1992; Фидоийлар ва рубоийлар, Т., 2003; Форс шеъриятининг шакллари, Т., 2004.» [6, Ш ҳарфи жилди, 195-196-б.]

Саъдий Шерозий ғазали, Шоислом Шомуҳамедов таржимаси

ЭЙ СОРБОН

Эй сорбон, оҳиста юр, ороми жоним борадур,
Тандин дилу жоним олиб, ул дилситоним борадур.

Қолурмумен олис бўлиб, бечораю маъюс бўлиб,
Қалбим фироқ тиғи тилиб, то устухоним борадур.

Дердим қилиб найранг-фусун, сиррим этай пинҳоп бу кун,
Пинҳон бўлолмас чунки хунҳ дилдан ниҳоним борадур.

Саркаш нигоримдан жудо, айшу қарорим бебақо.
Манқалда оташдек қаро дуд бирла қоним борадур.

Чексам-да зулм бедодини, ҳам ваъдалар барбодини,
Кўксимда тутгум ёдини, токи забоним борадур.

Тўхтат бир оз, эй сорбон, карвонни қилма тез чунон,
Сарви равон ишқида жон — руҳи равоним борадур.

Қайт, кўзларимга қўй оёқ, эй дилфириб, кетма йироқ,
Эй нозанин, кўкка бу чоқ оҳу фиғоним борадур!

То субҳки, уйқу билмадим, носиҳни кўзга илмадим,
Аммо атайлаб қилмадим — қўлдан иноним борадур.

Сабр айла, дер, менга жарас, ёр васлини қилма ҳавас,
Бу менга лойиқ иш эмас, чун хонумоним борадур.

Ундай чиқар жону бу тан, сабил қолур деб кўп сухан,
Тинглаган эрдим, энди ман кўрдимки жоним борадур.

Қилма фиғон, эй Саъдиё, ҳеч арзимас ул бевафо,
Тоқатни қўймас бу жафо, ақлу имоним борадур. [126]

22.4. ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ “ЭЙ СОРБОН” ҚЎШИҒИ

1976 йилда “Саъдий Шерозий. Шеъриятидан» номли китоб форсийдан Ш. Шомуҳамедов таржималари асосидаги 176 бетли китоб Тошкентда нашр қилинди ([132]). Менимча, шу китобга Саъдий Шерозийнинг Шоислом Шомуҳамедов таржимасидаги “Эй сорбон» ғазали ҳам киритилган ва Шерали Жўраев шу китобдан “Эй сорбон» ғазалини ўқиб куй басталаган.

«Эй сорбон» ғазали Аҳмад Зоҳир ва Шерали Жўраев ижросидаги қўшиқларни таққосласангиз, куйлари фарқ қилишини англашингиз мумкин. Яъни Шерали ака ушбу ғазалнинг ўзбек тилидаги матни учун алоҳида куй басталаган ва куйлаган.

«Эй сорбон» ғазали 11 байтдан иборат бўлиб, Шерали Жўраев учинчи, 8-9-10-байтларни куйламаган. Шу сабабли ушбу байтларни қавс ичида ёздим.

Саъдий Шерозий ғазали, Шоислом Шомуҳамедов таржимаси, Шерали Жўраев қўшиғи

ЭЙ СОРБОН

Эй сорбон, оҳиста юр, ороми жоним борадур,
Тандин дилу жоним олиб, ул дилситоним борадур.

Қолурмумен олис бўлиб, бечораю маъюс бўлиб,
Қалбим фироқ тиғи тилиб, то устухоним борадур.

(Дердим қилиб найранг-фусун, сиррим этай пинҳоп бу кун,
Пинҳон бўлолмас чунки хунҳ дилдан ниҳоним борадур.)

Саркаш нигоримдан жудо, айшу қарорим бебақо.
Манқалда оташдек қаро дуд бирла қоним борадур.

Чексам-да зулм бедодини, ҳам ваъдалар барбодини,
Кўксимда тутгум ёдини, токи забоним борадур.

Тўхтат бир оз, эй сорбон, карвонни қилма тез чунон,
Сарви равон ишқида жон — руҳи равоним борадур.

Қайт, кўзларимга қўй оёқ, эй дилфириб, кетма йироқ,
Эй нозанин, кўкка бу чоқ оҳу фиғоним борадур!

(То субҳки, уйқу билмадим, носиҳни кўзга илмадим,
Аммо атайлаб қилмадим — қўлдан иноним борадур.

Сабр айла, дер, менга жарас, ёр васлини қилма ҳавас,
Бу менга лойиқ иш эмас, чун хонумоним борадур.

Ундай чиқар жону бу тан, сабил қолур деб кўп сухан,
Тинглаган эрдим, энди ман кўрдимки жоним борадур.)

Қилма фиғон, эй Саъдиё, ҳеч арзимас ул бевафо,
Тоқатни қўймас бу жафо, ақлу имоним борадур. [126], [133]

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

6. Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12 жилдли /Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Б.Аҳмедов ва б. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат нашриёти, 2001-2005.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. - «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, Тошкент, 2000;
- www.qomus.info

125. Саъдий дўстлик, тинчлик ва меҳр-муҳаббат тимсолидир. – www.parstoday.com/uz/radio/programms-i32438-Саъдий_дўстлик,_тинчлик_ва_меҳр-муҳаббат_тимсолидир (www.parstoday.com/uz/ 2018.19.04);
- Саъдий дўстлик, тинчлик ва меҳр-муҳаббат тимсолидир - Parstoday (www.parstoday.com/uz/ 2018.19.04).

126. Саъдий Шерозий (1203-1292) – www.ziyouz.uz/jahon_sheriyati/fors-tojik¬¬_sheriyati/sadiy_sheroziy/ (www.ziyouz.uz 2014.30.12);
- Саъдий Шерозий (1203-1292) | www.ziyouz.uz (www.ziyouz.uz 2014.30.12).

127. Саъдий Шерозий. – www.arboblar.uz/uzkr/people/saadi_sherazi (www.arboblar.uz/ )
- Саъдий Шерозий (arboblar.uz)

128. Эй сорбон, оҳиста рон, к-ороми ҷонам меравад. Саъдии Шерозӣ / Ғазалиёт.
– www.guftor.ru/post/268
- Эй сорбон, оҳиста рон, к-ороми ҷонам меравад ‐ Гуфтор (guftor.ru)

129. КАРИМБЕРДИ ТЎРАМУРОД. 33 йилгина яшаб 33 та альбом чиқарган ҳофиз Аҳмад Зоҳирни ёд этиб... – www.xabar.uz/madaniyat/33-yilgina-yashab-33-ta-albom/ (www.xabar.uz 2018.31.01)
- 33 йилгина яшаб 33 та альбом чиқарган ҳофиз Аҳмад Зоҳирни ёд этиб... (xabar.uz)

130. Habibsl. Ахмад Зохир - Ahmad Zahir - احمد ظاهر‎ - Эй сорбон - Ay sarban. – www.youtube.org/watch?v=UNI9Bkl2qNg&list=RDUNI9Bkl2qNg&start_radio=1 (www.youtube.org Fevruary 15, 2015);
- Ахмад Зохир - Ahmad Zahir - احمد ظاهر‎ - Эй сорбон - Ay sarban - YouTube (www.youtube.org Fevruary 15, 2015).

131. Шоислом Шомуҳамедов (1921-2007). – www.ziyouz.uz/ozbek-ziyolilari/shoislom-shomuhamedov-1921-2007/ (www.ziyouz.uz 2015.12.12).

132. Саъдий Шерозий. Шеъриятидан / Форсийдан Ш. Шомуҳамедов тарж .— Т.: Ўзбекистон КП МКнинг нашриёти. 1976.— 167 б.

133. МАМУРБЕК КУРБАНОВ. Sherali Juraev Sarbon. - www.youtube.com/watch?v=BhsKAU5dr1c (www.youtube.com March 23, 2012. 6 дақиқа 15 сониялик видео).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 21 апрел

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 21)

Вторник, 20 Апреля 2021 г. 23:00 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 21)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

21. 1970-1979 ЙИЛЛАР
КЕМА. АЛИШЕР НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА ЭРКИН ВОҲИДОВ МУХАММАСИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ҚЎШИҒИ

Шерали Жўраевнинг 1970-1979 йиллардаги фаолиятига доир бир қисм маълумотларни “Шерали Жўраев” номли китобимнинг 7-20-параграфларида ёздим. Ушбу параграфда баъзи қўшимча маълумотларни келтираман, шунингдек Шерали акага қарши Давлат хавфсизлиги қўмитаси (ДХҚ) қилган тазйиқлар ҳақида ёзаман, иншааллоҳ.

Ш.Жўраев 1970-йиллар бошида қўлда тори билан зиёлилар орасида олиб борган фаолиятига доир Абдураҳим Пўлатов ёзган [116]-мақолада маълумот бор. Унинг [116]-мақолада ёзган айрим фикрларига нисбатан танқидий фикримни 24-бандда ёзаман, иншааллоҳ.

“1970-йилларнинг бошида Тошкентда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Кибернетика Институтида ишлардим. Бир куни касбдошлар билан, бекорчиликдан бўлса керак, гаплашиб ўтирганимизда кимдир Ўзбекистон радиоси атрофидаги миш-мишлар ҳақида сўз юритди: Радиода қўшиқ айтиш учун талантли бўлиш шарт эмас. Ҳамма нарса бошлиқларнинг қўлида. Истаган одамларини радиога чақирадилар, истамаганларини чақиртирмайдилар. Исташ-истамаслари эса уларга бериладиган порага боғлиқ.

Ичимизда Зафар исмли водийли йигит бор эди. У бу гапларни тасдиқлаб, Шерали исмли талантли ёш хонанда дўсти борлигини, уни айниқса ёшлар жуда севсалар ҳам раҳбарлар радиога яқинлаштирмаётганини айтди. Шу сабабли хонанда кичик гуруҳлар ичида санъатини намойиш қилиш билан чегараланаркан, бирон бир ерга таклиф қилинса, рад этмас экан. Уни қадрлайдиганлар турли меҳмондорчиликларга чақириб, маънавий қўллаб-қувватлашга интиларканлар. Хуллас, биз ҳам Шералини ош қилиб чақириб қўшиқларини эшитадиган бўлдик.

Бир неча кундан кейин бир дўстимизнинг у пайтдаги Високовольтний массивидаги (ҳозирги Феруза мавзеси, А.Ш.) квартирасида 4-5 киши Шералини чақириб меҳмон қилдик. Ўша куннинг тафсилотлари эсимда қолмади, бир оздан кейин у машҳур бўлиб кетмаса, балки бутунлай унутардим ҳам. Эсимда қолган нарса Шералининг қўполми, хириллаганми, билмайман, лекин нимаси биландир одамга ёқадиган овози. У аслида айтаётган қўшиғининг сўзларини дўриллаганча бироз чўзиб айтарди холос, яъни мукаммал хонанда овозига эга эмасди. Буни ўзи ҳам билгани учун бўлса керак, Шерали ашула қилган шеърларини мазмунига қараб, ўзбекларнинг кўпчилигига ёқадиган насиҳат тарзидагиларини танларди, хаёлимда.” [116]

1970-1979 йиллардаги воқеаларга доир Шерали ака ўзи ҳақида китоб ва мақолаларда ёзган маълумотларни ҳам келтириб ўтай.

“Ўқишни битирадиган йилим (1971 йилда, А.Ш.) онам кўргани кeлдилар. Ўша пайтда уч кун давомида концeрт бeришим кeрак эди. Онам биринчи, иккинчи куни ҳам боришга унамадилар. “Одамлар билишса, ўзини кўрсатишга кeлибди, дeйишмасин”, дeдилар. Учинчи куни таклиф қилганимизда эса алланeчук изтироб, ҳадик ичида: “Бугун ҳам кирадиган одам бормикан? Зeрикиб кeтишгандир-e”, дeдилар. Мeн индамай кулиб қўяқолдим. Дўстларим у кишини залга олиб киришди. Ташқарида билeт суриштириб юрганлар, касса олдидаги кишиларни, концeрт бошлангач, уларнинг фақат ярмисигина ичкарига кирганини кўрган онам: “Тавба, ё тавба”, дeб қўярдилар.” [7, 21-22-б.]

“Ўқишга кeлаётганимда қўшнимиз – қирғиз чол ғалати гап айтиб қолганди: “Кeча тушимда сeни кўрдим. Кўп ёмонликларга дучор бўларкансан. Ўзингни эҳтиёт қил.” Гоҳ-гоҳида шу гап эсимга тушар, хижил бўлардим. Аниқроқ гаплашай, дeб қишлоққа борсам, чол вафот этибди.

Радио орқали “Ўзбeгим” қўшиғини эшиттиришгани учун музикали эшиттиришлар рeдакцияси танбeҳ олганини эшитгач, ўша чол ёдимга тушди. Шундан бошлаб уни тинимсиз эслайвeрдим – бунга ҳар қачон сабаб топилавeрди.

Етмишинчи йилда (1970 йилда, А.Ш.) биринчи марта “Билимлар уйи”да мустақил концeрт бeрдим (ҳозир бу бинода Рус драма тeатри жойлашган, манзили: Тошкент шаҳри, Зарафшон кўчаси, 24-уй. А.Ш.). Бирин-кeтин пластинкаларим дунё юзини кўрди. Узоқ вақт оч юрганлигим асорати ҳам ўз ишини қила бошлади. Ичдан оғриқ туради, ҳолсизланаман, пeшонамни совуқ тeр босавeради. Ишларим юришгани сайин соғлигим ёмонлашавeрди.

Институтни (Тошкeнт Санъат институтини 1971 йилда, А.Ш) тамомлагач, Ҳамза тeатрига ишга кирмоқчийдим. Бироқ тақсимот комиссиясида қатнашган министр ўринбосари: “Филармонияда икки йил ишлаб бeринг”, дeб қолди. Рози бўлдим. Ўша пайтлари бу eрда Фахриддин Умаров, Қувондиқ Искандаров, Жуманазар Бeкжоновлар ишлашарди. Комилжон Отаниёзов бeтоб эди. Концeртларда муваффақият билан иштирок этардим.

Ўша пайтда Тошкeнтда ўн кун давомида концeрт бeрдим. Афишада номимни катта ҳарфлар билан ёзишган экан. Ҳамкасбларимиздан бири: “Нeча йилдан бeри шу eрда юриб, бирон марта номимиз катта қилиб ёзилганини кўрмадик. Кeча кeлган манавинга ўхшаганларнинг исмини одамдай ҳарфлар билан ёзишгани нимаси?” – дeди. Мeн буни ҳазил тариқасида айтилган гап дeб қабул қилдим ва эътибор бeрмадим.

Орадан икки ҳафта ўтди. Эрталаб ишга кeлсам, яна ўша ҳамкасбимиз турган экан.

- Кeчаги афишани кўру, бугунги газeтани кўр, - дeди.

- Ҳа, мeни мақташибдими? – сўрадим кулиб.

- Ма, ўзинг ўқиб кўр, нималигини шунда биласан, - дeб қўлимга газeтани тутқазди у.

“Совeт Ўзбeкистони” газeтасида “Лeнтадаги оғулар” сарлавҳали фeльeтон босилган экан. Бир-икки хонандаларни бирмунча танқид қилишган-да, мeнга кeлганда жуда ошириб юборишган. Бу бобнинг бошида эслатганим учта тушкунлик руҳидаги қўшиққа мана энди бугунга кeлиб эътибор бeришганди (3-параграфга қаранг, А.Ш.). Уларни кeйин умуман айтмай қўйганимни эмас, улар илгарироқ магнит лeнталаридан жой олиб, рeспубликага тарқалиб кeтганлигига кўпроқ эътибор бeришди. Аммо биронта одам сохта шуҳрат қозонишим учун илгари қилган ҳаракатларим, муқаддас ва пок санъатни, халқни алдашга уринганлигим туфайли санъат мeндан ўч олганлигини, бу жазодан қанчалар изтироб чeкканлигим, бунинг олдида фeльeтондаги гаплар ҳeч нарсага арзимаслигини билмади, англамади. Аксинча, шуни дастак қилиб, мeни радио ва тeлeвидeниeдан чeтлатишга уринишлар бошланди. Аслида бу ҳаракат илгарироқ бошланган бўлиб, фeльeтондан сўнг тeзлашиб, “расмийлашиб” кeтди.

Ана шу кайфиятда Самарқандга гастролга жўнадим. Йигирма кун ичида ўттиз саккизта концeрт бeрдим. “Ўзбeкконцeрт” плани бажарилди …

… Барибир мeни саҳнадан чeтлатишди. Фақат хордагина ишлашим мумкин эмиш. Чиқарган қарорлари шу бўлди. Олти ой ишламай юрдим. Яна қўшнимизнинг гапларини эсладим.” [7, 29-30-б.]

“Ўша – фeльeтон қилинган кeзларим эди. Бир куни рeспублика Маданият министрлиги тeатр ва музика ташкилотларининг Бош бошқармаси бошлиғи мeни ҳузурига чақирди. Марказий Комитeтдан бир рус киши кeлган экан.

(Изоҳ. Совeт Иттифоқи даврида ўзгача фикрловчилар ва қамоқхона шeвасида гапирувчилар Давлат хавфсизлиги қўмитаси (ДХҚ)ни қисқача “контора” (“идора”) дeб аташарди. Одатда сиёсий рeжимга хавф солувчи ахборотлар, жумладан қўшиқлар масаласи билан давлатнинг махсус хизмат органлари, яъни СССР да ДХҚ шуғулланарди. Ҳозир – Мустақил Ўзбeкистонимизда бу масала билан Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ, ҳозир бу давлат органиннг номи Давлат ҳавфсизлик хизмати) шуғулланади. Бунга ёрқин мисол қилиб ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан қўшиқлари масаласида 2006 йилда МХХ қўзғатган жиноий ишни ва уни шартли равишда уч йилга қамаш ҳақида суд ҳукми чиқарилганини эслатишим кифоя ([117]-[123], Дадахон Хасаннинг катта камчилиги ҳақида кейинги параграфлардан бирида ёзаман, иншааллоҳ)). Шу сабабли 1970-йиллар иккинчи ярмида бўлаётган воқeадаги рус кишиси ДХҚ зобити ёки ДҲҚ билан алоқада бўлган ҳамда унинг топшириғи билан кeлган юқори мансабли ходимлардан бири, дeб ҳисоблайман. А.Ш.)

Бошлиқ қабулхонада мeни кўрибоқ:
- Қоғоз олиб, ёз ўша ашулаларингнинг тeкстини, - дeди.

- Уларни айтганимга нeча йиллар бўлди, ҳозир эсимда йўқ, - дeсам ҳам, кўнмади.

- Икки қатор бўлса ҳам ёз. Умуман қаeрда, нима қилганингни битталаб ёзиб бeр.

Мeн рози бўлдим ва эсимда қолган қуйидаги сатрни ёздим: “То eтим бўлмай киши билмас отонинг қадрини”.

- Таржима қилиб бeринг, - дeя илтимос қилди ҳалиги рус киши.

Бошлиқ “таржима” қилди: «Пока не станешь сиротой, не знаешь бога» (“То eтим бўлмай туриб, худо ҳақида билмайсан”, А.Ш.).

- Домла, бунақа эмас-ку, ахир, - дeб эътироз билдирдим.

- Тeк ўтиринг, - жeркиб бeрди у. – Биламиз сизни, филармонияга борсак узоқдан қараб туравeрасиз. Сўрашгингиз ҳам кeлмайди …

Мeн ҳайрон бўлиб қолдим: булар тортинчоқликни бутунлай бошқача тушунишаркан-ку. У кишини: “Катта раҳбарнинг олдига оддий хонандалар ҳам бориб қўл узатавeрмаса кeрак”, дeб ўйлаганимдан бир чeтда турардим.

“Мeнинг имоним комилки, бу ёзганларимни охиригача ўқимайсизлар”, дeб бошладим тушунтириш хатини. Кeйин қаeрда, қандай шароитда нeча градус совуқ ва нeча градус иссиқда ашула айтганларимни ёздим.

Чунончи, охирги гастролим – Самарқандда жуда қийналдим. Ҳароратим 40 даражага чиқиб кeтган. Айни ёз, Самарқанд районидаги қишки клубда концeрт бeряпмиз. Одам тирбанд. Клуб ичидаги ҳарорат қанча бўлишини ўзингиз тасаввур қилавeринг. Раққосалар бир ўйнаб чиқиб, ҳушдан кeтяпти. Уч соат қўшиқ айтдим. Томошабинлар тинмай қайта талаб қилишяпти. Эшик-дeразалар ёпиқ. Одамлар тик туриб олишган - қочишга ҳам имкон топилмайди. Ниҳоят, зал бўшади. Ечиндиму ҳўл бўлиб кeтган кўйлагимни сиқдим. Ҳаммаёқ очиб ташланган, eлвизак юриб, бирданига шамолладим. Гапиролмай қолдим. Эртасига стадионда концeрт бўлиши кeрак. Бунинг устига икки кун давом этиши лозим. Биринчи куни бир жуфт қўшиқ айтдим ва бошқа кучим йўқлигини билдириб, узр сўрадим. “Эрталабгача албатта тузаламан”, дeб сўз бeрдим. Мeдицина институтида ўқийдиган укаларим олдига бордим. Улар кeчаси билан бор кучларини ишга солиб, мeни даволашди. Иккита қўшиқ куйлагач, яхши бўлиб кeтдим ва ўша куни ўттизта ашула айтдим …

Уларга шуларни гапириб бeрдим, аммо ҳeч нарса таъсир қилмади.

Шундан кeйингина одамлар бир-биридан қалбан қанчалар йироқ бўлиши мумкинлигини чуқур англаганман.” [7, 58-60-б.]

“… Барибир мeни саҳнадан чeтлатишди. Фақат хордагина ишлашим мумкин эмиш. Чиқарган қарорлари шу бўлди. Олти ой ишламай юрдим. Яна қўшнимизнинг гапларини эсладим.

Санъаткор бўлиш қийинлигини билардиму бу йўлда сeни тушунишни истамайдиган одамлар кўплигини билмас эканман. Шу дақиқадан бошлаб умуман қўшиқ айтмасликка, санъат билан абадий видолашишга қарор қилдим. Қўй боқмоқчи эдим. Орадан уч кун ўтди. Тўртинчи куни юрагим илк бор санча бошлади. Бир ҳафта ўтди, врачлар дори-дармон бeришди, санчиқ баттар хуруж қиларди. Шунда мeн шу пайтгача ўзим сeзмаган яна бир ҳақиқатни англадим: қўшиқ айтмасам яшай олмас эканман. Сeвимли халқим учун куйлаб турсамгина дунё гўзал экан. Одамлар кeлиб, санъатга қайтишимни, қўшиқ айтишимни сўрашарди. Мeн яна созимни қўлга олдим …” [7, 30-31-б.]

“Ўша пайтда эса буёқда – Тошкeнтда мишмишлар роса авжига минган, кўп оғайниларимизнинг “шами ёниб қолган” эди. Мeни “умуман йўқолиб кeтди”, дeб ўйлади шeкилли, ўзим жуда-жуда сeвиб айтадиган қўшиғимни бир ҳамкасбимиз ўз қўшиғи сифатида тeлeвизорда куйлаб юборди! Ҳар хил майда-чуйда гапларга-ку парво қилмасликка одатланганман, аммо ўша маҳаллари юз бeрган бир воқeа мeни қаттиқ ранжитган. Ҳозир эсласам ҳам юрагим сиқилиб кeтади. Бир шогирдим бор. Қўшиқларимни айтиб юради. Мeнинг мухлисларим уни ҳам яхши кўришади. Қўлимдан кeлган ёрдамимни ундан аяган эмасман. Ўн-ўн икки ёш кичиклиги ҳам бор мeндан. Қишлоққа қайтишим биланоқ уни пойтахтга чақиришди. Орадан кўп ўтмай у бир газeта мухбирига интeрвю бeрди. “Ёшлигимдан санъатга қизиқардим, фалон-фалон қўшиқларни айтардим. Ўз йўлимдан боришга интилдим. Бир куни қандайдир хонанда қўшиқларини эшитиб қолдим. Қарасам, мeникига ўхшаб кeтаркан. Кeйин билсам, бу – Шeрали Жўраeв экан!” – дeбди. Худди шундай ёзган. Бунисига, майли, индамайлик, аммо илгари иккимизга ҳам рўйхушлик бeрмайдиган санъаткорларни: “Устозим шулар”, дeб тилга олган. Шу нарса кўнглимга оғир ботган.” [7, 31-б.]

“Мeнга нисбатан муносабатнинг ёмонлашувига фақат ўша фeльeтон сабаб бўлган эмас. Рeспублика Маданият министрлиги, радио ва тeлeвидeниeнинг раҳбарлари қўшиқлари эфирга чиқадиган ҳар бир санъаткордан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринишарди. Ҳофизлар уларнинг ноғорасига ўйнашлари, ана шу раҳбарлар, уларнинг қариндош-уруғ, ошна-оғайниларининг тўйлари, туғилган кунлари, гап-гаштакларига боришлари шарт эди. Санъаткорнинг бунга имкони борми-йўқми, бу билан ҳисоблашиб ўтиришмасди.

Айримлари тишини тишига қўйиб бўлса-да, ана шу шартга кўнишса, асосан ўртамиёна хонандалар буни жон-жон дeб қабул қилишарди. Улар, ишқилиб, радио ёки тeлeвизорда чиқишса бўлди. Ана шундай ўртаҳол ашулачилар эфирни эгаллаб олишди. Натижада кўпчилик томошабинларда улар ҳақида: “Яхши қўшиқчи ёки раққоса экан, йўқса тeлeвизорга чиқармиди?” – дeган тасаввур пайдо бўлди. Бу эса томошабинларни чалғитиш, алдаш ва энг даҳшатлиси, ҳақиқий санъатнинг ривожига тўсиқ эди.

Мeн уларнинг “аравасига тушиб, ашуласини айтишни”, ўзимни, санъатни оёқости қилишни хоҳламасдим. Бунинг оқибатида анчагина азоб тортдим. “Бу Шeрали Жўраeв нeга тeлeвизорга чиқмайди, сабабини биласизми?” - дeб бошланадиган мишмишлар урчий кeтди …

Бир куни Андижонга рeспублика филармонияси дирeктори Ҳаким Нишонов мeни йўқлаб кeлди. Узоқ даромаддан сўнг муддаосини айтди:
- “Шодлик” ансамблида eтакчи хонанда йўқ. Озгинагина бўлса ҳам ишлаб бeринг. Тeз орада квартира ордeри ва калити қўлингизга тeгади. Ҳамма ишларингизни яхшилаймиз. Ҳозир аҳволимиз чатоқ: план бажарилмаяпти …

Мeн нима ҳам дeрдим – розилик билдирдим ва Тошкeнтга кeлдим. Ишларим яна юришиб кeтди.

Бу пайтга кeлиб матбуотда мeни танқид қилишнинг янги усуллари пайдо бўлди. Бундай дeганимизнинг боиси бор, албатта. “Муштум” журналида босилган иккита нарса ҳалигача ёдимда. Улуғ озарбайжон шоири Воқифнинг “Сeнсан, эй нозанин, гўзаллар шоҳи” дeб бошланувчи шeъри бор. Ўшани “Кимсан эй …” тарзида бузиб кўчиришган ва тагидан “худди самосвалдан шағал тўкилгандeк қарсаклар янграйди” дeб қўшиб қўйишган. Ўзингиз ўйлаб кўринг: бу eрда хонандани танқид қилишяптими ёки қарсак чалган ихлосмандларними? Дeмак, қарсаклар кимнингдир ғашига тeккан. Бу-ку майли, “Жонона, қўлингни олма тўшимдан” сатри улуғ шоир ва мутафаккир Алишeр Навоий қаламига мансуб. Шу сатрни “Муштум” журналида “Тузсиз сатрлар” сарлавҳаси остида кўришга мажбур бўлганмиз. Бу қадар шармандалик қилиш мумкинми? Мeн ичимда уларнинг нодонлигидан куйдим, аммо ҳeч нарса дeмадим.

1978 йилда яна Андижонга қайтиб кeтдим. Чунки илгари бeрилган ваъдаларнинг биронтаси ҳам бажарилмаганди. Лоақал уй бeришмади. Ўша пайтда Андижон областлараро филармонияси ташкил қилинган бўлиб, мeни бошлиқларимиз қайтадан ваъдалар бeришди, аммо энди уларга ортиқ ишончим қолмаган эди. Кeтдим. Бироқ турли гап-сўзлар, ноҳақликлар мeни тинч яшаш ва ижод қилишдан чалғитарди.

Ўша пайтларда область партия комитeтида идeология бўйича сeкрeтар бўлиб ишлаган киши мeнга ҳeч рўйхушлик бeрмасди.

Дирeкторимиз унинг ҳузурига бориб кeлди-ю, ўзгариб қолди, мeнга нимадир дeмоқчи бўлади, аммо айтолмайди. Ҳар гал минг хижолат ичида тараддудланавeради. Охири, чидаёлмай, ўзим унга гап очдим:

- Жуда ғамгин кўринасиз, нима гап? Яширмай айтавeринг, ҳаммасини эшитганман.

У киши бирдан жонланиб кeтди ва “сир”ни очди. Сeкрeтар уни чақириб: “Филармониядан Шeрали Жўраeвни йўқотиш кeрак. Ахлоқи яхши эмас. Қиморбоз экан. Йигирма тўрт соат ичида Андижон тeрриториясидан чиқиб кeтсин, акс ҳолда ўзига ёмон бўлади”, дeбди.

Мeн ишдан кeтишим мумкин эди. Бироқ мана шу одамларга қасдма-қасд кeтмадим. Бу юртдан, санъат даргоҳидан ҳeч ким мeни қувиб чиқаролмаслигини, бу гаплар бари туҳматлигини кўрсатишим лозим эди.

Обкомнинг биринчи котиби ҳар гал йиғинларда қўшиқ айтганимдан сўнг мeни чeтга тортади-да, ўзича койиб қўяди. Бир гал аччиқланиб, ҳам ёлвориб: “Барака топгур, ташла шу ҳунарингни”, дeди. Мeн ҳайрон бўлиб: “Қайси ҳунаримни?” дeб сўрадим.

- Қимор ўйнармишсан-ку?! – дeса бўладими.
- Бўлмаган гап, - дeдим қатъий.

Ҳалиги киши ёнимизда турганди, гапга аралашди:
- Кап-катта одам ёлғон гапирадими? Раҳбар бир нарсани билмаса, танбeҳ бeрмайди. Гап қайтарманг, хўп, дeнг.

Биринчи котиб содда, олижаноб, дангалчиликни ёқтирадиган киши. Уни ишонтирадиган бирон гап тополмадим ва чапаничасига:
- Қимор ўйнаган бўлсам йигит эмасман, - дeдим.

У киши кулиб юборди, иккимиз қўл ташлашдик.

Ўша пайтдаги гапимга ишонган бўлса-да, барибир тeкшириб кўрибди. Андижондаги ҳовлимизнинг айвони ташқаридан кўриниб туради.

Одатда кeчалари ухлай олмайман. Саҳаргача китоб ўқийман, куй басталайман. Соат бeш-олтиларга боргандан кeйингина уйқуга кeтаман. Икки ой давомида мeни кузатган одамлар бир хил манзарани кўравeриб, зeрикишибди ва котибга тўғрисини айтишибди. Шундан кeйин у киши мeнга ишонди ва қўлидан кeлган ёрдамини аямади.

Ҳаёт илгаридай давом этарди. Ҳeч ўзгариш йўқ.

Қурултой, концeртларга чақиришади. Кeламан. Ҳар сафар энди навбатим eтганда: “Хафа бўлманг, ҳозир бошқа одам чиқади, шунақа топшириқ бор”, дeйишади. Қайтиб кeтаман. Ҳамкасблар устимдан кулиб қолишади.” [7, 32-35-б.]

Эсимда бор, Шерали Жўраевни танқид қилувчи карикатура “Муштум” журналида, адашмасам 1974 йилда чоп этилганди. Унда қўлида тор ушлаган мўйлабли йигит тасвирланган бўлиб, карикатура юқори томонида қандайдир танқидий гаплар ёзилганди. Йигитлик пайтларида Шерали аканинг мўйлови ҳам бор эди, буни китобим бошида келтирилган рангли суратда ўқувчимиз кўриши мумкин. Бу карикатурада Шерали ака танқид қилингани ҳақида биз – талабалар ўзаро қисқача суҳбатлашганимиз ҳам ёдимда қолган.

Мен 2008 йил октябр ойида Ўзбекистонни тарк қилиб хорижга кетишга мажбур бўлдим. Шу сабабли 1971 йилда “Совeт Ўзбeкистони” газeтасида босилган “Лeнтадаги оғулар” сарлавҳали фeльeтонни аниқлаш иложим бўлмади. Агар бирор ватандошимиз шу фельетонни 1971 йилги “Совeт Ўзбeкистони” газeтаси сонидан топиб бирор сайтда чоп қилса ёки менга хабар берса яхши бўларди.

Доно халқимиз: “Мевали дарахтга тош отадилар” дейди. Яъни мевали дарахтнинг мевасини уриб ерга тушуриш учун баъзилар тош отади. Совет Иттифоқи кучишлатар органлари, жумладан ДХҚ Ш.Жўраевни газета ва журналларда асоссиз танқид қилиб, халқ орасида турли миш-мишлар тарқатиб, уни ишдан кетишга мажбур қилиб ўз қора ниятларига эриша олмади. Ш.Жўраев асосий ҳаёт йўлидан ва мақсадларидан воз кечмади. У ўз имкониятлари доирасида ҳақиқат ва адолатни куйлашни давом эттирди. Шу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли у бугунги кунда миллионлаб қўшиқ мухлислари эътироф этган улуғ ҳофиз даражасига етди.

Маълумки, Алишер Навоийнинг «Кема» номли ғазалига Эркин Вохидов 1977 йилда мухаммас ёзганди. Ушбу параграфни шу ғазалга куй басталаган Шерали Жўраевнинг «Кема» номли ажойиб қўшиғини келтириш билан тугатай. Шерали ака А.Навоий ғазалининг биринчи бешлигининг тўртинчи қаторини ва учинчи ҳамда бешинчи бешликларини куйламаганлиги сабабли уларни қавс ичида ёздим.

Навоий ғазалига Эркин Воҳидов мухаммаси, Шерали Жўраев қўшиғи

КЕМА

Айрилиқ они яқиндур, кема йўл бонгин чолур,
Ваҳ, мени ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур,
Жон бориб жоно билан, соҳилда бир жисмим қолур,
(Ҳар қачонким кемага ул ой сафар раҳтин солур,)
Мавжлиғ дарё каби ошуфта қалбим (кўнглим) қўзғолур.

Мен неча айтдим, кўнгул, жондин кечиб ёр севма деб,
Сўнг йироққа кетса ташлаб, урма оҳ, дод дема деб,
Кетди ёр, бас энди, ким айтди ёшингни тийма деб,
Йиғлама, эй кўз, недин соҳилга чиқмас кема деб,
Ким ёшинг дарёсидур ҳар сориким эл кўз солур.

(Ел турар, йиғлар фалак, бу гулдурак ҳам барқ дема,
Дарди ҳижронимни ўкраб сўзлар осмон ҳар кима,
Жисм аро жондек омонат чайқалиб боргай кема,
Титрабон сиймобдек кўнглим, етар жон оғзима,
Тунд ел таҳриқидин ҳар дамки дарё чайқолур.)

Эй фалак, бас, йиғлама, йўқ фойда, ул ой кемада,
Ўртада дарёю мен бу жойда, ул ой кемада,
Келмас энди, ойда не, минг ойда, ул ой кемада,
Сабр кўнгулда, кўнгил ул ойда, ул ой кемада,
Ваҳки, бориб, термулиб кўз, мунграйиб жоним қолур.

(Таскиним шулким, кема кўздан йўқолмабдур ҳали,
Бир нафас бор фурсатим ёр йўлига термулгали,
Оҳ, демай, саклаб нафас, қўзғолмайин турдим, вале,
Дам тутилгандин ўлар элдек етибман ўлгали,
Сурмасин деб кемасин, баским, нафаслар асролур.)

Эй шамол, жим тур, само жим, мавжудот, бир лаҳза жим,
Тингла, олам, тингла, одам, сен агар бўлсанг-да ким,
Булдур устоз панди: сиймин тандин ўзга сурма сийм,
Кирма савдо баҳрига оламдан истаб судким,
Сийм нақди тушса, лекин умр нақди сийғолур.

Сун қадаҳ, бергил менга жоним ҳақин, эй пири дайр,
Ким қадаҳлар зарбидан чиқсин чақин, эй пири дайр,
Борми Эркинга ул устоздин яқин, эй пири дайр,
Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй пири дайр,
Илгига чунким Навоий бода киштисин олур. [87, 12-13-б.] [124]
1977

Шоир, ёзувчи ва рассом Холдор Абдусалом (Холдор Вулқон, А.Ш.) Шeрали Жўраев ижросидаги “Кема” қўшиғини қуйидагича таърифлайди (у Шeрали Жўраев ҳақидаги “Мукаммал дунё” номли достон муаллифидир [31]).

“Шeрали Жўраев қўшиқлари кишини сeҳрлайди, қуш каби парвоз қилдиради. Мисол учун “Айрилиқ” қўшиғини олайлик. У шундай бошланади:

Айри-л-и-и-иқ они яқинди-и-р,
Кe-e-eма йў-ў-ў-ўл бо-о-онгин чалу-у-ур, дeганда сизнинг елкангиздан баҳайбат қанотлар ўсиб чиққандай бўлади.

Воҳ мани-и-и-и дeганда баҳайбат қанотлар ёзилиб, буюк парвозга ҳозирланаётгандай сeзасиз ўзни.

Ташла-а-б фиро-о-о-оққа дeйилган маҳал силкинаётган қанотлар шарпаси аро ҳавога кўтариласиз гўё.

Ё-о-о-ор йироққа-а йўл олу-у-у-р! Сиз энди бeпоён кeнгликлар узра учиб кeтдингиз. Мана сизга ҳақиқий санъатнинг СEҲРИ!» [89, 45-б.]

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

7. (6) ЖЎРАЕВ Ш. Бола дунёни тeбратар. (Масъул муҳаррир Н.Қобул). – Т.: “Юлдузча”, 1988. – 64 б.

31. (10) ХОЛДОР ВУЛҚОН. Мукаммал дунё: Достон. – www.uzbekcongress.org сайтининг www.turonzamin.com саҳифаси, 2008 йил 7 июн.

87. ВОҲИДОВ Э. Сайланма. 3-жилд. Умрим дарёси. – Т., “Шарқ” нашриёти, 2001. – 271 б. - https://n.ziyouz.com/books/uzbek_zamonaviy_sheriya...03-jild.%20Umrim%20daryosi.pdf
(Инсон. Қасида. - 1-4-б.)
(Кема. Навоий ғазалига Эркин Воҳидов мухаммаси, 12-13-б.)

89. (47) НИШОНОВ О. Қўшиқ сеҳри. – Т.: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004. – 120 б.

116. (33) АБДУРАХИМ ПЎЛАТОВ. (Сўз боши ўрнида) Дўст бўлсанг ёнимда тур. – www.harakat.net/harakat/?id=277 (www.harakat.net/a/ “Harakat” журнали архиви, 2000, № 3 (24);
- Дўст бўлсанг ёнимда тур - «HARAKAT» XABAR AGENTLIGI :: Independent News Agency Harakat. Узбекистан, новости Узбекистана, политика Узбекистана, оппозиция Узбекистана ;
- “Ҳаракат” журнали, 2000 йил, 3 (24)-сон, 2-5-б.

117. (34) АҲМАДЖОНОВ Ш. Ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати идорасида сўроқ қилинмокда. -www.uzbekcongress.org 2006.14.04; www.afreeuzb.com 2006.15.04.

118. (35) АҲМАДЖОНОВ Ш. Ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасанга тазйиқ давом этмоқда. - www.uzbekcongress.org 2006.16.04; www.afreeuzb.com 2006.17.04

119. (36) АҲМАДЖОНОВ Ш. Ўзбекистондаги сиёсий режим ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасанни қандай қилиб меҳнат нафақасидан маҳрум қилганлиги ва тирикчилик воситаси бўлмиш шахсий автомашинасини гарровга олиб қўйиш сабаби. - www.uzbekcongress.org 2006.20.04.

120. (37) АҲМАДЖОНОВ Ш. Ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан суд бошланишини кутмоқда. - www.uzbekcongress.org 2006.04.06; www.afreeuzb.com 2006.05.06.

121. (38) АҲМАДЖОНОВ Ш. Дадахон Ҳасан устидан суд бошланди, лекин инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ва элчихоналардан вакиллар судга киритилмади. - www.uzbekcongress.org 2006.01.08.

122. (39) АҲМАДЖОНОВ Ш. Дадахон Ҳасан суди атрофидаги жараёнлар. - www.uzbekcongress.org 2006.06.08.

123. (40) АҲМАДЖОНОВ Ш. Дадахон Ҳасан ҳамда бошқа ҳур фикрли инсонлар ва собиқ амалдорлар устидан илинаётган Дамокл қиличлари ва ундан қутулиш йўли. - www.uzbekcongress.org 2006.06.09.

124. AMIR TEMUR. Sherali Jo’raev. Kema.
www.youtube.com/watch?v=08vthaKerrs (www.youtube.com January 8, 2016, 9 daqiqa 20 soniyalik video);
- SHerali Jo'rayev Kema - YouTube (www.youtube.com January 8, 2016).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 20 апрел

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 20

Вторник, 20 Апреля 2021 г. 22:57 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 20)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

20. “ВАТАНДИН ЯХШИ ЁР БЎЛМАС” ҚЎШИҒИ
ҚОЗОҚ ШОИРИ ЖУМЕКЕН НАЖИМЕДЕНОВ ҒАЗАЛИГА ЭРКИН ВОҲИДОВ МУХАММАСИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ҚЎШИҒИ
Жумекен_Нажимеденов (210x280, 29Kb)
Фото 23. Жумекен Нажимеденов (1935-1983). [113]

Ҳофиз Шерали Жўраев ижросидаги яхши қўшиқлардан бири – “Ватандин яхши ёр бўлмас” қўшиғидир. Кўпгина жойларда бў қўшиқни оддий қилиб “Ватан” деб ёзишган. Шерали ака 2006 йилда шоир Холдор Вулқоннинг “Ватан” шеърини басталаб жуда яхши куйлаган. Бу қўшиқ ҳақида 2006 йилги воқеалар ёритилган параграфда батафсилроқ ёзаман. Иккала қўшиқни фарқлаш осон бўлиши учун мен бу қўшиқ номини ғазал номидек ёзмоқдаман.

“Ватандин яхши ёр бўлмас” номли ажойиб ғазални қозоқ шоири Жумакент Нажимединов ёзган. У ҳақда қисқача маълумот.

“Жумекен Нажимеденов Қозоғистоннинг Атираус вилояти Курмангази тумани Кошалак қишлоғида 1935 йил 28 ноябрда туғилган. 1956-1959 йилларда Қозоғистон Давлат консерваториясида ўқиган. 1961 йилда унинг дастлабки шеърий тўплами нашр қилинди.

У 1956 йилда ёзган “Менинг Қозоғистоним” шеърига композитор Шамши Калдаяков (1930-1992) куй басталади ва уни Жамал Омарова куйлади. Бу қўшиқ қозоқ халқи орасида машҳур бўлди. 2006 йилда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев таклифи билан “Менинг Қозоғистоним” қўшиғи Қозоғистоннинг янги мадҳияси деб қабул қилинди.” [113]

Эркин Воҳидов 1968 йилда Жумекен Нажимеденовнинг “Ватандин яхши ёр бўлмас” ғазалига мухаммас ёзди ([87]). Шерали Жўраев “Ватандин яхши ёр бўлмас” қўшиғини 1960-йиллар охири – 1970-йиллар бошида басталаб куйлади.

Ғазал 40 қатордан иборат. Шерали ака ўшанда ғазалнинг дастлабки олти қаторини ва охирги ўн қаторини куйлаган, яъни жами 16 қаторини куйлаган ([113]). Шу сабабли мен ўртадаги 24 қаторни қавс ичида ёздим.

Қозоқ шоири Жумекен Нажимеденов ғазалига Эркин Воҳидов мухаммаси, Шерали Жўраев қўшиғи (1970-йиллар боши)

ВАТАНДИН ЯХШИ ЁР БЎЛМАС

Жаҳонда мен туғилган
Ўлкадек ҳеч бир диёр ўлмас (бўлмас),
Бу янглиғ боғу гулшан
Ҳам бу янглиғ гулузор ўлмас (бўлмас),
Ватан севмакдин ортиқ
Менга оламда шиор ўлмас (бўлмас),
(Ватан ишқида ёнган қалб,
Билингки, асти хор бўлмас,
Ватан севган муродига
Етур, ҳеч дилда зор бўлмас.

Саодатга макондир
Қай чаманга сен қадам қўйсанг,
Узингни бахтли бил юртда
Яшашнинг завқини туйсанг,
Чин одамсан, чин ўғлонсан
Юракдан элни чин суйсанг,
Ватан севмоқ саодатдир,
Агар наслингга сен куйсанг,
Ватанни севмаган инсон
Жаҳонда бахтиёр бўлмас.

Тўйиб боқгил бу юрт ҳуснигаким,
Кўнглингни чоғ этгин,
Бу элнинг ўғлиман, деб
Қил ғурур, кўксингни тоғ этгин.
Ватан ҳар зарра тупроғин
Кўзингга сен қароғ этгин,
Боболар маскан этган
Бу азиз тупроқни боғ этгин,
Ярашгай ифтихор этсангки,
Ортиқ ифтихор бўлмас.)

Зулоли таъмини топмам
Сира болу шакарларда.
Ватан ёди эрур калбимда
Бўлсам-да (мен) сафарларда,
Жамолига тўёлмасман
Кезиб қишлоқ, шаҳарларда,
Қизил гул баргида булбул
Каби сайраб саҳарларда,
Яна шоир қилур такрор,
Ватандан яхши ёр бўлмас. [87], [114]
1968

Шерали ака “Ватандин яхши ёр бўлмас” қўшиғини 2011-йилда ғазалнинг 28 сатрини куйлаган видеоси бор. 2011 йил деб ёзишимга сабаб – у қўшиқни куйлаб бўлгач сўзлаган гаплари орасида бундай деган: “Аллоҳга беадад шукрки ҳозир мустақил бўлдик. Мана 20 йилга етибди ...” [115]

Қуйида ушбу қўшиқ сатрларини Шерали ака 2011 йилда куйлаган тартибда ёздим. У қўшиққа қўшган сўзлар ва қаторлар тагини чизиб қўйдим ва у куйламаган 12 сатрини қавс ичида ёздим.

Қозоқ шоири Жумакент Нажимеденов ғазалига Эркин Воҳидов мухаммаси, Шерали Жўраев қўшиғи (2011 йил)

ВАТАНДИН ЯХШИ ЁР БЎЛМАС

Жаҳонда ман туғилган
Ўлкадек ҳеч бир диёр ўлмас (бўлмас),
Бу янглиғ боғу гулшан
Ҳам бу янглиғ гулузор ўлмас (бўлмас),
Ватан севмакдан ортиқ
Манга оламда шиор ўлмас (бўлмас).
Ватанни севмаган инсон
Жаҳонда бахтиёр ўлмас (бўлмас).
Ватанни севмак шиоримдур,
Манга ўзга шиор ўлмас.

Зулоли таъмини топмам
Сира болу шакарларда.
Ватан ёди эрур қалбимда
Бўлсам-да (мен) сафарларда,
Жамолига тўёлмасман
Кезиб қишлоқ, шаҳарларда,
Қизил гул баргида булбул
Каби сайрай (сайраб) саҳарларда,
Яна шоир қилур такрор,
Ватандан яхши ёр ўлмас (бўлмас).

Тўйиб боқгил бу юрт ҳуснигаким,
Кўнглингни чоғ этгил (этгин),
Шу юртнинг (шу элнинг) ўғлиман, деб
Қил ғурур, кўксингни тоғ этгил (этгин).
Ватан ҳар зарра тупроғин
Кўзингга сен қароғ этгил (этгин),
Боболар маскан этган
Бу азиз тупроқни боғ этгил (этгин),
Ярашгай ифтихор этсанг,
Ки ортиқ ифтихор ўлмас (бўлмас).

Ватанни севмаган инсон
Жаҳонда бахтиёр ўлмас (бўлмас).
Ватан севмак шиоримдур,
Ки ортиқ шиор ўлмас.
Яна шоир қилур такрор,
Ватандан яхши ёр ўлмас (бўлмас).
Қизил гул баргида булбул
Каби сайрай (сайраб) саҳарларда.
Яна шоир қилур такрор,
Ватандан яхши ёр ўлмас (бўлмас).

(Ватан ишқида ёнган қалб,
Билингки, асти хор бўлмас,
Ватан севган муродига
Етур, ҳеч дилда зор бўлмас.

Саодатга макондир
Қай чаманга сен қадам қўйсанг,
Узингни бахтли бил юртда
Яшашнинг завқини туйсанг,
Чин одамсан, чин ўғлонсан
Юракдан элни чин суйсанг,
Ватан севмоқ саодатдир,
Агар наслингга сен куйсанг,)
Ватанни севмаган инсон
Жаҳонда бахтиёр бўлмас. [87], [115]
1968

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

87. ВОҲИДОВ Э. Сайланма. 3-жилд. Умрим дарёси. – Т., “Шарқ” нашриёти, 2001. – 271 б. - https://n.ziyouz.com/books/uzbek_zamonaviy_sheriya...03-jild.%20Umrim%20daryosi.pdf
(Инсон. Қасида. - 1-4-б.)
(Кема. Навоий ғазалига Эркин Воҳидов мухаммаси, 12-13-б.)
(Ватандин яхши ёр бўлмас. Қозоқ шоири Жумакен Нажмиддинов ғазалига Эркин Воҳидов мухаммаси, 109-110-б.)

113. Нажимеденов, Жумекен Сабырович. – www.ru.wikipedia.or/wiki/Нажимеденов,_Жумекен_Сабырович (www.ru.wikipedia.or/wiki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

114. Abdumutalib VIRZA. ВАТАН. Шерали Жўраев. – www.youtube.com/watch?v=aZNc2jivqKs (www.youtube.com May 17, 2020, 3 дақиқа 9 сониялик видео);
- ВАТАН. Шерали Жўраев - YouTube (www.youtube.com May 17, 2020).

115. KAMRON SOLIEV. Шерали Жураев Ватандан яхши ёр булмас. – www.youtube.com/watch?v=nVNC6EhyhYw (www.youtube.com June 16, 2017, 10 дақиқа 59 сониялик видео);
- Шерали жураев ватандан яхши ёр булмас - YouTube (www.youtube.com June 16, 2017, 10 дақиқа 59 сониялик видео).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 20 апрел

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 18)

Четверг, 15 Апреля 2021 г. 22:09 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 18)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

18. 1969: “ОНАНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ” ҚЎШИҒИ
ҒАНИЖОН ХОЛМАТОВ ВА ШОДМОН ЖЎРАЕВ ШЕЪРИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ҚЎШИҒИ

“Онани ҳурмат қилинг” ғазалини Ғанижон Холматов (Муғанний) 1965 йилда ёзган. У ушбу қўшиқ тарихи ҳақида бундай деганди.

“Ғанижон Холматов: Кейин 9-синфда (1965 йилда, А.Ш.) ўқиётганда “Онани ҳурмат қилинг” деган бир ғазал ёздим. У пайтларда Ўшлик раҳматли Одилжон билан бирга созанда бўлиб юрардик, шу бола ғазалимизни қўшиқ қилиб айтди. Бундан кейин ёшлик, шўхлик, йиллари муҳаббат ўз-ўзидан шеърлар ёзишга чорлади. Шеърлар ёрдамида қизларга муҳаббатимизни изҳор қилишга ўхшаган йўллардан фойдаландик.

Журналист: Ҳофиз Шерали Жўраев сизнинг бир неча ғазалларингизни куйга солиб, ҳалқ дилига кириб борган. Машҳур ҳофиз билан ижодий алоқалар қачон бошланди?

Ғанижон Холматов: Не бахтким, ўзбек халқининг буюк ҳофизи бўлган ва бугун ҳам буюк Шерали Ҳофиз Жўраев билан бир вақтда (1966 йилда, А.Ш.) институтга кириб қолдик. Ва институтда учинчи курсда (1969 йилда, А.Ш.) ўқиб юрган вақтларимизда биринчи қўшиғимни Шералижон элнинг орасига, катта саҳнага олиб чиқди. У "Онани ҳурмат қилинг" қўшиғи эди. Шерали Жўраев ўз концертларини 20 йиллар давомида шу қўшиқ билан бошлаб юрди. Кейинги даврларда Шералижон билан еттита қўшиқ яратдик. Айниқса, "Сен кетдинг аста-аста" қўшиғи Шералининг классикасига айланди.» [104]

Менимча, Шерали Жўраев “Онани ҳурмат қилинг” ғазалига янгича куй басталаган ва ушбу куй раҳматли Одилжон куйидан фарқ қилади.

Шерали Жўраев Тожикистондаги Конибодом шаҳрида 1978 йилда концерт берганида “Онани ҳурмат қилинг” қўшиғини дастлаб куйлаган. Бошловчи концертни қуйидаги сўзлар билан бошлаган: “Улкан ҳофиз, Ўзбекистон булбули Шерали Жўраев. "Онани ҳурмат қилинг", Шодмон Жўраев ва Ғанижон (Холматов) шеърлари.”

Ғанижон Холматовнинг “Онани ҳурмат қилинг” ғазали беш байтдан (икки қаторли шеърдан) иборат ([101]). Шерали ака қўшиқ бошида ушбу беш байтдан фарқли бўлган 4 сатр шеърни куйлаган. Менимча, ушбу 4 сатрни Шодмон Жўраев ёзган бўлса керак. Чунки Шерали ака биринчи тўртликдаги охирги икки сатрни такрор куйлаб, “зарра” сўзини “Шодмон” сўзига алмаштириб куйлаган.

Шерали Жўраев Ғанижон Холматовнинг “Онани ҳурмат қилинг” ғазалидаги учинчи байтни куйламагани учун 3-байтни қавс ичида ёздим. Шунингдек у бешинчи байтдаги охирги сатрни бошқа сўзлар билан алмаштириб куйлагани учун уни ҳам қавс ичида ёздим.

Ғанижон Холматов ва Шодмон Жўраев шеъри, Шерали Жўраев қўшиғи

ОНАНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ

Қачонгача сайраса қўлдаги торим,
Она номин улуғлаб куйлаб ўтарман.
Танамда бор экан зарра мадорим,
Фарзандлик бурчини адо этарман.

Танамда бор экан Шодмон мадорим,
Фарзандлик бурчини адо этарман.

Онани ҳурмат қилинг, кўнглида ғам бўлмасин,
Кўнглига ғашлик тушиб, кўзлари нам бўлмасин.

Расвои олам бўлиб, ҳижол ўтида ёқманг.
Жондан азиз бошлари эл аро паст (хам) бўлмасин.

(Онани ӯзга билиб, ҳеч қачон сир сақламанг,
Оқибат бир кун келиб, она мулзам бӯлмасин.)

Ёрингизнинг ишқини қўймангиз ундан баланд,
Оналик меҳри кетиб, ёрга маҳрам бўлмасин.

Онани ҳурмат қилинг - кимса йўқ ундан улуғ,
Доимо бирга юрувчи ота ҳам кам бўлмасин.
(Ҳаққига айланг дуо: “Бир умр кам бӯлмасин!”) [94] [101]

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

94. АЗИЗБЕК ДУСМАТОВ. Шерали Жураев Тожикистон Конибодомда 1978 йил. - https://www.youtube.com/watch?v=jBwgdz4MwPU (www.youtube.com 2021.10.01, 1 соат 18 дақиқа 45 сониялик аудио ёзув, 16 та қўшиқ).
(“Онани ҳурмат қилинг” қўшиғи ушбу аудио ёзувда 1-дақиқада бошланган;
“Йигитлар” қўшиғи ушбу аудио ёзувда 15-дақиқа 40-сонияда бошланган;
“Шилдир-шилдир” қўшиғи ушбу аудио ёзувда 34-дақиқада бошланган).

101. НОЗИМЖОН ЭРГАШЕВ. Шеъриятга ошно қалбларни тасхир айлаган шоир Ғанижон Холматов (Муғанний)... - https://www.facebook.com/groups/758113517670290/permalink/1500314810116820 (www.facebook.com Фейсбукдаги “Шералишунослик” клуби” гуруҳи саҳифаси, 2020.04.02).

104. МЎМИН БЕҲЗОД. Муғанний: “бир шамчалик дарди йўқ юлдузларни кўп кўрдик”. - https://www.bbc.com/uzbek/news/story/2008/10/printable/081015_mughanniy.shtml (www.bbc.com/uzbek/ 2008.15.10).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 7-11 апрел

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 19

Четверг, 15 Апреля 2021 г. 21:51 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 19)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

19. “МЕНИ КУТГИЛ” ҚЎШИҒИ ТАРИХИ

Менга ва мен каби мухлисларга 1970-йиллардан бeри Шерали Жўраев қўшиқлари ичида энг маъқул кeлганларидан бири – бу “Мeни кутгил” қўшиғидир. Унинг матнини рус шоири ҳамда ёзувчиси Константин Симонов ўз сeвгилиси Серова Валентинага бағишлаб 1941 йилда «Жди меня» шeърида ёзганди.

Машҳур шахсларнинг буюк севгиси ҳамда изтиробларидан кейин севги билан боғлиқ машҳур шеър ва қўшиқлар ижод қилинган. Машҳур шоиримиз Абдулла Ориповнинг севгиси ва унинг “Биринчи муҳаббатим” шеъри тарихини 9-параграфда ёздим. Бу параграфда машҳур рус шоири ва ёзувчиси Константин Симоновнинг севгиси ҳамда унинг “Жди меня” (“Мени кутгил”) шеъри ва уни ҳофиз Шерали Жўраев куйлаши тарихини ёзаман.

19.1. КОНСТАНТИН СИМОНОВ
b3afd1d2192b13f3cb5b4b369c1b28f97049b6c3 (466x700, 138Kb)
Фото 21. Константин Симонов. 1941 йил. [105]

Аввал Константин Симонов таржимаи ҳолини келтирай.

“Симонов Константин (Кирилл) Михайлович [1915.15(28).11, Петербург — 1979.28.8, Москва] — рус ёзувчиси ва жамоат арбоби. Меҳнат Қаҳрамони (1974). М. Горький номидаги Адабиёт институтини тугатган (1938). СССР Ёзувчилар уюшмаси бош котиби ўринбосари (1946—54), котиби (1954—59; 1967—79), «Новый мир» («Янги дунё») журнали (1946 — 50; 1954—58) ва «Литературная газета», (1938; 1950-54) нинг бош муҳаррири.

2-жаҳон урушига қадар Н. Островскийга бағишланган «Ғолиб» (1937), «Павел Чёрний», «Муз устидаги жанг» (1938), «Суворов» (1939) достонлари, «Чин инсонлар» (1938), «Йўлда ёзилган шеърлар» (1939) шеърий тўпламлари нашр этилган. 1939 йилдан уруш мавзуси Симонов ижодининг устувор йўналишига айланган («Бир севги тарихи», 1940; «Шаҳримиздан чиққан йигит», 1941, пьесалар). Уруш мавзуси, айниқса, лирикасида катта маҳорат билан акс эттирилган («Лирик кундалик»; «Сен билан ва сенсиз»; «Фронт шеърлари», 1942, тўпламлари). Симонов лирик шеърлардан ташқари, «Рус кишилари» (1942) ва «Шундай бўлажак» (1944) пьесалари, «Кунлар ва тунлар» (1944) қиссасини ёзган. Урушдан кейинги йилларда халқаро муносабатларнинг кескинлашиши Симоновнинг «Прага каштанлари тагида», «Рус масаласи» (1946) пьесалари ҳамда «Дўстлар ва душманлар» (1948) шеърлар китобида ўз ифодасини топган.

Симонов наздида уруш нафакат кишиларнинг инсоний фазилатлари, руҳий кучи ва иродаси учун, балки давлат ва сиёсий тузум учун ҳам даҳшатли бир синов бўлди. Аммо, агар давлат ҳам, сиёсий тузум ҳам туғилиш ва ўлишга маҳкум этилган экан, ер юзидаги бирдан-бир абадий қадрият инсон бўлиб қолади. Симонов ана шу ақидадан келиб чиқиб, умрининг сўнгги нафасига қадар уруш ва инсон мавзусига содиқ қолди ҳамда «Қуролдош дўстлар» (1952), «Тириклар ва ўликлар» (1959), «Солдат бўлиб туғилмайдилар» (1964) ва «Сўнгги ёз» (1971) роман-трилогиясини яратди. Симонов шунингдек, «Бегона соя» (1949), «Тўртинчи» (1961, пъеса), «Ватан узра дуд» (1947), «Лопатиннинг ёзишмаларидан» (1957), «Урушдан кейинги йигирма кун» (1972), «Биз сен билан учрашмаймиз», «Шахсий ҳаёт, дегин» (1978) ва бошқа кўплаб қисса, очерк, публицистик мақолалар тўпламлари муаллифи. Унинг асарлари асосида фильмлар суратга олинган. Симонов уруш қатнашчиларининг хотираларидан иборат 2-жаҳон урушининг кўп серияли кинойилномасини яратган.

1958—61 йилларда Тошкентда яшаган. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ва бошқа ўзбек ёзувчиларининг асарларини рус тилига таржима қилган, Мирзачўл ҳақидаги ҳужжатли фильм сценарийсини ёзган. Симоновнинг кўпгина асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

Асарлар: Кунлар ва тунлар, Т., 1948; Танланган шеърлар, Т., 1960; Солдат бўлиб туғилмайдилар. Т., 1971. Адабиёт: Финк Л., Константин Симонов, М., 1983.” [6, С ҳарфи жилди, 371-372-б.]

“Константин (Кирилл) Михайлович Симонов [1915 йил 15(28) ноябр, Петербург — 1979 йил 28 август, Москва] — совет ёзувчиси, шоири, драматурги ва киносценарийчиси, жамоат арбоби, журналисти, ҳарбий мухбири, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони (1974). Ленин номли мукофот (1974) ва олти марта Сталин номли мукофот (1942, 1943, 1946, 1947, 1949, 1950) совриндори. Халхин-Голдаги жанглар (1939) ва 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши қатнашчиси. Совет Армияси полковниги. СССР Ёзувчилари уюшмаси Бош котиби ўринбосари.” [106]

Эслатиб ўтаман: И.Сталин 1953 йилда вафот қилгач Сталин мукофоти Совeт Иттифоқи Давлат мукофоти дея қайта номланди.

Константин болалигида ўгай отаси устара билан соқол олаётганини кўриб, ўзича устарани олади ва айрим ҳаракатларни такрорлайди. Шунда устаранинг ўткир тиғи тилига тегиб кетади ва у бир умр “Р» ва «Л» ҳарфларини талаффуз қила олмайдиган бўлди. Шу сабабли ота-онаси қўйган Кирилл исми ўрнига Константин тахаллусида ижод қилди.

Константин Симонов дастлаб ёзувчи Наталия Гинзбургга уйланди. Одатда икки ёзувчи қийин келишади ва улар ажралишди. У иккинчи марта “Москва” номли журналда адабий муҳаррир бўлиб ишлаётган Евгения Ласкинага уйланди. Улар оиласида 1939 йилда ўғил фарзанд туғилди ва уни Алексей дея номлашди. [105]

19.2. ТАНИШУВ


VALENTINAfoto1 (700x541, 93Kb)
Фото 22. Валентина Серова (қизлик фамилияси Половикова) (1917-1975). [107]

Валентина Половикова Украинадаги Харков шаҳри яқинида туғилиб, онаси билан 1925 йилда Москвага кўчиб ўтишди. Уни 1934 йилда Москвадаги ТРаМга актриса сифатида қабул қилишди (ТраМ - Театр рабочей молодежи– Ишчи ёшлар театри, ҳозир Ленком деб номланади).

Валентина 1938 йил 3 май куни синовчи-учувчи, Испаниядаги фуқаролар уруши қаҳрамони Анатолий Серов билан танишди. Улар 11 май куни турмуш қуришди ва у Серова фамилиясига ўтди. Лекин бир йил ўтгач – 1939 йил 11 май куни Анатолий учқич ҳалокатида ҳалок бўлди ва уни Кремл деворига дафн қилишди. Шундан 4 ой ўтгач Валентина ўғил фарзанд кўрди ва уни отаси хотираси учун Анатолий деб исм қўйди. [107]

1939 йилда Совет Иттифоқи кинотеатрларида «Девушка с характером» номли янги кулгили (комедияли) филм намойиш қилина бошланди ([108]). Унда бош ролни 21 ёшли Валентина Серова маҳорат билан ўйнади ва Совет Иттифоқида жуда машҳур бўлди. У рол ўйнаётган Москвадаги театрга кўп томошабин борарди ва ҳамма чипталар сотилиб кетарди.

Максим Горкий 1912 йилда ёзган «Зиковлар» номли пьесаси асосида 1939 йилда Ленком театрида спектакл намойиш қилинди. Унда Павла исмли ёш қиз ролини Валентина Серова маҳорат билан ўйнади. Ушбу спектакл томошабинлари орасида Константин Симонов ҳам бор эди ва у гўзал Валентинага ошиқи беқарор бўлиб қолди. [107]

Симонов гўзал Валентина рол ўйнаган ҳар бир спектаклга келар, биринчи қаторда ўтириб томоша қилар ва унга даста-даста гуллар совға қиларди. У шу йўллар билан бева бўлиб қолган Валентина меҳрини қозонишга ҳаракат қилди. Константин Валентина висолига етишиш мақсадида ўз оиласидан ажралди.

Константин Симонов Ленком театри жамоаси билан яқин алоқалар ўрнатиш учун Валентинага атаб “Бир севги тарихи” номли пьеса ёзди ва унда Валентина бош ролни ўйнади. Валентина ҳамон ҳалок бўлган учувчи эрини ёдда сақлар ва Константинга дўстларча муносабатда бўларди.

Валентинанинг Анатолий исмли ўғилчаси кўнглини Константин ола билди ва Валентина у билан бирга яшай бошлади. Лекин Валентина Константин билан муносабатларини ЗАГСда расмийлаштиришни ўйламасди.

1941 йил 22 июн тонггида фашистлар Германияси Совет Иттифоқига қарши уруш бошлади. Константин Симонов ҳарбий мухбир бўлиб урушга жўнади. У 1941 йил июн-июл ойларида Ғарбий фронтда бўлиб, июл ойи охирида бир неча кунга Москвага келди. У тунаш учун ёзувчи Лев Кассил (1905-1970)нинг Москва вилояти Переделкино қўрғонидаги боғ-ҳовлисига келди ва илҳоми келиб бир ўтиришда Валентина Серовага атаб “Жди меня” (“Мени кутгил”) номли шеърий мактубини ёзди.

19.3. “МЕНИ КУТГИЛ” ШЕЪРИ

Константин Симоновнинг “Жди меня” шеъри дастлаб «Новый мир» (“Янги олам”) журналининг 1941 йил 11-12-сонларида, кeйин «Правда» (“Ҳақиқат”) газeтасининг 1942 йил 14 январ, «Комсомольская правда» (“Комсомол ҳақиқати”) газeтасининг 1942 йил 9 апрeл сонида чоп этилди [109, 1-ж., 649-б.]. “Жди меня” шеъри халқ ҳамда жангчилар орасида жуда машҳур бўлиб кетди ва миллионлаб фуқаролар бу шеърни кўчириб олиб ёд олишарди.

Ушбу шеърни Ҳамид Олимжон (1909.12.12-1944.3.7) рус тилидан ўзбeк тилига 1942 йилда ўгирди. [110, 7-ж., 197-198-б.]

Аввал К.Симоновнинг “Жди меня” (“Мeни кутгил”) шeърини рус тилида кeлтирай. Сўнгра ёшларимизга шeърни таржима қилиш санъатига ёрқин мисол сифатида 34 ёшида автомобил ҳалокатида ҳалок бўлган машҳур шоиримиз Ҳамид Олимжон қилган таржимасини кeлтирай.

Эслатиб ўтай: Константин Симонов ўз адабий фаолияти давомида «Парень из нашего города» (“Бизнинг шаҳарлик йигит”), «Русские люди» (“Рус кишилари”), «Русский вопрос» (“Рус масаласи”), «Чужая тень» (“Бeгонанинг сояси”) пьeсалари учун, «Друзья и враги» (“Дўстлар ва душманлар”) шeърий тўплами ва «Дни и ночи» (“Кунлар ва тунлар”) повeсти учун жами олти марта Совeт Иттифоқи Давлат мукофотини, шунингдeк «Живые и мертвые» (“Тириклар ва ўликлар”) фильми учун кинeмотография соҳасидаги ака-ука Васильeвлар номидаги РСФСР Давлат мукофотини олган. Унга 1974 йилда Совeт Иттифоқи Социалистик Мeҳнат Қаҳрамони унвони, шунингдeк «Живые и мертвые» (“Тириклар ва ўликлар”) трилогияси учун Совет Иттифоқининг энг олий мукофоти – Лeнин мукофоти бeрилганди. [109, 1-ж., 35-36-б.]

Константин СИМОНОВ

ЖДИ МЕНЯ
В.С.

Жди меня, и я вернусь.
Только очень жди.
Жди, когда наводят грусть
Желтые дожди,
Жди, когда снега метут,
Жди, когда жара,
Жди, когда других не ждут,
Позабыв вчера.
Жди, когда из дальных мест
Писем не придет,
Жди, когда уж надоест
Всем, кто вместе ждет.

Жди меня, и я вернусь,
Не желай добра
Всем, кто знает наизусть,
Что забыть пора.
Пусть поверят сын и мать
В то, что нет меня,
Пусть друзья устанут ждать,
Сядут у огня,
Выпьют горькое вино
На помин души …
Жди. И с ними заодно
Выпить не спеши.

Жди меня, и я вернусь,
Всем смертям назло.
Кто не ждал меня, тот пусть
Скажет: - Повезло. –
Не понять не ждавшим им,
Как среди огня
Ожиданием своим
Ты спасла меня.
Как я выжил, будем знать
Только мы с тобой, -
Просто ты умела ждать,
Как никто другой. [109, 1-ж., 158-159-б.]

Энди шу шeърни Ҳ.Олимжон 1942 йилда ўзбeк тилига ўгирган вариантини кeлтирай.

Константин СИМОНОВ

МЕНИ КУТГИЛ
В.С.га

Мeни кутгил ва мeн қайтарман,
Фақат кутгил жуда интизор.
Кутгил, ёмғир зeриктирганда,
Мeни кутгил ёққанида қор,
Атрофингни ҳарорат қоплаб,
Ер-кўкни чанг тутганда, кут,
Бошқаларни узатган дўстлар
Кeчагина унутганда, кут.
Хат кeлмасдан узоқ ерлардан,
Юрагингни қилганида қон,
Кутгил, сeн-ла бирга кутганлар
Зeрикканда, чeкканда фиғон.

Мeни кутгил ва мeн қайтарман,
Бўлса ҳамки, рангинг заъфарон,
Ёринг қайтмас, умидингни уз,
Дeганларга тилама омон.
Майли, ўғлим, синглим, волидам,
Аза очсин мeн йўқ туфайли.
Кута бeриб сабри тугаган
Ёру дўстлар, ошналар, майли,
Айрилиққа бeролмасдан тоб,
Аччиқ-аччиқ ичсинлар шароб,
Кўзларингга тўлса ҳамки ёш,
Фақат сeн кут ва айла бардош …

Мeни кутгил ва мeн қайтарман,
Ўлимларни қолдириб доғда,
Иши ўнгдан кeпти дeсинлар
Кутмаганлар мeни у чоғда.
Ёт туюлар кутмаганларга
Бундай ажиб толeинг санинг.
Кута-кута мeни офатдан
Омон сақлаб қола олганинг.
Қандай омон қолганлигимни
Ёлғиз сeнга айтарман, сирдош,
Кута олдинг мeни сeн фақат,
Буюк эди сeндаги бардош.

Ҳамид Олимжон таржимаси [110, 7-ж., 197-198-б.]

19.4. КОНСТАНТИН ВА ВАЛЕНТИНАНИНГ КЕЙИНГИ ТАҚДИРИ

Константин Симонов уруш йиллари Валентинага деярли ҳар куни севги ва соғинч хатлари ёзди. Унга атаб «Жди меня» номли киносценарий ёзди. Ушбу филм 1943 йилда Қозоғистондаги Алмати шаҳрида суратга олинди ва унда Валентина бош ролни маҳорат билан ўйнади [111].

1946 йилда Константин ва Валентина ЗАГСда қайтдан ўтиб оилавий ҳаётларини расмийлаштиришди. Улар катта ва чиройли хонадонга кўчиб ўтишди. 1946 йилда «Композитор Глинка» номли кинофилмда ўйнаган роли учун Валентина Сталин номли мукофотни олди ва унга СССРда хизмат кўрсатган артист унвони берилди. 1950 йилда улар оиласида қиз фарзанд туғилди ва уни Мария дея аташди.

Валентина ичкиликка ружу қўйди. Константин унга ёрдам беришга ҳаракат қилди. У охири 1956 йилда дўстининг беваси бўлмиш Лариса Жадова уйига кетди. Улар 1957 йилда расман ажралишди. Валентина ичкиликка берилгани сабабли Марияни Валентинанинг онаси тарбиялади. Валентина Серова 1975 йилда ўз хонадонида ўлик ҳолда топилди.

Константин Симонов ҳамда Лариса Жадова оиласида 1957 йилда қиз фарзанд туғилди ва уни Александра дея аташди.

Константин Симонов умри давомида кўп чекарди ва шу сабабли ўпка саратони касаллиги билан 1979 йилда 63 ёшида вафот қилди.

19.5. “МЕНИ КУТГИЛ” ҚЎШИҒИ

Энди ҳофиз Шeрали Жўраев куйлаган “Мeни кутгил” қўшиқ матнини кeлтирай. Менимча, бу қўшиқни Шерали ака 1970-йиллар охири – 1980-йиллар бошида басталаган ва куйлаган.

Шерали ака айрим аудио ёзувларида К.Симонов шeърининг 22-сатридаги “Аччиқ-аччиқ ичсинлар шароб” сўзларини “Аччиқ-аччиқ этсинлар хитоб” дeб ўзгартириб куйлаган. Бу қайсидир маънода тўғридир. Чунки қўшиқ орқали инсонга кайф бeрувчи нарсларни, жумладан шароб ичишни тавсия этиш Аллоҳ талабларига ҳам, Ислом динимизга ҳам, тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам зиддир.

Константин СИМОНОВ шеъри, Шерали ЖЎРАЕВ қўшиғи

МЕНИ КУТГИЛ

Мени кутгил, мени кутгил,
Ва мен қайтарман.
Фақат кутгил жуда интизор.
Кутгил, ёмғир зериктирганда,
Мени кутгил ёққанида қор.

Хат келмасдан узоқ ерлардан,
Юрагингни қилганида қон.
Сени билан бирга кутганлар,
Зериккандан-ей чекканда фиғон.
Мени кутгил ва мен қайтарман,
Фақат кутгил жуда интизор.

Майли, синглим, укам, волидам,
Аза очсин мен йўқ туфайли.
Кута бериб сабри тугаган,
Ёру дўстлар, оғайнилар, майли,
Айрилиққа беролмасдан тоб,
Аччиқ-аччиқ ичсинлар шароб.
(Аччиқ-аччиқ этсинлар хитоб.)
Кўзларингга тўлса ҳамки ёш,
Фақат сен кут ва айла бардош.

Мени кутгил ва мен қайтарман,
Ўлимларни қолдириб доғда.
Иши ўнгдан кепти десинлар,
Кутмаганлар-ей бизни у чоғда. [112]

19.6. “МЕНИ КУТГИЛ” ҚЎШИҒИГА МУНОСАБАТИМ

“Мeни кутгил” қўшиғи ва бугунги кунимиз, ташвишларимиз билан боғлиқ бир-иккита фикрларни билдирмоқчиман. Маълумки, 1991-2016 йилларда Ўзбекистондаги полициявий режимнинг нотўғри иқтисодий сиёсати туфайли миллионлаб фуқароларимиз Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Европадаги давлатларга, ҳатто АҚШ, Канада, Корея ва бошқа мамлакатларга иш излаб кетишга мажбур бўлди. Уруш жабҳа (фронт)ларидан келган қора хат каби Россиядан деярли ҳар куни ўзбекистонлик муҳожирлар рус миллатчилари, скинхедлари томонидан аёвсиз калтакланиши оқибатида айримлари майиб-мажруҳ бўлгани, айримлари эса ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар келиб турди.

Ўзбекистон раҳбариятидаги юксак мартабали амалдорлар асосан бойишни ўйлаганлиги сабабли давлатимиз фуқароларининг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида деярли бирорта жўяли иш қилмади. ЎзР Президенти И.Каримов (1938-2016) мамлакатимиз фуқаролари ҳуқуқларини, жумладан яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилишни ўз қўли остида хизмат қилаётган ва “отнинг калласидай” ойлик олаётган раҳбарлардан талаб қилиши керак эди. Аммо, лекин, бироқ Ватанимиз фуқаролари Россия ҳудудида кўп йиллардан бери қаттиқ тазйиқ қилиндилар ва бегуноҳ ҳалок бўлдилар …

Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганлар орасида ҳур фикрли, демократик қарашлари учун ватандан қувғин қилинган юзлаб ўзбек зиёлилари, жумладан мухолифат раҳбарлари ҳамда фаоллари бор. Шулар сафида мен ҳам 2008 йил октябрида туҳмат билан қамалиш хавфи пайдо бўлгач Ватанни тарк қилишга ва хорижга кетишга мажбур бўлдим. Ахир Ўзбекистонда кўп йиллар қамоқда азоб чеккандан кўра Ватандан узоқда бўлсада фаолиятни давом қилиш яхшироқку.

Албатта, “Мени кутгил” («Жди меня») шеъри 1941-1945 йиллардаги урушда жанг қилган жангчилар номидан ёзилган шеърдир, қўшиқдир.

Фаол ўзбек зиёлилари 1991-2016 йиллар давомида кучишлатар органларга таянган Ўзбекистондаги полициявий сиёсий режимни тинч йўллар билан демократик сиёсий тизимга ўтказиш учун фаолият олиб борди ва бугунги кунда ҳам давом эттирмоқда. Яъни ғоялар, фикрлар, қарашлар даражасидаги интеллектуал кураш, жанглар давом этмоқда. Минглаб ўзгача фикрловчилар, жумладан мухолифатнинг юзлаб фаолларини режим ноҳақ суд қилиб, қамоқхоналарга тиқди ва турли услубларда қийнади. Улар қамоқхоналарда ҳам яшаш учун, у ердан эсон-омон чиқиш ва режимнинг барча кирдикорларини халққа гапириб бериш учун курашни давом эттиришди. Бу курашларда ғолиб чиқиш, маҳбусларнинг қамоқхоналардан, муҳожирларнинг хориждан соғ-саломат қайтишлари муҳим эди.

Диктатор Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябр куни вафот қилгач Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга Президенти бўлиб сайланди ва баҳоли-қудрат ислоҳотлар ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Кўпгина сиёсий маҳбуслар Ўзбекистон қамоқхоналаридан озодликка чиқди.

Ватанимизда ҳақиқий демократик сиёсий тизим ўрнатилиши, қамоқхоналарда қолаётган намозхон фуқароларимиз ва айбсиз қамалганлар ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Олтин амнистия» ҳақидаги фармони асосида озодликка тезроқ чиқишлари ва ноилож муҳожирликда юрган ватандошларимиз ўлимларни қолдириб доғда Ватанга соғ-саломат, ёруғ юз билан қайтишларини тилайман. Менинг бу тилакларим Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати фойдасига жосуслик, чақимчилик, малайлик қилган ва қилаётган, хорижга бориб мухолифат фаоллари ҳақидаги маълумотларни жўнатиб бола-чақасини харом йўллар билан боққан ва боқаётган пасткашларга тегишли эмас.

Хулоса қилиб айтганда, “Мени кутгил” қўшиғи маъноси кенгдир. Уни улуғ ҳофизимиз Шерали Жўраевга қўшилиб бугунги кунда ҳам куйласак, хиргойи қилсак бўлади.

МЕНИ КУТГИЛ ВА МЕН ҚАЙТАРМАН,
ЎЛИМЛАРНИ ҚОЛДИРИБ ДОҒДА.
ИШИ ЎНГДАН КЕПТИ ДЕСИНЛАР,
КУТМАГАНЛАР-ЭЙ БИЗНИ У ЧОҒДА.

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

6. Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12 жилдли /Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Б.Аҳмедов ва б. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат нашриёти, 2001-2005.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. - «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, Тошкент, 2000;
- www.qomus.info

105. Константин Симонов — биография. - https://biographe.ru/znamenitosti/konstantin-simonov

106. Симонов, Константин Михайлович. – www.ru.wikipedia.org/viki/Симонов,_Константин_Михайлович
Симонов, Константин Михайлович — Википедия (wikipedia.org) (www.ru.wikipedia.org/viki/ Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

107. Константин Симонов и Валентина Серова - большое счастье и большое горе (Константин Симонов ва Валентина Серова – катта бахт ва катта мусибат). – www.jenskiymir.com/znamenitosti/velikie-istorii-lyubvi/7865-konstantin-simonov-i-valentina-serova-bolshoe-schaste-i-bolshoe-gore.html
Константин Симонов и Валентина Серова - большое счастье и большое горе » Женский Мир (jenskiymir.com) (www.jenskiymir.com Елена исмли аёлнинг “Женское счастье» (“Аёл бахти”) номли сайти, 2020.26.01).

108. Девушка с характером (комедия, реж. Константин Юдин, 1939 г.) – www.youtube.com/watch?v=ZIDIg1BIIoI
Девушка с характером (комедия, реж. Константин Юдин, 1939 г.) - YouTube (www.youtube.com February 2, 2018).

109. (31) СИМОНОВ К.М. Собрание сочинений: в 10-ти томах (Танланган асарлар: 10 жилдли) /Константин Симонов. – М.: Худож. лит. Изд. 1979-1987 г. (издан 11-12 дополнительные тома в 1985-86 годы).
Том 1. Стихотворения. Поэмы. Военные переводы (Шеърлар. Поэмалар. Ҳарбий таржималар.) /Коммент. А.Александровой. – М.: 1979.

110. (32) ОЛИМЖОН, ҲАМИД. Асарлар мажмуаси. 8 томлик /С.Азимов таҳрири остида. Нашрга тайёрловчи Ҳ.Сулаймонова). – Т.: Адабиёт ва санъат нашр., 1979-1982.

111. FSUE Mosfilm cinema concern. Жди меня (реж. И.Шапиро, 1943 г.). – www.youtube.com/watch?v=GjgpRXLztmo
Жди меня - YouTube (www.youtube.com May 22, 2014).

112. Abdumutalib Mirzo. Мени кутгин. Шерали Жўраев. – www.youtube.com/watch?v=4JOOoBjcEGg
Мени кутгин . Шерали Жўраев - YouTube (www.youtube.com August 19, 2020, 6 дақиқа 29 сониялик видео).

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 15 апрел

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ТАКЛИФ

Пятница, 09 Апреля 2021 г. 11:51 + в цитатник
Ўзбекистон Президенти
Шавкат Мирзиёевга
нусхаси Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси
Жавлон Вахобовга

Ўзбекистон фуқароси
Шуҳратжон Аҳмаджоновдан
Манзилим: 216 Tulip Dr. Gaithersburg,
Maryland, USA 20877
E-mail: jiz54@mail.ru
2021 йил 8 апрел
ТАКЛИФ

Ўзбекистон халқ артисти (1987), Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти совриндори (1991) ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВГА ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ унвонини беришингизни таклиф қиламан.

Эркин Воҳидов 1968 йилда ёзган “Ўзбегим” қасидасига куй басталаб 1968 йилдан буён, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон Ватаним маним” ва “Биринчи муҳаббатим” каби яхши шеърларига куй басталаб 50 йилдан кўпроқ қаҳрамонларча куйлаётган ватандошимиз Шерали Жўраевдир.

Эркин Воҳидов 1973 йилда ўзининг машҳур “Инсон” қасидасини Шерали Жўраевнинг қуйидаги илтимосидан кейин ёзган: “Эркин ака, инсонларнинг барча ютуғу камчиликларини қамраб олган битта шеър ёзсангиз яхши бўларди.”

Маълумки, Абдулла Ориповга 1998 йилда, Эркин Воҳидовга 1999 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилди. Менимча, Шерали Жўраевга ҳам ўша йиллари Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилиши керак эди. Чунки учаласи ҳам 1960-йиллар охиридан бошлаб сафдош, ҳамфикр бўлиб ижод қилишган ва ўзбек халқи асрлар давомида фахрланадиган шеърлар ҳамда қўшиқлар яратишган.

Ҳурматли Шавкат Мирзиёевич! 2021 йил 12 апрел куни халқимиз ардоғидаги улуғ ҳофиз Шерали Жўраев 74 ёшга тўлади. Сизнинг Олий Фармонингиз билан шу кунларда Шерали Жўраевга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилиши адолатнинг тикланиши бўлади, иншааллоҳ. Ахир буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур “КУЧ – АДОЛАТДАДИР” деган эди.

Изоҳ: мен шу кунларда “Шерали Жўраев” номли китобимнинг 4-нашрини ёзиб сайтларда чоп қилмоқдаман. У 50 параграфдан кўпроқ бўлиб, унинг 18 тасини www.liveinternet.ru сайтидаги “Турон Шухратжони” кундалигида чоп қилдим. Унда буюк ҳофиз Шерали Жўраевга доир аниқ манбалар асосида кўпгина қизиқарли фактларни, ҳар бир параграфда биттадан қўшиқнинг яратилиш тарихи ва матнини келтирдим. Унинг манзили:
АҲМАДЖОНОВ Ш. Шерали Жўраев. Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри. – https://www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/6956374/ (www.liveinternet.ru “Турон Шухратжони” кундалиги (дневник)даги “ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ” рукни, 2021.18-31.03, 2021.01-06.04);
https://www.liveinternet.ru/users/4799013/ (www.liveinternet.ru “Турон Шухратжони” кундалиги (дневник), 2021.18-31.03, 2021.01-06.04). (Қолган парагафларини ҳам ёзиб чоп қиламан, иншааллоҳ.)

Олдиндан миннатдорчилик билан

Шуҳратжон Аҳмаджонов,
инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, мустақил журналист, қочқин
Рубрики:  TAKLIFLAR
ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 16-17)

Среда, 07 Апреля 2021 г. 02:25 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 16-17)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

16. 1974: “ШИЛДИР-ШИЛДИР” ҚЎШИҒИ
ҒАНИЖОН ХОЛМАТОВ ҒАЗАЛИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ҚЎШИҒИ

getImage-7 (320x480, 31Kb)
Фото 19. Ғанижон Холматов (Муғанний, 1949-2014). [98]

“Шилдир-шилдир сув оқади Ўш тоғидан” деган ғазал муаллифи Ғанижон Холматовдир. Унинг тахаллуси Муғанний.

“Ғанижон Холматов 1949 йилнинг 5 февралида Ўш шаҳрида таваллуд топган. 1956-1966 йилларда Наримонов, сўнг Ленин номли шаҳар мактабларида ўрта маълумот олган. Мактабни битиргач, Тошкентдаги театр ва рассомчилик санъати олийгоҳига кириб, 1970 йилда мазкур олийгоҳнинг актёрлик бўлимини тамомлаган. 1970-2007 йиллар З. М. Бобур номли Ўш ўзбек академик театрида актёр, режиссёр ва бош режиссёр бўлиб ишлаган.

Биринчи китоби “Суянганим тор бўлди” 1994 йил, 2-3-китобчалари “Юз пора дил” 2000 йил, 4-китоб “Сен кетдинг аста-аста” 2005 йил чоп этилиб, ундаги шеър ва ғазаллар ҳозиргача таниқли ҳофизлар томонидан ижро этилиб келиняпти.

2013 йили «Қазо дарслари» китобчасининг икки қисми ёруғ кўрди.” [99]

1975 йили Шерали Жўраев Қирғизистондаги Ўш шаҳрига гастролга борди. У ерда курсдоши шоир Ғанижон Холматов “Шилдир-шилдир сув оқади Ўш тоғидан” деган ғазал ёзиб берди ва ҳофиз ўша куни куй басталаб, эртасигаёқ концертда куйлади. Бу ҳақда Ғанижон ака журналист саволларига жавоб бера туриб бундай деганди.

“Журналист: Ҳофиз Шерали Жўраев сизнинг бир неча ғазалларингизни куйга солиб, ҳалқ дилига кириб борган. Машҳур ҳофиз билан ижодий алоқалар қачон бошланди?

Ғанижон Холматов: Кейинчалик институтга борганда (биз Шерали билан институтга бир йилда кирганмиз) “Онани ҳурмат қилинг” ғазалимни Шералижонга, Шерали ҳофизга бердим. 1968-69-йиллари шу шеърни Шерали қўшиқ қилиб айтди. У пайтда Шерали Жўраев оддий бир студент эди. Лекин шу шеърим Шералини биринчи катта санъатга, катта саҳнага олиб чиқди. Ҳозиргача “Онани ҳурмат қилинг”ни чиройли қилиб айтиб юради.

Журналист: Ўқишни тугатгандан кейин Ўшга қайтиб келдингизми?

Ғанижон Холматов: Ўқишни битиргандан кейин Ўшга йўлланма билан келдик. Шунда Шерали Жўраев, яъни, собиқ курсдошимизнинг даври бошланди. 1974-75 йиллари Ўшга ҳам гастролга келди. Дўстим келганидан фойдаланиб, “шилдир-шилдир сув оқади Ўш тоғидан” деган ғазал ёзиб берувдим, эртасигаёқ концертда қўшиғимизни айтиб чиқди.

Ғанижон Холматов: Мана шундан кейин ўз-ўзидан кейинги қўшиқни қилиш ҳам заруратга айлангандай бўлди. Шундай қилиб, еттита қўшиқ Шерали Жўраев ижросида пайдо бўлди. Охиргиси “Сен кетдинг аста-аста» [100]

Ғанижон Холматов ғазали, Шерали Жўраев қўшиғи

ШИЛДИР-ШИЛДИР

Шилдир-шилдир сув оқади Ўш тоғидан,
Кўринади кўзга яқин-йироғидан.
Меҳмон бўлиб борган эдим, шайдо бўлдим,
Ўшлик қизнинг ичиб қимиз, қаймоғидан.
(Ӯшлик қизнинг ичиб севги булоғидан.)

“Учрашувга келгил, - дедим, - тоғ ба¬ғрига”,
Ёрим келди, аммо бахтим доғли экан.
Келган экан юрагимга ўт ёққали -
Севганимнинг, найлай, боши боғли экан.

Шилдир-шилдир сув оқади Ўш тоғидан,
Кўринади кўзга яқин йироғидан.
Меҳмон бўлиб борган эдим шайдо бўлдим,
Ўшлик қизнинг ичиб севги булоғидан.

Куйлай-куйлай қайтар бўлдим армон билан,
Қалбим қолди Ўшнинг азим тоғларида.
Ўшал қизга айтинг, дўстлар, ўйнаб борсин (келсин),
Мен кутаман Асаканинг боғларида.
(Мен кутаман гӯзал Тошкент боғларида.) [94] [101]

Шерали Жўраев шоир Ғанижон Холматовнинг яна қуйидаги 7 та шеърини қӯшиқ қилган.

ОНАНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ

Онани ҳурмат қилинг, кӯнглида ғам бӯлмасин,
Кӯнглига ғашлик тушиб, кӯзлари нам бӯлмасин.

Расвои олам бӯлиб, ҳижол ӯтида ёқманг,
Жондан азиз бошлари эл аро хам бӯлмасин.

Онани ӯзга билиб, ҳеч қачон сир сақламанг,
Оқибат бир кун келиб, она мулзам бӯлмасин.

Ёрингизнинг ишқини кӯрмангиз ундан баланд,
Оналик меҳри кетиб, ёрга маҳрам бӯлмасин.

Онани ҳурмат қилинг - кимса йӯқ ундан улуғ,
Ҳаққига айланг дуо: “Бир умр кам бӯлмасин!”


МУНОЖОТНИ ТИНГЛАБ...

Дилрабо куймисан ё ғазалмисан,
Ногоҳ хаёлимни тилдинг, Муножот?
Ошиқ тақдиримда сен азалмисан,
Нечук ошуфтаҳол қилдинг, Муножот?

Ё висол онларин ширин сабоси,
Ё ҳижрон дардининг ёлғиз давоси,
Ё мискин қалбимнинг мунгли навоси,
Мунчалар хаёлга толдинг, Муножот?

Ё куйдан яралган ғам, ноламисан,
Кӯз ёшдан қуйилган шалоламисан,
Ёки севги билмас ёш боламисан,
Билмай ишқим гулин юлдинг, Муножот?

Сен жавобсиз мангу савол экансан,
Шоирларга ширин хаёл экансан,
Ошиққа бир дамли висол экансан,
Бир томчи ёш бӯлиб қолдинг, Муножот!

Ё золим ҳофизга тутқунмисан сен,
Бӯсадан сачраган учқунмисан сен,
Ҳар қайси кӯнгилга мумкинмисан сен,
Кӯнглимдан не ӯтса, билдинг, Муножот?


ҚАЛДИРҒОЧ

Ёр қошини қанотинг гумон қилма, қалдирғоч,
Ёр қошига етмоқни осон билма, қалдирғоч.
Ёр қошлари қӯш қилич-тегиб кетма, қалдирғоч,
Ёр қошини камондек эгиб кетма, қалдирғоч.

Ҳар баҳор ёр кулбасин пештоқидан разм сол,
Қанотингда қалбига муҳаббатим расмин сол,
Кӯз ёшимдан қурмасанг ошиёнинг, қалдирғоч,
Ёр қошлари бӯлмагай ошинойинг, қалдирғоч.

Эл бошига ҳур замон эр бошидан келади,
Эр бошига минг бало қиз қошидан келади...
Қиз қошига қанотинг қалқон қилгил, қалдирғоч,
Тошдан бӯлса қиз қалби, талқон қилгил, қалдирғоч.


СОЧ ЭМАС БУ...

Соч эмас бу, бир хаёлда йӯл йӯқотган тунмикан?
Гул юзингнинг шуъласидан ҳусни куйган кунмикан?

Кӯз эмас бу, гул юзингда порлагувчи юлдуз ул,
Қош эмас бу, юлдузингни пойлагувчи қундуз ул.

Тиш эмас бу, саф садафлар-икки лашкар жанг қилар,
Бӯса бӯлса, бу ҳарорат энди ҳолим танг қилар.

Бу ғазалмас-хаста дилнинг васлингизни кӯзлаши,
Бу қӯшиқмас-Муғаннийнинг уйқусида сӯзлаши.


МУҲАББАТСАН...

Қайтмас ёшлик осмонимда олис юлдузсан,
Пешонамда ҳижрон дарди қолдирган изсан,
Сӯрмай кириб вужудимга, кетдинг сӯроқсиз,
Ҳанузгача ӯн саккиздан ошмаган қизсан.
Мен сени биламан, сен-Муҳаббатсан!

Ӯн саккизда алдаб кетдинг ёлғиз бошимни,
Яна ёрга ёмонлабсан ӯттиз ёшимни...
Ӯз ёримга қӯймай мени ӯлан айткизиб,
Айт, қайларга олиб кетдинг қалам қошимни?..
Мен сени биламан, сен-Муҳаббатсан!

Сочларимнинг оқи, билсанг, санинг сабрингдир...
Келсанг агар қалбим ҳануз санинг қалбингдир...
Қалам қошлар, майли, келсин оққуш қош бӯлиб,
Келмас бӯлсанг, қалбим билгил унинг қабридир...
Мен сени биламан, сен-Муҳаббатсан!
Мен қайдан билайин, сен-Муҳаббатсан?


БӮСАДАН

Кӯнгил, қандай омон қолдинг бӯсадан?
Эй дил, қандай омон қолдинг бӯсадан?
Ширин забонингни пора бердингми,
Эй тил, қандай омон қолдинг бӯсадан.

Адашган тун десам, тундан қаросан,
Нечук безовтасан, мотамсаросан,
Лаблар аро тушдинг, сен ҳам балосан,
Сунбул, қандай омон қолдинг бӯсадан?

Кӯриб гулғунчани мастона кулдинг,
Ғунча очилдию беҳуш йиқилдинг,
Ёрнинг лабларида қайта тирилдинг,
Булбул, қандай омон қолдинг бӯсадан?


АСТА-АСТА

Орзуларим оғулаб, сен кетдинг аста-аста,
Бормоқдаман ёҳулаб, ортингдан хаста-хаста.

Гулга гул берган ошиқ қайда жазога лойиқ?
Мен сенга гуноҳкорман гул тутиб даста-даста.

Ҳам мени қийнаюрсан, ҳам ўзинг йиғлаюрсан,
Билмасмидинг, нигоро, жонингга жон пайваста?!

Наволанма, Муғанний, сен телбага сон қайда,
Ёр йўлида ошиқлар турганда раста-раста? [101]


17. 1976: “КЕТМА БАҲОР” ҚЎШИҒИ
ТЎРА СУЛАЙМОННИНГ “ИЛТИЖО” НОМЛИ ШЕЪРИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ “КЕТМА БАҲОР” ҚЎШИҒИ

tura-sulaymon (200x250, 13Kb)
Фото 18. Тўра Сулаймон (1934-2005). [102]

Шерали Жўраев 1976 йилда “Кетма баҳор” қўшиғини Тўра Сулаймоннинг (1934-2005) “Илтижо” номли шеъри асосида яратди. Аввал раҳматли Тўра Сулаймоннинг қисқача таржимаи ҳолини келтирай.

“ТЎРА СУЛАЙМОН (1934.15.2, Бахмал тумани ) — Ўзбекистон халқ шоири (1999). ТошДУнинг ўзбек филологияси факултетини тугатган (1964). «Гулистон», «Сирдарё ҳақиқати» газеталарида ходим. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлимида масъул котиб (1972—77), адабий маслаҳатчи (1977— 81).

Ижоди 50-йиллардан бошланган. Илк шеърлар тўплами — «Истар кўнгил» (1962). «Қорасоч» (1965) достони таниқли ижодкорлар, танқидчилар томонидан яхши кутиб олинган. «Мен қайга борар бўлсам» (1965), «Жаҳонгашта» (1970), «Ҳамқишлоқларим» (1973), «Интизор» (1973), «Сирдарё қўшиқлари» (1974), «Илтижо» (1976), «Алҳазар» (1976), «Тўйбоши» (1977), «Сизни эслайман» (1980), «Қоракўзгинам» (1981), «Гулшан» (1988), «Сарвиноз» (1990), «Харсанг» (1994), «Жаҳоннома» (1996), «Гул бир ён, чаман бир ён» (1996), «Ёвқочди» (1998), «Сайҳон» (2003), «Мамлакатнинг таянч нуқтаси» (2004) китоблари нашр этилган. Кўплаб шеърлари қўшиқ қилинган.

Тўра Сулаймон хилмахил жанрларда қалам тебратади. Шоирнинг соф лирик шеърлари, қасида ва фахриялари, манзумаларидан ташқари, халқ йўлида битилган, ўз даврининг долзарб масалаларига бағишланган, воқеликни қадимги бахшилар назари билан кўриб, ўхшатма ёки назира шаклида ёзилган асарлари ҳам ўзига хос халқчиллиги билан ажралиб туради. Айниқса, «Эргаш Жуманбулбул эл кезади» туркумидаги бахшиёна шеър ва достонлари ўзбекнинг миллий ғурурини тиклашга муносиб ҳисса қўшган асарлар сирасига киради.

Тўра Сулаймон асарлари фақат ифода тарзи ёки оҳанги билангина эмас, тасвирдаги самимият, ўхшатишларнинг ўзига хослиги нуқтаи назаридан ҳам халқчил. Унинг ижтимоий ҳаётнинг долзарб муаммоларига бағишланган публицистик мақолалари ҳам бор («Мамлакатнинг таянч нуқтаси», мақолалар тўплами, 2004).” [6, Т ҳарфи жилди, 839-840-б.]

1976 йилда Тўра Сулаймоннинг (1934-2005) “Илтижо” номли 40 бетли шеърлар китобчаси чоп қилинди. Шу китобчанинг 6-7-бетларида “Илтижо” шеъри босилганди. Шерали ака шеърдаги 1-2- ва 5-бешликни қўшиқ қилиб куйлаган. Одатдагидек Шерали ака алмаштириб куйлаган сўзлар тагини чизиб қўйдим ва қавс ичида Тўра Сулаймон ёзган сўзларни келтирдим. Қўшиқда куйланмаган 3-4- ва 6-бешликни қавс ичида ёздим.

Тўра Сулаймон шеъри, Шерали Жўраев қўшиғи

КЕТМА БАҲОР

Баҳор келса, бошланар (бошланур) боғда булбул хониши,
Саъва, қумри нағмаси, суралай товланиши,
Қирларда наврўз (лола) сайли, лолаларнинг ёниши (қишлоқларда йил боши),
Тўхтагай табиатдан ҳаққушлар зорланиши.

Кетма баҳор, (Баҳор, кетма) кетма, эй, манинг боғимдан,
Кетма баҳор, кетма, эй, манинг боғимдан.

Қилмиши қинғир зотга давр қайда, даврон қайда?
Ватангадо кимсага беминнат макон қайда?
Ёлғиз отга оламда ном қайда, нишон қайда?
Баҳор, сенсиз саҳрою тоғу тошга жон қайда?

Кетма, баҳор, (Баҳор, кетма), манинг боғимдан,
Кетма, баҳор, манинг боғимдан.

(Ўлмасликка ишора – ўланга ошиқлигим.
Саодатга ишора – замонга ошиқлигим.
Теранликка ишора – уммонга ошиқлигим,
Гўзалликка ишора – бўстонга ошиқлигим.
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Бу кун қай бир ерда қиш, қайда хазон резгилик,
Қайларда ёз, қайда куз, қайда жондан безгилик.
Кўкламнинг ҳар нафаси умрга арзигулик
Боғсиз, боғбонсиз ерда не ҳам қилсин эзгулик…
Кетма, Баҳор, менинг боғимдан.)

Майсадаги шудринглар кимларнинг кўз ёшлари,
Гиёҳ билан қопланмиш юртим тоғу (кўҳна қабр) тошлари,
Бу ерда ётар манинг ёвқур элатдошларим, (отам ҳам узангидошлари)
Ҳар баҳор эслар уни қавми-қариндошлари.

Кетма, баҳор, (Баҳор, кетма) кетма, эй, манинг боғимдан,
Кетма, баҳор, кетма, эй, манинг боғимдан.

(Ёз бўйи қорга зорман, қишда баҳорга зорман,
Чаманда гул бўйига интиқман, интизорман,
Куз келмай хазон бўлган севги, гулдан безорман,
Баҳорсиз ҳам диёрсиз эл ичра беназарман.
Баҳор, кетма, менинг боғимдан.) [85], [103]

Айтмоқчидек, китобимнинг 2-параграфида келтирилган “Тебратар” шеърини Тўра Сулаймон ёзган экан. Ушбу китобимни параграфма параграф ёзиб чоп қилиб бўлгач, уни яна бир марта тузатиб, янги параграфлар қўшиб китобимнинг 5-нашрини тайёрлайман, иншааллоҳ.

Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон 2005 йилда вафот қилди ва у Гулистон шаҳридаги қабристонга дафн қилинган. Аллоҳим унинг охиратларини обод қилсин, жойлари жаннатда бўлсин, илоҳим омин.

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

6. Тўра Сулаймон. - Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12 жилдли /Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Б.Аҳмедов ва б. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат нашриёти, 2001-2005.
- Т ҳарфи жилди, 839-840-б.
- www.qomus.info

85. АЗИЗБЕК ДУСМАТОВ. Шерали Жураев 1976 йил. - https://www.youtube.com/watch?v=LwbXYFoGuJ4 (www.youtube.com 2021.21.02, 1 соат 4 дақиқа 45 сониялик аудио ёзув, 16 та қўшиқ).
(“Кетма баҳор” қўшиғи 7-дақиқа 20-сонияда бошланган.
“Турналар” қўшиғи 44-дақиқа 20-сонияда бошланган.)

94. АЗИЗБЕК ДУСМАТОВ. Шерали Жураев Тожикистон Конибодомда 1978 йил. - https://www.youtube.com/watch?v=jBwgdz4MwPU (www.youtube.com 2021.10.01, 1 соат 18 дақиқа 45 сониялик аудио ёзув, 16 та қўшиқ).
(“Йигитлар” қўшиғи ушбу аудио ёзувда 15-дақиқа 40-сонияда бошланган;
“Шилдир-шилдир” қўшиғи ушбу аудио ёзувда 34-дақиқада бошланган).

98. ДАВРОН ҲОТАМ. Муғанний: Нодон дўстлар қаритди мени.
- https://ijodkor.clan.su/publ/qirgiziston/adabij_wjlar/mu_annij_nodon_dwstlar_aritdi_meni/3-1-0-243 (www.ijodkor.clan.su 2012.05.12);
- http://www.dunyouzbeklari.com/?p=105213 (www.dunyouzbeklari.com 2015.06.09).

99. Муғанний (1949-2014) (Ғанижон Холматов) - https://ziyouz.uz/ozbek-sheriyati/ozbek-zamonaviy-sheriyati/muganniy/ (www.ziyouz.uz/ozbek-sheriyati/ 2014.27.03).

100. Ғанижон Холматов: “Ҳаёт ташвишларидан озод инсонни кўргим келади”
- “Сиёсат” газетаси (№19) 20.08.2007;
- http://www.dunyouzbeklari.com/?p=143563 (www.dunyouzbeklari.com 2016.08.05).

101. НОЗИМЖОН ЭРГАШЕВ. Шеъриятга ошно қалбларни тасхир айлаган шоир Ғанижон Холматов (Муғанний)... - https://www.facebook.com/groups/758113517670290/permalink/1500314810116820 (www.facebook.com Фейсбукдаги “Шералишунослик” клуби” гуруҳи саҳифаси, 2020.04.02).

102. Тўра Сулаймон (1934-2005). - https://ziyouz.uz/ozbek-ziyolilari/tora-sulaymon-1934-2005/ (www.ziyouz.uz 2016.13.02).

103. ТЎРА СУЛАЙМОН. Илтижо. Шеърлар. – Т., Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1976. (40 б.). (Илтижо шеъри. – 6-7-б.)
- https://n.ziyouz.com/books/uzbek_zamonaviy_sheriyati/To'ra%20Sulaymon.%20Iltijo.pdf

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 6-11 апрел

АҚШ, Вашингтон шаҳри


Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 14-15)

Пятница, 02 Апреля 2021 г. 22:34 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 14-15)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

14. “ЙИГИТЛАР” ҚЎШИҒИ
ҒАФУР ҒУЛОМНИНГ “ЙИГИТЛАРГА” ШЕЪРИ, ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ҚЎШИҒИ
8abbc6ccbeb4facbf8e4edc00b63fefd0204 (525x700, 47Kb)
Фото 16. Ғафур Ғулом (1903-1966). [92]

Академик шоир Ғафур Ғулом кўпгина шеърларни, жумладан “Йигитларга” номли шеърни яхши ёзган. Масалан, у “Куз келди” номли шеърининг бир қаторида “ТИЛИМ” сўзини уч хил маънода ишлата билган: “ТИЛИМИ ТИЛИНГНИ МИНГ ТИЛИМ ҚИЛГАН” [93, 58-б.]

Ғафур Ғуломнинг таржимаи ҳолини Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан келтираман. Токи унинг руҳи шод бўлсин.

“ҒАФУР ҒУЛОМ (тахаллуси; асл номи Ғуломов Ғафур) (1903.10.5 — Тошкент — 1966.10.7) — Ўзбекистон халқ шоири (1963). Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1943). Тошкент шаҳрида Қўрғонтеги маҳалласидаги эски мактаб ва мадрасада, рус-тузем (1916) ва «Ҳаёт» мактабларида (1918) ўқиган. Мустақил ҳаёт йўлини эрта бошлаб, косибчилик, тунукасозлик, ҳарф терувчилик сингари турли касблар билан машғул бўлган.

Ўқитувчиларни тайёрлаш курсларини тугатиб, «Чўлпон» (1919), «Ҳаёт» (1924) мактабларида муаллим, болалар уйи (1926), «Урфон» мактабида мудир (1928). «Камбағал деҳқон» (1928 йилдан) ва «Шарқ ҳақиқати» газеталарида (1929 йилдан) масъул котиб, «Муштум», «Ер юзи» журналлари ва «Қизил Ўзбекистон» газетасида адабий ходим (1930—42), Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим (1943—66).

30-йилларнинг бошларидан шоир, ҳикоянавис, драматург, таржимон сифатида ижод этиб, «Динамо», «Йигит», «Эгалари эгаллаганда», «Хитойдан лавҳалар» (1931), «Тирик қўшиқлар» (1932), «Кўкан» (1934), «Сизга» (1935), «Чашма» (1939) шеърий тўплам ва достонлари, «Жўрабўза» ҳикоялар тўплами, «Нетай» (1932), «Тирилган мурда» (1935), «Ёдгор», «Шум бола» (1938) қиссалари ва «Мухбир суди» (1929) пьесасини нашр этган. Бундан ташқари, В.Маяковскийнинг «Ҳайқириқ» (1929), Ҳоди Тоқтошнинг «Муҳаббат тавбаси» (1931) достонини ўзбек тилига таржима қилган. Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонини нашрга тайёрлаган.

Ғафур Ғуломнинг ижодий тадрижи 3 даврдан иборат. 30-йилларни ўз ичига олган 1-даврда Ғафур Ғулом кўплаб шеър, мақола ва очерклар ёзган. Уларнинг аксари даврнинг ўткинчи мавзуларига бағишланган. Ғафур Ғулом шу даврда яратган насрий асарларида халқ ҳаётини, тарихини, турли ижтимоий қатламларга мансуб кишиларнинг руҳий олами ва нутқини мукаммал ифода этган. Ғафур Ғулом «Нетай» ва «Ёдгор» қиссаларида тасвирланган аёл қаҳрамонлар образи орқали маънавий бузилиш, шарқона ахлоқ меъёрларини оёқости қилиш катта фожиага олиб бориши мумкинлигини кўрсатган.

«Шум бола» қиссасининг бош қаҳрамони образида Ғафур Ғулом ҳаётнинг ҳар қандай мураккаб ва машаққатли синовларидан ўта биладиган, тегирмондан бутун чиқадиган шўх ва зукко бола образини катта маҳорат билан тасвирлаган. Ёзувчи автобиографик характерга эга бўлган бу асари билан ўзбек адабиётига янги бир типни олиб кирган. Миллий бўёқлар билан музайян бўлган бу асар айни пайтда умуминсоний ғоя ва қарашлар билан йўғрилган.

Ижодининг 2-даври — 2-жаҳон уруши йилларида Ғафур Ғулом халқ ва мамлакат ҳаётида кечаётган фожиавий воқеаларни фалсафий режада идрок ва тасвир этувчи асарларни яратган («Кузатиш»). Уруш йилларида ота-онасиз қолиб, Ўзбекистонга кўчириб келтирилган болалар ҳақидаги «Сен етим эмассан» шеъри юксак инсонпарварлик ғояси ва гуманизми билан ажралиб туради. Ғафур Ғуломнинг «Соғиниш», «Қиш», «Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак» сингари шеърларида уруш мавзуи ўзининг барча қирралари билан акс этган.

Ғафур Ғуломнинг урушдан кейинги дастлабки ойларда яратган «Вақт» шеъри алоҳида аҳамиятга эга. Ғафур Ғулом бу шеъри билан ўзбек шеъриятидаги фалсафий интеллектуал йўналишни янги босқичга олиб чиқди.

40-йилларнинг 2-ярми — 50-йиллардан шоир ижодининг 3-даври бошланган. Ғафур Ғуломнинг шу даврда яратилган шеърларидаги лирик қаҳрамон энди уруш жароҳатлари малҳам топган, тинчлик, дўстлик сингари қадриятларнинг қадрига етувчи кишидир. Ана шу лирик қаҳрамоннинг руҳий олами кечинмалари Ғафур Ғулом шеърларига ажиб бирёрқинлик багишлаган («Тошкент». «Сизга», «Онахонларга», «Муҳаррам», «Бир дўст хотираси» ва б.). Айни пайтда илк бор «Турксиб йўлларида» шеърида кўзга ташланган тарих туйғуси шу даврда бошқа бир кўринишда, лирик қаҳрамоннинг ғурур ва сурур манбаини ифодаловчи омил сифатида Ғафур Ғулом шеърларига кириб келган («Алишер», «Ўзбек элининг ғурури» ва б.). Шунингдек, шоирнинг «Янги шеърлар», «Шеърлар» (1946). «Ўзбек элининг гурури» (1949), «Шараф қўлёзмаси» (1950). 4 жилдли «Танланган асарлар» (1956—59) сингари тўпламлари шу йилларда нашр этилган.

Ғафур Ғулом 50—60-йилларда кўпроқ шўро жамиятининг етакчи кучини шарафловчи, турли байрамларни олқишловчи, халқни пахтадан мўл ҳосил олишга чорловчи шеърларни ёзишга мажбур бўлган. Шунга қарамай у шеъриятга ўзбек тилинннг ширали. рангии ва гўзал қатламларини олиб киришга эришган. Ғафур Ғулом болаларга бағншланган талайгина шеърлар ҳам ёзган («Тонготар қўшиғи», 1949: «Бари сеникн». 1953; «Турғун ва ўрдак». 1955; «Бир ғунча очилгунгача», 1958).

У туркнй ва форсий тилда ёзилган шарқ шеъриятининг билимдонларидан ва замонавий адабий ҳаётнинт фаол кузатувчиларидан бири сифатида Навонй, Атоий, Машраб, Мукимий, Муҳии, Фурқат, Ажзий Хўқандий. Васлий, Ойбек. Ғайратий, Ҳ. Олимжон, С.Абдулла сингари ўзбек шоир ва ёзувчилари, қардош халқлар адабиётининг Ннзомий, Жомий, Пушкин, Лермонтов, Гоголь, Шевченко, Маяковский, Абай, Тўғалоқ Мўлда, Абдулла Тўқай, Лоҳутий ва бошқа машҳур намояндалари тўғрисида кўплаб адабий танқидий мақолалар ёзган. Шунингдек, Ғафур Ғулом «Кулгичилик гўғрисида», «Юмор ва сати-ра», «Фольклорни ўрганайлик» сингари мақолалар ҳам ёзиб, ҳажвий адабиётнинг жанр хусусиятларнга доир қарашларини ўртага ташлаган, ўзбек халқининг бой оғзаки ижодини ўрганиш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратган.

Ғафур Ғуломнинг адабий меросида бадиий таржима катта ўрин тутади. У юқорида тилга олинган таржима асарларидан ташқари, У.Шекспирнинг «Отелло». «Қирол Лир» трагедиялари, Ўрдубодийнинг «Беш сўмдик келин», Н.Ҳикматнинг «Бир севги афсонаси» пьесалари, М. Козимийнинг «Қўрқинчли Теҳрон» романи, шунингдек, Пушкин, Лермонтов, Некрасов ва Т.Шевченко асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Тошкентдаги метро бекатларидан бири, маданият ва истироҳат боғи (2003 йилда ушбу боғда унга ҳайкал ўрнатилди, ҳайкалтарош Ж.Миртожнев), нашриёт-матбаа ижоднй уйи, Қўқон адабиёт музейи, Гулистон давлат университети Ғафур Ғулом номи билан аталади. «Шум бола», «Нетай», «Менинг ўгригина болам», «Афанди ўлмайдиган бўлди» асарлари асосида театр спектакллари ва кинофильмлар яратилган. 2003 йилда шоир туғилган куннинг 100 йиллиги кенг нишонланди. Вафотидан сўнт «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотданган (2000).

Асарлар: Мукаммал асарлар тўплами (12 жилдлн). 1 — 10-жилдлар. Т. Сайланма. Т.. 2003.
Адабиётлар: Мамажонов С. Шоир ва замонавийлик. Мамажонов С. Ғафур Ғулом прозаси; Т. Ғафур Ғуломнинг лирик полиялаги маҳорати. Т. 1966: Мамажоиов С. Услуб жилолари. Т.. 1972: Акбаров А. Гафур Гулам, 1975: Каримов Н. Ғафур Ғулом поэзияси. Т.. 2003: Назаров Б. Ғафур Ғулом олами. Т.. 2003: Ғафур Ғулом замонлошлари хотпраспда. «I.. 2003; Сафаров. Замонлошлар гонгининг чароқдарн. Бухоро. 2003: Ғафур Ғулом Андижонда, Андижон. 2003.
Наим Каримов» [6, Ғ ҳарфи жилди, 22-23-б.]

Айтмоқчидек, атоқли ўзбек адиби ва шоири Ғафур Ғулом ҳақида 2021 йилда «Ғафур Ғулом. Умр дафтари» номли ҳужжатли фильм суратга олинади ([92]).

Энди Ғафур Ғулом 1946 йилда ёзган “Йигитларга” номли шеърини келтирай. Шеър 7 та тўртликдан иборат. Ушбу шеърнинг дастлабки учта тўртлигини Шерали Жўраев ўзининг “Йигитлар” номли қўшиғида куйлаган. Шу сабабли 4-7-тўртликларни қавс ичида ёздим. Одатдагидек, Шерали ака шеърда ўзгартириб куйлаган сўзларнинг тагига чизиб қўйдим ва қавс ичида Ғафур Ғулом ишлатган сўзни ёздим.

Ғафур ҒУЛОМ шеъри, Шерали Жўраев қўшиғи

ЙИГИТЛАР

Йигитлар халқларнинг мақтови-кўрки,
Наслнинг гавҳари (жавҳари), давлат таянчи,
Юртнинг ободлиги, тўйлар сабаби,
Элнинг гуркираши, файзи қувончи…

Йигит омон бўлса, хавфу хатар йўқ,
Қалқон бор: қалъа бут, қўрғон саломат,
Қизлар кулгусида авжу даромад,
Чоллар уйқусида роҳат (жаннат), фароғат.

Бир йигит (йигитлик) умрининг баҳор (бир) кўкламига
Бутун бир (бир бутун) замонни алишсанг арзир.
Арзир, мард йигитнинг (ўз йигитинг) қадами учун
Замонлар, кўкламлар бўлса мунтазир.

(Бир йигит ҳижрони баъзан отанинг
Бағрини, дўстларим, доғ-доғ ўртар…
Расо қоматингиз бизга асодир,
Уфуринг, боғимиз бўлсин муаттар.

Сиз, ахир, ўлимни юртдан қочириб,
Ҳаётни пойидор қилган аскарсиз.
Сиз, ахир, улуғ юрт иқболи учун
Жон тиккан эрларсиз, зотсиз, нафарсиз.

Лаънати галалар ердан суприлди,
Муқаддас ва ҳалол қонингиз билан.
Янги жаҳон учун асос қўйдингиз,
Ўлимни билмаган жонингиз билан.

Атомлар қуввати пок қалбингизда
Ва сиздан кутади тақдирин жаҳон:
Жаҳон, замон, халқлар, Ватан ва давлат
Сизга таянади, сиздир посбон.) [93, 70-б.] [94]
1946

15. 1975: “ҲАЙКАЛ ҚОШИДА” ҚЎШИҒИ

img-511502-2c1e574e4b (1) (300x302, 42Kb)
Фото 17. Ботир Зокиров (1936-1985). [95]

Шерали Жўраев “Ҳайкал қошида” қўшиғини 1975 йилда Ўзбекистон халқ артисти раҳматли Ботир Зокиров таклифи билан яратганди. Ботир Зокиров ҳақида қисқача маълумотни 1-араграфда ёзгандим.

Маълумки, 1939-1945 йилларда даҳшатли Иккинчи Жаҳон уруши бўлди. 1941 йил бошида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса Иккинчи дунё урушида улардан 1 миллион 433 минг 230 нафар киши иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди. [96]

1975 йил май ойида жаҳон халқлари уруш тугаганининг 30 йиллигини нишонлаётган вақтлар эди. Лекин айрим онахонлар урушдан қайтмаган азиз фарзандини кутиб яшарди. Шу мавзудаги “Ҳайкал қошида” қўшиғини Шерали Жўраев 1975 йилда Ўзбекистон халқ артисти раҳматли Ботир Зокиров таклифи билан яратганди. Бу ҳақда Ш.Жўраев қуйидагиларни журналистга гапириб берганди.

“Яхши савол бердингиз. Сабаби яна бир улуғ инсон, зўр санъаткор Ботир Зокиров эсланадиган бўлди. У киши ажойиб инсон эдилар. Шеъриятни қадрлайдиган, нозик қалб эгаси эдилар. Термизда концертда эдик. Меҳмонхонада бирга туриб қолдик. Концертдан сўнг кечаси уч-тўртларгача шеърият, санъат ҳақида суҳбат қилдик. У киши “урушдан қайтмаган ўғлини кутаётган муштипар оналаримиз ҳақида бир қўшиқ қилиш керак-да, Шерали”, деб қолдилар ва қанақа мазмунда бўлиши кераклигини ҳам айтдилар. Мен кечаси билан ухламай шеърни ёзиб, басталаб, эртаси куни Ботир акага айтиб бердим. Ботир ака мени қучоқлаб узоқ йиғладилар. Қўшиқ (“Ҳайкал қошида” номли, А.Ш.) кўпчиликка манзур бўлди. Ҳалиям севиб ижро қиламан.” [50, 8-б.]

Ш.Жўраев 1975 йилда бир кечада шеърни ёзиб, тайёрлаган ушбу қўшиқ матнини келтириб ўтай. Мен уни Ш.Жўраев куйлаган [94]-даги аудио ёзув асосида ёздим. Таъкидлашим керакки, қўшиқнинг 11-16-сатрлари [26, 40-б.] да ёзилмаган.

Ш.Жўраев муаллиф бўлган [26]-китобчадаги кўпгина шеърларга айрим байтлар киритилмаган, яъни чиқариб ташланган. Бунга сабаб – Ўзбекистондаги кучишлатар органлар талаби билан полициявий режим амалдорларининг цензурасидир, деб ҳисоблайман. Яъни улар «шу-шу сатрларни чиқариб ташласангиз, китобчангизни чоп этамиз» деган шарт қўйган бўлсалар керак.

Шерали Жўраев қўшиғи

ҲАЙКАЛ ҚОШИДА

Она турар, қўлда гулдаста,
Қурол тутган ҳайкал қошида.
У томонга боқарди аста,
Хасталанган кўзда ёш ила.

Гўё она сўзларди унга,
У ҳам қулоқ солар эди жим:
«Айтгил, болам, сени бу ерда
Ушлаб қолган бунча йил у ким?

Нега бунча йўлга қаратдинг,
Наҳот онанг унутган бўлсанг?
Соч оқариб мадорлар кетди,
Сен болажон буни билмасанг.
Соч оқариб мадорлар кетди,
Наҳот бола буни билмасанг.»

Шу пайт олам жимликка чўкди,
Фақат она пичирлар ҳамон.
Ҳайкал эса бошин кўтариб,
Мағрур боқар онаизор томон:

«Онажоним, оқ сутинг ҳаққи,
Айтганингни ман бажо қилдим.
Юртим учун керак бўлганда
Айтганингдек, жон фидо қилдим.

Кечир мани, азиз онажон,
Кечикканим боиси шудир.
Энди, она, бошингни кўтар,
Ахир бу кун ғалаба кундир». [26, 40-б.] [94]

Кўпчилик ёшларимиз бу қўшиқни оддий, жун қўшиқдай тинглаши мумкин. Иккинчи Жаҳон уруши фронтларида жанг қилган, жон олиб жон бeрган ва Аллоҳ Ғалаба кунигача омон сақлаган Уруш фахрийлари бундай қўшиққа ҳақиқий баҳони бeра олади. Кeлинг, шунга доир битта воқeани баён этай.

Қуйида кeлтирилаётган мақолани рассом ва шоир Одилжон Нишонов ёзган. Мен у билан Андижонда 2008 йил 16-17 май кунлари учрашиб суҳбатлашдим. У “Холис” газeтасида чоп этилган мақоласини бeрди. У шунингдeк раҳматли шоир Муҳаммад Юсуф ҳақида ёзган “Шоир армони” номли яхши достонидан ҳам битта нусхасини менга дастхат ёзиб бeрди. Ушбу достонни кeйинроқ компютeрда тeриб, сайтлардан бирида чоп этарман, иншааллоҳ. “Ҳайкал қошида” қўшиғи билан боғлиқ Одилжон Нишонов ёзган воқeа баёнига ўтай.

“Тошкeнтда ўқиб юрган кeзларимда Шeрали Жўраевнинг барча концeртларини қолдирмасдан бориб кўрардим. Ҳофиз ҳар бир концeртида янги ва янги, хилма-хил қўшиқлар айтарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. У ўзининг “Ҳайкал қошида” қўшиғини куйлади. Кўп ўтмай овоз ёзиш студиялари уни оммавий равишда ёзиб тарқата бошладилар. Мeн ҳам ўша пайтларда урф бўлган қизил атиргулли откриткага бирлаштирилган юмшоқ (пластинкага ўхшаш) елим лапакка “Ҳайкал қошида” қўшиғини ёздирдим-да, Андижонга олиб кeлиб, дадамнинг туғилган кунига совға қилдим.

Дадам қўшиқни эшитиб турган жойида қотиб қолди. Кeйин уни қайта қўйиб бeришимни сўради. Учинчи марта айлантираётганимда унинг кўзларида ёш кўрдим. Ҳа, ишонинг, падари бузрукворим қўшиқни эшитиб унсиз йиғлар эди. Эҳтимол, у ўша дамда Иккинчи жаҳон урушининг машаққатли ва сeрташвиш, оғир ва аянчли лавҳаларини ёки жангларда ҳалок бўлган қуролдош дўстларини эслагандир. Урушдан қайтмаган ўғлини ёки суюкли ёрларини кутиб-кутолмаган оналар ва кeлинчаклар қалбидаги оғир жароҳатларни қалбан ҳис этгандир …” [97]

О.Нишонов мақоланинг шу ерида “Ҳайкал қошида” қўшиғининг қисқартирилган матнини [26, 40-б.]дан кeлтирган. Қўшиқнинг тўлиқ матнини мен юқорида кeлтириб ўтдим.

“Шу қўшиқ сабабли қиблагоҳимиз Шeрали Жўраевнинг ҳақиқий мухлисига айланди. Авваллари у Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов ва Комилжон Отаниёзовлардан бошқасини эшитмас, аниқроғи тан олмасди. Аёл қўшиқчиларни эса мутлақо жини суймас, ҳeч танасига сиғдира олмас эди.

Уйланиш тўйимга Шeр акани таклиф этиш ниятим борлигини айтганимда “У катта санъаткор, биз каби оддий одамларнинг тўйига кeлармикин”, дeя иккиланиб, кeлишига ишонмади ва дeди:

- Майли, айтиб кўр. Ажабмас ниятингга етсанг. Агар хонадонимизга кeлса, Шeрали кирадиган йўлнинг икки бeтига садарайҳонлар экаман, токи унинг ширин ҳидлари чор-атрофга таралиб турсин. Айтиб кўр, ўғлим, агар у кeлса, шундай бир яйраб, мириқиб ўйнайин, (у йигитлар рақсига жуда ҳам уста эди) токи юракларда армон қолмасин …

Ҳофизни тўйга айтгани борганимда Асакадаги уйларининг атрофлари, кўчалар машиналар билан тўлиб кeтган экан. Ҳа, Шeр акани кутиб ўтирганларнинг сон-саноғи йўқ эди. Улар ҳатто ўзларидан кeйин кeлганларни, машинаси билан у ёқда турсин, ўзларини ҳам олдинга ўтказишмас эди.

Бир куни ҳофиз розилигини олиб, тўғри дадамнинг олдига кeлдим. Ҳар қанча куюниб ишонтиришга уринмайин у мeнинг гапларимга ишонмади. Шундай бўлса-да, ҳаракатга киришиб кeтди. Ўзи айтгандeк атрофларга садарайҳонлар экди. Шeр ака учун уйнинг энг тўрисидан жой (саҳна) қилишимни, стол устиларига энг сара яшанг гуллардан гулдасталар тайёрлашимни тайинлади. Лeкин Шeрали Жўраев тўйга кeлишини бировга айтмаслигимни буюрди (кeлмай қолса атрофга кулги бўлиб қолишимдан қаттиқ қўрққан экан).

Шeр ака сўзининг устидан чиқди. Бeлгиланган куни, айтилган соатда қатор-қатор машина сигналларининг садолари остида тўйхонага етиб кeлдилар. Дадам айтганидeк, ҳофиз машинасидан то бориб ўтирадиган саҳнасигача оқ сурпли ва бахмалли поёндозлар тўшалди. Мeни ҳайратлантирган нарса шу бўлдики, поёндоздан ўзи ўтмай “бугун энг ҳурматли инсон Сизсиз”, дeя мeни босиб ўтишимни сўради. Қисқа “тортишув”дан сўнг у мeни ёнига олиб, елкамга қўлини қўйганча дадам эккан, баланд бўйли садарайҳонлар ўртасидаги йўлакка ёзилган узун поёндоз бўйлаб юра бошлади.

Кўп ўтмай хонадонимиздан Андижон шаҳри (Тожик маҳалла) бўйлаб Шeрали Жўраев овози тарала бошлади. Тўй тонгга қадар давом этди. Шeр акани кузатгани чиққанимда у мeндан: “Куёв бола, хурсандмисиз, биздан рози бўлдингизми?”, дeб сўради. Тўғриси, мeн ўшанда Шeр акага қандай жавоб бeрганимни аниқ эслай олмайман. Балки сeвинганимдан тилим бир калом айтишга ожизлик қилгандир.

Тўйнинг эртаси куни дадамдан: “Дада, хурсанд бўлдингизми?”, дeб сўрасам, “бошим осмонга етди, Шeралини кeлишига ишонмагандим. Энди ўлсам ҳам армоним йўқ”, дeб жавоб бeрди. Умрининг охирги нафасигача Шeрали Жўраевнинг номини тилидан туширмасдан, эъзозлаб, унинг умрига, ризқига барака тилаб, дуо қилиб ўтди. Дадамнинг ана шу улуғ орзуларини рўёбга чиқарган улуғ ва тeнгсиз ҳофизим Шeрали Жўраевдан бир умр миннатдорман.” [97]

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

26. ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ. Санъатим. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 2001. – 72 б.

50. Шерали Жўраев: Шогирдларим юрагимга яқин эдилар / Суҳбатдош: Каримберди Тўрамуродов/. – “Эрудит”, 2003 йил 10 май, 94-сон, 6-8-б.

92. Атоқли ўзбек адиби Ғафур Ғулом ҳақида фильм суратга олинади. - https://xs.uz/uzkr/post/atoqli-ozbek-adibi-gafur-gulom-haqida-film-suratga-olinadi (www.xs.uz/uzkr/ “Халқ сўзи” газетаси сайти, 2021.04.02).

93. ҒАФУР ҒУЛОМ. Йигитларга. Шеър. - Мукаммал асарлар тўплами. 12 жилдлик. 2-жилд. Шеърлар 1941-1953. – Т., “Фан” нашр., 1984. – 432 б. (70-б.) - https://n.ziyouz.com/books/uzbek_zamonaviy_sheriyati/G'afur%20G'ulom.%20Mukammal%20asarlar%20to'plami.%202-jild.pdf (www.n.ziyouz.com ).

94. АЗИЗБЕК ДУСМАТОВ. Шерали Жураев Тожикистон Конибодомда 1978 йил. - https://www.youtube.com/watch?v=jBwgdz4MwPU (www.youtube.com 2021.10.01, 1 соат 18 дақиқа 45 сониялик аудио ёзув, 16 та қўшиқ).
(“Йигитлар” қўшиғи ушбу аудио ёзувда 15-дақиқа 40-сонияда бошланган.
(“Ҳайкал қошида” қўшиғи ушбу аудио ёзувда 44-дақиқа 30-сонияда бошланган.)

95. Батыр Закиров. - http://fenixclub.com/index.php?showtopic=161502&st=0#entry8607219 (www.fenixclub.com Сайт «Клуб Феникса», 25.05.2014).

96. Хотира – муқаддас, қадр – азиз. - https://www.un.int/uzbekistan/fr/news/%D1%85%D0%BE%D1%82%D0%B8%D1%80%D0%B0-%E2%80%93-%D0%BC%D1%83%D2%9B%D0%B0%D0%B4%D0%B4%D0%B0%D1%81-%D2%9B%D0%B0%D0%B4%D1%80-%E2%80%93-%D0%B0%D0%B7%D0%B8%D0%B7 (www.un.int/uzbekistan/ 2017.03.05).

97. (30) НИШОНОВ О. Дадамнинг орзўси. – «Холис», 2007 йил 15 феврал, 8-б.

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 2 апрел

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 13)

Четверг, 01 Апреля 2021 г. 21:08 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 13)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри

13. 1967: “АЖАБ ҲАНГОМАЛАР КЎРДИМ” ҚЎШИҒИ

Шерали Жўраев яратган қўшиқлар ичида кўпгина мухлисларга, жумладан менга жуда ёққан ва кўп йиллардан бери тинглаб завқ олаётган қўшиқлар бор. Лекин ушбу қўшиқлар яратилиш тарихи ҳақида Шерали ака гапириб бермаганлари бор. Балким журналистлар Шерали акага бу қўшиқлар тарихига доир савол бермаганлигидандур.

Мен “Шерали Жўраев” номли китобимнинг 4-нашрида шундай ажойиб қўшиқлар матнини келтириш ва қўшиқ манбасини кўрсатишни ўринли деб топдим. Токи ўқувчимиз шеърни ўқиб ва қўшиқни тинглаб завқ олсин. Шунингдек ёш хонандалар қўшиқ танлаш ва ўлмас қўшиқлар яратиш борасида Шерали акадан ибрат олишсин.

Шерали Жўраев “Ажаб ҳангомалар кўрдим” қўшиғини 1967 йилда яратган. Ушбу қўшиқ матни Шерали ака ёзган ва 2001 йилда чоп қилинган “Санъатим” номли китобида бор ([26, 4-б.] га қаранг). Китобдаги “Ажаб ҳангомалар кўрдим” шеъри матнида тўртинчи, олтинчи ва саккизинчи байтлар йўқ. Менимча, Ўзбекистон кучишлатар органларидаги амалдорлар 2001 йилда бу байтларни китобга киритишга рухсат бермаган. Шу шеър ёзилган саҳифада байтлар орасида сатрнинг бошидан охирига қадар нуқталар қўйилган очиқ жойлар бор. Мен қуйидаги қўшиқ матнини Шерали Жўраев куйлаган қўшиқ ёзувлари асосида тикладим. Шу сабабли ушбу қўшиққа доир иккита манбани ёздим.

Шерали ЖЎРАЕВ шеъри ва қўшиғи

АЖАБ ҲАНГОМАЛАР КЎРДИМ

Жаҳонни кездим, эй дўстлар, ажаб ҳангомалар кўрдим,
Тоғу тошу боғу роғу гулу гулзорлар кўрдим.

Жаҳонга келганин сезмай, кетар вақтини ҳам билмай,
Бу қандай сир, дебон ҳайрон, яна ҳайроналар кўрдим.

Нафинг тегса дўстлик қилган, ҳатто итингни сизлаган,
Пул-мол учун дўст бўлган ажаб дўст-ёрлар кўрдим.

Ўзи хушрўй кўрингувчи, инсонларни алдагувчи,
Одамзоддан яралгувчи ажаб шайтонлар кўрдим.

Биров ундоқ, биров бундоқ, дебон ғийбатни этгувчи,
Шайтонга ҳам дарс бергувчи ажаб инсонлар кўрдим.

Қариндош-у ётдик юрган, бир-бирига қош чимирган,
Бир онадан оқ сут эмган ажаб бегоналар кўрдим.

Бугун унда, эрта бунда, юрар ҳуснин сотиб кунда,
Ҳазар этгай ер ҳам ундан, ажаб шармандалар кўрдим.

Худо номин олиб тилга, одамлардан юлиб ўзга,
Амал қилмай ўз илмига юрар муллолар кўрдим.

Киши ошини еб бирга, товоғини уриб ерга,
Туз еб туриб, туздонига тупурган девоналар кўрдим.

Ҳамон кезмоқдаман, дўстлар, кезиб охир бунда етдим,
Дўсту душман ичрадирман, билмам, сирим кимга айтдим.

Мардлар билан ўлтирганда дўстлик шаробини ичдим,
Номард билан ўлтирганда мардлар ғийбатин эшитдим.

Гўзаллар-ла ўлтирганда жаҳонни ғамидан кечдим,
Жаҳонга келдим-у, аммо билолмасман қачон кетдим.

Ғаму ҳасратимни охир дўстлар ким шунга айтдим,
Йиғилган дўстлар ичинда яна дўст-ёрлар кўрдим. [26, 4-б.] [90] [91]
1967

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

26. ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ. Санъатим. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 2001. – 72 б.

90. ZILOL MEDIA. Sherali Jo'rayev Hayotidagi xamma qo'shiqlari (10 соат 2 дақиқа 56 сониялик аудио ёзув). - https://www.youtube.com/watch?v=NZUOL9AXS90 (www.youtube.com 2021.17.01).
(Аудио ёзувда “Ажаб ҳангомалар кўрдим” қўшиғи 1-соат 58-дақиқада бошланган.)

91. ZILOL FILM. Шерали Жураев 1968-йил Албоми супер мп3 (57 дақиқа 7 сониялик видео). - https://www.youtube.com/watch?v=Hn22BE_DBXY&t=2299s (www.youtube.com 2020.27.11, 13 та қўшиқ).
(Видеода “Ажаб ҳангомалар кўрдим” қўшиғи 47-дақиқа 40-сонияда бошланган.)

ДАВОМИ БОР

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 1 апрел

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 12)

Четверг, 01 Апреля 2021 г. 15:12 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 12)

Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри


12. 1973: “ИНСОН” ҚЎШИҒИ

2018 йил 13 ва 14 октябр кунлари АҚШдаги Ню-Йорк шаҳри Брунклин тумани Браян Бич мавзесида жойлашган “Мастер” теарида ҳофиз Шерали Жўраевнинг 3 соат давом этган катта концерти бўлди. Ушбу концерт ҳақида мен “Шерали Жўраевнинг АҚШдаги концерти” номли мақолани 2018 йил 17 октябр куни сайтларда чоп қилдим ([86]).

9-қўшиқ бўлмиш “Атиргулим” қўшиғини куйлаб бўлгач Шерали ака иккита қизиқарли воқеани, жумладан “Инсон” қўшиғининг яратилиш тарихини қисқача гапириб берди.

“Абдулла ака (Орипов) билан бирга Эркин аканинг уйига бордик. Қизиқарли суҳбатимиз чўзилиб кетиб кечаси соат уч бўлди. Мен ижарадаги хонадонда, Абдулла ака ётоқхонада яшарди. Эркин аканинг эскироқ “Москвич” машинасида кетаётганимизда “Эркин ака, инсонларнинг барча ютуғу камчиликларини қамраб олган битта шеър ёзсангиз яхши бўларди” дедим. Эркин ака: “Бўлди, бўлди, ёзаман” деди. Шундан кейин Эркин ака “Инсон қасидаси”ни ёзди. Улар улуғ инсонлар эди. Уларнинг руҳлари шод бўлсин.” [86]

Эркин Воҳидов “Инсон” қасидасини 1973 йилда ёзган. Қасида 25 та тўртликдан иборат бўлиб, уни [87]-манбадан келтирдим. Шерали ака ундан 22 тасини куйлаган. Куйланмаган учта тўртликни қавс ичида ёздим.

Эркин ВОҲИДОВ қасидаси, Шерали Жўраев қўшиғи

ИНСОН (Қасида)

Собиту сайёрада
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.
Мулки олам ичра бир
Ҳоқон ўзинг, султон ўзинг.

Собит ўз маъвосида,
Сайёр фазо дунёсида,
Коинот саҳросида
Карвон ўзинг, сарбон ўзинг.

Шамс — дил тафтингдадур,
Сайёралар кафтингдадур,
Кенг жаҳон забтингдадур,
Боғбон ўзинг, посбон ўзинг.

Бу ёруғ дунё надур?
Кошонадур, вайронадур,
Сенга меҳмонхонадур,
Меҳмон ўзинг, мезбон ўзинг.

Бунда оқ бирла қаро,
Зулмат, зиё, шоҳу гадо,
Жанг қилурлар доимо,
Ул ён ўзинг, бул ён ўзинг.

(Сен бало, ҳам мубтало,
Хайр ила кин, росту риё,
Фитнагар оламаро
Фаттон ўзинг, қурбон ўзинг.)

Гоҳ адолат боғида,
Пири адоват гоҳида,
Ўз дилинг даргоҳида
Шайтон ўзинг, ғилмон ўзинг.

Хормисан ё гулмисан,
Тождормисан ё қулмисан,
Чуғзмисан, булбулмисан,
Нолон ўзинг, хушхон ўзинг.

Бу ҳаёт ўрмон экан,
Жон борки, қасди жон экан,
Бунда қатл осон экан,
Сиртлон ўзинг, жайрон ўзинг.

(Бу ҳаёт уммон экан,
Уммон абад гардон экан,
Қатрадек сарсон экан,
Сарсон ўзинг, гардон ўзинг.)

Машъали фикрат — сенинг,
Ҳам чангали ваҳшат сенинг,
Ғайрату ғафлат сенинг,
Жавлон ўзинг, урён ўзинг.

Қилдингу ойда хиром,
Ҳам ерда қон тўкдинг ҳаром,
Ушбу ҳолингдан мудом
Хандон ўзинг, гирён ўзинг.

Миндинг илм нарвонига,
Чиқдинг фунун осмонига,
Бу жаҳон айвонига
Аркон ўзинг, вайрон ўзинг.

Заррани ижод этиб,
Даҳшат бало бунёд этиб,
Оқибатни ёд этиб
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг.

(Боғи арз обод эрур
Сендин агар имдод эрур,
Йўқса у барбод эрур,
Тўфон ўзинг, тўғон ўзинг.)

Сен ҳилол, юлдуз, салиб,
Таврот, Забурдин юксалиб,
Боймисан ёки ғариб,
Комрон ўзинг, яксон ўзинг.

Ким фаранги, ким ҳабаш,
Ирқ, қон талаш, имон талаш,
Шулми инсондек яшаш,
Армон ўзинг, афғон ўзинг.

Мамлакатга мамлакат,
Миллатга миллат бўлса қасд,
Қилғувчи сўнг оқибат
Армон ўзинг, афғон ўзинг.

Онаизоринг — замин,
Танҳо йўғу боринг — замин,
Хаста беморинг — замин,
Ўғлон ўзинг, дармон ўзинг.

Бағрида ётқучи — сен,
Неъматларин тотқучи сен,
Тиғ бўлиб ботқучи — сен,
Пайкон ўзинг, қалқон ўзинг.

Марсга тўп отқувчи — сен,
Зуҳрони уйғотқучи — сен,
Марсга ҳам учқувчи – сен,
Зуҳрони уйғотқучи — сен,
Уйқуда қотқучи — сен,
Уйғон ўзинг, уйғон ўзинг.

Келдинг оламга, демак,
Етмас уни сўрмак, емак,
Ерни этмоғинг керак
Бўстон ўзинг, ризвон ўзинг.

Сўзга ҳам поён бўлур,
Ёзсам яна девон бўлур.
Рустами достон бўлур,
Достон ўзинг, девон ўзинг.

Бўлмасин субҳинг қаро,
Бор бўл мудом борлиқ аро,
Ўзни этгил доимо
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.

Эй, сен Эркин, сен бугун (букун)
Ёздинг дилингдан бир тугун,
Сен киму не даҳри дун,
Бийрон ўзинг, нодон ўзинг. [87]
1973

Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалоғистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов бундай деганди: “Таниқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Инсон қасидаси”ни Шерали Жўраев катта маҳорат билан ижро этган. Бу қўшиқ тингловчини тўғри ва ҳалол яшашга, ҳақиқатпарвар бўлишга чорлайди. Афсуски, кўпгина хонандалар дастурида бундай қўшиқлар оз, ёки бутунлай йўқ.” [89, 48-49-б.]

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

86. АҲМАДЖОНОВ Ш. Шерали Жўраевнинг АҚШдаги концерти. - https://www.liveinternet.ru/users/4799013/post442460755/ (www.liveinternet.ru "Турон Шухратжони" кундалиги (дневник), 2018.17.10).

87. ВОҲИДОВ Э. Сайланма. 3-жилд. Умрим дарёси. – Т., “Шарқ” нашриёти, 2001. – 271 б. - https://n.ziyouz.com/books/uzbek_zamonaviy_sheriya...03-jild.%20Umrim%20daryosi.pdf (Инсон. Қасида. - 1-4-б.)

88. ДЖОРАБЕК АЛИМОВ. "Инсон қасидаси" Шерали Жўраев. - https://www.youtube.com/watch?v=RPUaEJ_ooXY (www.youtube.com 2018.14.04, 17 дақиқа 17 сониялик видео).

89. (47) НИШОНОВ О. Қўшиқ сеҳри. – Т.: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004. – 120 б.

ДАВОМИ БОР

-------------------------------------------------

“Шерали Жўраев” номли 42 параграфли китобим 4-нашрининг Кириш қисми ва 1-12-параграфларини www.liveinternet.ru сайтидаги “Турон Шухратжони” кундалигимда ўқишингиз мумкин. 12 та параграф мундарижаси:

Ш.Жўраев ижросидаги “Эй, азиз инсон” номли қўшиқ.
Ш.Жўраевнинг “Эй, азиз инсон” номли шеъри.
Китобнинг 1-нашрига кириш сўзи (2008 йил март).
Китобнинг 3-нашрига кириш сўзи (2008 йил ноябр).
Китобнинг 4-нашрига кириш сўзи (2021 йил март).
1. Қўшиқ тушунчаси ва ўзбек қўшиқчилиги.
Шерали Жўраевнинг «Қўшиқлар» шеъри ва “Эй, жон” қўшиғи.
2. Туғилиши: Баҳринисо ҳожи она хотираларидан.
Ш.Жўраевнинг «Тeбратар» ва «Болалар» қўшиғи.
3. Болалик ва ўсмирлик йиллари.
4. Шерали Жўраев – талаба.
Чустийнинг “Жонон бўлай деб” номли ғазали.
1967: Шерали Жўраевнинг «Хат ёздилар-ку» номли қўшиғи.
5. Ижоди қандай бошланганди?
Абдулла Орипов ёзган ва Шерали Жўраев басталаган “Сен баҳорни соғинмадингми?” қўшиғи.
6. “Ўзбегим” қўшиғи тарихи.
6.1. “Ўзбегим” қўшиғининг яратилиши.
Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” шеъри.
Шерали Жўраевнинг «Ўзбегим» қўшиғи.
6.2. ДХҚ Э.Воҳидов ҳамда Ш.Жўраевга қарши.
6.3. Фахриддин Умаров ижросидаги “Ўзбегим”.
6.4. Дадахон Ҳасан “Ўзбегим”ни куйлаганми?
6.5. Бошқа шоирлар ёзган “Ўзбегим”.
Шоир Холдор Вулқоннинг “Ўзбегим” шеъри.
6.6. “Ўзбегим”нинг тарихий аҳамияти.
6.7. Шерали Жўраев ва Шароф Рашидов.
7. 1970-йиллар: Шерали Жўраев ва талабалар.
Шароф Рашидовнинг “Уялма” шеъри, Шерали Жўраевнинг “Боғбон қизи” қўшиғи.
8. 1971: Ш. Жўраев концертидаги воқеа.
Шерали Жўраевнинг «Ёр ишқида» қўшиғи.
9. “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи тарихи.
9.1. Шерали Жўраев фикри.
9.2. Абдулла Орипов севгиси.
9.3. Мухлиса, Шайх Зиёвуддинхон ва улар аждоди.
9.3.1. Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957).
9.3.2. Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (1908-1982).
9.3.3. Доктор Шамсуддинхон Бобохонов (1937-2003).
9.4. Абдулла Ориповнинг «Биринчи муҳаббатим» шеъри, Шерали Жўраев қўшиғи.
Абдулла Ориповнинг «Ватаним» шеъри.
10. Дилбар ва «Тўкилмиш» қўшиғи.
Мулла Паноҳ Воқифнинг «Тўкилмиш» шеъри, Озарбайжон халқ қўшиғи.
11. «Турналар» қўшиғи.
11.1. Турналар.
11.2. Мулла Паноҳ Воқиф.
11.3. “Турналар” шеъри озарбайжон ва рус тилида.
11.4. Чўлпоннинг “Турналар” қўшиғи.
11.5. Қушлар ва экология муаммолари.
11.6. Булбуллар муаммоси.
Муҳаммад Юсуфнинг “Булбул” шеъри.
11.7. Шерали Жўраевнинг “Турналар” қўшиғи.
Мулла Паноҳ Воқифнинг «Турналар» шеъри, Шерали Жўраев қўшиғи.
11.8. “Турналар” қўшиғига муносабатим.
12. 1973: “Инсон” қўшиғи.
Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси, Шерали Жўраев қўшиғи.

Китобимнинг қолган қисмини ҳам шу манзилда чоп қилишни давом эттираман, иншааллоҳ. Китобим манзили:

АҲМАДЖОНОВ Ш. Шерали Жўраев. Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри. – https://www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/6956374/ (www.liveinternet.ru “Турон Шухратжони” кундалиги (дневник)даги “ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ” рукни, 2021.18-31.03);
https://www.liveinternet.ru/users/4799013/ (www.liveinternet.ru “Турон Шухратжони” кундалиги (дневник), 2021.18-31.03).

-----------------------------------------------

E-mail: jiz54@mail.ru

2021 йил 31 март

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ


Поиск сообщений в Турон_Шухратжони
Страницы: 24 ... 11 10 [9] 8 7 ..
.. 1 Календарь