Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ
ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 42.5 ДАВОМИ)
Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри
42.5. ФАХРИДДИН УМАРОВ (1926-2007)
ФАХРИДДИН УМАРОВНИНГ “БЎЛМАСИН” ҚЎШИҒИ ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ИЖРОСИДА
42.5.21. 1962: ҲАБИБ АБДУЛЛАЕВ ИЛТИМОСИ
«Тошкентга қайтганларидан сўнг оилавий доирада зиёфат уюштирилади. Оқшом пайти пўрим кийинган, ўттиз-ўттиз беш ѐшлардаги келишган бир йигит Ҳабиб Абдуллаев (1912-1962) хонадонига кириб боради. Уни дастурхон тузалган меҳмонхонага таклиф қиладилар. Мезбон тўрда, чап ёнида рафиқаси ўтирарди. Обрў-эътиборли меҳмонлар ўзларининг ёшларига, мавқеига муносиб равишда дастурхон атрофидан жой олган эдилар. Бунда бир-бирини яхши биладиган, бир-бирини самимий ҳурмат қиладиган инсонлар ўтиргани суҳбат маромидан яққол билиниб турарди. Хонадон соҳибаси шаънига илиқ гаплар айтилади, эзгу тилаклар билдирилади. Кейин пойгаҳдан жой олиб, кимтинибгина ўтирган ҳофизни хонадон соҳибига – Ҳабиб Абдуллаевга таништирадилар. Шу пайтгача бирмунча ҳорғин қиёфада ўтирган аллома сергак тортиб қолади. Ҳофиз ғилофидан торини олиб, қўшиқ бошлайди. Ҳабиб Абдуллаев эса бирдан ҳофизнинг қўшиғини тўхтатиб:
– Сен бу ерга ўтиб ўтир, – деб ўнг ёнидан жой кўрсатади.
Ҳофиз мезбон кўрсатган жойга ўтиб ўтиради.
– Мана бу ўртоқлар менинг шогирдларим, ҳаммаси геология соҳасида ишлайдилар. Улар орасида вазири ҳам, йирик идораларнинг раҳбарлари ҳам бор. Мен сен айтган “Сабо етсанг” деган қўшиқни ёдлаб олиб, ўзимча хиргойи қилиб юраман. Отангга балли, ука! Ичимдагини топиб айтгансан, Навоийнинг руҳини шод қилгансан... Ҳозир ўша қўшиғингни яна айтасан, айтаверасан. Мана, келинойинг ҳам ўша қўшиқни яхши кўради, бошқалар ҳам эшитади. Хуллас, мен “бўлди” деб елкангга қўлимни қўймагунимча қўшиғингни қайта-қайта айтаверасан. Майлими, хафа бўлмайсанми?
– Агар эшитаман десангиз, эрталабгача ҳам айтавераман, – деб ҳофиз қўшиғини бошлайди.
Қўшиқ етти марта такрор-такрор айтилгандан сўнг Ҳабиб Абдуллаев ҳофизнинг елкасига қўлини қўйиб:
– Раҳмат, ўғлим, – дейди. Олимнинг хаёллари паришондек кўринарди, у қўшиқдан ниҳоятда таъсирланган эди.
Давра ҳам сув сепгандек жимжит бўлиб қолади. Ҳар ким ўз хаёли билан банд эди. Ҳар ким қўшиқ оламининг тенг ҳуқуқли фуқаросига айланиб қолганди гўё. Сиртдан қаралса, Навоий ғазали билан айтиладиган қўшиқ, ишқ-муҳаббат мавзусида бўлса-да, лекин аслида абадият мадҳияси, ҳаётга чин муҳаббат ифодаси эди. Ҳабиб Абдулла каби буюк шахслар дорулфано тўғрисида, ВАТАНнинг истиқболи ва истиқлоли тўғрисида мисоли жондан кечиб қайғурарди, ВАТАН учун жонларини фидо қилишга рози эдилар. Бундай теран ва сирли ҳис-туйғаларни фақат диллари пайваста бўлган инсонларгина тўкис англар эдилар, англаб, юрак-бағрилари қон бўлиб кетарди. Оилавий давраларда мунгли нигоҳлари билан юрак дардларини ифода этардилар.
Ҳазрат Навоий сўзлари билан айтиладиган қўшиқнинг матни аслиятда бундай эди:
САБО ЕТСАНГ
Йўлунда туфроғ ўлдум, эй сабо, етсанг ғуборимға,
Қуюн бўл, доғи элтиб садқа қилғил гулузоримға.
Гар ўлсам ул малак сиймо парий ҳажридин, айланғай
Парий бирла малак парвонадек шамъи мозоримға...
Қуёш янглиғ юзунг ҳижринда эрмас ёрумоқ мумкин,
Гар ўлса юз қуёш толиъ қорайған рўзғоримга.
Йигитлар ишқини гар ихтиёр этмам десам, қўймас
Йигитлик бирла ошиқ шевалик ўз ихтиёримға...
Сени, эй муғбача, маҳрумликдин асрасун тенгри,
Агар бир жоми май бирла илож этсанг хуморимға.
Фано майхонасининг майфурушиға фидо жоним
Ки, май эҳсон қилур ҳолатда боқмас йўқу боримға.
Вафо ўтиға мен қуйдум, вале топқай Навоийдек
Муҳаббат риштасин таққан киши ҳар бир шароримға.
Қўшиқнинг сўзлари киши оламини ағдар-тўнтар қилиб юборади. Айниқса, “йўлунда туфроқ ўлдум” жумласи бир умр қидирув ишлари билан машғул бўлган геолог олимнинг хаёлларини Амир Низомиддин Алишербек яшаган замонларга олиб кетади: у пайтлари юрт мустақил эди, юрт мусулмонобод эди, лекин темурийлар салтанатида подшоҳдан кейинги иккинчи шахс бўлган, муҳрдор бўлган мутафаккир ҳам “ғубор” ичра яшайди... Инчунун, Ватанда беватан бўлган академик Ҳабиб Абдуллаев ўзининг аҳволи ҳазрат Навоийнинг “йўқу бори”га ўхшаш эканини жуда яхши биларди. У Ватанда, ажабки, Ватан васлидан йироқда – фироқда яшар эди. Эҳтимол, ҳофизнинг нолаю афғон тўла қўшиғини тинглаётиб Бобур Мирзонинг ушбу рубоийсини эслаган бўлса ҳам ажаб эмас:
Андиин бериким қасдим учун турли фироқ,
Юз дарду аламни манга еткурди фироқ,
Мани эшигингдин, нетай, сурди фироқ,
Қил чора, йўқ эса мани ўлтурди фироқ.
Ҳабиб Абдуллаев ҳазрат Навоий ғазали билан айтиладиган “Сабо етсанг” қўшиғини етти қатла, эшитади, узоқ ўйга толади, ҳеч ким у кишининг хаёлини бўлмайди. Ниҳоят, қаттиқ уйқудан уйғонган одамдек сесканиб атрофига қарайди, маъюс жилмаяди. Сўнг ўктам товушда:
– Фахриддинжон, ўғлим, сенга айтадиган қиёматли гапим бор, – дейди дона-дона қилиб. – Мен ўлган кунда мана шу қўшиғингни айтиб турасан. Тобутда ҳам, мозорда ҳам сенинг қўшиғингни эшитиб ётаман. Сенга айтадиган васиятим ҳам, илтимосим ҳам шу...
Меҳмонлар хийла тараддудланиб қоладилар, лекин биров эътироз билдиришга ботинмайди. Алломанинг сўзлари ҳофизнинг юрагини сирқиратиб юборади. Озурда қалбнинг туб-тубига ушалмас армон дафн этилган эди...
– Хўп бўлади, – дейди ҳофиз қулт этиб ютиниб. Бўғзига муштдек бир нарса тиқилиб қолгандай бўлади. – Хўп бўлади, – дейди такроран қўлларини кўксига қўйиб.
– Раҳмат, ўғлим! Ваъда бердинг, мана, шунча одам гувоҳ бўлди, – деб Ҳабиб Абдуллаев меҳмонларни кўрсатади.
Вақт алламаҳал бўлган пайтда меҳмонлар бирин-кетин тарқаладилар, ҳофизга ҳам рухсат берилади.
1962 йилда Фахриддин Умаров Душанбе шаҳрига гастролга жўнайди. Тожикистон пойтахтидаги муҳташам санъат саройида бир неча кун давомида сурункали концерт берилади. Бир куни концерт бошланишидан олдин меҳмонхонда ҳордиқ чиқариб ўтирса, радиодан нохуш хабарни эълон қиладилар:
“Ленин мукофоти лауреати, СССР Олий Советининг депутати, академик Ҳабиб Абдуллаев тўсатдан вафот этди...”
Афсуски, дафн маросими ҳам худди шу кунга белгиланган эди.
Ҳофизнинг оёқ-қўллари шалвираб, худди танасидан жони чиқиб кетгандай бўлади. Беш-олти ой муқаддам соппа-соғ юрган инсон, наҳотки, умри тугаб қолганини билган бўлса?.. Албатта, билган эди. Билмаса, кўпчиликнинг ўртасида ҳофиздан “мен ўлган кунда” фалон қўшиқни айтасан деб, илтимос қилмасди.
Ҳофиз энди қиёмат қарзини узиш учун нима қилмоқ кераклиги тўғрисида бир тўхтамга келиб улгурмасдан... бирдан Ўзбекистон радиоасидан Навоий ғазали билан айтиладиган ўша қўшиқ, яъни “Сабо етсанг” янграйди. Ҳофиз енгил тин олади: “Хайрият, марҳумнинг руҳи олдида юзим ёруғ бўлди”, деб Яратганга шукрона айтади. Сўнг орадан маълум вақт ўтгач, ўша қўшиқни яна уч марта такроран эшиттирадилар. Чамаси, Ҳабиб Абдуллаевнинг ўша васиятига гувоҳ бўлган одамлардан бирови радио ходимларидан Фахриддин Умаров ижро этган қўшиқни эфирга қўйишни илтимос қилган эди.
Мана шундай қайғули ҳам ибратли воқеадан кейин СЎЗнинг илоҳийлигига, КУЙнинг илоҳийлигига шак келтириш мумкинми?! Санъат даргоҳи ҳам саждагоҳ каби покиза бўлиши лозимлиги ҳақиқат эмасми, дўстлар?!
Санъат ва санъаткор мижғов гаплардан юксак бўлиши керак. Таассуфки, қалб воситасида англаш лозим бўлган бундай ҳақиқатларни мижғов кимсалар ҳеч қачон тушуниб етмайдилар. Майли, садқаи сар, санъат ҳеч қачон уларга малайлик қилмайди, санъат – гўзал инсонларнинг озурда қалбига доимо йўл топади, уларнинг қалбида муқим – абадий яшайди.” [264, 146-150-б.]
42.5.22. 1964: УНВОН
“1964 йили ҳукуматимиз томонидан менга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони берилди. Худога шукр, энди бемалол ижод қилишим мумкин... Афсуски, чучварани хом санаган эканман, ҳеч нарса ўзгармади – ҳаммаси қайтадан бошланди.» [264, 63-б.]
42.5.23. ДАСТЛАБКИ ШОГИРДЛАРИ
“Шогирд шуки, ўзи Сизни устоз деб тан олса. Устоз шуки, бировни шогирдим деб тан олса. Ҳозир мени устоз деб тан олган айрим шогирдларим тўғрисида гапирмоқчиман. Аслида, менинг йўлимда юриб санъаткор бўлган кишилар жуда кўп.
Тўнғич шогирдларимдан бири Абдулҳамид Султонов 1957 йили уйимга келди. Хийла суҳбатлашдик, бир-биримизнинг юрагимизга йўл топдик. Сўнг бир қанча қўшиқларни биргаликда пластинкаларга айтдик. Мен у кишига қўлимдан келганча ёрдам бердим, йўл-йўриқ кўрсатдим. Ҳозир Абдулҳамид техника фанлари номзоди.
Тожикистонлик яна бир хушовоз хонанда Жўрабек Набиев (1941) анчадан бери менинг кўпгина қўшиқларимни айтиб келади. Тошкентда ёки Хўжандда учрашиб қолсак, доимо ўзини менга яқин олади. Янги қўшиқларимни ўрганишга ҳаракат қилади, йўл-йўриқлар сўрайди. Қўлимдан келганча унга ҳам ёрдам бераман. Кичик Жўрабек ҳам юксак уфқларни кўзлаб ижод қиляпти.» [264, 77-78-б.]
42.5.24. 1963: ЖЎРАБЕК МУРОДОВГА ЁРДАМИ
“1963 йили ҳозирги Хўжанд шаҳрида (у пайтлари Ленинобод деб аталарди) ўн кун концерт бердик. Ўн биринчи куни Душанбада (бу шаҳар 1929 йилдан 1961 йилгача “Сталинобод” деб номланганди) концертимиз бор эди. Уёққа учиб кетишдан олдин аэропортнинг чойхонасига бордик; қўлбола палов пишириб, ҳамкасблар ўзаро суҳбатлашиб ўтирдик. Бир маҳал Муҳаммаджон Мирзаев ташқарига чиқиб айланиб келдилар-да: “Анави ерда битта тожик йигити “Онам дерман”ингни ҳаживотти!” деб кулдилар, аския қилдилар (ғажимоқ – кўчма тилка-пора қилиб юбормоқ, абжағини чиқармоқ; абгор қилмоқ. А.Ш.) “Ростданми?” деб ташқарига чиқдим. Бу қўшиқни кўпчилик айтиб берганини орқаваротдан эшитган эдим-у, лекин тожик халқи орасида ҳам машҳур бўлиб кетганини билмасдим. Шу жиҳатдан менга қизиқ туюлди.
Ҳақиқатан ҳам, бамаънигина зиёлилар даврасида бир йигит ширингина товуш билан ўзининг шевасида “Онам дерман”ни айтди. Секин бордим. Хонанда мени кўриб, ирғиб ўрнидан туриб келди. “Ассалому алайкум, муаллим!” деб сўрашди. Ўзбек тилини яхши билмасди, аммо қўшиқ сўзларини ёдлаб олган экан. Танишдик. Исми Жўрабек экан. “Бу ерда нима қиляпсан?” дедим. У ҳамроҳларини таништирди. “Булар билан мактабда бирга ишлаймиз – муаллимлар. Анави киши мактабимиз директори бўладилар; Москвага кетяптилар, биз муаллимлар кузатгани чиқдик”, деди ийманибгина. “Ука, тузуккина овозинг бор экан, соз чалар экансан. Қачонгача овозингни хор қилиб чойхоналарда ашула айтиб юрасан?!” дедим ачиниб. “Ўзим ҳам мактабда муаллим бўлиб ишлайман”, деб ўзини оқлади Жўрабек. “Мактабингни қўйгин, ука. Мен ҳозир Душанбега кетяпман. Эртага сен ҳам ўша ерга етиб боргин. Мен сени филармонияга жойлаштириб қўяман, ишлагин”, дедим. “Хўп”, деди. Дарҳақиқат, эртаси куни изимиздан Жўрабек ҳам Душанбега етиб борди. Биз қўноқ бўлган меҳмонхонани излаб топди. Суҳбатлашдик. Кейин Тожикистон Давлат филармониясига уни ишга жойлаб қўйдим.
Шундан кейин Жўрабек филармонияда ишлаб қолди. Дастлаб, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист бўлди, сўнгра: “Халқ артисти” унвонига сазовор бўлди. Кимсан – Жўрабек Муродов (1942) бўлиб кетди. Биз Жўрабекнинг камолини кўриб қувониб юрамиз. Худога шукр, ҳамон устоз-шогирдлик ришталари узилган эмас. Тўғри, имкон бўлган чоғда у мендан хабар олади, гоҳида мен уни йўқлаб тураман.» [264, 127-128-б.]
42.5.25. 1964: ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ҲАҚИДА
“Менинг қўшиқларимга ихлос қўйган яна бир хонанда – Шерали Жўраев билан илк бора, янглишмасам, 1964 йили учрашганмиз. Ўшанда мен филармонияда ишлардим. Уни студияга олиб кирдим. Кўп нарсаларни ўргатдим. Кейин уйимга олиб бордим, уйимда ҳам қўшиқчилик сирлари тўғрисида суҳбатлашдик, қўлимдан келганча ёрдам бердим. Шерали ниҳоятда зийрак, нозиктаъб ҳофиз. Унда мумтоз ҳофизларга хос бўлган донишмандлик ва ёшликка хос жўшқинлик бор. Мен унинг ишлари ҳамиша бароридан келишини, омон бўлишини тилайман.» [264, 78-б.]
42.5.26. БОШҚА ШОГИРДЛАРИ
«Ғуломжон Ёқубовнинг менга ихлоси баланд экан, кўпдан бери шогирд бўлишни орзу қилиб юрар экан. 1967 йили мактабда мусиқадан сабоқ берадиган домласи Ғулом Қўчқоров менга мурожаат қилиб: “Илтимос, шу болани бир кўринг, сизга иштиёқи зўр”, дедилар. Рози бўлдим. Қарасам, овози ҳам, ўзи ҳам яхши йигит экан. Қўлимдан келганча ёрдам бердим.
Номларини айтаверсам, рўйхат чўзилиб кетади. Ҳозир фақат дафъатан эсимга тушиб қолганларини зикр этяпман, холос.
Мана, Тошметир Тойиров. Ҳозир Термиздаги театрда ишлаяпти. У ҳам кўп нарсаларни уйимда туриб ўрганди. Имтиҳон қилиб кўрсам, овози тузук, аммо мусиқадан, йўл-йўриқлардан жуда йироқ экан. Унга эринмасдан ёрдам бердим. Бир кун эмас-бир куни шундан ҳам етук санъаткор чиқиб қолса, эслаб юрар, деб қўлимдан келганча яхшилик қилдим.
Адашмасам, 1969 йили ўзини шогирд тутиб Ҳожиакбар Ҳамидов (1949) келди. Овозида менинг овозимга яқинлик бор эди. Дидли-фаросатли йигит экан. Зийрак, хотираси ўткир. Боз устига, ҳазил-мутойибани ҳам тушунади. Ишқилиб, бировда ҳақини қолдирмайдиган инсон экан. Шуларнинг ҳаммасини инобатга олиб, қўлимдан келганча ёрдам бердим. Овозининг диапазонига қараб, сўзга муносиб мусиқа танлашни ўргатдим...” [264, 77-78-б.]
«Яна битта шогирдимиз, Ҳайруллажон Лутфуллаевдир (1945). Ўзбекистон халқ артисти. Ўзи шундай дейди: “Фахриддин ака, сизнинг бирорта концертингизни қолдирмасдан кирардим. Ҳатто эшик тагида турадиган паттачилар мени қувиб юборишаркан: “Ҳай, бола, жуда жонга тегдинг-ку, йўқол!” дейишарди. Лекин бир иложини топиб ичкарига кириб олардим, қўшиқларингизни эшитардим. Мен сизни албатта устоз дейман”. У ниҳоятда камсуқум, камтар, халқона санъаткор. Илойим, кам бўлмасин.
Яна битта шогирдимиз бор – Камолиддин Раҳимов (1943-2015). Ўзбекистон халқ артисти. Ўзим унинг қўлига созимни берганман. Созимни чалиб, менинг созимни ушлаганидан ниҳоятда хурсанд бўларди. Танишган пайтларимизда ёшгина бола эди. Тошкентда Маданий оқартув техникумида ўқирди. Камолиддин сабр-тоқатли, оғир-вазмин, зиёли санъаткор, ўз овозига эга.
Ғуломжон Ёқубов (1950) билан 1967 йили илк бора учрашганим тўғрисида илгари айтиб ўтдим. Ҳозир Ўзбекистон халқ артисти. Ўзимнинг ўғлимдек бўлиб қолган. Ҳаммавақт – байрам кунлари, туғилган кунимизда доимо ҳолимиздан хабардор бўлиб туради. Ғуломжон латиф санъаткорлар сирасига киради, ҳамма жойда мухлислари бор.
Андижондан Нуриддин Ҳамроқулов (1946) бор. Нуриддинжон СЎЗ қадрини, санъатнинг қадрини билади, доимо мухлислари қалбида ўчмас из қолдирадиган қўшиқлар айтади.
Қаршидан Эгамберди Тўраев. Унинг ҳам ўзига яраша мухлислари, ихлосмандлари бор. Эгамберди – санъат фидойиси.
Фарғонадан Тиловолди Жўраев (1946-2011). Инглиз тили бўйича мутахассис. Таржимонлик билан шуғулланади. “Доктор Моро ороли” деган китобни инглизчадан ўгирибди. Филология фани бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Уч-тўртта китоб чиқарди. Ҳозир “Фарғона” нашриётининг директори. Лекин созини қўлдан қўйгани йўқ.
Сурхондарёдан Тоштемир Тоиров.
Ҳожиакбар Ҳамидов. Кўзга кўринган, ажойиб номдор ҳофизлар қаторида келаётир, қўшиқлари халқимизга ўттиз йилдан ошдики манзур бўлиб қолган. Одамгарчилик, устозга содиқлик масалаларида у кўпчиликка ибрат бўла оладиган содиқ шогирд. Қолаверса, мендан олган таҳсиллари асосида ўзи ҳам ўнлаб янги қўшиқлар яратган ва ўзига хос йўлини, услубини топган. Боз устига, Ҳожиакбар тарихчи олим, профессор, моҳир педагог. Илм билан санъатни уйғунлаштириб олиб бориш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Абдулҳамид Султонов, техника фанлари номзоди.
Сўфихоновлар авлодидан Собиржон Расулов. У киши Сўфихоновларнинг набираси бўлади.
Ҳамма шогирдларим меҳр-шафқатли, инсофли, диёнатли инсонлар. Менинг йўлим улар учун ибрат бўлган, шуни яхши кўришган. Издошларимни номма-ном айтаверсам, улар жуда кўп. Мен фақат ашулаларимни айтиб, эл-юртга манзур бўлган санъаткорларни кўрсатиб ўтдим, холос. Ўшалар қаторида Комилжон Норматов ҳам бор. У қадрдон бир ўртоғимнинг ўғли. Унга ўзим чалиб турган созимни берганман.” [264, 128-129-б.]
42.5.27. 1966: “ДЎСТЛАР» ҚЎШИҒИ
“Ниҳоятда камтарин, хокисор шоир Жуманиёз Жабборов билан ҳамкорликда яратилган “Дўстлар” қўшиғи ҳам мухлислар томонидан қизғин қарши олинади. Ҳозиргача бу қўшиқ ҳофиз репертуаридан мустаҳкам ўрин олганлиги бежиз эмас, чунки бунда сўз билан куй, шоир билан ҳофиз гўё бир тану бир жон бўлиб яралган.
ДЎСТЛАР
Айтайин ишқ достонини, тингланг, дўстлар,
Бу кўнгул асрорини кўнгулдан англанг, дўстлар.
Ишқ тўлдирди ҳаётим мазмунин ёғду билан
Ҳам умр гулзорига бахш этди ишқ ранг, дўстлар.
Ёрнинг меҳрини сиз офтоб ила айланг қиёс,
Яшнаган қалбимни шўх гулшанга тенгланг, дўстлар.
Бахту иқболим садоқат ҳам вафодан барқ урар,
Шул сабаб кўнгулни кўзгусида йўқ занг, дўстлар.
Севги инсоний саодат ҳам гўзаллик олами,
Сиз уни нохуш, совуқ еллардан асранг, дўстлар.
Бахтлидир ишқ имтиҳонидин йиқилмай ўтса ким,
Бўлмағай ҳамроҳ надомат, оҳ-аттанг, дўстлар.» [264, 83-б.]
42.5.28. 1966: “ЭЙ МУҲАББАТ» ҚЎШИҒИ
«Эй муҳаббат» Фахриддин Умаровнинг машҳур қўшиқларидан биридир. Пўлат Мўмин шеъри.
«Эй муҳаббат, мунчалар фусункорсан,
Эй муҳаббат, оромбахш беғуборсан,
Эй муҳаббат, гоҳида дилозорсан,
Эй муҳаббат, қалбимда мудом борсан.
Муштоқдурман доимо меҳрингга мен,
Ҳар юракка туширган муҳрингга мен,
Лол қолганман кўрсатган сеҳрингга мен,
Эй муҳаббат, ёки сен сеҳргарсан.
Ўйламаган юракни ўйлатасан,
Ўйнамаган юракни ўйнатасан,
Йиғламаган дилларни йиғлатасан,
Эй муҳаббат, гоҳи сен ҳукмдорсан.
Йўл қўясан гоҳида хатога ҳам,
Баробарсан сени шоҳу гадога ҳам,
Не кулфатлар солмадинг Лайлога ҳам,
Эй муҳаббат, гоҳи сен жафокорсан.
Истардим мен дилларни куйдирмасанг,
Ҳижронларга асло йўл қўйдирмасанг,
Ошиқни ҳам жонидан тўйдирмасанг,
Эй муҳаббат, малҳаму шифокорсан.
Эй муҳаббат, Мўминга мададкорсан.» [264, 151-б.]
42.5.29. 1966: УНВОННИНГ БЕКОР ҚИЛИНИШИ
Фахриддин Умаровга 1964 йилда берилган “Ўзбекистон ССР да хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони 1966 йилда қандайдир баҳона билан бекор қилинди. [264]
[264]-китобнинг “Фалокат оёқ остида” номли параграфида “Ўзбекистон ССР да хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони олиб ташланиши сабаби қилиб бир катта амалдор Фахриддин Умаровни тўйига чақиргани, у ерда бир соат қўшиқ куйлаб дўстининг тўйига кетиши ҳақида келишгани, лекин уни 2,5 соатдан кейин ҳам жавоб бермагач ва дўсти уни қидириб шу тўйга келгач у дўсти билан жўнаб кетгани, кейин уни Марказқўмга чақиришгани, Марказқўм амалдори унга ёмон муомала қилгани ва алал-оқибат ундан унвон олиб ташлангани ҳақида ёзган. Мен юқорида ёзганимдек, ДХҚ олдин зиёли ҳақида керагича бадном қилувчи материал тўплайди ва шу материални рўкач қилиб ўз измига юришга мажбур қилмоқчи бўлади. Кейин мана шундай адолатсизликдан иборат тўқнашув-провокация уюштиради ва шу баҳона билан унвонни олиб ташлаттиради. Шу йўл билан ўзбек зиёлисини қора рўйхатга киритиб унга радио-телевидение орқали куйлаш ва бошқа муҳим имкониятлардан маҳрум қилади.
Ўша йилларда менгача етиб келган миш-мишлар ва каттароқ ёшдаги яқинларим муҳокамасида
эшитган гапларга кўра Фахриддин Умаров қимор ўйнаган ва шу баҳонада унинг “Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони бекор қилинган. Агар қимор сабаб бўлганда ҳам Фахриддин Умаровни дастлаб огоҳлантириш билан чегараланишса адолатли бўларди.
Эътибор беринг: Фахриддин Умаров 1966 йилда “Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони адолатсиз олиб ташланганига доир шикоят билан Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов олдига бормаган ва учрашмаган. Ахир у 1960 йилда фелетон масаласида Шароф акага учрашган эдику...
Ўзбекистон 1991 йил 1 сентябрда мустақилликка эришгач кўпгина зиёлилар, жумладан Фахриддин Умаров ҳақида ҳужжатли филм суратга олинди ([266]). Фахриддин Умаров ҳақида ёки бошқа ҳужжатли филм суратга олинаётганида танаффус пайтида шу жараёнда қатнашаётган ходимлардан бири Фахриддин акага қимор ўйнаган-ўйнамагани ҳақида савол бергани, у қимор ўйнаганини тан олгани ҳақида 2007 йилда Фахриддин ака вафоти муносабати билан чоп қилинган мақолалардан бирида ўқигандим.
Умуман олганда, Совет Иттифоқи йилларида Қуръон тақиқланган эди ва кўпчилигимиз қимор ўйинлари исломда тақиқлангани ҳақида билмасдик. Шу сабабли ҳам турли хил қимор ўйинлари жамиятда авж олганди. Масалан, мен Самарқанд Давлат университетида ўқиган 1970-1975 йилларда кузда колхоз-совхозларга пахта йиғим-теримига ойлаб борганимизда биз – талабалар кечалари қарта ўйини ёрдамида қимор ўйнардик.
Ҳофиз Шерали Жўраевга ҳам қарши шундай “қимор ўйнаган” деган айб қўйишга ДХҚ зобитлари орқаваротдан ҳаракат қилишгани ҳақида китобимнинг 21-парагарафида ёзгандим. Ўша жойини келтирай.
“(Шерали Жўраев) Обкомнинг биринчи котиби ҳар гал йиғинларда қўшиқ айтганимдан сўнг мeни чeтга тортади-да, ўзича койиб қўяди. Бир гал аччиқланиб, ҳам ёлвориб: “Барака топгур, ташла шу ҳунарингни”, дeди. Мeн ҳайрон бўлиб: “Қайси ҳунаримни?” дeб сўрадим.
- Қимор ўйнармишсан-ку?! – дeса бўладими.
- Бўлмаган гап, - дeдим қатъий.
Ҳалиги киши ёнимизда турганди, гапга аралашди:
- Кап-катта одам ёлғон гапирадими? Раҳбар бир нарсани билмаса, танбeҳ бeрмайди. Гап қайтарманг, хўп, дeнг.
Биринчи котиб содда, олижаноб, дангалчиликни ёқтирадиган киши. Уни ишонтирадиган бирон гап тополмадим ва чапаничасига:
- Қимор ўйнаган бўлсам йигит эмасман, - дeдим.
У киши кулиб юборди, иккимиз қўл ташлашдик.» [7, 34-б.]
42.5.30. 1967: ТОЖИКИСТОНГА КЎЧИШ ТАКЛИФИ
“1967 йили Душанбе шаҳрига гастролга бордик. Абдураҳмон Жомий номида муҳташам санъат саройи бор эди. Унда кино қўйилади, концерт қўйилади. Уч мингта томошабин сиғади. Лекин биз боргандан кейин шу саройга ҳам томошабинларни сиғдириб бўлмади. Қаторасига ўн икки марта концерт қўйдик.
Ниҳоятда чиройли ўтган ушбу концертда яқинда куй басталанган “Эй муҳаббат” қўшиғимни (Пўлат Мўмин шеъри) алоҳида бир завқ билан айтдим. Томошабинларга жуда маъқул бўлди. Улар қўшиғим тугаши билан ўринларидан туриб беш-олти дақиқа тинмасдан қарсак чалиб: “Офарин! Кам бўлманг! Яшанг!” деб олқишладилар. Томошабинларнинг талабларига мувофиқ “Эй муҳаббат!” қўшиғимнинг авжини яна бир марта такрорладим:
Эй муҳаббат, мунчалар фусункорсан,
Эй муҳаббат, оромбахш беғуборсан,
Эй муҳаббат, гоҳида дилозорсан,
Эй муҳаббат, қалбимда мудом борсан.
Муштоқдурман доимо меҳрингга мен,
Ҳар юракка туширган муҳрингга мен,
Лол қолганман кўрсатган сеҳрингга мен,
Эй муҳаббат, ёки сен сеҳргарсан.
Ўйламаган юракни ўйлатасан,
Ўйнамаган юракни ўйнатасан,
Йиғламаган дилларни йиғлатасан,
Эй муҳаббат, гоҳи сен ҳукмдорсан.
Йўл қўясан гоҳида хатога ҳам,
Баробарсан сени шоҳу гадога ҳам,
Не кулфатлар солмадинг Лайлога ҳам,
Эй муҳаббат, гоҳи сен жафокорсан.
Истардим мен дилларни куйдирмасанг,
Ҳижронларга асло йўл қўйдирмасанг,
Ошиқни ҳам жонидан тўйдирмасанг,
Эй муҳаббат, малҳаму шифокорсан.
Эй муҳаббат, Мўминга мададкорсан.
Концерт тамом бўлгандан сўнг томошабинлар тарқалгунча бир оз вақт ўтказиб ташқарига чиқдим. Не кўз билан кўрайликки, етмиш-саксон нафар Душанбенинг лобар қизлари устларидаги палтоларини ечиб, қор устига тўшаб қўйишибди. Ўзлари совуқда юзлари лолақизғалдоқ бўлиб, турналардек тизилишиб туришибди. Уларни кўриб ҳайрон бўлдим. Шунда: “Ҳофиз, сиз шуларнинг устидан юриб ўтасиз. Булар сизга пояндоз, то машинангизга боргунча босиб ўтасиз”, деб илтимос қилди қизларнинг сардори. Босмайман, десам улар хафа бўлишди.
Хуллас, ҳис-туйғуларим ғалаёнга келиб, меҳмонхонага қандай етиб келганимизни ҳам билмайман. Меҳмонхонада яна иззат-ҳурмат кўрсатишди. Зиёфат авжига чиққан пайтда маданият арбобларидан бир киши секин ёнимга ўтириб: “Фахриддин, кўриб турибсизки, Тожикистон халқи сизни жонидан ҳам ортиқ яхши кўради. Агар мумкин бўлса, бизда қолиб ишланг, барча шароитларни яратиб берамиз. Унвон десангиз, унвон берамиз. Уй-жой десангиз, уни ҳам бирпасда тўғрилаймиз. Бизда Сизнинг йўлингизни танлаган шогирдларингиз анча бор, биттаси – Жўрабек Муродов. Уларга ўзингиз устозлик қиласиз; хоҳласангиз филармонияга раҳбарлик қиласиз. Фақат бизда қолиб ишласангиз бас”, деди. Мен узр-маъзур айтдим. У киши бояги таклифини ҳаммага эшиттириб такрорлади. Шунда мен ўрнимдан туриб, меҳмондўстлик учун миннатдорлик изҳор этдим-да, сўнг: “Таклиф масаласига келсак, кечирасизлар, мен ўзбек санъаткориман, Ўзбекистон фарзандиман. Агар фарзанд айб иш қилиб қўйса, ҳар қандай ота-она унинг қулоғини бураб қўяди, беозоргина шаппатилайди. Энди қулоғимни бурагани, беозор шаппатилагани учун ота-онамдан воз кечиб кетолмайман-ку! Ота-боболаримнинг ҳоки ётган муқаддас юртимдан, Ўзбекистонимдан юз ўгириб кетолмайман!” дедим.
Мен тожикистонлик биродарларимга юракдаги сўзларимни рўй-рост айтдим. Худога шукр, улар тўғри тушунишди, ишларимга муваффақият тиладилар. “Қачон келсангиз, сиз учун эшигимиз ҳамиша очиқ, уйимизнинг тўри сизники!” дейишиб, кўнглимни кўтардилар.» [264, 155-157-б.]
42.5.31. 1972: “ЁР ЭТАСАНМУ» ҚЎШИҒИ
“Устоз Фахриддин Умаров билан узоқ йиллар ҳамкорлик қилган, диллари пайваста яна бир шоир – Ўткир Рашид эди (худо раҳмат қилсин). У кишининг шеърларидан беозорлик яққол сезилиб, мунис бир оҳанг таралиб туради гўё. Масалан, “Ёр этасанму” қўшиғининг сўзлари ҳам фикримизга ёрқин далил бўла олади:
ЁР ЭТАСАНМУ
Эй севгилим, айт, мен хастани ёр этасанму,
Ё хаста бу деб, ишқ йўлида зор этасанму?
Диллар туташиб қилган эди аҳл ила паймон,
Айт, энди дилинг ҳукмини бекор этасанму?
Мен дардлиманму, ишқим мени сенга етаклар,
Майли, мени қўй, севгини инкор этасанму?
Ишқ малҳамидан ташна юрак топса шифосин,
Сен бўлсанг, фироқ дардига дучор этасанму?
Жўр бўл, гўзалим, хаста бу дил ёринг куйига,
Ё қилмай вафо, чин севгини хор этасанму?» [264, 83-84-б.]
42.5.32. 1972: “МАЛАКСАН» ҚЎШИҒИ
“Одамзод қанчалик сирли бўлса, уни қуршаб олган муҳит ҳам шу қадар сирлидир.
Бир ҳисобда мана шу сир-асрор тўла оламда инсон бўлиб яшаб юрганимиз учун ҳам шукр қилишимиз лозим. Чунки бу фоний дунёнинг сирлари биздан олдин ўтган қанча-қанча алломаларни ҳам лол қолдирган. Мен ҳайрат бармоғини тишлаган пайтларим улуғларимиздан мадад сўрайман, уларнинг мумтоз ижодига мурожаат қиламан. Натижада ҳайратларим самарасиз кетмайди – битта гўзал қўшиқ пайдо бўлади. Масалан, мана бундай (Машраб ғазали, А.Ш.):
МАЛАКСАН
Малаксан ё башар, ё ҳуру ғилмонсан, билиб бўлмас,
Бу лутфу бу назокат бирла сендин айрилиб бўлмас.
Ажаб бераҳм дилбарсан, ажаб шўхи ситамгарсан,
Чароғи ҳусни рўйингдин кўнгулни ҳам узиб бўлмас.
Юзунгни офтобини кўруб ҳайрон бўлуб қолдим,
Фалакка қўл узотиб шамси анварни олиб бўлмас.
Юзунг мисли қизил гулдур, кўнгул чун булбули шайдо,
Бу гулнинг ишқидин булбул чамандин айрилиб бўлмас.
Кел, эй Машраб, агар ошиқ бўлибсан, бўлмағил ғофил,
Бу ғафлат уйқусидин, эй ёронлар, уйғониб бўлмас...” [264, 126-127-б.]
42.5.33. 1975: “ҚАҲРАМОНЛАР ХОТИРАСИ» ҚЎШИҒИ
“Бундан чорак аср муқаддам уруш мавзусида битта қўшиқ яратдик. Биламан, уруш мавзусида куйлаш оғир. Чунки уруш нима эканини озми-кўпми ўзим ҳам кўрганман. Қўлимга қурол олиб, бевосита душманга қарши жанг қилмаган бўлсам-да, аммо халқимизнинг жасоратини, фидокорлигини яхши биламан. Тенгсиз жанглардан қайтмаган зотларнинг хотирасини дилимда муқаддас сақлайман. Шу боис бу мавзуда эҳтиром билан қўшиқ куйлашга ҳаракат қиламан. Ўшандай қўшиқларимдан бири шоир Ҳайдар Муҳаммад билан ҳамкорликда яратилган бўлиб, “Қаҳрамонлар хотираси” деб аталади.
ҚАҲРАМОНЛАР ХОТИРАСИ
Тош қабрлар ичра ётмиш жон фидойи жангчилар,
Кўкдаги лочинлару ҳам ўтда куйган танкчилар.
Ёд этсак айём куни номингизни бирма-бир,
Тилга олсак дил эзилгай, кўздан ёшлар томчилар.
Оналар кутгай ҳамон тарк этмайин умидини,
Тош қабрни кўрганида қалби қанча янчилар,
Сирли одам тўлғониб, сизларни бир дам тикласа,
Сиз кўриб бу ҳур диёрни шод бўлардиз қанчалар.
Кул бўлиб, тупроқ бўлиб, соғинч бўлиб, кўклам бўлиб,
Сиз қучарсиз она-Ерни, оҳ, фидолик шунчалар.
Бу қўшиқни 1975 йили – Ғалаба куни ижро этдим. Рости, бу қўшиқни айтиш мен учун ниҳоятда оғир бўлганди. Унинг сўзларини такрорласам, юракларим эзилиб кетарди. Айниқса, ўғли ёки отаси жанггоҳлардан қайтмаган, ногирон бўлиб қайтган уруш қатнашчиларини кўз олдимга келтирсам, кўнглим бузилиб кетарди. Боз устига, ўзимнинг кўрган-кечирганларим, олис Украина тупроқларида қолиб кетган онажоним ва бошқа жигарбандларимнинг мунғайиб турган қабрлари бир-бир кўз ўнгимдан ўтаверарди.
Қўшиқни мухлисларим жуда яхши қабул қилишди. Уни қаерда ижро этишимдан қатъи назар, томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлардим.
Хотира ва Қадрлаш айёми арафасида республикамиз вилоятларидан бирига гастролга бордик. Концертлардан бирида “Қаҳрамонлар хотираси” қўшиғимни ижро этдим. Шунда ҳеч кутилмаган воқеа рўй берди. Саҳнага чиққан пайтимда олдинги қаторда кўкрагига орден ва медалларини тақиб олган уруш ногирони ўтирганига кўзим тушиб қолди. Беихтиѐр шу инсонга қараб қўшиқ бошладим; қўшиқнинг иккинчи мисрасини, яъни “Кўкдаги лочинлару ҳам ўтда куйган танкчилар”, деганимни биламан, шу заҳоти бояги отахон қўлтиқ-таёғига таяниб ўрнидан турди-да, кўкрагига муштлаб: “Ўша танкда ёнган аскар мен бўламан! Мана, мен тирикман, ҳа, тирикман!” деб қичқириб юборди.
Бутун зал қалқиб кетди. Ўзим ҳам ниҳоятда таъсирланиб, кўзда ёш билан қўшиқни давом эттирдим. Томошабинларнинг кўзларидан ҳам маржон-маржон ёшлар оқарди... Кейин базўр танкчи отахонни тинчлантирдик. Лекин унга ўхшаган танкда ёнган жангчилар кўп бўлганини, баъзилари тириклайин ёниб кетганини ва бу қўшиқ ўшаларнинг хотирасига бағишланганини тушунтиргунча она сутимиз оғзимизга келди! Қўшиқнинг қудратини, ноланинг қудратини ўшанда кўрганман!” [264, 163-164-б.]
42.5.34. 1983: “УМР ЎТМОҚДАДУР» ҚЎШИҒИ
“Қўшиқларим – менинг умрим. Умр эса ўтмоқда. Шоир Тўра Сулаймон ибораси билан айтганда: “Умр ўтмоқдадир дарѐ мисоли”. Оқиб ўтган сувни қайтариб бўлмаганидек, ўтган умрни ҳам қайтариб бўлмайди. Шунинг учун инсон азиз умрининг ҳар дамини кўнгли тўлиб яшаши керак, тўлақонли ҳаѐт кечириши лозим. Инсон ҳалол яшаши керак, мардона яшаши керак. Зотан, Яссавий бобомиз: “Мардона бўл, ғариб бош”, деб бежиз айтмаганлар. Ҳар қандай оғир кунларда ҳам ҳақиқат барибир қарор топишига қатъий ишонч билан яшаш даркор.
УМР ЎТМОҚДАДУР
Эсиз, болаликни қолдириб ортда
Умр ўтмоқдадур, умр ўтмоқда.
Қолдириб, қолдирмай из бу ҳаётда
Умр ўтмоқдадур, умр ўтмоқда.
Оппоқ тонгни улаб тийраи шомга,
Бирда шак келтириб сирли оламга,
Гоҳо таъзим қилиб бадкор, бадномга
Умр ўтмоқдадур, умр ўтмоқда.
Дарёдек мавж уриб, қирғоқдин тошиб,
Юрар йўлимиздан бирда адашиб,
Ким биландир зимдан мансаб талашиб
Умр ўтмоқдадур, умр ўтмоқда.
Эрта билан боғлиқ не дамларимиз,
Билиб, билмай босган қадамларимиз.
Хайрли иш карам, аламларимиз
Умр ўтмоқдадур, умр ўтмоқда.
Кексалик мўралаб эшик қоқмоқда,
Болалик бошқатдан қайтарилмоқда,
Биздан эрта кунга нелар қолмоқда,
Умр ўтмоқдадур, умр ўтмоқда.” [264, 165-166-б.]
42.5.35. 1985: “ИЛТИМОС» ҚЎШИҒИ
“Қўшиқ тингловчининг ҳис-туйғуларига кучли таъсир қилади. Демак, инсонни тарбиялайди. Кейинги пайтларда оташнафас шоир Абдуллажон Ориповнинг ажойиб шеъри асосида яратганим “Илтимос” номли қўшиғим ҳам тингловчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Менимча, бу қўшиқ ҳам жуда кучли тарбиявий аҳамиятга эга:
Балки сенга аѐн, балки ноаѐн,
Бир ҳаѐт ҳадисин айлайин баѐн.
Майли, сувлар кечгин, майли, ўтда ѐн,
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
Саргардон йўллардан қолсанг ҳамки оч,
Сабру қаноатни қилгил бошга тож,
Нотанти инсонга бўлма ҳеч муҳтож,
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
Таънадир дунѐда ѐмондан-ѐмон,
Нон бериб рангингни этгайдир сомон.
Ақлинг бутун бўлса, тўрт мучанг омон,
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
Саховат аҳлига гарчи юз бурдим,
Гоҳи дам ҳайратда лол қотиб турдим,
Норнинг ит олдида чўкканин кўрдим,
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
Эй, дўстим, демагил қайдан бу туйғу,
Шеърим сен учун ҳам бўлолсин кўзгу.
Менинг бир жайдари фалсафамдир шу:
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.” [264, 164-165-б.]
42.5.36. 1990: УНВОННИНГ ТИКЛАНИШИ
Фахриддин Умаровнинг “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони 1990 йилда қайтадан тикланди.
“Қўшиқларим – менинг умрим. Умр эса ўтмоқда. Шоир Тўра Сулаймон ибораси билан айтганда: “Умр ўтмоқдадир дарё мисоли”. Оқиб ўтган сувни қайтариб бўлмаганидек, ўтган умрни ҳам қайтариб бўлмайди. Шунинг учун инсон азиз умрининг ҳар дамини кўнгли тўлиб яшаши керак, тўлақонли ҳаёт кечириши лозим. Инсон ҳалол яшаши керак, мардона яшаши керак. Зотан, Яссавий бобомиз: “Мардона бўл, ғариб бош”, деб бежиз айтмаганлар. Ҳар қандай оғир кунларда ҳам ҳақиқат барибир қарор топишига қатъий ишонч билан яшаш даркор. Мен ўз ҳаётим мисолида ҳақиқат барибир тантана қилишига ишонч ҳосил қилдим. Хусусан, 1966 йилда “баъзи ўртоқлар”нинг жонбозлик кўрсатиб қилган саъй-ҳаракатлари туфайли камина “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонимдан маҳрум этилган бўлсам, 1990 йилда, орадан деярли чорак аср ўтгандан сўнг ҳурматли Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг махсус фармонига кўра ўша унвон қайтадан тикланди.” [264, 165-б.]
42.5.37. 2002: “ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ҲОФИЗИ” УНВОНИ
Фахриддин Умаровга 2002 йилда “Ўзбекистон халқ ҳофизи” фахрий унвони берилди.
42.5.38. 2017: 41 ТА ҚЎШИҚЛАРИ РЎЙХАТИ
Маълумки, улуғ ҳофиз Фахриддин Умаров юзлаб қўшиқлар басталаган ва куйлаган. Афсуски, бугунги кун – 2021 йил 21 сентябрга қадар уларнинг тўлиқ рўйхати тузилмаган. Фахриддин аканинг севимли шогирди ва тарихчи олим бўлмиш Ҳожиакбар Ҳамидов шу савобли ишни амалга оширса бўларди.
[264]-китоб охирида Фахриддин Умаров басталаган ва куйлаган 41 та қўшиқнинг номи, шеър муаллифи ва басталанган йили ёзилган.
“ҚЎШИҚЛАРДАН НАМУНАЛАР
«1. “Сабо етсанг...”, Алишер Навоий, 1954 йил.
2. “Жамолинг васфини...”, Бобур, 1955 й.
3. “Ўзбекистон қизлари”, Камтар, 1955 й.
4. “Кам бўлмасун...”, Бобур, 1958 й.
5. “Учиб ўтган қалдирғоч”, Ёнғин Мирзо, 1958 й.
6. “Хаёлимда дилоромим...”, Машраб, 1958 й.
7. “Сени севдим”, Шуҳрат, 1958 й.
8. “Қалбимни қайтар”, Шуҳрат, 1959 й.
9. “Ҳилол эмасму”, Ёнғин Мирзо, 1961 й.
10. “Азиз Ватаним”, Пўлат Мўмин, 1962 й.
11. “Она дерман”, Ёнғин Мирзо, 1962 й.
12. “Муаллим устозга”, Ёнғин Мирзо, 1963 й.
13. “Фарзанд ҳақида”, Ёнғин Мирзо, 1963 й.
14. “Дилда меҳринг”, Зоҳиджон Обидов, 1964 й.
15. “Сўроқ бўлармиди...”, Шукрулло, 1964 й.
16. “Дард сўранг...”, Машраб, 1964 й.
17. “Эй фалак...”, Машраб, 1965 й.
18. “Мени ёд эт”, Миртемир, 1965 й.
19. “Эй муҳаббат”, Пўлат Мўмин, 1966 й.
20. “Дўстлар”, Жуманиѐз Жабборов, 1966 й.
21. “Сочнинг савдоси тушди...”, Бобур, 1967 й.
22. “Ё ҳаётан набий...”, Хазиний ва Камий, 1967 й.
23. “Ўзбегим”, Эркин Воҳидов, 1968 й.
24. “Хаёл”, Эркин Воҳидов, 1969 й.
25. “Дўстлар саломат бўлса бас”, Чустий, 1970 й.» [254, 155-157-б.]
26. “Дерлар, одам боши...”, Ёдгор бахши, 1970 й.
27. “Бахт тиларман”, Эркин Воҳидов, 1970 й.
28. “Ёр этасанму...”, Ўткир Рашид, 1972 й.
29. “Айрилса”, Ёдгор Бахши, 1972 й.
30. “Енгади”, Чустий, 1972 й.
31. “Яхши бўлинг”, Ёдгор Бахши, 1973 й.
32. “Халқим”, Ғайратий, 1973 й.
33. “Қаҳрамонлар хотираси”, Ҳайдар Муҳаммад, 1975 й.
34. “Бисмиллоҳир Раҳмонур раҳимдандур”, Мухлис, 1980 й.
35. “Назардан қолмасин”, Чустий, 1981 й.
36. “Умр ўтмоқдадур...”, Тўра Сулаймон, 1983 й.
37. “Илтимос”, Абдулла Орипов, 1985 й.
38. “Ҳайрон ўтдик биз”, Абдулла Орипов, 1985 й.
39. “Сенга болажон...”, Тўра Сулаймон, 1997 й.
40. “Эрка оҳу”, Муҳаммад Юсуф, 1997 й.
41. “Ағёр тушмасин...”, Абдулла Орипов, 1998 й.» [264, 170-171-б.]
42.5.39. 1970: “БЎЛМАСИН» ҚЎШИҒИ. ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ИЖРОСИДА
“Ёшлигимда дўмбира чертиб, халқ оғзаки ижодидан термалар айтадиган бахшиларнинг қўшиқларини берилиб тинглар эдим. Уларнинг бетакрор санъатига қойил қолиб, уларга эргашишга ҳаракат қилардим. Бахшилар созни шу қадар маҳорат билан чертишардики, чолғу асбоби бамисоли уларнинг қўлида рақсга тушарди. Сознинг нолиши бутун оламни сеҳрлаб, тингловчини бир ерга михлаб қўярди. Дўмбиранинг овози янграган заҳоти тингловчининг бутун вужуди қулоққа айланарди. Бахши оҳанглар ёрдамида инсоннинг ақл-идрокини бошқара оларди. Мен кейинчалик халқ йўлида бир неча қўшиқ яратдим. Жумладан, Ёдгор бахши ижодидан илҳомланиб “Бўлмасин” деган қўшиқ яратдим:
Ёдгор бахши Исҳоқов шеъри, Фахриддин Умаров қўшиғи
БЎЛМАСИН
Дерлар, одам боши қаттиқдир тошдан,
Ҳаётда нималар кечмайди бошдан,
Яшашга тобланинг темирдек ёшдан,
Қайталанмас умр увол бўлмасин.
Асл фарзанд чиқар асил хонадан,
Бошланади ҳурмат ота-онадан,
Юз ўгирар ҳамма кибру ҳаводан,
Атворингиз совуқ шамол бўлмасин.
Кўзи қўчқор пешонаси дўнг бўлар,
Мард йигитнинг доим иши ўнг бўлар,
Ишинг тушиб борсанг, номард гунг бўлар,
Номардларга асло кунинг қолмасин.
Дўстсиз одам ўхшар беқанот қушга,
Кечган умр ўхшар даҳшатли тушга,
Жон дўстинг бошқаю, нон дўстинг бошқа,
Дўстим деб юрганинг душман бўлмасин.
Кечиринг, яхшилар, Ёдгор бахшини,
Сизга айтган бўлса ёмон-яхшини,
Яхши ошин ейди, ёмон бошини,
Боғда тикон бўлманг, боғбон юлмасин.» [264, 161-162-б.], [267]
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
6. (5) Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12 жилдли /Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Б.Аҳмедов ва б. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат нашриёти, 2001-2005;
-
www.qomus.info (А ҳарфидан Э ҳарфигача 33 та жилд, кирил алифбосида).
O’zbekiston Milliy Ensiklopediyasi.
- Ziyo istagan qalblar uchun! - Kutubxona - O’zbekiston Milliy Ensiklopediyasi (ziyouz.com)
(
www.n.ziyouz.com A ҳарфидан Z ҳарфигача 34 та жилд, кирил алифбосида);
-
www.n.ziyouz.com/kutubxona/category/11-o-zbekiston-milliy-ensiklopediyasi (
www.n.ziyouz.com A ҳарфидан Z ҳарфигача 34 та жилд, кирил алифбосида).
7. (6) ЖЎРАЕВ Ш. Бола дунёни тeбратар. (Масъул муҳаррир Н.Қобул). – Т.: “Юлдузча”, 1988. – 64 б.
263. NAVO TV. Faxriddin Umarov - Mohitobon kelsa deb | Фахриддин Умаров - Мохитобон келса деб. -
Фахриддин Умаров - Google Search (
www.youtube.com March 19, 2021. 4 дақиқа 46 сониялик видеолавҳадан сурат);
www.youtube.com/watch?v=Фахриддин%20Умаров&tbm=isc...=_LRSQktyH8T7Qy-_0iP9wLOMSQkty (
www.youtube.com March 19, 2021. 4 дақиқа 46 сониялик видеолавҳадан сурат).
264. НАБИЖОН БОҚИЙ, ҲОЖИАКБАР ҲАМИДОВ. Мени ёд эт. – Т., 2017. – 172 б.
265. Hojiakbar Hamidov va Faxriddin Umarov. Fahriddin Umarov - Xotira filmi. - Fahriddin Umarov - Xotira filmi - YouTube (
www.youtube.com 2021.07.06. 3 соат 49 дақиқа 49 сониялик видео);
-
www.youtube.com/watch?v=XLA0BHpjbEA (
www.youtube.com 2021.07.06. 3 соат 49 дақиқа 49 сониялик видео).
266. O’zMTRK O’zbekiston milliy teleradiokompaniyasi. Retro shedevr | Ўзбекистон халқ хофизи Фахриддин Умаров ҳаёти ва ижодига бағишланади [24.04.2021] - Retro shedevr | Ўзбекистон халқ хофизи Фахриддин Умаров ҳаёти ва ижодига бағишланади [24.04.2021] - YouTube (
www.youtube.com 2021.25.04. 41 дақиқа 17 сониялик видео);
-
www.youtube.com/watch?v=RWYTA0uVxig (
www.youtube.com 2021.25.04. 41 дақиқа 17 сониялик видео).
267. OLTIN ARXIV. Яна бир сиз эшитмаган қўшиқ. -
https://www.youtube.com/watch?v=V58OCTv7Nds (
www.youtube.com 2020.26.10)
ДАВОМИ БОР
E-mail:
jiz54@mail.ru
2021 йил 21 сентябр
АҚШ, Вашингтон шаҳри