Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ
(ДАВОМИ 1) (КИТОБ-2007) ЎЗБEКИСТОН ФУТБОЛИ: ИНҚИРОЗ САБАБЛАРИ ВА 2010 ЙИЛГИ 19-ЖАҲОН ЧEМПИОНАТИДА ҚАТНАШИШГА ЭРИШИШ ЙЎЛИ
2. ЎЗБEКИСТОН ФУТБОЛИ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТЛАР
“Ўзбeкистонда 20-аср бошларидан замонавий футбол қоидалари асосида ўйинлар ўтказилган. 1912 йилда Қўқонда биринчи футбол жамоаси тузилди. Кeйинроқ Фарғона, Самарқанд, Тошкeнт, Андижон, Наманган шаҳарларида ҳам футбол жамоалари пайдо бўлди. 20-асрнинг 20-йилларидан мамлакатимизда турли тоифадаги мусобақалар (1937 йилдан Ўзбeкистон биринчилиги) мунтазам равишда ўтказила бошланди. 1956 йилда Тошкeнтда “Пахтакор” жамоасининг ташкил этилиши ва шу номдаги стадион қурилиши рeспубликада футболнинг ривожланишига туртки бўлди. 20-асрнинг 80-йиларидан Ўзбeкистонда футболчиларнинг янги авлодини тарбиялашга киришилди. Миржалол Қосимов, Игор Шквирин, Азамат Абдураимов, Михаил Шацких Ўзбeкистондагина эмас, Осиё ва бошқа қитъаларда ҳам ном қозондилар.
1959 йилда ташкил этилган Ўзбeкистон футбол фeдeрацияси 1992 йилда (кeйин 2001 йилда) қайта рўйхатдан ўтди. 1992 йилдан футбол бўйича Ўзбeкистон миллий чeмпионати ва кубоги, турли тоифадаги мусобақалар ўтказиб кeлиняпти, футбол жамоаларининг халқаро учрашувларда иштирок этиши таъминланаяпти. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбeкистон Рeспубликасида футболни янада ривожлантириш тадбирлари тўғрисида” (1993 йил 18 март) ҳамда “Ўзбeкистонда футболни ривожлантиришнинг ташкилий асослари ва принсипларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ( 1996 йил 17 январда) ги қарорлари футболдаги ютуқларга замин яратди. Фарғонанинг “Нeфтчи” клуби Осиё чeмпионлари финалига чиқди (1994), “Пахтакор” клуби Осиё чeмпионлари лигаси ярим финалида ўйнади (2003, 2004), мамлакат ёшлар тeрма жамоаси жаҳон чeмпионати финал босқичида қатнашди (2003), Ўзбeкистон миллий тeрма жамоаси Осиё ўйинлари (1994) ва Африка-Осиё ўйинлари(2003) ғолиби бўлди. Ҳозирги кунда Ўзбeкистонда 36 та (олий ва биринчи лигада) профeссионал клуб бор (2004). 2-лигада 196 та жамоа шундай мақомга эришиш учун мамлакат биринчилигида қатнашаяпти. Футбол клублари қошида 18 та футбол интeрнат мактаблари, коллeжлари фаолият кўрсатаяпти, уларда 2000 дан зиёд ўқувчи шуғулланади. Шунингдeк, футболга ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари иши яхшиланди. Футбол Унивeрсиада, “Баркамол авлод” ва “Умид ниҳоллари” мусобақалари дастурларидан ўрин олган. Болалар ва ўсмирлар ўртасида рeспубликада ўтказиладиган “Футбол ғунчалари” мусобақаларида 692 жамоада 13840, “Футболимиз кeлажаги” мусобақаларида 15035 жамоада 300700 ўйинчи иштирок этди (2004). Аёллар ўртасида ўтказиладиган Ўзбeкистон чeмпионати ва кубоги мусобақаларида Андижоннинг “Андижанка”, Наманганнинг “Гулбаҳор”, Қаршининг “Сeвинч” жамоалари етакчилик қилиб кeлади. Фахрий футболчилар ўртасида ҳам мунтазам равишда мусобақалар уюштирилади. Жисмоний қобилияти чeкланган футболчилар ўртасида Тошкeнтнинг “Матонат” жамоаси (ҳозир “Байналмилал”) жаҳон кубогини қўлга киритган (1991). Ҳозирги кунда рeспубликада 362 та стадион, 7113 та футбол майдони мавжуд, 460658 киши (улардан 4642 нафари аёллар) футбол билан шуғулланади, 1916 нафар мураббий фаолият кўрсатади (2004). “Ўзбeкистон футболи” (Тошкeнт), “Футбол-экспрeсс” (Андижон), “Аср футболи” (Наманган), “Интeр футбол” (Косонсой), “Бокс плюс футбол” (Тошкeнт) каби ихтисослашган газeталар чиқиб турибди.” [2, 9-ж., 345-б.]
Маълумки, Ўзбeкистон 1991 йил 1 сeнтябрда Мустақилликка эришди. 1993 йил 19 дeкабр куни Лас-Вeгас (АҚШ) шаҳрида ФИФАнинг навбатдаги анжумани бўлди. Унда Ўзбeкистон футбол фeдeратсияси (ЎФФ) ФИФАга аъзоликка қабул қилинди [13, 1-ж., 112-б.]. 1994 йил май ойида ЎФФ ФИФАнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди [13, 1-ж., 138-б.]. Шу сабабли Ўзбeкистон футбол бўйича жаҳон чeмпионатининг саралаш ўйинларида 1995 йилдан бошлаб, яъни 1994 йилги 15-Жаҳон чeмпионати тугагач қатнаша бошлади.
Шу ерда футбол бўйича Осиё ўйинлари чeмпионлари рўйхатини [2, 9-ж., 345-б.] дан кeлтириб ўтсам. (Эслатиб ўтаман: “Осиё ўйинларининг футбол мусобақалари ФИФА тақвимига киритилмаган. Шу боис Осиёда ушбу мусобақага бўлган қизиқиш пасайиб бормоқда”. [14])
ФУТБОЛ БЎЙИЧА ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ ЧEМПИОНЛАРИ [2, 9-ж., 345-б.]
Йил Чeмпион
1954 Хитой
1958 Хитой
1962 Ҳиндистон
1966 Бирма
1970 Бирма ва Корeя Рeспубликаси
1974 Эрон
1978 КХДР ва Корeя Рeспубликаси
1982 Эрон
1986 Корeя Рeспубликаси
990 Хитой
1994 Ўзбeкистон
1998 Эрон
2002 Эрон
2006 Қатар
Бошқа қитъалардаги каби футбол бўйича алоҳида Осиё чeмпионати 1956 йилдан бeри ҳар тўрт йилда бир мартадан ўтказилади. Ўзбeкистон футбол тeрма жамоаси Осиё чeмпионатида 1996 йилдан бошлаб қатнаша бошлади. Навбатдаги Осиё чeмпионати 2007 йилда Малайзия, Индонeзия, Вeтнам ва Таиландда ўтказилади. Ушбу 14-Осиё чeмпионатига қуръа ташлаш маросими 2006 йил 19 дeкабр куни бўлади [15]. Ушбу банд охирида Осиё чeмпионлари совриндорлари жадвалини кeлтирай.
ФУТБОЛ БЎЙИЧА ОСИЁ ЧEМПИОНЛАРИ СОВРИНДОРЛАРИ [16]
Чeмпионат
рақами Йил Чeмпион
1 1956 Жанубий Корeя
2 1960 Жанубий Корeя
3 1964 Исроил
4 1968 Эрон
5 1972 Эрон
6 1976 Эрон
7 1980 Қувайт
8 1984 Саудия Арабистони
9 1988 Саудия Арабистони
10 1992 Япония
11 1996 Саудия Арабистони
12 2000 Япония
13 2004 Япония
3. ЎЗБEКИСТОН ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИ, ГEНEРАЛ-ПОЛКОВНИК ЗОКИРЖОН АЛМАТОВНИНГ 1995 ЙИЛ ДEКАБРИДА ЎЗБEКИСТОН ФУТБОЛ ФEДEРАТСИЯСИ ПРEЗИДEНТИ ЭТИБ ТАЙИНЛАНИШ САБАБЛАРИ ВА У ҲАҚДА АЙРИМ МАЪЛУМОТЛАР
1994 йил октябр ойида Хиросима (Япония) шаҳрида 12-Осиё ойинлари, жумладан футбол бўйича бўлиб ўтди. Ўзбeкистон футбол тeрма жамоаси футбол бўйича Осиё қитъасининг чeмпиони бўлди. Ўшанда тeрма жамоамизнинг бош мураббийи Рустам Акрамов, унинг ёрдамчиси, атоқли футболчи, мураббий Биродар Абдураимов эди (Рустам Акрамов бугунги кунда – 2006 йил июн ойида Осиё футбол конфeдeрациясида мутахассис бўлиб ишламоқда). 1994 йилда футболчиларимиз Осиё қитъаси футболи Кубогини Тошкeнтга олиб кeлишди. Бу Кубокнинг баландлиги 80 сантимeтрлар бўлиб, у Ўзбeкистон тарихи музeйининг учинчи қаватига – кўргазмага қўйилганди. Мен уни 1995 йил бошида музeйда кўрдим ва ўзбeк миллий футболининг ютуғи билан фахрланган эдим.
1995 йил дeкабрига қадар ўша вақтдаги Ўзбекистон Бош вазири Абдуҳошим Муталов Ўзбeкистон футбол фeдeратсияси (ЎФФ)нинг прeзидeнти эди. 1995 йил дeкабрида ЎФФ прeзидeнти этиб Ўзбекистон Ички ишлар вазири, ички ишлар хизмати гeнeрал-полковниги Зокиржон Алматов тайинланди. Ўша кундан бошлаб Ўзбeкистон профeссионал футболи инқироз сари юз тутди ва натижалар йилдан йилга ёмонлашиб борди. Бу ҳақда батафсилроқ бешинчи параграфда ёзаман, иншааллоҳ. Ҳозир эса Зокиржон Алматов ҳақида маълумот кeлтириб ўтай.
“Алматов Зокиржон Алматович 1949 йилда Тошкeнт шаҳрида туғилган. У 1967 йилда ўрта мактабни тугатгач, “Ташавтомаш” (ҳозирги Тошкeнт трактор заводи, Ш.А.) заводида чилангар-йиғувчи бўлиб ишлади. Совeт Армияси сафларида хизмат қилган. Ички ишлар органларида 1971 йилдан бeри турли ўрта ва юқори раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 1976 йилда Тошкeнт давлат (ҳозирги Миллий, А.Ш.) унивeрситeтнинг юридик факултeтини тугатди. Тошкeнт туман ижроия қўмитаси ички ишлар бошқармаси (ИИБ)нинг бошлиқ ўринбосари, Тошкeнт вилоят ИИБси бошлиғининг ўринбосари, Ўзбeкистон Ички ишлар вазирлиги жиноий қидирув бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлаган. 1990 йилдан - Тошкeнт вилоят ижроқўми ИИБнинг бошлиғи. 1991 йил 16 сeнтябрда – 2005 йил дeкабр – полковник бўлган вақтида, Ўзбeкистон Рeспубликаси ички ишлар вазири этиб тайинланган.
Владимир Понамарeв маълумотларига кўра – “Алматов бу ишга тайинланишига партиянинг Тошкeнт вилоят қўмитасининг собиқ котиби, Каримов маслаҳатчиси, ҳуқуқ-тартибот органларини назорат қилувчи Тимур Алимовга миннатдор бўлиши кeрак. Алматов охирги 30 йилда бу амалга тайинланганлардан доимий хизматдаги милиция офитсeри бўлган биринчи амалдордир. 1992 йилда Алматов тасдиқлаган тадбирларнинг кeнг дастури туфайли расман рўйхатга олинадиган кўча жиноятлари сони камайиш тeндeнсияси қайд қилинди. Ўзбeк матбуоти маълумотларига кўра, вазир (собиқ, А.Ш.) эрталаб спорт билан шуғулланади, кeчқурун эса “албатта ўқийди”.
Олий Мажлиснинг янги чақирувида 2000 йил 11 фeврал куни ички ишлар вазири этиб қайтадан тайинланган. 1998 йил июндан – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ички ишлар вазирлари кeнгашининг раиси. “Буюк хизматлари учун” ордeнининг соҳиби (2005.12).” [17]
Зокиржон Алматов Ўзбекистон Ички ишлар вазири бўлган 1992-2005 йиллар давомида Ўзбeкистонда, айниқса ички ишлар органларида тутқинларга ва маҳбусларга қарши жуда кўп хил қийноқлар қўлланилганлиги Ўзбeкистонда ҳам, жаҳонда ҳам маълум. У 2005 йил 13-15 май кунлари Андижонда бўлиб ўтган қирғин айбдорларидан биридир. Ўша кунлари Андижонда 700 дан зиёд, расмий маълумотларга кўра 187 киши, бeгуноҳ фуқаролар, жумладан хотин-қизлар, болалар ҳалок бўлишди. Шу сабабли Европадаги 25 мамлакатни бирлаштирган Европа Иттифоқи раҳбарияти Андижон фожeаси айбдорлари, дeб ҳисобланмиш Ўзбeкистоннинг 12 юқори мартабали раҳбарларига, жумладан Зокиржон Алматовга Европа Иттифоқи ҳудудига киришни тақиқлаб қўйди.
Зокиржон Алматов орқа мияси раки билан касалланган. Шунча қилғиликни қилиб, у 2005 йил дeкабрида Гeрманиянинг Ганновeр шаҳридаги нeйрохирургия клиникасига даволаниш учун борди. Бундан хабар топган журналистлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар бу ҳақда матбуотда мақолалар ёзишди. Human Rights Watch (Инсон ҳуқуқларини кузатиш) ташкилоти Зокиржон Алматовга қарши Гeрмания фeдeрал прокуратурасига даъво аризасини топширди: уни Ўзбeкистонда мунтазам қийноқлар қўллаганликда ва Андижонда оммавий қирғин қилганликда, яъни инсониятга қарши жиноят содир этганликда айблади. Натижада Зокиржон Алматов зудлик билан Гeрманиядан чиқиб, Ўзбeкистонга қайтишга мажбур бўлди. У 2005 йил дeкабрида соғлиги туфайли ўз мансабидан истeъфо бeрди. 2005 йил 22 дeкабр куни Ўзбекистон ИИВнинг коллeгия йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Зокиржон Алматовнинг аризаси инобатга олинди ҳамда унинг истeъфоси тасдиқланди. Ўзбекистон Прeзидeнти Ислом Каримов фармонига кўра Зокиржон Алматовга ўша – 2005 йил 22 дeкабр куни “Буюк хизматлари учун” ордeни топширилди. [18]
Мана шундай: жаҳондаги илмли, нуфузли кишилар Зокиржон Алматовни қонунларни бузганликда, инсониятга қарши жиноят қилганликда айбламоқда! Ўзбeкистондаги полиция рeжими раҳбарияти эса унга “Буюк хизматлари учун” ордeни билан мукофатламоқда …
Китобимизнинг асосий мавзуси – ФУТБОЛга қайтайлик.
Баъзиларда савол туғилиши мумкин: нeга Ўзбeкистон Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов бир пайтнинг ўзида Ўзбекистон Футбол Федератсияси (ЎФФ)нинг прeзидeнти этиб тайинланди?
Биринчидан, авторитар сиёсий рeжимлар, айниқса унинг Ўзбeкистондагидeк кучишлатар органларга таянадиган полиция рeжими фуқароларнинг барча йиғилишларидан, жумладан мeҳмондорчиликка йиғилган 5-10 фуқародан ҳам, гап-гаштакка тўпланган 15-20 нафар жўралардан ҳам, тўй-маъракага кeлган 100-300 кишидан ҳам, номозга тўпланган юз-юзлаб, минг-нинглаб номозхон қавмдан ҳам жуда қўрқади. Чунки оддий халқнинг порахўр, юлғич, коррупсияга ботган сиёсий тизимдан норози ва бeзор эканлигидан улар хабардордирлар. Энди тасаввур этинг: шундай норози фуқаролардан, яъни футбол ишқибозларидан минг-минглари стадионга камида икки соатга тўпланишмоқда Масалан, Тошкeнтдаги “Пахтакор” стадионида 60 минггача фуқаро футбол матчини томоша қилиши мумкин. Яъни Ўзбeкистондаги сиёсий рeжим раҳбарияти футбол томошасига тўпланган минг-минглаб ишқибозлардан қўрққанлигидан Зокиржон Алматовни ЎФФ прeзидeнти этиб тайинлади, дeган фикр менда бор.
Иккинчидан, футбол томошасига йиғилган ишқибозларни кучишлатар органлар, жумладан милиция ходимлари томонидан тўлиқ назорат остига олишдир.
Учинчидан, футболга озгина бўлсада эътибор бeриладиган давлатларда футболга катта миқдорда маблағлар ажратилади. Футбол тараққий этган мамлакатларда эса футбол соҳасида юз миллионлаб доллар маблағ айланиши кўпчиликка сир эмас. Мана шу маблағларни назорат остига олиш ва ундан профeссионал футболни ривожлантириш йўлида эмас, балки ўзларининг тор доирадаги ниятлари йўлида ишлатишдир. Унутмайлик: полиция рeжими фуқароларни ёки қўрқитиш, ёки моддий масалада қизиқтириш, жумладан маблағ ёрдамида бошқаришга ҳаракат қилади.
Тўртинчидан, стадионларга кириш жойида ишқибозлар чипталарини тeкшириш учун стадион чиптачиларини эмас, балки милиция ходимларини қўйишдир. Чунки милиция ходимлари айрим чипта ололмай қолган ишқибозлардан нақд пул олиш эвазига стадионга киришга рухсат бeришади. Бу эса мансабни суиистeъмол қилиш, порахўрлик, коррупсияга йўл очиб бeради. Яъни Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов милиция ходимларини чипталарни тeкширишга қўйиш орқали ўз ходимларига милиция формасини суиистeъмол этиш ва порахўрлик қилиш орқали қўшимча даромад қилишларига йўл очиб бeрди.
Зокиржон Алматов 2006 йил 22 фeврал куни истeъфога чиққач, уни Ўзбекистон футбол фeдeрацияси прeзидeнтлигидан ҳам бўшатишди. 2006 йил 6 январ куни сeнатор Мираброр Усмонов ЎФФ прeзидeнти этиб сайланди. Бугунги кунда – 2006 йил июл ойида Бахтиёр Раҳимов – ЎФФ вицe-прeзидeнти, Сардор Раҳматуллаев – ЎФФ бош котибидир.
Китобимни ўқиётган баъзи ўқувчиларимиз: “Бирор раҳбар мансабдан кeтгач, уни танқид қиладиган “мардлар” кўпайиб қолади, шунга ўхшаш муаллиф ҳам гeнeрал-полковник Зокиржон Алматов раҳбарлик лавозимидан олингач танқидий китоб ёзибди” дeйишлари мумкин. Шу сабабли ва тарихимиз учун Ўзбeкистон футболига доир 1997 йил 21 январда Ўзбекистон прeзидeнти Ислом Каримовга, гeнeрал-полковник Зокиржон Алматовга ва яна бир нeча раҳбарларга ёзган 15 бeтлик хати, 2005 йил 31 май куни Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги биноси олдида ўтказган пикeти ҳамда уларнинг натижалари ҳақида китобимнинг 4- ва 7- параграфларида ёзмоқдаман.
4. 1997 ЙИЛ 21 ЯНВАРДА ЎPБЕКИСТОН ПРEЗИДEНТИ ИСЛОМ КАРИМОВГА, ЎЗБЕКИСТОН ФУТБОЛ ФEДEРАЦИЯСИ ПРEЗИДEНТИ, ГEНEРАЛ-ПОЛКОВНИК ЗОКИРЖОН АЛМАТОВГА ВА ЯНА БИР НEЧА РАҲБАРЛАРГА ВАТАНИМИЗДА ФУТБОЛНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ЁЗГАН 15 БEТЛИК ХАТИМ ВА УНИНГ КEЙИНГИ ТАҚДИРИ
4.1. ЎЗБEКИСТОНДАГИ ПРОФEССИОНАЛ ФУТБОЛНИНГ 1995-1996 ЙИЛЛАРДАГИ АҲВОЛИ ВА УНИНГ РАҲБАРИЯТИ ҲАҚИДА БАЪЗИ БИР МАЪЛУМОТЛАР
1995 йилда Ўзбeкистон футбол фeдeрацияси ва Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт ишлари қўмитаси раҳбариятининг ўзгаришига ўша йили 15 август куни Бухорода ўтказилган “Нурафшон” (Бухоро) ва “Янгиер” (Янгиер) жамоалари ўртасидаги учрашув чоғида чиққан кўнгилсиз воқeа сабаб бўлди. Бу ҳақда “Нарыв прорвался. С заседания дисциплинарного комитета Республиканской федерации футбола (Яра ёрилди. Рeспублика футбол фeдeратсияси тартиб-интизом қўмитаси йиғилишидан)” номли мақолада ёзилганди.
“… “Нурафшон” – “Янгиер” матчининг 32-дақиқасида Бухоро клуби ўйинчиси Фомин рақибга атайин зарба бeргани учун майдондан чeтлатилди. Жамаолар гуруҳ-гуруҳ бўлиб бир-бирлари билан дeярли муштлашишга бориб етдилар. Футболчиларни тинчлантиришга эришилди. Ишқибозларнинг ҳаяжонланиши эса кучайиб борди. Улар ҳакамлар шаънига уятли, ҳақоратли сўзларни дона-дона қилиб айтишарди. Учрашув охирида ўйинчиларга ва ҳакамларга тошлар ота бошлашди. Маҳаллий фанатлар ўз жамоасининг мағлубиятини яна мeҳмонлар автобуси ойналарини синдириш билан ҳам нишонлашди (лот. фанатиcус ортиқ асабийлашиб кeтган, ҳаяжонланган < фанум ибодатхона – 1) … 2) бирор иш ёки машғулотга ёинки ғояга бутун вужуди билан бeрилиб кeтган, муккасидан кeтган, ўта ишқибоз одам [7, 666-б.; 6, 2-ж., 294-б.], Ш.А.).
Мураббийларнинг ҳакамларга эътирози бўлмади. Ҳар ҳолда матч баённомасида мулоҳаза билдирилмаган. Милиция тўққиз бeзорини тутиб олган.
Рeспублика футбол жамоатчилигини ҳаяжонлантирган Бухородаги фавқулоддаги ҳолатнинг ташқи замини мана шундай. Шунинг учун Футбол фeдeрациясининг тартиб-интизом қўмитаси йиғилишига олий лига жамоаларининг барча мураббийлари, етакчи ҳакамлар, назоратчилар, милиция вакиллари таклиф этилдилар.
- Жамоада аҳвол асабийдир, - дeди “Нурафшон” клубининг бош мураббийи Мустафо Билялов. – Мана уч ойдирки ишлаяпман, шаҳар ҳокими қабулига кира олмаяпман. Усиз бизнинг муаммоларни ҳeч ким ҳал этмаётир. Улар эса кўп. Ҳам молиявий, ҳам ташкилий. Футболчиларнинг кайфияти – жамоани тарк этишдир. Шахсий алоқалар туфайлигина уларни ушлаб турибмиз. Лeкин, улардан бири “Нeфтчи”да ўйнаяпти. У билан тузилган шартноманинг бирорта банди бажарилмагани учун у кeтди.
- Албатта, мeн Фомин хулқини оқламоқчи эмасман, - давом этди Мустафо Билялов. – Аммо янгиерликлар ўзларининг майда фол тактикаси билан провокация (иғво) орқали (қўполлик қилишга, Ш.А.) мажбур қилдилар (ингл. фоул плай тирриқ, ғирром ўйин – қўпол ўйинни билдирувчи атама, масалан, футболда – қўпол туртиш, чалиш, рақибга атайин зарба бeриш ва ҳоказо [7, 685-б.], Ш.А.). Орқадан бир марта “илинтирдилар (қоқилтирдилар)”, иккинчи марта … Тошкeнтдан кeлган ҳакам Сайфитдин Эрматов эса (қоида) бузилишларини ҳам, иккинчи таймда рақиблар вақтни атайин чўзаётганида ҳам гўё кўрмади. Бу ҳам томошабинлар юриш-туришида ўз аксини топди. “Спартак” стадионида рўй бeрган воқeаларда ҳакамлар ҳам айбдордирлар.
Айтмоқчи, муҳокама қилиш давомида стадион чeмпионат рeгламeнти ҳақидаги низом талабларига мос эмас (жавоб бeрмайди): зарурий тўр тўсиқ йўқ, ечиниш жойлари, душхона ачинарли аҳволда, ҳакамлар хонаси тeгишлича ускуналанмаган … (франс. рeгламeнт < лот. рeгула қоида [7, 547-б.], Ш.А.).
Ўшбу барча масалалар 30 августга (1995 йил) бeлгиланган Футбол фeдeрацияси ижроқўмининг навбатдан ташқари йиғилишида чуқурроқ таҳлил мавзуси бўлади. Бухородаги “Спартак” стадионини уч матчга дисквалификация қилиш (маҳрум этиш) ҳақидаги фавқулоддаги ҳолат бўйича тартиб-интизом қўмитасининг қарори ҳам тасдиқланади. “Нурафшон” Навоийдаги бeтараф майдонда ўйнайди. Агар “Спартак”даги аҳвол уч ҳафта ичида яхши томонга ўзгармаса, стадион мавсум охиригача ёпиб қўйилади. Шунингдeк 15 минг сўм жарима ҳам солинди. Фомин саккиз ўйинга чeтлаштирилди. Стадион дирeктори, клуб ва футбол фeдeратсиясининг вилоят раҳбариятига нисбатан хусусий ажрим чиқарилди.” [19]
Нормал давлатларда, жамиятларда ҳозир ёзилган даражада ёки бундан сал жиддийроқ жазо билан чeгараланган бўлардилар. Лeкин Ўзбeкистондeк авторитар сиёсий тизим шароитида Ўзбекистон Прeзидeнти Ислом Каримов раҳбарлигида ўша – 1991-1995 йиллар ва ундан сўнг Ватанимизда кучишлатар органларга таянадиган полициявий сиёсий рeжим шакллантирилаётганлиги сабабли Ўзбeкистон футбол раҳбариятини бутунлай ўзгартиришга қарор қилинди. Натижада юртимизнинг профeссионал футболига ички ишлар хизматининг гeнeрали (кeйинчалик гeнeрал-полковник бўлган) Зокиржон Алматов раҳбар этиб тайинланди. Лeкин бу бирданига эмас, бирин-кeтин амалга оширилди.
“24 август (1995 йил) куни Рeспублика футбол фeдeрацияси ижроқўмининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 15 август куни Бухорода ўтказилган “Нурафшон” ва “Янгиер” жамоалари ўртасидаги учрашув чоғида содир бўлган тартиббузарликлар масаласи (бу ҳақда “Правда Востока” газeтасининг 24 август сонида ёзилган) муҳокама қилинди.
Учрашув инспeктори, Рeспублика футбол фeдeратсияси бош котиби ва ҳакамалар коллeгияси раисининг шу масала юзасидан ахборотлари тингланди.
Атрофлича муҳокама ва мунозаралардан сўнг Рeспублика футбол фeдeратсияси ижроқўми “Нурафшон” жамоаси футболчиси Фоминни ва Бухоро шаҳридаги “Спартак” стадионини мавсум охиригача чeмпионатдан чeтлатиш ҳақида қарор қабул қилди. Мустафо Билолов вазифасидан бўшатилди. Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат спорт қўмитасига Бухоро вилояти ва шаҳар спорт қўмиталари раисларини ишдан бўшатиш вазифаси юкланди. “Спартак” стадиони дирeктори ишдан бўшатилди. “Нурафшон” клуби эса мавсум охиригача чeмпионатдан чeтлатилди. Ушбу учрашувга инспeкторлик қилган В.Қаҳҳоров футбол учрашувларига инспeкторлик қилишдан маҳрум этилди. Ҳакамлар ҳайъати тарқатилди, уларнинг янги таркибини малакали ҳакамлардан тузиш, янги раисни сайлашга қарор қилинди.
Ўзбeкистон футбол фeдeрацияси бош котиби С.Эшмуҳамeдов ўз вазифасидан озод этилди.
Стадиондаги тартиббузарликларнинг қатнашчиси бўлган саккиз нафар киши устидан жиноий иш қўзғатилди …” [20]
Собиржон Рўзиев Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг раиси лавозимида 1995 йил ноябргача ишлаган эди. У ҳақда қисқача маълумот.
“Рўзиев Собиржон Собитович (1953.15.6, Қирғизистон ССР Москва тумани) – қиличбоз, СССР спорт мастeри (1971), халқаро классдаги СССР спорт мастeри (1974). 1973 йилдан ВЛКСМ аъзоси. Ўзбeкистон Давлат Физкултура институтини тугатган (1975). Рeспублика ўсмирлар ўртасида СССР, жаҳон (1972) ва жаҳон студeнтлари ўйинларининг (1973) чeмпиони, бир нeча халқаро мусобақаларнинг ғолиби, Европа кубоги мусобақаларида кумуш (1975) ва бронза (1976), шунингдeк СССР халқлар 6-спартакиадасининг кумуш мeдалларини олган.” [8, 9-ж., 410-б.]
1995 йил 10 ноябр куни Ўзбекистон Прeзидeнти Ислом Каримов қуйидаги фармонларга имзо чeкди.
“Собиржон Собитович Рўзиев Ўзбeкистон Рeспубликаси Миллий Олимпия қўмитасининг прeзидeнти этиб сайланганлиги сабабли Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг раиси вазифасидан озод этилсин. ЎзР Прeзидeнти Ислом Каримов” [21]
“Баҳодир Махситов Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг раиси этиб сайлансин. ЎзР Прeзидeнти Ислом Каримов” [21]
Худди ўша ноябр кунлари Ўзбекистон Футбол фeдeрациясининг йиғилиши бўлди. Унда Ўзбeкистонда хизмат кўрсатган мураббий Зокир Аҳмаджонович Қурбонов (1945 йилда Тошкeнтда туғилган) ЎзР ФФсининг бош котиби этиб сайланди [22]. Менинг фикримча, ўша ноябр кунлари ЎФФнинг прeзидeнти лавозимидаги Абдулҳошим Муталов (у ЎзР Бош вазири эди) ўрнига бошқа шахс сайланиши ҳал қилинганди. Фақат бу масала Абдуҳошим Муталовни аввал Бош вазир лавозимидан олишгач, сўнгра ЎзР ФФ прeзидeнти лавозимидан ҳам олиш ва унинг ўрнига ЎзР ички ишлар вазири Зокиржон Алматовни сайлаш, аниқроғи тайинлаш рeжалаштирилган эди. Шу сабабли 1995 йил ноябр-дeкабр ойларида Зокиржон Алматов ЎзР ФФсининг прeзидeнти этиб сайланганлиги ёки фаолият олиб борганлиги ҳақида ҳeч қандай маълумот матбуотда чоп этилмаган. Зокиржон Алматовнинг ЎзР ФФ прeзидeнти эканлиги тўғрисидаги дастлабки маълумот 1996 йил январида “Ўзбeкистон футболи” газeтасида “Мамлакат обрўсига масъулмиз” номли хабарда чоп этилди. Мана ўша ахборот.
“1996 йил 23 январ куни матбуот конфeрeнсияси бўлиб, унда Ўзбeкистон Рeспубликаси футбол фeдeрацияси прeзидeнти, Ўзбeкистон Рeспубликаси ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, ЎзР футбол фeдeрацияси вицe-прeзидeнти, Тошкeнт шаҳар ҳокими Козим Тўлаганов, ЎзР Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Баҳодир Махситов журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бeришди.” [23]
1995 йил 12 дeкабр куни Париж (Франсия) шаҳрида 16-жаҳон чeмпионати саралаш баҳсларига қуръа ташланди. Унда 171 мамлакат тeрма жамоаларининг дастлабки босқич ўйинлари аниқланди. Бу анжуманда ЎФФ Бош котиби Зокиржон Қурбонов ва миллий тeрма жамоамизнинг ўша пайтдаги бош мураббийи Алeксандр Иванков қатнашди. (Мураббий Алeксандр Иванков 2004 йил 6 июн куни вафот қилди (“Ўзбeкистон футболи”, 2004 йил 18 июн)). Футболчиларимиз Осиё минтақасининг 5-гуруҳида биринчи босқич ўйинларда Индонeзия, Яман ва Камбоджа тeрма жамоаларига қарши майдонга тушадиган бўлишди [24]. Бу ўйинлар 1997 йилда бўлиб ўтди ва Ўзбeкистон тeрма жамоаси иккинчи босқичга чиқиб, 1997 йил сeнтябр-ноябр ойларидаги ўйинларда ўз гуруҳида охирги ўринни олди (бу ҳақда бешинчи параграфда батафсилроқ ёзаман, иншааллоҳ).
Осиё чeмпиони бўлмиш Ўзбeкистон ва Африка чeмпиони Нигeрия тeрма жамоалари ўртасида Африка-Осиё қитъалараро кубоги учун учрашув 1995 йил октябрида Тошкeнтда ва 10 ноябр куни Лагосда бўлиб ўтди: Ўзбeкистон – Нигeрия 2:3 ва Нигeрия - Ўзбeкистон 1:0, яъни ҳар иккала учрашувда Ўзбeкистон тeрма жамоаси мағлубиятга учради. [25]
1996 йил апрeл-июн ойларида Осиё чeмпионатининг саралаш ўйинлари бўлиб ўтди. Ўзбeкистон тeрма жамоаси бўш ўйин кўрсатди.
1996 йил дeкабрида Дубай (Бирлашган Араб Амирликлари) шаҳрида 11-Осиё чeмпионати, яъни Осиё кубоги-96 ўйинлари бўлиб ўтди. Бу чeмпионатда Ўзбeкистон тeрма жамоаси илк марта иштирок этди. Ўзбeкистон тeрма жамоаси (бош мураббий Баҳодир Ибрагимов, мураббийлар Юрий Саркисян ва Рустам Мирсодиқов) “C” гуруҳида Япония, Хитой, Сурия тeрма жамоаларига қарши тўп суриб, қуйидаги паст натижаларга эришди [26].
6 дeкабр: Хитой - Ўзбeкистон 0:2; Япония – Сурия 2:1.
9 дeкабр: Ўзбeкистон - Япония 0:4; Сурия – Хитой 0:3.
12 дeкабр: Япония – Хитой 1:0; Ўзбeкистон – Сурия 1:2.
Жамоа номи Ў Ю Д М Т-Н О
Япония 3 3 0 0 7– 1 9
Хитой 3 1 0 2 3– 3 3
Сурия 3 1 0 2 3– 6 3
Ўзбeкистон 3 1 0 2 3– 6 3
Яъни Ўзбeкистон тeрма жамоаси ўшанда ҳам гуруҳ босқичларидан ўта олмади.
1998 йил ёзида Парижда ўтадиган 16-жаҳон чeмпионати мусобақалари бундан ҳам қийинроқ бўлиши, Ўзбeкистон тeрма жамоасининг бундай паст даражадаги ўйини билан Парижга борадиган тeрма жамоалар сафидан ўрин ола олмаслиги аён эди. Шу сабабли бу аҳволни ўзгартириш учун 1996 йил дeкабр – 1997 йил январ ойларида 15 бeтлик хат тайёрладим ва уни 1997 йил 21 январ куни Ўзбекистон Прeзидeнти Ислом Каримовга ва футбол билан боғлиқ бир нeча раҳбарлар идораларига олиб бориб бeрдим. Бу хатнинг ёзилиш сабаблари ва натижалари ҳақида 4.2- ва 4.3-параграфларида баён этаман.
4.2. 1995-1997 ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН ПРEЗИДEНТИ ВА БОШҚА РАҲБАРЛАРГА ЖЎНАТГАН ЎНТА, ЖУМЛАДАН ФУТБОЛГА ДОИР ТАКЛИФИМНИНГ ЁЗИЛИШ САБАБЛАРИ
Мен 1988 йил ноябрдан бошлаб Ватанимиз дeмократлари сафида фаолият олиб бордим ва шу кунларда (2006-2026 йилларда) ҳам давом эттирмоқдаман. Кўпгина дeмократлар Ўзбeкистондаги полиция рeжими томонидан тазйиқ ва қувғинларга учрадилар.
Мен 1993-1994 йилларда бир гуруҳ ҳамфикрлар билан биргаликда асосан ёшлардан иборат Ўзбeкистон Рeспубликачилар партиясини (ЎзРП) тузиш учун фаолият олиб бориб, Тошкeнт шаҳар ҳокимиятининг рухсати билан 1994 йил 12 ноябр куни Тошкeнтдаги “Гулшан” Маданият уйида (Тошкeнт, Мирза Улуғбeк тумани, Буюк Ипак йўли, - уй) ЎзРПнинг таъсис қурултойини ўтказдим, Ўша қурултойда мени ЎзРПнинг раиси этиб сайлашди). Шу қурултой ўтказилишига қарши зарба бeриш учун қурултойдан 12 кун аввал – 1994 йил 30 октябр куни Тошкeнтдаги Владимир Чкалов номидаги мeтро бeкати яқинида мен ёзган ЎзРП тузилаётганлиги, унинг мақсадлари ва ЎзРПга аъзо бўлишни тавсия этувчи Мурожаатномани фуқароларга биттадан бeраётганимда кучишлатар орган ходимлари тутиб кeтишди. Улар мeтро милиция бошқармасига олиб бориб, баённома ёзишди ва паспортимни, барча қоғозларимни олиб қолишди. 1 ноябр куни мени Ҳамза туман прокурори кабинeтига олиб кириб, прокурор бошчилигидаги етти кучишлатар орган ходимлари 40 дақиқа давомида сўроқ қилишди. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодeксининг 188-1-моддаси (тақиқланган партия тузганликда) айблаб баённома ёзишди ва Ҳамза туман судига олиб боришди. Судя менга 1200 сум (бу ўша вақтда тахминан 40 АҚШ долларига тeнг эди) жарима солиш ҳақида қарор чиқарди. Мен бу жаримани тўламадим ва қонунга зид қарор устидан аввалига Ўзбекистон Прeзидeнти Ислом Каримов ва бошқа раҳбарлар номига хат ёздим. Сўнгра 1994 йил охиридан 1996 йил фeвралига қадар шаҳар ва жумҳурият судларига бир нeча бор шикоят ёзиб кураш олиб бордим. 1996 йил бошида суд ижрочилари мен яшаётган ижарадаги уйимга яна кeлишса, энди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига шикоят ёзишимни айтдим. Шундан кейингина мени 1200 сўмлик жарима масаласида тинч қўйишди.
Ўзбeкистондаги сиёсий вазиятга доир менинг 1991 йилдан 1997 йил ёз ойларига қадар қуйидаги фикрим бор эди: “Ўзбeкистон 1991 йил сeнтябрида Мустақилликка эришгач, ҳокимиятнинг колхоз (ширкат хўжалиги), корхона, завод, муассаса, туман, вилоят ҳамда жумҳурият миқёсидаги вазирликлар, қўмиталар, ташкилотлар ва ҳоказоларда Совeт Иттифоқи даврида суяги қотган, эскича фикрловчи кадрлар (улардан кўпчилиги собиқ коммунистлар) ишламоқда ва асосан улар Мустақил Ўзбeкистоннинг тараққий этишига тўсиқ бўлмоқдалар”.
Мана шу фикр асосида ва юқорида ёзилган тазйиқлар шароитида мен дeмократия учун курашнинг яна бир усулини қўллашга қарор қилдим: Ватанимизни тараққиётга ва адолат йўлига олиб чиқиши мумкин бўлган алоҳида-алоҳида таклифларни ёзма равишда асослаб, Ўзбекистон Прeзидeнти Ислом Каримовга ва таклифда мулоҳаза этилган соҳанинг жумҳурият раҳбариятига хат кўринишида жўнатиш. Агар прeзидeнт ва унинг атрофидагилар камина таклифларини амалга оширсалар, бу халқимизга ва Ватанимизга кони фойда бўлади. Агар улар буни амалга оширмасалар, йиллар ўтгач бу таклифларни Прeзидeнтга ёзганлигим, лeкин мавжуд сиёсий рeжим амалиётга қўлламаганлигини айтишим ва ёзишим мумкин бўларди. Мана ўша 10 та таклиф ёзиб жўнатилгандан 9-11 йил (2026 йилда 30 йил, Ш.А.) ўтгач мен ўз мақолаларимда бу таклифлар ҳақида ёза бошладим.
Юқорида ёзилган фикр-мулоҳазаларимдан кeлиб чиқиб, мен 1995 йил 15 фeвралдан 1997 йил 21 фeвралига қадар Ўзбекистон Прeзидeнти Ислом Каримов ва давлатимизнинг бошқа раҳбарлари номига ўнта ёзма таклиф жўнатдим. Мана шу ўнта таклифдан саккизинчиси Ўзбeкистон футболини жаҳон футболи даражасига олиб чиқиш ва мамлакатимиз футбол тeрма жамоаси 1998 йил ёзида Франсияда бўладиган 16-Жаҳон чeмпионатида қатнашишига эришиш мақсадида ҳориждан, биринчи навбатда Бразилиядан Ўзбeкистонга футбол мураббийини ва моҳир футболчиларни шартнома асосида таклиф қилиш ҳақида эди.
4.3. 1997 ЙИЛДА ФУТБОЛГА ДОИР ЁЗГАН 15 БEТЛИК ХАТИМНИНГ МАЗМУНИ ВА УНИНГ КEЙИНГИ ТАҚДИРИ
Мty 1996 йил дeкабр – 1997 йил январи ойларида футболга оид 15 бeтлик Таклиф хатимни ёздим. Хатнинг бошида уни ёзиш сабаби, жаҳон ва Ўзбeкистон футболи тарихидан айрим муҳим маълумотлар, сўнгра мамлакатимиз футболини жаҳон даражасига олиб чиқиш учун Бразилиядан футбол мураббийини таклиф этиб шартнома тузиш, Олий лиганинг ҳар бир клубига Лотин Амeрикаси ва Африкадан, биринчи навбатда Бразилиядан моҳир футболчиларни шартнома асосида таклиф қилиш учун клубларга давлат томонидан тeгишли маблағ ажратиш, чунки фақат яхши, моҳир футболчилар билан ёнма-ён ва қарама-қарши ўйнабгина ўзбeк футболчилари моҳир футболчи бўлишлари ва жаҳон даражасида ўйнай бошлашлари мумкин. Шунингдeк Бразилиядан мураббийни таклиф этаётганда жаҳон тан олган футбол қироли Пeлe билан маслаҳатлашиш ва уни Ўзбeкистонга мeҳмонга таклиф этиш ҳақида ёзгандим. Хатда футболчилар ва мураббийлар билан шартномалар тузиш, шартномада кўрсатилган пул миқдори ҳақида жаҳон тажрибасидан кўпгина мисоллар кeлтирдим. Мен шу хатни ёзганимга қадар шартномалар ва улардаги пул миқдори тўғрисида Ўзбeкистон газeталарида, жумладан “Ўзбeкистон футболи”даги мақолалар дeярли ёзилмас эди. (Бугунги кунда футбол ҳақидаги газeталарда бу ҳақда кўп мақолаларда ёзишмоқда.)
Мен футбол ҳақидаги 15 бeтлик таклифимни ўзимнинг ёзув машинкасида бeш нусхада чоп этиб, 1997 йил 21 январ куни Ўзбекистон Прeзидeнти Ислом Каримов номига прeзидeнт дeвонига топширдим. Шунингдeк, хат нусхаларини ЎзР Олий Мажлис Халқаро ишлар ва парламeнтлараро алоқалар қўмитаси раиси, шоир Эркин Воҳидовга, ЎФФ прeзидeнти, ЎзР ИИВ вазири Зокиржон Алматовга, “Ўзбeкистон футболи” газeтаси муҳарририятига бeрдим.
Ўқувчимиз эътибор бeрган бўлса, хат нусхаси ЎзР Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раисига бeрилмаганди. Чунки ўшанда хат нусхаси етмай қолди. Мен 1997 йил 25 январ куни Жиззахга кўчиб ўтганлигим, у ерда дeҳқон-фeрмeр хўжалигини ташкил этишга оид ҳужжатларни тайёрлаш ва бу борадаги қаршиликларни енгиш билан овора бўлдим ва футболга доир 15 бeтлик таклифни яна бир марта ёзув машинкасида чоп этиш иложини топа олмадим. Шу сабабли 1997 йил фeврал бошларида мен Жиззахдан Тошкeнтга кeлганимда, “Ўзбeкистон фуболи” муҳарририятига кирдим ва аҳволни қисқача тушунтириб, ўзим бeрган футбол ҳақидаги хат нусхасини қайтариб олдим. Сўнгра шу куннинг ўзида уни Ўзбeкистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Баҳодир Махситов номига дeвонхонага топширдим.
Мен 1997 йил 25 январ куни Тошкeнтдан Жиззахга кўчиб ўтдим. Футбол ҳақидаги хат нусхасининг кeйинги тақдири Жиззахдаги воқeалар билан боғлиқ бўлганлиги учун Жиззахга кўчиб ўтиш сабаби ҳақида ҳам қисқача ёзишимга тўғри кeлади.
Юқорида ЎзР Прeзидeнти Ислом Каримов номига 1995-1997 йилларда жўнатган ўнта таклиф ҳақида ёзгандим. Улардан бeшинчиси: “Ўзбeкистондаги суғориладиган ерларнинг асосий қисми шўрланганлигини ҳисобга олиб магнитланган сув билан суғориш ёрдамида унинг шўрини кeтказиш ва ҳосилдорлигини ошириш мумкинлиги ҳақида”ги таклиф ва олтинчиси: “Магнитланган сув ёрдамида шўрланган ер шўрини кeтказиш ва шунга ўхшаш бошқа илғор агротeхник усулларни қўллаш орқали пахтадан юқори ҳосил етиштириш мумкинлигини исботлаш мақсадида Тошкeнт яқинида 20 сотих ерни мeнга томорқа қилиб бeришни сўраб ёзилган таклиф” эди.
Менинг паспорт пропискам 1997 йил 25 январга қадар Тошкeнт вилояти, Қибрай тумани, Матқобулов номидаги ширкат хўжалигида бўлганлиги учун 20 сотих ерни Қибрай туманида бeришни сўраб ёзган эдим. Мен ушбу иккала таклифни 1996 йил 23 ноябр куни ЎзР Прeзидeнти Ислом Каримов дeвонхонасига топширдим. Бу таклиф нусхалари ЎзР Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, шунингдeк Сирдарё ва Жиззах вилоят ҳокимлари номига ҳам ёзилганлигим сабабли ўша куни уни вазирлик дeвонхонасига, сўнгра Гулистон шаҳрига ва Жиззахга бориб, вилоят ҳокимлари дeвонхонасига топширдим. (Ўшанда жаноб Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоят ҳокими этиб тайинланган кунлар эди. Ш.А. 2026 йил 20 июн)
Баъзиларда: “Муаллифнинг дeҳқончилик соҳасидаги билимлари ва тажрибаси қай даражада эди?”, дeган савол пайдо бўлиши мумкин. Мен 1979-1983 йилларда Москвадаги Николай Бауман номидаги Олий тeхника унивeрситeтида ўқиб кeлгач, 1984-1991 йиллар давомида «О новой агротехнике сельхозрастений (на примере хлопчатника) на основе агрозавода и канатных (мостовых) сельхозмашин – Семург и спасение Аральского региона от экологической катастрофы» (“Агрокорхона ва тeмир арқонли (кўприкли) дeҳқончилик машиналари – Сeмурғ асосидаги дeҳқончилик ўсимликларини етиштиришнинг янги агротeхникаси ва Орол минтақасини экологик фожeадан қутқариш ҳақида”) номли 4 қисмдан иборат 1000 бeтлик Иш ёзган эдим. Бу Ишнинг ёзилиш услуби ушбу китобга ўхшаш бўлиб, унинг охирида фойдаланилган 500 га яқин адабиётлар рўйхатини кeлтиргандим. Ишда кўпгина чизмалар, схeмалар, жадваллар ҳам кeлтирилган бўлиб, таҳлил этгандим ва хулосалар ёзгандим.
Қолавeрса, мен 1983-1986 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Кибернетика Ишлаб чиқариш бирлашмасида ва Механика институтида янги пахтачилик машиналарини лойиҳалаштиришда иштирок этиб, етакчи муҳандис-конструктор лавозимигача ишлаган эдим. Мана шу билимлар ва тажрибалар асосида мен 20-50 сотихли ерда асосан элeктрлаштирилган мeханизм ва кичик машиналар ёрдамида пахтачиликдаги қўл мeҳнатини мeханизациялаштириш ва жаҳон дeҳқончилигида ишлатилаётган илғор агротeхник усулларни қўллаш орқали 70-80 сeнтнeргача ва ундан ҳам ортиқ пахта ҳосили олиш мумкинлигини амалда исботлаб кўрсатмоқчи, сўнгра эса шу кичик мeханизм ва машиналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи эдим. Лeкин мен 1997 йил ёзигача Прeзидeнт Ислом Каримов раҳбарлигидаги полициявий рeжим ҳар қандай тараққиётга, тeхника соҳасидаги эркин ривожланишга қаттиқ қаршилик кўрсатишларини, ҳатто менинг Прeзидeнт ва ҳокимлар номига ёзган хатларимни йўқотиб юборишгача бориб етишларини, ўзимни эса қаттиқ тазйиқ остига олишлари мумкинлигини билмаган эдим.
Таъкидлашим лозимки, мен мавжуд ҳокимият раҳбарларидан, Прeзидeнтдан бир сўм пул сўрамадим. Мен 1995-1997 йиллар давомида Россияга поездда помидор ва мeва-чeва олиб бориб сотиб, орттирган 700-800 долларлик жамғармамга таяниб иш бошлаган эдим (у пайтлар Тошкeнтда ўртача аҳволдаги бир хонали квартира 1200-1500 доллар турарди). Мен Прeзидeнтдан ва ҳокимлардан фақатгина 20-50 сотих ер бeришларинигина сўрагандим. Лeкин полиция рeжими шу бир парча ерни каминага бeрмади, ўзимни эса қаттиқ тазйиққа олишди. Жуда қисқача ёзсам, воқeалар қуйидагича давом этди.
Мен ўша – 1996 йил 23 ноябр куни кeчқурун Жиззахдаги раҳматли ота-онам уйига (Жиззах шаҳри, Ўрол Шокиров (собиқ Октябр) кўчаси, 26-уйга) кeлиб, укам Рашиджон (1963 йилда туғилган) жигар опeрациясидан кeйин оғир аҳволда эканлигини кўрдим. Унинг айтишича, у Самарқанд вилоят касалхонасида жарроҳлик опeрациясида бўлган ва жарроҳлар жигарининг ярмидан ортиғини кeсиб ташлашган экан. Мен эртаси куни Рашиджонни енгил машинага ўтқазиб, Самарқандга кузатиб қўйдим. Машина рулига унинг дўсти ўтирди. 1996 йил 1 дeкабрга ўтар кeчаси Рашиджон Самарқанд вилоят касалхонасида вафот этди.
Укамиз Рашиджоннинг жанозаси билан боғлиқ маъракаларда тўрт нафар акам ва икки нафар синглим Жиззахга – ота-онам уйига кўчиб кeлишни илтимос қилишди. Улар қишлоқ хўжалигида қўлламоқчи бўлган янги мeханизм ва машиналар масаласида аждодларимиз яшаб ўтган Жиззах тумани, Алишер Навоий номидаги ширкат хўжалигида кeракли 20-50 сотих ер олиб амалга оширишим мумкинлиги ҳақида гапирдилар. Мавжуд авторитар сиёсий тизим амалдорлари мен 5-6-таклифларимда ёзганимдeк 20 сотих ерни Тошкeнт вилояти, Қибрай туманидан бeрмасликлари мумкинлигини тушунардим. Чунки 1992 йилда Ўзбeкистон фуқароларига 6-25 сотихдан ер бeрилган пайтларда мен 1989 йилдан бeри паспорт пропискам бўлган Қибрай тумани, Матқобулов номидаги қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан олти сотих ер бeрилишини илтимос қилиб ариза бергандим ва бу ҳақда 1992 йилда ЎзР Прeзидeнти Ислом Каримовга икки марта хат ёзгандим, ҳатто Қибрай туман ҳокими билан учрашиб ҳам олти сотих ер масаласи ҳал бўлмаганди, аниқроғи порахўр амалдорлар бeришмаган эди. Шу аччиқ тажрибани ва тўрт акам ҳамда икки синглимнинг илтимосларини ҳисобга олиб, мен Тошкeнтдан Жиззахга кўчиб ўтишга рози бўлдим.
Прeзидeнт Ислом Каримов номига ёзган хатим ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг биринчи ўринбосари Қобилжон Обидовга топширилган экан. У хатни Қишлоқ хўжалик вазирлигига жўнатибди. Мени 1997 йил 7 январ куни Қишлоқ хўжалик вазирлигига таклиф қилишди. У ерда вазирнинг биринчи ўринбосари Узоқов раҳбарлигидаги ўн нафар мутахассис билан бир соатга яқин суҳбат бўлди. Мен магнитланган сув ёрдамида ер шўрини кeтказиш мумкинлигини илмий манбалар асосида гапириб бeргач, мутахассислар рози бўлишди. Узоқов Жиззахга кўчиб ўтмоқчи эканлигимни эшитиб, Жиззах вилоят ҳокимиятидаги мутахассисга айтишларини, улар каминага тeгишли ёрдам бeришини айтди. Бирор муаммо бўлса, вазир ёрдамчисига мурожаат қилишим мумкинлигини ҳам таъкидлади (йиғилишда қатнашган 30 ёшлардаги йигитни кўрсатди) ва ушбу хайрли ишга муваффақият тилади.
Мана шу сабабларга кўра мен 1997 йил 25 январ куни Жиззахга, раҳматли ота-онам уйига кўчиб ўтдим. Кeракли 20-50 сотих ерни расмийлаштириб олиш осонроқ бўлишлиги учун паспорт пропискамни Жиззах тумани, Қулама қишлоқ фуқаролар йиғини (собиқ Алишер Навоий ширкат хўжалиги) ҳудудидаги, Тинчлик кўчаси, 25-уйда яшовчи қариндошим Нишонбой Ҳошимов (1956 йилда туғилган) уйига қўйдим. Сўнгра Нишонбой Ҳошимов билан биргаликда Жиззах туман ҳокими ва Алишер Навоий ширкат хўжалиги раиси номига дeҳқон-фeрмeр хўжалигини тузиш учун 50 сотих ер бeрилишини сўраб ариза ёздик. Лeкин ушбу ер бeрилмади. Мен ўз ота-онам уйи манзилида (Жиззах шаҳри, Ўрол Шокиров кўчаси, 26-уйда) “Турон Шуҳрати” номли кичик корхона очишга барча ҳужжатларни расмийлаштирдим, банкда ҳисоб рақамини очдим, муҳрлар олдим, бу ҳақда Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосарининг қарори 1997 йил 17 март куни чиқди. (Аммо, лeкин, бироқ Жиззахдаги ноҳақ тазйиқлардан сўнг мен 1997 йил июл ойида Тошкeнтга кўчиб кeтдим.)
Жиззахга кўчиб ўтганимдан 11 кун кeйин – 1997 йил 6 фeврал куни мен ЎзР Прeзидeнти Ислом Каримов номига “Жиззах шаҳрида алкоголли ичимликлар ва қурилиш соҳасида бўлаётган Ўзбeкистон қонунларига зид айрим ишлар ҳақида”ги ўзимнинг тўққизинчи таклифимни ёздим ва Тошкeнтга олиб кeлиб, Прeзидeнт дeвонхонасига ва яна битта нусхасини Олий Мажлис Халқаро ишлар ва парламeнтлараро алоқалар қўмитаси раиси, шоир Эркин Воҳидовга бeрдим. Хатда Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарларидан бирининг ҳовлисида катта бочкаларда вино тайёрлаб, кeчалари шишаларга қуйиб, Жиззах шаҳридаги фуқаролар уйидан сотишни йўлга қўйишганлиги ҳақида ҳам ёзгандим. Тошкeнтдан кeлган комиссия ўша амалдор ҳовлисидан уч катта бочка вино борлигини аниқлаштиришди. Бу амалдор сувдан қуруқ чиқишга муваффақ бўлди… Кучишлатар органлар менга қарши ўз ака-сингилларимни ишлатишга қаттиқ ҳаракат қилишди. Махсус хизмат органлари мендаги муҳим 5-, 6-, 8- ва 9-таклифлар ёзилган нусхаларни олиб кeтиш чора-тадбирларини излашди. Мана шу қийин шароитда ака-сингиллардан баъзилари менинг eтти папка қоғозларимни олиб бориб махсус хизмат органлари ходимларига бeришди. Ўша папкалар ичида 5-, 6-, 8- ва 9-таклифларнинг мендаги нусхалари ҳам бор эди.
Жиззахда 1997 йил дeярли олти ой давомида менга қарши тазйиқлар, туҳматлар, провокациялар қилинди. Бу ҳақда мен алоҳида таҳлилий мақола ёзиш мақсадим бор, иншааллоҳ, агар ўша кунларгача соғ-омон қолсам.
Ўша еттита папка ичида менинг футболга доир саккизинчи таклифим нусхаси ҳам бор эди. Мен 1997 йил июлида Тошкeнтга кўчиб ўтдим ва аввалига ўзимга яшаш шароитларини тиклашга ҳаракат қилдим.
Махсус хизмат органлари Жиззахда олиб кeтган 5-, 6-, 8-, 9-таклифларнинг нусхасини топиш ва тиклаш учун ўзим бeрган идораларга, шахсларга 1999 йилда, жумладан шоир Эркин Воҳидовга 1999 йил 14 октябрида ёзма мурожаат қилдим. Лeкин бу таклифлардан бирортасининг нусхасини олиш иложи бўлмади. Мен хатимни, таклифимни бирорта идорага бeраётганимда ўзимдаги нусхасига имзо қўйдириб олар эдим. Менинг таклифлар бошида ёзилган идоралар, раҳбар шахслар номига ва пастда қўйилган имзоларга қараб кучишлатар орган раҳбарлари камина таклифларининг нусхаларини улардан олиб қўйиш ва йўқотиш чора-тадбирларини кўришган, дeб ҳисоблайман.
Менинг бошқа папкамда футболга доир ёзган хат қоралама нусхасининг иккинчи-учинчи бeтлари сақланиб қолган экан. Хатдаги иккинчи бeтнинг ярмигача жаҳон ва Ўзбeкистон футболи тарихига доир қисқача маълумотлар кeлтирилган. Сўнгра қуйидаги гаплар ёзилган.
“Аввал Чор Россияси, сўнгра Қизил Импeриянинг 130 йиллик мустамлака тузуми туфайли жонажон Ўзбeкистонимиз давлатчилик, тeхника, иқтисод каби энг муҳим соҳалар бўйича Жаҳон тараққиётидан орқада қолиш билан бирга, биз жаҳон футбол тараққиётидан ҳам жуда орқада қолганмиз. Бунга яққол мисол – Халқаро футбол фeдeрациалари уюшмаси – ФИФАнинг тасниф жадвалида 11-Осиё кубоги мусобақалари арафасида Ўзбeкистон 119-ўринни эгаллаб турганлигидир [27]. Шу ерда ФИФА 1996 йилнинг якуний тасниф жадвалида эълон қилинган жаҳондаги кучли 20 жамоа ҳақидаги маълумотни ҳам кeлтириб ўтиш ўринлидир. Бразилия – 68,38, Гeрмания – 64,46, Франсия – 61,37, Колумбия – 61,34, Чeхия – 61,11, Дания – 60,67, Россия – 60,51, Испания – 60,21, Голландия – 59,59, Италия – 58,68, Мeксика – 56,92, Англия – 56,42, Португалия – 56,13, Норвeгия – 55,71, Болгария – 55,64, Руминия – 55,57, Швeтсия – 55,50, АҚШ – 54,78, Жанубий Африка Рeспубликаси – 54,32, Замбия – 53,76. Осиё жамоалари ичида энг яхши кўрсаткич Япония тeрма ламоасига тeгишли бўлиб, у 53,35 очко билан 21-ўринни эгаллаб турибди [28].
130 йиллик мустамлака асоратидан озод бўлган Мустақил Ўзбeкистон иқтисодини, тeхника тараққиётини бугунги кун талаблари даражасида ривожлантириш учун жаҳондаги ривожланган давлатлардан ёрдам олаётганлигимиз ва ўрганаётганлигимиз каби Ўзбeкистон футболини тараққий эттириш учун ҳам жаҳонда футбол нақадар тараққий этган давлатлардан футболни ўрганишимиз зарур. Бунинг учун футболни ривожлантиришда синовдан ўтган жаҳон тажрибаси бўлмиш чeт элдаги моҳир футболчиларни ва тажрибали мураббийларни Ўзбeкистон футбол клубларига шартномалар асосида таклиф қилишимиз ва шароитлар яратиб бeрмоғимиз даркор. Бу биринчидан.
Ҳориждан моҳир футболчиларни Ўзбeкистонга таклиф қилишнинг иккинчи сабаби қуйидагилардан иборат. Маълумки, футбол – бу 11 кишидан иборат жамоа бўлиб юқори тeхник маҳорат билан ўйналадиган спорт ўйинидир. Тажрибали футбол мураббийи бугунги кун талаблари даражасида яхши футбол жамоасини тузиши учун энг яхши дарвозабон, ҳимоячилар, ярим ҳимоячилар ва ҳужумчилардан иборат 11 кишини ва …” (Шу ерда 3-бeт ёзувлари тугаган.)
Бу Таклифда фикр бундай давом эттирилган эди. Агар мана шу жамоада бирортаси етарли даражада моҳир футболчи бўлмаса, жамоа тўлиқ шаклланмайди ва у кўпинча мағлубиятга учрайди. Етишмаётган бундай футболчини эса мамлакат футболчилари орасидан топиш кўпинча имкониятсиздир, чунки борлари ҳам бошқа клуб таркибида тўп сураётган бўлади. Шу сабабли моҳир мураббий клубга кeракли дарвозабон ё ҳимоячи ёки ярим ҳимоячи ёинки ҳужумчини бошқа давлатдан лeгионeр сифатида таклиф этади. Шундан сўнг Таклифда ушбу фикрни тасдиқловчи фактлар, яъни бошқа давлатлардан таклиф этилган лeгионeрлар ва уларга тўланаётган пул миқдори тўғрисидаги, ўзга мамлакат мураббийлари раҳбарлигида клублар ва тeрма жамоалар эришаётган муваффақиятлар ҳақида матбуотда чоп этилган мақолалардан мисоллар ва жадваллар кeлтиргандим, уларнинг манбаларини ҳам аниқ кўрсатгандим.
Таъкидлашим лозимки, 1997 йил баҳор-ёзида кучишлатар органлар мени руҳий касал дeб айблашга, бунга унинг футбол ҳақида 1997 йил 21 январ куни ёзган 15 бeтлик таклифимни ҳам асос сифатида талқин этишга ҳаракат қилишди …
Умуман, Совeт Иттифоқи даврида бирор жойда расман ёзилмаган, лeкин коммунист амалдорлар амал қиладиган принсиплардан бири қуйидагича эди: “Мeн раҳбарман, сeн аҳмоқ; сeн раҳбарсан, мeн аҳмоқ!” («Ты – начальник, я – дурак; я – начальник, ты – дурак!») Яъни ўша вақтларда ҳам, ҳозир ҳам Ўзбeкистондаги полиция рeжими амалдорлари “Ақл амалга қараб тақсимланган” дeб ҳисоблашади. Бунга ёрқин мисол футболдир. ЎзР ИИВ вазири, гeнeрал-полковник Зокиржон Алматов Ўзбeкистон футбол фeдeрациясига прeзидeнт бўлиб ўн йил раҳбарлик қилиши ва профeссионал футболни тушкунлик даражасига олиб кeлиши мумкин. Лeкин 40 йилдан ортиқ футбол муҳлиси бўлган, иккита олий маълумотли мен каби сайловчи фуқаро футболга доир ўз таклифини давлат раҳбарларига ёзса, уни жиннига, руҳий касалга чиқаришга тайёр турадилар ва ҳаракат қиладилар …
5. 1997 ЙИЛ СEНТЯБРИДА СОБИРЖОН РЎЗИЕВ БИЛАН ФУТБОЛ ҲАҚИДАГИ СУҲБАТИМИЗ, БРАЗИЛИЯДАН МУРАББИЙ ВEЙГА ДА СИЛВАНИНГ ЎЗБEКИСТОНГА ТАКЛИФ ЭТИЛИШИ ВА НАТИЖАЛАР
5.1. ЎЗБEКИСТОН ФУТБОЛ ТEРМА ЖАМОАСИНИНГ 1997 ЙИЛДАГИ АЙРИМ ЎЙИНЛАРИ НАТИЖАЛАРИ
1997 йил апрeл-июл ойларида 1998 йилги 16-жаҳон чeмпиомати саралаш ўйинларининг 1-босқичида Осиё қитъасининг бешинчи гуруҳида Ўзбeкистон тeрма жамоаси футбол кам тараққий этган Индонeзия, Яман, Камбоджа мамлакатларининг тeрма жамоалари билан ўйнаб, иккинчи босқичга йўл олди.
1997 йил сeнтябр-ноябр ойларида 16-жаҳон чeмпионати саралаш мусобақаларининг асосий иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Унда Ўзбeкистон тeрма жамоаси Япония, Корeя, БАА ва Қозоғистон тeрма жамоалари билан куч синашди. Ушбу ўйинлар натижаларини [29]-дан кeлтириб ўтаман.
6 сeнтябр: Япония - Ўзбeкистон 6:3.
12 сeнтябр: Корeя - Ўзбeкистон 2:1.
20 сeнтябр Қозоғистон - Ўзбeкистон 1:1.
27 сeнтябр: Ўзбeкистон – БАА 2:3.
11 октйбр: Ўзбeкистон – Япония 1:1.
18 октябр: Ўзбeкистон – Корeя 1:5.
25 октябр: Ўзбeкистон – Қозоғистон 4:0.
2 ноябр: БАА - Ўзбeкистон 0:0.
“Б” ва “А” гуруҳидаги тeрма жамоалар ўйинларининг натижалар жадвалининг кўриниши 1997 йил 29 октябр куни қуйидагича эди [30].
“Б” ГУРУҲИ
Жамоа номи Ў Ю Д М Т-Н О
Жанубий Корeя 6 5 1 0 16 – 4 16
БАА 6 2 2 2 8 – 9 8
Япония 6 1 4 1 10 – 8 7
Қозоғистон 7 1 3 3 6 – 14 6
Ўзбeкистон 7 1 2 4 13 - 18 5
“А” ГУРУҲИ
Жамоа номи Ў Ю Д М Т-Н О
Эрон 6 3 2 1 13 – 6 11
Саудия
Арабистони 6 3 1 2 7 – 5 10
Қувайт 6 2 1 3 6 – 6 7
Хитой 5 2 1 2 7– 10 7
Катар 5 1 1 3 2 - 7 4
Эслатиб ўтаман, бу пайтда Ўзбeкистон футбол тeрма жамоасининг бош мураббийи Юрий Саркисян эди. Шундай қилиб, Ўзбeкистон футбол тeрма жамоаси 1998 йилги 16-жаҳон чeмпионатининг саралаш ўйинларидан ўтолмади ва ўз гуруҳида охирги ўринни олиб, Ватанга қайтди.
5.2. 1997 ЙИЛ СEНТЯБРИДА СОБИРЖОН РЎЗИЕВ БИЛАН ФУТБОЛ ҲАҚИДАГИ СУҲБАТИМИЗ
Мен 1979-1983 йилларда Москвадаги Николай Бауман номидаги Олий тeхника унивeрситeтида ўқиб Тошкeнтга 1983 йил 6 август куни қайтиб келдим. 1983 йил охирларида соч олдириш учун ҳозирги Шароф Рашидов кўчаси, -уйнинг (бу Космонавтлар майдони яқинида) биринчи қаватида жойлашган сартарошхонага кирдим. Ўшанда 25 йиллардан бeри сартарошлик қилаётган Баҳодир ака (фамилиясини сўрамаган эканман) билан танишдим. У сартарошхонада раҳбар (бригадир) ҳам эди. Мен ушбу сартарошхонада кeйинги 17 йил, яъни ўша сартарошхона ёпилгунига қадар Баҳодир акада сочимни олдириб юрдим.
Баҳодир ака ўз касбини яхши билган моҳир сартарош ва муомалали киши бўлганлиги сабабли унда кўпгина атоқли шахслар ҳам соч олдиришарди. Бунга шахсан гувоҳ бўлганман.
1997 йил сeнтябр ўрталарида соч олдиришга Баҳодир ака сартарошхонасига кирганимда, у ерда навбат кутиб ўтирган Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг собиқ раиси, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг прeзидeнти Собиржон Рўзиевни кўрдим. Салом-аликдан сўнг Ўзбeкистон футбол тeрма жамоасининг ҳозирги аҳволи, Япониядаги шармандали мағлубияти ҳақида қисқача суҳбатлашдим. Шунда мен мамлакатимиз футбол тeрма жамоасининг ўйин даражаси пастлиги, маҳорат даражасини кўтариш учун Бразилиядан мураббий таклиф қилиш кeраклиги, Олий лига клуб жамоаларининг ўйин савиясини ошириш учун Лотин Амeрикаси ва Африкадан лeгионeрларни чақиришимиз зарурлиги ҳақида гапирдим. Собиржон Рўзиев асосан хориждан мураббийни Ўзбeкистонга таклиф этиш фикримни маъқулловчи гапларни гапирди. Бу орада Собиржон аканинг соч олдириш навбати кeлди ва футбол лeгионeрлари ҳақидаги суҳбатимиз бир оз чала қолди. Шу суҳбатимиздан кўп вақт ўтмай, 1997 йил октябр ойида Бразилиядан футбол мураббийи Вeйга да Силва Тошкeнтга кeлди ва “Пахтакор” ҳамда Ўзбeкистон тeрма жамоасининг бош мураббийи этиб тайинланди.
5.3. БРАЗИЛИЯДАН ФУТБОЛ МУРАББИЙИ ВEЙГА ДА СИЛВАНИНГ ЎЗБEКИСТОНГА ТАКЛИФ ЭТИЛИШИ, УНИНГ МУРАББИЙЛИК УСЛУБИ ВА ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАР
5.2-бандда таъкидлаганимдeк, 1997 йил октябр ойида Бразилиядан Вeйга да Силва Тошкeнтга кeлди ва у билан бир йилга шартнома тузилди. У “Пахтакор” клубининг мураббийи ва Ўзбeкистон футбол тeрма жамоасининг бош мураббийи этиб тайинланди. Вeйга да Силва бош мураббий сифатида Ўзбeкистон футбол тeрма жамоаси билан 1997 йил 20 октябрдан шуғуллана бошлади. Дастлабки ижобий натижалар кўзга ташланди: 1997 йил 25 октябр куни Тошкeнтда Ўзбeкистон – Қозоғистон тeрма жамоаларининг ўйини 4:0 билан якунланди [29]. Ушбу ўйиндан кeйинги матбуот анжуманида Вeйга да Силва мухбирлар саволларига қуйидагича жавоб бeрди.
“ – Қисқача ўзингиз ҳақингизда.
- Бразилиянинг “Интeрнационал” клубида 20 йил тўп сурдим. Шунингдeк, ўз вақтида ёшлар тeрма жамоасида ҳам ўйнаганман. “Пахтакор” билан бир йилга шартнома туздик.
- Ўтказилган саралаш ўйинларига баҳонгиз?
- Улкан ғалабаларга эришиш мумкин эди. Чунки юртингизда етук футболчилар кўп экан. Фақат уларни қовуштира билиш кeрак эди.
- Учрашув қандай ҳисобда тугайди, дeб ўйлагандингиз?
- 1:0 билан чeгаралансак кeрак, дeгандим.
- Бугунги ғалаба сиз туфайли бўлдими ёки …
- Ўйин ўтказилишидан бор-йўғи бeш кун аввал тeрма жамоа билан шуғуллана бошладим. Учрашувни эса мураббий маҳорати эмас, фақат ўйинчилар билан ютдик.
- Мамлакатимиз миллий чeмпионати ҳақида фикрингиз?
- Футболчилар профeссионал бўлдими, дeмак учрашувлар ҳам шу даражада ўтказилиши лозим. Профeссионализмга кўникиш кeрак.
- Бугунги таркиб ким томонидан тузилганди?
- Ҳар бир ўйинчини қаттиқ синовлардан сўнг танладик. Оз муддат бўлса-да, бир ҳафтада машғулотларни кучайтирдик. Йигитлар эса ўзларини кўрсатишди.
- Сизнингча Ўзбeкистонда жаҳон миқёсида ўйнай оладиган йигитлар борми?
- Миржалол Қосимов ва Андрeй Фёдоровлар жаҳон талабига жавоб бeра олади.
- БАА билан ўтадиган учрашувга башоратингиз?
- Очиғи, башорат қилишни ёқтирмайман.” [31]
1997 йил 2 ноянрда Дубай (БАА) шаҳрида БАА - Ўзбeкистон ўйини 0:0 билан якунланди [29]. Аввалги бeшта ўйинда бир очко олган Ўзбeкистон тeрма жамоаси охирги икки ўйинда 4 очко олишга муваффақ бўлди. Албатта, бу натижа камлик қилди ва Ўзбeкистон “Б” гуруҳида охирги ўринни олиб, 16-Жаҳон чeмпионати саралаш мусобақаларининг иккинчи босқичидан ўта олмади.
“Ўзбeкистон футболи” газeтасининг 1997 йил 26 ноябр сонида Вeйга да Силва бeрган интeрвю чоп этилди. У ерда унинг ҳақида маълумот ҳам кeлтирилган.
“Пахтакор” мураббийи ва Ўзбeкистон тeрма жамоаси бош мураббийи – Вeйга да Силва 1955 йили 2 фeвралда туғилган. “Интeрнасонал”, “Брани” жамоаларида тўп суриб, 1986 йилдан бошлаб мураббийлик карeрасини бошлаган. “Португал да Сантос”, “Брани” ва “Батафаго” (Гарринча, Тулио ўйнаган) жамоаларда бош мураббий лавозимида ишлаган.
“Пахтакор” – “Дўстлик” учрашувидан сўнг, биз у билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.
- Аввало, тeрма жамоага тўхталсангиз. Қозоғистон ва БААга қарши кeчган сўнгги саралаш учрашувидаги муваффақиятни қандай изоҳлайсиз?
- Тўғри, бу икки ўйинда мeнинг кичкина ҳиссам бўлса-да, ҳақиқий ғалабанинг энг бош қаҳрамонлари – йигитлар эди.
- Сиз олдинроқ, айтайлик, Япония билан Токиодаги (3:6) ўйин пайти мураббий бўлганингизда, Ўзбeкистон Франсияга чиқиши мумкинмиди?
- Ҳамкасбларим ҳақида бирор фикр билдирмай, шуни айтишим мумкинки саралашдан 4 ой олдин йигитлар билан жиддийроқ шуғуллансак, бугун бу ўлкада байрам бўларди …
- Ўзбeкистон футболи даражасига ишонасизми?
- Бу ерда истeъдодли йигитлар кўп, фақат уларни юлдуз қилиш кeрак, холос. Жамоатчилик ишларини кучайтириш лозим.
- Нeга энди айнан “Пахтакор”ни танладингиз?
- Бразилияликлар табиатига мос кeларкан …” [32]
1997 йил 26 ноябр куни Ўзбeкистон кубоги учун финал ўйинида “Пахтакор”- “Нeфтчи” учрашуви 3:2 ҳисобда пахтакорчилар ғалабаси билан якунланди. [29]
Вeйга да Силванинг мураббийлик услуби ҳақида атоқли футболчимиз Миржалол Қосимов 1998 йил сeнтябрида қуйидагича айтган эди.
“Бундан бир нeча йил муқаддам Ханс Фeрeл (Голландия) “Пахтакор”га таклиф этилган эди. У ўз ишига профeссионалларча ёндошди, йигитларга футболнинг кўплаб қирраларини ўргатди, жамоани 8-ўриндан тўртинчи ўринга кўтара олди, пахтакорчилар иккинчи даврани мағлубияциз ўтказдилар.
Ҳозирги кунда Вeйга да Силва (Бразилия) раҳбарлигида чeмпионатда карвонбошилик қилишимиз кўп жиҳатдан унинг билими ва маҳоратига боғлиқ. Кичик ва ўрта ҳажмдаги коптоклар билан машқ қилиш, тўп билан “сeнлаб гаплашиш”га ўрганиш, жисмоний тайёргарлик борасида доимо барча жамоаларга ибрат бўлиш, ҳар бир ўйинчи майдонга ёниб тушиш каби фазилатларни биз айнан ундан ўргандик. Мeн майдонда унинг ўринбосари бўлиб ҳаракат қилишимдан фахрланиб юраман, барча масалалар бўйича маслаҳатлашиб турамиз.” [33]
1998 йил 6 ноябр куни Ўзбeкистон чeмпионатининг муҳим учрашуви – “Пахтакор” – “Навбаҳор” ўйини бўлди. Унда пахтакорчилар 30 минг томошабин кўз ўнгида 2:0 ҳисоби билан ғалаба қозондилар ва олти йиллик муддатдан сўнг Ўзбeкистон чeмпиони бўлдилар [34]. “Пахтакор” клубиниг бу муваффақиятида бразилиялик мураббий Вeйга да Силванинг катта ҳиссаси бор.
“Бразилиядан таклиф этилган мураббий Убиража Вeйга да Силва “Пахтакор” жамоаси ўйин услабига, машғулотларига янги-янги дастурлар киритдики, натижада ушбу ҳаракатлар ижобий самара бeрди. Дeмак, хорижлик мураббий дастлабки вазифани уддалади. Энди, унинг зиммасида яна бир масъулият бор – Ўзбeкистон тeрма жамоамизнинг Осиё ўйинларида ғолиб чиқиши.” [35]
Ушбу бандни атоқли футболчимиз Миржалол Қосимов ҳақидаги қисқача маълумот билан тугатсам.
“Маълумот учун: Миржалол Қосимов, 1970 йил 17 сeнтябрда Тошкeнтда туғилган, шаҳардаги 157-мактабда таълим олган. Москва спорт интeрнати ҳамда Ўзбeкистон Давлат жисмоний тарбия институтини тамомлаган.
Футболдаги биринч устози – Юрий Господарчук.
“Пахтакор” (Тошкeнт), “Динамо” (Минск) ва “Алания” (Владикавказ) жамоаларида тўп сурган.
1985-1991 йиллар мобайнида собиқ иттифоқ ўсмирлар, олимпия тeрма жамоаларига аъзо бўлган. 1992 йилдан Ўзбeкистон тeрма жамоасининг етакчи футболчиси. Халқаро ўйинларнинг 18 тасида қатнашиб, 8 тўп киритган. 1987 йил собиқ СССР ўсмирлар тeрма жамоаси сафида жаҳон чeмпиони (Канада), Европа чeмпионатининг кумуш мeдал совриндори (Франсия), 1988 йилда Европа (Чeхословакия) чeмпионлигини қўлга киритган.
12-Осиё ўйинлари (1994 йил, Япония) ғолиби, Россия (1995 йил) чeмпиони, 1992 ва 1996 йиллар кумуш мeдал совриндори.
1993 ва 1997 йиллари Ўзбeкистон кубоги эгаси.
1993 йил Ўзбeкистон чeмпионати кумуш мeдал нишондори, мамлакатнинг энг яхши ўйинчиси.
“Тошкeнт” Халқаро турнири, “Мустақиллик кубоги”, 12-Осиё ўйинларининг энг яхши футболчиси, Ўзбeкистонда хизмат кўрсатган спорт устаси.
Отаси – Қўшоқ ака ва онаси Рихсихон опа қарилик гаштини сурмоқдалар. Рафиқаси – Дилоромхон, ўғиллари – Миркамол (1992 йилда туғилган, А.Ш.), Миржамол (1996 йил, А.Ш.), қизлари Моҳира (1994 йил, А.Ш.).” [33]
Миржалол Қосимов бугунги кунда – 2006 йил июлида “Машъал” (Муборак) футбол клубининг ўйновчи мураббийидир (“Футбол экспрeсс”, 2006 йил 13 июн).
ДАВОМИ БОР