-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 449
Комментариев: 9
Написано: 490


ГУЛНОРА КАРИМОВА ТАҚДИРИ (ДАВОМИ 1)

Среда, 26 Июля 2023 г. 13:40 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ГУЛНОРА КАРИМОВА ТАҚДИРИ (ДАВОМИ 1)

5. 2013-2014: УЙ ҚАМОҒИ

Gulnara-Karimova-pod-arestom (624x351, 54Kb)
Фото 5. Гулнора Каримова уй қамоғида. Тошкент шаҳри.

Тўртта олий маълумотга эга, ўқимишли, зукко, олим, ишбилармон, жасур аёл бўлмиш профессор Гулнора Каримовани 2013 йил октябрида уй қамоғида тута бошлашди. Менимча, буни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура раҳбарияти биргаликда уюштирди. Улар шу йўл билан Гулнорани синдиришмоқчи ва бойликларини осонгина қўлга киритишмоқчи бўлишди.

2013 йил март ойида жасур Гулнора Каримованинг катта интервюси Швейцариянинг Bilan журналида ([13]-га қаранг) ва 2013 йил 8 декабр куни Туркиянинг “Hurriyet Daily News” газетасида чоп қилинди ([14]-га қаранг).

Гулнора Каримова 2013 йил декабрида Британияда чиқадиган Telegraph (Телеграф) газетаси саволларига электрон почта орқали жавоб қайтариб, унда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати “клани”нинг иқтисодий жиноятларини фош қилди ва бу ҳақда Озодлик радиоси сайтида яхши мақола босилди ([15]).

“Британияда чиқадиган Telegraph газетаси саволларига электрон почта орқали жавоб қайтарган Гулнора Каримова¸ МХХ раиси ва ўринбосари Иноятов-Ҳаëтхўжаев кланини Ўзбекистон бойликларини талон-тарож қилаëтганликда айблади ва далил сифатида улар назоратидаги ўнлаб ширкат ва банклар рўйхатини тақдим этди. “Бу интервюдан сўнг тирик қоламанми-йўқми буни билмайман”¸ деб тугатди Британия газетаси чоп этган матнни ўзбек президентининг тўнғич қизи.

Туркиянинг “Hurriyat” газетаси¸ Британиянинг “Guardian” нашридан сўнг президент Каримовнинг Ўзбекистон ичкарисида қаттиқ сиқувга олинган тўнғич қизи Гулнора Каримова¸ ўз атрофида бўлаëтган жараëнларни ҳикоя қилиш учун Telegraph газетасини танлади.

Каримованинг электрон почта орқали ўз саволларига “самимий” жавоб қайтарганини муқаддимада ëзган Британия нашри¸ президент қизига юборилган бошқа саволлар ҳам бўлган-бўлмаганини очиқламади.

Гулнора Каримовага қарши ўнга яқин Европа давлатида пул ювиш ва коррупция билан боғлиқ тергов жараëнлари ҳақида лом-мим дейилмаган бу суҳбат бошланишида Каримова ўзига қарши “террор”¸ Интернет орқали қўрқинчли туҳмат кампанияси МХХ бошлиқлари томонидан уюштирилганини иддао қилади.

Фонд Форум қаноти остида 10 йилдан кўпроқ вақт давомида ëшлар ва хотин-қизлар учун юзлаб беғараз лойиҳаларни амалга оширгани¸ бу лойиҳалар учун маблағни хайрияга чанқоқ тадбиркорлардан олганини даъво қилган Гулнора Каримова¸ ноябрь ойига келиб ўз шуҳратини “таҳлика” деб билган МХХ атрофидаги ишбилармон ëшлар ва улар оилаларини очиқчасига қўрқитишга ўтганини¸ Греция фуқароси Янис Галанос мисолида тасвирлашга уринади.

Ўз атрофидагиларга қарши қўрқитиш кампанияси ҳақида ҳикоя қила туриб¸ Гулнора Каримова Ўзбекистон прокуратураси ва МХХдаги конкрет шахсларни тилга олади ва улар назоратидаги "бизнес империяси"ни фош этади (иқтибос бошланади):

“Бизники каби ишлар устидан “тергов” деб аталадиган жараëн яна одатга кўра Иноятов оиласига яқин¸ “ишончли” одам Мирағлам Мирзаев орқали амалга оширилди. Бу одам Иноятов опасининг эрига ини бўлади ва Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари сифатида асосан “коррупция ва иқтисодий жиноятлар”га оид ишлар билан шуғулланади. Унинг бундай жиноятлар юзасидан чиқарадиган қарорлари¸ гувоҳларга кўра¸ 500 мингдан 1 миллион АҚШ долларигача боради. Мирзаев бу системада 18 йилдан бери ишлайди ва Прокуратура идорасидаги ҳамма нарсани¸ аслида айнан шу одам назорат қилади. Унинг ўғли Рашид¸ айнан шундай МХХнинг Тошкент идорасини назорат қилади. Рашид МТС нинг қочиб кетган директори¸ айрим гуруҳлар қўллови билан мен ҳақимдаги энг куракда турмас айбловлар эълон қилган Беҳзод Аҳмедовнинг яқин дўстидир.

Мен ҳақимдаги турли-туман ҳикояларга қарамай¸ Tammaron Ltd. нинг МТС учун 20 миллион АҚШ долларига LTE лицензияси олиб бериш каби жуда конкрет келишувлар ҳамон қулфу калит остида қолмоқда. Ғалати жойи шундаки¸ ўнга яқин одам орасида Аҳмедов ҳам Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан¸ унинг ҳар бир қадамини менга боғлаш мақсадида уюштирилган PR кампаниясининг нишонига айланди.

Ширкат Россия-Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари ҳамкорлигида Афғонистон йўналишида ташкил этилди ва Россия томондан унга МТС ишга ëллаган Калганов бошчилик қилди.

Бу ширкат устидан тергов бошланган бир пайтда Аҳмедовнинг қўлида паспорти бўлмаган ҳолда¸ чегарадан қандай ғойиб бўлиши жуда қизиқдир. Тошкентдан кетиши билан Аҳмедов Парижда Тиллаев билан учрашди ва унга нақд пулни мамлакатдан олиб чиқиш учун тузилган Lapescara Balamore, Haytkon Servis ‘Plyus’, Asia Agro Food Export, Agro Time Group, Pocati Gordon Qurilish, Abdujafar Savdo, West Elektrik Group, Abdujafar Savdo Plus, Elektro Jixoz Nur Savdo, Exad Lancer, Sir Nosir, Zolotoy Modern Service каби ширкатлар рўйхатини берди.

Матбуотдаги чиқишлар ва алоҳида ўрганилган ишлар бу ширкатларнинг МХХ раиси ўринбосари Ҳаëт Шарифхўжаев назоратида эканини кўрсатади. Айни пайтда¸ улар тақдим этаëтган ҳикояларда мени дунë бўйлаб МТС капиталининг эгаси сифатида кўрсатишмоқда. Жуда кулгули...

МХХ қўшма “бизнес”ининг аксар қисми ўзбек иқтисодининг йирик соҳаларини (75% давлатга қарашли соҳалар; қурилиш жабҳасидаги давлат тендерлари; транзит ва савдо) шунчаки рэкет қилиш қўли билан қўлга киритилган. Бу бизнес Аҳмедовнинг яқин дўсти Отабек Ғозиев (Ғозиев Салимов¸ Мирзиëев ва Алишер Усмонов кланининг қариндоши ва асосий одамидир)¸ унинг 22 йиллик дўсти Ҳаëт Шарифхўжаев¸ унинг укаси Жавдат Шарифхўжаев (тақдир ҳазили билан Жавдат МХХ нинг Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бошқармаси бошлиғи эди ва ҳозирда терроризмга қарши кураш бошқармасига ўтказилди) ва бу одамларга жуда садоқатли бўлган бошқалар томонидан назорат қилинади.

Бу одамлар шунингдек транзит ва пахта соҳасида ҳам қўшма бизнесга эга ва Silk Road, Korbit, Orient Finance Center каби пул ювишга ихтисослашган аксар ширкатларни ҳам улар назорат қилади. Улар бу ишни 30 миллионлик мамлакатдаги биргина банк - Azia Alliance Bank орқали амалга оширадилар.

Бу молиявий тизим асосчи ва хўжайинлари МХХ га алоқадор қуйидаги ширкатлардир: Gorefield International (айланмаси 10 миллион), Unix Logistic (5 миллион), Jeff Investment (4 миллион), ва Савинков (6.5 million) ҳамда Овик Мкртчан (6 million) каби хусусий шахслардир.

“Мега Планет” савдо мажмуасини назорат қилаëтган Мкртчан Москвада ўлдирилган МДҲ жиноий авторитетлари отаси “Дед Хасан”нинг жиянидир. Ана шундай бўм-бўш “Мега Планет”лардан бири яқинда Тошкентнинг Эски шаҳарида очилди. Бундай инфратузилмалар МХХ даги айни гуруҳга қарашли яна бир банк - “Orient Finance” га пул ювиш учун чексиз имкон яратиб бермоқда. Тепада номлари келтирилган ширкатлар Rietumu Bank, Commerc Bank, and Raiffeisen Bankда очилган ҳисоб рақамлари орқали иш кўрмоқда.

Айни гуруҳ назоратида кўчмас мулк соҳасидаги каттагина акциялар ҳам бор ва бунинг орқасида Латвиядаги юқори даражали МХХ расмийлари турибди. Латвиялик шериклар билан бирга бошқариладиган Synecta (асли Словакияда) ширкати баробарида улар Ўзбекистон ëнилғи секторидаги энг йирик давлат тендерларига ҳам аралашган. Zerkrasta меҳмонхонаси ва Латвиядаги Суниши кўли бўйидаги виллалар ҳам МХХ даги юқори даражали расмийлар ва улар одамларидан иборат айни гуруҳ номига расмийлаштирилган ва Шарифхўжаев оиласи назоратидадир. Бу кўчмас мулкларнинг асосий эгаси Иноятов оиласининг ишончли вакили¸ шунингдек Латвиядаги банк ҳисоблари эгаси Керимов Тимур Сапариетовичдир. (иқтибос тугади)

Британия мухбирининг "Ҳозирги жараëнлар хайрия фаолиятингизга қандай таъсир қилмоқда?" деган саволига жавоб берар экан Гулнора Каримова Ўзбекистонда ҳам аксар Шарқдаги каби ўз мустақил фикрига эга одамлар кўп эмаслиги¸ айниқса¸ давлат тизимида тепадан бериладиган ҳар қандай буйруққа бўйсунувчи одамлар ишлашидан зорланади.

Шу боис¸ ўзи ва атрофидаги маърифатли ва мустақил инсонларни бу тоифа МХХ дагилар учун таҳликага айланганини айта туриб¸ Фонд Форумнинг 1000 тўй каби хайрия тадбирларига пул ўтказган кичик хусусий корхоналар¸ айни кунларда бундай “эзгу ишлар”и учун жазоланаëтганини айтади.
Айни пайтда¸ Гулнора Каримова Ўзбекистондаги хусусий ширкатларнинг сўроқ-жавоб қилиниши ўзини уч сабабга кўра ҳайратга солишини ëзади: (иқтибос)

1. Бугун Ўзбекистонда қолган ҳар бир тадбиркор давлат тизимида кучли таъсирга эга бўлган шахсларга боғланган ëки қайсидир кланнинг қисмидир.

2. “Очиқ ва демократик” бу жамиятда бир пулга қиммат Интернет сайтларида икки оғиз гап ëзиб, уни энг юқоридагиларга ҳақиқат сифатида тақдим этиш жуда осон.

3. Ва ниҳоят, бутун дунë бўйлаб хайрия кўнгилли равишда пул ажратиш устига қурилган соф инсонпарварлик фаолиятидир. Шундай экан, Ўзбекистоннинг бугунги воқелигида нима учун бу жараëн бошқача бўлиши, йўқдан бор бўлиши керак? (иқтибос тугади)

Бу гапларни ëза туриб, Гулнора Каримова, ўз хайрия лойиҳалари орқали ҳеч қандай пул қилмагани, аксинча, оддий одамларга саховатпеша бўлиш имконини бериб, хусусий ширкатларга ўз маҳсулотини тарғиб қилишга йўл очганини иддао қилади» [15]

Эътибор беринг: Гулнора Каримова ушбу катта интервюларда Ўзбекистон МХХси ва прокуратураси раҳбарияти қилган жиноятлари ҳақида ёзган бўлсада, улар бирорта хато топиша олишмади. Акс ҳолда Гулнорани туҳматда айблашган ва жавобгарликка тортишган бўларди.

6. 2015: МАСХАРАБОЗЛИК СУДИ

imagesGULNOR2 (525x700, 166Kb)
Фото 6. Гулнора Каримова уй қамоғида. Тошкент шаҳри.

2015 йил август ойида Ўзбекистон прокуратураси раҳбарлигида Гулнора Каримова яшаётган вилла ошхонасида дастлабки масхарабозлик судини яширинча ўтказишди ва бу ҳақда халқимизга ҳеч қандай ахборот беришмади.

“2019 йилнинг 12 март куни Британияда чиқадиган The Guardian нашрида эълон қилинган интервьюсида Каримованинг қизи Имон онаси устидан 2015 йил августида ошхонада уюштирилган биринчи “маҳкама мажлиси” ҳақида гапирган эди.

Имон Каримовага кўра, судья, прокурорлар ва "қўрққанидан аъзойи бадани титрашдан тўхтамаган ҳукумат адвокати" онаси тутқунликда сақланган вилла ошхонасида бир неча соатлик суд мажлиси ўтказиб, ҳукм чиқарган” [16]

2017 йил 8 июл куни Гулнора Каримова 45 ёшга тўлди. Мен шу муносабат билан иккита рангли плакат тайёрладим ва Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонаси олдида Гулнора Каримова ҳимояси учун пикет уюштирдим. Элчихонадан чиқиб олдимга келган ходимга пикетим сабабини айтиб, ё Гулнора Каримова тўғрисида ахборот беришни ёки уни қамоқдан озодликка чиқаришларини талаб қилдим. Ўша куни кечқурун пикетим ҳақида маълумотни фото 5 билан бирга Фейсбукдаги саҳифамда ва ўнта гуруҳ саҳифаларида чоп қилдим. Фейсбукдаги ватандошлар билан Гулнора Каримова ҳақида қизғин маълумот алмашиш ва баҳс бўлди, кўпгина постингларга ёзма жавоб бердим. Ўша постинглар ва уларга ёзган жавобларим матнини флешкага кўчириб қўйдим. Ушбу мақола ёзиш жараёнида ўша матнларни анча вақт қидирдим. Ҳозирча топаолмадим. Менинг ноутбукимни кечаю кундуз назорат қилаётган АҚШ Федерал қидирув бюроси агенти ва у билан боғлиқ кимсалар, шунингдек Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг АҚШдаги зобитлари 2017 йил июл ойидаги Гулнора Каримова билан боғлиқ флешкадаги постингларни йўқотиб юборишган, деб ўйлайман. Ахир бошқа йиллардаги постинглар флешкамда сақланган ва улардан анчасига жавобимни кейинги параграфларда келтираман, иншааллоҳ.

2017PIKETfoto6 (388x700, 497Kb)
Фото 7. Гулнора Каримова ҳимояси учун уюштирган пикетим. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси олдида. 2017 йил 8 июл.

2017 йил 8 июл кунги пикетимдан кейин йигирма кун ўтгач - 2017 йил 28 июл куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова ҳақида биринчи марта жамоатчиликка маълумот берди: Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августда Гулнора Каримовага Жиноят кодексининг олтита моддаси бўйича айблов эълон қилган ва суд ҳукми билан беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган. [17]

Эътибор беринг: Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова устидан ўтказилган масхарабозлик судидан кейин деярли икки йил ўтгач хабар берди. Агар мен 2017 йил 8 июл куни пикет қилмаганимда яна нечи йил сир тутишлари номаълум бўлиб қоларди.

Озодлик радиосининг www.ozodlik.org сайтида 2017 йил 28 июл кунги “Бош прокуратура: Гулнора Каримова қамоқда” номли мақолада қуйидагича ёзилган:

“Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси Бош прокуратуранинг расмий сайтида "Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар" сарлавҳаси остида (2017 йил) 28 июл куни қуйидаги материални эълон қилди:

2013 йил 24 октябрда “Terra Group” МЧЖ, “Prime Media” МЧЖ, “Gamma Promotion” МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур жиноят ишини тергов қилиш давомида Каримова Гулнора Исламовна, 1972 йил 8 июлда Фарғона вилоятида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, Сиёсий тадқиқотлар маркази директори лавозимида ишлаган, Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Я.Ғуломов кўчаси, 77“а”-уйда рўйхатда турган, 2001-2012 йилларда Н.Содиков, 2013 йилнинг январь ойидан октябрь ойига қадар Рустам Мадумаров раҳбарлик қилган уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига бевосита кўмаклашиб келганлиги аниқланган.” [17]

Эътибор беринг: “Terra Group” МЧЖ, “Prime Media” МЧЖ, “Gamma Promotion” МЧЖ фаолиятида 2001-2012 йилларда Н.Содиков, 2013 йилнинг январ ойидан октябр ойига қадар Рустам Мадумаров раҳбарлик қилган, Гулнора Каримова КЎМАКЛАШГАН, холос.

Демак, Гулнора Каримовани уй қамоғида тутиш 2013 йил 24 октябрида ёки шундан бир-икки кун кейин бошланган. Мен бугун – 2023 йил 19 июл куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий веб-сайти бўлмиш Бош прокуратура (prokuratura.uz) сайтида 2017 йил 28 июл куни чоп қилинган "Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар"ни қидирдим . Бу муҳим хабар Бош прокуратура сайтида йўқ, аниқроғи олиб ташланган.

7. ИСЛОМ КАРИМОВ НЕГА ГУЛНОРАНИ ҚУТҚАРА ОЛМАДИ?

Мен ушбу таҳлилий мақоламнинг биринчи параграфида таниқли ўзбек журналисти Галима Бухарбаеванинг Ислом Каримов қизи Гулнорага «буюртма» бермаганига доир ўнта фактини келтиргандим.

Диктатор президент Ислом Каримов икки қизнинг отаси бўлиб, тўнғич қизи Гулнорани жуда яхши кўрарди. У болалигидан ўқишга қизиқиши ва муваффақиятлари билан жуда хурсанд эди ва уни кенжа қизи Лолага ўрнак қилиб кўрсатарди. Шу сабабли Ислом ота қизи Гулнорани болалик чоғларидан бошлаб машҳур Эрон хонандаси Гугуш (асли исми Фаиге Атешин, 1950 йилда туғилган, [18]) исмига уйқаш қилиб ва эркалатиб Гугуша деб атарди. Бу ҳурмат кейин ҳам сақланиб, Ислом Каримов Швецарияда вилла сотиб олиб Гулнорага совға қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлисининг собиқ депутати Намоз Нормумин 2019 йилда Фейсбукда қуйидаги постингни ёзиб менга савол берганди.

“Namoz Normumin Шухратжон Ахмаджонов
Каримовнинг невараси кичкина Ислом Каримов Лондонда туриб, ББС га «Онамга Швейцариядаги вилласини бобом олиб берган» деганди. Буни ҳам ДХХ қилдими?

Шухратжон Ахмаджонов
Кичик Ислом Каримовнинг бу гапи тўғри. Шахсан менинг фикрим: раҳматли Ислом Каримов Ўзбекистонга 1989-2016 йиллар давомида 27 йил раҳбарлик қилиб, президент сифатида олган ойликларига Швейцарияда битта вилла сотиб олишга етарли ва ҳақли эди, деб ҳисоблайман. Унинг Ватанимизни 27 йил диктаторларча бошқаргани бу бошқа масала. Хориж президентлари ўз мамлакатига 4-8 йилгина президентлик қилгач ўз ойлигига бундай виллалардан бир ёки бир нечтасини сотиб олиб оиласи билан умрини охиригача тинч яшайди.”

Кўп томонлама талантга эга бўлган Гулнора Каримова Гугуша тахаллуси билан қўшиқлар куйлади. У Мусиқа, телевидение ва видео санъати соҳасидаги Ўзбекистоннинг VII миллий мукофотини беришга бағишланган тантанали йиғилишда - 2012 йил 22 декабр куни отаси Ислом Каримовга (1938-2016) чуқур ҳурматини билдириб “Сочим майда ўринг, отам!” номли қўшиқни куйлади. Шу қўшиқни эътиборигизга ҳавола қиламан.

Гулнора КАРИМОВА қўшиғи

СОЧИМ МАЙДА ЎРИНГ, ОТАМ!

Давлат бериб, миннат қилмас беминнатим,
Қадрингизни гоҳо билиб, гоҳ билмадим,
Волидамнинг суянгани, эй, қимматим -
Яна бир бор сочим майда ўринг, отам!
Бахтимизга доимо соғ бўлинг, отам!

Гоҳо - онам, гоҳо - синглим, ҳам отамсиз,
Олам ичра меҳрибоним, бир оламсиз,
Бу дунёда мен суянган бир одамсиз -
Яна бир бор сочим майда ўринг, отам!
Бахтимизга доимо соғ бўлинг, отам!

Айтмасам ҳам сезиб турар қалбим дарди,
Сиз бор учун уриб турар ярим қалбим,
Юксаламан ҳар деганда “Жигарбандим!» -
Яна бир бор сочим майда ўринг, отам!
Меҳрибоним, бахтимга соғ бўлинг, отам!

Истасангиз минг ўғилнинг ўрнин босай,
Бир лаҳзалик шодлигизга жоним осай,
Кечирдингиз ҳатто, отам, гуноҳ қилсак -
Яна бир бор сочим майда ўринг, отам!
Бахтимизга доимо соғ бўлинг, отам! [15]

264217863 (276x400, 34Kb)
Фото 8. Гулнора Каримова саҳнада “Сочим майда ўринг, отам!” қўшиғини куйламоқда. 2012 йил 22 декабр. Тошкент. [19]

Савол туғилади: Президент Ислом Каримов тўнғич қизи бўлмиш Гулнорани тазйиқ ва қамоқдан нега қутқармади?

Маълумки, Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасида қуйидагича ёзилган.

“90-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.” [20]

Конституциямиз 15 марта ўзгартирилган бўлсада, ушбу модда бугунги кун – 2023 йил 19 июлгача ўзгармаган.

Ислом Каримов дастлаб 1992 йил декабрида Ўзбекистон Президенти қилиб сайланди. У 1996 йил референдум ўтказиб президентлик муддатини 1999 йилгача узайтирди. У 1999 йил декабрда иккинчи марта Ўзбекистон Президенти қилиб сайланди. У 2007 йил декабрда Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига амал қилмай учинчи марта сайловга ўз номзодини қўйди ва Ўзбекистон Президенти қилиб сайланди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси лавозимини 1996 йилдан бери эгаллаб келаётган ва давлатимизни орқаваротдан хоҳлаганча бошқаришда қатнашаётган Рустам Иноятов бу қонунбузарликни яхши биларди. Агар Ислом Каримов ўз қизи Гулнорани тазйиқ ва қамоқдан қутқаришга ҳаракат қилса, Рустам Иноятов ўз иноятовчилари ёрдамида давлат тўнтаришини уюштириб, Ислом Каримовни ҳибсга оларди. Кейин халққа “Ислом Каримов Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига амал қилмай учинчи марта сайланди” деб Ўзбекистонда 1989-2015 йилларда йўл қўйилган барча ноқонуний ишларда уни айбдор деб эълон қиларди. Ислом Каримовни ҳибсга олгач иноятовчилар Гулнора Каримовани яна ҳибсга оларди ва отаси ҳамда қизини шов-шувли судлаб, иккаласини ҳам бадном қилиб ташларди. Бу билан Иноятов ва унинг атрофидаги бир гуруҳ иноятовчилар ўзларича миллат қаҳрамонларига айланган бўларди.

Буни Ислом Каримов яхши биларди. Шу сабабли у ўзининг севимли қизи Гулнорани тазйиқ ва қамоқдан қутқаришга ҳаракат қилмади ва қилолмади.

Буни Гулнора Каримова ҳам яхши биларди. Шу сабабли у ўз отаси Ислом Каримовга тазйиқ ҳамда қамоқдан қутқаришни илтимос қилмади ва ўз имкониятлари доирасида курашди. У ҳақиқат ва адолат учун ҳамон курашмоқда.

8. 2016: АДВОКАТ ГРЕГУАР МАНЖА (1971)

Grégoire-Mangeat-800x1202 (465x700, 28Kb)
Фото 9. Швейцариялик адвокат Грегуар Манжа (1971, Gregoire Mangeat). [21]

Швейцария суди томонидан Гулнора Каримовага адвокат этиб таниқли адвокат Грегуар Манжа (1971, Gregoire Mangeat) 2016 йилда тайинланди ([16]). У ўз адвокатлик фаолиятини жуда яхши олиб бормоқда. У ҳақдаги маълумотни унинг сайтидан келтирай. Инглиз тилидан ўзбек тилига мен ўгирдим.

“Грегуар Манжа MANGEAT (адвокатлик фирмаси) асосчиларидан бири ва Женева Адвокатлар Ассотсиясининг собиқ президенти (2016-2018 йиллар). У Legal 500 томонидан тавсия этилган ва Chambers and Partners томонидан адвокат сифатида тан олинган.

Унинг асосий амалиёт йўналишлари суд ишларини юритиш, арбитраж, шунингдек оқ ёқалилар жиноятлари ва тергови.

У Швейцария ва халқаро суд жараёнларида мижозларга ёрдам бериш ҳамда вакиллик қилиш, даъволарни ижро этиш ва ҳимоя қилиш ҳамда вақтинчалик чоралар кўриш (мулкни олиб қўйиш, тақиқлар олиш, оммавий ахборот воситаларида нашр қилишни тақиқлаш ва бошқалар) бўйича ихтисослашган.

У Европа жиноий ишлар бўйича адвокатлар ассотсиятсияси (ECBA) аъзоси ва Европа фирибгарлик муаммолари ва қонунларга риоя қилиш бўйича юристлар уюшмаси (ECFL) аъзоси.

У хизмат жиноятлари, экстрадиция, мерос ёки банкротлик ишларида дастлабки далилларни тўплаш, мижозларни ҳимоя қилиш бўйича тасдиқланган тажрибага эга. Шунингдек, у жисмоний ёки юридик шахсларни санкция рўйхатидан чиқариш, шунингдек, юридик ва маъмурий ёрдам (солиқ, жиноий ва молиявий масалалар) бўйича ихтисослашган ва бир қанча трансчегаравий ва кўп юрисдиксияли суд жараёнларида иштирок этган.

Грегуар Женева Адвокатлар Ассотсиятсиясининг (ODA) Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси бўлган. Mangeat Adtorneys at Law ни ташкил этишдан олдин Грегуар Женевадаги Eversheds ширкати ва ундан олдин Женевада MCP Avocats ҳамкори бўлган.

У Женева университетида (ECAV) дарс беради ва 2011 йилдан бери суд-тиббиёт кўникмаларидан таълим беради.

“Мен Грегуар Манжани сўзсиз қўллаб-қвватлайман. У бизга бир неча оғир ҳолатларда рақобатчилар ва ҳукумат органлари қаршисида устунликни сақлаб қолишимизга ёрдам берди”.

“У ҳар бир ишга ўзини бағишлайди ва ўз мижозларига қулай натижани таъминлаш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилади. Грегуарни ёллаётган ҳар бир киши ўз ишида мумкин бўлган энг яхши натижага ишониши мумкин.” – Александр Цвейер, ZWYVER Caviar.

Грегуар Манжа мижоз талаб қиладиган натижага эришиш учун чуқур таҳлилни, ажойиб стратегия туйғусини талаб қиладиган етарлича жасоратни таклиф этади. Таҳлилнинг чуқурлиги, қўрқмаслик ва стратегиянинг дадиллиги, соғлом прагматизм ва реализм ҳисси билан биргаликда Грегуар ёндашувининг ўзига хос белгиларидир. Потенсиал нозик сиёсий ва ҳуқуқий муаммога дуч келган Грегуар муаммони изчил таҳлил қилиш ва ушбу мижоз учун керакли натижага эришиш учун аниқ стратегия нуқтаи назаридан қатъий қўл узатди.” - Нильс Олесен, HYPOSWISS PrivatBank AG бош директори.

Академик маълумот / таълим
M.B.L.-HSG, Санкт-Галлен университети, Швейцария
Женева бар
II Ассас Париж университети
Фрибург университети, Швейцария

Тиллар
француз, инглиз, италян, немес

gregoire.mangeat@mangeat.ch

Tелефон: +41 22 319 22 00” [21]

9. 2016: ГРЕГУАР МАНЖА ВА ГУЛНОРАНИНГ ДАСТЛАБКИ УЧРАШУВИ

“Wall Street Journal нашрининг ёзишича, 2016 йил 9 ва 10 декабр кунлари Каримова хоним Ўзбекистон пойтахтида швейцариялик икки прокурор саволига жавоб берган. Швейцария суди томонидан Гулнора Каримовага адвокат этиб тайинланган Грегуар Манжа (Gregoire Mangeat) ўз мижози билан икки марта юзма-юз гаплашишга муваффақ бўлганини айтган.” [22]

10. 2018: ГРЕГУАР МАНЖА ВА ГУЛНОРАНИНГ ИККИНЧИ УЧРАШУВИ

“2018 йил 25-26 апрель кунлари ўз мижози билан Тошкентда, Ўзбекистон Бош прокуратураси биносида яккама-якка учрашган Грегуар Манжанинг Озодликка айтишича, ўзбек расмийлари ўзи ва ҳамкасбларининг 21-22 июнь кунлари Каримова билан учрашиб, ўз ишини давом эттиришига рухсат берган.

Бундан аввал Грегуар Манжа Каримова билан 2016 йил декабрида биринчи марта учрашган ва кейинги бир ярим йил давомида ўз мижозини бевосита кўришга муваффақ бўла олмай келаëтган эди.” [23]

“Грегуар Манжа Озодлик билан суҳбатда Гулнора Каримованинг қамоқдаги вазиятида жиддий ўзгариш қилиши мумкин бўлган шахс – Ўзбекистон президенти бўлгани боис¸ ҳозиргача икки марта Шавкат Мирзиëев билан учрашишга рухсат сўраганини билдирди.

- Бу¸ ҳимоячи адвокат сифатида¸ менинг шахсий ташаббусим¸ Гулнора мендан буни сўрагани йўқ. Мен унинг қамоқхонадаги шароитини президентга етказмоқчиман¸ унга нисбатан бўлаëтган зўравонлик¸ ишдаги мутлақ мавҳумликнинг қабул қилиб бўлмас ҳолат эканини тушунтирмоқчиман. Ҳимоячи адвокатларнинг иши¸ мижозга нисбатан Ўзбекистонда очилган жиноий иш ҳужжатлари билан танишишга рухсат йўқлигидан¸ ниҳоятда қийин, дейди Грегуар Манжа.» [23]

“Бу ишда ҳамма учун мақбул тўхтамга келиш мақсадида¸ ҳозирга қадар ўзига қўйилаëтган айбларни рад этиб келаëтган Гулнора Каримова ҳам “айрим муросага бориши мумкин”¸ дейди собиқ 1-қизни ҳимоя қилаëтган адвокатлар гуруҳи раҳбари.

- Мен ҳимоячи сифатида ўз ишимни бажаришим учун тутқунликдаги мижозимга халқаро стандартларга мос келадиган адолатли шароит яратиб берилиши учун курашаман. Агар Ўзбекистон ҳукуматининг нияти шунчаки Каримованинг бойликларини олиш бўлса¸ биз бунга қаршилик қиламиз ва керак бўлса¸ Страсбургдаги Европа инсон ҳақлари судигача борамиз¸ дейди Каримова адвокатлар гуруҳи раҳбари.» [23]

11. 2019: ГРЕГУАР МАНЖА ВА ГУЛНОРАНИНГ УЧИНЧИ УЧРАШУВИ

Адвокат Грегуар Манжа 2019 йил июн ойида Зангиотадаги аёллар колониясида сақланаётган Гулнора Каримова билан учинчи марта учрашди.

“Адвокатнинг ўз Twitter саҳифасида иддао қилишича, ҳозирда Тошкент вилояти, Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясида сақланаётган Гулнора Каримованинг аҳволи ёмонлашган эса-да, унга тиббий ёрдам кўрсатилмаётир.

"Зангиотадан қайтдим. Мижозим ёмон аҳволда. Қон босими юқори. Оёғи тўлиқ бинтланган. Тиббий ёрдам йўқ. Кўп марта ҳушидан кетган. Ҳукуматга оддий савол: Нега Зангиота ва қачонгача? Ўзбошимчалик билан ҳибсда ушлаб туришни тўхтатинг", деб ёзди 15 июнь куни Зангиота қамоқхонасида ўз мижози билан кўришган Манжа.

Гулнора Каримованинг адвокати июнь ойи охирида ҳам айни мазмундаги баёнот билан чиққанди.
10 июнь куни бу баëнотга муносабат билдирган Бош прокуратура Гулнора Каримованинг олдига шифокорларнинг киришига ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги¸ унинг соғлиғи қониқарли экани ва зарурат бўлса¸ ҳар қандай тиббий муолажа кўрсатилиши кафолатланган"ини расман маълум қилган эди.” [24]

ДАВОМИ БОР
Рубрики:  ПРАВОЗАЩИТА
2023 YILGI MAQOLALARIM

 

Добавить комментарий:
Текст комментария: смайлики

Проверка орфографии: (найти ошибки)

Прикрепить картинку:

 Переводить URL в ссылку
 Подписаться на комментарии
 Подписать картинку