-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 449
Комментариев: 9
Написано: 490


ГУЛНОРА КАРИМОВАГА ОЗОДЛИК (ОЧИҚ ХАТ КЎРИНИШИДАГИ МУРОЖААТНОМА)

Воскресенье, 09 Июля 2023 г. 05:10 + в цитатник
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга
нусхаси “Озодлик” радиосига
нусхаси “Би-би-си” радиосига

Шуҳратжон Аҳмаджонов (1954 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси)
216 Tulip Dr., Gaithersburg, Maryland, USA 20877
E-mail: havassh54@gmail.com

2023 йил 7 июл

ГУЛНОРА КАРИМОВАГА ОЗОДЛИК
(ОЧИҚ ХАТ КЎРИНИШИДАГИ МУРОЖААТНОМА)

КУЧ – АДОЛАТДАДУР.
АМИР ТЕМУР (1336-1405)

uzn_15554134862 (700x412, 31Kb)
Фото 1. Гулнора Каримова ўғли Ислом (1992) ва қизи Имон (1998) билан (МАҚОЛА: Гульнара Каримова фото, биография, рост и вес 2023. Узнай все)

Ҳурматли Шавкат Миромонович! Ўқимишли, зукко, олим, ишбилармон, жасур аёл бўлмиш профессор Гулнора Каримова инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун 2017, 2018, 2019, 2020, 2021, 2022 йилларда 8 июл куни ўтказган пикетларимда ва Сизга ёзган Мурожаатномаларимда қуйидаги фикрларимни таъкидлагандим: Гулнора Каримова 2013 йилдан уй қамоғида сақлангани, 2015 йил август ойида Гулнора Каримова уйининг ошхонасида ўтказилган масхарабозлик судида биринчи ҳукм ўқилгани, иккинчи ҳукм Тошкент вилоят судида 2015 йил 21 август куни ëпиқ эшиклар ортида ўқилгани, учинчи ҳукм Ўзбекистон Олий судида 2020 йил 18 март куни ўқилгани ва ҳар учаласида Гулнора Каримова танлаган адвокатларни судда қатнашишига йўл қўйишмагани сабабли ушбу “масхарабозлик” судловлари адолатсиз бўлганлиги, ва адолатсиз суд ҳукми ҳамда турли хил тақиқлар сабабли кўп йиллардан бери қамоқхонада азоб чекаётган Ўзбекистон фуқароси Гулнора Каримова ҳаёти хавф остида эканлиги ҳақида ёзгандим.

Мен бугунги Очиқ хат кўринишидаги Мурожаатномамда профессор Гулнора Каримованинг ноёб ишбилармонлик ва бизнесменлик қобилияти ҳақида, у шу қобилияти ёрдамида Ватанимизга миллиард-миллиард доллар фойда келтириши, минг-минглаб ватандошларимизга юқори даражада ойлик тўланадиган иш шароитлари яратиб бериши мумкинлиги ҳақида ёзмоқдаман.

Гулнора Каримова касби бўйича заргарлик буюмлари дизайнери соҳасида ишлаган (МАҚОЛА: Каримова, Гульнара Исламовна – Википедия). У шу соҳанинг нозик ва ишбилармон мутахассисидир. У 1992 йилда Ню-Йорк штати университети қошидаги Мода технологиялари институтида (АҚШда) тахсил олди.

Гулнора Каримова олган олий маълумотларни ҳам эслатай. У 1988-йили Тошкентда Ёш математиклар академиясини тугатди, 1994 йили - Тошкент Давлат университети фалсафа-иқтисодиёт факултетининг халқаро иқтисодиёт бўлимини бакалавр даражаси билан тамомлади. 1996-йили Каримова Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Иқтисодиёт институтининг магистратурасини битирди, 2000-йили АҚШдаги Гарвард университетида Санъат магистри даражасига эга бўлди. 2001-йили у Тошкент Жахон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида сиёсий фанлар доктори бўлди, 2009-йили эса ўша ернинг ўзида профессор илмий даражасини олди. 2006-йили Каримова Тошкент Ахборот технологиялари университетида телекоммуникасиялар соҳасида бакалавр даражасига эришди. (МАҚОЛА: Гулнора Каримова биографияси. – читайте в блоге BAHTIYOR8007 )

Гулнора Каримованинг ташкилотчилик қобилиятини ҳам эслайлик. Гулнора Каримова аёл боши билан жуда кўп савоб ишларни ташкиллаштира билди ва қила олди. Бу ҳақда у Швейцариянинг Bilan журналига 2013 йил март ойида берган интервюсида қуйидагича айтган ва ёзганди.

“2004 йилда ташкил этилган ҳамда ЮНЕСКО билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга эга Фонд Форум (7 миллиондан ортиқ бенефициарлар, менинг асосий ҳар йили ўтказиладиган лойиҳаларимдан – «Янги авлод» республика болалар ижодиёти фестивали (2004 йилдан буён – бутун Ўзбекистондан 130 мингдан ортиқ истеъдод эгаси), «Келажак овози» республика иқтидорли ёшлар танлови (2005 йилдан буён бутун Ўзбекистон бўйлаб 400 мингдан ортиқ иштирокчи), ЮНЕСКО билан ҳамкорликдаги «Асрлар садоси» анъанавий маданият фестивали, ҳар йили 100 000 киши ташриф буюрувчи Art Week Style.uz санъат ҳафталиги, «Навқирон Ўзбекистон» анъанавий санъат фестивали ва кўплаб бошқа лойиҳалар); «Меҳр нури» хайрия жамғармаси (800 мингга яқин бенефициар), «Аёллар кенгаши» республика жамоат бирлашмаси (750 минга яқин бенефициар), «Ҳаёт учун!» кўкрак бези саратони миллий уюшмаси (127 800га яқин бенефициар – ҳар йили ўтказиладиган йирик лойиҳалардан бири АҚШнинг Susan G.Komen фонди билан ҳамкорликда ўтказиладиган «Ҳаёт учун!» форум-марафони (3 йил мобайнида бутун Ўзбекистон бўйлаб 100 мингдан ортиқ киши лойиҳада иштирок этди), кўкрак бези саратонини профилактика қилиш мақсадида бутун Ўзбекистон бўйлаб 27 минг аёл бепул тиббий текширувдан ўтказилган; Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди (2,5 млн.дан ортиқ бенефициар, йирик лойиҳалар орасида Давлат таълим тизими учун «Инклюзив таълим» дастури (600дан ортиқ имконияти чекланган болалар учун) ва «Тоза сув» (Оролбўйи экологик ноқулай ҳудуди аёл киши сифатида аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш); «Келажак овози» ёшлар ташаббуслар маркази (500 мингдан ортиқ иштирокчи), «MEROS» Ўзбекистон антикварлари уюшмаси, «IJOD» Ўзбекистон рассомлари, санъатшунослари ва халқ усталари уюшмаси (300 дан ортиқ ҳунармандларни бирлаштиради ва йилига икки маротаба “Базар-Арт” лойиҳасини ўтказади); Абу Али Ибн Сино (Авиценна) номидаги халқаро халқ табобати уюшмаси; Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми; Сиёсий тадқиқотлар маркази, бутун Ўзбекистон бўйлаб болалар спорти ва ижодиёти марказлари ва бошқалар» (Мана буни жасорат деса бўлади! - ЯНГИ ДУНЁ » Blog Archive » Мана буни жасорат деса бўлади! (yangidunyo.org) 2013 йил 12 март)

ТАКЛИФИМ: Ўқимишли, зукко, олим, ишбилармон, тижоратчи, жасур ўзбек аёли бўлмиш профессор Гулнора Каримовага ЎЗБЕКИСТОНДА ЗАРГАРЛИК БУЮМЛАРИНИ 21-АСР ТАЛАБЛАРИ ВА ЖАҲОН МИҚЁСИДА РАҚОБАТБАРДОШЛИК ДАРАЖАСИДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ ВАЗИФАСИНИ ТОПШИРИШ МАҚСАДГА МУВОФИҚДИР.

Гулнора Каримованинг яна бир нечта муҳим қобилиятини санаб ўтай.

1. Тажрибали тижоратчи сифатида жаҳон бозори талабларини яхши билади.

2. Ишлаб чиқариш ва тижорат соҳасида кимнинг қўлидан қайси иш келишини яхши билади. Бу раҳбар инсоннинг ноёб қобилиятларидан биридир.

3. Кўпгина хориж тилларини яхши билади, хорижлик ишбилармонлар ва давлат арбоблари билан таржимонсиз эркин суҳбатлаша олади. Заргарлик соҳасида ҳар хил тиллардаги манбалардан маълумотларни ўқиб, таҳлил қилиб фойдалана олади.

4. Давримиз давлат арбоблари, бой-бадавлат ва юқори мансабли шахслари, жумладан хотин-қизлари билан кўп йиллар давомида хушмуомалалик билан мулоқот олиб борганлиги сабабли киборлар дидини ва заргарлик буюмлари соҳасидаги талаб-истакларини яхши билади. Натижада Гулнора Каримова раҳбарлигида ўзбек заргарлари яратган буюмлар жуда бозоргир бўлади ва Ватанимизга миллионлаб, ҳатто миллиардлаб доллар фойда олиб келади.

Бугунги кунда ишсиз юрган ўткир кўзли ва моҳир қўлли минг-минглаб ёшларимиз, айниқса хотин-қизларимиз заргарлик касбини эгаллаб ўзини ҳам, оиласини ҳам яхши даромад билан таъминлайди.

Ўзбекистонда, туркийзабон ва форсийзабон қўшни давлатларда ва узоқ-яқин хориж давлатларида ўзбек заргарлари яратган заргарлик буюмлари сотадиган магазинлар очилади ва унда минг-минглаб ватандошларимиз ишлаб, ўзларига ҳам, Ватанимизга ҳам кўп даромад келтиради. Буюк Шарқ заргарлик маҳорати асосида Ўзбекистонда олтин-кумушдан қилинган бежирим ва ноёб тақинчоқлар ҳамда буюмлар юзлаб магазинларда сотила бошлагач Ватанимизга келадиган бой сайёҳлар сони ҳам кескин ошади. Бунда улар “Ҳам саёҳат, ҳам тижорат” шиорига амал қила бошлашади.

Софлик даражаси (пробаси) 585 бўлган никоҳ узугининг оғирлиги 2-4 грамм, 750 ники эса 2,6-5,2 граммдир (МАҚОЛА: СКОЛЬКО ВЕСИТ ОБРУЧАЛЬНОЕ КОЛЬЦО, 19 июля 2019 года). Софлик даражаси 585 бўлган бир тонна олтиндан 250 000 тадан 500 000 тагача ёки 750 лиликдан 19300 тадан 38500 тагача никоҳ узуги ясаб сотиш мумкин. АҚШда арзонроқ никоҳ узуги 250-360 доллар эканлигини ҳисобга олсак (МАҚОЛА: Свадебные кольца). 19300Х250 = 4 миллион 825 минг доллардан 360Х500000 = 180 миллион долларгача сотиш мумкинлигини тушунамиз. Агар унинг 50 фоизи нархида улгуржи сотсак ҳам ҳар бир тонна олтинни 2 миллион 412 минг доллардан 90 миллион долларгача сотишимиз мумкинлигини тушунамиз. Ўзбекистонда ҳар йили юз тонна атрофида олтин қазиб чиқарилаётгани ва уни ёмби кўринишда арзон сотаётганимизни унутмайлик.

Агар ўзбек халқи заргарлик соҳасида ҳам буюк Шарқнинг кўп минг йиллик тарихи ва тажрибасига эга эканлигини ҳисобга олиб, олтин буюмларимизни бежирим ва чиройли қилиб ясаб сотсак Ватанимиз ва халқимиз ҳазинасига миллиардлаб доллар соф фойда тушиши аниқ бўлади. Шу ҳисоб-китоблардан келиб чиқиб олтинни қуйма кўринишда сотишни камайтиришимиз ва уни заргарлик буюмлари сифатида ясаб сотишни йўлга қўйишимиз керак.

Шундай кенг миқёсли фойдали иш амалга ошиши учун Гулнора Каримовадек зукко, тажрибали, ишбилармон ватандошимизга имкон ва шароит яратиб беришимиз керак, холос. Шунда деярли ҳар бир ўзбекистонлик уйида олтин буюмлар солинган қутичалар пайдо бўлади ва ота-оналар ўз фарзанлари тўйи куни авлоддан авлодга ўтадиган ноёб олтин буюмлар совға қила бошлашади, иншааллоҳ. Шунда машҳур давлат раҳбаримиз раҳматли Шароф Рашидович (1917-1983) Мурунтов олтин конига борганда «Малик ака (Қаюмов), мана шу олтинларнинг атиги бир фоизинигина беришганида эди, мен ўзбекларнинг бутун остонасини олтиндан қилган бўлардим» деган орзўси амалга оша боради, иншааллоҳ (Хотира уйғонса гўзалдир (islomkarimov.uz 2018 йил 30 июл)

800px-Casket_ivory_Louvre_UCAD4417 (700x518, 91Kb)
Фото 2. Яқин йилларда деярли ҳар бир ўзбекистонлик оиласида заргарлик тақинчоқлари солинган шунга ўхшаш қутичалар пайдо бўлади, иншааллоҳ. (ФОТОСУРАТ: Шкатулка из резной слоновой кости с элементами из чеканного серебра)

Яна битта муҳим факт: Ўзбекистон Ер юзида денгизлар ва уммонлардан энг узоқ жойлашган ягона мамлакатдир. Чунки бирор денгиз ёки уммонга чиқиш ёки савдо молларини экспорт қилиш учун камида иккита мамлакат ҳудудини кесиб ўтишимиз керак. Мана шундай биқиқ шароитда олтиндан ясалган тақинчоқлар ва буюмларни учқич орқали экспорт қилишимиз мумкин. Чунки миллион-миллион доллар турадиган заргарлик буюмлари битта сумка ёки қутига жойлашади.

Эслатиб ўтаман: Гулнора Каримова 2019 йил июн ойида қамоқхонадан қуйидагича мурожаат қилди.

«Бу мeнинг 6 йил ичидаги илк мурожаатим. Мeн учун дуо қилганларга раҳмат дeйман. Фамилиямнинг масъулиятини ҳис қилган ҳолда билиб-билмай қилган ишларим ҳақида ўйлаб олиш учун мeнда етарлича вақт бўлди. Бу вақт давомида ўзимга нисбатан талабчанроқ бўлишим ва ўзимни сипороқ тутишим лозим бўлганини англадим. Ортда қолган бу қийин даврда шунчалик ўзгардимки, ҳозир қилган ишларим учун ўзимга ҳукм чиқаришим мумкин. Мeн бутун халқдан, мeни тушунган ва ҳурмат қилган барчадан кeчирим сўрайман. Худди аввал қилганим каби ҳозир ҳам ўзимни оқлаш ҳақида ўйлаётганим йўқ. Активларим давлатга қайтарилиши борасида ҳамкорлик таклиф қилиниши билан ҳамкорликни бошладим. Бу пуллар Ватаним ривожига катта ҳисса қўшади дeб ўйлайман. Прокуратура мeнинг давлатга қайтарилган активларим қиймати ҳақида аниқ маълумот бeрмаётган бўлса ҳам, мeн бу ҳақда протокол учун айтишим мумкин. Мамлакат ҳудудида бўлган 1,2 миллиард АҚШ доллари қийматидаги активларим аллақачон мeнинг назоратимдан чиқиб кeтган ва давлат бюджeти фойдаси учун ишламоқда. Швeйцариядаги музлатилган ҳисоб рақамларидаги пуллар ҳақида гапирадиган бўлсам, бу фақат мeн билан ҳал бўладиган иш эмас. Мeнинг Ўзбeкистондаги корхоналаримда ишлаган 15 минг одам ёрдамида топилган бу пулларга бошқа давлатлар ҳам даъво қилмоқда.

Мeн ва адвокатларим 131 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллар қайтарилиши учун қўлимиздан кeлганини қиляпмиз. 555 миллион долларлик бошқа сумма учун ҳам ҳаракатни бошлаганмиз. Кўрган қийинчиликларим, болаларимнинг охирги 2 йилдаги кўрган азоблари учун нолимоқчи эмасман. Мeнинг ишимни олиб борганларнинг кўпига ҳукм чиқарилди. Ўзининг ташкилоти номидан қўлидан кeлмайдиган ваъдаларни бeрганлар эса иш жойини ўзгартириб кeтди. Масалан, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Шавкат Умрзоқов.

Прокуратуранинг бошқа ходимлари эса ҳозир ҳам мeнинг устимдан назорат ўрнатишга ҳаракат қилишмоқда.

Айни дамда мeни саломатлигим билан боғлиқ муаммо қийнамоқда. Иккита опeрацияни ўтказишим зарурияти Прeзидeнтга мурожаат қилишга мажбур қилди. Мeн ҳақимда ёлғон маълумот тарқатганлардан фарқли ўлароқ халқ мeнинг мамлакатдаги энг катта қора куч эмаслигимни билишига умид қиламан ва бунга ишонаман. Мeн ягона боқувчиси ҳисобланган фарзандларим онаси билан бирга бўлишга ҳақли. Айниқса давлатга хиёнат ва тeрроризмда айбланган аёллар оиласига қайтаётган бир вақтда. Юрак пороги билан туғилган қизим айниқса кўп қийналди.

Шавкат Миромоновични отамнинг ўринбосари ва шогирди сифатида биламан. У бу ҳақда халққа мурожаатларидан бирида айтганди. У билан «Кeлажак овози», «Янги авлод», «Асрлар садоси» ва яна кўплаб лойиҳаларда бирга ишлаганмиз. Унинг бағрикeнглигига умид қилган ҳолда тeз орада болаларим билан кўришиш имкони бўлади дeб ўйлайман.

Бундан ташқари мeн чин дилдан сeвган ва юрак уриши отамнинг қилган ишлари билан боғлиқ бўлган Ватаним учун хизмат қилишга тайёрман. Мeн қонунларимизга ишонаман»,- дeб мурожаатини якунлаганди Гулнора Каримова. (Гулнора Каримованинг Прeзидeнтга ва халққа мурожаати. Ҳозиргача бизга нималар маълум? (kun.uz) 2019 йил 26 июн)

Гулнора Каримованинг озод қилиниши ва масъул вазифага тайинланишига Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура раҳбарлари ўзлари ёки ўз шотирлари орқали норози бўлишлари ва қаршилик қилишлари мумкин. Улар ўз вазифалари бўлмиш давлат хавфсизлиги масалалари билан шуғулланишсин. Давлат бошқарувига, айниқса инсон ҳуқуқлари ҳимоясига доир қилаётган савоб ишларингизга қаршилик қилишмасин.

“Столбани ҳам қамайдиганлар” раҳбарлари бўлмиш Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура раҳбарларидан узоқроқ ва халққа яқинроқ бўлишингизни маслаҳат берган бўлардим. Бир мансабда ўтириб “моғорлаб” кетмаслиги учун ҳар замонда уларни ўзгартириб туриш мақсадга мувофиқдир. Сиз ҳам, мен ҳам ҳурмат қиладиган Қозоғистоннинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоев 1991-2009 йиллар давомида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарларидан ўн нафардан ортиғини алмаштирди. Шу сабабли ҳам Қозоғистон Ўзбекистонга нисбатан эркин ва тез ривожланди. Мен АҚШга келишдан аввал 2008 йил 4 ноябрдан 2010 йил 20 январгача Алмати шаҳрида яшадим ва ушбу фактни “Свобода Слово” газетасида ўқигандим.

Дунёдаги кўпгина давлатлар махсус хизматларининг, жумладан Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура раҳбарларининг ўзгача ва эркин фикрловчи ватандошларга қарши иккита ноқонуний усуллар қўллаш эҳтимоли бор: бири фитна-провокация усули бўлса, иккинчиси турли хил заҳар билан заҳарлаш усулидир. Гулнора Каримова озодликка чиққач ва Ватанимиз фойдаси учун фаолият олиб бора бошлагач унга ва унинг яқинларига қарши фитна-провокация ҳамда заҳарлаш усулларини қўллаш тақиқланиши ҳақида қатъий огоҳлантирилса яхши бўларди.

Масалан, Гулнора Каримова 2013 йилда симоб билан заҳарлашгани ҳақида ўзининг Твиттер саҳифасида ёзганди (МАҚОЛА: Гульнара Каримова заявила о попытке отравления ртутью, 2013 йил 1 ноябр)

Қаранг, 2021 йил апрел ойида Гулноранинг қизи бўлмиш Имон Каримовага қамоқхона касалхонасида ётган ўз онаси Гулнора Каримова билан учрашишга рухсат беришмади. (МАҚОЛА: Дочери Гульнара Каримовой, находящейся в тюремной больнице, отказали в свидании с матерью, 26 апреля 2021 года).

Қаранг, 2023 йил июн ойида собиқ президент Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримовага (1949) тўнғич қизи Гулнора (1972) билан қамоқхонада учрашишга рухсат беришмади. У бу ноҳақлик ҳақида Instagram’даги саҳифасида ёзди. (Татьяна Каримова қизи Гулнорани кўришга рухсат берилмаётганидан нолиди | Qalampir.uz 2023 йил 17 июн).

Инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш ортида Ўзбекистон прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарияти турибди, деган менда фикр бор. Акс ҳолда бундай қонунбузарликларни прокуратура раҳбарияти тўхтатган ва айбдор шахсларга камида огоҳлантириш эълон қилган бўларди.

f_cOyRjT9AQBoYCaYoV7Ui4JCFRaV0Er (640x480, 112Kb)
Фото 3. Татьяна Акбаровна Каримова (1949.26.08) ва унинг невараси Имон Каримова (1998.17.06) (Татьяна Каримова қизи Гулнорани кўришга рухсат берилмаётганидан нолиди | Qalampir.uz 2023 йил 17 июн)

Қуйида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи ва журналист Каримберди ҳожи Тўрамуродов 2019 йил 24 июн куни Фейсбукдаги ўз саҳифасида ёзган чақириқни келтираман.

“Гулнорага озодлик!

Гулноранинг кучи, билими, ташкилотчилик қобилияти, қолаверса, пулидан Ўзбек халқи манфаати йўлида фойдаланиш шарт. Унга озодлик бериш, ҳеч бўлмаса, Фонд форум доирасида фаолият юритишига имкон бериш керак.
Бир ойгина олдин кечирилиши ақлимизга сиғмаган одамлар кечирилиб, уларга уй-жой ҳам берилганда, наҳотки, Гулнорани кечирмаслик керак?
Гулнорага шанс берилса, халқимиз учун ҳар биримиздан кўп нафи тегишига мен ишонаман.
У ҳам Аёл! У ҳам Она!
Кечагина Президентимиз айтган сўзлар Гулнора ҳақида ҳамдир, унутманг!
Гулнорага озодлик бериб, ўзини эл манфаати йўлида хизмат қилишини исботлаши учун шанс бериш шарт!
Гулнорадаги билим, салоҳият, қобилият, шижоат жуда кўп эркакда ҳам йўқ.
Гулнорага озодлик берилсин!”

Мен деярли етмиш йиллик умрим давомида фақат тўрт нафар замондош ватандошимни юз йилларда бир марта туғиладиган инсон деб баҳолайман. Улар Ислом дини соҳасида раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1952-2015), шеърият соҳасида раҳматли Абдулла Орипов (1941-2016), қўшиқчилик соҳасида ҳофиз Шерали Жўраев (1947) ва ишбилармонлик ҳамда тижорат соҳасида Гулнора Каримовадир (1972).

Буюк соҳибқирон Амир Темур (1336-1405) кучли душманларини ҳам кечира билган ва ўзининг тарихий мақсадлари йўлида биргаликда курашишга рози қила олган. Шу сабабли у бирор марта мағлубиятга учрамай ўз замонида 26 давлатни босиб олиб, тинчлик ва адолат ўрнатишга ҳаракат қилди. У ўз умри давомида “Куч - адолатдадур” шиорига амал қилди.

Менимча, Гулнора Каримовани озодликка чиқариш ва Ватанимиздаги тарихий ишларга жалб қилишнинг икки йўли бор. Биринчиси, Ўзбекистон Президенти сифатида Гулнора Каримовани озод қилиш ҳақидаги фармон орқали, иккинчи йўли - Ўзбекистонда “Олтин амнистия” эълон қилиш орқали амалга оширишингиз мумкин.

Маълумки, 2023 йил 9 июл куни Ўзбекистонда навбатдан ташқари Президентлик сайловлари бўлади. Ушбу сайловларда мухолиф номзодлар деярли йўқлиги сабабли биринчи турдаёқ сизнинг ғалаба қозонишингиз “Икки карра икки тўрт бўлади” дегандек равшан. Агар навбатдаги етти йиллик Президентлик даврини халқимизга “Олтин амнистия” эълон қилиш билан бошласангиз аъло иш бўларди. Ахир Гулнора Каримова ва унга ўхшаган минглаб гуноҳсиз фуқаролар, жумладан кўпгина намозхон ватандошларимиз бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида кўп йиллардан бери азоб чекмоқда. Уларга енгиллик бериш ва кечиримлик позициясидан келиб чиқиб “Олтин амнистияси”ни эълон қилишингиз жуда катта савоб иш бўларди. Бу борада Тожикистонда президент Имомали Рахмон раҳбарлигида 2011 ва 2016 йилларда амалга оширилган “олтин амнистия”лар мисол ва ўрнак бўла олади. (Закон Республики Таджикистан «Об амнистии» (полный текст) | Новости Таджикистана ASIA-Plus (asiaplustj.info) 24 августа 2011 года) (В Таджикистане могут быть амнистированы 12 тыс. заключенных - Новости Таджикистана - Avesta.tj 18 августа 2016 года)

----------------------------------------------

ИЛОВАЛАР

images7OBOEP4U (284x178, 10Kb)
Фото 4.

images54HQ3NWS (276x183, 11Kb)
Фото 5.

imagesBMP51UR3Gulnora15 (275x183, 12Kb)
Фото 6.

imagesF7BDBNDS1 (275x183, 13Kb)
Фото 7.

imagesGulnora11 (275x183, 11Kb)
Фото 8.

imagesWGDUHS1EGulnora12 (275x183, 11Kb)
Фото 9.

Ҳурмат ва эҳтиром билан

Шуҳратжон Аҳмаджонов,
инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, мустақил журналист ва қочқин
Рубрики:  ПРАВОЗАЩИТА
TAKLIFLAR
2023 YILGI MAQOLALARIM

 

Добавить комментарий:
Текст комментария: смайлики

Проверка орфографии: (найти ошибки)

Прикрепить картинку:

 Переводить URL в ссылку
 Подписаться на комментарии
 Подписать картинку