-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 449
Комментариев: 9
Написано: 490


(158-мақолам. 2011 йил 31 май) КИМСА МУРОДИЛЛАГА ЖАВОБ

Суббота, 01 Июля 2023 г. 02:52 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

(158-мақолам. 2011 йил 31 май) КИМСА МУРОДИЛЛАГА ЖАВОБ

yusufjuamnikutibolish (700x516, 133Kb)
Фото. Таниқли шоир Юсуф Жума. Унинг ёнида Жаҳонгир Муҳаммад. Кентаки халқаро аэропорти (АҚШ). 2011 йил, 20 май. [1]

МУНДАРИЖА

Кириш сўзи.
1. Шеъриятга муносабатим.
2. Юсуф Жума: Сувараклар фалсафаси.
3. Ватан.
4. Муродилла мақоласидаги шеър матни.
5. Мардикор аёллар.
6. Фоҳишабозлик ва дилдаги яра.
7. МХХ фоҳишабозлардан фойдаланиши ва улардан жирканишим.
8. Юсуф Жума: Тангрим, муносиб йўқ карам раҳматга.
9. Жаҳонгир Муҳаммадга бағишланган шеър.
10. Юсуф Жума: Бу халқни этгин ҳурмат.
11. Соқол.
12. Қувғиндаги ижод ...
13. Юсуф Жума: Гар йўлиқсанг, Юсуфингни тепиб ўт.
14. Юсуф Жума оиласи.
15. Юсуф Жума: Дилёзмалар.

КИРИШ СЎЗИ

2011 йил 29 май куни www.yangidunyo.com сайтида Муродилло Мирзоҳид исмли кимсанинг “Нафс динининг қули” номли мақоласи чоп этилди ([2]-га қаранг).

Деярли ҳеч ким танимайдиган Муродилло исмли кимсанинг таниқли шоир Юсуф Жумага нисбатан ёзган ёмон мақоласига жавоб ёзиб вақтимни сарфлашим сабаби: орқамиздан янги авлод ўсиб келмоқда. Агар менга ўхшаган зиёлилар имкониятимиз доирасида асосли жавоб ёзмасак, у ҳолда ёшларимиз нотўғри тасаввурга боришлари мумкин.

1. ШЕЪРИЯТГА МУНОСАБАТИМ

Мен шоир эмасман ва умримда бирор марта шеър ёзмаганман. Мен шеърият мухлисларидан бириман. 1960 йилда - 6 ёшлигимда мактабнинг биринчи синфига ўқишга борганимда алифбо китобимиздаги ҳамма шеърларни ёд олгандим. Ўша шеърлардан иккитаси ҳали ҳам ёдимда, бирини келтириб ўтсам.

Мақсадимиз тинч яшаш,
Ўқиш, ишлаш ва қуриш.
Урушни хоҳламаймиз,
Яшасин эркин турмуш.

Бу билан айтмоқчиманки, мен 51 йилдан бери шеър ўқийман ва яхши ёзилган шеърлардан завқ оламан.

2. ЮСУФ ЖУМА: СУВАРАКЛАР ФАЛСАФАСИ

Жанубий Қозоғистон университети профессори, филология фанлари доктори Ботир Норбой 2008 йил 2 февралида www.yangidunyo.com сайтида таниқли шоир Юсуф Жума ижоди ҳақида катта мақола чоп эттирди. Шу мақоладан Юсуф Жуманинг 1980-йиллардаги иккита шеърига доир асосли фикрини келтириб ўтсам.

“Ҳақиқатан ҳам, табиатдаги қуртлар каби жамиятдаги харомхурларни ҳам йўқотиш қийин: бир хилини қириб ташласангиз, иккинчи тури пайдо бўлади, бир жойдан ҳайдасангиз, иккинчи жойни, макон этиб, ўзига «микромуҳит» ҳосил қилиб, ишини давом эттираверади. Чинакам инсон эса уларга қарши курашни бир зум ҳам тўхтатмаслиги лозим… Юсуф ҳам бу курашни тўхтатган эмас.

«Сувараклар фалсафаси»да ҳам юқоридаги қуртларга ўхшашроқ типларни нишонга олган. Суваракларнинг яшаш йўсини, дунёқараши ҳам «антиқа қуртлар»никидан кам фарқ қилади. Улар ҳам шу хил жонзотларнинг бир тури, аммо юқоридагилардан фаолроқ, уларнинг қатор истаклари, ҳатто «Ватан хусусида фалсафа»лари ҳам бор. Уларнинг истакларидан бири ҳамиша тун бўлса, ивирсиб, емишларини ташиб ялло қилиб юришса, иккинчидан, атрофдагилар лоқайд, ғофил, гул бўлишса…

«Лоқайдлик яшасин, бўлмасин ёғду!
Асл тилагимиз, ризқимиздир бу!
Ватан хусусида фалсафамиз шу:
«Қорнимиз тўйган жой, биз учун Ватан».

Бу ҳақиқатан ҳам даҳшатли фалсафа. Суваракмижозлар идроклиларни ёқтирмайдилар, бундайлар кўпайса суваракларга яшаш қийинлашади. Уларнинг Ватан ҳақидаги фалсафаларидан ҳам даҳшатли маънодаги космополитизмнинг «ҳиди» келади. Суваракларнинг муқим Ватани - суянадиган тоғи йўқ: қорни тўйса - қурбон ҳайит.

Ҳар қандай қабиҳлик, сотқинлик шу хил фалсафалар билан яшайдиган эътиқодсиз, маслаксиз кимсалардан чиқади” [3]

Афсуски, Юсуф Жуманинг «Сувараклар фалсафаси» шеърини сайтларда топа олмадим. Топсам ушбу параграфда келтирардим ва ўзбек ўқувчиси ўқиб, шоир 1980-йилларда ёзган шеърига юқори баҳо берарди.

3. ВАТАН

“Журъат билан айтилган ҳаққоний фикрлар, ҳақиқат ва адолат учун кураш руҳи она юрт мавзуидаги «Ватан» шеърида теран ифодасини топган. Бундай қараганда, она-юрт мавзуида бирон янги гап айтиш қийиндай туюлади. Бироқ талантлар учун бу мавзу худди муҳаббат мавзуси каби ҳамиша янги, ҳамиша долзарб. Чунки талантлар ҳамиша биз одатланиб кетган воқеликнинг янги қирраларини кўрадилар ва кўрсатадилар.

Айтайлик, биз 80-йилларгача ҳам Ватан ҳақида ўнлаб, юзлаб шеърлар ўқиганмиз, аммо Ватаннинг қуйидагича таърифига дуч келганимиз йўқ:

Ватан тўрт нарсадан иборат экан:
Ғурур, туғилган жой, она тил, эркдан!
Туғилган маъвода вужудинг яшар,
Қудратинг ғурурда муқим, муқаррар!
Она тилда яшар қалбинг устувор,
Эркда камолотинг яшар барқарор.
Шулардан биттаси бўлмадими, бас,
Демак, ўша Ватан мукаммал эмас.
Дилимда ҳар қачон ёлғиз армоним:
Мангу мукаммал бўл, Ўзбекистоним! –

дея юрт мукаммаллигининг хаёлий суратини чизиб берди.

Шоир ҳали СССР «гуллаб яшнаётган» пайтда, ғурур, туғилган жой, она тил ва эрк учун курашиш кераклигини айта олди. Бу ўша давр учун дадил айтилган фикрлар эди.

Ҳозирги ўзбек шеъриятининг тадқиқотчиси сифатида айтишим керакки, булар ҳақиқатан ҳам, Ватанга берилган оригинал таъриф, оригинал бўлгани учун ҳам бизда у охорли фикрлар уйғотади. Шунинг учун ҳам Юсуфнинг она юртимизга «Мангу мукаммал бўл», дея мурожаат қилишида жиддий маъно бор” [3]

4. МУРОДИЛЛА МАҚОЛАСИДАГИ ШЕЪР МАТНИ

Энди Муродилла мақоласини бир оз таҳлил этсам. Ушбу кимса Юсуф Жуманинг битта шеърини ўз мақоласи бошида ва охирроғида қисман-қисман келтирган. Ушбу шеър 2005 йил 24 июлда ёзилган бўлиб, уни [4]-дан тўлиқсинча келтирсам.

Нега жаннат қурдинг? - сўрайман ҳайрон,
Тангрим, муносиб йўқ карам раҳматга.
Агар амнистия қилмасанг эълон,
Тушмас одамзотдан ҳеч ким жаннатга.

Чўтингнинг тошлари бор юлдуз бўлса
Бир менинг айбимни санашга етмас.
Энг покдомон деган мобода ўлса,
Пули сиротингдан ўтолмас ўтмас.

Ўн саккиз минг олам бўлса дафтаринг,
Ёзсанг гуноҳларим сиғмайди унга.
Инсон боласига басдир маҳшаринг,
Барчаси мансубдир нафс деган динга.

Гарчи ҳақ ёғилар дил порасидан,
Гарчи бошқалардан ёруғдир юзим.
Одам жиркангандек ўз ярасидан,
Жирканиб кетаман ўзимдан ўзим.

Нега жаннат қурдинг, сўрайман ҳайрон,
Тангрим, муносиб йўқ карам раҳматга.
Агар амнистия қилмасанг эълон,
Одамзотдан тушмас ҳеч ким жаннатга. [4]

Менинг тушунишимча, Юсуф Жума жаннат ва унга муносиб инсон масаласида ёзганида халқимизнинг бугунги авлодини назарда тутмоқда. У бутун инсоният тарихида ўтган барча инсонларни назарда тутаётгани йўқ. Чунки аввал яшаб ўтганларни Аллоҳ қилган гуноҳи савобларини чўтлаб, аллақачон кимни жаннати кимни дўзахи қилгани аён.

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан биронтангиз ўлган пайтида унга эртаю кеч жойи кўрсатилади. Агар аҳли жаннатдан бўлса, жаннатдан, аҳли дўзахдан бўлса, дўзахдан. Сўнгра, Аллоҳ қиёмат куни сени қайта тирилтиргунча жойинг–шу», дейилади», деганлар.

Бухорий ва Муслимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар” [5]

Буни ҳар бир мусулмон билади. Демак, Юсуф Жума бугунги авлод вакилларини назарда тутмоқда.

5. МАРДИКОР АЁЛЛАР

Бугунги ҳаётимизга озроқ назар солайлик. Аждодларимиз асрлар мобайнида орзў қилган Мустақилликка 1991 йил 1 сентябрида халқимиз эришди. Уч ойдан кейин Мустақиллигимизнинг йигирма йиллигини нишонлаймиз. Ватанимиздаги аҳвол қандай? Халқимиз фаровон ва эркин яшай олаяптими?

Ватанимизда муаммолар жуда кўп. Мен улардан иккитасини – ўзбек мардикор аёллари ва фоҳишабозлик муаммосини тилга олиб ўтай.

Эслатиб ўтаман: тарихимиздаги энг қийин даврлардан бири бўлмиш Иккинчи Жаҳон уруши даврида – 1939-1945 йилларда ҳам бирорта ўзбек аёли мардикор бозорига чиқмаган эди.

Мустақиллик олгач ва амалдорлар Ватан бойликларини талон-тарож қила бошлагач ишсизлик ва қашшоқлик туфайли миллионлаб қизларимиз ва аёлларимиз мардикор бозорларига чиқишга мажбур бўлди. Шунга доир айрим маълумотларни келтириб ўтай.

“Пул топиш илинжида мардикор-бозорига чиққан аёлларни, биргина кулфат - қашшоқлик, болаларини боқиш, оиласини таъминлаш зарурияти бирлаштиради.

Агар 10-15 йил аввал Самарқанд вилоятида асосан иш қидириб қишлоқ жойлардан келувчилар ва талабалар йиғиладиган мардикор-бозори марказда битта бўлса, бугун эса кунбай ишчиларни Самарқанд-Қарши катта йўли бўйлаб кета туриб, Тойлоқ тумани Давлатобод кооператив хўжалиги, Нуробод туманидаги Иброҳим-ота қишлоғи, Пастдарғом тумани Меҳнатобод қишлоғи ва хатто Самарқанднинг энг маркази Регистон майдонида ёллаш мумкин” [6]

“Азиза исмли аёлнинг айтишича, уни ўғлини тенгдошлари "мардикорни ҳаромзодаси" дея масхара қилишади. Азизанинг ўзини тўйларга таклиф этмай қўйишди, махалла оқсоқоллари эса уни уйига келишиб, бу иши билан бутун қишлоқни шарманда қилаётгани учун, аёлни мардикор-бозорига чиқмасликка кўндиришди.

"Бу жуда ачинарли, лекин мен болаларимни боқишим керак, бунинг учун менда бошқа имкониятлар йўқ, шунинг учун мен "Ошина-бозор"га бораман", - дейди у” [6]

Ўзбекистондаги энг катта мардикор бозорларидан бири Тошкентдаги Қўйлиқ бозори олдида жойлашган. Мен 2005-2007 йилларда Қўйлиқ бозори яқинида (Тошкент шаҳри, Ҳамза тумани, Фарғона йўли кўчаси, 101-уй, 65-хонадонда) яшадим. Мен ҳар куни асосан ўзбек мардикор қизлар ва аёлларни кўрардим. Уларнинг аҳволига ачинмасликнинг иложи йўқ.

Менимча, Муродилла, сиз яшаётган Қашқадарё вилоятида ҳам мардикор аёллар бозори кўпгина бўлса керак ва уларни сиз ҳам кўриб юрган бўлсангиз керак.

6. ФОҲИШАБОЗЛИК ВА ДИЛДАГИ ЯРА

Энди ўзбек хотин-қизлари фоҳишабозликка мажбур бўлаётганлари ҳақида озроқ фактлар келтирсам.

“Наманганлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир гуруҳи Поп шаҳрида тўпланиб, вилоятда фоҳишабозлик кучайиб бораётгани сабабларини муҳокама қилди. Муҳокамада баъзи фоҳишалар ҳам иштирок этди.

Йиғилишда иштирок этганларнинг сўзларига қараганда, илгари вилоятда фоҳишабозлик бу қадар кенг тарқалмаган эди. Ҳозир ўз танасини сотаётганлар орасида олий маълумотлилар ҳам бор. Бу иллатнинг тобора чуқур илдиз отиб бораётгани эса ишсизлик ва маошлар камлиги оқибатидир.

Халқобод шаҳарчасида яшовчи Холида Икромова бир йилдан буён фоҳишалик қилади.

“Илгари ишлар эдим. 140 сўм маош олардим. Тирикчилигимни ўтказишга етар эди. Ҳозир эса шу иш билан шуғулланишга мажбур бўляпман. Фоҳишалик қилаётган ёш-ёш қизлар ҳам кўп”, - деди Х.Икромова.

Х.Икромованинг айтишича, яқинда ҳокимлик вакиллари ҳамроҳлигида келган “Поп тонгги” газетаси мухбири билан суҳбатлашганда бу йўлга кирганининг сабаби ишсизлик эканини билдирган. Бироз ўтиб газетада у билан суҳбат босилган, лекин ишсизлик туфайли шу йўлга киргани ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган” [7]

“Куни-кеча Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўзбекистонлик 11 фоҳиша аёл ушланди. Қозоғистонда фаҳш ишлари билан шуғулланиш тақиқланмагани, ҳужжатлари жойида бўлгани учун улар озод этилиши мумкин” [8]

“Жанубий Қозоғистон университети профессори Ботир Норбоев ўзбек қизларининг фоҳишалик қилаётгани миллат шаънига доғ бўлиб тушаётганини таъкидлади.

“Яқинда бир қозоқ йигити билан айтишиб қолдик. У ўзбек аёлларининг 30-40 фоизи фоҳиша бўлиб кетганини айтди. Ўзбек бўлганим учун чидаб тура олмай, унга аччиқ гаплар гапирдим. У эса буни ўзи кўриб, одамлардан эшитаётганини айтди. Фактлар жуда ҳам кўп. Туркистондай таббаррук, зиёратгоҳ шаҳарда ҳам ўзбекистонлик аёллар фаҳш билан шуғулланадиган махсус жойлар бор экан. Бу биз ўзбек эркакларининг жуда ҳам ориятини келтиради. Бу шармандали, уятли ҳолат миллат шаънига ҳам доғ бўлиб тушяпти”, - дейди Ботир Норбоев” [8]

Ўзбек хотин-қизларининг мардикор бозорларига чиқиши, Ўзбекистонда ва хориж мамлакатларида мардикорлик ва фоҳишабозлик қилиб юрганларини кўриб жуда ачинаман ва бунинг ҳаммаси, шоир Юсуф Жума ўз шеърида ёзганидек, менинг дилимдаги ярадир.

7. МХХ ФОҲИШАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШИ ВА УЛАРДАН ЖИРКАНИШИМ

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ва Ички ишлар вазирлиги (милиция) зобитлари фоҳишабозлик билан шуғулланаётган аёлларга қарши жиноий иш очади. Сўнгра қўрқитиб, улардан жиноий гуруҳ тузади. Ушбу жиноий гуруҳни халқимизнинг яхши фарзандларига қарши провокация ва бошқа ноқонуний тадбирларда ишлатишмоқда.

Битта мисол. Машҳур ва мард инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева 2003 йил 20 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ тумани прокуратураси биноси рўпарасида ўз сафдошлари билан биргалиқда пикет ўтказаётган паллада фоҳиша ва қўшмачи аёллар гуруҳи Мўътабар ва “Би-би-си” радиоси мухбири Матлуба Азаматовани ваҳшийларча калтаклашганига доир қуйидаги фактга эътибор беринг.

“Ўтюраклар” клуби раҳбари, мустақил журналист Мўътабар Тожибоева 2003 йил 20 август куни Фарғона вилояти Олтиариқ тумани прокуратураси биноси рўпарасида ўз сафдошлари билан биргалиқда пикет ўтказаётган паллада айнан прокуратура, миллий хавфсизлик хизмати, маҳаллий ҳокимият ва Ички Ишлар тизими раҳбарлари томонидан олдиндан режалаштирилган ҳолатда тайёрланган фоҳиша ва қўшмачи аёллар гуруҳининг ваҳшийларча ҳужумига дуч келганлар ва Фарғона шаҳридан, Киргули туманидан ва Олтиариқ туманининг Ҳамза шаҳридан келган Ҳамза шаҳрилик қўшмачи Машрапова Махпуза ва Латипова Зарифалар бошчилигидаги жуда кўплаб фоҳиша ва қўшмачи аёллар тинч йўл билан пикет ўтказаётган инсон ҳуқуқлари фаолларини аввал тошбўрон қилганлар, кейин эса каратэ усулларини қўллаб, шунингдек, давра қилиб ўртага олиб ерга ётқизиб олган ҳолда уларни аёвсиз равишда калтаклаганлар” [9]

Ўзбек фоҳиша хотин-қизлардан бир гуруҳи МХХ, ИИВ ва прокуратура қўрқитиши ҳамда ваъдалари асосида Мўътабар ва Матлубани калтаклаганини эшитиб, кейинчалик бунга доир рангли фотосуратларни кўриб дилдаги ярам бўлмиш ушбу фоҳишалардан жуда жирканганман.

Шоир Юсуф Жуманинг қуйидаги тўртлигини Муродилла ўз мақоласида бошқача таърифлаган.

Гарчи ҳақ ёғилар дил порасидан,
Гарчи бошқалардан ёруғдир юзим.
Одам жиркангандек ўз ярасидан,
Жирканиб кетаман ўзимдан ўзим.

Менинг тушунишимча, шоир юқорида баён қилганим каби дил яраси ҳақида ва шу дил яраси келтириб чиқарган ҳолатдан жирканиш ҳақида ёзмоқда.

Айтиб ўтишим ўринлики, мен миллатдошларим ҳақ-ҳуқуқларини 22 йилдан кўпроқ вақт давомида ҳимоя қилиб келмоқдаман (масалан, [10]-га қаранг). Шу сабабли улуғ шоир Юсуф Жума каби менинг ҳам бошқалардан ёруғдир юзим.

8. ЮСУФ ЖУМА: ТАНГРИМ, МУНОСИБ ЙЎҚ КАРАМ РАҲМАТГА

Энди Муродилла келтирган шеърнинг икки сатрига тўхталиб ўтай.

Нега жаннат қурдинг? – сўрайман ҳайрон,
Тангрим, муносиб йўқ карам раҳматга.

Ватанимиз – Ўзбекистонда шунча иллат ва жиноятлар бўлаётган, минг-минглаб намозхонлар фақат намоз ўқигани учун Миллий хавфсизлик хизмати провокация уюштириб қамоқхоналарга кўп йилларга қамаётган ва улардан баъзиларининг ўлиги қамоқхоналардан олиб келинаётган, бунга йўл қўяётган ва буни ўзгартиришга ҳаракат қилмаётган кишилардан қайси бири жаннатга муносиб?

Токи Ўзбекистонда халқимизга адолатли ва нормал турмуш яратиб бермас эканмиз ва бу йўлда ижобий ишлар қилмас эканмиз, Аллоҳнинг жаннатига муносиб ватандошимиз бормикан?

Шахсан мен бундай шароитда жаннатга муносиб эмасман, деб ҳисоблайман. Янаям буни буюк ва раҳмли Аллоҳ ҳал қилади.

Буюк шоир Юсуф Жума ҳам ушбу икки қатор шеърида Ватанимиздаги абгор шароитда жаннатга муносиб ватандоши йўқлигини таъкидламоқда, деб тушунаман.

Улуғ Муҳаммад пайғамбаримиз (а.в.с.) (570-632) бир ҳадисида бундай деган эди.

“Сизларнинг қайси бирларингиз бирор жиноий ишни қилинаётганини кўриб қолсангиз дарҳол уни қўлингиз билан тўхтатинг. Агар бунга имкониятингиз бўлмаса тилингиз билан қайтаринг. Бордию буни ҳам бажара олмасангиз дилингиз билан нафратланиб туринг. Лeкин буниси иймони заиф кишининг ишидир” [11]

Замонамизнинг улуғ шоири халқимизни ҳимоя қилиб, гуноҳ ва жиноий ишларни шеърий сўз, яъни тили билан қайтаришга ҳаракат қилиб 11 та китобга жам бўлган мингтага яқин шеър ёзди.

Халқимизнинг яна бир жонкуяр фарзанди бўлмиш шоир ҳамда ёзувчи Жаҳонгир Муҳаммад фидойилик билан бу шеърларни тўплаб 2006 йилда www.turonzamin.org сайтида чоп этди (масалан, [4]-га қаранг).

9. ЖАҲОНГИР МУҲАММАДГА БАҒИШЛАНГАН ШЕЪР

Юсуф Жума ўз ҳаёт йўлида жуда кўп сотқин, лаганбардор, қўрқоқ ва ҳоказо иллатларга эга бўлган ўзбекларни учратган бўлса керак. Шу сабабли кўп шеърларида уларни қаттиқ танқид қилган.

Лекин у мард ва зиёли ўзбекни учратганида унга шеър бағишлаб тан олган. У 2007 йил 26 августда ёзган Жаҳонгир Муҳаммадга бағишланган ушбу саккиз қатор шеърни ўқиб ва уқиб кўринг.

Ўкинма дунёни уққан,
Бу номард қавмдан зинҳор.
Битта бўлса ҳам эр туққан
Жаҳонгир Муҳаммад бор.

Чида ғаним билан буғса,
Қарғама бу ғаддор халқни.
Битта бўлса ҳам эр туғса
Бундай эл яшашга ҳақли. [12]

10. ЮСУФ ЖУМА: БУ ХАЛҚНИ ЭТГИН ҲУРМАТ

Муродилла мақоласида бундай деб ёзган жойи бор:

“Навоийни, Ибн Синони, Бобурни, Чўлпону Фитратни, Қодирийни у инсон деб билмайдими?” [2]

Юсуф Жума ўзининг бошқа шеърида ҳазил аралаш қуйидаги шеърни ёзган.

Бу халқни этгин ҳурмат,
Юсуф Жума, дилабгор.
Бари сотқин бўлса ҳам,
Алишер, Машраби бор.

Бу халқни буюк дегин,
Юсуф Жума, дўстга зор.
Бари бўлса ҳам хоин,
Қодирий, Фитрати бор.

Бу халқни Каъба билгин,
Юсуф Жума, боши қор.
Хиёнаткор бўлса ҳам,
Беҳбудий Чўлпони бор.

Бу халқни тавоф айла,
Юсуф Жума, ёлғиз, хор.
Бари ғаддор бўлса ҳам,
Юсуф Жумалари бор. [13]

Шахсан мен Юсуф Жумадек халқ шоири, 21-аср Машраби билан бир замонда яшаётганимга Аллоҳга шукурлар қиламан ([14]-га қаранг).

11. СОҚОЛ

Ўзбекистон кучишлатар органлари намозхонларни соқол қўйгани учун ҳам таъқиб этишаётгани ва соқолини қирдириб ташлашга мажбур қилаётгани ҳақида кўпчилик билади.

Милиция ходимлари паспорт пропискасини текшириш баҳонасида тазйиқ қилаётганлиги сабабли ватандошларимиз кўчаларда хотиржам юраолмаётир.

Юсуф Жума 2006 йил 21 апрел куни ёзган қуйидаги шеъри орқали инсон ҳуқуқларининг бундай қўпол бузилишларини ўзига хос ўткир танқид қилган.

Соқол қўйиш жиноят,
Чунки тождор бесоқол.
Соқолни қиртишлаб ҳам,
Юролмадим бемалол.

Кўчаларда хотиржам,
Яйрашга йўл қўймайди.
Танасида яширин
Соқол бор деб ўйлайди.

Ишонмасангиз кўринг,
Шоҳим, подшоҳи олам,
Қиртишлайман баъзида
Сиз ўйлаган жойни ҳам. [13]

12. ҚУВҒИНДАГИ ИЖОД ...

“2000 йили Юсуф Жуманинг Қоракул туман газетасида бир туркум шеърлари эълон этилди. Бу шеърлар орасида ҳақиқат кескин йўсинда ифодаланган асарлар бор эди. Бу хил асарларни баҳона қилиб Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Юсуфни ҳибс этмоқчи бўлишди. У Тошкентга қочиб келиб, икки уч ой давомида турли жойларда, жумладан, Ўктам Ҳакималининг дала ҳовлисида, Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Елена Урлаеванинг уйида яшаб юрди … (Елена Урлаева ҳақида [15]-га қаранг, А.Ш.)

Юсуфнинг ўзи каби содда ўғли эса, унинг қутилиб кетишига умид билдириб, Қоракулдан туриб тинмай қўнғироқ чаларди. Юсуфнинг ўша пайтдаги шеърлари бу ҳолатларнинг ёрқин манзарасидир:

Ўғлим ҳар кун қилар қўнғироқ
Қоракулдан – симда фарёдлар.
“Хушёр бўлинг, қайрашиб пичоқ
Қидирмоқда сизни жаллодлар.

Йўқми юртнинг мард, ботирлари?!
Дили ҳақ деб чўлламадими?!
Тошкент тўла “Халқ шоирлари”,
Улар сизни қўлламадими?”

Шошда шоир чиндан ҳам бисёр,
Лек адлгўй анқодек ноёб.
Ҳар уйда бир “Халқ шоири” бор,
Тўраларнинг пойида туроб.

Салом десанг, алик йўқ, бесас,
Гўё тоғнинг чўққиларидир.
Булар халқнинг шоири эмас,
Булар халқнинг тулкиларидир.

Нафс ўчирган қалбдаги ўтни,
Темир-терсак илинжида хор.
Бир пиёла ароққа юртни
Ва миллатни сотишга тайёр.

Мақташ керак бўлса нодонни,
Имзо қўяр мингтаси бирдан.
Ёқлаш керак бўлса инсонни,
Садо чиқмас аҳли шоирдан.

Шулар мени қўлларми, болам,
Шулар менга бўлурми имдод?!
Ҳақ йўлида ташлаган қадам,
Кутсин фақат Худодан нажот!

2001 йил 31 январ, Дурмон” [3]


13. ЮСУФ ЖУМА: ГАР ЙЎЛИҚСАНГ, ЮСУФИНГНИ ТЕПИБ ЎТ

Юсуф Жума 1988 йил 13 июлда қуйидаги шеърни ёзганди.

Халқ, йўл бўшат, каттаконинг келмоқда,
Ақли калта ақлдонинг келмоқда.

Сенга инсоф, имондан сабоқ берган
Ноинсофинг, беимонинг келмоқда.

Қонинг сўриб, ризқинг еб, семирган
Соябонинг, отажонинг келмоқда.

Қўрқув билан сени кўр, гунг айлаган
Ҳам қароғинг, ҳам забонинг келмоқда.

Гар йўлиқсанг, Юсуфингни тепиб ўт,
Ғаминг еган бир ёмонинг келмоқда. [16]

Ўзбек халқи орасида Муродиллага ўхшаганлар бўлиши мумкинлигини ва улар имконият топганида сайтдаги мақоласи орқали бўлсада “тепиб ўтишини” бундан деярли 23 йил олдин Юсуф Жума кўра билган эди.

14. ЮСУФ ЖУМА ОИЛАСИ

Жаҳонгир Муҳаммад Юсуф Жума ҳаёти, ижоди ва оиласи ҳақида жуда яхши [1]-мақолани ёзган. Мен [1]-катта мақоланинг Юсуф Жума оиласига бағишланган қисминигина келтириб ўтишни лозим топдим.

“Ҳақгўй инсонларни, адолат учун курашчиларни баъзан ҳатто ёри, оиласи, фарзандлари ҳам тушунишмайди. Шунинг учун ҳам улар ё бу йўлдан қайтадилар ёки оиладан ажралиб қоладилар. Бу масалада Юсуф Жума кам сонли омадлилар сафига киради, Тангри уни мукаммал яратган. Унинг умр йўлдоши ҳам, фарзандлари ҳам унинг каби фикрлайдилар ва битта йўлдалар. Доим уни қўллайдилар. Бу фавқулодда муҳим масала.

Балки у ёшлигида шуни орзу қилганмикан? “Сўз мулкининг султонига ўхшасин”, дея бир фарзандини Алишер, “Шоҳдан ҳам қўрқмайдиган инсон бўлсин”, деб бошқасини Машраб, “Дунёнинг қаерига борса ҳам жасорат тимсолини кўрсатсин”, дея бирини Бобур, “Ўтган кунларнинг зулматини ёритсин”, деб бошқасини Қодирий, “Букилмаслик нелигини билсин”, деб кенжасини Жавҳар номлагани шунданмикан? Балки у бу билан Туронни зарралардан қайта тиклашни орзу қилгандир?

Хуллас нима бўлганда ҳам фарзандлари унинг йўлидан бормоқда. Алишер адолат пеша йигитдир. Йиқилган инсонларнинг ёнида доим. Машрабнинг қамоқдаги қийноқлар ҳақида ёзганларини мен унута олмайман. Содда ва самимийликда унча-бунча ёзувчини доғда қолдиради. Бобур, Қодирийлар ҳам отанинг ўзи ва сўзи. Жавҳар ўн ёшида бўлса ҳам битта хат ёзиб кўпларимизни йиғлатган.

Шоирнинг феруза қизи Феруза ҳам таъқиблар исканжасида қолсада, отасига содиқ турибди.
Тезроқ бу зулм битсин ва бу оила бахтли кунларни яшасин. Минг йилда бир марта туғилган буюк адибимиз оиласи билан бирга ёруғ кунларни кўрсин!

Ахир шоирниг ўзи айтгандек қачонгача׃

Эъзозланар ҳамма юртда
Оқ тонгдай оққуш.
Бизда эса қарғаларга
Айлашар олқиш.

Барча юртда қоядаги
Бургутга қарсак.
Бизда эса чўққидадир
Эркатой эшак.

Не-не халқлар ҳайратини
Бахш этар сорга.
Бизда эса шараф дерлар
Қузғунга, морга.

Барча юртда сайраётган
Булбулга олқиш.
Бизда эса гулзорларнинг
Тўрида бойқуш” [1]

15. ЮСУФ ЖУМА: ДИЛЁЗМАЛАР

Ушбу мақоламни машҳур шоиримиз Юсуф Жума 2004 йил 18 декабрда ёзган “Дилёзмалар” номли шеъри билан тугатмоқчиман.

Шоирлар ёзади, олимлар ёзар,
Улар ёзганлари қўлёзмалардир.
Менинг битикларим юракдан сизар,
Менинг ёзганларим дилёзмалардир.

Ватанга шеър ёзсам дилда ёзаман,
Қораламаларим юракёзмадир.
Қалб томири деган нилда ёзаман,
Қораламаларим юракёзмадир.

Неки битган бўлсам битганман қонда,
Менинг битикларим қонёзмалардир.
Ёримга ёзаман қўшиқлар жонда,
Менинг битикларим жонёзмалардир.

Маддоҳлар ёзганда қориндан ёзар,
Қорин ёзмалардир қўлёзмалари.
Менинг битикларим юракдан сизар,
Менинг ёзганларим дилёзмалари. [3]

P.S. Ушбу мақола www.yangidunyo.com сайтида 2011 йил 31 май куни чоп этилган ([17]-га қаранг). Мақоланинг бу вариантига айрим кичик тузатишлар ва аниқликлар киритдим.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1. ЖАҲОНГИР МУҲАММАД. Минг йилда бир марта туғилган адиб. - http://turonzamin.org/2011/05/29/yusufjuma-32/#more-15161 (www.turonzamin.org 2011.29.05).

2. МУРОДИЛЛО МИРЗОҲИД. Нафс динининг қули. - http://yangidunyo.com/?p=19727 (www.yangidunyo.com May 29, 2011).

3. БОТИР НОРБОЙ. Буюк шоир, фидоий инсон, улуғ курашчи… (ёки Юсуф Жуманинг ўзбек шеъриятидаги ва жамиятидаги ўрни ҳақида). – www.ponauz.info
http://yangidunyo.com/?p=1106 (www.yangidunyo.com 2008.02.02).

4. ЮСУФ ЖУМА. Туркистон, Ватанимсан!!! - http://turonzamin.org/2006/11/08/yusufjuma2_kitob/#more-8635 (www.turonzamin.org 2011.08.11).

5. Жаннат ҳақида. - http://www.muslimaat.uz/new/ibodat/etiqod/item/382-jannat-haqida.html (www.muslimaat.uz 2010.22.12).

6. Мардикор-аёллар янада кўпаймоқда. - http://www.uznews.net/news_single.php?lng=uz&cid=3&nid=291 (www.uznews.net 30.06.2007).

7. НОСИР ЗОКИР. Фоҳишалар кўпайиши сабаби – ишсизлик. - http://www.ozodlik.org/content/article/1309061.html (www.ozodlik.org 18.04.2005).

8. МЕҲРИБОН. Чимкентда ўзбекистонлик 11 фоҳиша ушланди. - http://www.ozodlik.org/content/article/1317782.html (www.ozodlik.org 01.12.2006).

9. АҲМАДЖОНОВ Ш. 2003 йил: Мўътабар ва Матлубанинг калтакланиши. - http://yangidunyo.com/?p=17821#comments (www.yangidunyo.com March 12th, 2011).

10. АҲМАДЖОНОВ Ш. 1990 йилги Ўш-Узган қирғинига доир хотираларим.
- 2011 YILGI MAQOLALAR | Записи в рубрике 2011 YILGI MAQOLALAR | Дневник Турон_Шухратжони : LiveInternet - Российский Сервис Онлайн-Дневников (www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/6963252/ "Турон Шухратжони" кундалиги (дневник)даги “2011 YILGI MAQOLALAR”, “ПРАВОЗАЩИТА” рукнлари, August 12, 2022);
- http://muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=section&layout=blog&id=3&Itemid=18 (www.muvozanat.info April 28, 2011).
- http://yangidunyo.com/?p=18601 (www.yangidunyo.com April 30, 2011).

11. Шайх МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ. Имом Тирмизий. – http://islom.uz/content/view/345/113/ (www.islom.uz ).

12. ЮСУФ ЖУМА. Бундай эл яшашга ҳақли. - http://jahonnoma.com/2008/01/18/yusuf-juma/ (www.jahonnoma.com 2008.18.01).

13. ЮСУФ ЖУМА. Тангритоғим. - http://turonzamin.org/2006/11/08/yusufjuma_7_kitob/ (www.turonzamin.org 2006.08.11).

14. АҲМАДЖОНОВ Ш. Юсуф Жума – 21-аср Машрабидир. Ўзбек зиёлиларига мурожаат. - http://muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=section&layout=blog&id=3&Itemid=18 (www.muvozanat.info Tuesday, 18 January 2011 22:05).
http://turonzamin.org/2011/01/20/yjuma-3/#more-13440 (www.turonzamin.org 2011.20.01).
http://yangidunyo.com/?p=16745#more-16745 (www.yangidunyo.com 2011.20.01).
http://himoyachi.at.ua/news/2011-01-20-1918 (www.himoyachi.at.ua 2011.20.01).
http://stopdictatorkarimov.com/YUSUF_JUMA.htm (www.stopdictatorkarimov.com 2011.20.01).

http://uz.hrsu.org/2011/01/20/%d1%88%d1%83%d2%b3%d1%80%d0%b0%d1%82-%d0%b0%d2%b3%d0%bc%d0%b0%d0%b4%d0%b6%d0%be%d0%bd%d0%be%d0%b2%d0%bc%d0%b5%d0%bd-%d1%88%d0%be%d0%b8%d1%80-%d1%8e%d1%81%d1%83%d1%84-%d0%b6%d1%83%d0%bc%d0%b0%d0%bd/ (www.uz.hrsu.org 2011.20.01).

15. АҲМАДЖОНОВ Ш. Елена Урлаева ва жазолаш психиатрияси. - http://yangidunyo.com/?p=15797 (www.yangidunyo.com 2010.14.11).

16. Юсуф Жума: Йўлда ёзилган шеър. - http://forumuzbekistan.forum2x2.ru/t52-topic#380 (www.forumuzbekistan.forum 2011.11.04).

17. АҲМАДЖОНОВ Ш. Кимса Муродиллага жавоб. - http://yangidunyo.com/?p=19741 (www.yangidunyo.com May 31, 2011).

E-mail: shuh5454@safe-mail.net

2011 йил 30-31 май.

АҚШ, Бойси шаҳри.

158. АҲМАДЖОНОВ Ш. Кимса Муродиллага жавоб. –
http://yangidunyo.com/?p=19741 (www.yangidunyo.com May 31, 2011, кирил алифбосида);
http://turonzamin.org/2011/06/02/shuhrat-ahmadjonov-14/#more-15245 (www.turonzamin.org 2011.02.06, лотин алифбосида).
Рубрики:  ПРАВОЗАЩИТА
2011 YILGI MAQOLALAR
MUXOLIFAT

 

Добавить комментарий:
Текст комментария: смайлики

Проверка орфографии: (найти ошибки)

Прикрепить картинку:

 Переводить URL в ссылку
 Подписаться на комментарии
 Подписать картинку