-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 447
Комментариев: 9
Написано: 488


“БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ” ҚЎШИҒИ ТАРИХИ

Суббота, 25 Апреля 2015 г. 20:41 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

“БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ” ҚЎШИҒИ ТАРИХИ
Ҳофиз Шерали Жўраев таваллудининг 68 йиллигига бағишлайман
FOTO5 (466x700, 48Kb)

Прослушать запись Скачать файл


Шерали Жўраев 1970-йиллар бошида айтган “Биринчи муҳаббатим” қўшиғининг асл дастлабки ижроси. Шу вариант 1970-йиллар бошида тайёрланган пластинкада ёзилган эди. [1]


Шeрали Жўраев қўшиқ осмонининг ФАЗОГИРИдир. [2, 50-б.]
Озод ШАРАФИДДИНОВ,
адиб, Ўзбeкистон Қаҳрамони.

Фото 1. Шерали Жўраев. Самарқанд. 1975 йил. Оқ-қора суратдан рангли қилиб ишлаган муаллиф фотосурати.


МУНДАРИЖА

Кириш
1. 1970-йилларда Шерали Жўраевнинг талабалар орасида машҳур бўла бошлаши.
2. Шерали Жўраев фикри.
3. Абдулла Орипов севгиси.
4. Мухлиса, Шайх Зиёвуддинхон ва улар аждоди.
4.1. Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957).
4.2. Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (1908-1982).
4.3. Доктор Шамсуддинхон Бобохонов (1937-2003).
5. “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи матни.
Фойдаланилган адабиётлар


КИРИШ СЎЗИ

Мен 2008 йилда “Шерали Жўраевдек ҳофиз ва шоир юз йилларда бир марта туғилади” номли китобни ёздим. Китобнинг 3-нашри Сўзбошисида қуйидаги гапларни ҳам ёзгандим.

“Ушбу китоб www.turonzamin.org саҳифасида 2008 йил 8 мартдан 23 июнга қадар чоп этилди. Унда жами 24 та банд бор эди ва уни китобнинг биринчи нашри, дeб ҳисобласак бўлади.

Мен 2008 йил 2 май кунигача китобнинг олдинги қисмига айрим тузатишларни киритдим ва бир нeчта янги бандлар, қўшиқлар матнларини қўшдим. Сўнгра китобни принтeрда чоп эттирдим. Натижада китоб 28 параграфдан иборат бўлиб, 129 бeтни ташкил этди. Буни китобнинг иккинчи нашри, дeб ҳисобласак бўлади. Китобнинг 2-нашридан битта нусхасини 2008 йил 5 май куни Шeрали Жўраев уйига олиб бориб бeрдим (уйдан унинг бир қариндоши чиқиб олиб қолди)» [3]

Китобнинг 3-нашрини 2008 йил октябрида кирил ва лотин алифбосида тайёрлаб сайтларда бир неча марта қайта-қайта чоп эттирдим. Лекин махсус хизматлар пасткашликлари ва айрим ўзбек зиёлиларининг Миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлиги натижасида китоб баъзан сайт билан бирга йўқ қилинди, баъзан фақат менинг китобим ва мақолаларим сайтлардан ўчирилди. Бу ҳақда озроқ маълумот “Фойдаланилган адабиётлар” бўлимида [3]-да ёзилган.

Бугунги кунда ушбу китобим лотин алифбосида www.muvozanat.info сайтида сақланган ([3]-га қаранг).

Китобнинг 4-нашри учун материалларни 2009 йилда тўплагандим. Лекин Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва АҚШ махсус хизматларининг доимий ва ҳар хил тазйиқлари, шунингдек бошқа долзарб мақолаларни ёзиб сайтларда чоп этганлигим сабабли китобнинг янги вариантини ёзишга имкон бўлмади.

Шерали Жўраев 2013 йил 12 апрел куни 66 ёшга тўлиши муносабати билан [3]-китобимдаги 10-параграфни уч мартага яқин кенгайтирган ҳолда “Турналар” қўшиғи тарихи” номли мақоламни ўқувчилар эътиборига 2013 йил 11 апрел куни ҳавола қилгандим ([4]-га қаранг).

Бугун – 2015 йил 11 апрел куни сизларга Шерали Жўраев 2015 йил 12 апрел куни 68 ёшга тўлиши муносабати билан [3]-китобимдаги “1970-йилларда Шерали Жўраевнинг талабалар орасида машҳур бўла бошлаши” номли 7-параграфни ўн марта кенгайтирган ҳолда “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи тарихи” номи билан эътиборингизга ҳавола қилмоқдаман.


1. 1970-ЙИЛЛАРДА ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ ТАЛАБАЛАР ОРАСИДА МАШҲУР БЎЛА БОШЛАШИ

Шерали Жўраев Тошкент Санъат институтини 1971 йилда битиргач, уни жумҳурият филармониясига ишга юборишганди.

Мен 1970 йил сентябрда Самарқанд Давлат университети (СамДУ) механика-математика факультетига ўқишга кирганимда 16 ёшда эдим. Мен 1970-1975 йилларда СамДУнинг 1-ётоқхонасида (Самарқанд шаҳри, Қўқон кўчаси, 45-уй) яшадим.

Ёшлар, айниқса талабалар янги қўшиқларнинг шайдоси бўлганлигидан одатда ёш хонанда аввало талабалар орасида танилар эди. 1960-йиллар охирида Совет Иттифоқида кассетали магнитафонлар ишлаб чиқариш энди бошланган бўлиб, у асосан юқори курсда ўқийдиган бойроқ талабаларда бор эди. Шерали ака қўшиқларини дастлаб шу юқори курс талабалари яшаётган хоналарда кассетали магнитафонда эшитгандим. Мен биринчи тоифали (разрядли) шахматчи бўлганлигим сабабли беш йил давомида факултет терма жамоаси сафида шахмат мусобақаларда факултет шаънини ҳимоя қилганман. Шу боис 1970-1971 йилларда баъзан катта курсда ўқиётган ва шахматни яхши ўйнайдиган талабалар билан дона суришиб турардим. Кўпинча бу ўйинларни 4-5, баъзан ўн нафаргача талабалар томоша қилишарди. Ўйин давомида хонада кассетали магнитафонда қўйилган, бир оз шиғиллаган товушлар билан ёзиб олинган Шерали Жўраев қўшиқларини мен ҳам тинглардим. Ш.Жўраевнинг “Ўзбегим”, “Биринчи муҳаббатим” қўшиқларини дастлаб шундай шароитда эшитганман.

1960-йиллар охири - 1970-йиллар бошида Фарғона водийсидан чиққан икки ёш хонанда - Шерали Жўраев ва Дадахон Ҳасаннинг қўшиқлари кассетали магнитафон орқали талабалар орасида тарқала бошлади. Аввалига кўплар қатори менинг муносабатим ҳам ҳар иккала хонандага бир хил эди. Шерали аканинг янги-янги қўшиқлари биз – талабаларга етиб келган сайин унинг халқ ичидаги обрўйи ортиб борди. Айниқса Эркин Воҳидов шеърига куй басталаб айтган “Ўзбегим” ва шоир Абдулла Орипов шеърига куй басталаб айтган “Биринчи муҳаббатим” қўшиқлари талабалар орасида тарқала бошлагач, Шерали Жўраев Ўзбекистонда ва қўшни жумҳуриятларда машҳур бўлиб кетди.

1970-йиллар бошида Ш.Жўраевнинг 8 та қўшиғи ёзилган алоҳида катта грампластинкаси сотувга чиқарилди. Бу пластинкада “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи ҳам бор эди. Ушбу пластинкани кўпчилик қатори мен ҳам Самарқанддаги Марказий универмагда навбатда туриб сотиб олдим. Ш.Жўраев қўшиқлари ёзилган пластинка катта сонда чиқарилган бўлишига қарамай фуқаролар тезда сотиб олишди. Тошкент грампластинка заводида уни иккинчи марта янада кўпроқ сонда ишлаб чиқаришди ва у ҳам халқ ичида тез тарқалди.

Проигривател (пластинкадан овоз чиқарадиган аппарат, қурилма) кўпгина фуқароларда, жумладан менда ҳам бўлганлиги сабабли, Ш.Жўраев қўшиқлари талабаларнинг кўпгина хоналарида янграрди. Шерали ака ёшлик даврида ноёб жарангли овози билан жўшиб куйлаган пайтларда ёзилган ўша пластинкадаги қўшиқларни ҳозир эшитсангиз ҳам завқ-шавқ оласиз.

Бошқа таниқли хонандалар каби Шерали Жўраевнинг ҳам ҳар йили янги қўшиқлари чиқиб турарди. Совет Иттифоқидаги мавжуд сиёсий тизим Ш.Жўраевга телевидение ва радио орқали қўшиқ куйлашга рухсат бермасди. Биз бу ҳақда магнитафон кассеталарига тўйларда ёзиб олинган қўшиқлар ёки йилига икки марта, баҳорда – 1-май байрами ва кузда – 1917 йилги Октябрь инқилоби нишонланадиган 7-8 ноябрь байрами арафасида, стадионда бўладиган концертлар орқали хабардор бўлардик.

Шерали Жўраевнинг яхши томонларидан бири шунда эдики, у Совет тузуми, коммунистик партия ва унинг раҳбарларини мақтаб қўшиқ айтмасди. Унинг қўшиқларида ҳақиқий муҳаббат алоҳида меҳр, завқ ва изтироб билан куйланарди. У ўз қўшиқлари орқали эл-юртимиз, Ватанимиз, буюк тарихимиз ва миллий қадриятларимиз билан ғурурланишга ва фахрланишга, исломий қадриятларга амал қилишга даъват этарди. Энди ўша даврда яратилган ажойиб қўшиқлардан бири бўлмиш “Биринчи муҳаббатим” тарихини баён қиламан.


2. ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ФИКРИ

“Биринчи муҳаббатим” қўшиғи тарихи ҳақида Шерали ака 2009 йил сентябрда Озодлик радиосининг Чодирхаёл номли махсус дастури муаллифи ва бошловчиси Абдулла Искандар (Шуҳрат Бобожонов)га берган интервюсида бундай деганди.

“Бу қўшиқ тарихи ҳақида Озодлик мухбирига Шерали Жўраевнинг ўзи гапирди.

- Мен бу шеърни 1966-1967 йилларда Тошкентга ўқишга келганимда Абдулла Ориповнинг китобидан олганман. Кейин тарихини эшитган эдим. Бир йигит бир улуғ зотнинг қизини севиб қолган бўлади. Лекин у қизга севгисини айта олмаган. Институтга бориб, унинг ëнбошидан қайтиб келаверган. Узоқдан кетаверган. Бориб яна қайтиб келаверган. Шунақа қилиб гапини айта олмасдан кузатиб юраверган. У қиз кейин бошқага турмушга чиқиб кетган, йигит эса бошқа қизга уйланган. Шу шеър ўшанда бино бўлган. Мен буни бутун севишганларнинг изтиробини ҳис қилган ҳолда қўшиқ қилганман.

Ўша пайтда “Ëш ленинчи” деган газета бўларди. Ўша газетанинг 1967-1968 йиллардаги сонини кўрсангизлар¸ “Шерали Жўраев деган ашулачи ҳеч ҳам ашула қилиш мумкин бўлмаган ашулани қилибди” деб фелъетон қилган. У пайтда ғазал ашула қилинар эди. Бунақа шеърлар ашула қилинмас эди. Буни эшитиб, биз ҳам кулиб қўя қолдик. 40 йилдан бери шу ашулани ҳамма эшитади, айтади, мазза қилади. Демак¸ баъзан журналистларнинг гапи ҳам тўғри чиқмай қолар эканда, дейди Шерали Жўраев” [5]


3. АБДУЛЛА ОРИПОВ СЕВГИСИ

Машҳур шоир Абдулла Орипов ўз севган қизига бағишлаб бир нечта яхши шеърлар ёзган. Улар қаторида “Биринчи муҳаббатим” шеъри алоҳида ўрин эгаллайди. У қандай қизни яхши кўрганига доир маълумотни Абдулла ака билан кўп йиллардан бери алоқада бўлган таниқли журналист Исмат Хушев Озодлик радиоси бошловчиси Абдулла Искандар (Шуҳрат Бобожонов)га 2009 йил 4 сентябр куни айтган гапларини [5]-мақоладан келтираман.

“Бу қўшиқ кимга бағишланган ўзи? Ким ўзи у соҳибжамол? Ким ўзи у шоирни йиғлатган, бағрини тиғлатган малак?

Бу савол жавобини Абдулла Ориповни яқиндан таниган журналист Исмат Хушевга бердик.

- Абдулла аканинг айтишлари бўйича, Тошкентда Ислом динига яқин, адашмасам Зиëвуддин қори деган улуғ бир оила бўлган экан. Шу кишининг қизлари бўлган, деб эшитаман. Бу гапларни бугун айтишим балки бироз ноқулай бўлар. Ҳамманинг оиласи, фарзандлари бор. Унинг исмини айтиш балки ноқулай бўлар, лекин мени мухлислар тўғри тушунишсин, исмлари Мухлиса экан. Абдулла ака Мухлиса деган гўзал бир қизни яхши кўриб қолганлар.

Ўшанда Абдулла акага “Ҳўв йигит. Сен кимсану бу ким? Бу бир париваш қиз. Тошкент шаҳрида иккита бўлса, биттаси бу. Сен, қишлоқдан келган ялангоëқ бола. Кимга меҳр қўйдинг? Сен қанақа дорга осилаяпсан? У қизнинг ўзи бир олам бўлса, унинг оиласи бир олам. Отаси Тошкентдаги энг нуфузли Ислом олимларидан” деб айтишган. Абдулла аканинг ўзи ҳам ҳаракат қилган, аммо гўзал бир қиз қишлоқдан келган чумчуқдай бир йигитчага эътибор қилмаган шекиллида. Бу менинг ўзимча билганларим. Менинг бу хотираларим мутлақ ҳақиқат, деган фикрдан йироқман.

Мен Абдулла аканинг мухлиси сифатида, у кишининг юксак муҳаббатининг маҳсули бўлган мана шу шеър ҳақида ўзимнинг эшитганларимни сизга, сиз орқали Озодлик мухлисларига айтиб бераяпман. Бу менинг билганларим. Балки бу ҳақиқатдан йироқдир. Менинг болалик шууримда, ўспиринлик шууримда биринчи муҳаббатим билан боғлиқ Зиëвуддин қори, унинг Мухлиса исмли гўзал бир қизи ҳанузга қадар менинг кўз ўнгимда, мен уни кўрмаган бўлсам ҳам шу шеър эсимга тушган пайтда ажиб бир ҳолатда жилваланиб туради, дейди Исмат Хушев” [5]

Мана шу маълумот асосида Мухлиса ва унинг отаси Шайх Зиёвуддинхон қори шажарасига доир маълумотларни навбатдаги параграфда келтираман.


4. МУХЛИСА, ШАЙХ ЗИЁВУДДИНХОН ВА УЛАР АЖДОДИ

Абдулла Орипов талабалик йиллари, яъни 1950-йиллар охирида Мухлиса Бобохоновага меҳр қўйганида ушбу имонли, ширинсўз, намозхон гўзал қизнинг тарихда Юсуфхўжа Али ибн Насриддин Мархумий қози (ўша замон прокурори, А.Ш.) тўққизта муҳр қўйиб тасдиқлаган, Тошкент ва Марказий Осиёда таниқли диний уламоларнинг 1200 йиллик шажараси борлигини ҳаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Мен Мухлисанинг барча аждодини келтирмасдан, унинг раҳматли бобоси Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957), отаси Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (1908-1982) ва акаси Доктор Шамсуддинхон Бобохонов (1937-2003) ҳақида маълумот бериш билан чегараланаман.


4.1. ШАЙХ ЭШОН БОБОХОН ИБН АБДУЛМАЖИДХОН (1860-1957)

Eshon_Bobohan (200x294, 16Kb)

Фото 2. Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957) [6].

Абдулла Орипов севган гўзал Мухлисанинг бобоси раҳматли Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957) ҳақида дастлаб қисқача маълумотни Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан келтираман.

“ЭШОН БОБОХОН ибн Абдулмажидхон (1860 - Тошкент - 1957) - муфтий, шайх. Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг отаси. Руҳоний оиласида туғилган. Дастлабки илмни бобоси шайх улислом Аюбхон ибн Юнусхондан олган. Кейин Бухорода Мир Араб мадрасасида таҳсил кўрган. Ақоид, фиқҳ, тафсир ва ҳадис билимларини чуқур эгаллаган ва нақшбандия тариқатининг намояндаси сифатида танилган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкилотчиларидан бири ва унинг биринчи раиси, муфтий (1943-57). Эшон Бобохон диний бошқарма раҳбари сифатида диндорларнинг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олиш билан бирга бошқарма фаолиятини фашизмни тормор этиш учун фронтга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, халқаро тинчликни ҳимоя қилиш ишларига йўналтирган.
Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон Тошкентдаги Қаффол Шоший мақбараси ёнига дафн қилинган” [7]

Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳақида муҳим қўшимча маълумотларни [8]-мақоладан келтираман.

“Улуғ Ватан (2-Дунё, А.Ш.) уруши айни қизиган даврда ВКП(б) МҚ Бош котиби, СССР Халқ Комиссарлари Кенгаши раиси Иосиф Сталин ҳамма диндаги диндорларга ўзларининг диний ҳаётини қисман тиклаш учун имконият берди. Совет давлати 1942 йил охирида жуда қийин аҳволда бўлишига қарамай СССР шаҳарларида диний марказлар очиш учун рухсат берди. Россияда Мусулмонлар диний бошқармаси ва мачитларни очишга рухсат берганлиги ҳақидаги хабар Марказий Осиё бўйича тарқалди. Мамлакатда диний эътиқоди учун ялпи таъқиб қилиш ўрнига айрим енгилликлар берилди.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларини бирлаштирадиган диний марказ тузиш ғояси Эшон Бобохонда кўп вақтдан бери бор эди. Россиядаги Марказий Мусулмонлар диний бошқармаси ягона сақланиб қолган диний бошқарма бўлиб, у жуда узоқда - Уфа шаҳрида жойлашганди, дарвоқе Ўрта Осиёдангина эмас, бошқа ҳудудлардан ҳам, масалан, Исломга сиғинадиган Закавказьенинг кўплаб аҳолисидан ҳам минглаб чақирим узоқликда жойлашган эди.

Ҳудуддаги майда ҳамда кам қувватли мусулмон жамоаларининг бўлиниб кетганлиги ва заиф алоқадалигини ҳисобга олиб, шайх Эшон Бобохон ва Зиёвуддин-қори (Шайх Эшон Бобохон ўғли, А.Ш.) 1943 йил биринчи ярмида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларини бирлаштиришни тезлаштириш асосий ташаббускорлари сафида жонбозлик кўрсатди.

Эшон Бобохон ва бир гуруҳ диндорлар Фарғона вилоятилик деҳқонлардан бўлган, Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Президиуми раиси лавозимида ишлаётган Йўлдош Охунбобоев ҳузурига бордилар. Эшон Бобохон ўша вақтда фаолият олиб бораётган Марказий Мусулмонлар диний бошқармаси (ММДБ) каби Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасини тузиш кераклиги ҳақидаги ўз таклифи ва асосларини унга гапириб берди. Йўлдош Охунбобоев, ўзининг олий меҳмонларини очиқ чеҳра билан кутиб олиб, таклифни маъқуллади ва расман розилигини берди.

1943 йил 12 июлда бир гуруҳ диндорлар (Эшон Бобохон раҳбарлигидаги Абдураззоқ Эшон Муҳаммад Олимов, Акрамхон Тазихонов, Мулла Содиқ Исломов) Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний марказини тузиш ҳақидаги хатни СССР Олий Кенгаши Президиуми раиси М.И.Калинин номига жўнатишди. Кўп вақт ўтмай бу ташаббус маъқулланди.

Софияхон Бобохонова (Шайх Эшон Бобохон қизи, А.Ш.) хотираларидан: “1943 йил ёзида Ўзбекистон ССР министрлар Кенгаши раиси Абдужаббор Абдурахмонов дадамни таклиф қилди ва деди: “Эшон-ота, Диний бошқарма ва мачитларни очишга доир рухсатни Москвадан олдик. Сизга яхши маълумки, уруш бошлангандан бери эвакуация қилинган заводлар ва фабрикаларни, миллионлаб қочқинларни қабул қилдик ва жойлаштирдик. Шу сабабли ҳукумат ҳозирги пайтда Диний бошқармани жойлаштириш учун бино ажратиб бера олмайди. Мусулмонлар бошқармасини жойлаштириш масаласи сизнинг эътиборингизга ҳавола қилинади”. Дадам бир оз ўйлаб, Диний бошқармани 1928 йилда мусодара қилинган “Ҳазрати Имом” маҳалласидаги ўз уйида жойлаштиришни таклиф қилди. Республика ҳукумати уч кун ичида Ҳамза кўчаси, 14-тупик, 59-уй манзилидаги уйларни аввалги хўжайинларига қайтариб бериш ҳақидаги қарор қабул қилди. Учрашувдан кейин дадам юқори кайфиятда келди”.

“Ҳазрати Имом” маҳалласи “ҳурматли имом” маҳалласи бўлганлиги ва Тошкентнинг энг қадимий жойларидан бири эканлиги сабабли Эшон Бобохон Диний бошқармани шу маҳаллада жойлаштиришни тушуниб таклиф қилди. Ҳаётлиги чоғидаёқ аль-Кабир – Улуғ номли фахрий унвон олган ва мусулмон оламида йирик уламо имом аль-Қаффол аш-Шоший (903 йилда Тошкентда туғилиб 976 йилда Тошкентда вафот қилган, А.Ш.) 10-аср ўрталарида араб мамлакатлари бўйлаб кўп йиллик саёҳатларидан кейин бу ерга қайтиб келган эди. У шу ерда ўзининг бу дунёдаги ҳаёт йўлини ниҳоясига етказди. Миннатдор авлодлар эса унинг мақбараси жойлашган жойни унинг номи билан аташ орқали хотирасини абадийлаштиришди. Вақт ўтиши билан унинг атрофида катта маҳалла - Ҳазрати Имом маҳалласи ташкил бўлди. Аль-Қаффол аш-Шоший мақбараси ёнида кўпгина уламолар, айниқса тасаввуфнинг машҳур намоёндаси Бухоролик Боҳоутдин Нақшбандий давомчилари – Низомутдин Ҳомуш, унинг шогирди Хўжа Аҳрор Валий ва бошқалар яшаб ўтдилар.

Ҳазрати Имом маҳалласи доимо Қуръонни тиловат қилувчилар, муфассирлар, муҳаддислар, факиҳлар билан машҳур бўлган. Муқаддас Қуръон ва Муҳаммад Пайғамбар (Алҳамдулиллаҳ вас салату вас саламу ала Расулиллаҳ) суннатини тўғрироқ ва чуқурроқ тушуниб етиш учун кўнгилдаги умидлар ҳамда эзгу-ниятлар билан Билим ва Донишмандликка етишишни хоҳлаганларнинг тугаб-битмас оқими ушбу табаррук жойларга интилишган.

Кўп асрлик Ислом анъаналарининг ажойиб руҳи бу ерда ҳали ҳам мавжуддир. Бу маҳаллада Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг аждодлари – унинг бобоси Юнусхон Эшон ва отаси Абдулмажидхон Эшон яшаган. Уларнинг аждодлари, ўз навбатида таниқли диний уламолар, ўз даврининг ҳурматли фокиҳлари бўлган – бу 150 Ҳижрий йил (Григорян тақвими бўйича 768 йил, А.Ш.) билан бошланадиган аждодлар шажараси билан тасдиқланади (демак, бу шажара бошланганига 1247 йил бўлди, А.Ш.). Уни Юсуфхўжа Али ибн Насриддин Мархумий қози тўққизта муҳр босиш билан тасдиқлаган. Уларнинг ҳаммаси кўп йиллар давомида Муйи Муборак мадрасасида дарс беришган. Эшон Бобохон 20-асрнинг биринчи ярмида Тилла Шайх мачитида имом-хатиб бўлиб ишлаб, бир вақтнинг ўзида Муйи Муборак мадрасасида дарс берган” [6]

“Софияхон Бобохонова хотираларидан: “Диний бошқармани очишга доир марказдан олинган рухсатдан кўп вақт ўтмай дадам ва акам Москва сафарига тараддуд бошлади. У вақтлар Москва биз учун жуда узоқ бўлиб туюларди. Фуқаролик авиацияси йўқ эди, автомобиль йўллари бузилганди, фақат темир йўл транспорти бор эди. Поезд фақат бир томонга олти кечаю кундуз йўл босиши керак эди. Москвада И. В. Сталин қабулида фақат менинг дадам бўлган. У қайтиб келгач, суҳбат И. В. Сталин кабинетида таржимон орқали бўлганлигини гапириб берганди. У мусулмонлар кайфияти, улар ҳаёти ҳақида ҳурмат ва самимият билан суриштирган, Мусулмонлар қурултойини чақириш, Диний бошқарма тузиш, фронтга ёрдам бериш ва босқинчиларга қарши қатъий кураш олиб боришга мусулмонларни даъват қилишни таклиф қилган. Дадамни чой ва узум билан меҳмон қилишган. Халқлар отаси кабинети камтарин безатилганлигини дадам кўрган”.

Тошкентда Эшон Бобохон таклифи билан Қурултой ўтказиш учун Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистоннинг таниқли дин арбобларидан иборат Ташкилий қўмита тузилган. Ташкилий қўмита ишида қатнашиш учун ташкилий ишларда тажрибага эга бўлган Россиянинг таниқли дин арбоблари: Марказий Мусулмонлар диний бошқармаси раиси шайх Габдуррахмон Расулий; Москва мухтасиби, «Маржония» номли Қозон мачитининг имом-хатиби шайх Қиём (итдин) Қодиров (аль-Қодирий) жалб қилинди.

Ташкилий қўмита аъзолари 1943 йил август-сентябр давомида Ўрта Осиё ҳудудий мусулмонлар диний марказини тузишдан кўзланган мақсадларни тушунтириш, шунингдек биринчи Қурултойга делегатларни сайлаш учун беш республика вилоятлари, шаҳарлари ва қишлоқларига боришди. Мусулмонлар қўмита аъзолари тушунтиришларига хавотир билан муносабатда бўлдилар, чунки улардан кўпчилиги ёки уларнинг қариндошлари атеистларнинг қаҳру ғазабини ўзларида синагандилар ва коммунистик идеологиянинг Ислом давомчиларига нисбатан вайрон қилувчи кучини кўрган эдилар.

Ташкилий қўмита аъзоларининг барча ҳудудлардаги мусулмонлар билан ўтказган ишончли суҳбатлари туфайли биринчи Қурултой (съезд)га 160 делегат сайланди. Мусулмон уламоларининг биринчи Қурултойи 1943 йил 15–20 октябр кунлари Тошкентда Эшон Бобохон уйида: Қорасарой кўчаси, Бежинский тор кўчаси, 13-уйда бўлиб ўтди. Эшон Бобохон раҳбарлигидаги ташкилий қўмита аъзолари делегатларни уй остонасида кўзлардаги қувонч ёшлари билан кутиб олишди. Делегатларга хизмат қилиш учун Эшон Бобохоннинг фарзандлари, келинлари, қариндошлари ва қўшнилари, шунингдек Тошкентдаги таниқли Азиз ошпаз ва унинг ёрдамчиси Файзи жалб қилинди. Уларнинг барчаси олти кун давомида делегатлар учун нон, сомса пиширдилар, тушлик ва кечки овқатланишга ҳар хил ўзбек таомларини тайёрладилар, кўк ва қора чой дамладилар.

Қурултой Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси – ЎОҚМДБ ни тузиш ҳақида қарор қабул қилди. ЎОҚМДБ раиси этиб 85 ёшли Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон сайланди ва унга беш республика муфтийси деган олий унвон берилди. ЎОҚМДБ раис ўринбосари қилиб шайх Мурот Хўжа Солихий, масъул котиб этиб 35 ёшли Зиёвуддин қори сайланди. Ҳар бир республикада қози раҳбарлигидаги ЎОҚМДБ ваколатхонасини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Ўзбекистонда - Зиёвуддин қори ибн Эшон Бобохон, Қозоғистонда - Абдул Ғаффор Шамсутдин, Тожикистонда - Солих Бобокалон, Қирғизистонда - Олимхон Тўра Шокир, Туркманистонда - Анна Эшон сайланди. Бошқарув аъзолари ва ЎОҚМДБнинг республикалардаги вакиллари мусулмонларнинг ҳудудий диний органининг “намунавий ўзаги”ни ташкил этди.

Муқаддас Қуръон ва Муҳаммад Пайғамбар (Алҳамдулиллаҳ вас салату вас саламу ала Расулиллаҳ) Суннийси ЎОҚМДБ фаолиятининг асосий қўлланмаси деб эълон қилинди. ЎОҚМДБ Уставида ҳайъат (правление) Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг олий органи сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятлари тасдиқланди, марказдаги ва жойлардаги бўлимларнинг ваколатлари белгилаб берилди. Уставда шунингдек қуйидаги масалалар белгиланди:

- Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистонда жойлашган расмий диний бирлашмалар орқали диний ишлар ва маросимларни бошқариш;

- намозхонлар орасида Ислом асосларини тарғиб қилиш;

- диний маросимларга доир алоҳида мураккаб ва зиддиятли масалаларни ҳал қилиш, бу масалаларга доир кўрсатмаларни имом-хатиблар ёрдамида намозхонларга тушунтириш;

- намозхонларни ҳақиқатпарвар, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялаш;

- диндорлар ва намозхонлар орасидаги зарарли одатларга қарши кураш олиб бориш;

- юқорида қайд этилган масалалар бўйича фатволар эълон қилиш;

- диний адабиётларни чоп этиш;

- хориждаги мусулмон ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш, чет эл мусулмон-биродарларни беш республика мусулмонларининг диний ва дунёвий ҳаёти билан таништириш.

Биринчи Қурултойни тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар Эшон Бобохон, ташкилий қўмита аъзолари ва алоҳида намозхон-мусулмонларнинг хайрияси асосида қопланди. Шунингдек 15 йил аввал мусодара қилинган уйларни таъмирлаш ишлари 1943 йил ёзида қариндошлар кучи ёрдамида амалга оширилди (ўн сотихдан ортиқроқ ҳовли, бинолар билан қўшиб ҳисоблаганда 700 квадрат метрга яқин, ички ва ташқи ҳовлилар билан биргаликда). Бу уй Эшон Бобохоннинг шахсан ва ғаразсиз қарори билан янгидан ташкил этилган ЎОҚМДБга берилди.

1943 йил октябрида ЎОҚМДБ “Ҳазрати Имом” маҳалласида жойлаштирилди ва шу уйда ЎОҚМДБ кутубхонасига ҳам асос солинди: аждодлари ва бобоси Саломатхон асрлар давомида тўплаган ва атеистлардан махфий сақлаб қолган мингдан ортиқ китоб ва қўлёзмаларни Эшон Бобохон хайрия сифатида шу кутубхонага совға қилди» [8]

“Уруш тугагандан кейин, 1945 йилдан бошлаб Муфтий Эшон Бобохон Саудия Арабистони ва бир нечта мусулмон мамлакатлари билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш учун катта ишларни амалга оширди. Унинг ташаббуси билан ҳар йилги Ҳаж ибодати – Исломнинг муқаддас шаҳарлари Макка ва Мадинага мусулмонларнинг бориб келиши тикланди, 1946 йилда Бухорода Мир-и Араб мадрасаси қайтадан очилди. У Қуръоннинг СССРда нашр этиш ташаббускори бўлди ва уни 1957 йилда нашр этилишига асос солди.

У 80 йилдан ортиқ умрини дин ишларига бағишлади, Муқаддас Қуръон ва ҳадисларни мукаммал биларди. Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон 1957 йилда вафот қилди ва Ўзбекистон Ҳукуматининг қарори билан Тошкентда Ҳазрати Имом маҳалласидаги Қаффол аш-Шоший мақбарасига дафн этилди” [6]


4.2. ШАЙХ ЗИЁВУДДИНХОН ИБН ЭШОН БОБОХОН (1908-1982)

Ziyavuddin_Bobohan (200x249, 15Kb)

Фото 3. Зиявуддинхон ибн Эшон Бобохон (1908-1982). [6]

Абдулла Орипов севган гўзал Мухлисанинг отаси раҳматли Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (1908-1982) ҳақида қисқача маълумотни Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан келтираман.

“ЗИЁВУДДИНХОН ибн ЭШОН БОБОХОН (1908.10.1 - Тошкент - 1982.22.12) - муфти, дин ва жамоат арбоби. Дастлаб отаси Эшон Бобохон Абдумажидхон ўғли қўлида, сўнгра Тошкентдаги Бароқхон, Кўкалдош мадрасаларида таҳсил кўрган (1923-31). Қоҳирадаги алАзҳар дорилфунунини тугатган, Макка, Мадина шаҳарларига илмий сафарлар қилган (1947). Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкилий қўмитасида бош котиб (1942), бошқарма раисининг ўринбосари (1943-57), раиси (1957-82). Тошкентда Имом Бухорий номидаги Ислом институтини ташкил этди (1969) ва унга бевосита раҳбарлик қилди. Унинг саъйиҳаракати билан Бухорода Мир Араб мадрасаси фаолияти қайта тикланди (1945). Собиқ Совет Иттифоқи ва бир қанча мусулмон мамлакатларида ўтказилган йирик халқаро диний анжуманларнинг ташкилотчиси ёки фаол иштирокчиси сифатида турли халклар ва динлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилишига харакат қилди. Масжидлар бўйича Бутунжаҳон олий
кенгаши аъзоси этиб сайланди (Макка, 1976).

Зиёвуддинхон диний меросни кенг тарғиб ва ташвиқ қилишдан ташқари илмий, адабий фаолият билан ҳам шуғулланган. Ибн Синонинг гигиенага оид китобини ўзбек ва рус тилларига ўгирган (Абу Али ибн Сина, Трактат по гигиене, Т., 1982). Зиёвуддинхоннинг «Диёримизда ислом ва мусулмонлар» асари (1979, рус тилида)да ислом динининг моҳияти очиб берилган, ислом барча замон ва халклар учун салоҳиятли дин эканлиги, унинг тамойиллари ҳамма яхши ниятли кишиларнинг орзуумидлари билан ҳамоҳанг эканлиги кўрсатилган. Футуҳий тахаллуси билан шеърлар ҳам битган. Зиёвуддинхон халклар ўртасида тинчликни сақлаш, ер юзида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса қўшганлиги учун Иордания, Сурия, Марокаш ва Mиср Aраб Pеспуликасининг олий орденлари билан такдирланган. 1998 йилда таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб Тошкентда халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Тошкентдаги Қаффол ашШоший қабрлар мажмуасида оталари Эшон Бобохон ёнига дафн этилган (ра).

Ад.: Бобохонов Ш., Сўнмас зиё, Т., 1998; Бабаханов Ш., Муфтий Зияуддинхан ибн Эшон Бабахан, Т., 1999; Бобохонов Ш., Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон [Маънавият ва ибрат мактаби], Т., 2001
Шамсуддинхон Бобохонов» [9]

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳақида қўшимча маълумот.

“Эшон Бобохон ҳаётлиги чоғида унинг ишини фарзандлари давом эттириши ва Ислом воизи бўлиб етишишига умид қилганди. Отасининг ишини Зиявуддинхан ибн Эшон Бобохон давом эттирди. У болалик йиллариданоқ отаси берган Қуръон ўқиш дарсларида қатнашиш ва ўқувчилар билан биргаликда Муқаддас Қуръон оятларини ёд олиш бахтига сазовор бўлганди. Унинг қалбида болаликдан бошлаб Ислом ва унинг Муқаддас Китобига муҳаббат шаклланди.

Ёш Зиявуддинхон Тилла Шайх мачитининг имом-хатиби Ҳаким қорида Қуръонни қатъий ўқишнинг қонунлаштирилган қоидаларини ўрганишни бошлади ва 12 ёшида уни ёд олди. У 1920 йилда Тошкентдаги Кукалдош мадрасасига ўқишга кирди. У ўқитувчи Жамолхўжа-домлада ҳадисларни, Хатиб ат-Табризийнинг «Мишкат аль-Масабих» (Зиё маскани) ва Хасан Хазратнинг «Джаляляйн»ни талқин қилишни ўрганди, Имом Бухорийнинг «ал-Жоме ас-Сахих» китоби асосида суриялик таниқли диншунос Мухаммад ибн Соиб ибн Абдулвоҳид ал-Асалий аш-Шомий ат-Тараблусийдан дарс олди. 1945 йилда отаси Эшон Бобохон билан бирга Ҳаж ибодатини амалга оширди. 1947-1948 йилларда Аль-Азхар номли Қоҳира университетида шайхлар Абдуллоҳ Фуқойи и Ҳофиз Тийджоний раҳбарлигида ўқиди. Ундан кейин Макка ва Мадинада ўз билимини оширишни давом эттирди. Унга шарафли Шайх ул-Ислом унвони берилганди” [10]

1948 йилда иккинчи Қурултойда ЎОҚМДБ Раисининг ўринбосари қилиб сайланди. 1957 йилда учинчи Қурултойда Зиявуддинхон ибн Эшон Бобохон ЎОҚМДБ Раиси этиб сайланди ва беш республика Муфтийси унвонига сазовор бўлди. Унинг ташаббуси билан 1961 йилда ЎОҚМДБ қошида Халқаро алоқалар бўйича бўлим ташкил этилди ва тўртта тилда «Совет шарқи мусулмонлари» («Мусульмане Советского Востока») номли журнал нашр этила бошланди, 1971 йилда эса Тошкентда Имом Бухорий номли Ислом институти очилди.

Ўтган йиллар давомида бу институтда 400 нафарга яқин киши олий диний маълумот олди, улар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг турли мамлакатларида Ислом равнақи учун хизмат қилмоқдалар. Унинг раҳбарлигида 1957, 1960, 1968 йилларда СССР ҳудудида Муқаддас Қуръон нашр этилди.

Шайх Зиявуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг доно фаолияти Ислом учун зиё бўлди. У бир пайтнинг ўзида ҳам СССР мусулмон ташкилотларининг ташқи алоқалар бўйича раиси, ҳам ислом дунёсининг йирик йўлбошчиси (лидери), фан ва диннинг самимий ва содиқ кишиси сифатида ўрнак эди. У Жаҳон Тинчлик Кенгаши, Ислом Конференцияси Ташкилоти, Жаҳон мачитлар бўйича Кенгаш, СССР ва Ўзбекистон Тинчликни сақлаш қўмиталари, Совет ва Ўзбекистон Тинчликни сақлаш жамғармалари, Осиё ва Африка мамлакатлари бирдамлиги қўмитасининг аъзоси эди.

Муфтий Зиявуддинхон ибн Эшон Бобохон Исломга қилган улкан хизматлари учун икки марта биринчи даражали “Иордания юлдузи” ордени, “Иордания юлдузи” кўкрак нишони, биринчи даражали “Ливан қорақовуқи” (русча кeдр) ордени, Марокконинг олий даражали “Улуғ донишманд” ордени, “Ливан юлдузи” ордени ва СССРнинг “Ҳурмат белгиси” ҳамда “Халқлар дўстлиги” орденлари билан тақдирланган.

Шайх Зиявуддинхон ибн Эшон Бобохон 1982 йилда вафот қилди ва Ўзбекистон Ҳукуматининг қарори билан Қаффол аш-Шоший мақбарасига ўз отаси ёнига дафн этилди” [10]

Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1859-1957) ва Шайх Зиявуддинхон ибн Эшон Бобохон (1908-1982) жуда қийин йиллар – 1943-1982 йилларда Марказий Осиёда Ислом дини ва урф-одатларимизни сақлаб қолиш, давом эттириш йўлида катта меҳнат қилдилар. Уларнинг катта хизматини назарга олиб Тошкентдаги Қаффол аш-Шоший мақбарасига дафн этилиши жуда тўғри иш бўлган.


4.3. ДОКТОР ШАМСУДДИНХОН БОБОХОНОВ (1937-2003)

Shamsiddin_Bobohanov (200x265, 17Kb)

Фото 4. Доктор Шамсуддинхон Бобохонов (1937-2003). [6]

Абдулла Орипов севган гўзал Мухлисанинг акаси раҳматли Доктор Шамсуддинхон Бобохонов (1937-2003) ҳақида қисқача маълумотни [6]-мақоладан келтираман.

“Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг невараси, Зиявуддинхоннинг ўғли - Шамсуддинхон Бобохонов отаси вафотидан кейин 1982-1989 йилларда ЎОҚМДБга раҳбарлик қилди. У олий маълумотли шахс, филология фанлари номзоди, бир неча тилларни эркин биладиган, арабшунос мутахассис ва дипломат эди. 1966 йилда Қоҳирадаги Аль-Азхар университетини тугатди. 1966-1974 йилларда - СССР мусулмонлар ташкилотлари кенгашининг ташқи алоқалар бўйича катта референти (маслаҳатчиси). 1974-1982 йилларда Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институтини аввал проректор, кейин ректор сифатида бошқарди. 1985 йилда Иордания Қироллик академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. 1982-1990 йилларда - СССР мусулмон ташкилотларининг ташқи алоқалар бўйича раиси. Унинг раҳбарлиги остида 1985 йилда Қозонда Муқаддас Қуръон нашр этилди” [6]

“У 1994-2003 йилларда дипломатик ишда фаолият олиб борди. Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, шунингдек бир вақтнинг ўзида Алжир, Баҳрейн, Қувайт ва Иорданияда Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси бўлиб ишлади” [6]

“Доктор Шамсуддинхон Бобохонов улкан маърифий фаолияти учун Ибн Сино номли мукофот, СССРнинг “Халқлар дўстлиги” ордени билан тақдирланди. Шамсуддинхон Бобохонов 2003 йилда Тошкентда 66 ёшида вафот қилди” [6]


5. “БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ” ҚЎШИҒИ МАТНИ

Ушбу мақолани Абдулла Орипов ёзган, Шерали Жўраев ажойиб қўшиқ қилиб куйлаган «Биринчи муҳаббатим» матнини келтириш билан тугатсам. Эслатиб ўтаман: шеърнинг тўртинчи бешқаторини Ш. Жўраев у пайтлар қўшиқда айтмаган. Шу сабабли уни қавс ичида ёздим.

Эътибор беринг: ҳофиз, намозхон Шерали Жўраев Совет Иттифоқи даврида компартия аъзоси бўлган шоир Абдулла Орипов шеъри охиридаги «Ёлғиз Аллоҳим мeнинг, биринчи муҳаббатим» мисрасини айтмаган. Чунки Аллоҳга шерик қилиш мумкин эмас. У бу мисра ўрнига охирги икки сатрни икки марта куйлаган. (Шерали Жўраев охирги йилларда «Биринчи муҳаббатим» қўшиғини куйлаганда шеърдаги тўртинчи бешқаторни ҳам, «Ёлғиз Аллоҳим мeнинг, биринчи муҳаббатим» сатрини ҳам куйламоқда.)

Кeча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳра юлдуз милтираб, хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда,
Мeн сeни эсга олдим, биринчи муҳаббатим.
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.

Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айро (айри) ҳам тушдим баъзан қалб билан, имон билан,
Лeкин сeни йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим.

Дунё дeган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кeнг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан.
Лeкин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан …
Нeчун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.

(Ҳолбуки орзулардан жудо ҳам бўлганим йўқ,
Юлдуздай кулганим йўқ, ой каби тўлганим йўқ.
Эрта хазон гул каби сарғайиб сўлганим йўқ,
Сeни эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.)

Йўлин йўқотса одам – муҳаббатга суянгай,
Ғуссага ботса одам - муҳаббатга суянгай.
Чорасиз қотса одам - муҳаббатга суянгай,
Мeн кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим.
Фақат эслаб йиғлайман (ёнгайман), биринчи муҳаббатим.
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.

Нидо бeргил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўрибман (кўриб мeн) бор дунёни унутдим.
Тонгда туриб номингга ушбу шeъримни битдим,
Тонгда туриб номингга ушбу шeъримни битдим,
Дилдаги оҳим мeнинг, биринчи муҳаббатим,
Дилдаги оҳим мeнинг, биринчи муҳаббатим. [11, 1-ж., 155-б.]

Мақолам охирида машҳур шоиримиз Абдулла Орипов 2015 йил 21 март куни 74 ёшга тўлгани ва улуғ ҳофизимиз Шерали Жўраев 2015 йил 12 апрел куни 68 ёшга тўлиши муносабати билан уларни қизғин табриклайман. Аллоҳ сизларга мустаҳкам соғлик, узоқ умр ҳамда ижодларингиз бардавом бўлишига имкон беришини тилайман.

P.S. 1. Мен “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи тарихи” номли мақоламни Холдор Вулқоннинг www.muvozanat.info , Юсуф Расулнинг www.munosabat.org ва Исмат Хушевнинг www.dunyouzbeklari.com сайтларига 2015 йил 11 апрел куни жўнатгандим. Фақат Холдор Вулқондан икки марта хат келди. Лекин бирортаси ушбу мақоламни ўз сайтида чоп этмади.

2. www.facebook.com даги “Шухратжон Ахмаджонов” номли саҳифамда 2015 йил апрел куни ушбу мақоламни 5 та фотосурат билан бирга чоп этдим. Лекин “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи аудио ёзувини чоп эта олмадим. Фейсбукда қўшиқларни чоп этиш йўлини ҳозирча билмайман.

3. Ушбу мақоламни 2015 йил 22 апрел куни www.siyosat.wordpress.com сайти раҳбари Муҳаммадсолиҳ Абутовга жўнатдим. Унинг сайти “Ислом ва сиёсат” номли мавзуда эканлигини айтиб бу мақолани чоп этмаслиги ҳақида хат билан жавоб берди.

--------------------------------------------------------

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1. Биринчи муҳаббатим Шерали Жўраев МП3 Ретро Бекдан. - http://4musics.net/%D0%91%D0%98%D0%A0%D0%98%D0%9D%D0%A7%D0%98%20%D0%9C%D0%A3%D0%A5%D0%90%D0%91%D0%91%D0%90%D0%A2%D0%98%D0%9C%20%D0%A8%D0%95%D0%A0%D0%90%D0%9B%D0%98%20%D0%96%D0%A3%D0%A0%D0%90%D0%95%D0%92%20%D0%9C%D0%9F3%20%D0%A0%D0%95%D0%A2%D0%A0%D0%9E%20%D0%91%D0%95%D0%9A%D0%94%D0%90%D0%9D/ (www.4musics.net ).

2. НИШОНОВ О. Қўшиқ сеҳри. – Т.: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004. – 120 б.

3. АҲМАДЖОНОВ Ш. Шерали Жўраевдек ҳофиз ва шоир юз йилларда бир марта туғилади. Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 3-нашри.
- http://www.muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=article&id=198:jurnalist-shuhrat-axmadjonovning-buyuk-hofiz-sherali-joraev-xaqidagi-kitobi&catid=4:-3&Itemid=5 (www.muvozanat.info 2012.10.04);
- http://www.turonzamin.org/ddkitob/sherkril.htm (Китоб кирил ва лотин алифбосида www.turonzamin.org сайтининг “ДЎК китоблари” рукнида 2009 йил 1 март куни чоп этилганди. Уни бир неча ойдан кейин сайт раҳбари Жаҳонгир Маматов www.turonzamin.org сайтдан ўчириб ташлади).
- http://yangidunyo.com/wp-content/uploads/2009/03/sherali-joraev.pdf (www.yangidunyo.com «Янги Дунё» кутубхонаси» бўлими, 2009 йил 16 март: 2009 йил июлида Уйғуристон маркази Урумчида Хитой режими уйғурларни ноҳақ қирғин қилаётганини сайт раҳбарияти мақолалар ҳамда фотосуратлар билан ёритаётганида сайтга кибер ҳужум уюштирилди ва сайтдаги кўпгина мақолалар ва китоблар, жумладан ушбу китоб ўчириб ташланди.
Китобнинг кирил алифбосидаги вариантини 2012 йил март ойида қайтадан www.yangidunyo.com сайтига жўнатдим ва у сайтда чоп этилди. Лекин 2012 йил октябрида Канадада яшаётган журналист Фахриддин Худойқулов сайтдаги барча мақола ва китобларни ўчириб ташлаб, сайтни ўз номига расмийлаштириб олди);
- http://www.himoyachi.ucoz.ru/news/2009-03-17-892 (www.himoyachi.ucoz.ru 2009 йил 17 март: бу сайт раҳбари Муҳиддин Қурбонов китобнинг www.yangidunyo.com сайтидаги манзилига ҳавола қилган эди).
Шундай қилиб, бу китоб бугунги кунда – 2015 йил 11 апрелда фақат www.muvozanat.info сайтида лотин алифбосида сақланган.

4. АҲМАДЖОНОВ Ш. “Турналар” қўшиғининг тарихи. - http://munosabat.org/2013/04/12/%d1%88%d1%83%d2%b3%d1%80%d0%b0%d1%82%d0%b6%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d2%b3%d0%bc%d0%b0%d0%b4%d0%b6%d0%be%d0%bd%d0%be%d0%b2-%d1%82%d1%83%d1%80%d0%bd%d0%b0%d0%bb%d0%b0%d1%80-%d2%9b%d1%9e/#more-488 (www.munosabat.org 2013.12.04).
http://uzmavzu.com/2013/04/12/%d1%82%d1%83%d1%80%d0%bd%d0%b0%d0%bb%d0%b0%d1%80-%d2%9b%d1%9e%d1%88%d0%b8%d2%93%d0%b8-%d1%82%d0%b0%d1%80%d0%b8%d1%85%d0%b8/ (www.uzmavzu.com 2013.12.04).

5. АБДУЛЛА ИСКАНДАР. "Биринчи муҳаббатим". - http://www.ozodlik.org/content/transcript/1814601.html (www.ozodlik.org 04.09.2009).

6. Вклад династии Муфтиев Бабахановых в возрождение Ислама в Средней Азии и Казахстане (Ўрта Осиё ва Қозоғистонда Ислом динини тиклашда Муфтий Бобохоновлар шажарасининг ҳиссаси). - http://www.islamnn.ru/modules.php?name=News&file=article&sid=1761 (www.islamnn.ru Сайт “Ислам в Нижнем Новгороде”, 14.05.2007).

7. ЭШОН БОБОХОН ибн Абдулмажидхон. - Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12-жилдли. Э ҳарфи. - «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, Тошкент. - http://n.ziyouz.com/kutubxona/category/11-o-zbekiston-milliy-ensiklopediyasi

8. Образование ДУМ Средней Азии (САДУМ) (Ўрта Осиё Мусулмонлар диний бошқармаси (ЎОМДБ)нинг ташкил этилиши). - http://www.idmedina.ru/ussr/?1113 (www.idmedina.ru Сайт «Издательский дом «Медина»).

9. ЗИЁВУДДИНХОН ибн ЭШОН БОБОХОН. - Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12-жилдли. З ҳарфи. - «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, Тошкент. - http://n.ziyouz.com/kutubxona/category/11-o-zbekiston-milliy-ensiklopediyasi

10. БАБАХАНОВ Ш. «Муфтий Зияуддинхан ибн Эшон Бабахан» (Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон), Государственное научное издательство «Узбекистон миллий энциклопедияси», Ташкент, 1999 г., стр. 16-17.

11. ОРИПОВ А. Танланган асарлар: 4 жилдлик /Таҳрир ҳайъати: О.Шарафиддинов, М.Қўшжонов, Э.Воҳидов ва бошқ./. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 2001.

E-mail: jiz54@mail.ru , ergash1955@yahoo.com

2015 йил 11 ва 25 апрел

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  Статьи 2015 года

 

Добавить комментарий:
Текст комментария: смайлики

Проверка орфографии: (найти ошибки)

Прикрепить картинку:

 Переводить URL в ссылку
 Подписаться на комментарии
 Подписать картинку