Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ
ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ (ПАРАГРАФ 42.6-42.10)
Китобнинг тузатилган ва тўлдирилган 4-нашри
42.6. ТАВАККАЛ ҚОДИРОВ (1926-1996)
Фото 56. Таваккал Қодиров (1926-1996). [268]
Ўзбeк Миллий Энциклопeдиясида Таваккал Қодиров ҳақида ёзилган маълумот.
“ҚОДИРОВ Таваккал (1926.24.4, Қува тумани - 1996.13.4, Фарғона) - хонанда (лирик тенор), Ўзбекистон халқ артисти (1989). Фарғона мусиқа билим юрти (1961) ва Фарғона педагогика институти (1990) ни тугатган. Дастлаб қувалик Турсунбой Каримовдан доира ва ғижжак (скрипка) чалишни, «Дугоҳ», «Сегоҳ» каби мумтоз чолғу куйларини, Ғ. ва Е.Ҳошимовлардан ашула йўллари, («Ёлғиз», Тўхтасин Жалилов; «Ўлтирғуси», Жўрахон Султонов ва бошқа)ни ўрганган. Кейинчалик Комилжон Отаниёзов, Жўрахон Султоновдан ўзбек мумтоз ва замонавий бастакорлар ашулаларини ўзлаштирган. Қува тумани маданият уйида бадиий раҳбар (1951-59), Фарғона театри (1959-78), Фарғона вилоятлараро филармониясида яккахон хонанда (1978-91), директор (1978-83), Фарғона университетида профессор (1991 йилдан).
Бетакрор, ширали, жарангдор ва тиниқ, ниҳоятда кенг ва юқори диапазонли овоз соҳиби. 1955 йилдан Ж. Охунов билан ҳамнафаслик қилган. Репертуаридан Фарғона-Тошкент мусиқа услуби намуналари («Қўқон Ушшоғи», «Тошкент Ироғи», «Танавор», «Насруллойи» ва бошқа), Хоразм йўллари («Сувора», «Феруз», «Сегоҳ»), замонавий бастакорлар («Тўй муборак», Фахриддин Содиқов; «Бизни ташлаб», «Фарғона тонг отгунча», М.Муртазоев; «Доғман», Комилжон Отаниёзов; «Ўлмасин», Жўрахон Султонов ва бошқа) ҳамда мумтоз ва замонавий шоирлар ғазалларига ўзи яратган («Ўхшайдику», Ҳамза шеъри; «Шунчамиди», О.Ҳакимов; «Жамолларингдан», Нақший; «Кеча ойдин», Миртемир; «Ўйнасин», Ҳабибий ва бошқа) ашула ва яллалар кенг ўрин олган. Ижро услуби баланд авжларни кенг ишлатилиши, равонлик, кенг нафас, ҳар бир сўзини дона-дона қилиб айтиши билан ажралибди.
Ижодига бағишланган 2 телефильм (1963, 1992) ва видеофильм (1991) суратга олинган. Ижролари бир неча грампластинка ва Ўзтелерадиокомпанияси фонотекасига ёзилган. Нуриддин Ҳамроқулов, Нуриддин Ҳайдаров, Султонали Маннопов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист А.Каримов ва бошқага устозлик қилган. Фарғонада санъат коллежи ҳамда кўчалардан бирига Қодиров номи берилган.
Ад.: Маннопов С, Таваккал Қодиров, Фарғона, 1994.” [6, Қ ҳарфи жилди, 200-б.]
Қуйидаги маълумотларни Ўзбекистон халқ артисти Султонали Маннопов ёзган [268]-китобдан келтирмоқдаман.
“ТАВАККАЛ ҚОДИРОВ (1926-1996). Таваккал Қодиров деганда, бутун умрини халқ хизматига бағишлаган, миллионлаб қўшиқ шинавандаларининг қалбларига қувонч олиб кирган, такрорланмас овоз соҳиби, камтар инсон кўз олдимизга келади.
Таваккал Қодиров 1926 йил 10 июнда Қува туманининг Султонобод қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топди. Улуғ инсонларнинг туғилиши ҳам ўзига хос тарихий бўлар экан. Ҳофизнинг оналари Тўтибуви саккиз фарзанд кўриб, биронтаси ҳам турмаганлиги сабабли, тўққизинчи фарзандини удумга кўра ҳовлида, ер бағрида туғиб, «Таваккал ё ерники бўлар, ё меники» деган умидда фарзандининг исмини «Таваккал» деб қўйган эканлар. Шундай тафсилотлар билан туғилган бола улуғ ҳофиз даражасига етди.
Таваккал ака сермашаққат ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтди. Дастлабки мусиқий сабоқни қувалик устозлари Ғофиржон ғижжакчи ва Давронбек ҳофизлардан олади. Ҳофизнинг қўшиқчилик оламига назар ташласак, 50-йилларда янги овоз, янги соз билан бу нурли оламга кириб келганини кўрамиз. Анъанавий қўшиқчилигимизни бир дарё деб фараз қилсак, ҳофиз ўз услуби, овози билан бу дарёнинг катта ирмоғи бўлиб ажраб чиқди. Жўрахон Султонов, Маҳмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов сингари улуғ ҳофизлар яратиб кетган мактабнинг давомчиси сифатида ўзига хос услуб яратди.
Ҳофиз ижоди давомида юзлаб қўшиқлар ижро этди. Қатор халқ қўшиқ ва яллаларини алоҳида услуб билан ижро этиб, уларга иккинчи умр бахш этди. У ижро этган «Бизни ташлаб», «Шунчамиди», «Ўхшайдику», «Кеча ойдин», «Тошкент ироқи», «Сувора», «Найларам», «Қўқон ушшоқи», «Фарғона тонг отгунча», «Тановар», «Сайёра», «Ўзбекистоним», «Жоним Фарғона», «Феруз I-II» сингари қўшиқлар унутилмас ижролардир.
Ушбу сатрлар муаллифига Таваккал Кодировга шогирд бўлиб юриш, хизматини қилиш, устозга бағишлаб ҳаётлигида «Таваккал Кодиров» номли рисола ёзиш насиб этди. Устоз қўшиқ куйлаганда, ҳар бир ижро этган қўшиғи гўё ўзи учун яратгандай туюларди. Биз бир қўшиқни ҳар куни уч-тўрт марта эшитсак ҳам, доим ўзининг янги бир қирраси билан намоён бўлаверар эди. Ҳофиз ижодида икки воҳа йўли, Фарғона ва Хоразм қўшиқчилик мактабининг уйғунлашган ижроларини кузатамиз. Бунинг сабаби, устозлари Жўрахон Султонов ва Комилжон Отаниёзовларнинг ижодларидан самарали фойдаланганлигидандир. Иккала буюк ҳофиз севимли шогирдига «Феруз» ҳамда «Қўқон ушшоқи» ни айтдириб, завқланиб шинавандалик билан эшитишиб ўтирганларининг гувоҳи бўлганман.
Таваккал Кодиров узоқ йиллар Фарғона вилояти ўзбек мусиқали драма театрида меҳнат қилди. 1978 йилда вилоят филармониясини ташкил этиб, бир неча йил раҳбар бўлиб ишлади. Ҳофиз ижодини ёритувчи қатор телефилмлар, видеофилмлар, грампластинка ёзувлари, республика радиосида элликдан ортиқ қўшиқлари мавжуд бўлиб, унинг ижоди баракали, сермаҳсул бўлганлигидан далолат беради.
Устозга 1964 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1989 йилда эса «Ўзбекистон халқ артисти» деган юксак унвонларнинг берилиши, Фарғона давлат университетининг профессори деб тан олиниши ўзбек санъати олдидаги ҳизматларининг далолатидир. Устоз етмиш йил умр кўриб, умрларининг сўнгги кунларида ҳам ажойиб бир покизалик, руҳан тетиклик билан 1996 йил 13 апрел куни вафот этди.
Фарғона шаҳар Сирпўш ота қабристонига дафн қилинган. Ҳа, инсон умрининг сарҳадлари бепоён, айниқса қўшиқ оламининг бепоён кенгликларида санъаткор қалбининг торлари жаранглаб акс-садо бериб турувчи ҳилқатдир. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф (Оллоҳ раҳмат қилсин) устозга атаб ёзган шеъридаги қуйидаги мисралар фикримизнинг далилидир:
Мен кетарман қолмагай тилла тахту кўшкларим
Менга бу дунёда чин келтирди бахт қўшиқларим
Ўзбегим уйида янграр ҳамма вақт хонишларим
Гул ўпиб, гул ёпиниб ҳар дилда мозорим қолур
Мен кетарман бир куни наволарим, зорим қолур...
Ушбу мисралар устознинг қабр тошига ёзилган бўлиб, мангуликка дахлдордир.” [269]
42.7. БАРНО ИСОҚОВА (1927-2001)
Фото 57. Барно Исҳоқова (1927-2001) [270]
Ҳофиз Шерали Жўраев 50 йилдан ортиқ ўз ижоди давомида тожик тилида ҳам кўпгина қўшиқларни маромига етказиб куйлади. Ҳатто 2018 йилда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон буйруғи билан Тожикистон халқ артисти унвони берилди.
Бу муваффақиятларга эришишида тожик қўшиқчилиги соҳасида Шерали акага устозлик маслаҳатларини берган Тожикистон халқ артисти Барно Исхоқова (1927-2001)нинг алоҳида ўрни бор. У ҳақдаги маълумотни википедиядаги “Исхакова, Барно Бераховна» номли мақоладан келтираман. Рус тилидан ўзбек тилига мен ўгирганман.
“Барно Бераховна Исҳоқова (тожикча: Бахмал Бераҳовна Исҳоқова; ўзбекча: Baxmal Berahonova Ishoqova; 1927 йил 12 май, Тошкент – 2001 йил 7 сентябр, Иерусалим) – совет ва исроил хонандаси ҳамда педагоги. Тожикистон ССР халқ артисти.
Барно Исҳоқова Тошкентда, Ўзбекистон ССРда 1927 йил 12 май куни анъанавий бухоро яҳудийлари Берах ва Рахил Исҳоқов оиласида туғилди. У кейинчалик Тожикистон ССР пойтахти Сталинобод (Душанба) шаҳрига кўчиб ўтди ва хонандалик йўлини танлади. Барно Исҳоқова Марказий Осиё ва Тожикистон тарихида анаънавий мумтоз қўшиқ бўлмиш шашмақом куйлайдиган қўшиқчи деб саналарди. Қўшиқчи репертуарида тожик, ўзбек ва рус, шунингдек унинг қадрдон яҳудий-тожик тилларида қўшиқлар бор эди. У Совет Иттифоқи давридаги Нерийо Аминов, Рафаэл Толмасов, Шоиста Муллажонова, Ханифа Мавлонова, Рена Ғолибова, Аҳмад Бобоқулов кабилар қаторида Тожикистон ССР радио ва телевидениеси қошида анъанавий мумтоз қўшиқларни куйлади. У 1970-1980-йилларда ижодкорлик фаолиятини Мирзо Турсунзода номли Тожикистон Давлат Санъат институтининг Шарқ мусиқаси бўлимида ўқитувчилик қилиш билан бирга олиб борди.
Тожикистонда фуқаролар уруши бошлангач 1992 йилда ўз оиласи билан бирга Исроилга кўчиб ўтди ва Иерусалимда 2001 йил 7 сентябр куни вафот қилди. Қўшиқчи ўша ердаги Гар а-Менухот қабристонига дафн қилинди.
У олган мукофотлар:
Рудакий номли Тожикистон ССР Давлат мукофоти совриндори;
Меҳнат Қизил Байроқ ордени билан мукофотланган;
Тожикистон ССРда хизмат кўрсатган артист;
Ҳурмат Белгиси ордени билан мукофотланган;
Тожикистон ССР халқ артисти.” [270]
42.8. КАМОЛИДДИН РАҲИМОВ (1943-2015)
Фото 58. Камолиддин Раҳимов (1943-2015) [271]
Ўзбeк Миллий Энциклопeдиясида Камолиддин Раҳимов ҳақида ёзилган маълумот.
“РАҲИМОВ Камолиддин (1943.12.1, Наманган – 2015.25.02) — хонанда, Ўзбекистон халқ артисти (1983). Жарангдор ва кучли овоз соҳиби. Ашула йўлларини дастлаб Ваҳобжон Абдуллаевдан ўрганган. Тошкент маданият институтини тугатган (1987).
Наманганда маданият уйи қошидаги Уста Рўзиматхон номидаги ашула ва рақс ансамблида хонанда, мусиқа раҳбари ва бадиий раҳбар (1960-71), Алишер Навоий номидаги вилоят театрида яккахон хонанда (1972—98). Репертуаридан мумтоз ва замонавий бастакорлар ашулалари («Баёт», «Ушшоқ», «Гиря», «Кўча боғи», «Қаландарий», «Куйгай» каби) ҳамда куйларини ўзи яратган асарлари («Кул, азизим», «Менга раҳм айла», «Ҳаргиз», «Келмаганингда», «Мастона-мастона», «Парвона қилсангиз», «Она мадҳи» ва бошқа) ўрин олган. Ижро услубига лирик талқин, сўз билан оҳангдаги уйғунлик хос.
Ўзбектелефильм студиясида унинг ижодига бағишланган «Дил таронаси» фильми суратга олинган (1982). Раҳимов ижросидаги ашулалар бир нечта граммпластинка («Камолиддин Раҳимов куйлайди», 1966-1972; «Наргиз», 1980; «Булбул», 1983; «Ул ёр қўлида кўза», 1987) ҳамда компакт диск («Қайдасан» 2002) га ёзилган. Раҳимов Навоий, Бобур, Машраб, Маҳтумқули ва бошқа мумтоз шоирлар асарларига ашулалар туркумларини 20 дан зиёд аудиокассетага тўплаб ёздирган. Осиё, Европа, Америка мамлакатларида гастролда бўлган. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1998).» [6, Р ҳарфи жилди, 96-б.]
42.9. МУҲИДДИН ҚОРИ ЁҚУБОВ (1896-1957)
Фото 59. (Чапдан ўнгга) Тамарахонимнинг синглиси Гавҳар Раҳимова (1911-2003), Муҳитдин Қори Ёқубов (1896-1957) ва Тамарахоним (1906-1991). 1930-йиллар боши. [272]
Муҳитдин Қори Ёқубов «Йўл бўлсин», «Ғайра-ғайра», «Олмача анор», «Кўча боғи» ва ҳоказо халқ қўшиқларини 1916 йилдан бошлаб ижро этган. Фахриддин Умаров уни ўзининг ғойибона устози деб билган. Шерали Жўраев Фахриддин Умаровнинг шогирди эканлигини ҳисобга олсак, Шерали ака Муҳитдин Қори Ёқубовнинг невара шогирдидир. Шерали Жўраев ижросидаги “Жанонга бордим бир кеча” («Ғайра-ғайра») қўшиғи мухлислар орасида машҳурдир. Қолаверса, унинг ҳаёт йўлидаги муваффақиятлари ва хатоларидан кўпчилик хонандалар ўрнак ва сабоқ олса арзийди.
42.9.1. УМУМИЙ МАЪЛУМОТ
Ўзбeк Миллий Энциклопeдиясида Муҳиддин Қориёқубов ҳақида ёзилган маълумот.
“ҚОРИЁҚУБОВ Муҳитдин (1896.1.5, ҳозирги Фарғона - 1957.22.2, Тошкент) - ашулачи, опера хонандаси (баритон), актёр, ўзбек мусиқали театри асосчиларидан. Туркистон Республикасининг биринчи халқ ҳофизи (1923), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1930), Ўзбекистон халқ артисти (1936).
Дастлаб эски мактаб, 1912-14 йилларда мадрасада таҳсил кўриб, қироатни яхши эгаллаган, қори сифатида ҳам танилган. Ёшлигидан халқ ашулачилик анъаналарини ўзлаштирган Қориёқубов, айни пайтда янги санъат шаклларига қизиқиб, Фарғонада маҳаллий созандалардан иборат илк пуфлама созлар оркестрларида иштирок этган, оркестрни ташкил этган (1916). Концертларда фаол қатнашиб, халқ ва мумтоз ашулалар («Йўл бўлсин», «Ғайра-ғайра», «Олмача анор», «Кўча боғи» ва ҳоказо)ни ижро этган.
Фарғона ўлка мусулмон сиёсий драматик труппасида актёр, режиссер (1918-20) ва раҳбар (1921) бўлиб, Фарғона ва Закаспий фронтлари ва ҳудудларида маданий хизмат қилган. Тошкентда К.Шорштейн театр-студияси (1919), Москвада театр санъати институти (1922-24) да таҳсил кўрган. Тамарахоним билан «Шарқ кечалари» (Москва), Жаҳон амалий санъат кўргазмаси (1925, Париж), шунингдек Берлин концерт саҳналарида ўзбек қўшиқ, ялла ва лапарларини янгича талқин этиб, замонавий ўзбек санъатини илк бор Европада тарғиб этган.
1926 йилда Самарқандда Ўзбек давлат сайёр концерт этнографик труппасини ташкил қилган, у билан Россия, Татаристон, Грузия ва бошқа жойларда гастролда бўлган. Қориёқубов Қўқон ва Андижон мусиқали театрлари шаклланишида ҳам фаол иштирок этган. 1927-28 йилларда бу театрларда бадиий раҳбар, режиссер (М.Мироқилов билан) сифатида қатнашиб, театр жамоаларини қайта тузган, ўзи спектаклларда бош ролларни ўйнаган: Неъмат («Ҳалима», Ғ.Зафарий), Фарҳод («Фарҳод ва Ширин»; Хуршид пьесаси, Ш.Шоумаров, Тўйчи ҳофиз ва Юнус Ражабийлар мусиқалаштирган), Султонбек («Аршин мол олон», У. Ҳожибеков) ва бошқа. Концерт-этнографик труппаси заминида Ўзбек давлат мусиқали театринн ташкил қилган, унинг актёри, директори ва бадиий раҳбари бўлган (1929—33).
Ўзбек опера санъатининг шаклланиши ва ривож топишида ҳам Қориёқубовнинг хизматлари салмоқли. Москва ўзбек опера студиясини ташкилотчиси ва раҳбари бўлган, ўзи ҳам шу студияда таълим олган (1934—36). Ўзбек давлат опера ва балет театри очилгач, унинг етакчи яккахон хонандаси (1939-47). Миллий операларда Хусрав («Фарҳод ва Ширин», В. Успенский ва Г. Мушель), генерал-губернатор («Бўрон», С.Василенко, М.Ашрафий), Новфал («Лайли ва Мажнун», Т.Содиқов, Р.Глиэр), Улуғбек («Улуғбек», А.Козловский), Маҳмуд Торобий («Маҳмуд Торобий», О.Чишко), Эр Тарғин («Эр Тарғин», Е.Брусиловский) ва бошқа бош партияларни маҳорат билан талқин қилган, ўзбек опера ижрочилик санъати шаклланишига катта ҳисса қўшган.
Ўзбек давлат филармонияси ташкил этилишида ҳам Қориёқубовнинг хизмати катта. У 1936 ва 1946—50 йилларда филармониянинг директори ва бадиий раҳбари бўлиб, ўзбек халқ, мумтоз ва янги жанрларни тарғиб этувчи ижодий жамоалар (ашула ва рақс ансамбли, хор капелласи, халқ чолғулари оркестри ва ҳоказо)ни юзага келтирган. Ўзбек филармонияси (ҳозирги Халқ бадиий жамоалар дирекцияси)га Қориёқубов номи берилган. Унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган фильм ишланган. Вафотидан сўнг Қориёқубов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2000).
Ад.: Кориёқубова Э., Муҳитдин Қориёкубов, Т., 1968; Мухитдин Кари-Якубов (документальная монография, автор-составитель Л.Авдеева), Т., 1984; Юлдашбаева Т., Мастера узбекской оперной сцены, Т, 1985.
Баҳриддин Насриддинов” [6, Қ ҳарфи жилди, 309-310-б.]
42.9.2. 1942: МУҲИДДИН ҚОРИ ЁҚУБОВ, КАРИМ ЗОКИРОВ ВА СОРА ЭШОНТУРАЕВА
Ҳофиз Муҳиддин Қори Ёқубов куйлаган қўшиқлар видеоси бизгача кам етиб келган. 1942 йилда олинган ноёб видеолавҳалардан бири www.youtube.com да бор ([273]-га қаранг).
42.9.3. “ЯША ТУРОН” ҚЎШИҒИ
Машҳур шоиримиз Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929) 1916 йилда “Яша Турон” шеърини ёзди. Ҳофиз Муҳиддин Қори Ёқубов 1916 йилда шу қўшиқни умумхалқ намойишлари пайтида намойишчилар билан биргаликда олдинги сафларда баралла овоз билан куйлаб борган. Бу ҳақда [274]-мақолада ёзилган.
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий
ЯША ТУРОН
Қўзғол, Турон! Қўзғол, Турон!
Келди сенга ҳам замон,
Зулм аҳлини айла вайрон!
Тур уйқудан, тур бу он!
Яша Турон, яша Турон!
Сен эзилганларга ёр.
Барча ўлка ишчисига
Сен суянчиқ, сен мадор.
Ушбу саккиз қаторлик қўшиқда жадидчи ота-боболаримизнинг буюк мақсадларидан бири бўлган Туронни бирлаштириш ғояси ўз ифодасини топган.
Орадан беш-олти йил ўтгандан кейин (1921-1922 йилларда) бир куни Республика миқёсидаги катта йиғин охирида бўлган концертда Муҳиддин Қори Ёқубов ўзича «донолик» қилиб бу ашуланинг бошланишини озгина ўзгартириб:
«Яша, Турон! Яша, Турон!» —
деб эмас, балки:
«Яша, Шўро! Яша, Шўро!” — деб айтган. Катталарга бу ўзгартириш маъқул келиб, роса чапак чалишган. Унга 1923 йилда Туркистон Республикасининг биринчи халқ ҳофизи унвонини беришган.
1950 йил қишида Тошкентда янги бир концерт гуруҳи тузилди. Унда Муҳиддин Қори Ёқубов ҳам бор эди. У шу имкониятдан фойдаланиб, Ҳамзанинг «Яша Турон!» қўшиғини аслидагидек куйлаган. Мажлисда ғала-ғовур бўлиб кетди, мумтоз шоир, инқилобчи шоирнинг сўзларини ўзгартиришга кимнинг ҳаққи бор, деб. Уни концертда қатнашувчилар рўйхатидан ўчириб ташлашди. Бу масалага НКВД номли нозик идоралар ҳам аралашди. Уни концертлардан четлатишди ва бироз вақт ўтгач бир неча йилга қамаб юборишди. Муҳиддин Қори Ёқубов қамоқдан қайтиб келиб Қибрай туманидаги чекка қишлоқда яшади ва ўша ерда 1957 йилда вафот қилди.
Қиссадан-ҳисса: қўшиқ сўзларини тузатишда жуда эҳтиёт бўлмоқ керак. Машҳур ҳофиз Муҳиддин Қори Ёқубов Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг «Яша, Турон!” шеъридаги “Турон” сўзини “Шўро” сўзига алмаштириб куйлаб катта амалдорларнинг олқишини олди. Бир неча йил ўтгач «Яша, Турон!” шеъри асосида аслини куйлаганда НКВД раҳбарияти уни ишдан ҳайдаб, туҳмат билан қамаб юборди.
42.9.4. ҲАЙИТМЕТОВНИНГ “ЯША ТУРОН” ҲИКОЯСИ
Филология фанлари доктори Абдуқодир Ҳайитметов (1926-2005) 1950-йиллар бошида ҳофиз Муҳиддин Қори Ёқубов билан «Яша, Турон!” қўшиғи тарихига доир суҳбатлашган. У ҳақда қисқача маълумот.
“Абдуқодир Ҳайитметов 1926 йилнинг 27 майида Фарғона вилоятининг Данғара туманидаги Қиёлиқум қишлоғида туғилди. 1949 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг Шарқ факултетини битиргач, 1949-1952 йилларда Шарқ қўлёзмалари институти аспирантурасида таҳсил олди. У академик Ойбек тавсияси асосида «Алишер Навоийнинг адабий-танқидий қарашлари» мавзуида номзодлик ва «Навоийнинг ижодий методи» мавзуида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди.
Атоқли олим 1953 йилнинг мартидан умрининг охиригача Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида кичик илмий ходим, катта илмий ходим, мумтоз ўзбек адабиёти тарихи бўлими мудири, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимларида самарали меҳнат қилди. Абдуқодир Ҳайитметов мамлакатимиздаги йирик адабиётшунос олим сифатида халқимизнинг улуғ шоири Алишер Навоий ижодий фаолиятини ўрганишга салмоқли ҳисса қўшди. Унинг «Алишер Навоийнинг адабий-танқидий қарашлари», «Навоий лирикаси», «Шарқ адабиётининг ижодий методи тарихидан», «Навоийхонлик суҳбатлари» каби китоблари Навоий ижодининг серқирра жиҳатларини тадқиқ этишга бағишланган.У 500га яқин илмий мақолалар, монография ва рисолалар эълон қилди, «Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи»нинг академик нашрини тайёрлашда раҳбар ва ҳаммуаллиф сифатида жонбозлик кўрсатди, улуғ аждодларимиз ҳақидаги «Алишер Навоий», «Абу Райҳон Беруний» каби ҳужжатли филмларни яратишда фаол иштирок этди.
Абдуқодир Ҳайитметовнинг раҳбарлигида 30га яқин докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинган.Абдуқодир Ҳайитметов «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони, Давлат мукофоти ва «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. У 2005 йили вафот этган.” [275]
Абдуқодир Ҳайитметовнинг “Яша Турон” ҳикоясидан муҳим қисмини келтираман.
“Уч-тўрт кун ўтгандан кейин ўша арава, ўша одамни яна кўрдим, — бир қўлида отнинг жилови, иккинчи қўлида узун қамчи. Уни ўша — машҳур артист Қориёқубовга ўхшатдим. Аммо ичимда: «Одам одамга ўхшаши мумкин-ку!» — деб қўя қолдим.
Бир-икки ҳафта ўтгач, кунлар қизий бошлаб, меҳнат таътилига чиқдик. Узоқроқда бориб дам олишнинг иложи бўлмай, Қорасув маҳалла чойхонаси доимий манзилимга айланди.
Бир куни пешинга қолмай чиқсам, чойхонанинг ташқари қисмида улфатлар ҳаммаси жам, жўрабошимиз — урушни Югославияда тамомлаган собиқ жангчи, қўшни — электроаппарат заводида цех бошлиғи Исмоил ака ҳаммадан бурун бозор қилиб келган, доимий ошпазимиз Миртилла қуролдош дўсти билан қозон тепасида — ош ҳаракатида. Бир қўли йўқ дўстимиз — Ҳожим соғ қўли билан гурунч тозалар, кимдир сабзи, кимдир пиёз тўғраган. Мен ҳам гўшт тўғраётган жўрабоши ёнига ўтириб, уларга қараша бошладим.
Сал нарида шахмат, шашка, домино ўйинлари авжида. Сўрининг тагидан шилдираб оқиб турган сув кекса тут соясида дам олаётган барча ёшу қарига ажиб бир кайфият бағишлаётган эди.
Таги марғилонлик бўлган чойхоначимиз Қурбонали ака қўли қўлига тегмас, барчага хизматда, чой деганга чой, нон деганга нонни оғзидан чиқиши билан етказиш пайида.
Қурбонали ака одатдаги ишлари андак камайгач, чойнак ва пиёлаларни арта бошлади. Шу пайт йўлнинг нарёғида кўк беда ортилган бричка арава тўхтади. Устидан Марғилон дўппи кийган, барваста бир киши ерга сакраб, отини ариқ ёқасидаги толга бойлаб, кўйлак ва шимидаги чанг-чунгни қўли билан қоқиб, қўлида қамчин, чойхона томон юрди.
У катта йўлни, сўнг трамвай изини кесиб ўтиб, чойхонага яқинлашар экан, уни бу вақтда шахматга ўтган жўрабошимиз ва Қурбонали ака кутиб олишди. Жўрабоши меҳмоннинг қўлини сиқиб:
— Келинг, Қора-ка! Қандай шамоллар учирди сизни биз томонга? — деди.
— Одам бор жойга одам келади. Кўпдан бери шу сўлим масканда бир пиёла чой ичсам, дейман, — имкони бўлмайди. Вақти-соати бугун экан-да! — деди самимият билан.
Қурбонали ака эса у билан:
— Келинг, ҳамшаҳар! Қадамларига ҳасанот? — деб кўришар экан, унинг меҳмонни олдин ҳам озми-кўпми билгани, танигани англашилди. Бу ўша «Қора-ка» номи билан танилган машҳур Муҳиддин Қориёқубов эди.
Қурбонали ака чаққонлик билан ичкаридан янги бир атлас кўрпача олиб чиқиб ёзди. Меҳмон оёғида этиги бўлгани учун сўрининг чиқаверишдаги ўнг бурчагига жойлашди ва фотиҳа ўқилгач, Исмоил акага:
— Мен шу ердан ўтган аҳли мўминларнинг руҳларига кичгина бир тиловат қилиб юборсам майлими? — деди.
У ва бошқалар ҳам бош ирғаб:
— «Бош устига!» — дегандек бўлдилар. Меҳмон бир неча лаҳзага чордона қуриб ўлтирди-да, кўзини юмиб, баланд овоз билан «Валлайл» сурасини шундай қироат билан ўқидики, бутун борлиқ нурга тўлгандек, шу маҳалладан ўтган Жўрабек додхо, асли ҳастимомлик, шу чойхона орқасидан жой қилган Саидолим Эшон, кимсан Азиз ота кабиларнинг руҳлари шод бўлган бўлса, ажаб эмас. Унинг қироатига қойил қолган Исмоил ака менга: — «Бу киши санъатга қориликдан ўтганлар!» — деганлари тўғрига ўхшайди! — деб қўйди.
Меҳмон учун жонини ҳам аямайдиган Қурбонали ака унинг олдига янги дастурхон ёзиб, патносда тўртта нон, қанд-қурс, ликопчада қора майиз олиб келиб қўйди.
Қора-ка серқатнов кўча, атрофдаги обод, сердарахт ҳовлиларни кўздан кечирар экан:
— Бурунгилар ҳар манзилнинг ўз файз-таровати, ўз меҳргиёси бор, деб бекорга айтмаганлар! — деб қўйди ва яна деди:
— Бу — эски Қўқон йўли. Бу ердан кимлар ўтмаган! Бобур Мирзо! Худоёрхон!.. Биз — санъаткорлар ҳам гоҳ аравада, гоҳ машинада — кўп ўтганмиз…
— Яхши гапларингиз учун раҳмат, Қора-ка! Турган жойимиздан нолимаймиз. Экамиз десак, ер ҳам кўп бу ерда, ичамиз десак сув ҳам! — деди Исмоил ака. — Атрофга қаранг. Бу ерда мевали дарахт экилмаган ҳовли йўқ.
Бошқалар ҳам унинг гапларини маъқуллашди. У яна сўзида давом этади:
— Бу ерда сизни танимайдиган одам йўқ. Томошаларингизни кўришган. Ашулаларингизни эшитишган. Лекин кейинги вақтда шу ердан аравада ўтиб юрганингизни кўриб, ҳаммалари ҳайрон. Бирлари: “Ишқибозликка бир нарса деб бўлмайди. От-аравага ишқлари тушиб қолган бўлиши мумкин!” дейишса, баъзилари: «Буни, ўнг келиб қолса, — ўзларидан сўраймиз!» дейишади. «Театрда у киши билан галма-гал бир ролни ўйнайдиган, ўзига ўхшаган шерикларидан бири бўлиши мумкин!» — деганлар ҳам бўлди.
— Демак, мен билгандай тўхтабман-да! Баракалла! — деди кулиб Қора-ка.
Шу дамда Қурбонали ака дастурхонга бир лаган чиллаки узум, тандирда ёпилган учбурчак сомса қўйиб кетди. Унинг орқасидан қозонга уринаётган Миртилла бир тарелка иссиқ жиззани дастурхоннинг меҳмонга яқинроқ ерига жойлаштира бошлади. Буни кўриб Қора-ка:
— Қозонда жиз-биз. Тўрда сиз-биз, экан-да! — деди жилмайиб.
Қора-ка кўк чойдан ичиб, дастурхондаги ноз-неъматлардан тамадди қилар экан, кайфияти чоғ, ҳамма чарчоғи тарқаётгандек эди.
— Менинг ҳам жўраларим бор, — деди Қора-ка, бўлиб ўтган гапларга ўз муносабатини билдиришни хоҳлагандек. — Улфатчиликда директоримизнинг ўзи ҳам бор. Бироқ бу йил қишда директор билан ўртамизда гап қочиб қолди. Шу-шу гоҳ ишга бораман, гоҳ бормайман. У ўзимнинг шогирдим. Лекин гап иш ҳақида борганда, икковимиз ҳам устоз-шогирдликни унутиб қўямиз, чоғимда. Бундан бир ойча бурун ишга борсам, унинг ёш артист йигитларимиз билан ғижиллашиб тургани устидан чиқиб қолдим. Умрида от минмаган, арава ҳайдамаган, қўлига ўроқ тутмаган йигитларни хўжалигимизга тегишли ерга бориб, ёрдам беринглар, бедалар гуллаб кетди — ўриб, аравада ташиб келинглар, деяпти. Мен унга:
— Умрида отнинг ёнидан ўтмаган, юганини ушламаган болалардан нимани талаб қиласиз! Бунақа ишни биздақаларга буюринг, — қойил қиламиз. Отни кўкрагида ёли бор одам минади! Деҳқончилик, аравакашлик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди! — дедим.
У эса устозим мени масхара қиляпти, деб уйлаб:
— Мени калака қилманг. Далада беда кўрпа бўлиб кетган, ўрилмасдан. Боғ қаровсиз. Бу ердаги жонворларимиз оч, егани на ўт бор, на ем, — деди куюниб, қўли билан шу ердаги артистларни концертга олиб боришда хизмат қиладиган от-араваларни кўрсатиб. — Сизни далага юборсак, одамлар айтмайдими, домласини қувғин қила бошлабди, деб.
— Буёғини менга қўйиб беринг! — дедим кескин. Чиндан ҳам ёшлигимда аравакаш тоғам билан кўп бирга бўлиб, от, аравага кўникма ҳосил қилган эдим. Шу билан бирга, ўзимнинг ҳам икки-уч ҳафта шаҳарни тарк этиб, далада бўлгим, тоза ҳаво олгим, бу ердаги ишларни, диққатчиликларни унутгим бор эди. Мана, бир ойдан ҳам ошаяпти, — бир оёғим Чирчиқнинг нариёғида, бир оёғим шаҳарда. Эрталабдан аканг қарағай деб далага ҳайдайман аравани. Тўйиб-тўйиб тоза ҳаво оламан. Югураман. Беда ўраётганларга қарашаман ҳам. Чирчиқ шундоқ кўриниб туради. Бориб ҳовитаман. Овозимни синаш учун ашула ҳам айтаман. Ҳозир илгаригидан ҳам анча яхшиман. Баъзида болаларни ҳам олиб бораман.
Қора-ка олдидаги ноз-неъматлардан еб, гоҳо чойдан ҳам хўплаб ўтирар экан, маҳалладаги таниқли тунукасоз, улфатларнинг ёши каттаси Абдулазиз ака Қора-кага мурожаат қилиб:
— Қора-ка, беадабликка ҳисобламасангиз, бир илтимосимиз бор. Бугун дам олиш куни. Ёшлар «Қора-кам битта хиргойи қилиб берсалар!» дейишяпти, — деди.
Унинг гапини, қўлида махорка папироси, Уста Азим ака ҳам табассум билан маъқуллаб турар эди.
Қора-ка кулиб:
— Айтишга айтавераман-ку! Лекин бунинг учун аввало музика бўлиши керак. Қолаверса, ўзим ҳам озгина тайёргарлик кўрган бўлишим керак! — деди камтарона.
— Сизга тайёргарликнинг нима кераги бор, Қора-ка! — деди қўшни сўрида чойхўрлардан бири. — Сиз ўзингиз артист бўлиб, ҳофиз бўлиб туғилгансиз.
Бу гап Қора-кага ёкди. У дастурхондаги майиз солинган ликопчани — майизини патносга тўкиб — қўлига олди ва урушдан олдин ўйналган «Фарҳод ва Ширин» операсидан ўз вақтида машҳур бўлган, «Тошкент ироқи» куйида айтилувчи, «Ҳижрон туни” деган Фарҳод ариясини шошмай ижро эта бошлади. Ҳаммаёқ сув қуйгандек бўлиб, тингловчилар ҳам уни диққат билан, кўплари кўзларини юмиб эшитишди. Бу ашулани мен ҳам кўпдан буён эшитмаган эдим. Дард билан тўла бу қўшиқ барчанинг юрак-юрагига етиб борди. Қўшиқ тугагач, ҳамма бир ухлаб тургандек, ўзини енгил тортгандек бўлди. Мен ҳам. Қўшиқчига миннатдорчилик билдираётганларнинг саноғига етиб бўлмасди.
Қора-ка бу оғир ашулани айтиб бўлгунча дастурхонни иссиқ патир, айниқса, эртаги ўрик ва шафтоли билан ҳам тўлдиришга ҳаракат қилди. Қора-ка бу насибалардан яхшироқ татинишга ҳам улгурмай, унинг олдига Миртилла келиб:
—Қора-ка, одамни маст қиладиган, ухлатиб қўядиган ашулаларингиз яхши. Лекин биз урушда, ўрмонзорларда юрганимизда, юртимизни соғинганимизда «Ғайра-ғайра» ашулангизни айтар эдик! — деди унга эркалангандек.
Қора-ка эса унга:
— Отангизга раҳмат! Қиссадан ҳисса, «Ғайра-ғайра»ни айтиб беринг, демоқчисиз-да! — деди ва бу ашулани у сўридан тушиб, пастда, қўлида тарелка, бармоқларини ҳам ишга солган ҳолда завқ билан айта бошлади. Бу фурсатда тингловчилар яна-да кўпайган, кимлардир ўз уйларининг деразаларини очиб қўйиб, кимлардир болахонада туриб, бу қўшиқни мароқ билан эшитарди. Ашуланинг қуйидаги банди ижро этилаётганда эса, у шундай паст товушда, назокат билан айтдики, гўё игнанинг кўзидан ип ўтказаётгандай бўлди:
Уч кун деганда келмадинг;
Ёлғизлигимни билмадинг.
Ёки назарга илмадинг.
Ёр, мунча зор этдинг мени?
Кимларга хор этдинг мени?
Ғайра-ғайра, дам-бадам;
Ороми жонимсан менинг.
Исмоил ака меҳрибончилигини бўшаштирмас, меваларнинг пишган-пишганларидан меҳмоннинг олдига суриб қўяр, кўп айттириб уни чарчатиб қўйиш фикридан ҳам у узоқ эди. Бироқ ичкаридан яна бир илтимос тушди «Қора-кам «Омон ёр»ни айтиб берсинлар», деб. Қора-ка аслида олижаноб, сахийқалб одам эди. «Йўқ!» демади, йигитнинг сўзи қайтгунча шайтоннинг бўйни узилсин, деганларидек.
У завқ-шавқ билан қайнаб куйлар экан, айни авжга чиқаётганда, тарақа-туруқ ичи тўла одам билан трамвай ўтиб қолди. Қора-ка эса бунга парво қилмасдан айтаверди. Трамвайдаги йўловчилар ҳайрон — бу ерда нима бўлаяпти, дегандек. Шунда бир неча қўшиқ шинавандалари баланд товуш билан «Қойилман!», «Офарин!» деб қўйишди, хонандага эшиттириб.
«Чиллаки чиллакини кўриб чумак уради!» — деганларидек, шу аснода менинг ҳам у кишига эркалик қилиб, бир нарса дегим келиб қолди:
— Ҳамма ашулаларингизни эшитдим. Раҳмат! Яна биттаси қолди. «Яша Шўро»ни ҳам эшитайлик!
Аммо нимагадир менинг бу таклифим унга ёқмади. У дарҳол кайфияти ўзгариб:
— Келинг, ука, шуни мен айтмай, сиз эшитмай қўяқолинг! — деди шартта, гапимни кесиб.
Мен хижолат тортиб, ҳайрон бўлиб қолдим. Озгина вақт ўтгач, у яна ўзига келиб, гапирган гапига изоҳ бера бошлади:
— Маълумки, бу қўшиқни Ҳамзахон ёзганлар. Ашулани биринчи мен айтганман. Унинг оҳангини эса иккаламиз яратганмиз. Кейин ҳам анча йил айтиб юрганман. Орадан беш-олти йил ўтгандан кейин, бир куни Республика миқёсидаги катта йиғин охирида бўлган концертда мен ўзимча «донолик» қилибми, ёки шумлик қилибми, бу ашуланинг бошланишини озгина ўзгартириб:
«Яша, Турон! Яша, Турон!» —
деб эмас, балки:
«Яша, Шўро! Яша, Шўро!” — деб айтганман. Катталарга бу ўзгартиришим маъқул келиб, роса чапак чалишган. Кейинчалик воқеани Ҳамзахонга айтиб берсам, у киши:
— Ҳе, нодон! Шеърнинг қофиясини еб қўйибсан, «Замон»га «Шўро» қофия бўлолмайди-ку! — дедилар. Анча ўсал бўлдим. Лекин қизиқ жойи шундаки, ўшандан кейин бу қўшиқ ҳамма ерда мен айтгандақа қилиб айтиладиган бўлди. Кўчаларда ҳам. Катта концертларда ҳам. Кейин билсам, менинг бу «ихтиром» шоир асарларининг илмий нашрларига ҳам ўтиб кетган экан.
У гапидан озгина тўхтаб, бироз тин олди ва сўнг яна давом этди:
— Энди, гапнинг буёғини эшитинг. Шу йил қишда янги бир концерт гуруҳи тузилди. Унда мен ҳам бор эдим. Мен шу имкониятдан фойдаланиб, Ҳамзанинг «Яша Шўро»сини айтмоқчи бўлдим, лекин энди «Яша Шўро!» деб эмас, «Яша Турон!» деб. Мажлисда ғала-ғовур бўлиб кетди, мумтоз шоир, инқилобчи шоирнинг сўзларини ўзгартиришга кимнинг ҳаққи бор, деб. Мени концертда қатнашувчилар рўйхатидан ўчириб ташлашди. Бу масалага, чамамда, нозик идоралар ҳам аралашди. Директор мени ҳимоя қилмоқчи бўлди. Қўлидан келмади. Бу гап чувалашиб ҳозиргача давом этиб келяпти. Мен эса, мана, оёғимда этик, қўлимда қамчи — шаҳар билан Чирчиқ орасида беда ташиб, хиргойи қилиб юрибман. Бундан чиқдики, «Турон» деган сўзнинг кимларнидир қўрқитадиган маъноси бор экан — «Она-Ватан», «Озодлик», «Мустақиллик» деганларидек.
У бир пас дам олгач, ўз ҳаяжонларини босиб яна деди:
— Лекин мен ишонаман. Бир кун келиб, албатта, бу қўшиқни
Яша, Турон! Яша, Турон!
Сен яшайдирган замон. —
деб айтаман.
Ҳамма бир неча дақиқа жим бўлиб қолди. Миртилла билан Ҳомид эса шу паллада, қўлларида ош тўла иккита лаган, тепамизга келиб: «Ошга жой бўшатинглар!» деб қолишди. Апил-тапил қўллар ювилиб, ошга қўл урдик.
Улфатлар иштаҳа билан ошдан олишар экан, Қора-ка уч-тўрт ошам олгач, узр сўраб, қўлини арта бошлади.
— Директор билан бугун учрашувимиз бор эди, муҳим бир масала бўйича. Шунинг учун мени маъзур тутасизлар. Сизлар билан кўришганимдан беҳад мамнунман! — деди, илиқ табассум билан.
Шунда Исмоил ака:
— Бўлмаса, ошатаман! — деб қолди. Қора-ка эса хандон отиб кулиб:
— Ошамаган номард! — деди.
Исмоил ака кафтини тўлатиб, унга ош ошатар экан, у бир дона гуручни ҳам тўкмасдан ошаб юборди.
Қурбонали ака ичкаридан янги бир банорас тўнни олиб чиқиб унинг елкасига ёпди ва:
— Ўтган-кетганингизда кириб туринг, ҳамшаҳар! Хурсанд бўламиз! — деди.
Исмоил ака ва Миртилла азиз меҳмонни аравагача кузатиб қўйишди. Қори-ака отни бойлаган еридан ечиб, эпчиллик билан, ўз юки оғирлигини билдирмасдан, беда ғарами устига чиқиб, тик туриб, қўл силкиб биз билан хайрлашар экан, менинг назаримда у бир вақтлар ўзи ролини ўйнаган хушқомат ва паҳлавон Фарҳодга ўхшаб кетди.» [276]
42.9.5. МУҲИДДИН ҚОРИ ЁҚУБОВНИНГ СЎНГГИ ЙИЛЛАРИ
Фахриддин Умаров 1950-йилларнинг иккинчи ярмида Қибрай туманидаги қишлоқ клубида колхозчи-деҳқонларга концерт берди. Оқшом чоғи ўзига тўқ бир киши тўйга таклиф қилди. У шу тўйда ҳофиз Муҳиддин Қори Ёқубов билан учрашган. Муҳиддин ака оёғида эски чориқ-маҳси, эгнида увадаси кўриниб турган пахталик чопон, бошида оҳори тўкилган Марғилон дўпписи бор бўлиб, соқол-мўйловлари ўсиб кетган, ориқлаб, мадорсизланиб қолган ҳолда эди. Шу учрашув тафсилотлари баёнига ўтаман.
«Бир кун чекка бир қишлоқ клубида колхозчи-деҳқонларга концерт бердик. Оқшом чоғи ўзига тўқ бир киши тўйга таклиф қилди. Бордик. У пайтлардаги тўй-томошалар ҳам ўзига яраша бўларди, ортиқча дабдаба қаёқда дейсиз. Кун ботар-ботмас тўй бошланди. Уч-тўртта қўшиқ айтилди. Халқ яхши қабул қиляпти. Серпул одамлар ўша вақтлар ҳам бор эди; улар дам-бадам созандалар олдида очиқ турган чолғу асбобларимизнинг ғилофига чангал-чангал пул ташлаб кетишяпти. “Пул бўлса, чангалда шўрва” деган мақол ўша пайтларда пайдо бўлган, шекилли. Чунки, у пайтларда одамлар пулни дасталаб эмас, негадир чангаллаб юрардилар. Хуллас, базм ниҳоятда қизиб, авж паллага етган чоғда давранинг этак тарафида норғул гавдасини букиб, салобатини билдирмасликка тиришиб ўтирган инсонга кўзим тушиб қолди. Дарҳол танидим: бу киши шак-шубҳасиз Муҳиддинқори акамлар эди! Муҳиддинқори акам ниҳоятда барваста, бақувват киши эди. Лекин ҳозирги аҳволи аянчли бўлиб, оёғида эски чориқ-маҳси, эгнида увадаси кўриниб турган пахталик чопон, бошида оҳори тўкилган Марғилон дўпписи бор эди. Соқол-мўйловлари ўсиб кетган, юз чаноқларининг суяклари бўртиб чиққанди. Ориқлаб, мадорсизланиб қолган эдилар.
Кўнглим ағдар-тўнтар бўлиб, айтаётган қўшиғимни аранг ниҳоясига етказдим. Икки кўзим давранинг этак томонида, колхозчилар орасида ўтирган Муҳиддинқори акамда эди.
– Халойиқ, бизга кўрсатилаётган эҳтиром учун минг бора ташаккур! Лекин бизнинг даврамизда ушбу эҳтиромларга минг бора муносиб бўлган улуғ устозимиз ўтирибдилар! Биз у кишини ўзимизга ғойибона бўлса ҳам устоз деб биламиз. Ижозат берсангиз, мен навбатни устозимиз Муҳиддинқори акам Ёқубовга бераман! – деб эълон қилдим.
Одамлар орасидан ўтиб Муҳиддинқори акамни қўлтиқлаб даврага олиб чиқдим. У киши бундай бўлишини сира ҳам кутмаган эканлар: одамларга қараб жавдираб кулмоқчи бўлади-ю, кўзларидан шашқатор ёшлар оқиб кетяпти. Лаблари титраяпти, елкалари силкиняпти – расмана йиғлаяптилар. Эвоҳ, буюк санъаткорни хор-зор қилиб қўйган тузумга ўшанда лаънат деганман, дўстларим! Ўшанда бу жамиятнинг охирати йўқлигига имон келтирганман, дўстларим!..
Мен тор чалиб турдим. Муҳиддинкори акам бир-икки пиёла чой ичдилар, ўпкаларини хийла босиб олдилар. Сўнг бошладилар. Мана сизга овоз! Мана сизга қўшиқ! Мана сизга дард-ситам!
Ҳижрон ўтиға бағрим сўзона, тонг отгунча,
Ўртаб юрагим-жисмим бирёна, тонг отгунча.
Мен Вомиқу сен Узро, васлингга етолмасмен,
Ҳар кеча қароргоҳим – остона, тонг отгунча.
Раҳм айла бу ҳолимга, эй, кўзлари хуморим,
Ҳажрингда бу кўнгуллар вайрона, тонг отгунча.
Ҳеч кимга деёлмасман бу арз ила ҳолимни,
Қонга жигарим тўлди паймона, тонг отгунча.
Хилватда агар кўрсам сирримни баён айлай,
Сен бирла бўлай анда ҳамхона, тонг отгунча.
Оқшомда жамолингни шамъидек мунаввар қил,
Айтар сенга ҳолимни парвона, тонг отгунча.
Найлайки, иложим йўқ, ҳар гўшада йиғларман,
Тор ўлди Ҳазинийга Фарғона, тонг отгунча.
Кетидан айтдилар: “Айбим шулки, мардуми Фарғонаман...”
Хуллас, Муҳиддинқори акам ўша оқшом кўнгилларини бўшатиб олдилар; зардобга тўлган кўнгилларини одамларга очдилар. Дастлаб, битта ўзлари йиғладилар, ҳамма ҳайрон бўлиб турди. Сўнгра, ҳаммани йиғлатдилар, битта ўзи ҳайрон бўлиб турди. Охирида ҳофиз билан халқ қўшилишиб, қучоқлашиб йиғладилар, айтиб-айтиб, жўровоз бўлишиб йиғладилар...
Халқ ва ҳофиз тақдири туташ эканлигини ўшанда кўрдим. Халқ ва ҳофиз бир тану бир жон эканлигини ўшанда кўрдим, дўстлар!
Иккови ҳам юпун эди, оч-наҳор эди, ҳақиқатга ташна эди, адолатга ташна эди. Икковининг ҳам кўзи тўй эди, назари тўй эди, дўстлар...
Яна нима дейишим мумкин?..
Топган-тутганимизни Муҳиддинқори акамнинг пастқам кулбасига элтиб бердик. У кишининг ҳолидан хабар олиб туришларини қишлоқнинг катталаридан илтимос қилдик. Имкон топсак, тез-тез келиб туришга ваъда бердик. Афсуски, Муҳиддинқори акам қамоқдан қайтганларидан сўнг кўп яшамадилар. 1957 йили вафот этдилар. Бор-йўғи 61 йил умр кўрдилар.
Айтмоқчи, китобларда, вақтли матбуотда Муҳиддинқори акамнинг номлари хатга тушса, негадир “Қориёқубов” деб ёзадилар. Шу йўсинда “қори” сифати отасига алоқадор деб писанда қилмоқчи бўладилар. Аслида, Муҳиддин акамнинг ўзлари “қори” бўлганлар. У киши Иккинчи жаҳон урушидан илгари, 1925 йилда Тамарахоним билан бирга Францияга гастролга борган пайтларида саҳнада, Париждаги мусулмонлар мачитида Қуръони Каримни ёдаки тиловат этиб, аҳли муслимни лол қолдирган эдилар. Нафақат аҳли муслим, балки ояти карималар қудратига тан берган жамики тингловчилар қойил қолади.
Шогирдларим, энг оғир дамларда ҳам ўзингиз ихлос қўйган улуғлардан юз ўгирмангиз. Доимо виждон амрига бўйсунингиз. Шунда ёшингиз бир жойга бориб қолгандан кейин пешонангизга муштлаб пушаймон қилмайсиз”. [254, 79-82-б.]
42.9.6. “ЖОНОНГА БОРДИМ БИР КЕЧА” ҚЎШИҒИ ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ИЖРОСИДА
Муҳитдин Қори Ёқубов «Йўл бўлсин», «Ғайра-ғайра», «Олмача анор», «Кўча боғи» ва ҳоказо халқ қўшиқларини 1916 йилдан бошлаб ижро этгани ҳақида 42.9-параграфда ёзгандим. «Ғайра-ғайра» қўшиғи айнан Муҳитдин Қори Ёқубов ижросида куйланиб бизнинг давргача етиб келган.
Ҳофиз Шерали Жўраев “Жанонга бордим бир кеча” ва «Ғайра-ғайра» ўзбек халқ қўшиқлари асосида «Жанонга бордим бир кеча» қўшиғини куйлаган. Шу иккала қўшиқ матнини келтирай.
Ўзбек халқ қўшиғи
ЖОНОНГА БОРДИМ БИР КЕЧА
Жанонга бордим бир кеча,
Бир-бир босиб астогина.
Жонон ётур ноз уйқусида,
Солдим қўлим астогина.
Сесканди-ю: “Кимсан?” - деди,
“Оғам ётур мунда” - деди.
“Билса, сени ҳам ўлдирур,
Қўймас мени мунда”, - деди.
Дедим: “Садоғанг бўлайин,
Бир бўса бер жон учун”.
“Берсам-берайин жон учун,
Қилма товуш аммогина”.
Дедим: “Яна бир бўса бер”.
Деди: “Уётинг йўқ экан,
Қайдин келибсан - шунда кет,
Кетгин туриб астогина”. [277, 42-б.]
Ўзбек халқ қўшиғи
ҒАЙРА-ҒАЙРА
Қош агар пайваста бўлса,
Ўсмани гардон қилур.
Ёр агар нодон бўлса,
Ошиқни саргардон қилур.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Оромижоним сен менинг,
Ширинзабоним сен менинг.
Қоралар, қо-қоралар,
Ошиққа маъшуқ мўралар.
Ёр билан ўйнай десам,
Қўймайди бахти қоралар.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Оромижоним сен менинг,
Ширинзабоним сен менинг.
Боққа кирсам - боқасан,
Имлаб, қошингни қоқасан.
Қоқма, десам, қоқасан,
Бир балога тоқасан.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Оромижоним сен менинг,
Ширинзабоним сен менинг. [277, 43-б.]
Гавҳар Раҳимова (1911-2003) 1968 йилда “Лазги” ансамблини ташкил қилган ва унга 1968-1982 йилларда раҳбари бўлган [6, Р ҳарфи жилди, 100-101-б.]. “Лазги” ансамблининг 1970-йиллардаги концертларидан бирига ҳофиз Шерали Жўраев ҳам таклиф қилинган. У шу коцертда кириш сўзини сўзлаб Муҳиддин Қори Ёқубовнинг “Жанонга бордим бир кеча” қўшиғини дастлаб куйлаган.
“Бизни мана шу ерга эъзозлаб, мана шу саҳнада бизни кўриш учун келган азиз дўстлар, азиз шинавандалар. Бугун мен сизлар билан биргаликда бизнинг Ўзбекистонни, фақат Ўзбекистонни эмас, бутун Ўрта Осиёни фахри бўлиб турган “Лазги” ансамблини табриклаш учун етиб келдим.
Мана шу “Лазги” ансамбли раҳбари Гавҳархон опага узоқ умр тилайман. Ҳеч қачон шу санъат йўлида ҳориб чарчаб қолмасинлар. Доимо элимизнинг дилини хушнуд қилиб, мана шундай қиз ва йигитларни ўстириб, мана шу саҳналарда, фақатгина бизни саҳнамиздамас, бошқа давлатларнинг саҳнасида ҳам ўзбек санъатини намойиш қилиб, бошқа халқларга, дўстларимизга кўрсатиб юришларини тилайман.
Шу билан биргаликда бугунги (залдан кимдир нимадир деб Шерали акага мурожаат қилди. Шерали ака луқмага жавоб бериб деди: “Отангизга ташлаб келганман”. Залда кулгу, қийқириқлар). Бугунги мана шу йиғилишда буларни мана шу саҳнада неча маротаба қўшиқлар ижро этган, ўзбек санъатини бутун дунёга машҳур қилган марҳум хонанда Муҳиддин Қори Ёқубовнинг бир қўшиғини олиб келганман. Шу кишининг хотираси билан шу қўшиқни эшитгандан кейин сизлар ўша кишини, яъни мана шу саҳнани, сизлар ўтириб турган жойни, мана шу сизлар ҳозир бизни томоша қилиб турган жойни қурилишини, шу ансамблларни пайдо бўлишига сабабчи бўлган, биринчилар қаторида ўзининг умрини сарф қилган инсон Муҳиддин Қори Ёқубовни эъзозлаб ўша киши номидан сизларга биринчи қўшиғимни, шуларни табриклаш билан биргаликда айтиб бермоқчиман.” [278]
Қўшиқ охиридаги “Мискин Навоий шом эди, Ёр уйидан кетди ҳижил” байтини Алишер Навоий асарларида топмадим.
Халқ қўшиғи, Шерали Жўраев ижросида
ЖОНОНГА БОРДИМ БИР КЕЧА
Жанонга бордим бир кеча,
Бир-бир босиб астогина.
Жанон ётур ноз уйқусида,
Чертдим эшик астогина.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Оромижоним сан менинг.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Ширин забоним сан менинг.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Оромижоним қайдасан?
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Ширин забоним қайдасан?
Сесканди-ю: “Кимсан? - деди,
Оғам ётур бунда” деди.
“Билса сени ҳам ўлдирур,
Қўймас мани бундоқгина”.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Оромижоним сан менинг.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Ширин забоним сан менинг.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Оромижоним қайдасан?
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Ширин забоним қайдасан?
Дедим: “Садоғанг бўлайин,
Бир бўса бергил жон учун”.
“Берсам берайин жон учун,
Қилма товуш астогина”.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Оромижоним сан менинг.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Ширин забоним сан менинг.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Оромижоним қайдасан?
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Ширин забоним қайдасан?
Дедим: “Яна бир бўса бер”.
“Қоч, уётинг йўқ экан.
Қайдин келибсан шунда кет,
Кетгил яна астогина.”
Мискин Навоий шом эди,
Ёр уйидан кетди ҳижил.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Оромижоним сан менинг.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Ширин забоним сан менинг.
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Оромижоним қайдасан?
Ғайра-ғайра, дам-бадам,
Ширин забоним қайдасан? [278]
42.10. КОМИЛЖОН ОТАНИЁЗОВ ВА ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ
Шерали Жўраев ўз устози ҳофиз Комилжон Отаниёзов ҳақида айтган гапларига қулоқ солайлик.
“Республикамизда бирон санъаткор йўқки, Комилжон Отаниёзовнинг ижрочилик санъатидан ўрганмаган бўлсин, унинг мактабидан озиқ олмаган бўлсин. Мен ҳам етук ҳофизимизнинг ижрочилик маҳоратидан бебаҳра қолмаганман. Комилжон Отаниёзов ижросидаги менга ёқадиган томонларидан бири – қўшиқларни чертиб-чертиб, сўзларини жойига қўйиб, оптимистик руҳ, ёлқин эҳтирос билан айтишларидир.
Комилжон Отаниёзов сиймосида, унинг санъаткорлик фаолиятида қадрулабад фазилатлар кўп бўлган. У кишининг халқчил, элини, юртини ўйлаб куйлаган қўшиқлари инсонларга бўлган муҳаббати, она-Ватанга бўлган юксак меҳридир. У кишининг рўзномаларда чиқмаган, китобларда босилмаган хайрли ишлари жуда кўп. Комилжон ака жуда талабчан, санъатга бутун вужуди билан берилган бир сиймо эди. Ўзи тинимсиз меҳнат қилар ва бу ишидан айрича бир завқ ҳам оларди.” [255, 78-б.]
Буюк ҳофиз бўлиш учун бир неча талаблар бор. Шуларни қисқача санаб ўтай.
1. Ҳофиз ўз қўшиқ мактабини ярата олмоғи, яъни бошқа қўшиқчилик мактабларидан кескин ажралиб турмоғи ва бу мактабда юзлаб, минглаб шогирдлар, хонандалар қўшиқлар яратиб куйламоғи керак.
2. Ҳофиз ўз ижоди давомида юзлаб, ҳатто мингдан ортиқ қўшиқ ярата билмоғи лозим. Улар ичида ўтмишдаги машҳур шоирларнинг ғазалларига басталанган мумтоз (классик) қўшиқлар бўлмоғи керак.
3. Ўзбек қўшиқчилигига янги услублар, анъаналар олиб кирмоғи даркор.
4. Ҳофиз бир вақтнинг ўзида ҳам ҳофиз, ҳам шоир, ҳам бастакор бўлмоғи лозим. Шундагина у ўз қарашларини, ҳаётдаги позициясини қўшиқларида тўлиқроқ баён эта олиши мумкин.
5. Ҳофиз қўшиқлари мавзуларининг кенглиги, яъни севги-муҳаббат, ота-онага ҳурмат, панд-насиҳат қўшиқлари билан чегараланиб қолмаслиги ва халқ дарду алами, машаққатлари қўшиқларда у ёки бу даражада акс этмоғи керак.
6. Имон, эътиқод талаблари яхши баён этилган ислом дини, тасаввуф ғоялари ҳофиз қўшиқларида аниқ акс этган бўлмоғи керак.
Китобимнинг 42.2-42.9-параграфларида Шерали Жўраев ўзига устоз ҳисоблайдиган машҳур ҳофизлар Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаров, Таваккал Қодиров, Барно Исоқова, Камолиддин Рахимов ва Муҳиддин Қориёқубов, шунингдек китобим давомида Шерали Жўраев ҳақида маълумотлар келтирдим. Санаб ўтилган олтита талабга 20-21-асрда яшаган ва яшаётган санъаткорлар орасида Комилжон Отаниёзов ва Шерали Жўраев тўлиқ жавоб беради. Шу сабабли мен қўшиқ мухлиси сифатида ўзбек қўшиқчилиги тарихида Комилжон Отаниёзовни биринчи ўринга, Шерали Жўраевни иккинчи ўринга қўяман.
Айрим ўқувчиларимиз бунга эътироз билдиришлари ва бошқа машҳур ҳофизларни Шерали Жўраевдан олдинги сафга қўйишлари мумкин. Таъкидлашим ўринлики, ўзбек қўшиқчилиги ривожланишига қўшган ҳисса ҳофизнинг баланд овоз пардаларида қўшиқ айта билиши билангина ўлчанмайди. Агар овоз пардаларининг баландлиги билан ўлчайдиган бўлсак, албатта Шерали Жўраевдан олдинга ўтиб кетадиган ўнлаб ҳофизлар топилади. Лекин юқорида санаб ўтилган олтита талабга жавоб бера оладими, йўқми, шунга эътибор берайлик.
Бошқа таниқли, машҳур ҳофизларни ўзаро таққослаш учун улар ижодини ва ҳаёт йўлини чуқурроқ ўрганиш керак бўлади. Афсуски, бирорта машҳур ҳофизнинг айтган қўшиқларининг тўлиқ рўйхати тузилиб матбуотда чоп этилган эмас. Ҳар бир машҳур ҳофизнинг ашаддий мухлиси олдида турган бош вазифалардан бири – ҳофиз айтган қўшиқлар номи, дастлаб ижро этган йили тўлиқ рўйхатини тузишдир. Агар рўйхат тузаётган мухлис шу қўшиқлар матнини аудиокассета ёки дискдан ёзиб олса ва матбуотда ёки Интернет сайтларда чоп эттирса, у қўшиқчилигимиз тарихига ҳам, шу қўшиқнинг кейинги авлод хонандалари томонидан ижро этилиши учун ҳам катта савобли иш қилган бўларди. Шу ҳолда ҳар бир ҳофизнинг қўшиқлар сони, мавзулари, ўзи ёзган шеър матнлари ва ҳоказолар орқали баҳолаш, ҳофизлар ижодини ўзаро таққослаш имкони пайдо бўларди.
Комилжон Отаниёзов ва Шерали Жўраевнинг ўзбек қўшиқчилиги ривожланишидаги ўрни масаласида мисол тариқасида мен яқиндан танийдиган, биладиган ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан ижоди билан қисқача таққослай. Дадахон ака ва унинг ижоди ҳақида қисқача маълумотни «Дадахон Хасаннинг катта камчилиги» номли параграфда ёзаман, иншааллоҳ.
Дадахон Ҳасан ушбу бандда баён қилинган олтита талабдан бештасига жавоб берадиган таниқли ҳофиз ва шоирдир. Дадахон Ҳасан ижоди фақат битта талабга мос келмайди: у ўзининг қўшиқчилик мактабини ярата олган эмас. Яъни унинг каби ижтимоий-сиёсий қўшиқлар яратиб, куйлаётган юзлаб, минглаб хонандалар йўқ. Албатта, унинг қўшиқларини айтаётган хонандалар бор, масалан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илҳом Фармонов унинг «Лайло» қўшиғини айтмоқда. Лекин Дадахон ака йўлида ижод қилиб, ўнлаб янги-янги қўшиқлар яратаётган шогирдлари жуда кам. Муаллифга бундай шогирдлардан бири ҳақида 2008 йил 18 август куни Тошкентдаги Қўйлиқ бозоридаги мусиқа дискларини сотувчи йигит ДВД-плейерда Исоқжон Жўрахонов дискини қўйиб эшиттираётганида маълум бўлди. Унинг товуши Дадахон Ҳасаннинг ёшликдаги товушига жуда ўхшашдир. Мен 1973 йилда Самарқанддаги Опера ва балет театри биносида Дадахон ака концертига кирганман ва қўшиқларини тинглаганман.
Хуллас калом, ўзимнинг 68 йиллик ҳаёт тажрибам ва ушбу китобда келтирилган кўплаб фактлар асосида, қўшиқ мухлиси сифатида ўзбек қўшиқчилиги тарихида Комилжон Отаниёзовни биринчи ўринга, Шерали Жўраевни иккинчи ўринга қўяман.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
6. (5) Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12 жилдли /Таҳрир ҳайъати: М.Аминов, Б.Аҳмедов ва б. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат нашриёти, 2001-2005;
- www.qomus.info (А ҳарфидан Э ҳарфигача 33 та жилд, кирил алифбосида).
O’zbekiston Milliy Ensiklopediyasi.
- Ziyo istagan qalblar uchun! - Kutubxona - O’zbekiston Milliy Ensiklopediyasi (ziyouz.com)
(www.n.ziyouz.com A ҳарфидан Z ҳарфигача 34 та жилд, кирил алифбосида);
- www.n.ziyouz.com/kutubxona/category/11-o-zbekiston-milliy-ensiklopediyasi (www.n.ziyouz.com A ҳарфидан Z ҳарфигача 34 та жилд, кирил алифбосида).
254. НАБИЖОН БОҚИЙ, ҲОЖИАКБАР ҲАМИДОВ. Мени ёд эт. – Т., 2017. – 172 б.
255. (53) Комилжон Отаниёзов замондошлари хотирасида: Хотиралар //Масъул муҳаррир: Б.М.Шариф/. – Т.: Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 1998. – 88 б.
268. NIBAX. ТАВАККАЛ ҚОДИРОВ - ЎХШАЙДИКУ, TAVAKKAL QODIROV - O'XSHAYDIKU.
- ТАВАККАЛ ҚОДИРОВ - ЎХШАЙДИКУ, TAVAKKAL QODIROV - O'XSHAYDIKU - YouTube (www.youtube.com May 9, 2021. 3 дақиқа 55 сониялик видеолавҳа);
- www.youtube.com/watch?v=WiTqo2KgQTc (www.youtube.com May 9, 2021. 3 дақиқа 55 сониялик видеолавҳа).
269. СУЛТОНАЛИ МАННОПОВ. Ўзбек халқ мусиқа маданияти. Ўқув қўлланмаси. – Т., “Янги аср авлоди” нашриёти, 2004. – 98 б. (79-81-б.)
270. Исхакова, Барно Бераховна. - Исхакова, Барно Бераховна — Википедия (wikipedia.org)
- www.ru.wikipedia.org/wiki/Исхакова,_Барно_Бераховна (www.ru.wikipedia.org Материал из Википедии — свободной энциклопедии).
271. АБДУЖАББОР ВАХОБОВ. К Рахимов Санъатимиз дурдонаси Кутаман.
- К Рахимов Санъатимиз дурдонаси Кутаман - YouTube (www.youtube.com September 14, 2019. 4 дақиқа 52 сониялик видеолавҳа);
- www.youtube.com/watch?v=btByYu3Ib0 (www.youtube.com September 14, 2019. 4 дақиқа 52 сониялик видеолавҳа).
272. ТАТЬЯНА КУЛЕВАС. Очерк жизни и творчества Мухитдина Кары-Якубова.
- Очерк жизни и творчества Мухитдина Кары-Якубова — Письма о Ташкенте (mytashkent.uz) (www.mytashkent.uz 10.02.2013);
- www.mytashkent.uz/2013/02/10/ocherk-zhizni-tvorchesyva-muxitdina-kari-yakubova/ (www.mytashkent.uz 10.02.2013).
273. IKBOL DUSMUKHAMEDOVA. Ikbol Dusmukhamedova сейчас с Равшаном Закировым и Надирой Хидоятовой. - https://www.facebook.com/groups/1661467017400870/user/100007441025812 (www.facebook.com/groups/ Ikbol Dusmukemedova нинг Фейсбукдаги саҳифаси, December 2, 2021).
(1942 йилда Тошкентдаги концертдан лавҳа. Муҳиддин Қориёқубов, Карим Зокиров ва Сора Эшонтураева)
274. НАСРИДДИНОВ Б. “Яша Турон” дея куйларди ... – “Халқ сўзи” газетаси, 1996.23.11.
275. Абдуқодир Ҳайитметов (1926-2005). - Абдуқодир Ҳайитметов (1926-2005) | www.ziyouz.uz
- www.ziyouz.uz/uzbek-nasri/abduqodir-hayitmetov/ (www.ziyouz.uz ).
276. ҲАЙИТМЕТОВ А. «Яша Турон» (ҳикоя). - Абдуқодир Ҳайитметов. «Яша Турон» (ҳикоя) | www.ziyouz.uz (www.ziyouz.uz 2013.29.05):
- www.ziyouz.uz/uzbek-nasri/abduqodir-hayitmetov/I-r-7/ (www.ziyouz.uz 2013.29.05).
277. Шода-шода марварид: Ўзбек халқ қўшиқлари. Тўплаб нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Эркин Очилов. - Т., “Шарқ”, 2006. – 416 б. (42-43-б.)
- Shoda-shoda marvardi (o'zbek xalq qo'shiqlari).pdf (ziyouz.com) (www.n.ziyouz.com );
- www.n.ziyouz.com/books/uzbek-xalq-ogzaki-ijodi/Shoda-shoda%20marvardi%20(o’zbek%20xalq%20qo’shiqlari).pdf (www.n.ziyouz.com ).
278. ABDUMUTALIB MIRZA. ГАЙРА-ГАЙРА.. Шерали Жўраев.
- ГАЙРА-ГАЙРА.. Шерали Жўраев - YouTube (www.youtube.com January 31, 2020. 6 дақиқа 44 сониялик видеолавҳа);
- www.youtube.com/watch/?v=GZREKzSJZUs (www.youtube.com January 31, 2020. 6 дақиқа 44 сониялик видеолавҳа).
ДАВОМИ БОР
E-mail: jiz54@mail.ru
2022 йил 19 январ
АҚШ, Вашингтон шаҳри