Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ
(ДАВОМИ 3) ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВГА ҚАРШИ ГУВОҲЛИК БЕРАЁТГАНЛАРГА ЖАВОБИМ
14. ЭРКИН КОМИЛОВ ГУВОҲЛИГИ ВА УНГА ЖАВОБИМ
Фото 4. Эркин Комилов (1946). [24]
Аввал Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ҳақида қисқача маълумотни Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан келтирай.
“КОМИЛОВ Эркин (1946.20.7, Андижон вилояти, Курфа қишлоғи) — Ўзбекистон халқ артисти (1998). Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган (1968). 1966 йилдан Ҳамза театрида актёр. Энг яхши роллари: Қиличбек («Олтин девор»), Қобилжон («Самандар»), Ибн Сино («Беруний»), Карл Моор («Қароқчилар»), Жевакин («Уйланиш»), Глумов («Ҳар тўкисда бир айб»), Мясников («Қатағон»), ал-Зокир («Пири Коинот»), Боязит («Соҳибқирон Темур»), Икром («Уфқ»), Альбени («Қирол Лир»), Абулфайзхон («Абулфайзхон»), Ортиқ («Ноёб нусха»), Маннон Уйғур («Томоша давом этади»), Гаррисон («Етти фарёд») ва бошқа. Яратган образларига ўзига хос ранг бериб, характерларнинг ишончли чиқишига эришади. Роль ўйнашда яхшилик, табиийлик, қаҳрамоннинг ҳиссиёт ва кечинмаларини мураккаб мажмуини бера олиш, актёр сийратидаги жиловланган куч, зиёлилик, ички маданиятнинг жўш уриши Комилов ижодига хос.
Комилов кинода ҳам бир қанча образлар яратган: Бегимқул («Юзсиз»), Йўлдош («Севги»), Мусулмонқул («Ўтган кунлар»), Валихўжа эшон («Амирнинг хуфиёна юриши»), Хуррам («Тилла бола»), Боязид Жалойир («Амир Темур»), Қурбонов («Учишга рухсат этинг»), Довженко киностудиясида «Юлдуз шуъласи» фильмида Эргаш Собиров ва бошқа.
Видео ва телефильмларда Азиз Қосимов («Гирдоб»), Султонмурод («Алишер Навоий»), Ҳайдар («Диёнат»), Раҳим Саидов («Ёз ёмғири»), Чарльз Фористер («Қора карвон»), Бачана («Абадият қонуни»), Жаббор («Қора кўзлар»), Майор Солиҳов («Сўнгги ўқ»), Ҳайдар (Кесак полвон) («Шайтанат»), Шокир ота («Еттинчи фалакдан келган овоз») каби роллар ижро этган.
«Оталар сўзи—ақлнинг кўзи» кўрсатувида 100 дан ортиқ роль ўйнаган, 500 дан ортиқ фильм (айниқса, мультфильм, эртак-фильмлар)ни дубляж қилишда қатнашган” [25, К ҳарфи жилди, 521-522-б.]
Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов 2024 йил 2 май куни ижтимоий тармоқлар орқали Ботир Қодиров, унинг онаси Зулхумор Қодирова ва Шерали Жўраев билан боғлиқ воқеаларга гувоҳлик бериб, 19 дақиқадан зиёдроқ вақт мобайнида гапирди. Унинг катта маърузасини оқ қоғозга кўчириб олдим, компютерда тердим ва қуйида келтирдим.
“Биз тирик гувоҳлардан икки-уч киши қолдик, манимча. Лекин Андижон билади. Энг тирик гувоҳлардан менинг оғайним Тоҳир Ўринбоев деган йигит бор. Тоҳирни “Ўзбекистон энсиклопедиясисан” деб атайман (Тоҳир аканинг гувоҳлик гапларини 15-параграфда келтираман, иншааллоҳ, Ш.А.). Чунки Шер билан жуда кўп юрган.
Мен учинчи курслик пайтимда Шерали биринчи курс (талабаси) эди. 1979-1980 йиллар орасида Ўктам Усмоновнинг “Гирдоб” видео филмида Азиз Қосимовни ўйнаганимда Ўзбекистонда жуда катта шов-шув бўлиб кетганди. Шу муносабат билан у пайтлар тўйларни оборардим. Кўп маротаба тўйларга борардим.
Ман Андижон фарзанди бўлганим учун Андижонга кўп таклиф қилишарди. Спектаклдан бўш бўлсам борардим. Бўш бўлмасам, узр сўрардим. Санъаткорлар учун алоҳида круглий (айлана) жой қилиб қўйишарди. Шу ерга бориб ўтирардим. “Тошкентдан андижонлик меҳмон келди” деб ман билан жуда қадрдон бўлиб сўрашарди. Шунда Зулхумор деган бир қиз даврада ўйнади. Зулхуморни биринчи кўришим. Шунақа чиройли нафосат билан ўйнаб келиб, санъаткорлар бўлгани учун санъаткорлар даврасидаги стулга ўтирди. Шу билан танишиб олдик.
Шерали мендан уч курс пастда ўқиганла санъаткорлари, ер қимирлаганда квартирада яшаганларимиз, битта нон ололмасдан, ўн тийин пул топаолмаганимиз, квартира тополмасдан Шер билан биргаликда ўша Педагогика институтининг орқасида живой изгород (бута ғов) орқасида бошимизга чемоданимизни қўйиб ётган пайтларимиз. Шер билан биргаликда жуда кўп қийинчиликларни тортганмиз.
Доим тўйга борсам, у ёқ (Зулхумор) ҳам таклиф қилинармиди, билмайман. Келиб олдимда ўтирарди, суҳбатлашардик. Манимча, Зулхуморнинг кўзи тез-тез пирпираб турарди. У кўзини тез қоқарди, чарчармиди. Бир куни келувди. Ман Тошкентдан борган бўлсам ҳам аёл киши ҳурмати ўрнимдан туриб кутиб олдим. Ўтқаздим. Иккита йигитдан нарида ўтирибди. У ёқдан, бу ёқдан суҳбат қилдимда, бундай қарасам қорни дўмпайиб қолибди. “Эй, Зулхумор, ҳомиладормисан?” дедим. “Ҳа, Шерали Жўраевдан болам бор” деди. Шерали Жўраевдан деганини эшитиб ҳайрон бўлиб қолдим. “Шерали Жўраевданми?” десам, “Ҳа” деди. “Илоҳим, ўғилми, қизми, бағрингга босиб олгин” деб дуо қилдим.
Ман қулоғим билан эшитганим. Ёлғон гувоҳлик бериш жуда катта гуноҳ ҳисобланади. Билиб туриб айтмасак, нариги дунёда “Сан билиб туриб айтмагансан” деб жамоа олдида Аллоҳ санга азоб бераркан. Бу мани ўзимнинг билганим. Буни нафақат ман, ҳамма билади.
Энди ман бир нарсага ҳайрон бўламан. Дунёда шундай бир улуғ сиймо борким, бу сиймо олдида ҳаммамиз ҳам бир умрга қарздормиз. Бу сиймо – она. Осмондан санқиллаб тушганимиз йўқ, ердан қўзиқориндек чиққанимиз йўқ. Ҳаммамизни она туққан. Тўғрими? Тўққиз ой (қорнида) кўтариб, икки йил опичлаб, касал бўлсак шифокор, йиқилсак – мададкор бўлган бу она. Она шаънига нотўғри гап гапиришдан эҳтиёт бўлиш керак. Она – бу. Волидаи муҳтарама, дейди.
Агар бирортаси онанинг номини тилга олиб сўкадиган бўлса, албатта ўзига яраша жазосини ман ҳам берганман. Бу андижонлик чапани сифатида гапираяпман. Андижон фарзанди сифатида гапираяпман.
Кейин у ерда Фарҳод деган бола бор эди. Бир-биримиз билан телефон орқали гаплашиб турардик. Органда ишларди. У одам ҳам Худо раҳматли бўлиб кетди. Қаранг. Ўша қўнғироқ қилди. “Шер фарзандли бўлди. Ўғил кўрди” деди. “Эй, шунақами? Ман Зулхумор ҳомиладор пайтда кўрувдим. Ҳа, эсон-омон қутулиб олибди” дедим. Мана шу гапларни эшитганман. Тушундингизми?
Энди ман бир нарсага ҳайрон бўламан. Булар нима талашади? Ботирнинг ҳам бисоти ўзига етарли. Шералининг ҳам бисоти ўзига етарли. У қаердадир “Ҳов биродарлар! Ман қирқ ёшимда Шоҳжаҳон деган фарзанд кўрганман. Бу манинг фарзандиммас” деган гапни кимнингдир зуғуми билан айтган бўлиши мумкин.
Лекин Шерни яхши биламанки, беникоҳ у аёлнинг олдига яқинлашмаган. Никоҳ билан яқинлашган. Чунки Шернинг характерини жуда яхши билардим. Демак, Ботир шу боланинг фарзандида. Фарзанд у ахир. Тўғрими? Шундай бўлгандан кейин ким билади? Кимнингдир зуғуми билан айтдими бу гапларни? Ман билмайман.
Ман энди айтмоқчиманки, эй кучаниб яшаб нима қиласан? Нафас олиб, нафас чиқариб яшагин, ҳов болаларим. Ман ҳозир 40-42 йиллик гапни гапираяпман.
Ботир Жўраев бўлиб янги чиққанида “Ботир шунақа ашулачи бола бўлибди”, деб ўйладим. Кейин Қодиров бўлди. Нега бу Қодиров бўлди, десам, булар зуғум қилиб “Фамилиянгни ўзгартир” дейишибди. Жиндак дилим оғриди. Фамилиясини ўзгартиришнинг нима кераги бор энди?
Энди ака-ука ҳеч нарса талашмасдан, бир-бири билан иноқ бўлиб, иттифоқ бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, ака-ука бўлиб мана шу “Халқлар дўстлиги”да агар концерт берадиган бўлса, халқ икки ой тўхтамасдан кўриши мумкин. Ҳозир ким ўзининг обрўсини йўқ қилди? Мана шу ким ҳақ бўлиб чиқса майли. Ноҳақлар ўз обрўсини йўқ қилдику. Тўғрими? Яхшимаску шунақа қилиш.
Ман санъаткор сифатида дилимдан айтаман: ака-укалар бир-бирига бунақа зуғум қилиши яхшимас. Ботир дунёга келганида булар дунё юзини кўрмаган болалар эди. Ботир ҳам, манича, 43-44 га бориб қолган бўлса керак. Шундай бўлса, демак 42-43 йиллик гапни гапираяпман.
Ўша Зулхумор – Ботирнинг онаси кўзини тез-тез пирпиратиб юмиб турарди. Ҳали ҳам кўз олдимда. “Шерали Жўраевдан болам бор” деган сўзини мана шу қулоғим билан эшитганман.
Журналист саволи. Зулхумор опа ўзи табиатан қанақа аёл эди?
Эркин Комилов жавоби. Мен Зулхуморни ҳар замонда бир кўрардим. У табиатан жуда оғир, босиқ, энди гўзал аёл эди. Бировга ошиқча қичиқ қилиб ўйнаганнни кўрган эмасман. Ўша оддий музикага чиройли ўйнарди-да, келиб ўтирарди. Шунинг учун “Зулхумор, мана шу ашулага ҳам битта ўйнагин” деб турардим ман. Томоша қилардим.
Чиройли рақс санъати ҳам катта санъат бу. Рақс санъати ҳамманинг қўлидан келадиган эмас. У ҳам Аллоҳ юқтирганларга юқади. Ҳаммага юқтирмайди. Зулхуморга Аллоҳ рақсдан юқтирган эди. Шунинг учун ҳам одамлар таклиф қиларди, у бориб ўйнарди. Таклиф қилмаса инсон ўзидан-ўзи тўйга кириб бормайдику. Тўғрими? Айниқса санъаткор. Таклиф қилгани учун борарди. Чиройли ўйнарди. Одобли эди. Бировга ёмон қараганини кўрган эмасман. Ман нечи марта кўрган бўлсам, бу аёлни бунақалигини ман билмайман. Бокира, ҳаёли, иболи аёл эди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. Ҳар иккаласи ҳам ётган жойлари гулу райхон ислари билан тўлсин. Аллоҳу акбар!
Журналист саволи: Ботир Қодиров масаласида устоз санъаткор билан гаплашганмисиз?
Эркин Комилов жавоби: Шерали биланми? Йўқ! Йўқ! Гаплашмаганман. Ўзи тез-тез учрашиб турардик. Бунақа масалалар ҳақида гапирмасдим, гарчи яқин бўлсак ҳам. Шералининг иши ҳам кўп эди. Баъзи пайтлар шеърлар, ғазаллар масаласида қўнғироқ қиларди. Соатлаб гаплашардик. Ғазаллар, шеърларни расшифровкаси қилиш (нималигини айтиб бериш, А.Ш.) масалаларида гапирардим. Қўлимдан келганча айтиб берардим.
Бу ерда битта нарса борки, биринчи аёлидан 15 ми, 16 йил фарзанд кўрмаган. У аёл касал бўлган. Буни Тоҳир Ўринбоев жуда яхши билади. У Самарқанднинг анақасига ажрашганидан кейин олиб бориб қўйган. Ўшандан фарзанд кўрмагани учун Шерда шубҳа туғилган бўлиши мумкин: “Наҳотки мен фарзанд кўрмасам” деб Зулхуморга уйланган бўлиши мумкин. Ман ўзимнинг фикрим бу. Кейин бундан фарзанд кўргач хурсанд бўлган. “О, ман фарзанд кўрдим, деб еру кўкка сиғмаяпти” деб манга Фарҳод айтган.
Ундан кейин ман кўрган эмасман. Ундан кейин “Табриклайман” деган сўзни айтмаганман. Ўғил бола бўлгандан кейин фарзанд кўради-да. Буни мен айтдим нимаю, айтмадим нима. Лекин жуда бунақа бўлиб кетишини билганимда ман айтардим.
Кейин ман ҳайрон бўлдимки, “Бу ҳароми” деган сўзларни гапирган. Бу оғайним Худога жуда ишонган бола бўлган. Художўй бўлган. Нега бу сўзни айтди? Ана шунинг мағзини топиш керак. Бу сўзни айтишга ким мажбур қилди? Шернинг ўз ақли етарлию. Ҳақиқатни ўзи билан олиб кетди энди. Буни ҳеч ким тасдиқлаб беролмайди. Маники ҳам гап бу.
Лекин Зулхумор “Шерали Жўраевдан болам бор” деб айтган. Шу қулоғим билан эшитганман. Бунинг тирик гувоҳи Тоҳир Ўринбоев деган оғайниси бўлган. Доим бирга юрган. Баъзи бир тўйларда Шерга хусумат қилган томошабинлар ҳам бўлган, “урамиз” деган томошабинлар ҳам бўлган. Шералини муҳофаза қилган Тоҳир Ўринбоев бўлади. Шералини жуда чиройли яхши кўрарди. Тоҳирнинг энг қадрдони – бу Шерали Жўраев эди. Лекин ман шунақа бўлишини билганимда бошқача йўл тутган бўлардим. Бугун ҳозир ноқулай аҳволда ўтирибман.
Ман Зулхумор Худо раҳматлининг гапини гапирдим. Агар ёлғон гап манинг оғзимдан чиққан бўлса, у ёқда мен жавоб бераман. “Шерали Жўраевдан болам бор” деган сўзни эшитганман. Ҳайрон бўлиб қолганман. “Шерали Жўраевданми?” десам “Ҳа” деган. “Ўғилми, қизми, бағрингга босиб олгин” деганман шу. Лекин у пайти ҳамма қарайдиган қиз эди. Кўзи ҳар замонда пир-пираб турардию, Аллоҳ Зулхуморга гўзалликни берган эди. Жойлари жаннатда бўлсин. Кейин эшитдимки, Зулхумор қазо қилибди. Эй, Зулхумор нега қазо қилади? Кейин потаҳага бордим, айтмоқчи. Зулхумор қазо қилганда потаҳага борганман. Унда Ботир бировга танилмаган шунақа бола эди.
Журналист саволи: Устоз, яна бир савол муҳокамалар марказида бўлиб турибди. Шоҳжаҳон “Отамнинг қўшиқларига қоровулман” деб чиққан гапидан кейин бу ижтимоий тармоқларда кескин танқидий муҳокамаларга ҳам сабаб бўлди. Муаллифлик ҳуқуқини қонунан олиб қараганда тўғри. Лекин ижодкорнинг қўшиқлари яшаши учун балки янги ўсиб келаётган ёшлар ҳам бу қўшиқларни куйлаши менимча тўғримасмикан?
Эркин Комилов жавоби: Манга қаранг, ҳозир Ботир Зокиров деса баъзи бир ёшлар “Ким у Ботир Зокиров?” дейди. Тўғрими? Масалан, ўзимизнинг соҳада буюк санъаткор Шукур Бурҳонов ким десанг “Бастакор” деяпти. Шукур Бурҳоновни, Наби Раҳимовни, Сора Эшонтўраевани, Лутфихоним Саримсоқовани, Раззоқ Ҳамраевни, мана шундай буюк санъаткорларни билиш учун уларни тез-тез телевизорда кўрсатиб, тез-тез бизга ўхшаган санъаткорлар оғзига олиб яхши маънода гапириб туриши керак. Сиз тасаввур қилинг, агар Шерали Жўраевни ўн йил биров куйламасин, Шерни биров эсламайдиям, эсидан ҳам чиқариб юборади. Халқ шунақа. Ҳаёт чархалак, дейди, айланади. Энди ўйламасин, ёшлар ҳаммаси Шерни дейди деб. Ҳозир жамиятимизда Шерни билмайдиган ёшлар ҳам бор. Ёшлар қайтдан билади? Бунинг ашуласини куйлаш керак. Ким бўлишидан қатъий назар куйлаш керак. Ман Юлдуз Усмонованинг гапига тан бердим, қойил қолдим. Бу қанақаси энди?
Журналист: Қўшиқларни қафасга солишаяпти.
Эркин Комилов: Йўқ, у яйраши керак. Кимдир айтиши керак шуни. “Нимага менинг ашуламни айтасан?” деб зуғум қилиш яхши эмас. У халқ мулкига айланган. У ким ижро қилмасин, ким уни яратган бўлмасин халқнинг эътиборига ташладими, демак, у халқ мулкига айланган. Ҳамма яхши кўриб куйлаши мумкин, ёмонроқ куйлаши мумкин. Анча ундан ҳам яхшироқ қилиб куйлаши мумкин. Тўғрими?
Журналист: Жамоатчилик кўз ўнгида бу гўёки ҳаммани чеклаб айнан Ботир Қодировга нисбатан қўйилган чеклаш, деган фикрлар, қарашлар бор.
Эркин Комилов: Яхши эмас. Ман ўйлайман, яхши эмас. Агар Ботир ёмон куйлаганда эди, унда айтса бўларди. Отасидай куйлаяптику, ахир. Лекин мен яқиндан бери кўрмаганман. Бир Андижонда кўрдим. Ман билан сўрашмай ўтиб кетаётганди. “Ҳов, Ботир” дедим. “Эй, Эркин ака, кўрмай қолибман, узр, узр” деди. Майли кечирдим. Ўшанда Ботирнинг бир қўлини олганман. Бундай кейин ман уни кўрмадим. Ман Тошкентда, у Андижонда. Қайтдан кўраман у болани? Кўрганмасман.
Журналист: Устоз, мана сўнгги сўз ўрнида Жўраевларга ва Ботир Қодировга, умуман олганда, уларга нима деган бўлардингиз?
Эркин Комилов:
Сен дунё талашдинг, кулди бу дунё,
Гоҳ йўлдан адашдинг, кулди бу дунё.
Талашиб, тортишиб ўтдинг дунёдан,
Қаҳ-қаҳ урганича қолди бу дунё.
Бу дунё қолаверади. Инсониятни кўтариб обкетаверади. Ман доим айтаман: Дунёнинг яралганига 4,5 миллиард йил бўлган бўлса, ҳали бирорта одам у ёқдан бу ёққа келган эмас. “Биз фалон жойда бўлдик” деганмас. Бола-чақа ҳам бир ой, икки ой йиғлайди. Кейин кўникади. Сиз билан бизнинг ўша ётган жойимизда нур билан ёруғ қилиб турган бу бир-биримизга қилган яхшилигимиз. Бандалик ҳам бир-бирига яхшилик қилса, мурувват қўлларини чўзса қиёматгача ётган жойни нур билан обод қиламан, деган Аллоҳнинг ваъдаси бор. Бу Аллоҳ ваъдаси. Шунинг учун ман ака-укаларга илтимос қилардим: оқибатли бўлинг беш кунлик дунёда. Беш кунликнинг ҳам уч куни қолди. Уч кунлик дунёда оқибатли бўлиб, иймону эътиқодини сақлаб, бир-бирига мурувват қўлларини чўзиб яшаса халқ ҳам рози бўлади, мухлислари ҳам рози бўлади. Ўзларининг ҳам кўнгли тўқ бўлади. Тамом.” [24]
Аксар ҳолларда ҳар бир инсон, айниқса аёллар бирор воқеа-ҳодисани ўз оиласи, фарзанди, ўзи фойдаси томонга фикрлайди ва гаиради.
Эркин ака, сиз фақат битта манба - Зулхумор Қодированинг гапи асосида “Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг ўғли” деган маънодаги хулосангизни 2024 йил 2 май кунги интервюингизда айтгансиз ва уларни ака-ука сифатида тан олишларини тавсия қилгансиз.
“Ўзбекистон журналистларнинг касб этикаси кодекси”да ахборотнинг ишончлилиги йўналиши бўйича: “Журналист ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилган ахборотнигина тарқатади ва шарҳлайди. Бунда кодекс унга камида иккита мустақил манба орқали ахборотни текшириб кўришни тавсия этади» деб ёзилган [21].
Эркин ака, сиз ўзбек зиёлиси сифатида камида иккита мустақил манба орқали текшириб кўришингиз ва хулоса қилишингиз керак эди. Сиз бундай муҳим муаммога доир мустақил манба ҳисобланмиш Шерали Жўраев билан 1981-2023 йиллар давомида суҳбатлашиб аниқлаштирмагансиз ва хато хулосага келгансиз.
Разведка соҳасида ҳам бирорта муҳим воқеа-ҳодисага доир маълумот мустақил иккита манбадан тасдиқлансагина ишончли маълумот дея тан олинади.
Суд соҳасида ҳам судя иккала томон фикр-мулоҳазаларини тинглайди. Бунга қўшимча равишда иккала томон тавсия қилган гувоҳлар ҳам судда сўроқ қилинади. Судя ушбу маълумотларга қўшимча равишда суд-медицина эксертлари хулосаларини инобатга олиб суд қарори ёки ҳукмини эълон қилади.
Эркин ака, сизга менинг иккита саволим ҳам бор.
1-саволим: Сиз Шерали аканинг “тўнғич фарзанди” бўлмиш Ботирнинг туғилганлиги билан табрикламадингизми? Табриклаганингизда Шерали аканинг бу борадаги аниқ фикрини эшитган бўлардингиз.
2-саволим: Одатда инсон дастлабки фарзанди, айниқса ўғил туғилганида дўстларга, таниш-билишларига ош дамлаб зиёфат қилиб беради. Шундай зиёфатда қатнашганмисиз ёки қатнашган инсонларни биласизми? Ахир ўша йиллари Шерали Жўраев Ўзбекистоннинг энг бой инсонларидан бири эди ва унга зиёфат ташкил қилиш, элга ош бериш муаммо эмасди.
Таққослаш учун, узоққа бормай, ўзингиз тўнғич фарзандингиз туғилганида қандай тадбирларни амалга оширгансиз?
Менимча, ўша 1981 йилда ҳам, кейинчалик ҳам Шерали Жўраев Ботир Қодировни ўз ўғли деб ҳисобламаган ва шу сабабли катта зиёфатлар уюштирмаган.
15. ТОҲИР ЎРИНБОЕВ ГУВОҲЛИГИ ВА УНГА ЖАВОБИМ
Фото 5. Тоҳир Ўринбоев. [27]
Шерали Жўраевнинг сохта дўсти Тоҳир Ўринбоев 2024 йил 2 май куни ижтимоий тармоқлар орқали Ботир Қодиров, унинг онаси Зулхумор Қодирова ва Шерали Жўраев билан боғлиқ воқеаларга гувоҳлик бериб, 11 дақиқадан зиёдроқ вақт мобайнида гапирди. Унинг катта маърузасини оқ қоғозга тўлиқ кўчириб олдим, компютерда тердим ва қуйида келтирдим. У русча сўзларни кўп ишлатгани боис ўша сўзлар таржимасини қавс ичида ёздим.
“Шерали Жўраев билан бирга Асакада катта бўлганман. 1966 йилда Тошкентга бирга келганмиз. Ман институтга кирганман. Шер олдин Оқартув (техникуми)га кирган. Кейин Театралнийга кирган. Кейин бирга обшежитие (ётоқхона) ларда, квартираларда бирга ётиб, йўқ (чилик) пайтида оч қолиб қаттиқ нон еб, ВУЗгородок (Талабалар шаҳарчаси)да югуриб ана шунақа катта бўлганмиз.
Кейин тақдир тақозоси билан институтни битиришдан олдин Шерали Жўраев Хурсандой Тошпўлатова деган (қизни) яхши кўриб биринчи уйланди. У қиз Текстилний (Тўқимачилик) институтда ўқирди. Кейин улар бирга яшади. Кейин бу ердан Асакага кетдик. Ман Асакада иккита ишда ишладим. Шерали Жўраев Филармонияда ишларди. Тақдир тақозоси билан хотини иккиқат бўлиб, ҳалиги бола нобуд бўлиб туғмай қўйди. Шу билан фарзандсиз бўлиб қолди.
Ботир Қодировнинг онаси ва бувилари театрда ишлашарди. Филармониядаги Тожихон опа, эсимда, жуда ажойиб аёл эди. Тўлаган Исоқовнинг опаси Малоҳат Исоқова бўларди. Булар театрда балетмейстер эди. Ботирнинг холаси Дилором раққоса эди. Ўша пайтда Зулхумор саккизинчими тўққизинчи синфда ўқийдиган кичкина қиз эди. Жуда жозибали қиз эди. Рақсга тушганида Мукаррам опалар йўлда қолиб кетарди. Бу қонидан чиққан раққоса эди. Шернинг музикаларига шунақа тушардики, Шернинг ўзи жинни бўлиб қоларди.
(Зулхумор) тўққизинчи синфдан ўнинчи синфга ўтиб-ўтмай Шер Қўрғонтепада очиқ театрда катта концерт қўйганди. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Розовий (пушти) кўйлакда чиқиб саҳнада рақсга тушди. Кун иссиқ, офтобда. Шу 1-1,5 метр (баландликка сакраб) тизза билан ўйинга тушгандан кейин эртасига тиззаси қонаб кетганини Шер (кўрган ва) “Бунақа қилмагин” (деган). Қип-қизил қон. Мана шу сакраб ирғиш санъатини ана у хоразмлик ўйнаганлар қилади. Бунинг асли асосчиси Зулхумор бўлади. Шунақа талантли қиз эди.
Шер фарзанд кўрмасдан булар ўртасида бир-бирини яхши кўриб қолди. Шер шу қизни яхши кўриб қолган. Ман шуни гувоҳиман. Кейин Шер бунга уйланмоқчи бўлди. У вояга етмаган эди. Кейин шаръий никоҳ ўқитдик. Ҳалим қори исмли домуллани ҳам мен олиб келганман. Эсимдан чиқмайди. Шернинг Ҳайитвой деган бир жияни бўларди. Шу шоферлик (ҳайдовчилик) қилди. Шунинг машинасида олиб келиб Андижон микрорайонида Ботир онасининг уйида никоҳ ўқитганда мен устида турганман. Шундан кейин ҳалиги болага қўшилишиб Ботирга ҳомиладор бўлиб қолди. Ботирга ҳомиладор бўлганда қиз ҳали вояга етмаганлиги учун тўполон. У пайтда ёмон эди.
Кейин биз Ботирнинг холалари билан ЯК-40 самолетда Душанбага бордик. Буларнинг Азиза деган катта опаси бўларди. Ҳозир ҳам у мана шу ерда юрибди. Азизанинг эри жуда олийжаноб йигит бўлиб, Ислом деган таксист эди. Шунинг уйига олиб бордик. Душанба шаҳрининг ўртасида Зелений (Яшил) бозор орқасидаги маҳаллага олиб бордик. 1,5-2 ойда, 1981 йил май бошида Ботир туғилган. Байрам бўлган. Шерали ичмайди. Мен хурсанд бўлганимдан ҳар куни ичганман. Мен Шерга “Мана” деб Ботирни яланғоч кўтарганман. Мен 1980 йилда қиз кўрганман. 1981 йилда Шер ўғил кўрдида. Менинг уйимга келиб “Ботир қўйдик” деб бақирганига менинг хотиним шоҳид. Менинг аёлим судя эди. Олий судларда ишлаган. Кейин биз ҳар доим буларнинг уйидан хабар олардик.” [28]
ИЗОҲ 1. “Май ойида 81 йилда Ботир туғилган. Байрам бўлган ўша пайтда. Мен Ботирни яланғоч кўтариб Шерга кўрсатганман. Уйга келиб ‘Исмини Ботир қўйдик’ деб роса бақирганман. Аёлим шоҳид бунга», — деди Тоҳир Ўринбоев.» [29]
“Микрорайонга бориб кечқурунлари узоқ ўтирардик. Ботир кичкина болалик пайтида алюмин тоғораларни берса, янгратиб чалиб кетса, мен Шерни танқид қилардим: “Бу доирачи бўладими, ашулачи бўладими?” деб роса кулардик. Кўтариб юрардик. Шундай яхшилар бўлди.
Кейин Шерни Тошкентга Филармонияга чақириб олишди. Хумор у ерда (Андижондаги микрорайонда, Ш.А.) қолиб кетди. Шунинг орасида ҳалиги узоқ-узоқ бормай турганига. Энди Шер тинмасди-да. Ўртада ҳар хил “деди-деди” деган гаплар чиқаришди, ғийбатлар бўлди. Хуллас, булар учрашмай қўйишди.
Энди вақти-соати келиб учинчи хотини – ҳозирги Шоҳларнинг онасига (Гулнорага, Ш.А.) уйланди. Пўлат Носиров деган артист бўларди. Шуни хотинининг синглиси бўлади. Панораманинг олдида квартирада туришарди. Ҳаммаси яхши кетаётганди.
Ўртада совуқчилик тушишига сабаб – булар Ботир борлигини билиб қолишади. Ботир борлиги буларгача бўлганку. Бу ерда энг катта хато – бу Ботирдан кейинги болалар. Ботир 40 йилдан ошиқ индамай юрди. Шер ҳақорат қилганида ҳам гапирмади. Охири онани гапирганидан кейин бу иш қўзғалиб кетди. Лекин яхши бўлмади. Ана у бола (Шоҳжаҳон, Ш.А.) кибр, ҳалиги мания величияга (улуғлик васвасасига) берилиб кетди. Мендан қочади. Манинг қаерда записим (ёзмам) бўлса ўчиради. Ҳалиги Зўр ТВда ялиниб телефон қилишгач борсам, мани ўчиртириб ташлайди шу бола. Нимага бунақа билмайман.
Ман кўп нарсани биламанда. Буларга ёқмайди. Мен Шер тўғрисида булардан кўпроқ нарсани биламан. Шунинг учун мен буларга ёқмайман.
Журналист саволи: Шоҳжаҳон билан ўрталарингизда очиқча келишмовчилик бўлмаган-а?
Жавоб: Меними? Менга нима кераги бор? Мен отаси билан тик туриб гаплашсам. У ким манга? Лекин тўғрисини айтсам. Кичиги бор – Зоҳири (Зоҳиршоҳ). Отасининг дуосини олган бола. Ниҳоят яхши бола. Зоҳирни мен жуда ҳурмат қиламан. Бу – ўйинчи. Икки томонга ўйнайдиган. Сабаби: энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Мен ҳали айтдим. Бир костюмини кўрсатиб “Биров киймасин” дейди. Бир носкиси (пайпоғи)ни кўрсатиб “Биров киймасин” деб интервю беради. Дилфуза Исмоилова деган бир ашулачи актриса қиз бор. Ўшани фоҳиша деб, мушукка ўхшаб кечирим сўраб ўтирибди. Бу эркак кишига ярашмайдиган иш. Энди мана шунақаларга ўрганиб қолиб ўз туққан онаси устидан шикоят қилган йигит. Нима дейиш мумкин? Ўшанинг учун мен индамасдим. Хафа бўлдим.
Битта нарса: Ҳалим Жўраев манга телефон қилди. “Ака, ёрдаминг керак. Шунақа иш бўлаяпти” деди. “Нима бўлаяпти?” десам “Судга берибди” деди. “Тўхта, - дедим. – Суд бошланмадими? Аризани олса бўлаверади. Нима бўпти? Тошкентга келиб учаласини йиққин. Учаласини йиғайлик. Мени чақир. Кейин ман иккаласига дарс берай. Ман гувоҳман. Бунга нима тегишасан? Бу сандан олдин бўлган. Санлар унда йўқ эдинг. Онанг унда Радиокомитетда ишларди. Қўйларинг. Эшитсанг эшит, эшитмасанг айтаман”
Кейин мандаги фактлар. Ман булар учун Азроилман. Бу оила учун. Чунки мани ёмон кўришини аниқ биламан. Шер манга кечалари соатлаб йиғларди “Тоҳир сандан бошқа одам йўқ” Мен ухлаб қолиб телефонимни кўтарсам ҳам гапираётган бўларди. Шунчалик кўп манга дардини айтган. Шунинг учун болалар яхши иш қилмади.
Мен Зоҳирдан хафа эмасман. Булардан хафаман. Пўлат Носирнинг иккинчи хотини Тожихон холалари. Ўшани ҳам мен кўрмадим. Лекин жуда яхши билади.
Кеча стенограммасини ўқиб “Консертингни расво қиламан, шарманда қиламан, ўлдираман”. Угроза (дўқ-пўписа) қилибди. Хотинга ярашмайдиган иш. Нима қиласан унақа қилиб? Сени биламану кимлигингни. Мана шунинг учун бу угрозаларни жойига қўйиб, предостережение (огоҳлатириш) қилиб қўйишим керак. Ботирни асраш учун. Бунақа қабиҳ ишлар ҳар балодан келадида.
Журналист саволи: Шерали Жўраев нимага тириклик вақтида бу учун ака-укани учраштириб кўриштириб қўймади?
Жавоби: Айтдимку, Шерали Жўраев бир ҳароми-пароми деганда. Ҳалиги тўйда битта жойда: “Менинг болам эмас. Мен 40 ёшда бола кўрдим” деганда ман унинг ёқасидан олганман. “Нега нотўғри гапирдинг? Ахир ман гувоҳманку. Сан нимага бунақа ёлғон гапирасан?” деганимда Шер охири йиғладида: “Ўртоқ, - деди. – Мен шариатда оилани муқаддас сақлаш учун ёлғон гапирса ҳам бўлади” деган жойи бор. Шунинг учун ёлғон гапирдим” деди. “Бунинг оқибати ёмон бўладику. Сени нима зомби қилиб қўйдими? Нимага қўрқасан?” дедим. Лекин ички муҳит буни еди.” [28]
“Энди айтадиган гап бор. Айтмайдиган гаплар бор. Бу Шер Аллоҳ берган бир талант эди. Ман жуда ҳам кўп, ниҳоят бировга айтиб бўлмайдиган сирлари бор эди. Кўп нарсани ичида олиб кетди. Энди охири обод бўлсин. Лекин бу нотўғри иш. Бунинг руҳини бунақа чириллатиш керак эмас. Иймоним комил Ботир ютади. Бу ўзини ҳалиги керакмас ишни қилди-да. Ёмон товуқ сомон сочар экан, ўзини кетини ўзи очар экан.
Нимага керак санга? Ўйлаб кўр. Сангача отанг нима иш қилган бўлиши мумкин. Индама. Лекин Ботирга қойил қолиш керак. Ўша пайтда ҳароми деса ҳам индамади бу. Охири она. Менинг кўзим олдида туради Хумор қанақалиги. Энди унақа дейиш керак эмас-да. Бировнинг онасини сўккан одамни таъзирини бериш керак, қизим” [28]
ИЗОҲ 2. Тоҳир Ўринбоев – сиз Шерали Жўраев бундай деган, деб айтибсиз: “Ўртоқ, - деди. – Мен шариатда оилани муқаддас сақлаш учун ёлғон гапирса ҳам бўлади” деган жойи бор. Шунинг учун ёлғон гапирдим” деди” ([28]).
Менимча, Тоҳир Ўринбоев – сиз шу ерда ёлғон гапиргансиз ва ёлғон гувоҳлик бергансиз. Аввал буюк Ислом динимизда қандай ҳолатларда ёлғон гапиришга руҳсат берилганлигини аниқлайлик. Бу ҳақда берилган саволга www.islom.uz сайтида “Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъати 2018 йил 20 апрел куни жавоб ёзган ([30]).
“Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам, ундан каттароқ зарарни қайтариш учун уч ҳолатда истисно тариқасида ёлғон ишлатишга рухсат берилган.
1. Одамлар орасини ислоҳ қилиш.
Мусулмонларнинг бир-бирлари билан урушиб юришлари жуда ҳам ёмон иш. Бу ёмон иш оқибатида инсонларнинг ва жамиятларнинг ораси бузилади.
Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, урушишлари барча бало-офатларнинг бошидир.
Шунинг учун бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандай қилиб бўлса ҳам уни бартараф қилишга ўтиш зарур. Бу йўлда ҳатто ёлғон гапирилишига ҳам рухсат берилади.
Одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақатгина яхшилик учун ёлғон гапиради.
2. Урушда ғалаба қилиш учун.
Душман билан бўлаётган қуролли қарама-қаршилик ҳаёт-мамот жанги бўлади. Бу жангда душман қўлидан келган барча ишларни, жумладан, ёлғонни ҳам ишга солади. Агар аскар енгилса, барча уммат ва миллат душман асорати остида қолади.
Шунинг учун ҳам кўпчилик манфаати йўлида душманни доғда қолдириш учун ёлғон гапиришга рухсат берилган.
3. Оиланинг аҳиллигини сақлаб қолиш учун.
Ҳар бир жамиятда оиланинг аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Аҳил оилада ўсган болалар салоҳиятли фуқаро бўлиб ўсадилар. Ота-онанинг жанжаллари садоси остида ўсган болалар эса салоҳиятли фуқаро бўлишлари қийин.
Шунинг учун ҳам эр-хотин орасидаги ўзаро аҳиллик жуда ҳам муҳимдир. Ана ўша аҳилликни сақлаб қолиш мақсадида эр-хотинга бир-бирларига яхшилик маъносида ёлғон гап айтишларига рухсат берилган.
Ушбу истисно тариқасида рухсат берилган уч ҳолатдан бошқа ҳолларда ёлғон гапириш мутлақо мумкин эмас» [30]
Тоҳир ака, эътибор беринг: «ЭР-ХОТИН ОРАСИДАГИ ЎЗАРО АҲИЛЛИК ЖУДА МУҲИМДИР. АНА ШУ АҲИЛЛИКНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ МАҚСАДИДА ЭР-ХОТИНГА БИР-БИРЛАРИГА ЯХШИЛИК МАЪНОСИДА ЁЛҒОН ГАП АЙТИШЛАРИГА РУХСАТ БЕРИЛГАН” [30]
Тоҳир ака, эр-хотин орасидаги ўзаро аҳилликни сақлаб қолиш мақсадида ёлғон гап айтишларига рухсат берилганини рукач қилиб тўйда йиғилган юзлаб инсонлар олдида, ушбу видеони Интернет сайтларга қўйиш орқали миллионлаб ватандошларимиз олдида ёлғон гапиришга рухсат берилган эмас! Шариатимиздаги ушбу оддий ҳақиқатни Шерали ака жуда яхши билган ва сиз таъкидлаётган “Мен шариатда оилани муқаддас сақлаш учун ёлғон гапирса ҳам бўлади” деган жойи бор. Шунинг учун ёлғон гапирдим” деган гапни Шерали ака айтмаган.
Эслатиб ўтаман: Шерали Жўраев ўз умри давомида Ислом динимиз талабларини чуқур ўрганган зиёли инсон эди. Шерали аканинг диний билимларига юқори баҳони машҳур уламоларимиздан раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1950-2015) ҳам, Тошкентнинг бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов (1958-2018) ҳам, таниқли имом Фозил қори Собиров (1951-2009) ҳам ва бошқа имомларимиз айтган ва кўп йиллар давомида ўзаро алоқада бўлишган. Ҳатто Шерали Жўраев вафотидан кейин уни раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1950-2015) қабри ёнига дафн этилгани ҳам буни исботлаб турибди.
Тоҳир Ўринбоев – сиздек сохта дўст “Ўртоқ, - деди. – Мен шариатда оилани муқаддас сақлаш учун ёлғон гапирса ҳам бўлади” деган жойи бор. Шунинг учун ёлғон гапирдим” деди” деган сохта гувоҳлигингиз орқали оддий намозхон биладиган ёлғон гапириш мумкин бўлган ҳолатларга доир диний билимни Шерали Жўраев билмаган қилиб кўрсатмоқдасиз. Шунинг учун ҳам бу гапингиз ёлғон гапдир ва ёлғон гувоҳликдир!
Жаноб Тоҳир Ўринбоев, сизга ёлғоннинг зарарларини ҳам эслатиб қўяй.
“Ёлғоннинг зарарлари:
1. Ёлғон ўз эгасини парчалайди.
2. Ёлғон ўз эгасини дўзахга олиб боради.
3. Ёлғон узоқни яқин, яқинни узоқ қиладиган саробдир.
4. Ёлғон мурувват, жамол ва чиройни кетказади.
5. Ёлғон ақл ўғрисидир.
6. Ёлғончи хору зор бўлади.
7. Ёлғон дину дунёни бузади.
8. Ёлғон пасткашлик аломатидир” [30]
Жаноб Тоҳир Ўринбоев – сиз улуғ ҳофиз Шерали Жўраевнинг сохта дўстидирсиз. Донишманд ҳофиз Шерали Жўраев 1967 йилда яратган “Ажаб ҳангомалар кўрдим” қўшиғида “Дўсту душман ичрадирман, билмам, сирим кимга айтдим” деб куйлаганди. Менимча, бу сатр сизга ўхшаган сохта дўстлар ҳақида эди.
Шерали ЖЎРАЕВ шеъри ва қўшиғи
АЖАБ ҲАНГОМАЛАР КЎРДИМ
Жаҳонни кездим, эй дўстлар, ажаб ҳангомалар кўрдим,
Тоғу тошу боғу роғу гулу гулзорлар кўрдим.
Жаҳонга келганин сезмай, кетар вақтини ҳам билмай,
Бу қандай сир, дебон ҳайрон, яна ҳайроналар кўрдим.
Нафинг тегса дўстлик қилган, ҳатто итингни сизлаган,
Пул-мол учун дўст бўлган ажаб дўст-ёрлар кўрдим.
Ўзи хушрўй кўрингувчи, инсонларни алдагувчи,
Одамзоддан яралгувчи ажаб шайтонлар кўрдим.
Биров ундоқ, биров бундоқ, дебон ғийбатни этгувчи,
Шайтонга ҳам дарс бергувчи ажаб инсонлар кўрдим.
Қариндош-у ётдик юрган, бир-бирига қош чимирган,
Бир онадан оқ сут эмган ажаб бегоналар кўрдим.
Бугун унда, эрта бунда, юрар ҳуснин сотиб кунда,
Ҳазар этгай ер ҳам ундан, ажаб шармандалар кўрдим.
Худо номин олиб тилга, одамлардан юлиб ўзга,
Амал қилмай ўз илмига юрар муллолар кўрдим.
Киши ошини еб бирга, товоғини уриб ерга,
Туз еб туриб, туздонига тупурган девоналар кўрдим.
Ҳамон кезмоқдаман, дўстлар, кезиб охир бунда етдим,
ДЎСТУ ДУШМАН ИЧРАДИРМАН, БИЛМАМ, СИРИМ КИМГА АЙТДИМ.
Мардлар билан ўлтирганда дўстлик шаробини ичдим,
Номард билан ўлтирганда мардлар ғийбатин эшитдим.
Гўзаллар-ла ўлтирганда жаҳонни ғамидан кечдим,
Жаҳонга келдим-у, аммо билолмасман қачон кетдим.
Ғаму ҳасратимни охир дўстлар ким шунга айтдим,
Йиғилган дўстлар ичинда яна дўст-ёрлар кўрдим. [31, 4-б.], [32]
1967
“SEVIMLI TV” телеканалидаги “Эслаб-эслаб” кўрсатувининг 2019 йил январдаги 13-сони улуғ ҳофиз Шерали Жўраевга бағишланди. Кўрсатувда таклиф қилинган эски дўстлар тўпланишди. Лекин улар орасида сиз йўқ эдингиз. Шерали ака сизни кўрсатувга таклиф қилмаган бўлса керак. Кейин бошловчи Фарҳод Абдуллаев (1957) таклифи билан сиз ва самарқандлик эски дўсти Раҳмон ака залга кириб келдингизлар. [33]
Ўзбек халқининг яхши мақоллардан бирини эслатай: “Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит”. Шу мақолга амал қилиб, рус халқининг миллат виждони ва буюк инсонпарвари академик Дмитрий Лихачев (1906-1999) сохта дўстининг чақимчилиги сабабли беш йилга қамалганига доир битта воқеани гапириб берай. Аввал у ҳақда қисқача маълумот.
“ЛИХАЧЕВ Дмитрий Сергеевич [1906.15(28).11, Петербург - 2001, Санкт-Петербург] — рус адабиётшуноси, жамоат арбоби, академик (1970). 1928 йилда Ленинград университетини тугатган. Рус адабиёти институти (Пушкин уйи)да (ИГА)... илмий фаолиятини бошлаган. 1954 йилдан шу институтда қадимги рус адабиёти бўлими мудири, Ленинград университети профессори (1946—55). 1928—32 йилларда репрессияга учраган.
Лихачёв 10—17-асрлар рус адабиёти ва маданияти тарихчиси сифатида рус адабиётшунослигининг муҳим назарий масалалари билан шуғулланиб келган («Игорь жангномаси», 1950; «Қадимги рус адабиётида сон», 1958; «Андрей Рублев ва Епифаний Премудрий давридаги Русь маданияти», 1962 ва бошқалар). Лихачёвнинг қадимги рус адабиётининг пайдо бўлиши, унда инсон характерининг тасвирланиши, адабий йўналишлар, жанр ва услуб тизимларининг ташкил топиши ҳақидаги асарларида адабиёт, халқ ижоди ва тасвирий санъат узвий алоқада ўрганилган: «Қадимги рус адабиёти поэтикаси» (1979), «Рус табиати ҳақида қайдлар» (1981), «Ўтмиш—келажакка» (1985). «Матншунослик» асарида матншуносликнинг мустақил фан эканлигини исботлаб берди. Лихачёвнинг мазкур монографияси ва бошқа тадқиқотлари ўзбек матншунослик фанининг шаклланишига маълум даражада таъсир кўрсатди» [34]
«Ленинград давлат университети ижтимоий фанлар факултети тилшунослик ва адабиёт бўлимининг бир вақтнинг ўзида иккита – роман-герман ва славян-рус бўлимларида ўқиган Дмитрий Лихачев 1920-йилларнинг иккинчи ярмида «Космик фанлар академияси»нинг аъзоси бўлди. Бу кулгили номга эга бўлган тўгаракда Петроград томонида яшовчи ақлли тенгдошлар ён-атрофда содир бўлаётган ҳамма нарсани, жумладан қама-қамалар ва қатл қилишлар, черковларнинг вайрон қилинишини муҳокама қилишди.
1928 йил 8 феврал куни Университетнинг охирги курс талабаси бўлган Дмитрий Лихачевни ота-онасининг Гатчинская кўчаси, 26-уйдаги хизмат хонадонида ҳибсга олишди. У Шпалерная кўчасидаги тергов ҳибсхонасида олти ой ўтирди, кейин эса аксилинқилобий фаолиятни англатадиган 58-модда бўйича беш йилга қамалди. Лихачевни тўгарак йиғилишида қилган иккита маърузасида айблашди – бирида у Совет ҳокимияти йилларида ОГПУ томонидан отиб ташланган одамларнинг статискасини (сонини) келтирди, иккинчиси эса «Муқаддас рус орфографияси анъаналари» деб номланганди. Афтидан, ўша пайтдаги филолог, эҳтимол, умрининг охиригача, ҳақиқатан эски имлони ягона тў¬ғри деб ҳисоблаган, ва унинг болшевиклар томонидан бекор қилинишини Россияни Худонинг иноятидан маҳрум қилган ҳаракат, деб ҳисоблаган.» [35]
“Соловкида жойлашган лагер “давлат ичидаги давлат” бўлиб чиқди, у ерда «совет ҳокимияти» эмас, балки «соловецк ҳокимияти» ҳукмрон эди. Бу шафқатсиз зулмни, оммавий қатлларни ва умуман ақли расо бўлмаган соқчилар томонидан ҳийла-найрангли ваҳшийликларни англатарди. Бу ерда Д.С.Лихачёв кўпгина «мутахассисликларни» эгаллаши керак бўлди: у ёғоч арраловчи, портда ҳаммол, электрчи, тулкилар парвариш ва кўпайтириладиган жойда (питомникда) ишчи, Селхозда сигирларга қаровчи бўлиб ишлади. 1931 йилда Дмитрий Лихачев бошқа маҳбуслар билан бирга Соловкидан олиб кетилди: Оқ денгиз-Болтиқ канали қурилиши бошланди, бунинг учун ишчи кучи талаб қилинарди. Бу ерда у “ҳисоб-китобчи”, кейин темир йўл диспетчери (марказлашган бошқарув пункти ходими) бўлиб ишлашга мажбур бўлди. Узоқ кутилган озодлик 1932 йил ёзида бўлди – “Болтиқ-Беломорканал зарбдори» унвони туфайли муддатидан олти ой олдин бўлиб ўтди” [36]
1996 йил ноябрда Дмитрий Лихачев 90 ёшга тўлди ва бу Россияда кенг нишонланди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори генерал-полковник Сергей Степашин (1952) Дмитрий Лихачевни табриклашга келиб, унга 1928 йилдаги жиноий ишни танишишга берди. У ишда ОГПУга чақимчилик қилган сохта дўстининг ёзма хабарларини ҳам ўқиди. Кейин Сергей Степашинга ишни қайтариб бера туриб бундай деди (маъноси): “Сиз бу ишни менга бекор кўрсатдингиз. Мен уни умрим давомида дўстим деб ҳисоблагандим ва яқин алоқада бўлгандим”. Бу ҳақда Москвада 1978 йилдан бери чоп қилинаётган “Аргументы и факты» газетасида 1996 йилда мақолада ўқигандим.
Эслатиб ўтаман: архивларда сақланаётгван ишлар 25 йил ўтгач бир қисмини, 50 йил ўтгач ярмидан кўпроқ қисмини, ва 75 йил ўтгач тўлиқ ошкор қилишга қонун рухсат беради.
Улуғ ҳофиз Шерали Жўраев “Ёшимиз 90дан 100 дан ўтганда” қўшиғида куйлаганидек 90-100 ёшга кирганида, унга ҳам архивдаги ишларни кўрсатишарди ва у ҳам айрим “дўст”ларининг душманлигидан хабардор бўларди, балким ... [37]
Ҳай, майли, бизнинг авлод ўқий олмаган архивдаги ишларни авлодларимиз ўқир ва ким ким бўлганлигини аниқлашар, иншааллоҳ ...
Буюк ҳофиз Шерали Жўраев куйлаган охирги янги қўшиқларидан бири – бу “Сохта дўст” қўшиғидир. Бу Мавлоно Жалолиддин Румий (1207-1273) ғазалидир. Ушбу ғазалнинг ўзбек тилидаги матнини Интернет сайтларидан ҳозирча топа олмадим. Шу сабабли Шерали ака [38]-манбада айтганидан кўчириб қуйида келтирдим. У ғазалнинг биринчи тўртлигини куйлаб, қолган қисмини ёдаки айтиб, даврадагиларга тушунтиришлар берган. Тоҳир Ўринбоев жаноблари, ушбу ажойиб қўшиқ - сизга ўхшаган сохта дўстларга бағишланган бўлса керак.
Мавлоно Жалолиддин РУМИЙ ғазали, Шерали ЖЎРАЕВ мусиқаси
СОХТА ДЎСТ
Учради йўлингда қанча сенга ҳамроҳ сохта дўст,
Сурмади ҳолинг надур деб, мол-пулингдан очди сўз.
Оқибат оғир кунингда барчаси терс бурди юз,
Деб яна айлаб насиҳат айтадур Мавлоно сўз,
Барчасин топшир Худога, ул эрур ягона дўст.
Йўлимиз беркитиб, ҳар замон очгувчи У,
Жисму жонлар тўнини, чакмонини ҳар замон ечгувчи У.
Ўт қўйиб ҳар кузда ёққай қанча гулзор, боғни У,
Қайта ундиргай яна ундан гулу япроқни У.
Гулла, яшна, қайта бошдан сен яна овоза бўл.
Ҳурматин осмонча қилдинг, душманларингни дўст билиб,
Қанча нопок, қанча номард мунофиққа йўл бериб.
Бунча содда бўлма эй, бевафога дил бериб,
Оқибат куйдинг аламдан жисми жонинг кул бўлиб.
Сенки ёндинг, бас униб чиқ, тоза бўл,
Гулла, яшна, қайта бошдан сен яна овоза бўл.
Деб яна, айлаб насиҳат, айтадур Мавлоно сўз,
Барчасин топшир Худога, ул эрур ягона дўст.
У Аллоҳдир, у Раҳмондир, у Роҳимдир,
У Маликдир, у Қуддусдир, у Саломдир,
У Мўминдир, у Муҳаймин, у Азиздир,
У Жаббордир, у Мутакаббир, у Холиқдир,
У Борийдир, у Ғаффордир, у Қаҳҳордир,
У Раззоқдир, у Раззоқдир, у Раззоқ. [38]
ДАВОМИ БОР