-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 451
Комментариев: 9
Написано: 492


ГУЛНОРА КАРИМОВА ТАҚДИРИ

Среда, 26 Июля 2023 г. 13:22 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ГУЛНОРА КАРИМОВА ТАҚДИРИ

uzn_15554134862 (700x412, 31Kb)
Фото 1. Гулнора Каримова ўғли Ислом (1992) ва қизи Имон (1998) билан. [1]

МУНДАРИЖА

Андрей Малишконинг “Ҳақиқат” номли шеъри. Эркин Воҳидов таржимаси. [2]
Рустам Ғойиповнинг “Ҳақиқат” номли қўшиғи. [3]
Кириш сўзи.
Биринчи қисм. Гулнора Каримова тақдири.
1. 2014: Галима Бухарбаева фикри.
2. Таржимаи ҳоли.
3. Ижтимоий фаолияти.
4. Шахсий ҳаёти.
5. 2013-2014: Уй қамоғи.
6. 2015: Масхарабозлик суди.
7. Ислом Каримов қизи Гулнорани нега қутқара олмади?
8. 2016: Адвокат Грегуар Манжа (1971).
9. 2016: Грегуар Манжа ва Гулноранинг дастлабки учрашуви.
10. 2018: Грегуар Манжа ва Гулноранинг иккинчи учрашуви.
11. 2019: Грегуар Манжа ва Гулноранинг учинчи учрашуви.
12. 2019: Грегуар Манжанинг Ўзбекистонга кириши тақиқланди.
13. Гулнорага қарши айбловлар ва қамалиш саналари.
14. Дор остидан қочган терговчи.
15. 2018: Қамоқдан озод қилиш келишуви.
16. 2019: Алдов.
17. 2019: Грегуар Манжага Гулнора билан учрашишга рухсат беришмади.
18. Тазйиқдаги адвокатлар.
19. Сохта суд.

Иккинчи қисм. Пикетларим ва Мурожаатномаларим.

Учинчи қисм. Постингларга жавобларим.
Фойдаланилган адабиётлар.

------------------------------------------

АНДРЕЙ МАЛИШКО

ҲАҚИҚАТ

Айтар эди бир замон онам:
- Ўсиб катта бўлурсан, ўғлон.
Оқил бўлу мард бўл чинакам,
Бу икки иш эмасдир осон.

Оқил бўлгин. Сен бу ҳаётнинг
Кенг йўлию сўқмоғин ўрган.
Ҳам томчининг, ҳам коинотнинг
Чексизликда кезмоғин ўрган.

ҲАҚИҚАТ – БИР, ҲАҚИҚАТ – АЧЧИҚ,
ШУНДАН ДОИМ БАЛОГА ДУЧОР.
СЕН МАРД БЎЛГИН, СЕН УНГА ОЧИҚ,
ҲИМОЯЧИ БЎЛГИН УСТИВОР.

КЕРАК БЎЛСА ҲАҚИҚАТ УЧУН
ЮРАГИНГНИ ПАРЧА-ПАРЧА ҚИЛ.
КЕРАК БЎЛСА ҲАҚИҚАТ УЧУН
МИНГ БОР ЎЛИБ, МИНГ БОРА ТИРИЛ.

МАЙЛИ, СЕНДАН ДЎСТЛАРИНГ КЕЧСИН,
СЕНДАН КЕЧСИН, МАЙЛИ, ҚОНДОШЛАР.
РОЗИ ЭДИМ МЕН БЕРГАН ЖОННИ
ҲАҚИҚАТГА БАХШ ЭТСАНГ АГАР.

ОҚИЛ БЎЛУ МАРД БЎЛГИН, ЎҒЛОН,
БУ ИККИ ИШ ЭМАСДИР ОСОН.

Украин тилидан ўзбек тилига Эркин Воҳидов ўгирган. [2, 1-ж., 285-б.]

Рустам Ғойипов 2000 йил арафасида “Ҳақиқат» шеърига куй басталаб яхши қўшиқ қилиб куйлаганди ([3]).

КИРИШ СЎЗИ

Сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор Гулнора Каримова 1972 йил 8 июл куни туғилган.
Мен инсон ҳуқуқи ҳимоячиси сифатида у 45 ёшга тўлган кун, яъни 2017 йил 8 июл куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси олдида дастлабки пикетни ўтказдим. 2013 йилдан бери тутқунликда сақланаётган ва 2015 йилда вилла ошхонасида яширин ҳамда нотўғри суд қилинган Ўзбекистон фуқароси Гулнора Каримованинг озод этилишини талаб қилиб мен 2018 йил 7 июл куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси олдида иккинчи пикетни, 2019 йил 8 июл куни учинчи пикетни, 2020 йил 8-9 июл кунлари тўртинчи пикетни, 2021 йил 8 июл куни бешинчи пикетни ва 2022 йил 6, 7, 8 июл кунлари олтинчи пикетни, 2023 йил 7, 8, 9 июл кунлари еттинчи пикетни ўтказдим.

Ушбу таҳлилий мақолам уч қисмдан иборат. Унинг биринчи қисмини “Гулнора Каримова тақдир” деб номладим ва унда Гулнора ҳақида муҳим маълумотлар билан бирга унга қарши ўтказилган адолатсиз судлар ҳақида ёздим.

Мақоламнинг иккинчи қисмида ўтказган еттита пикетим ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига ёзган Мурожаатларимни келтираман.

Ҳар бир пикетимдан кейин Мурожаатномаларимни Фейсбукдаги саҳифамда ва ўнга яқин гуруҳлар саҳифаларида чоп қилдим. Ҳар сафар анчагина ватандошларим ўз норозилигини билдирган постинглар ёзишди. Мен айримларига жавоб ёздим. Улар Гулнора Каримова ҳақида кўпгина фактларни билмасликлари, жумладан у сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор эканлигини билишмас экан. Мен мақоламнинг учинчи қисмида ўша постинглар ва уларга ёзган жавобларимни келтираман, иншааллоҳ.

2023 йил 7-9 июл кунлари ўтказган пикетим пайтида Шавкат Миромонович номига тайёрлаган Мурожаатномам бошида қуйидагича ёздим.

“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Ўқимишли, зукко, олим, ишбилармон, жасур аёл бўлмиш профессор Гулнора Каримова инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун 2017, 2018, 2019, 2020, 2021, 2022 йилларда 8 июл куни ўтказган пикетларимда ва Сизга ёзган Мурожаатномаларимда қуйидаги фикрларимни таъкидлагандим: Гулнора Каримова 2013 йилдан уй қамоғида сақлангани, 2015 йил август ойида Гулнора Каримова уйининг ошхонасида ўтказилган масхарабозлик судида биринчи ҳукм ўқилгани, иккинчи ҳукм Тошкент вилоят судида 2015 йил 21 август куни ëпиқ эшиклар ортида ўқилгани, учинчи ҳукм Ўзбекистон Олий судида 2020 йил 18 март куни ўқилгани ва ҳар учаласида Гулнора Каримова танлаган адвокатларни судда қатнашишига йўл қўйишмагани сабабли ушбу “масхарабозлик” судловлари адолатсиз бўлганлиги, ва адолатсиз суд ҳукми ҳамда турли хил тақиқлар сабабли кўп йиллардан бери қамоқхонада азоб чекаётган Ўзбекистон фуқароси Гулнора Каримова ҳаёти хавф остида эканлиги ҳақида ёзгандим.” [4]

Одатда бирор инсонни тушуниш учун унинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўрсангиз тушунишингиз осонлашади. Гулнора Каримова ўрнига ўзингизни, турмуш ўртоғингизни, фарзандингизни, ака-укангизни ёки опа-синглингизни қўйиб кўринг. Мен одатда шундай фикрлайман: менга қарши шундай адолатсизликлар қилишса ва шу аҳволга солишса нима қилардим? Қамоқхонада бўла туриб бирор иш қилиш иложи деярли йўқ. Шу сабабли озодликда бўлган инсонлар имконлари доирасида ёзиш ва ҳоказо ишлар орқали бонг уришлари керак. Қолган муҳим гапларни мақолам давомида ёзаман ва сиз ўзингиздаги кўпгина саволларингизга жавоб топасиз, иншааллоҳ.

БИРИНЧИ ҚИСМ. ГУЛНОРА КАРИМОВА ТАҚДИРИ

1. 2014: ГАЛИМА БУХАРБАЕВА ФИКРИ

images-2016-zhurnalistka-galima-bukharbaeva-popytaetsya-zasudit-sajt-zamondosh-za-klevetu-1 (1) (700x468, 34Kb)
Фото 2. Таниқли ўзбек журналисти Галима Бухарбаева (1974). [5]

Аввал Гулнора Каримовага бўлаётган адолатсиз тазйиқлар, судлар, Давлат хавфсизлик хизмати уюштираётган ёлғон ташвиқотларга доир таниқли ўзбек журналисти Галима Бухарбаева 2014 йил 26 феврал куни ёзган “10 фактов - что Ислам Каримов не “заказывал” дочь Гульнару” (“Ислом Каримов қизи Гулнорага «буюртма» бермаганига доир ўнта факт”) номли мақоласидаги муҳим фикрини келтирай. Рус тилидан ўзбек тилига мен ўгирдим.

“Халқ Гулнорани давлат тузумидан ҳам кўпроқ ёмон кўради. 2005 йилда андижонликларни отган, мамлакат аҳолисининг ҳар бирини қўрқувда сақлаб турган ва, албатта, ундан кам бўлмаган миқдорда ўғрилик ва коррупcия қилган кучишлатарлардан кўпроқ ёмон кўради.

Энг қизиғи – уни отасидан ҳам ёмон кўришади: отаси Гулнорани ҳам дунёга келтирган, 25 йил ичида Ўзбекистонни ҳам қулдорлик тузуми хусусиятлари бўлган феодализмга қадар тушкунликка туширган, ўғирлик ва зўрлаш, зўрлаш ва ўғирликни ўз мафкураси деб эълон қилган.

Аммо нафрат манбаи бехосдан қулади, ва бу жуда тез содир бўлди. Гулнора калтакланди ва номаълум жойда тутиб турилибди.

Лекин ундан нафратланиш камаймади. Бу нафрат эса бугунги кунда фактларга холисона қараш, ҳамма бир кишига қарши нафрати сингиб кетган ҳолда, яна маккорлик билан ўзининг қора ишларини қилаётган кучларни ҳисобга олишга имкон бермаётир.

ҚУЛОҚЛАРИМИЗДАГИ ЛАҒМОНЛАРНИ ОЛИБ ТАШЛАБ, ФАКТЛАРНИ ЎРГАНАМИЗ

QULOQQAlag'monILISH26219301_548591902177484_2992832574601450579_n (563x407, 44Kb)
Фото 3. Лағмонлар илинган қулоқлар ... (Интернетдан олган суратим)

76 ёшли Ислом Каримов ёш эмас, Гулнора Каримова устидан адолат билан эмас, жазолаш билан ҳал қилишмоқда.

Мен ушбу қатъий баёнотларни айтмоқчиман ва уни тинглашларини хоҳлайман. Сайтимизнинг ҳар бир ўқувчиси ўзини тарғиботдан ҳимоя қилишни, ҳақиқатга тик боқишни ўрганиши керак.

Бугун (2014 йилда, А.Ш.) бизни учта нарсага инонтиришга ҳаракат қилишмоқда:

- Гулноранинг қулаши – унинг отаси бўлмиш Ислам Каримовнинг қароридир, Ислам Каримов ҳар қачонгидан қудратли ва ёшдир;

- Миллий хавфсизлик хизматининг бунга алоқаси йўқ, у фақат ижрочидир;

- Каримова ишини аниқлашга уринаётган мустақил матбуотни у пора бериб сотиб олган.

Аммо юқорида саналганларнинг барчасини шубҳа остига қўядиган ва Гулнорани йўқ қилиш бўйича бутун операция анча илгари ишлаб чиқилганини, бугун (2014 йилда, А.Ш.) эса муваффақиятли амалга оширилганини кўрсатадиган фактлар бор.

Ахборот фони яратилди, Европада ҳақиқий жиноий ишлар кўринишида бадном қилувчи ишлар (копроматлар) тўпланди, Президент маъмуриятида одамлар алмаштирилди, Гулноранинг яқинларига қарши тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Ўнта факт:

1. Агар Ислом Каримов ўз ҳадидан ошган қизини жазоламоқчи ёки тартибга чақирмоқчи бўлса, ошкор қилмай дарров ҳал қилган бўларди.

Президент Нурсултон Назарбоевни қизи Дариғанинг ҳаддан ташқари нафсонияти ғазаблантирганида, у билан битта суҳбатда эсини киргизиб қўйди – Твиттерда уруш ҳам, ҳужум ҳам, уй қамоғи ҳам талаб қилинмади.

2. Каримованинг йирик коррупсиясини фош қилган TeliaSonera иши швед журналистларига манфаатдор шахслар ёки тузилмалардан маълумотларнинг “қуйиши” (бергани) туфайли мумкин бўлди.

3. Президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Би-би-си (радиоси) ўзбек хизмати билан кутилмаган шов-шувли интервюси, унинг чиқиш санаси – 2013 йил 25 сентябр. Гулнорани оила эътиборидан қолган инсон дея эълон қилиш билан Лола ўз опасидан воз кечди.

4. 2013 йил октябр ойида Президент хавфсизлик хизмати (ПХХ) раҳбари Аҳад Носиров ўрнига Президент рафиқаси Татьяна Каримова ва Миллий хавфсизлик хизматига тўлиқ бўйсунувчи Муиджон Тоҳирий тайинланди. (2013 йил 17 феврал куни Тоҳирий Гулнора хонадонига бостириб кирганида уни калтаклади.)

5. 2013 йил 10 октябр куни президент рафиқаси Татьяна Каримованинг амакиваччаси ва жияни Акбарали Абдуллаевнинг Тошкентда ҳибсга олиниши.

6. Гулноранинг собиқ ёрдамчиси Нурмухаммад Содиқов ишининг пайдо бўлиши. 2013 йил ноябр ойи бошида бир қанча ахборот воситалари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Содиқовнинг қариндошларидан унинг бедарак йўқолгани ва Гулнора томонидан ўғирлаб кетилгани гумон қилингани ҳақида хат олди.

Эртаси куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ғайриоддий шошма-шошарлик билан Содиқовнинг ғойиб бўлгани бўйича жиноий иш қўзғатади ва бу ҳақда ўз сайтида хабар беради. Икки кундан кейин Содиқов Твиттерда пайдо бўлади.

7. Ислом Каримовнинг ахборот изоляцияси. Унинг олдига бир неча киши, асосан кучишлатар органлар, ва унинг рафиқаси Татьяна Каримова келиб-кетиб туради. Шунингдек Гулнора ва унинг фарзандларининг отаси ва бобоси билан учрашуви тўсиқланади (қамал вазият).

8. 2013 йил декабрда Гулнора Каримованинг Женевадаги боғли кошонаси (вилласи)га уй калити ва сигнални ўчириш кодларини олган қочқин (диссидент) Сафар Бекжоннинг бостириб кириши. Калитлар фақат Президент хавфсизлик хизматида бор эди (ПХХ Миллий хавфсизлик хизмати қошидадир).

9. Гулноранинг Твиттердаги қаршилиги деярли беш ой давом қилди. Агар кучишлатар ходимлар унга нисбатан Ислом Каримовнинг қарорига эга бўлишганида бунинг иложи бўлмасди.

10. Гулноранинг аҳволи ҳақида мустақил фикр билдиришга уринаётган журналистга Миллий хавфсизлик хизматининг матбааси ҳар куни ёлғон хабарлар тарқатди.

Дарҳақиқат, янада кўпроқ фактлар бор. Асосийси – олдиндан бичиб-тўқилмаган, тахминларга асосланмаган фикрлар ва уларни кўриш истаги.

Фақат нима бўлган ва нима бўлаётганининг аниқ тасвири бизга Каримов режимида биринчи марта катта ёриқ пайдо бўлган пайтда нима истаймиз ва бу вазиятда қандай ҳаракат қилишимиз кераклигини ўзимиз ҳал қилиш имкониятини беради.

Галима Бухарбаева (1974) - Uznews.net бош муҳаррири” [6]

2013 йил 17 феврал куни Муиджон Ваҳоббович Тоҳирий (1954) Гулнора Каримова хонадонига бостириб кириб уни калтаклаганди. У ҳақда маълумот.

«Муиджон Тоҳирий таржимаи ҳоли

2001—2006-йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи.
2006—2009-йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари.
2009—2010-йилларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари.
2010—2011-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси.
2011—2016-йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари.
2013—2016-йилларда Ўзбекистон Президентининг хавфсизлик хизмати бошлиғи.
2016-йил 20 декабрдан 2018 йил 12-февралгача - Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси раиси.
2018 йилннинг декабр ойида ҳибсга олинган. 2019 йил 16 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди ҳукми билан уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.” [7]

2. ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

PLAKATfot1 (318x158, 17Kb)
Фото 4. АҚШнинг 1992-2000 йиллардаги президенти Билл Клинтон ва Гулнора Каримова. [8]

Гулнора Каримованинг таржимаи ҳоли, ижтимоий фаолияти ва шахсий ҳаёти билан қисқача танишайлик.

“Гулнора Каримова Ислом Каримов ва Татяна Каримованинг тўнғич қизи. Фарғонада туғилган.
1988-йили у Тошкентда ёш математиклар академиясини тугатган.
1987-1990 — Ўзбекистон статистика бош бошқармаси девонхонаси ходими.
1992-йили Ню-Ёрк штати университети қошидаги Мода технологиялари институтида таҳсил олди.
1990-1994 — Ўзбекистон савдо-саноат палатаси таржимони.
1994-йили — Тошкент давлат университети фалсафа-иқтисодиёт факултетининг халқаро иқтисодиёт бўлимини бакалавр даражаси билан тамомлади.
1994-1995 — Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчиси.
1995-1996 — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги стратегик таҳлил бош бошқармаси ходими.
1996-йили Каримова Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Иқтисодиёт институтининг магистратурасини битирди.
1996-1997 — Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси.
1997-1998 — Ўзбекистоннинг БМТдаги ваколатхонаси маслаҳатчиси.
1998-2000 — академик таътил.
2000-йили Гарвард университетида санъат магистри даражасига эга бўлди.
2000-2003 — Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси.
2001-йили у Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида сиёсий фанлар доктори бўлди, 2009-йили эса ўша ернинг ўзида профессор илмий даражасини олди.
2003-2005 — Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маслаҳатчиси.
2006-йили Каримова Тошкент Ахборот технологиялари университетида телекоммуникациялар соҳасида бакалавр даражасига эришди.
2005-2008 — ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси.
2008-2008 — ташқи ишлар вазирининг ўринбосари.
2008-2010 — БМТ қошидаги ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили.
2010-2012 — Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси.
2012-2013 — Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми васийлик кенгаши раиси.» [9]

Гулнора Каримова 16 ёшида (1988) Тошкентда ёш математиклар академиясини тугатган. Мен 1970-1975 йилларда Самарқанд давлат унивеситети механика-математика факултетини 4-5 баҳолар билан тугатган математик сифатида қуйидаги фикни таъкидлашим мумкин: математика соҳасида таниш-билишчилик ўтмайди. Фақат чин дилдан қизиқса ва бу борада сидқидилдан меҳнат қилсагина қобилиятли тенгқурлари сафида ёш математиклар академиясини ўқиб тугатиши мумкин. Гулнора Каримовада бунга етарлича қобилият ва қизиқиш бўлган. Ушбу қобилият ва қизиқишни уйғотишда унинг отаси бўлмиш раҳматли Ислом Каримовнинг (1938-2016) каттагина ҳиссаси бор, деб ҳисоблайман. Ислом Каримов 1960 йилда Тошкент Политехника институтини, 1967 йилда Тошкент Халқ хўжалиги институтини тугатган ва иккита олий маълумотга эга шахсдир. У 1961 йилдан Тошкент Авиация заводида ишлай бошлаган ва тиришқоқлиги ҳамда меҳнати билан етакчи муҳандис-конструктор лавозимигача кўтарилган. Мен ўзим ҳам етакчи муҳандис-конструктор лавозимигача ишлаганим сабабли бу лавозимда математика ва техника соҳасида кўпгина билимларга эга бўлиш талаби борлигини ҳам биламан. У шундай билимлари ва малакаси борлиги сабабли тўнғич қизи Гулнорада математикага қизиқишни болалигидаёқ уйғота олган ва қўллаб-қувватлаган.

Менинг диктатор Ислом Каримовга муносабатим масаласини 60 тадан ортиқ танқидий мақолаларимда ёзганман. Умумий таҳлилий мақола сифатида “Ислом Каримовнинг ижобий ишлари” ва “Ислом Каримов ва МХХнинг салбий ишлари” номли [10]-[11]-мақолаларимда ёзганман.

Демак Гулнора Каримова Тошкент давлат университети фалсафа-иқтисодиёт факултетининг халқаро иқтисодиёт бўлимини бакалавр даражасини (1994), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Иқтисодиёт институтининг магистратурасини (1996), АҚШдаги Гарвард университетида санъат магистри даражасини (2000), Тошкент Ахборот технологиялари университетида телекоммуникациялар соҳасида бакалавр даражасини (2006) битирган. Яъни у тўртта олий маълумотга эришган шахсдир.

Таққослаш учун: АҚШнинг 1992-2000 йиллардаги президенти Билл Клинтон (1946) Вашингтон шаҳридаги Джоржтаун университети, Оксфорддаги университет коллежини ва Йелск ун6иверситетини битирган, яъни учта олий маълумотга эга. [12]

3. ИЖТИМОИЙ ФАОЛИЯТИ

“Гулнора Каримова ўзининг 8 йиллик фаолияти давомида Ўзбекистонда ва хорижда бир ярим мингдан ошиқ ҳар йиллик лойиҳаларни ташкил этган ва ўтказган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” Фондининг ташкилотчиси ва васийси ҳисобланади. Фонд Ўзбекистоннинг жамоатчилик ташкилотлари ўртасида ўрнак сифатида ЮНЕСКОнинг расмий ҳамкорлари сафига киради. Фонд Россия, Хитой, Япония, Франсия, Австрия, Швейсария, Испания, АҚШ, Буюк Британияда расмий ваколатхоналарига эга. Гулнора Каримова Франсияда ваколатхона очилиши муносабати билан Луврда ўзбек дизайнерлари дефилесини ўтказди, Глазгода эса ўзбек сўзаналари кўргазмасини ташкил этди.

Каримова бундан ташқари бошқа фондларни ҳам ташкил этган. Булар оналик ва болалик масалалари билан боғлиқ хайр-саҳоват билан шуғулланувчи «Аёллар йиғини» ташкилоти, сут бези саратони бўйича «Ҳаёт учун» ассоцацияси, шунингдек асосан узоқ минтақаларда аҳолига адресли ёрдам кўрсатувчи, шунингдек вилоятлардаги фермер ва тадбиркорларга грант ва имтиёзли кредитлар ажратувчи «Меҳр нури» фондлари.

Каримова томонидан ташкил этилган «Келажак овози» истеъдодли ёшлар конкурсида 8 йил давомида бутун республика бўйича 388 минг номзод иштирок этди. Каримованинг Ўзбекистондаги бошқа йирик лойиҳалари — сут бези саратони билан курашишга маблағлар йиғиш учун 2010-йилдан бошлаб Тошкент ва минтақаларда 100 минг ортиқ иштирокчиларни қамраб олган «Ҳаёт учун» хайр-эҳсон марафон-форуми, халқаро иштирокчилар, маданият ва санъат арбобларини кўпроқ қамраб олган лойиҳалар — «Асрлар садоси» кўчма анъанавий маданият фестивали, «Арт Wеэк Стйле.Уз» лойиҳаси шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, у Ўзбекистонда «Олтин Гепард» Тошкент халқаро кинофоруми ва Театр.уз Тошкент театр фестивалини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. 2011-йил сентабрда Гулнора Каримова ташаббуси билан минтақаларда «ахборот марказлари» орқали фуқароларнинг мурожаатларини қабул қиладиган ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун кучларни бирлаштирадиган «Ўзбекистон ижтимоий масъул фуқаролари форуми» яратилди.» [9]

4. ШАХСИЙ ҲАЁТИ

“1991-йил июл ойида Гулнора дугонасининг туғилган кунида АҚШ фуқароси бўлган Афғонистонлик этник ўзбек Мансур Мақсудий билан танишди ва унга турмушга чиқди. Никоҳдан кейин Гулноранинг эри Тошкентдаги Кока-кола (Coca-Cola) компанияси ваколатхонасининг директори лавозимини эгаллади.

Ушбу никоҳдан 1992-йили Ислом исмли ўғли дунёга келди, 1999-йили эса қизи — Имон. 2001-йили никоҳ бузилди, Каримова болалари билан бирга АҚШнинг Ню-Жерсидаги оилавий уйидан кетди. Никоҳ ажрими жараёни икки йилга чўзилди ва халқаро жанжалга айланиб кетди. Америка суди Мақсудийга болаларга васийлик ҳуқуқини берди, Гулнорага собиқ эрига болаларни қайтариш талабини қўйди ва уларни ушлаб тургани учун санксия берди. Бунга жавобан Ўзбекистон ҳукумати Мансурни қаллобликда, солиқларни яширишда, жуда катта миқдордаги поралар олганликда, мулкни ўғирлашда ва пулларни ювишда айблади ва халқаро қидирувга эълон берди. 2008-йил 9-июлда Ню-Жерси штати Олий суди судяси Дан Вилсон Гулнора Каримовага иккала фарзанди учун тўлиқ ҳуқуқни қайтаришга қарор чиқарди.” [9]

ДАВОМИ БОР
Рубрики:  ПРАВОЗАЩИТА
2023 YILGI MAQOLALARIM

 

Добавить комментарий:
Текст комментария: смайлики

Проверка орфографии: (найти ошибки)

Прикрепить картинку:

 Переводить URL в ссылку
 Подписаться на комментарии
 Подписать картинку