-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 451
Комментариев: 9
Написано: 492


ГУЛНОРА КАРИМОВА ТАҚДИРИ (ДАВОМИ 2)

Среда, 26 Июля 2023 г. 13:54 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

ГУЛНОРА КАРИМОВА ТАҚДИРИ (ДАВОМИ 2)

12. 2019: МАНЖАНИНГ ЎЗБЕКИСТОНГА КИРИШИ ТАҚИҚЛАНДИ

“Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Грегуар Манжа ва Каримова терговига масъул бўлган Ўзбекистон Бош прокуратураси ўртасидаги ҳуқуқий мунозара анчадан бери давом этиб келмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Швейцарияда ҳам жиноий иш фигуранти бўлиб қолаëтган Гулнора Каримова устидан бораëтган халқаро тергов доирасида Грегуар Манжанинг Тошкентга келиб¸ 2016 йил декабридан 2019 йил июнига қадар Каримова билан бир неча бор бевосита учрашишига рухсат берган.

Бу учрашувлардан сўнг Манжа ўз Twitter саҳифасида мижози устидан бораëтган тергов жараëнининг халқаро стандартларга мос эмаслиги¸ Каримованинг қамоқ шароитлари ëмонлиги¸ жисмоний ва руҳий саломатлиги ëмонлиги¸ қолаверса¸ нафақат Каримова балки у билан Зангиота қамоғида сақланаëтган юзлаб маҳкумаларнинг ҳимоя ҳуқуқидан маҳрумлиги ҳақида ëзиб келди.

Бундай твитлар ортидан 2019 йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Грегуар Манжанинг Ўзбекистонга киришини тақиқлади.

Бундай кескин қарорига асос қилиб Бош прокуратура Манжани “ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган”лик, Ўзбекистон қамоқхоналари ҳақида “бўҳтон” тарқатганлик ва адвокатлик этикасини бузганликда айблади.” [16]

“Ўзини Гулнора Каримованинг адвокати сифатида таништириб келаётган Грегуар Манжа хусусида шуни маълум қиламизки, амалдаги қонунчиликка кўра чет эл адвокатларининг Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатиши назарда тутилмаган.

Айни вақтда, чет эллик адвокат Грегуар Манжанинг Швейцария ҳукумати томонидан берилган мандати Гулнора Каримовага нисбатан Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши билан чегараланган бўлиб, унинг Ўзбекистонга келиши фақатгина Швейцария ҳукуматининг ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномаси асосида амалга оширилган эди.

Ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган Грегуар Манжа бузғунчилик характеридаги ҳаракатларни амалга ошириб, олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган.

Ваҳоланки, пенитенциар муассасалар халқаро ҳуқуқни ҳимояловчи ташкилотлар учун ҳам очиқ бўлиб, уларнинг мониторинг ҳисоботлари мунтазам равишда чоп этиб борилади.

Шунга кўра, ўзбек тарафи мутаносиб чора тариқасида Грегуар Манжанинг Ўзбекистон Республикасига киришига рухсат беришни рад этишга мажбур бўлди.” [25]

ИЗОҲ. “Амалдаги қонунчиликка кўра чет эл адвокатларининг Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатиши назарда тутилмаган” деб ёзган чаласавод прокурорларга қуйидаги муҳим гапни эслатмоқчиман. Қонунда фақат тақиқланган иш ёки фаолият тури ва шу тақиқни бузган фуқарога бериладиган жазо тури ҳамда муддати ёзилади. Бошқача айтганда “Нимаики тақиқланмаган бўлса, ўша иш ёки фаолиятга рухсат берилган бўлади” Буни рус тилида соддароқ қилиб “Что не запрещено, то разрешено” принципи деб аташади.

“Ўзбекистон ҳукумати мени Ўзбекистон адвокатлари учун жорий этилган ахлоқ қоидаларини бузганликда айблаганидан ҳозиргина хабар топдим”, деган Манжа бундай “асоссиз” айбловларни мутлақ рад этажагини билдирди.

“Бу айбловлар жамоатчилик диққатини чалғитиш ва Гулнора Каримовани ўз адвокати билан эркин алоқа қилиш ҳуқуқидан узоқ муддатга маҳрум қилиш учун ўйлаб топилган уриниш сифатида баҳоланиши керак”, дейилади Манжа 11 декабрь куни Озодликка юборган ëзма жавобда.

Швейцариялик адвокат ўз мижози – Гулнора Каримова билан сўнгги марта 2019 йил июнида учрашгани ва шундан кейинги барча сўровлари рад этилганини таъкидлади.

Манжанинг Озодликка айтишича¸ унинг Гулнора Каримова билан учрашиш ҳақида қилган сўнгги сўровларига 14 октябрь куни Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари расмий хат билан рад жавоби берган.

11 октябрь санаси қўйилган бу хатнинг Озодликка тақдим этилган нусхасида¸ швейцариялик адвокатнинг ўз мижози билан учрашишига, Каримованинг бораëтган янги тергов жараëнида ниҳоятда бандлиги асосида рад жавоби берилган.

Хусусан¸ расмий хатда:

- Гулнора Каримова ва унинг адвокатлари иштирокида кўплаб процессуал ҳаракатлар бораëтгани сабаб, жаноб Манжанинг тергов қилинаëтган Каримова билан учрашиш ҳақидаги сўровини ҳозирги босқичда қондириш имкони йўқ, дейилади.

“Бу хат, 10 декабрь куни Ўзбекистонга киришимнинг рад этилишига асос қилиб келтирилган сабаблар, гарчи орада мен Ўзбекистонга бормаган бўлсам-да, "уйдирма" эканини кўрсатади”, дейди Манжа.

Манжа иддаосича, Ўзбекистонга киришининг тақиқланиши Каримованинг Швейцария банкларида музлатилган пулларидан 555 миллион долларининг Тошкент ҳукуматига қайтарилишини тўхтатишга муваффақ бўлганига берилган “ўзига хос жавоб”дир.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Грегуар Манжани “олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган”ликда айблади.

Озодлик билан суҳбатда Грегуар Манжа Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати сифатида Ўзбекистондаги ноқонуний тергов амалиëтлари¸ адолатсиз судлар ва маҳкумларга нисбатан шубҳали ҳати-ҳаракатларни танқид қилиш ўз профессионал бурчи эканини таъкидлади.

“Менинг фаолиятимга оид туҳматларга қарамай, бундан кейин ҳам ўз профессионал бурчимни бажаришда давом этаман”, дейди Манжа.” [26]

13. ГУЛНОРАГА ҚАРШИ АЙБЛОВЛАР ВА ҚАМАЛИШ САНАЛАРИ

HIBSfotoGULI1 (700x421, 112Kb)
Фото 10. Гулнора Каримовани 2019 йил 5 март кечқурун ўз уйида ҳибсга олишмоқда. [27]

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2019 йил 5 март куни Гулнора Каримовага доир навбатдаги баёнотни ўз сайтида чоп қилди. Қуйида ушбу баёнотнинг тўла матнини Озодлик радиосининг www.ozodlik.org сайтида 2019 йил 6 март куни чоп қилинган “Гулнора Каримова яна қамоқхонага қайтарилди» номли хабаридан келтираман.

“Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 1972 йилда туғилган Каримова Гулнора Исламовнага 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Гулнора Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Гулнора Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Иман Каримованинг яшаш жойи белгиланган.

Шу билан бирга, маҳкума Гулнора Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва Интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.

Маҳкума Гулнора Каримовага озодликни чеклаш жазосини ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд жазонинг ўталмай қолган муддатини бошқа жазо билан алмаштириши мумкинлиги тушунтирилган.

Лекин маҳкума Гулнора Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган.

Хусусан, маҳкума Гулнора Каримова 2018 йил 22 ноябр куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетган ҳамда жазони ўташ тартиби ва шартларини бузмаслик ҳақида огоҳлантирилган.

Огоҳлантиришга қарамасдан, Гулнора Каримова ўзига тегишли хулоса қилмасдан, жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузишда давом этган, хусусан:
- мунтазам равишда алоқа воситаларидан, шу жумладан, Интернетдан фойдаланган;
- жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилган.

Гулнора Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.» [28]

Таниқли ўзбек журналисти Галима Бухарбаева раҳбарлигидаги www.centre1.com сайтида 2019 йил 7 март куни «Арест Гульнары Каримовой – произвол власти Шавката Мирзиёева» номли мақола чоп қилинди ([25]). Ушбу мақола 2019 йил 5 март куни онаси билан бир хонадонда бўлган Имон Каримова ҳикояси асосида ёзилган. Уни рус тилидан ўзбек тилига мен ўгирдим.

“Тошкент расмийлари Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг (2019 йил) 5 мартга ўтар кечаси Тошкент вилояти Зангиота туманидаги аёллар колониясига олиб борилиш сабабларини яширмаяпти.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзининг «ахборот хабари» («информационном сообщении») да Каримова пулни бермаётганини тан олмоқда. Шу сабабли ҳукумат муомалани ўзгартирди.

Балки колония (қамоқхона), ундаги шароитлар, “ўзбек маликаси” тугул оддий одамлар ҳам нафратланадиган хоналарда ўнлаб аёллар билан бир отрядда бирга яшаши уни қайта тарбиялар.

Шу билан бирга Бош прокуратура Каримовага нисбатан жазони ижро тишнинг қолган муддатини уй қамоғидан умумий тартибли колонияга алмаштириш ҳақидаги Тошкент шаҳар Яшнообод туман судининг ажримини далил қилиб кўрсатмоқда.

Пулни бермаётир

Бош прокуратура тасдиқлашига кўра, ажримни чиқаришда суд Каримова томонидан уй қамоғида бўлиш шартларини мунтазам равишда бузганлиги ҳақидаги фактларга амал қилган: 2018 йил ноябр ойида у хонадонни тарк тган, бундан ташқари у алоқа воситаларидан ва интернетдан доимий равишда фойдаланган ва ... ўғирланган пулларни қайтармаётир.

Бу ҳақиқатми ёки йўқ, буни ҳеч ким билмайди. Яшнообод судида бўлган маҳкамада Каримованинг адвокати ҳам, вакиллари ҳам, ўзи ҳам қатнашмаган.

Қолаверса, Каримованинг қизи Имоннинг Инстаграмда (пишет в Инстаграм дочь Каримовой Иман) таъкидлашича, Гулноранинг қўлга олиниши ва колонияга ўтказилиши улар учун мутлақо кутилмаган воқеа бўлган.

Унинг хабар беришича, (2019 йил) 5 март куни соат 19:00 атрофида Тошкент шаҳридаги Гулнора яшаётган хонадонга прокуратуранинг Илёс Муҳаммедов исмли ходими келган.

“У аввал “раҳбарият” номидан онамга дўқ-пўписа қилди, кейин бир неча дақиқадан сўнг прокуратуранинг бошқа ходимлари билан кириб, улар билан биргаликда менинг онамни ваннахонадан судраб чиқишди ва номаълум томонга олиб кетишди” – деб ёзади Имон.

Ёзувдан маълум бўлишича, на она, на қизи суд мажлиси ва колонияга ўтказиш тўғрисидаги суд қарорини билишмаган. Аёлга ҳатто кийим алмаштириш, иссиқ кийимлар ва бошқа зарур воситалар олиш имкониятини беришмаган.

Қонун устуворлиги йўқ

Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа (Greguire Mangeat) ўз Твиттер саҳифасида ёзишича (написал в Твиттере), унинг мижозини хонадондан номаълум жойга куч ишлатиб олиб чиқиб кетишган.

«Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тўхтатишга мажбурлаш ва Швейцариядаги мулкидан воз кечиши учун ҳокимият унга руҳий ва жисмоний босим ўтказишда давом қилмоқда», - деди адвокат.

«Биз бу ўзбошимчалик усулларини қоралаймиз. Биз бир неча ой давомида Швейцария Бош прокурорига Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўқлигини тасдиқлай оладиган эксперт тайинлашни сўраб мурожаат қилдик», - дея қўшимча қилди Манжа.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз хабарида Каримова 2017-йил декабрида 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида жамоатчиликка маълум қилди. Аммо 2018 йил июл ойида суд инсонпарварлик кўрсатиб муддатни беш йилга қисқартирди ва озодликни чеклаш тарзидаги жазони белгилади. Аввалроқ Каримова 2015-йил августида беш йилга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинганди.» [25]

Демак, Гулнора Каримова 2013 йил октябрида уй қамоғига олинган. У мол-мулки ва миллионлаб доллар пулини ўз розилиги билан беравермагач 2015 йил августда унинг вилла ошхонасида масхарабозлик суди ўтказилиб уни беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм ўқилган.

2017-йил декабрида Гулнора Каримова қайта суд қилиниб, бу сафар унга ўн йиллик қамоқ жазоси белгиланди. 2018 йил июл ойида “суд инсонпарварлик кўрсатиб” муддатни беш йилга қисқартирди ва озодликни чеклаш тарзидаги жазони белгилаб, қизи Имоннинг хонадонида яшашга рухсат берди. Лекин Гулнора Каримова улар умид қилган пулларни қайтариб бермади.

Менимча, Гулнора Каримова пулларни қайтариб бермай тўғри қилди. Чунки қайтариб берса маълум бир вақт ўтгач уни осонгина ўлдириб юбориш эҳтимоли катта эди. Масалан, Гулнора Каримова ва унинг фарзандларини симоб билан заҳарлашгани ва даволанишга мажбур бўлгани ҳақида 2013 йил октябр охирида ўзининг Твиттер саҳифасида ёзганди ([29]).

Гулнора Каримова бойлигини ўз хоҳишича қайтариб бермагач 2019 йил 5 март куни қамоқхонага қайтариш ҳақида қарор қабул қилинди ва уни ваннахонадан мажбурлаб олиб чиқиб Зангиотадаги аёллар қамоқхонасига қамашди. У бугунги кун – 2023 йил 20 июлга қадар ҳамон ўша қамоқхонада азоб чекмоқда.

14. ДОР ОСТИДАН ҚОЧГАН ТЕРГОВЧИ

_90613604_ibodovy (700x393, 33Kb)
Фото 11. Ака-ука Раҳим ва Илҳом Ибодовлар. [30]

2019 йил 19 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага қарши янги жиноий иш очгани ҳақида хабар берди [31]. Ушбу жиноий ишга Бухородаги Раҳим ва Илҳом Ибодовлар жиноий ишида терговчилик қилган Расул Йўлдошевни ҳам жалб қилишди.

Бухоро шаҳар прокуратураси терговчиси бўлиб ишлаган Расул Йўлдошев номи бухоролик ака-ука тадбиркорлар Раҳим ва Илҳом Ибодовлар 2015 йилнинг 16 августида маъмурий жиноятларда гумон қилиниб ҳибсга олиниши, 28 кун ўтгач Илҳом Ибодовнинг Бухоро вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида қийнаб ўлдирилиши воқеалари билан боғлиқдир.

“Ака-ука Ибодовлар Бухоро шахридаги "Ситора" автомобиль бозори худудида жойлашган савдо павильонларидан сотиб олинган ва ижарага олинган №153, №154, №172 ва №173 сонли савдо дўконларда фаолиятларини юритиб келганлар.

Ибодовлар оиласи кўрсатмаларига кўра, МХХ амалдорларидан бири Бухоро вилоят МХХ бошқармасига ишга келганидан кейин Илҳомнинг бериши керак бўлган пораси миқдорини одатий 2000дан 5000 долларга оширган.

Илҳом савдо яхши бўлмаётганлиги сабабли тадбиркорликдан топаётган даромадининг асосий қисмини унга бериб боришини бас қилиши қарорини айтган дейилади.

Босим остига олиниши ортидан Илҳом мазкур амалдор ва унинг шерикларини қарши компромат маълумотларга эга эканини айтганида, амалдор уни ўлдиришини айтиб таҳдид қилгани даъво қилинади.

Фаолларга кўра, Илҳом Ибодов ва унинг акаси Раҳим Ибодовлар "майда безорлик ва ҳокимият вакилларига қаршилик қилиш"да айбланиб, баённома тузилиб қамоққа олинганлар ва узлуксиз равишда тазйиқ ўтказилиб улардан ўз айбига иқрорлик аризалари олинган ва мазкур аризалар асосида айб эълон қилинган.

Судланувчи Раҳим Ибодов суд мажлиси жараёнида кўрсатмалари суриштирувчи ва терговчи томонидан ёзилгани, ҳамда у бу кўрсатмаларни ўқимасдан туриб имзо қўйганини, аслида ўзи бундай жиноятларни содир этмаганини айтгани қайд этилган.” [30]

Парижда жойлашган "Ўтюраклар клуби" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева 2016 йил августда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Қийноқларга қарши қўмитасига “Ҳибсхонада ўлган Ибодов иши тергов қилинсин!" деган мазмунда шикоят хати жўнатди [31].

“Парижда жойлашган "Ўтюраклар клуби" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ўтган йил Бухородаги ҳибсхонадан ўлими чиққан 43 ёшли тадбиркор Илҳом Ибодов, ҳамда унинг шу кунларда 8 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган 48 ёшли акаси Раҳим Ибодовларнинг иши бўйича БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига шикоят йўллади.

Раҳим ва Илҳом Ибодовлар 2015 йилнинг 16 августида маъмурий жиноятларда гумон қилиниб ҳибсга олингандилар. Кўп ўтмай ҳибсхонадан Илҳом Ибодовнинг ўлиги чиққан.

"Ўтюраклар клуби" раҳбари Мўътабар Тожибоева ва Ибодовлар оиласига кўра, ака-ука табдиркорларга ноқонуний ҳимоя (крыша) таъминлаб келган Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари ва Ибодовлар ўртасида келишилган тўлов юзасидан тортишув келиб чиққан ва улар ҳибсга олинганлар.
Ҳибс даврида Раҳим ва Илҳом Ибодовларни тижорат қоидаларини бузиш ва ноқонуний хорижий валюта савдосини ташкиллаштиришда айблашган.

Ака-уканинг оиласи ва омон қолган Раҳим Ибодовнинг суддаги кўрсатмаларига кўра, Ибодовларни мунтазам равишда шафқатсиз калтаклашган ва қийноқлар натижасида оғир жисмоний шикастлардан Илҳом Ибодов 13 сентабрда ҳибсхонада жон берган. Бироқ, бу кўрсатмалар суд томонидан ҳисобга олинмаган ва баъзи суд ҳужжатларида ҳатто қайд қилинмаган.

"Ўтюраклар клуби"да марҳум Илҳом Ибодовнинг мажбуран кўмилишидан олдин олинган бир қатор суратлар ва видео мавжуд.

Би-би-си Ибодовлар ишини тергов қилган, ва сўнгра Илҳом Ибодовнинг ўлими сабабларини ҳам тергов қилган терговчи Расул Йўлдошев билан боғланишга муваффақ бўлди.

Расул Йўлдошевдан Ибодовлар иши бўйича муносабат билдириши сўралганда, у аввало Би-би-сининг телефон орқали мурожаат қилаётганига ишонмаслигини айтди. Ибодовлар иши бўйича савол қайта сўралганда, гўшакни қўйиб қўйди.

Би-би-си мазкур иш бўйича Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига ҳам боғланди, аммо ҳеч қандай муносабат олишга муваффақ бўлмади.

Ибодовларнинг синглиси Дилфузанинг даъво қилишича, айнан Расул Йўлдошев 2015 йил 25 ноябрда уни ва унинг онасини прокуратурага чақиртириб, Илҳомнинг ўлими борасида ўзи олиб борган тергов ҳужжатларини уларга кўрсатган. Дилфузанинг айтишича, ҳужжатга киритилган жасаднинг сурати акаси Илҳомники эмасди ва унда ҳеч қандай дўппослаш ё қийноқлар аломати йўқ эди.

Бу сурат Дилфуза ва унинг оила аъзолари Илҳом ўлган куни олган сурат ва видеолардан буткул фарқли эди.

Мўътабар Тожибоевага кўра, Илҳомни ўлимидан олдин уни тергов қилган терговчи Расул Йўлдошевга унинг ўлими сабабларини ҳам тергов қилиш ваколати юклангани ноқонунийдир.” [30]

Миллий хавфсизлик хизмати зобитлар тазйиқлари ва қийноқларидан омон қолган Раҳим Ибодов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комиловга 2019 йил 17 январ куни юборган ўзига нисбатан чиқарилган айблов ҳукмларни бекор қилиб оқлов ҳукмини чиқаришда ёрдам сўраб ёзган шикоятидан айрим муҳим маълумотларни келтираман.

“Мен арз қилаётган тадбиркорлар Ибодов Илҳом ва Раҳимларнинг “содир қилган” жиноятлари ортидан қамоққа олинишларимиз, содир қилмаган жиноятларни зиммамизга қўйиш мақсадида бизларни даставвал бирин кетин икки марта маъмурий қамоқ жазосига тортиб, энг ваҳшиёна қийноқларга солинганимиз, талаб қилинган хужжатларга рад қила олмасдан имзо чекишимиз учун бизларни қийноқларга солиш мақсадида Қоровулбозор махсус қамоқхонасида сақланаётган, судларнинг ҳукмлари билан “ўта хавфли рецидивист” деб топилган 4 нафар лохмачларни олиб келингани, охир оқибат қўлга олинганимизнинг 28 куниси Бухоро вилоят МХХ ертўласида бу идора мансабдорлари укам Илҳомни вахшийларча қийнаб ўлдирганликлари тарихи бутун дунёни ларзага солгани ҳеч кимга сир эмас.

Бизнинг ҳимоячиларимиз ёрдамида қилган мурожаатларимиз охир оқибатда мухтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичга етиб борди ва у мухтарам зот Бухорога қилган ташрифи чоғида Бухородаги тадбиркорларни фаолиятига тўсқинлик қилиб келаётган Миллий хавфсизлик хизмати идоралари вакилларининг жиноий қилмишларини 1937 йилги қатағон йиллариданда дахшатли дея таъриф бердилар.

Оиламизга қилинган тажовузлар ва вахшийликлар ҳақида 2018 йил 6 февраль кунги Шавкат Мирзиёев номига қилган шикоят аризамни мухтарам Президентимиз ўз назоратига олдилар ва 16 февраль кунги Бухорога қилган сафарлари чоғида менинг шикоятим ва унга қўшиб тақдим қилинган укам Илҳомнинг қотиллари рўйхати, фотосуратлар, видеолавҳалар ва ҳужжатлар қўлида мавжудлигини, бу жиноятга қўл урганларни барчасини қонун олдида жавоб беришларини ўз назоратига олишни айтдилар.

Мухтарам Президентимиз ташаббуслари билан турли давлат идоралари вакилларидан ташкил топган махсус комиссия вакиллари бошимизга тушган кулфатларнинг барча айбдорлари, иштирокчилари билан суриштирув ишлари олиб бордилар.

Республика Бош прокуратураси томонидан ташкил қилинган тергов гуруҳи эса мени ва укам Илҳом Ибодовларни турли иқтисодий жиноятларни содир этганликда айблаш мақсадида жиноят иши материалларини сохталаштириб, далилларни қалбакилаштириб, дастлабки тергов давомида одам ўлимига сабаб бўлган қийноқ қўллаганлик факти бўйича 2018 йил 22 февралда 08/26616-18 сонли жиноят иши қўзғатилди.

25 февралда эса Бухоро вилояти МХХ бошқармаси (хозирги ДХХ) мансабдор шахсларидан вилоят МХХ Бошқармаси собиқ бошлиғи, полковник Азимов Рустам Исмаилович, вилоят МХХ Бошқармаси бошлиғининг ички хавфсизлик бўйича ўринбосари, подполковник Юнусов Азим Исоқжонович, вилоят МХХ Бошқармасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи, майор Маърупов Инъомжон Исломович, вилояти МХХ Бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш бўлими тезкор вакили, Барбос лақаби билан танилган, майор Бобомурадов Умид Бабараимович, Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарган, подполковник Раджабов Равшан Рашидовичлар қамоққа олиндилар.

Оиламиздагиларнинг ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб бўлсада олиб борган курашлари ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг кўмаги натижасида бизни оиламиз фожиаси Президентимизни назоратига олиниши ортидан Ўзбекистон шароитида биринчи марта биз ака-ука Ибодовларга ваҳшиёна қийноқлар қўллаш учун ўта хавфли рецидивистлар сақланадиган Бухородаги “Қоровулбозор” махсус келтирилган ва МХХ мансабдорларини ғайриқонуний топшириқларини бажариб бизларга вахшиёна қийноқлар қўллаган 4 нафар «ЛОХМАЧ»лар Рустам Жумаев, Умид Иноғомов, Жамшид Сафаров ҳамда Александр Ивановларга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилди.

Бизнинг оиласимизга зулм кўрсатган, Илҳомни қийнаб ўлдирган, мени ваҳшиёна қийноқларга тутган мансабдордан баъзилари ўз жиноий қилмишларига муносиб жазоларини олиб, Республика Ҳарбий судининг 2018 йил 22 июнь кунги айблов хукмига кўра Жиноят Кодексининг 235-моддаси – Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш 3-қисми ҳамда 301-моддаси – Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги 3 қисми “а” банди (одам ўлимига сабаб бўлиш) билан айбли деб топилдилар.

Бухоро вилоят Суд Тиббий Экспертиза бюросининг 2018 йил 1 март кунги √:10-сонли экспертиза хулосасига кўра мен – Рахим Ибодовни бел умуртқасининг ёпиқ компрессион (сиқилишдан) синиши қаттиқ ўтмас жисмларнинг умуртқа вертикал ўқи бўйича таъсиридан хосил бўлган бутун гавда оғирлигида ўз бўйи баландлиги ва ундан юқоридан умуртқа поғонаси вертикал ўқи бўйича қўл ва оёқлари боғланган холатда думбаси билан ташлаб юборилишидан хосил бўлган соғлигининг бузилишига олиб келган ўртача оғир кўринишдаги тан жароҳати деб қайд этилган. Айнан мана шу усулдаги қийноқлар содир этмаганим жиноятларни содир этганлигимни тан олиб талаб қилинган ҳужжатларга ўқимасдан имзо чекиб беришимга сабаб бўлганди.

Ҳарбий суднинг ҳукмига кўра:

Бухоро вилояти Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) Бошқармаси собиқ бошлиғи, полковник Азимов Рустам Исмаилович 14 йилга озодликдан ҳамда ҳарбий унвонидан маҳрум қилиш;

Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси бошлиғининг ички хавфсизлик бўйича ўринбосари, подполковник Юнусов Азим Исоқжонович 18 йилга озодликдан ҳамда ҳарбий унвонидан маҳрум қилиш;

Бухоро вилояти МХХ Бошқармасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи, майор Маърупов Инъомжон Исломович 14 йилга озодликдан ҳамда ҳарбий унвонидан маҳрум қилиш;

Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш бўлими тезкор вакили, Барбос лақаби билан танилган, майор Бобомурадов Умид Бабараимович 17 йилга озодикдан ҳамда ҳарбий унвонидан маҳрум қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарган, подполковник Раджабов Равшан Рашидович 14 йилга озодликдан ва ҳарбий унвонидан маҳрум қилиш жазосига тортилган.

Ўта хавфли рецидивистлар сақланадиган Бухородаги «Қоровулбозор» махсус қамоқхонасидан Ибодовларни қийнаб, содир қилмаган жиноятларни зиммаларига мажбур қилиш мақсадида 4 нафар “ЛОХМАЧ”ларни келтириб, уларни Бухоро вилоят Ички Ишлар Бошқармаси Вақтинчалик Сақлаш Ҳибсхонасига Ибодовлар билан бир камерага жойлаштирган Бухоро вилояти ИИБ Пость-патруль хизмати бошлиғи ўринбосари Камалов Аъзамбек Бахшуллаевич энг кам ойлик иш ҳақининг 550 баробари (71632000 сўм) миқдорида жарима жазосига тортилди, яъни қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазога тортилди.

Даставвал оиламиздагилар саъйи харакати ортидан Рустам Жумае ва Умид Иноғомларга камокхонадан берилган ижобий характеристика асосида 3 йилдан камок жазоси берилганди.

Жамшид Сафаров ва Александр Ивановлар жавобгарликка тортилмагандилар хам. Лохмачлар Рустам Жумаев 17 йилга, Умид Иноғомов 16 йилга, Жамшид Сафаров 18 йилга, Александр Иванов эса 18 йилга озодликдан маҳрум қилиндилар.

Чиқарилган айблов хукмига нисбатан судланувчилар томонидан берилган аппеляция шикояти Республика Ҳарбий судининг аппеляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, ҳукм ўз кучида қолдирилди.

Бухоро вилоят МХХни бошқарган жиноий кимсалар мансабдор шахс бўла туриб, ўзларига берилган ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиб, олдиндан бир гуруҳ бўлиб ва жиноий тил бириктириб, бизларни қийнаш учун Қоровулбозор қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган ўта хавфли рецидивистларни келтириб, Бухоро вилоят ИИБ вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган бизлар сақланаётган камераларга ташлаганлар. Қолаверса уларни бизларни қийноқларга солишлари учун керакли буюмлар, арқон ва дубинкалар билан таъминлаганлар.

Суриштирув ва дастлабки тергов давомида Илҳом Ибодовнинг ҳаёти учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, уни қийноққа солиб, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр қимматни камситувчи муомалада бўлиб, унинг танасининг турли жойларига уриб, қийнаб, унга тан жарохати етказиб, жисмоний ва руҳий зўриқишлар оқибатида келиб чиққан юракнинг ўткир миокард инфаркти натижасида вафот этишига сабабчи бўлишгани аниқланди.» [32]

Гулнора Каримова судига қайтайлик.

“Имон Каримова номига очилган Instagramдаги сўнгги постга кўра, Каримова ишини 2018 йил апрелида тергов давомидаги қийноқ ва қотиллик сабаб эътиборга тушган терговчи олиб бормоқда.

“Бухоролик терговчи Расул Йўлдошев айни пайтда синовдан ўтган ва унга хос бўлган метод ва тактикалар билан ҳар гал болалари номини тилга олиб, очиқчасига таҳдид қилиб, Гулнора Каримовага босим ўтказмоқда. 2018 йили у (терговчи Йўлдошев назарда тутилмоқда – таҳр.) ҳарбий суд томонидан бухоролик тадбиркор Илҳом Ибодовни калтаклаш¸ унга қийноқлар қўллаш ва ўлдиришда айбланган эди. Терговчи Расул Йўлдошев ва унинг “ҳамкасб”лари 08/26616-18 рақами билан очилган жиноят ишига тортилган эди”, дейилади Имон Каримова Instagramида (2019 йил) 9 декабрь куни қўйилган маълумотда.” [33]

Хуллас калом, 2018 йилда Бухорода ўтказилган адолатли суд ҳукмига кўра Бухоро вилоятининг собиқ Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарлари ва яна анчагина раҳбарлар, “лохмач”лар кўп йилга қамалди. Лекин ўша жиноят ишларида у ёки бу даражада терговчилик қилган ва жавобгарликдан қутулиб қолган, аниқроғи қутқарилган, яъни дор остидан қочган терговчи Расул Йўлдошев Тошкентда Гулнора Каримовага қарши уюштирилаётган бешинчи суд тадбирларида терговчи бўлиб қатнаша бошлади.

ДАВОМИ БОР

-----------------------------------------------

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР (1-ҚИСМ УЧУН)

1. СЕРГЕЙ МАСЛОДУДОВ. Гульнара Каримова фото, биография, рост и вес 2023. Узнай все. - Гульнара Каримова фото, биография, рост и вес 2023 | Узнай Всё (uznayvse.ru) (www.uznayvse.ru/znamenitosti/biografiya-gulnara-karimova.html#google_vignette ).

2. Андрей МАЛИШКО. Ҳақиқат. Шеър. Эркин Воҳидов таржимаси. - ВОҲИДОВ Э. Сайланма: 4 жилдли /Сўзбоши муаллифи: И.Ғафуров. – Т.: «Шарқ», 2000.

3. Rustam G'oipov - Haqiqat (audio). Андрей Малишко шеъри. Эркин Воҳидов таржимаси. - Rustam G'oipov - Haqiqat (audio) - YouTube (www.youtube.com/watch?v=J5cASuDsG2o January 19, 2022. 4 дақиқа 19 сониялик аудиолавҳа).

4. АҲМАДЖОНОВ Ш. Вашингтонда пикет.
- 2023 YILGI MAQOLALARIM | Записи в рубрике 2023 YILGI MAQOLALARIM | Дневник Турон_Шухратжони : LiveInternet - Российский Сервис Онлайн-Дневников (www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/6995770/ "Турон Шухратжони" кундалиги (дневник)даги “2023 YILGI MAQOLALAR”, “ПРАВОЗАЩИТА” рукнлари. 2023 йил 9 июл);
- - Facebook (www.facebook.com/profile.php?id=100002930964631 Шухратжон Ахмаджоновнинг Фейсбукдаги саҳифаси, 2023 йил 9 июл).

5. Журналистка Галима Бухарбаева попытается засудить сайт «Замондош» за клевету (Журналист Галима Бухарбаева «Замондош» сайтини туҳмат учун судга беришга аракат қилади). - Журналистка Галима Бухарбаева попытается засудить сайт «Замондош» за клевету (asiaterra.info) (www.m.asiaterra.info/news/zhurnalistka-galima-bukharbaeva-popytaetsya-zasudit-sajt-zamondosh-za-klevetu 10 февраля 2016 года).

6. БУХАРБАЕВА Г. 10 фактов - что Ислам Каримов не “заказывал” дочь Гульнару (Ислом Каримов қизи Гулнорага «буюртма» бермаганига доир ўнта факт). - http://www.uznews.net/news_single.php?lng=ru&cid=30&sub=hot&nid=25260 (www.uznews.net 26.02.2014).

7. Муиджон Тоҳирий. - Муиджон Тоҳирий - Vikipediya (wikipedia.org) (www.uz.wikipedia.org/w/index.php?title=Muidjon_Tohiriy&variant=uz-cyrl From Vikipediya).

8. Where Are Sting and Bill Clinton When You Need Them? (By Craig Murray) (КРЕЙГ МЮРРЕЙ. Где Стинг и Билл Клинтон, когда они вам нужны?) - Where Are Sting and Bill Clinton When You Need Them? - Craig Murray (www.craigmurray.org.uk/archives/2016/11/sting-bill-clinton-need/ November 22, 2016).

9. Гулнора Каримова. – Гулнора Каримова - Vikipediya (wikipedia.org) (www.uz.wikipedia.org/w/index.php?title=Gulnora_Karimova&variant=uz-cyrl From Vikipediya).

10. АҲМАДЖОНОВ Ш. Ислом Каримовнинг ижобий ишлари.
- СТАТЬИ 2018 года | Записи в рубрике СТАТЬИ 2018 года | Дневник Турон_Шухратжони : LiveInternet - Российский Сервис Онлайн-Дневников (www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/6778261/ Дневник “Турон Шухратжони”. Рубрики «СТАТЬИ 2018 года», “ПРАВОЗАЩИТА”. 2018 йил 4 ноябр);
- ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ ИЖОБИЙ ИШЛАРИ — Ислом ва Сиёсат الإسلام والسياسة Ислам и Политика (wordpress.com) (www.siyosat.wordpress.com/2018/11/02/ислом-каримовнинг-ижобий-ишлари/ 2018 йил 2 ноябр).

11. АҲМАДЖОНОВ Ш. Ислом Каримов ва МХХнинг салбий ишлари. –
https://www.liveinternet.ru/users/4799013/blog#post454174374 (www.liveinternet.ru “Турон Шухратжони” кундалиги (дневник), 2019.01.05);
- СТАТЬИ 2018 года | Записи в рубрике СТАТЬИ 2018 года | Дневник Турон_Шухратжони : LiveInternet - Российский Сервис Онлайн-Дневников (www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/6778261/ Дневник “Турон Шухратжони”. Рубрики «СТАТЬИ 2018 года», “ПРАВОЗАЩИТА”. May 1, 2019);
- ИСЛОМ КАРИМОВ ВА МХХНИНГ САЛБИЙ ИШЛАРИ — Ислом ва Сиёсат الإسلام والسياسة Ислам и Политика (wordpress.com) (www.siyosat.wordpress.com/2018/11/02/ислом-каримов-ва-мххнинг-салбий-ишлар/ November 2, 2018).

12. Кли́нтон, Билл. - Клинтон, Билл — Википедия (wikipedia.org) (www.ru.wikipedia.org/wiki/Клинтон,_Билл Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

13. Мана буни жасорат деса бўлади! Гулнора Каримованинг Швейцариянинг Bilan журналига берган интервьюсининг батафсил матни.
- ЯНГИ ДУНЁ » Blog Archive » Мана буни жасорат деса бўлади! (yangidunyo.org) (www.yangidunyo.org/2013/03/12/мана-буни-жасорат-деса-бўлади/ 2013 йил 12 март);
- http://gkarimova.wordpress.com/2013/03/12/60/#more-60 (www.gkarimova.wordpress.com Персональный блог Гульнара Каримова, 2013.12.03).

14. ASH BARIS. Полное интервью Гульнары Каримовой Hürriyet. - http://www.uznews.net/news_print.php?nid=24633&lng=ru (www.uznews.net 11.12.2013).

15. Гулнора Каримова МХХ “клани”нинг иқтисодий жиноятларини фош қилди (ТЎЛИҚ ВАРИАНТИ). - Ozodlik Radiosi - Гулнора Каримова МХХ “клани”нинг иқтисодий... | Facebook (www.facebook.com/ozodlikradiosi/posts/10152482267646959/?locale=zh_CN 2013 йил 26 декабр).

16. Каримова адвокати: Сўнгги суд ҳукми томонларнинг муросавий келишувга эришишини янада қийинлаштирди! – Каримова адвокати: Сўнгги суд ҳукми томонларнинг муросавий келишувга эришишини янада қийинлаштирди! (ozodlik.org) (www.ozodlik.org/a/gulnora-karimova-advokat-sud-hukmiga-munosabat-bildirdi/30499238.html 2020 йил 20 март).

17. Бош прокуратура: Гулнора Каримова қамоқда. - Бош прокуратура: Гулнора Каримова қамоқда (ozodlik.org) (www.ozodlik.org/a/28644507.html 2017 йил 28 июл).

18. Гугуш - Гугуш — Википедия (wikipedia.org) (www.ru.wikipedia.org/wiki/Гугуш Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

19. Гулнора Каримова: "Отам учун куйладим" - Гулнора Каримова: "Отам учун куйладим" - www.Tarona.net | Самые Новые хиты и Стихи к песням (www.tarona.net/news/gulnora_karimova_otam_uchun_kujladim/2012-12-24-1020 2012 йил 24 декабр);
- Googosha || Otam ♕ - YouTube (www.youtube.com/watch?v=73qZSw4kvGo August 31, 2016).

Гулнора Каримова. “Отам” қўшиғи аудио файли. – tarona.ucoz.pl/_ld/0/99_Googoosha-Otam.mp3

(Менимча, шеър муаллифи Муҳаббат Меҳмонова бўлса керак:
MUHABBAT MEHMONOVA. Ота. Шеър. - Muhabbat Mehmonova - Liedtext: Ota + Transliteration (lyricstranslate.com) (www.lyricstranslate.com/de/ota-ота.html 2013 йил 21 май)

20. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. - 08.12.1992. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (lex.uz) (www.lex.uz/docs/20596 ).

21. Grégoire Mangeat (Грегуар Манжа). - Grégoire Mangeat | MANGEAT (www.mangeat.ch/attorneys/gregoire-mangeat/ ).

22. Гулнора Каримова швейцариялик прокурорлар томонидан сўроқ қилинди. - Гулнора Каримова швейцариялик прокурорлар томонидан сўроқ қилинди (ozodlik.mobi) (www.ozodlik.mobi/a/28235319.html 2017 йил 16 январ).

23. Гулнора Каримованинг адвокати яна Тошкентда. У мижози иши бўйича Тошкент билан “муроса”га эришмоқчи. - Гулнора Каримованинг адвокати яна Тошкентда. У мижози иши бўйича Тошкент билан “муроса”га эришмоқчи (ozodlik.org) (www.ozodlik.org/a/gulnara-switserland-lawyer-uzbekistan/29310976.html 2018 йил 21 июн).

24. Имон Каримова Бош прокуратурани онаси билан тузилган келишувни бузганликда айблади. - Имон Каримова Бош прокуратурани онаси билан тузилган келишувни бузганликда айблади (ozodlik.org) (www.ozodlik.org/a/gulnara-karimova-iman-karimova-bosh-prokuratura-shavkat-umurzakov/30005583.html 2019 йил 18 июн).

25. Бош прокуратура расмий баёноти. - Telegram: Contact @uzbprokuratura (www.t.me/uzbprokuratura/800 Telegram ижтимоий тармоғидаги Ўзбекистон Бош прокуратурасининг саҳифаси, 2019 йил 10 декабр).

26. Гулнора Каримова адвокати Бош прокуратуранинг ўзига қўйган айбловларини “уйдирма” деб атади. - Гулнора Каримова адвокати Бош прокуратуранинг ўзига қўйган айбловларини “уйдирма” деб атади (ozodlik.org) (www.ozodlik.org/a/gulnora-karimova-sud-ayblov-shveytsariya-millionlar/30319782.html 2019 йил 11 декабр).

27. Арест Гульнары Каримовой – произвол власти Шавката Мирзиёева. - https://centre1.com/uzbekistan/arest-gulnary-karimovoj-proizvol-vlasti-shavkata-mirziyoeva/ (www.centre1.com 07.03.2019).

28. Гулнора Каримова яна қамоқхонага қайтарилди. - https://www.ozodlik.org/a/29805362.html (www.ozodlik.org/a/ 2019.06.03).

29. Гульнара Каримова заявила о попытке отравления ртутью. – Гульнара Каримова заявила о попытке отравления ртутью: Средняя Азия: Бывший СССР: Lenta.ru (www.lenta.ru/news/2013/11/01/karimova/ 1 ноября 2013 года).

30. МЎЪТАБАР ТОЖИБОЕВА. БМТга мурожаат: "Ҳибсхонада ўлган Ибодов иши тергов қилинсин!" - www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-36955479 (www.bbc.com/uzbek/ 2016.02.08).

31. Против Гульнары Каримовой возбуждены новые уголовные дела. - Против Гульнары Каримовой возбуждены новые уголовные дела (asiaterra.info) (www.asiaterra.info/news/protiv-gulnary-karimovoj-vozbuzhdeny-novye-ugolovnye-dela 19 августа 2019 года).

32. Раҳим Ибодов: Жаноб олий суд раиси бизнинг оиламизга нисбатан қилинган разолатни охиригача бартараф этинг! - Раҳим Ибодов: Жаноб олий суд раиси бизнинг оиламизга нисбатан қилинган разолатни охиригача бартараф этинг! | ЎТЮРАКЛАР КЛУБИ (mutabar.org) (www.mutabar.org/uz/2019/01/25036#more-25036 2019 йил 25 январ).

33. Имон Каримова онаси ишини "қийноқ ва қотилликда айбланган" терговчи олиб бораëтганини иддао қилди. - www.facebook.com/ozodlikradiosi/photos/a.123112691958/10160336958906959/?type=3 (www.facebook.com/ozodlikradiosi/ 2019.10.12).

34. ВОЛОСЕВИЧ А. Професиональную преступницу Гульнару Каримову приговорили к 13-летнему заключению (Професионал жиноятчи Гулнора Каримова 13 йилга озодликдан маҳрум этилди). - http://www.asiaterra.info/corruption/professionalnuyu-prestupnitsu-gulnaru-karimovu-prigovorili-k-13-letnemu-zaklyucheniyu?fbclid=IwAR0w69qJWyVIeisnkfU3HaK7pF8lr36_hcReIezHme2RLhlvHQQ6H8SLXjo (www.asiaterra.info 19.03.2020)

35. Имон Каримова Бош прокуратурани онаси билан тузилган келишувни бузганликда айблади. - Имон Каримова Бош прокуратурани онаси билан тузилган келишувни бузганликда айблади (ozodlik.org) (www.ozodlik.org/a/gulnara-karimova-iman-karimova-bosh-prokuratura-shavkat-umurzakov/30005583.html 2019 йил 18 июн).

36. Гулнора Каримованинг Прeзидeнтга ва халққа мурожаати. Ҳозиргача бизга нималар маълум? - https://kun.uz/news/2019/06/26/gulnora-karimovaning-prezidentga-va-xalqqa-murojaati-hozirgacha-bizga-nimalar-malum (www.kun.uz/news/ 2019.26.06).

37. Швейцариялик адвокатга Зангиота қамоғидаги Гулнора Каримова билан учрашишга рухсат берилмади. - https://www.ozodlik.org/a/gulnora-karimova-zangiota-shveytsariya-millionlar-bosh-prokuratura-mangeat/30063057.html (www.ozodlik.org/a/ 2019.18.07).

38. БП (Бош прокуратура): Гулнора Каримова иши бўйича тергов якунланди, иш судга оширилди. - БП: Гулнора Каримова иши бўйича тергов якунланди, иш судга оширилди (ozodlik.org) (www.ozodlik.org/a/30362560.html 2020 йил 6 январ).

ДАВОМИ БОР

E-mail: havassh54@gmail.com

АҚШ, Вашингтон шаҳри

2023 йил 1 август
Рубрики:  ПРАВОЗАЩИТА
2023 YILGI MAQOLALARIM

 

Добавить комментарий:
Текст комментария: смайлики

Проверка орфографии: (найти ошибки)

Прикрепить картинку:

 Переводить URL в ссылку
 Подписаться на комментарии
 Подписать картинку