-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 451
Комментариев: 9
Написано: 492


(153-мақолам. 2011 йил 11 апрел, 2018 йил 2 январ) БОЙМИРЗА ҲАЙИТ САБР-БАРДОШИ

Среда, 28 Июня 2023 г. 12:28 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

(153-мақолам. 2011 йил 11 апрел, 2018 йил 2 январ) БОЙМИРЗА ҲАЙИТ САБР-БАРДОШИ

Ватан дардига тушиб, истиқбол даъвоси учун курашишга бел боғлаганимдан бери бир кун келиб халқимизнинг ҳурриятга эришажагига ҳеч шубҳа қилмадим. 52 йилдан кўпроқ вақт мобайнида ватанимдан жудоликда яшадим ва бу озодлик учун курашда ўзимнинг муносиб еримни олдим. [1]
БОЙМИРЗА ҲАЙИТ (1917–2006)
BOYMIRZAfoto1 (304x408, 24Kb)
Фото 1. Боймирза Ҳайит (2017-2006). [2]

МУНДАРИЖА

Кириш сўзи (2018)
1. 1917-1939: Болалик ва ёшлик йиллари.
2. 1939: Касалланиши.
3. 1939-1940: Ҳарбий хизмат сари йўл.
4. 1941-1942: Асирлик азоблари.
5. 1942-1945: Туркистон легионидаги фаолият.
6. 1945-1951: Дорулфунун таълими ва докторлик диссертацияси.
7. 1956-1989: Ҳур фикрга қарши совет ташвиқоти.
8. 1990: Юрак амалиёти ва АҚШга сафар.
9. 1939-1992: Ватан соғинчи.
10. 52 йилдан бери Ватандан хабар йўқ.
11. Оилавий ҳаёти.
12. 1991: Боймирза Ҳайит ҳақидаги мақола.
13. 1991: Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
14. 1992: Халққа мурожаат.
15. Чўлпон мукофоти.
16. Ватанга таклиф.
17. Алҳамдулуллоҳ Ватандаман.
18. Ватандаги кечмишлар ва учрашувлар.
19. Режим малайларининг совуқ муносабати.
20. Ваъдабозлар.
21. Баҳона ва буйруқ.
22. Тарихчилар билан учрашув.
23. Ватандан қувдилар.
24. Турк дунёси қурултойлари.
25. 1997: 80 ёшга тўлиши тантаналари.
26. 2006: Улуғ олим вафоти.
27. Юсуф Жума: Боймирза Ҳайит хотирасига.
28. Асарлари.
29. Режимнинг Боймирза Ҳайитга муносабати.
30. Айрим фикр-мулоазаларим.

КИРИШ СЎЗИ (2018)

Туркистон мустақиллиги ва бирлиги учун умр бўйи курашган Боймирза Ҳайитдек улуғ ватандошимиз ҳаёт бўлганида 2017 йил 17 декабр куни 100 ёшга тўлган бўларди. Мен у ҳақда 2011 йилда катта мақола ёзгандим ва АҚШда яшаётган журналист Жаҳонгир Маматовнинг www.turonzamin.org сайтида чоп эттиргандим ([3]-га қаранг).

АҚШ ҳукумати менга сиёсий бошпана бергани сабабли қочқин сифатида Айдахо штати маркази бўлмиш Бойси шаҳрида 2010 йил 21 январдан яшай бошладим. АҚШга келгач ҳам Ўзбекистон ва АҚШ махсус хизматларининг ўзаро ҳамкорлиги, аниқроғи ҳамтовоқлиги натижасида менга қарши тазйиқлар давом этди. Мени 2010 йил июлидан 2012 йил январига қадар уч марта асоссиз равишда ишдан ҳайдашди. Шундан сўнг мен Бойси шаҳридан 3800 километр нарида жойлашган АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрига бориб яшашга қарор қилдим.

Вашингтонга 2012 йил 2 март куни учқичда келдим. Шу келишим арафасида Жаҳонгир Маматов ва унинг ҳамтовоқлари www.turonzamin.org сайтида чоп этилган менинг юзтага яқин мақолаларимни, жумладан «Боймирза Ҳайит сабр-бардоши» номли катта мақоламни ўчириб ташлашибди. Бу билан Жаҳонгир Маматов Боймирза Ҳайитнинг ёрқин хотирасига нисбатан ҳам нотўғри муносабатда эканлиги ва унинг Боймирза Ҳайит ҳақида айтиб ҳамда ёзиб юрган гаплари анчайин сохта эканлиги маълум бўлди. Мен шу сабабли мақоламнинг ушбу вариантида Жаҳонгир Маматов билан боғлиқ маълумотларни чиқариб ташладим. Мақоламнинг айрим жойларига озроқ тузатишлар ва қўшимчалар киритдим.

Туркистон мустақиллиги ва бирлиги учун умр бўйи курашган Боймирза Ҳайитдек улуғ ватандошимиз ҳаёт йўлини ҳар биримиз билишимиз ва ундан ўрнак олишимиз керак.

Кейинги вақтларда хориждаги мухолифат фаоллари ва раҳбарлари яқинлари вафот этаётгани ҳақидаги ноҳуш хабарлар сайтларда чоп этилмоқда. Ўз она ёки отангиз, ака-укаларингиз, болаликдан бирга катта бўлган яқин қариндошингиз ёки дўстингиз Ўзбекистонда вафот этганида уни сўнгги манзилга кузата олмаганингиз ва қабрига бир сиқим тўпроқ ташлай олмаганингизни ўйлаб қаттиқ изтиробга тушасиз.
Мана шундай қийин кунларда Боймирза Ҳайитдек улуғ ватандошларимизнинг ҳаёт йўли ва сабр-бардоши ҳар биримиз учун ўрнак бўларлидир. Аллоҳ синови бўлмиш қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтиш ва улуғ мақсад йўлида бардавом бўлиш борасида мен ўзим учун ўрнак деб билган машҳур ватандошимиз Боймирза Ҳайитнинг ҳаёт йўли ҳақида ушбу мақоламда сўзлаб бермоқчиман.

Мен Боймирза Ҳайит тақдирига доир маълумотлар ва айрим фикрларимни хорижда бир неча йиллардан бери яшаётган, ўз яқинлари вафотидан қайғуга ботаётган ҳақиқий қочқин укаларимиз ҳамда ёшларимизга қарата ёзмоқдаман ва унинг сабр-бардошидан ўрнак олишга даъват қилмоқчиман. Шахсан ўзим яқин қариндошим бўлмиш Аҳадова Ҳабиба аммам вафот этганида АҚШ ва ўзбек махсус хизматлари қаршилиги туфайли телефон орқали АҚШдан боғлана олмаганим ва ўша қийин кунларда Боймирза Ҳайит ҳаёти ҳамда сабру бардошидан ўрнак олганим ҳақида мақоламнинг охирги 30-параграфида ёздим.

1. 1917-1939: БОЛАЛИК ВА ЁШЛИК ЙИЛЛАРИ

Ҳар биримиз кечираётган қийинчиликлар ва изтиробларни раҳматли профессор Боймирза Ҳайит кечирган қийинчиликлар билан таққослаб кўриш учун унинг ҳаётидан муҳим маълумотларни келтириб ўтаман. Шунингдек мақолам давомида унга доир айрим фактлар ҳамда фикрларимни, охирида эса баъзи бир фикр-мулоҳазаларимни ёзаман.

Умуман олганда, Туркистон мустақиллиги ва бирлиги учун умр бўйи курашган Боймирза Ҳайитдек улуғ ватандошимиз ҳаёт йўлини ҳар биримиз билишимиз ва ундан ўрнак олишимиз керак.

“Мен 1917 йилда, Октябр инқилобидан бир ой кейин (декабр ойида, А.Ш.) Қўқон мухторияти кунларида деҳқон оиласида туғилган эканман. Бир она (Робия) ва бир ота (Ҳайитмирза)нинг 15 фарзандидан 9-чисиман. Бошланғич мактабни Наманган даҳасининг (кейин Уйчи даҳаси) Ёрқўрғон қишлоғида, ўрта мактабни Наманган шаҳрида, олий таълимни Тошкентда кўра олдим” [4]

“Боймирза олти ёшида диний таҳсил берувчи мактабда билим олди. Етти ёшида “жадид мактаби” деб аталувчи янги мактабга кирди. 1923 йилдан 1933 йилгача ўқиб, ўрта маълумотли бўлди. 1934 йилда Тошкент университетининг Тарих факультетига имтиҳон топширди…

Совет Иттифоқида қатағонлар авжига чиққан 1937-39 йилларда Боймирза Ҳайит ҳали талаба эди, аммо масаланинг моҳиятини яхши англади. Хатар қузғуни ўз бошида ҳам айланиши мумкинлигини фаҳмлаб, 1939 йили университетнинг сўнгги курсида ўқишни ташлаб, Наманганга қайтди. У муаллимлик қила бошлади» [5]

“Тошкентнинг Бешёғоч маҳалласида жойлашган педагогика институтида (ҳозирги Низомий номидаги Педагогика университети, А.Ш.) қисқа вақт ичида “ўқитувчиликни” ўргатдилар. Дастлаб Тўрақўрғонда муаллим бўлиб ишладим. Сўнгра Уйчи районига юбордилар. У ерда ҳам ўқитувчилик қилдим. Кейин район маориф бўлимининг мудири лавозимига тайин этдилар.

Шу билан бирга Тошкентдаги педагогика институтининг тарих факультетига сиртдан ўқишга имкон бердилар. Кундузи вазифам билан, кечаси дарс тайёрлаш билан шуғулландим. Давлат имтиҳонларини ёз ойлари (1939-йилда) топширдим. Шу йил “намунали ўқитувчи” деган ном бердилар ва “Ҳурмат белгиси” нишонини ҳам тақдим этдилар” [4]

2. 1939: КАСАЛЛАНИШИ

“1939 йилнинг ёз ойларида ревматизм касалига учрадим. Шол бўлиб қолдим. Аввал, табибларнинг ҳаракати, Оллоҳнинг марҳамати ва Жалолободдаги шифо сувининг таъсири боис ноябр ойида (1939 йил, А.Ш.) икки қўлтиқтаёқ билан зўрға оёққа турадиган даражага етишдим.

1939 йилнинг ноябрида Уйчи район ички ишлар шуъбасининг бошлиғи Монғишев чақириб: “Бизга сизни қамаш ҳақида буйруқ келди”, деди. Мен: “Энди нима учун бундай буйруқ? Октябрнинг боласи Октябрга қарши бўладими? Туҳмат борми?”, дедим. Эртасига прокурор Болакеев йўқлади. У “Сени қамоққа олишимиз керак. Аммо сени қамоқхонага юбормоққа қаршиман. Бунинг учун Қизил армияга кет”, деди. Мен “хўп” дедим.

Орадан уч-тўрт кун ўтгач, район ҳарбий комиссариатининг сафарбарлик комиссиясидан даъват келди. У ерга бордим. Докторлар: “Бу одам бундай касал экан, уни аскарликка қабул этишмайди”, деб қарор бердилар.

Бир дўстим, Марғилонли Ўктам Аҳмад: “Қамоқхонага кетгунча, Қизил армияга кетиш яхшидир. Бунинг учун маршал Ворошиловга телеграмма юбориб, мен касал бўлганлигим учун ҳарбий хизматга олмадилар. Ватанга хизмат қилмоқни истайман. Бунинг учун мени армияга қабул этишингизга рухсат сўрайман”, деб ёз деди. Шундай қилдим. Маршалдан буйруқ келди. Қўлтиқтаёқ билан сафарбар этилганлар сафига киритдилар.

1939-йилнинг 24-декабрида Наманган шаҳридаги оташарава (поезд) станциясидан юк вагонлари ичига киритишди. Худо раҳматли онам: “Ўғлим, мендан айрилмасдан аввал қариндош-уруғларимиз ва дўстларимиз қаршисида калимаи шаҳодатни ўқи”, дедилар. Мен орзўларини ижро этдим. Ота-онам ва ватанимдан ажралган ҳолда йўлга чиқдим” [4]

3. 1939-1940: ҲАРБИЙ ХИЗМАТ САРИ ЙЎЛ

“Йўлда дардим оғирлашди. Ватандошларимизнинг ҳимматлари билан улардан ёрдам кўрдим. Оллоҳ уларга кўрсатган марҳамати учун қутлуғ йўлласин. Бир ойдан кейин (1940 йилда) Чижой деган жойига келдик. Бизни қабул этган офицер: “Нима учун бу касал одамни бизга юборишган”, деди. Биз билан борувчи: “Ўртоқ капитан, бу одам йўлда касал бўлди. Бунга қўлтиқтаёқ топдик ва бу ерга келтира бордик, чунки хизмат этмоқни истайди”, деди. Капитан докторнинг ихтиёрига ҳавола этди. Баҳорга қадар тузалдим. Танк қисмига тайин этдилар …” [4]

4. 1941-1942: АСИРЛИК АЗОБЛАРИ

“Июл ойининг бошида (1941-йил) бомба парчаларидан бўлаги ўнг оёғимга келиб теккан эди. Бундай бир заиф, ярадор, оч ва сувсиз қолган бир вақтда олмонларга асир тушдим. Асирлик бизни Зилицк шаҳри яқинидаги асирлар лагерига киритдилар. Бу лагерда олмонлар асирлар орасидан яҳудийларни излаша бошладилар.

Қандайдир бир одамга ўхшаган Оллоҳнинг бир ҳайвони, “Булар (бизни кўрсатиб) яҳудийлар” деб маълумот берибди. Олмон офицери одамнинг сочига, бурнига ва суннат ерига қараб, “яҳудий” деб қарор чиқаргач, буларни отиб ўлдиришарди.

Навбат менга келди. “Отишга ол”, деб у буйруқ берди. Мен ялинган ҳолда таржимонга (таржимон бир лазгин эди, олмонча-русчани яхши билган кавказли яҳудий экан) айтдим: “Ўлдирмасдан аввал, икки ракат намоз ўқишга рухсат сўрайман”. Офицер ўқисин дебди. Намоз ўқидим. Дуо ўқиганимдан кейин, “Амр этингиз, мен ўлимга ҳозирман”, дедим. Олмон офицери ҳайрон бўлди. “Яҳудий эмасмисан”, деди. Мен, “Йўқ, яҳудий эмасман, мусулмон ва турк-ўзбекман”, дедим. У икки қамчи урди ва кет, деди. Асирлар орасига қайтиб кириш насиб бўлди.

Асирликнинг жабри-жафоларини баён этмоқ учун туйғу ва ирода етишмайди. Бу инсон ҳаётидаги фожиалар тўпламидир.

Польшанинг Чнестахов шаҳрида асирлик кунларини бошимдан кечирдим. Бу лагерда, аввалон, ёрдамчи ишчи, ишчи, ошпаз, сўнгра биринчи ошхона бошлиғи, гуржистонлик Удигиндан кейин асирлар лагерининг ушбу ошхонасига мудир бўлдим” [4]

“Асирлар лагерида дунё тарихида кўрилмаган хўрликларни кўрдик. Биз ишонган давлат ва Сталин очиқдан-очиқ байналмилал қизил ой жамиятига: “Биз асирларни танимаймиз ва бунинг учун уларга ёрдам бера олмаймиз”, дейишган экан. Бунинг устига “доно ва доҳий Сталин” ўзининг 270-сонли буйруғи билан “совет асирлари қаерда тутилса, шу ерда йўқ этилсин”, деган “доҳиёна”, аслида ваҳшиёна амрини билдирган” [4]

“Қизил Армияда жангга кирганим ва ҳарб асири бўлиб қолган 2 йилу 6 ой ва 12 кунлик бир замон
ҳаётимнинг энг маъносиз қисми эди. 15 март 1942 йилда Миллий Озодлик ҳаракатига қўшилдим ва у вақтдан бери бу ҳаракатнинг ичида фаолият кўрсатиб келяпман” [1]

5. 1942-1945: ТУРКИСТОН ЛЕГИОНИДАГИ ФАОЛИЯТ

BOYMIRZAfoto2 (142x217, 13Kb)
Фото 2. Туркистон легионининг нишони.

“Бизнинг аҳволимизга йиғлайдиган “маймунлар” ҳам йўқ, деган таассурот остида эдик. Оврўпода икки туркистонлик – Мустафо Чўқай ва Вали Қаюмхон – бизнинг фожиали қисматимизни ўрганганлар ва бизларни кутқариш учун йўллар қидиришган.

Шуни ҳам баён этайинки, Чнестахов шаҳридаги лагерда 260 мингга яқин туркистонли асирлар тўпланганди. 1942-йилнинг баҳорига келиб фақат 300 га яқин юртдошларимиз тирик қолишди. Совуқ, очлик, касаллик кўпчиликнинг умрига зомин бўлди.

Олмонлар рус бўлмаган Қизил Армиядан келган кўнгилли ўлароқ аскарликка қабул қилишга қарор қилишганди. Шу асосда 1942-йилнинг март ойи ўрталарида Туркистон легионига кирдим. “Аскар бўлиб, Туркистон учун курашамиз, Москванинг зулмидан ўзимизни, яъни халқимизни қутқарамиз”, деган ёшлар Туркистоннинг нима эканлигини билмас эдилар.

Легионнинг бир қисм ҳолида, Туркистон фидойилари компаниясини ташкил этишган экан. Фидойиларда Туркистон тарихи ҳамда жуғрофиясини ўргатадиган одамларни излаганлар ва мени ҳам бунга қобилиятли кўришган. 1942-йилнинг 6-октябридан бу ерда Туркистон тарихини ўргатиш билан машғул бўлдим. Мактабларда таълим олган вақтида ҳеч бир устозим Туркистон тарихи ҳақида таълимот бермаган эди. Туркистон тарихини ватанда, талабалик вақтида ва легионда, Бартольднинг “Туркистон тарихи” (русча), “Туркистон мўғул истилоси замонида”, “Туркистон маданий ҳаёти тарихи” (рус тилида) асарларини яхшигина ўзлаштирган эдим” [4]

“Олмон давлати 1945 йил 24 мартда Туркистон легионини, Туркистон Миллий армияси, Туркистон Миллий Бирлик қўмитасини Туркистон Миллий Ҳукумати сифатида расмий васиқа билан таниди.
Урушдан кейин… Б. Ҳайит омон қолди ва илмий оламга шўнғиди… [Ҳафталик “Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати”, 1992 йил, 3 июл, 4-бет]” [5]

“Уруш тугади. Урушнинг сабаб-уқубатларини кўргандан кейин яна бир ҳаяжонли ҳаёт ичига киргандек бўлдик. Буларни орасида мен ҳам бор эдим. Кўп юртдошларимиз Совет Иттифоқига қайтмасликни истадилар. Лекин уларни мажбурий равишда Совет Иттифоқига йўлладилар. Баъзилардан, 800 га яқин кишилар бу тарафларда қолиб кетишга муваффақ бўлдилар. Улар орасида мен ҳам бор эдим” [4]

6. 1945-1951: ДОРИЛФУНУН ТАЪЛИМИ ВА ДОКТОРЛИК ДИССЕРТАЦИЯСИ

“Урушдан кейин Олмония дорулфунунларидан бирида таҳсил олмоқ орзўсида эдим. Бунга муваффақ бўлдим. Мюньхен дорулфунунининг (1946-1950-йиллар) фалсафа факультетида, Ислом илмлари (араб, эрон, турк тиллари ва ислом тарихи), яъни янги замон тарихи ва славяншунослик (рус, украин, поляк, чех, словак, серб тиллари) бўлимида ўқидим.

Имтиҳонларни топширгандан кейин “Қўқон ва Олаш Ўрда ҳукуматлари” мавзусида ёзган диссертация асосида фалсафа доктори унвонини олдим. 1951-йилдан эътиборан илмий тадқиқотлар билан машғулман.

Оврўпада тўғридан тўғри Туркистон тарихи ва маданияти билан шуғулланувчи илм одамлари бўлмаганлиги сабабли менинг олмон профессорларим менга Туркистон тадқиқотлари билан машғул бўлиб, бу соҳадаги бўшлиқни тўлдиришга хизмат этишимни тавсия қилишди. Мен бир тарафдан буларни тавсияси ва асосан ўзимнинг ватан туйғуларимни ифодаси ўлароқ шу йўлдан боришни ният этдим” [4]

7. 1956-1989: ҲУР ФИКРГА ҚАРШИ СОВЕТ ТАШВИҚОТИ

“1956-йилдан эътиборан, Совет Иттифоқида ва Туркистонда менга қарши, яъни фикрларимга қарши жиддий ташвиқот бошладилар. Мени “ватан хоини”, сотқин, гитлерчи, қотил, империалистларнинг айғоқчи-хизматчиси, Ўрта Осиё тарихини ва ленинча миллий сиёсатни сохталаштирувчи, пантуркист, панисломист, жосус, миллатчи” каби шиорлар билан тасвир этишга киришилди. Менга қарши ҳисобсиз мақолалар, рисолалар, китоблар ва радиоэшиттиришлар уюштирилди. Бундай туҳматлар билан халқимизнинг кўзини бўядилар, афкор умумиятнинг фикрларини буздилар ва ҳатто чет мамлакатдаги дўстлари ва лаганбардорлари воситаси билан менинг фикр-фаолиятимга зарба бермоқ йўлидан кетдилар” [4]

“Туркистон масаласи бўйича очиқ-ойдин айтган фикрларим Коммунистик Совет диктатурасининг ва у билан маънодош бўлган Рус шовинизмининг ғазабини уйғотди. Бу боис Совет пропагандасининг тиғига дучор бўлдим.

Қўлимдаги материалларга асосланиб, ўзимни кўп йиллар Совет ҳужумларига дучор бўлган ва талофот кўрган, қувғиндаги бир фикр одами бўлганимни айта оламан. Собиқ Совет тарихчиларидан ўрганганимга кўра шўроларнинг менга қарши нашр қилган китоб, рисола, мақолалари, телевидение ва радио программаларининг жами сони 1000ни ошмоқдадир. Буларга қарамасдан Совет тарғибот машинасининг ёлғонларини фош қиладиган ҳеч бир асар ёзмадим.

Совет тузумининг менга қарши жиддий тарздаги ёлғон тарғиботи Горбачевнинг замонида, яъни 1989дан бошлаб оз бўлса ҳам ижобий томонга ўзгара бошлади. Лекин бу менга қарши уюштирилган буҳтонларнинг тугаганини билдирмас эди. Эскиси қадар буҳтон ва туҳматлар қилинмаётган бўлса ҳам гоҳ-гоҳ бошимга Совет пропагандачиларининг туҳмат ва ҳақоратлари ёғиб турди.

Мисол учун, 1989 йил сентябрь ойида Истанбулда Туркистонликларнинг Қурултойи бўлди. Ўзбекистон Совет ҳукуматининг маддоҳи “Совет Ўзбекистони” газетасининг 1989 йил 15 декабрь сонида Дарвеш Али ниқоби остида “Ўлганни тирилтиришга уринганлар” сарлавҳали бир мақола ёзилди. Мақолада шу туҳматлар бор эди: “Ҳар ким отнинг қашқасидек жуда яқиндан таниган Боймирза Ҳайит яна бошқа ўлкаларга сафарга чиқди. У борган мамлакатларда Ўрта Осиё жумҳуриятларидаги коммунистик зулмни ифода қилувчи баёнотлар бермоқда… Бу йилнинг сентябрь ойида у Туркистонлик қувғинлар орасида Советларга қарши сиёсий фаолиятини кучайтириш учун Туркиянинг Истанбул шаҳрига борди”.

Мен 1989 йил ичида Туркияга ҳеч борган эмасман. Буни ғоят яхши билганлари ҳолда Совет ялоғини яловчилар ёлғон ёзишдан ҳеч чекинишмади» [1]

“1987-йилга қадар 9 китоб, 11 рисола, 260 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалар ёзиб нашр эттирдим. Буларнинг ёнида илмий анжуманларда Туркистон тарихи ва бу билан боғлиқ бўлган масалалари мавзусида маърузалар ўқидим. Дунёнинг қайси мамлакатида, чет юртларда туркистонликлар бўлишсалар, у ерларда Туркистон миллий масалалари билан машғул бўлдим. Унинг натижасида кўп сонли дўстлар ҳам топдим. Ҳозир (1991 йилда, А.Ш.) 1974-йилда ташкил этилган Туркистон Тадқиқотлари институтининг бошлиғи бўлиб, тадқиқотларга даъват этмоқдаман” [4]

8. 1990: ЮРАК АМАЛИЁТИ ВА АҚШГА САФАР

1990 йил феврал ойида Германияда дўхтирлар Б.Ҳайитнинг касал юрагини операция қилишди.
1990 йил март ойи бошида Муҳаммад Солиҳ Москвадаги АҚШ элчиси Метлокнинг таклифи билан 4 кишилик гуруҳ таркибида АҚШга бир ойлик сафарга борди. У Сиэтл шаҳрида бўлганида меҳмонхонага Б.Ҳайит телефон қилган. У М.Солиҳга: “Сизнинг ижодингиз ва сўнгги йилларда ёзган ишларингиз билан яхши танишман. Яқинда юрагим амалиёт қилинганди. Агар бир ҳафта ичида ўзимни яхши ҳис қилсам, Америкага сизни кўришга келаман, гаплашадиган гапларимиз кўп” деган. [7]

Муҳаммад Солиҳ гуруҳ таркибида Сиэтлдан кейин Луизиана, Сан-Антонио ва яна бир неча штатларда сафар дастурини адо этган. Нью-Йорк дастури бошланганида мутасаддилардан қолган бир ҳафтада ижозат сўраб, Нью-Йоркда жойлашган ўзбеклар ёнига кетган.

“Нью-Йоркда “Туркистон” жамиятининг раиси Неъмат Бегиш кутиб олди. Бир неча ўзбек хонадонида меҳмон бўлдим. Ҳаммаси самимий қаршиладилар. Ўзбекистон ҳақида кўп сўрадилар, кўп суҳбатлашдик.

Туркиядан Аҳад Андижон деган йигит етиб келди. Уни танимас эдим. Туркияда ҳам “Туркистон” жамияти бор экан, унинг раиси экан. Ўзи жарроҳ, аммо сиёсат билан қизиқаркан.

Икки кун сўнгра Олмониядан Боймирза Ҳайит учиб келди. Ёши олтмишдан ошганига қарамай, бақувват эди. Фақат юрак амалиётидан сўнгра тўққиз соат учоқда ўтириш осон иш эмасди. Оёқлари шишиб кетганди. Мен шунча заҳматнинг кераги йўқ эди, дедим. Э, қизиқсиз, сизларни яна қачон кўрамиз, деди кулиб бу аскар одам.

Боймирза ака билан беш кун давомида мириқиб суҳбатлашдик. Миллий масала бўйича қарашларимиз деярли бир хил эди. Унинг китобларини ўқимагандим, аммо унга қарши Совет матбуотида босилган қораловчи мақолаларни ўқигандим.

Нью-Йоркда, аср бошида “Босмачилар ҳаракати” номи билан машҳур бўлган миллий озодлик ҳаракати лидерлари Шермуҳаммадбек (Кўршермат)нинг авлодлари билан ҳам учрашдим.

Кейин Боймирза Ҳайит, Аҳад Андижон ва мен Вашингтонга кетдик. Бизга Нью-Йоркдаги “Туркистон” жамиятининг эски раиси Абдулла Хўжа ҳамроҳлик қилди. Абдулла Туркистон даъвоси билан етишган ёшлардан эди. Самимий инсон, Нью-Йоркда экан, унинг уйида қолгандим.

Вашингтонда Совет пропагандасининг яна бир салбий қаҳрамони Рўзи Назар билан кўришдим. У саксон иккинчи йилда “Литературная газета”да чиққан бир мақолада Рим папасига суиқасд ташкилотчиларидан бири ўлароқ тасвирланганди.

Рўзи Назар ҳам Боймирза Ҳайит каби “Туркистон легиони” мансубларидан, олмон хонимга уйланган, сўнгра АҚШга келиб, Пентагоннинг тадқиқот бўлимида, дипломатик вазифаларда ишлаган киши. Кўпни кўрган ва жуда кўп нарсани билган одам. Суҳбатларимиз жуда мароқли бўлди” [7, 90-91-б.]

Муҳаммад Солиҳ 1990 йилда АҚШда Боймирза Ҳайит билан ўтказган беш куни ва суҳбатлари ҳақида каттароқ мақола ёзса бўларди. Ҳар ҳолда Боймирза Ҳайитдек улуғ тарихий шахс хотираси учун, халқимиз тарихи учун бу хотиралар ҳам муҳимдир. Қолаверса, бу беш кунлик дунёдир. Раҳматли Боймирза Ҳайит кетган томонга ҳар биримиз эртами-кечми кетамиз. Биздан кейинги авлодларга ёзган мақолаларимиз, китобларимиз ва хотираларимиз қолади.

9. 1939-1992: ВАТАН СОҒИНЧИ

“Иккинчи саволингизнинг кейинги қисмида “сизда ўтган йиллар мобайнида ватанга қайтиш ҳисси туғилмадими” деган жумла бор. Менда ватанга қайтиш туйғуси 1940-йил 6-январдан бери мавжуддир, чунки 1939-йилнинг 24-декабрда оташ аравага чиққанимдан кейин ўша куни Туркистон диёридан айрилдим. Шундан бери ватанга қайтиш туйғусидан ҳеч бир ажралган эмасман.

Ватанга қайтишнинг ўзига хос бир саволи бор. Қайси шаклдаги ватанга қайтишим керак? Инсонлари инграган, кўз ёшларидан оққан қонли дарёси хусусиятини билдирган ватанга келгиндиларгина эмас, узлуксиз равишда чет ҳокимият остида яшашга мажбур бўлган ватанга борайми ёки мустақил ва озод ватанга борайми?

Қаноатимча, мен мустақил ва озод ватанимга қайтиб боришни истайман. Бу қарорим менинг виждонимнинг бўлинмас бир парчасидир. Қафасдан қутилган қуш яна қафас ичига киришни ҳавас қиладими? Йўқ, бундай қила олмайман. Мен ватан деб 51 йилдан бери улуғламоқдаман. Оллоҳ умр берса яна бир неча йиллар ҳайратларда бўламан. Лекин титраган, ҳақсиз, эзилган мазлумликка ўргатилиб, бизни “зағчалар” ҳолига келтирганларга раҳматномалар билдириш учун ватанга бора олмайман” [4]

10. 52 ЙИЛДАН БЕРИ ВАТАНДАН ХАБАР ЙЎҚ

“Ватан билан ўтган вақтда алоқалар ўрнатиш учун ҳаракатларда бўлдим. Натижа аъло бўлмади. Балки тузумнинг бюрократияси ва менинг ҳақимда у тарафларда юритилмоқда бўлинган туҳматлар натижасида бўлса керакки, ватан билан боғлана олмадим. Орадан 51 йил ўтгандан кейин менинг ҳаёт бўлган бир синглимнинг бор эканлигини ва ҳатто бир ўғлим ҳам бор эканлигини билдиришди. Буларнинг қанчалик тўғрилигини тўлиқ ўргана олмадим. Горбачев давридан илгари чет мамлакатларга илмий мажлисларга келган илм одамлари билан алоқаларни фақат мажлис пайтида боғладим. 1939-йил 24-декабрдан бери (1991 йилгача, А.Ш.) Ватандан хабар келмади” [4]


11. ОИЛАВИЙ ҲАЁТИ

Билишимча, Боймирза Ҳайит 1939 йилгача уйланган ва фарзандлари бўлган. Ушбу мақоламнинг 17-параграфида Ўзбекистонда унинг ўғли Бекмирза (Телман) бўлгани ва у 1992 йилнинг январь ойида вафот қилгани ҳақидаги маълумотни келтирганман.

Боймирза Ҳайитнинг биринчи оиласидан нечи нафар фарзанди ва неваралари бўлгани ҳақидаги маълумотни ҳозирча топа олганим йўқ. Топсам, кейинги мақолаларимдан бирида ёзарман, Аллоҳ хоҳласа. Бу ерда унинг Германияда Иккинчи дунё урушидан кейин қурган оиласи ҳақидаги маълумотни келтираман.

“Оилавий ҳаётим ҳақида маълумот беришим мумкин. Хотиним – олмон, тиббия докторидир. Уч фарзандимиз ва олти набирамиз бор. Улар дорилфунун таълимини олишган. Икки ўғил – нашриётчи. Қизимиз спортчи, яъни спорт муаллимаси. Чўлоқ, кўр, жинни, юраги хасталарни ва қарияларни спорт йўли билан соғлом тутиш соҳасида ишлайди. Ўзбек туркчасини ўргана олмадилар. Туркистонга боғлиқдирлар. Оила ҳаётимиз самимийдир. Фарзандлар, келинлар ва куёв, набиралар ҳар ҳафтада бир дафъа уйимизга келиб, Фарғона паловини еб, оилавий маслаҳатлашиб кетадилар” [4]

12. 1991: БОЙМИРЗА ҲАЙИТ ҲАҚИДАГИ МАҚОЛА

Мен юқорида улуғ ватандошимиз, раҳматли Боймирза Ҳайит ҳақидаги кўпгина муҳим фактларни [4]-мақоладан келтирдим. Ушбу мақола Тошкентда “Мулоқот” журналида чоп этилиши ва бу мақола атрофидаги жанжал тарихи қуйидагичадир.

“Мулоқот” журнали бош муҳаррири ўринбосари, журналист Ислом Усмонов Б.Ҳайитга 1991 йил бошида 9 та савол билан ёзма мурожаат қилди. Б.Ҳайит барча 9 та саволга жавоб ёзиб, 1991 йил январида Тошкентга жўнатган. Суҳбат Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий комитетининг ижтимоий-сиёсий журнали бўлмиш “Мулоқот”нинг 1991 йил май ойи сонида тўлиқсинча чоп этилди. [4]

Совет Иттифоқининг асосий махсус хизмат органи бўлмиш Давлат хавфсизлиги қўмитаси (ДХҚ-КГБ) ахборот масалалари билан шуғулланарди ва тегишли қонуний ҳамда ноқонуний чоралар кўриш ҳақида давлатнинг турли ҳокимият бўғинларига буйруқ даражасида кўрсатма берарди (ҳозирги Мустақил Ўзбекистонимизда ахборот масалалари билан асосан ДХҚнинг меросхўри бўлган Миллий хавфсизлик хизмати шуғулланмоқда ва шу каби ноқонуний ишларни амалга оширмоқда). Натижада мақола ва Боймирза Ҳайит ҳаёти масаласи Ўзбекистон Коммунист партияси Марказий комитети Тафтиш комиссияси даражасига қадар кўп марта муҳокама қилинган. Натижа қуйидагича бўлган.

“1991 йил 1 август куни журналнинг Бош муҳаррири ва партия ташкилоти секретари Ўзбекистон Коммунист партияси Марказий комитетига чақирилганлар. Тафтиш комиссиясида “Мулоқот”да нашр қилинган суҳбат муҳокама қилинган. Бу йиғилишни Тафтиш комиссияси раиси муовини П.Алисич олиб борган (бу одам ҳали ҳам (1992 йилда, А.Ш.) Президент (Ислом Каримов, А.Ш.) ёнида ишлаб келмоқда). Бу йиғилишда “Мулоқот” масаласини Тафтиш комиссияси умумий мажлисида кўриб чиқишга қарор қилинган.

Ўша куни соат 16да комиссиянинг йигирмага яқин аъзоси қатнашган йиғилишни Комиссия раиси Шавкат Йўлдошев олиб борган (бу одам ҳозир Ўзбекистон парламентининг раиси (1992 йилда, А.Ш.)). Комиссия раиси муовини Иноғомов “Мулоқот” журналидаги суҳбат билан алоқали нутқ сўзлаган. Сўнгра Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказкоми Мафкура бўлимининг бошлиғи ўринбосари Саиджонов жуда ҳам тутоқиб кетиб, журнални “Ватан хоини Боймирза Ҳайит билан қилинган суҳбатни босиб жуда катта хатога йўл қўйган”, деб айблаган.

Бош муҳаррир Барот Бойқобиловнинг сўзларидан кейин ёзувчи Ислом Усмоновга сўз берилган. Мажлисдагилар Усмоновга “Боймирза Ҳайит билан суҳбатни нашр қилиш фикри кимдан чиққан?”, деган маънода савол беришган. Усмонов жавобида Боймирза Ҳайит ҳаққида ҳар хил ва қарама-қарши фикрларнинг борлиги сабабли бу масалага тўғри ёндошиб ҳақиқатни ўртага чиқариш мақсадида бу ишга қўл урганини айтган.

Бошқа партия мансабдорлари ҳам гапиришгандан кейин “Мулоқот” журналининг номини “Эътиқод” деб ўзгартиришга қарор қилинган. Бундан кейин “Эътиқод” журнали Ўзбекистон Компартияси Марказкомининг “Инсон ва сиёсат” журналига илова сифатида нашр қилинишга бошланган. Шундай қилиб манзара “тамоша кўрники, замона зўрники” қабилига ўхшаган бир тус олган.

1991 йил август ойининг охирида мустақиллик эълон қилингандан бир йил сўнгра ҳам Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Мулоқот” эмас, “Эътиқод” журналини нашр қилишни давом эттирмоқда. Бу билан Халқ демократик партияси Ўзбекистон Коммунистик партиясининг меросхўри эканлиги яна бир марта исботланди» [1]

13. 1991: ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ АЪЗОСИ

«Истиқлол шарофати билан ўтган замонларда менга қарши қаратилган Совет ҳужумининг камайиб бораётганини кўрганим учун қувонган эдим. Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг 1991 йил октябрь ойида ўтказилган Х Конференциясида шоир Нурали Қобул менинг Ёзувчилар союзига аъзо қилинишимни таклиф қилган ва таклиф Конференция тарафидан эътирозсиз қабул қилинган.

Ёзувчилар союзининг раиси қимматли дўстимиз Одил Ёқубовдан 1991 йил 22 октябрь куни соат 17.46да қуйидаги телеграммани олдим:

“Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг Х Конференциясида Сизни машҳур бир тарихчи, адабиёт танқидчиси ва илм одами бўлганингизни ҳисобга олиб Ёзувчилар союзига аъзоликка қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу сабабдан Сизни табриклаймиз ва соғлик-саломатлик тилаб қоламиз. Энг яқин замонда Сиз билан кўришиш нияти билан Ёзувчилар союзининг раиси Одил Ёқубов”. [1]

ДАВОМИ БОР
Рубрики:  ПРАВОЗАЩИТА
2011 YILGI MAQOLALAR
TURON
2023 YILGI MAQOLALARIM

 

Добавить комментарий:
Текст комментария: смайлики

Проверка орфографии: (найти ошибки)

Прикрепить картинку:

 Переводить URL в ссылку
 Подписаться на комментарии
 Подписать картинку