-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 451
Комментариев: 9
Написано: 492


Жамшид МУХТОРОВ: ГУМОН ИЙМОНДАН АЙИРАДИ ЁКИ ТОЛИБ ЁҚУБОВ ВА ТОҒБОЙ АБДУРАЗЗОҚОВ БУҲТОНЛАРИГА РАДДИЯ

Суббота, 10 Октября 2015 г. 23:41 + в цитатник
Жамшид МУХТОРОВ: ГУМОН ИЙМОНДАН АЙИРАДИ ЁКИ ТОЛИБ ЁҚУБОВ ВА ТОҒБОЙ АБДУРАЗЗОҚОВ БУҲТОНЛАРИГА РАДДИЯ

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар. (Аҳзоб сураси, 70-оят, http://www.quron.uz/tarjima/surah.php?surah_id=33 )


يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ ۗ وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا

Сизнинг амаларингизни солиҳ қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибдир. (Аҳзоб сураси, 71-оят, http://www.quron.uz/tarjima/surah.php?surah_id=33 )


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ ۖ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا ۚ أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ ۚ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ

Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир. (Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.) (Ҳужурот сураси, 12-оят, http://www.quron.uz/tarjima/surah.php?surah_id=49 )

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ وَيْلٌ لِكُلِّ هُمَزَةٍ لُمَزَةٍ

Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига «вайл» бўлсин. (Ҳумаза сураси, 1-оят, http://www.quron.uz/tarjima/surah.php?surah_id=104 )

... Кимники Аллоҳ тўғри йўлга йўллаб қўйган бўлса, уни ҳеч ким адаштира олмас. Кимники Аллоҳ адаштириб қўйса, уни ҳеч ким йўлга сола олмас ... Ҳидоятга эргашганларга Аллоҳни саломи бўлсин! (Оят ва ҳадис)

Яқинда менинг қўлимга Толиб Ёқубов ва Тоғбой Абдураззоқов ёзган, шубҳа гумонларга асосланган буҳтонлари келиб тушди. Ёзган буҳтонларини ўқиб, жуда хафа бўлдим. Алҳамдулуллоҳ, Аллоҳ шунақанги буҳтончи кимсалардан қилиб қўймади. Қуръони Каримда Аллоҳ таолло айтадики: агар жоҳиллар сизга ҳитоб қилсалар, сиз уларга «Қолу Салама», яъни саломат бўлинг, яъни жоҳил кимсалар билан хитоблашишдан қайтарилганмиз. Аммо бундай фитна фасодлар интернет орқали тарқатилганлиги сабабли, кенг жамоатчилик олдида, шубҳа гумонларга барҳам бериш учун жавоб ёзишга мажбур бўлдим.

Мен Толиб Ёқубов ва Тоғбой Абдураззоқовларни ёшлари улуғлиги сабаб кўнгилларига ботадиган гапларни ёзишдан ҳаё қиламан. Яна мухолифатда ва ҳуқуқбонлик соҳасидаги фаолиятим ҳақида ҳам ёзишни истамайман, сабаби шуҳратпарастлик ва риёдан парҳез қиламан. Лекин бу икки қария мени қамоқдалигимдан фойдаланиб тарқатган буҳтонларини фош қилиш мақсадида баъзи фактларни келтиришга мажбурман.

Ёшлари улуғроқ бўлганлиги боис Толиб акадан бошламоқчиман. Толиб ака мен ҳақимда бундай деб ёзади:

Толиб Ёқубов: “Қизиғи, мен Тошкентдан Жиззахга уйимга келсам, ё ўша куни, ё эртаси куни менинг уйимга кириб келар эди худди илгаридан келишгандай.”

Толиб Ёқубов билан биринчи марта 2003-йил Тошкентдаги уйларида Бахтиёр Ҳамроев (1955.12.01-2013.04.05) орқали Арнасой туманидаги милиция ходимлари томонидан калтаклаб, уриб ўлдирилган йигит масаласида учрашганман. Бахтиёр Ҳамроев Толиб ака бошқарган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Жиззах вилоят бўлими раиси эди ва мен билан жуда яқин алоқада эди. Деярли кунора уларни уйларида учрашиб турар эдик. Ундан ташқари бизни компютеримизда интернет уланмаган, Бахтиёр аканикида доимо интернет бўлар эди.

Толиб ака Тошкентдан Жиззахга келсалар албатта Бахтиёр акага хабар берар эдилар. Шундай пайтда Бахтиёр ака Толиб акани уйига мени ҳам олиб борар эдилар. Мен Толиб акани уйига бир ўзим борганимни ҳеч ҳам эслай олмайман. Балки бир марта борган бўлишим мумкин, аммо икки марта десам ёлғон бўлади. Тахминан Толиб акани Жиззахдаги уйида бор-йўғи 3-4 марта бўлганман.

Толиб Ёқубов: “Аста секин у кимга хизмат қилишини билиб олдик.”

2002-йил Абай Байбулатов Ўзбекистон Инсон Ҳақлари “Эзгулик” жамияти Жиззах вилоят бўлими раиси бўлган даврда бу ташкилот Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган расман нодавлат ташкилоти бўлсада аммо хукумат тасарруфида эди. Шу сабабли бизнинг офисимиз Жиззах вилоят ҳокимлиги биносининг биринчи қаватида жойлашган эди. Собиқ раис Абай Байбулатов ташкилотга ажратилган 17 минг доллар маблағни ўзлаштиргани, йиллик ҳисоботни топширмагани ва қурултой ўтказишдан бош тортгани учун ишдан олиниб ўрнига мени раис этиб сайлашди.

Арнасойдаги машъум воқеани Толиб Ёқубов орқали фош қилганим ва мени позициям ҳукуматга аниқ аён бўлганлиги учун, ҳукумат бизни ҳокимият биносида жойлашган офисимиздан маҳрум қилди. Шундан сўнг бизнинг ташкилот ҳақиқий нодавлат ташкилотига айланди.

Бизнинг ташкилот расмий рўйхатдан ўтган ташкилот бўлганлиги учун мен барча вилоят раҳбарлари билан бемалол учрашиш имкониятига эга эдим. Лекин Толиб ака ташкилотида бундай имконият йўқ эди. Ҳар қандай ташкилотга тааллуқли муаммолар бўлса ҳукуматдагилар ташкилот раҳбари бўлганим учун мен билан гаплашишарди. Балки шу сабабли Толиб акани кўнглида менга нисбатан шубҳа уйғонгандир. Бироқ шунга қарамай мен доимо кузатувда бўлганман. Ҳатто Тошкентга борсам ҳам иккита-учталаб машинада орқамдан кузатишарди. Бу воқеаларга жуда кўплар гувоҳ. Нигора Ҳидоятова, Елена Урлаева, Баҳодир Намозов, Раҳматулла Алибоев, Башорат Эшова ва бошқалар менга нисбатан бўлган кузатувларни гувоҳи бўлишган. Агар Толиб акани даъвоси бўйича мен Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) жосуси бўлсам нега ҳукумат мени орқамдан кузатишган? Қани бу ерда мантиқ?

Толиб ака билан оҳирги марта 2005-йилни охирида Тошкентда Озодлик Уйи (Freedom House)да йиғилишда учрашганмиз. Йиғилиш тугагандан сўнг Мамиржон Азимов орқали мени чақириб уйларига таклиф қилдилар. (Шунда ёнларида қизлари Озода ҳам бор эди. Йўлда кетаётиб қизлари Толиб акада қанд диабети борлиги, оёқлари оғриши ва Толиб ака даволанишга бепарволик қилаётганлигини Толиб ака ёнида айтган эди. Бу сўзларни Толиб акани эсига солиш ва далил ўлароқ келтираяпман). Қизиғи шундаки, ўзларининг ташкилотида ишлаётган жиззахлик Мамиржон Азимовни таклиф қилмай, “МХХ жосуси ва кўпчиликни қамалишига сабабчи бўлган” одамни ҳурмат қилиб уйларига таклиф қилишларини қандай тушуниш мумкин? Ундан ташқари қамалишимдан сал олдин 2011 йилда скайп орқали ҳам гаплашганмиз. Қизиқ, Толиб акани ичларида шунча дардлари бор экан, нега ўшанда ўзимга айтмасдан, орадан шунча йил ўтиб айнан мени қамалганимдан кейин орқаваротдан буҳтон тарқатаяптилар? Асл мақсадлари нима?

Тоғбой Раззоқов билан биринчи марта Ўшга “дугонаси” билан келганида Исроил Холдоров ва Абдужалил Рустамовларни квартирасида учрашганмиз. Базмдан сўнг улар Ўзбекистонга қайтиш чоғида биз уларга бир нечта “Эрк” партияси чиқарган газеталарини бердик ва пул ҳам бердик (Эрк партияси чиқарган рўзномаларини тарқатиш учун партия раиси жаноб Муҳаммад Солиҳ бизга маблағ ҳам берган эди). Шундан кейин Тоғбой ака бир неча марта Ўшга бизни олдимизга келиб кетиб юрди. Бизни доим тўкин дастурхон устида учратиб, қочқинлик ҳақида ва қаердан бунча маблағни олаётганлигимизни қизиқиб, сўраб-суриштира бошлади. Биз унга ошириб-тошириб, “Эрк” лидери Муҳаммад Солиҳдан ёрдам келиб туришлиги, кейин бир неча ойдан кейин БМТ орқали ривожланган мамлакатларга кетишимиз ва ҳоказолар ҳақида жўшқин маълумот бердик. Табиийки, Тоғбой аканинг оғзидан суви қочди. Шунда у ҳам қочқин бўлиб бизга қўшилиб юриш иложи борми деб сўради. Исроил ака мени кўрсатиб “Буни Жамшидбек ҳал қила олади” деди. Шундан кейин Тоғбой ака менга ёпишиб олиб, йиғламсираб ўзини ҳеч кими йўқ, суққабош эканлиги, бир ўзи бир хонали домда туриши, ишлай деса иш йўқлигини айтиб ҳаётидан нолиди. Ўша куни “Эрк” газеталарини олиб Андижонга қайтиб кетди.

Кўп ўтмай Андижондаги оиласига тегишли бўлган бир хонали уйини сотиб бизникига келди ва сохта қочқин бўлишига ёрдам беришимни илтимос қилди. Мен “Сиёсатчи бўлмасангиз, ҳуқуқбон бўлмасангиз, мен сизни нима деб БМТга олиб бораман” дедим. Шунда у қачонлардир, яъни 1990-йилларда Бирлик Халқ Ҳаракати митингида қатнашганлигини айтиб қолди ва бир нечта шеърлари ҳам борлигини айтди. Шундай қилиб уни “бирликчи” ва “катта шоирга” айлантирдим. Ўша куни бизникида қолиб, бир кун репитиция қилдик. Эртаси куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Қочқинлар Иши бўйича Олий Комиссарлиги Бошқармаси (Управление Верховного комиссара Организации Объединённых Наций по делам беженцев – УВКБ ООН)нинг Ўшдаги ваколатхонасига олиб бориб, бош мутахассис Вадим Макеевга учраштириб уни катта мухолифатчи ва таниқли шоир деб ёлғон кўрсатма билан рўйхатдан ўтказдим.

Маълумки, Тоғбой ака қочқин бўлишидан олдин ҳеч қандай сиёсий фаолият қилмаган, ёки шоир бўлиб бирорта шеъри матбуотда чиқмаган, қисқаси уни мухолифатчи ёки шоир эканлигини ҳеч ким ҳеч қаерда эшитмаган. Аниқроғи акамиз ҳукуматдан эмас, оиласидан қочиб келиб мени ёрдамим билан “қочқин” бўлган. Энди тушунган бўлсангиз керак, нима учун ўзидан ўзи менга минг сўм қирғиз пули бериб ресторанда меҳмон қилганини. Кўп ўтмай орқасидан оиласи Ўшга излаб келади. Шу сабабли Тоғбой ака зудлик билан Ўшдан Бешкекка қочиб кетади. Бишкекка келиб ресторанма ресторан ароқхўрлик ва фоҳишабозлик қилиб уй пулини тез кунда тугатади. (Насрулло Саидов менга сўзлаб берганди.)

Мен учун энг яқин инсон Исроил Холдоров Ўшда ўғирлаб кетилганидан кейин, менинг ҳаётим ҳам хавф остида қолди. Ўшдаги УВКБ ООН офисида уч кун яшириниб ётиб, БМТ ва даниялик таниқли журналист Майкл Андерсоннинг ёрдами билан яширинча Бишкекка жўнаб кетдим.

Бишкекда Тоғбой ака доим менга “ОТАМ” деб йиғламсираб, қийналганлигини айтиб пул сўрарди. Мен билан доим бирга юрадиган дўстим наманганлик қочқин Муҳаммад Али бир неча марта менга дашном бериб, “”Бунақа РАЗЗОҚ бўлиб олманг, Раззоқлик Аллоҳга хос” дер эди. (Раззоқ – ризқ-рўз берувчи маъносини билдиради. Муҳаммад Али ҳозирда Швецияда, ишонаманки бу гапларимни у албатта тасдиқлайди.)

Тоғбой ака мени исмим билан чақирмасдан доим “ОТАМ” деб чақирарди. Бир кун Абдужалил Рустамов Тоғбой акага: “Уялмайсанми, боланг тенги одамга отам, отам деб ҳадеб пул сўрагани” деб уришиб ҳам берган. Абдужалил ака менга “Бу ифлосга ҳадеб пул бераверма” деди. Мен “Унга раҳмим келади, ҳеч кими йўқ, суққабош одам” дедим. Ўшанда Абдужалил ака Тоғбой келинига тегингани ва ўғлидан калтак еб уйидан ҳайдалгани, оиласи ундан бутунлай юз ўгирганини айтган эди. (Бу сўзларимга қўқонлик, ҳозирда Канадада яшаётган Абдужалил Рустамов гувоҳ.)

Тоғбой ака менинг Бишкекдаги ошхонамга келиб, текинга овқатланиб, мен билан яхши муносабатда бўлиб, отам деб юрган одам, ақалли бирор марта ўзининг ичидаги менга нисбатан бундай даҳшатли шубҳа гумонларини юзимга айтган эмас.

Ажабланарлиси шундаки, орадан шунча йил ўтиб мен қамалганимдан кейин, бу икки қария мен ҳақимда ҳеч қандай далил исботсиз буҳтон тарқатишларига сабаб нима? Нимага асосланиб улар мени Миллий хавфсизлик хизмати жосуси, кўп одамларни қамалиб кетишига сабабчи, синглимни қотил деб, яна Исроил Холдоров, Валижон ака ва бошқаларни Ўзбекистон МХХсига топшириб юборган ва энг даҳшатлиси Рафиқ қори ака ўлимида менинг қўлим борлигини шама қилганликлари ва бошқа айбловларни қаерларига қараб фол очишиб айтишаяпти?

Рафиқ қори ака ва Исроил акам мен ҳаётим давомида учратган, мен учун энг ҳурматли, азиз инсонлар бўлган. Улар мени устозларим эди. Исроил акам менга ҳеч қачон ўшқирмаган. У киши менга жуда меҳрибон эди ва мени жуда ҳам ҳурмат қилар эди. Абдужалил ака ва Анорхон Ҳамдамовалар бунга гувоҳ. Мен қочқин бўлиб Ўшга келган куним эртасигаёқ Исроил ака билан Ҳуқуқий Ислоҳотларни Қўллаб-Қувватлаш Бўйича Жамғарма (Фонд содействия по правовым реформам – ФСППР)да учрашган эдик. Ўшандан буён биз деярли бир кун ҳам ажрашмадик ва доим бирга бўлдик. Исроил акам менга янги мобил телефон олиб берганлари ва доимо иқтисодий тарафдан ёрдам берганликларини мен ҳеч ҳам эсимдан чиқармайман.

Имом Муҳаммад Рафиқ қори ака ҳам мен билан жуда яқин алоқада эди. Мен у зот билан Исроил акам ва Абдужалил ака орқали танишганман. Жуда кўп марта меҳмонлари бўлганман. Ўшга келсалар бизни кўрмай кетмас эдилар. Бир куни Ўшга жиянлари Абдулқуддус ака раҳматуллоҳ билан мени қидириб келиб қолдилар (Абдулқуддус Абдували қори Мирзаевни ўғиллари бўлган). Учрашганимизда мен билан маслаҳатли гаплари борлигини ва Қори акани жиянлари, Абдулқуддус акани менга кўрсатиб, Ўзбекистонда тақибга учраб қочиб чиққанликлари ва қандай қилиб Қирғизистонда вақтинчалик қонуний туришлари ҳақидаги йўл-йўриқларни маслаҳатлашиш учун келганликларини айтдилар.

Қорасувдаги масжид имоми Муҳаммад Рафиқ Камоловни охирги марта ўшанда кўрган эдим. Кейин бир неча марта Қори ака билан телефонлашиб турдик. Исроил акам йўқолганларида ҳам қори ака кўп хавотир қилиб, менга телефон қилиб Исроил акамни даракларини сўраб турдилар. Кўп ўтмай ўзлари ҳам шаҳид бўлдилар. Аллоҳ шаҳодатларини қабул қилсин, Амин. Мен Аллоҳни қўйиб бандасини мақташдан тийиламан. Шу сабаб улар ҳақида кўп тўхталиб ўтирмайман.

Иншааллоҳ, бир кун Исроил акам ҳам қамоқдан чиқар ва ҳақиқатни айтар. Лекин ўшанда менга буҳтонларни ёғдирган кимсалар нима деган одам бўлишади?! Ҳеч бўлмаса бу кимсалар “барча сирлар ошкор бўладиган” кундан, яъни ҚИЁМАТ кунидан қўрқишмайдими? Аниқки улар охиратга ишонишмайди. Ишонишганда РОББИМ АЛЛОҲ дегани учун мазлум бўлиб кофирларни қўлида салкам тўрт йилдан бери судсиз қамалиб ётган мусулмонни кетидан буҳтон тарқатишармиди? Пайғамбаримиз айтганларидек: “Кимники Аллоҳ ҳидоятлаб қўйган бўлса, уни ҳеч ким йўлдан оздира олмайди. Кимники Аллоҳ йўлдан оздирган бўлса, уни ҳеч ким йўлга сола олмайди.”

Мактубим сўнггида барча мўмин-мусулмонлардан қўлларини дуога кўтарган ҳолда Аллоҳга илтижо қилишда менга шерик бўлишларини ва дуоларимни ҳар бирида “Амин” деб туришларини илтимос қиламан. Зеро Аллоҳ Мўминлар жамоатининг дуоларини шаксиз ижобат эткувчидир.

Эй, ғайбу ошкорни кўриб, эшитиб, иҳота қилувчи зот, Ўзинг бандаларинг қилмишларига етарли Ҳакамсан! Шундай экан Ўзингни мулкингда ҳадидан ошаётган кимсаларга қифоя қилгин! Амин! Мени МХХ жосуси, кўп одамларни қамалиб кетишига сабабчи, синглимни қотил деб, яна Исроил Холдоров, Валижон ака ва бошқаларни Ўзбекистон МХХсига топшириб юборган деб, имом Муҳаммад Рафиқ қори ака ўлимида менинг қўлим борлиги ҳақидаги Толиб Ёқубов ва Тоғбой Раззоқовларни менга нисбатан айбловлари ҳақ рост бўлса унда менга АЛЛОҲНИ ЛАЪНАТИ БЎЛСИН!!! Акс ҳолда куфру туғён йўлини ихтиёр қилаётган бу буҳтончиларни, агар улар тавба қилишмаса, Ўзинг икки дунё азобига, бахтиқаролигига йўлиқтиргин, Амин!!! Агар тавба қилмасалар уларга АЛЛОҲНИ ЛАЪНАТИ БЎЛСИН!!! АМИН!!!

Жамшид Мухторов (имзо)

2015 йил 2 октябр

Denver Contract Detention Facility

GEO Detention Facility
3130 N. Oakland St.
Aurora, Colorado 80010

----------------------------------------------------------

ИЛОВА

Фейсбукда Тоғбой ака Абдураззоқов ўзининг “Тогбой Абдураззок” саҳифасига 2015 йил 7 май куни 10 дақиқа 35 сониялик видеофилм қўйди. Бу видеофилм 2006 йил май ойида Ўшда БМТ Қочқинлар иши бўйича ваколотхона биноси олдида олинган. Шу ерда 2005 йил 13-14 май кунги Андижон қирғинининг бир йиллиги муносабати билан пикет ўтказилган. Ушбу видеофилм остига ёзилган постинглар матнларини 2015 йил 10 сентябр куни кўчириб олдим.

Вам, Иззатилле Рахматиллаеву, Bashorat Eshova, Ulughbek Bakirov и 8 другим это нравится.
6 публикаций



Тогбой Абдураззок Кадрларга эътибор беринг:

Воқеликни шарҳлаб турган дўппили киши қочоқлар лидери Исроил Холдоров. У аввал "Бирлик"да, сўнг "Эрк"да фаолият олиб борган хуқуқбон.

Дастлаб қочиб ўтганимда мен, адреси сир тутилган унинг "зирҳ"ли квартирасида яшаганман.
Қизил кўйлакли ёш йигит эса бизга нисбатан хужжат ишларига пишиқ, ўрисчада анча саводли, техничний, кам гап муғамбир қочқин Жамшид Мухторов. Мен уни ўша кунлари ёлғиз учратиб қолиб Ўш рестранларининг бирида меҳмон қилганман. Пул ҳам берганман. Сўнг менга эргашиб квартирамизга келганда Исроил Холдор уни кўриб саросимага тушган. "Нимага келдинг бе таклиф..." деб унга ўшқирган ва мени ҳам койиган. Шунга қарамай уни ароқ билан меҳмон қилган. Мен эса чўзилиб ётиб қолганман ўз хонамда.

Эрталаб турсам кўкрак чўнтагимдаги минг сўм қирғиз пули, ҳамда телефоним йўқ... Жамшидга телефон қилдим, жавоб бермади. Эрталаб саот 11 ларга яқин Исроилнинг телефони жиринглади. У ким биландир жиддий гаплашиб бўлгандан сўнг менга: "Кетдик, Жамшид УВДнинг 7-бўлимида Хаким хожи қўлида экан. Кечаси маст ҳолда уйига кетаётганда милициялар ушлаб олиб қамаб қўйибди. Ажратиб келишимиз керак.»

Мен Исроилга эргашдим. Диний экстримизм билан шуғулланадиган 7-бўлим анча олисда экан. Етай деганда рўпарадаги дарахтлар орасига яшириниб, Исроилни кузатдим. Исроил ҳайбатли бинонинг очиқ турган дарвозасидан кириши биланоқ, бино биқинида турган кўримсиз "москвич" машинасидан 30 ёшлар чамасидаги икки киши чиқиб ичкарига шошилди. Бир соатга яқин уларни кутдим. Ва ниҳоят Жамшид Исроил билан чиқиб келишди. Менга яқинлашиб кўришиши биланоқ телефон билан пулни сўрадим. У: «Пулингизни қайтариб бераман. Кечаси милициялардан калтак едим, уришиб, тишларимни синдиришди», деб мендан кечирим сўради. Телефонни эса эртага беришса керак, деган гап билан якун ясади. Барибир унга ишонмадим. Чунки тишлари бутун, кўйлаги ва шими охорли, покиза эди. Қизиғи шундаки тунги патруллар уни шаҳар милиция бўлимига олиб келмай ярим кечада 7-бўлимга олиб борадими?

Исроилга бу тўғрида савол бергим келмади. "Ўлиб кет!" деб сўкиниши мумкин. Ўша куни зудлик билан квартирамизни алмаштирдик. Сабаби Жамшид Мухторов манзилимизни чизиб, аниқлаб берган бўлиши муқаррар. Арован йўлида жойлашган манзилимиз четроқда бўлишига қарамай бир оз ваҳималироқ кўринди бизга. Бир тепса эшиги шарақлаб очилиб кетиши мумкин...

Ўша кунлари шеърларим "Озодлик" ва бошқа сайтларда ҳам кўрина бошлади.

МХХга алоқадор андижонлик бир зиёли киши Ўшдаги мухолифат билан қизиқиб қолганлигини эшитиб, аввалига бир оз саросима босгандай бўлди. Ким бўлиши мумкин? Ўйлаб-ўйлаб ниҳоят топгандай бўлдим. Бу ўша... Хуқуқбон қиёфасидаги кимсанинг кўринишини бир оз тасвирлашга ҳаракат қилдим. Барибир қочқинлар мени тушунишмади. Узоқ кутдирмай Худо у кимсани кўз олдимда намоён қилди. Серқатнов кўчаларнинг бирида Исроил билан кетаётсам гавжум одамлар ичида уни кўриб қолдим. Сесканиб кетдим. Ўзимни панага олиб Исроилга уни кўрсатдим. Исроил унинг истиқболига шошилди хозир қайтаман деб. Исроил ярим соатча у билан суҳбатлашиб қайтиб келди. У мени сўрабди Ўшдами, деб. Ҳа, шу ерда кўриниб қолади ҳар замонда, деб жавоб берибди Исроил. Яна учрашгунча манзилимни аниқлашга ваъда берибди.

Кечга яқин БМТ миссиясида ишлайдиган Рустам исмли адвокат қўнғироқ қилди. Тезлик билан етиб келишлигимни сўради. Бордим. Паспортимни яшаётган жойимга қайт қилишлигимни айтди ва хушёрликка чақирди. Эртасига эрталаб паспорт столига бордик. Исроил ташқарида турган милиция офицери билан саломлашиб мени таништирди. Тошкент Олий милиция мактабини тугатган экан. Офицер шанба куни келишлигимни айтди. Икки кун кутдим. Ниҳоят шанба куни паспортимни олиб етиб бордим. Сабрсизлик билан эшикни қия очиб ичкарига мўраладим. Танишимнинг кўзи кўзимга тушди. Хозир дегандай қўлини кўтариб имо қилди.

Яхши одамларнинг садағаси кетсанг арзийди. Коридордан юриб ташқарига чиқдик.

- Нохуш ҳабар етказганим учун узр сўрайман, - деди у бир оз хижолатда. Сўнг мақсадга ўтди. Айтишига қараганда 7-бўлим бошлиғи Хаким хожи исми фамилиям остига қизил қалам тортиб қўйибди. Нима қилишим керак деган саволни қўйдим. У нимагадир кетма-кет, босиб-босиб сигарет тортди... ниҳоят кўзимга маъноли тикилди-да, Бишкекка бориб, УВКБ ООНга мурожаат қилиб кўришлигимни айтди... сўнг хозир кетинг зудлик билан, деб қўшиб қўйди...

10 августа 2015 года в 18:53 · Нравится · 2




Тогбой Абдураззок 2-бўлим, давоми:

Елкасига сумка осган оқич, кулранг кўйлакдаги йигитни танишингиз мумкин. Бу ўша 2006 йил ёзда отиб кетилган журналист Алишер Юсупов (Соипов, А.Ш.). Ноҳақлик қурбони. Қотиллари ҳалигача топилгани йўқ... Бошқалари хақида ёзмайман. Гап кўпайиши мумкин. Ўзимнинг дардим ўзимга етарли...

Ҳа шундай, шошилинч такси манзилгоҳига етиб келдим. Рўпара келган таксистнинг бирини ушладим. Клиентлари етарли, охиргиси мен бўлдим. Кечга яқин йўлга чиқишлигимизни айтиб, телефон номерини берди. Сўнг кавртирага келиб Исроилга бор гапни очиқ айтиб хайлашдим. Кутилмаган вазиятда у ўзини йўқота ёзди.

- Нега мен билан маслаҳатлашмай иш тутябсиз? Бирга кетишимиз мумкину сиз билан. Ҳақиқий ...
- Сизга айтдимку Бишкекка кетишимиз керак деб. Ҳали ҳам кеч эмас, кетдик!..

У жавоб бермади. Сигарет туташтириб, бир оз хаёлга чўмди. Мен ўзимга қарашли анжомларимни олиб маршрут бекатига отландим. Кичкина қозончани кўтариб Исроил орқамдан эргашди.

- Ол қозонингни, пешонанга шум қозон битган... абадий шу қозон билан қоласан ёлғиз ўзинг!..

Мен айтишмадим. Индамай қозонни олдим холос. Чунки ўша кунлари ичимга қил сиғмай, жоним гаровда эди. Хаёлимда кимдир орқамдан пойлаб юргандай... Исроил эса ҳеч нарсадан тап тортмай ҳаракат қилар, юз фоиз уйига қайтиш ишончи бор эди унда. Чунки ўша 2007 йили декабр ойида Каримовнинг президентлик муддати тугаши керак эди. Маршрутка келиши биланоқ хайирлашмоқ мақсадида Исроилга қўл узатдим. У қучоғини очиб нимадир демоқчи бўлди-ю, гапира олмади. Кўзидан ёш томчилай бошлади...

Эрталаб Бишкекка етиб келдим. Насрулло Саидов Марказий кўчаларнинг бирида жойлашган УВКБ ООНга олиб келиб рўйхатдан ўтишимга ёрдам берди. Бир ҳафтадан сўнг яна йўлга чиқиб, Исроил билан дийдорлашдик. Мен уни олиб кетмоқчи бўлдим. У эса кейинроқ етиб боришлигини айтди. Бишкекка келиб уни кутдим. Ҳар куни телефонлашиб турдик. Оҳирги суҳбатларнинг бирида «Жамшид Мухторов ресторан очди, хозир ресторанда ишлаябман. Озгина пул тўплаб бораман», деди Исроил.

2006 йилнинг 9-10 июнидан бошлаб ундан жавоб ололмадим. Орадан 3-4 кун ўтиб Жамшид телефон қилди Исроил ака етиб бордими деб.
—Қаерга?!—дедим жаҳил устида.
—Бишкекка, сизнинг ёнингизга кетган.

Юрагим ховлиқиб кетди. Қандай туҳмат бу! Демак тамом... Буни ҳам бошини еди у. МХХга туҳфа қилиб юборган бўлса керак, тюрмада ўтирган қотил синглисини ажратиб олиш мақсадида. Ундан аввал Жамшид дўстлашиб юрган икки андижонлик (бирининг исми Валижон) Ўшда ғойиб бўлган эди. Сентябр ойига келганда Исроил Холдоровнинг дараги чиқди. Андижон турмасида экан. Ўзини ўзи турмага топширибди. Дастлаб олти йилга кесилди. Муддати битай деганда турма тартибини "бузган"лиги учун яна уч йил қўшиб қўйишди.

Ўша 2006 йил май ойининг 10-11 июнида Жамшид ва Исроил Қорасу имоми Муҳаммад Рофиқ Камоловнинг меҳмони бўлган эди. Бир кеча улар уйида меҳмон бўлганидан сўнг уч кун ўтиб имомнинг уйи тинтув қилинди. Ўзини эса қамашди 3-4 кунга. Имом Муҳаммад Рофиқ олижаноб, содда дил ажойиб инсон эканлигига мен шоҳидман. Интернет сайтларидан шеърларимнинг нусхасини кўчириб беришимни сўраб турган. Бишкекка келганда бизга ўхшаш "демократ" қочқинлар билан суҳбатлашиб, хақимизга дуо қилган беозор олим эди. Июл ойи бўлса керак уни ҳам отиб кетишди. Бу мудхиш воқеалар сабаб Ўшлик қочоқлар ҳам Бишкекка келтирилди. (давоми бор)

11 августа 2015 года в 15:18 · Нравится · 2



Тогбой Абдураззок

Узр биродар, Алишер Соиповни Юсупов деб ёзибман. Бу бечора ҳам ноҳақлик қурбони бўлди. Бу ҳақда ҳозирча ёзолмайман...

Муҳаммад Рофиқ отилмай туриб Бишкекка келган куни оқшом менга телефон қилди. Эрталаб "Тошкент" меҳмонхонасига нонуштага таклиф қилиндик яна бир ўзбек муҳожири билан. Қори ака шеригимни бола-чақаси билан эсон-омон учинчи давлатга етиб олишини худодан сўраб астойдил дуо қилган эди. Мени эса хушёрликка чақирди. Иложи бўлса чиқиб кетишимни сўради. Тоғбойнинг тақдирини Аллоҳнинг ўзига топширдик, деб муҳожир юртдошимга қараб қўйди. Ўша куни оқшом яна бу зот 5-6 кишидан иборат муҳожирларни уйғур лағмони билан меҳмон қилган эди.

Таҳликали ҳаёт. Кимларнидир қўнғироғидан безовталаниб юрдим. Арзимни Насрулло Саидовга айтганимда у кузатиш мақсадида квартирамга келди. Бир оз суҳбатдан сўнг квартира телефони чалинди. Трубкани кўтардим... жимлик. Насрулло билан ҳадиксираб пастга тушдик. Бошига оқ дўппи кийиб чўккаланиб ўтирган бир ўсмирнинг кўзи кўзимизга тушди. Саросимада қолган бола юзини четга бурди. Биз бир биримизни тушунган холда интернет клубига юрдик. Икковимиз ёнма-ён турган компютерни эгаллаб машғул бўлганимизда қандайдир 40 ёшлар атрофидаги бикр (букри, А.Ш.) кимса ёнимиздаги компютерни кавлай бошлади. Клуб ходимаси келиб у эгаллаган компютер интернетга уланмаганлигини айтиб бошқа столга таклиф қилди уни. У ташвишланма пулингни тўлайман дегандай бўлди. Шунда Насрулло оёғимни босди. Тушундим... зудлик билан бирин кетин ташқарига чиқдик.

Кўчанинг нариги бетидаги чеккароқда турган бузуқ КАМАЗнинг ғилдираклари орасидан шуҳбали кимсани кузата бошладик. 5 минутча кечикиб чиққан кимса дам у томонга, дам бу томонга аланглаб қўл телефонида нималардир дерди. Сўнг бирданига квартирам томон шошилиб йўл олди. Биз ҳам қарши томонга югуриб ҳаридорлар тўла магазинга яшириндик. Насрулло устидаги кўйлакни ечиб, янги кўйлак кийиб олди шошилинч... Пули тўланган квартирадан воз кечдим ўша куни. Ойгулникида яшаб турдим. Лекин орамизда никоҳ бўлишига қарамай унга ҳам ишончим йўқ эди. Қори акага телефон қилганимда Бишкекни тарк этишимни айтди...

Ваҳимада қолиб Воронсовка йўлидаги ўрмонда жойлашган ташландиқ лагерга кириб бордим. Бахтимга бир тахта сўрича бор экан. Сўрига ўзимни ташлаб қаттиқ ухлаб қолган эканман телефоним жиринглаб қолди. Қўрқиб кетдим... ўзимга келиб телефонни очдим. Ҳамюртим бир мухожир: —Янгиликдан ҳабарингиз борми? "Йўқ, тинчликми?" сўрадим ундан. —Муҳаммад Рофиқни отиб кетибди!... Хўнграб йиғлаб юбордим... Қалбимдаги қўрқувлар йўқолди. Хилватни тарк этиб, Бишкекнинг Ўш бозори яқинидаги Ўрознинг меҳмонхонасига жойлашдим. Тўполон криминал зона. Кўрсат ишонган мушугингни!.. Булар воқеликдан бир парча холос. Билганлар қўшимча қилиши ҳам мумкин.
20 ч · Нравится · 2



Иззатилла Рахматиллаев Яқинда бир Андижонлик адвокат келган эди, ўша айтди И.Холдоровга яна 4 йил қўшибди. Худони қозони секин қайнар экан. Уни тутиб берган ҳам ўзи қамалиб ётибди.
7 ч · Отредактировано · Нравится · 2


Тогбой Абдураззок

Демак Жамшиднинг "ҳурмати"дан Исроил Холдоров турмада сақланади. Агар у озод этилса тамом, унинг кирдикорларини очиб ташлаши аниқ. Биз унга фақат Аллоҳнинг ўзидан нажот тилаймиз энди. Сотқин кимсаларга Аллоҳ кифоя бўлсин! Амин!
6 ч · Нравится · 1



Talib Yakubov

"Эзгулик" ташкилотининг Жиззах вилояти бўлимини Абай Байбулатов (АБ), ундан кейин эса Жамшид Мухторов (ЖМ) бошқарган. АБ аввал мен бошқарган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)да аъзо эди, уни Жамиятга раҳматлик Бахтиёр Ҳамроев олиб келган эди. Биз АБ МХХнинг агенти эканини фош қилдик ва ташкилотдан ҳайдадик. Уни дарҳол "Эзгулик"га бошлиқ қилиб олишди. У қанчадир вақт "Эзгулик"да ишлади ва менга маълум бўлмаган сабаб билан "Эзгулик"дан кетди. Ўрнига эса ЖМ қўйилди. Қизиғи, мен Тошкентдан Жиззахдаги уйимга келсам, ё ўша куни, ё эртаси куни менинг уйимга кириб келар эди - худди илгаридан келишгандай. Аста-секин у кимга хизмат қилишини билиб олдик. Қотил синглиси қамалгандан кейин кўп нарса аниқ бўлди. ЖМ кўп одамнинг қамалиб кетишига сабабчи бўлди.
1 ч · Нравится

https://www.facebook.com/tagbay.razzakov (www.facebook.com Фейсбукда Тоғбой ака Раззоқов “Тогбой Абдураззок” саҳифасига 2015 йил 7 май куни 10 дақиқа 35 сониялик видеофилм қўйди. Бу видеофилм 2006 йил май ойида Ўшда БМТ Қочқинлар иши бўйича ваколатхона биноси олдида олинган.
2015 йил 10 сентябр куни кўчириб олдим.

----------------------------------------------------------

P.S. 1. Демократия, сўз эркинлиги маълум бир воқеа-ҳодисага ўз фикрини очиқ, эркин билдириш, деб тушунаман. Лекин фикрни билдираётганда алоҳида номи тилга олинаётган шахсларга нисбатан айтилаётган фактларга эҳтиёткорлик ва масъулият билан ёндошиш маъқулроқдир.

2. Мен қамоқдаги Жамшид Мухторовга доир веб сайтларда чоп этилган мақолаларни кўчириб 120 бетдан ортиқ материал сифатида олиб, унга почта орқали уч марта буюртмали қилиб жўнатдим. Шунингдек Фейсбукдаги дўстларим бўлмиш Тоғбой ака Раззоқов ва Толиб ака Ёқубов ёзган фикрларга аниқлик киритиш учун улар фикрларини ҳам Фейсбукдан кўчириб шу материал таркибида бердим. Жамшиднинг бунга доир жавоби юқорида баён қилинган.

3. Сафдошимиз Исроил Холдоровнинг Ўшда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ушлаб Ўзбекистонга мажбуран олиб кетишига доир ўзимнинг қисқача фикримни айтсам.

Биринчидан, Ўзбекистон МХХси ва Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси (Государственный комитет национальной безопасности – ГКНБ) ҳамтовоқ эканлиги кўпчиликка сир эмас. Махсус хизматлар бошқа давлат махсус хизматини қизиқтирувчи ахборотни маълум бир валютага сотиши, яъни уларнинг бу қўшимча даромад манбаи эканлигини унутмайлик.

Иккинчидан, Ер шаридаги миллиардлаб фуқаролар каби ўзбек қочқинлари, жумладан Исроил Холдоров ҳам, мен ҳам мобил телефондан фойдаланганмиз. Фуқаронинг мобил телефон рақами маълум бўлса, махсус хизмат ходимлари ўша фуқарони борган жойини аниқлаши қийин эмас. Чунки телефондан, айниқса фуқаро телефон орқали гаплашганида доимо сигнал бориб туради. Шу сабабли Исроил Холдоровнинг яшаш ва ишлаш маршрутларини аниқлаш ва кейин МХХ операция режаси ишлаб чиқиб ўғирлаб кетиши унчалик мураккаб иш бўлмаган.

Учинчидан, мен Тошкент-Андижон-Ўш-Бишкек йўналишида бориб, 2008 йил 12 октябрдан 4 ноябргача 3 ҳафта Бишкек шаҳрида яшаганман. Мен тунайдиган квартирага мерседес машиналарида келиб тунаган ўзбекистонлик 3 нусха мени кечаси заҳарлашга муваффақ бўлишганди. Тонгги соат 4 га яқин юрагим остида қаттиқ оғриқдан уйғониб кетиб тонггача ўтириб чиққанман. Ўшанда Аллоҳ мени бир ўлимдан сақлаганди. Шундан бир неча кун ўтгач – 4 ноябр куни Алмати (Қозоғистон) шаҳрига жўнаб кетдим. Яъни Қирғизистондаги ўша вақтлардаги вазиятни мен яхши биламан ва бошимдан ўтган.

4. Бугунги кунга келиб махсус хизматлар фуқаронинг мобил телефони орқали унинг бутун ҳаётини назорат қилишлари мумкин. Бу ҳақда машҳур Эдвард Сноуден 2015 йил 5 октябр куни Би-би-си радиоси Панорама дастури билан суҳбатда айтди (қаранг: Телефонларингиз ё-да, босган қадамингиз жосуслар қўлидами? - http://www.bbc.com/uzbek/science_technology/2015/10/151006_snowden_iv_smartphones (www.bbc.com/uzbek/ 2015.06.10))

Шу суҳбатдан айрим маълумотларни келтириб ўтай.

«Сноуден жаноблари қўл телефонларига ширфланган SMS жўнатиш билан кира олади. Унга кўра, бундай йўл билан суратлар олиш ва телефон мулоқотларини тинглаш имкониятига эга бўлиш мумкин.”

"Хаёлпараст Смурф сизнинг телефонингизни ўзингиз билмаган ҳолда ўчириб ёқиш қудратига эга бўлган ускунадир", дейди у.

Унга кўра, "бошқаларнинг ишига бурнини суқадиган "Қизиқувчан Смурф" чўнтакдаги телефон микрафонини ёқиб, атрофда кечаётган мулоқотларни эшита олади. "... ҳатто, телефонингиз ўчирилган бўлса ҳам. Чунки, уларда телефонни очиш учун бошқа ускуналар бор", дея қўшимча қилган Эдвард Сноуден.

Унинг айтишича, "Ахтарувчи Смурф" Британия ҳукумат алоқалари маркази (GCHQ)га географик жойни янада аниқ билиш имконини беради.

Жаноб Сноуденга кўра, агентлик қўл телефонига кириб олганидан кейин "қўнғироқларингиз, SMSлар, интернетда очган саҳифаларингиз, контактлар, борган жойингиз, сиз уланган симсиз алоқа тизимлари" барча-барчани кузатиши мумкин.

"Ва улар бундан кўпроқ ишни ҳам қила оладилар. Уларни сизни расмга ҳам олишлари мумкин".
Эдвард Сноуденнинг тушунтиришича, смартфонга кириш учун жўнатилган SMSни қўл телефон эгаси сезмайди ҳам. Яъни, махсус ширфланган мактуб телефонга яширин тарзда келади.

"Бу "эксплуатация" деб аталади... Сиз бунга (телефонга) пул тўлагансиз, аммо кимки software (дастурий таъминот)ни назорат қилса, телефонга ўша эгалик қилади", дейди у.”

5. Жамшид Мухторовнинг ушбу раддиясини компютерда териб, P.S.нинг 4 та бандини ёзиб 2015 йил 10 апрел куни Фейсбукдаги ўзимнинг «Шухратжон Ахмаджонов» номли саҳифамга, шунингдек «Тагбай Абдураззаков» ҳамда «Талиб Якубов» саҳифасига қўйдим. Уларнинг манзили:

Жамшид Мухторов: Гумон иймондан айиради ёки Толиб Ёқубов ва Тоғбой Абдураззоқов буҳтонларига жавоб. - https://www.facebook.com/permalink.php?story_fbid=907946422646381&id=100002930964631&comment_id=907994255974931¬if_t=feed_comment (www.facebook.com «Шухратжон Ахмаджонов» саҳифаси, 2015 йил10 апрел);
https://www.facebook.com/tagbay.razzakov/posts/907952062645817?comment_id=907978712643152¬if_t=share_comment (www.facebook.com/tagbay.razzakov/ «Тагбай Раззаков» саҳифаси. 2015йил 10 апрел).


Шухратжон Аҳмаджонов,
инсон ҳақлари ҳимоячиси, мустақил журналист ва қочқин

E-mail: jiz54@mail.ru , ergash1955@yahoo.com

2015 йил 10 октябр

АҚШ, Колорадо штати, Денвер шаҳри
Рубрики:  Статьи 2015 года
MUHTOROV

 

Добавить комментарий:
Текст комментария: смайлики

Проверка орфографии: (найти ошибки)

Прикрепить картинку:

 Переводить URL в ссылку
 Подписаться на комментарии
 Подписать картинку